Талоқ иддасида эрни вафот этиши
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 134 марта кўрилди
Бир киши касаллигида ёки соғлигида аёлига бир ёки икки ражъий талоқ қўйса ва идда тугашидан ҳатто бир кун олдин бўлса ҳам эр вафот этиб қолса, бил иттифоқ бундай ҳолатда аёл вафот иддасини ўтиради. Чунки, ражъий талоқда никоҳ риштаси буткул узулмайди. Шу боис қайтадан тўрт ойю ўн кун идда ўтиради.
Агар эр аёлига бир ёки икки ёки уч боин талоқ қўйиб, идда ичида вафот этса, бас бунинг икки сурати бор. Биринчиси, ўлим тўшагидан олдин талоқ қўйиш, иккинчиси ўлим тўшагидан кейин талоқ қўйиш. Биринчи суратда аёл эрга меросхўр бўлмайди. Шунинг учун аёлнинг иддаси ўз холича қолади, яъни талоқ иддасида ўтиради. Иккинчи суратда, яъни эр ўлим тўшагида аёлига талоқ қўйса, бу ҳолатда аёл эридан мерос олади. Шунинг учун аёлнинг талоқ иддаси вафот иддасига кўчади ва аёл тўрт ойю ўн кун вафот иддасини ўтиради.
إذَا طَلَّقَ امْرَأَتَهُ، ثُمَّ مَاتَ، فَإِنْ كَانَ الطَّلَاقُ رَجْعِيًّا انْتَقَلَتْ عِدَّتُهَا إلَى الْوَفَاةِ سَوَاءٌ طَلَّقَهَا فِي حَالَةِ الْمَرَضِ أَوْ الصِّحَّةِ وَانْهَدَمَتْ عِدَّةُ الطَّلَاقِ، وَإِنْ كَانَ بَائِنًا أَوْ ثَلَاثًا، فَإِنْ لَمْ تَرِثْ بِأَنْ طَلَّقَهَا فِي حَالَةِ الصِّحَّةِ لَا تَنْتَقِلُ عِدَّتُهَا، وَإِنْ وَرِثَتْ بِأَنْ طَلَّقَهَا فِي حَالَةِ الْمَرَضِ، ثُمَّ مَاتَ قَبْلَ أَنْ تَنْقَضِيَ الْعِدَّةُ فَوَرِثَتْ اعْتَدَّتْ بِأَرْبَعَةِ أَشْهُرٍ وَعَشَرَةِ أَيَّامٍ فِيهَا ثَلَاثُ حِيَضٍ حَتَّى إنَّهَا لَوْ لَمْ تُوفِ الْمُدَّةَ الْأَرْبَعَةَ الْأَشْهُرِ وَالْعَشْرَ ثَلَاثَ حِيَضٍ تُكْمِلُ بَعْدَ ذَلِكَ، وَهَذَا قَوْلُ أَبِي حَنِيفَةَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمَا اللَّهُ تَعَالَى كَذَا فِي الْبَدَائِعِ.
“Агар эр аёлини талоқ қилиб сўнг ўзи вафот этса, агар қўйилган талоқ ражъий бўлса, хоҳ касаллик ҳолат, хоҳ соғлом ҳолатда талоқ қилган бўлсин фарқи йўқ талоқ иддаси вафот иддага кўчади ва талоқ иддаси бекор бўлади. Агар боин ёки уч талоқ қўйса, эр аёлни соғломлигида талоқ қилганлиги туфайли аёл эридан мерос ололмаса, талоқ идда вафот иддасига ўзгармайди. Агар эр касал ҳолатда талоқ қилганлиги туфайлиаёл ундан мерос олса, сўнг идда тугашидан илгари эр вафот этса ва аёл эридан мерос олса, тўрт ойю ўн кун идда ўтиради. Уч ҳайз ҳам унинг ичида бўлади. Ҳатто, тўрт ойю ўн кун ичида уч ҳайз тўлиқ бўлмаса, тўрт ойю ўн кундан кейин ҳам уч ҳайиз тўлиқ бўлгунича иддада давом этади. Бу Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳларнинг қавлидир” (Фатвои ҳиндия).
Лекин, “Ҳидоя” соҳиби ўлим тўшагида ётган эр аёлини талоқ қилса ва у идда ичида вафот этиб, аёл ундан мерос олса, талоқ ва вафот иддасидан қайси бирининг муддати узоқ бўлса, ўшанинг иддасини ўтиради деганлар. Эҳтиётлиси ҳам шудир.
وَإِذَا وَرِثَتْ الْمُطَلَّقَةُ فِي الْمَرَضِ فَعِدَّتُهَا أَبْعَدُ الْأَجَلَيْنِ
“Эрнинг касаллигида талоқ қилинган аёл эрдан мерос олса, унинг иддаси икки муддатнинг энг узоғи билан бўлади” (Фатвои ҳиндия).