Тафрийқнинг шартлари
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 118 марта кўрилди
Аёлга иннийн эридан ажрашиш ҳаққи бор ва ушбу ҳақ бешта шарт топилса амалга ошади. Агар шартлар топилмаса, ажрашиш ҳаққи бекор бўлади. Улар:
1. Никоҳдан олдин аёл бўлажак турмуш ўртоғини иннийн эканлигини билмаслиги. Агар аёл турмуш қуришдан олдин эрнинг иннийн эканини билиб туриб, турмушга чиқса, аёлдаги тафрийқ ҳақи ботил бўлади;
2. Никоҳдан кейин бир марта ҳам эр аёл билан яқинлик қила олмаган бўлиши. Агар эр бир марта яқинлик қилиб, сўнг иннийн бўлса, аёлда никоҳни фасх қилиш ихтиёри қолмайди;
3. Аёл эрининг қачон иннийн эканини билса, ўша пайтда ошкора равишда эр билан яшашга рози эканини изҳор қилмаган бўлиши. Масалан, аёл эрни жинсий ожизлигини била туриб: “Нима бўлса ҳам эрим билан яшайман” демаслиги. Агар аёл ошкора равишда шундай ҳолдаги эри билан яшашга розилигина айтса, аёлда ажрашиш ҳақи қолмайди. Лекин, аёл сукут сақласа, иннийн эр билан яшашга рози деб тушунилмайди.
4. Қози томондан берилган муҳлат ўтгач, аёлга қози ихтиёр берса ва аёл ўша мажлисда ажрашиш ихтиёр қилиши лозим. Агар аёл ўша мажлисда эри билан яшашни истаётганини айтса ёки мажлис тугагунча сукут сақласа, бас аёлнинг тафрийқ борасидаги ихтиёри ботил бўлади. Мажлис аёлни ёки қозини туриб кетиши билан тугайди ва бундан кейин аёлда тафрийқ ихтиёри қолмайди. Мажлисни тугашини бошқа суратлари ҳам бор ва улар билан ҳам ихтиёр ботил бўлади. Масалан, аёл боошқаси билан гаплашиб юбориши ёки туриб намоз ўқиб кетиши каби мажлисни тугашига далолат қиладиган ҳаракатлар билан ҳам мажлис ўзгариб, ихтиёр ботил бўлади.
5. Берилган муҳлат тугагандан кейин аёлга ихтиёр берилади. Агар аёл ажрашишни истаса-ю, лекин эр талоғини бермайман деса, бас тафрийқ қилинади. Тафрийқ қози томонидан амалга оширилади. Аёл ўз-ўзини тафрийқ қилиб кетолмайди.
Фоида: Хилвати саҳиҳа туфайли иннийн эрга маҳрнинг барчаси вожиб бўлади. Агар маҳрни олдин бермаган бўлса, тафрийқдан кейин беради. Тафрийқда ҳам аёлга талоқ каби идда ўтириши вожиб бўлади.