Ботил ва фосид никоҳларнинг насабдаги фарқи
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 153 марта кўрилди
Ботил никоҳ билан насаб собит бўлмайди. Чунки, у суратда аёл билан яқинлик қилиш зино ҳисобланади. Масалан, насабий, ризоъий, саҳарий маҳрамига уйланиш ботил никоҳ ҳисобланади. Шунингдек, мажусий, қодёний каби динсизлар билан никоҳланиш ботил никоҳ саналади. Лекин, икки динсиз турмуш қуриб фарзанд кўрсалар ва исломни қабул қилсалар, туғилган болаларнинг насаблари у иккисидан собит бўлади. Яна бир киши икки опа-сингилга бирин-кетин уйланса ёки икки маҳрам аёлга уйланса ёки гувоҳсиз уйланса, бас бундай никоҳлар ботил ҳисобланади. Буларнинг барчасида насаб собит бўлмайди.
Фосид никоҳ сабабли бола туғилса, боланинг насаби эрдан собит бўлади. Лекин, никоҳ риштаси тугатилади. Чунки, бундай ҳолатда яқинлик шубҳа билан бўлади. Шубҳа билан қилинган яқинликда эса, насаб собит бўлади. Масалан, опа-сингилга ёки икки маҳрамга бир пайтда никоҳланса ёки бирини иддасида иккинчисига уйланса ёки иддада ўтирган аёлга уйланса ёки тўрттадан кўп аёлга уйланса ёки тўртинчисини иддасида бешинчисига уйланса ёки ҳур аёли устига чўри аёлни олса ёки зиммий мусулмон аёлга уйланса, бас буларнинг барчасида никоҳ фосид бўлади. Агар юқоридаги никоҳлар туфайли бола пайдо бўлса, боланинг насаби никоҳланувчи эрдан собит бўлади.
Фойда: Фиқҳий ва фатво китобларида ботил билан фосид никоҳ мутлоқ тарзда келтирилади. Лекин, “Мабсут” ва муътамад китобларда у иккисини орасини фарқланади. Шунинг учун улрни таҳқиқ қилиш лозим.