close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёзма талоқ

Сўз билан ёзув орасида баъзи ўринларда ҳусусий сабабларга кўра фарқ бўлсада, шариати исломияда оғзаки равишда қўйилган талоққа қандай ҳукм берилган бўлса, ёзма равишда қўйилган талоққа ҳам шундай ҳукм берилгандир. Баъзи масалаларда шариати исломия китобатни талаффуз каби асосий даражада кўрмаган. Масалан, мажбурланган суратда талоқ деб, айтиш билан аёл талоқ бўлади. Ёзма талоқ қўйиш билан эса, талоқ бўлмайди.

Баъзи ўринларда китобат зарур бўлади. Масалан, соқов киши ёзишни билса, уни имо-ишора тарзда қилган талоғи эътиборга олинмайди. Балки, китобат тарзда берган талоғи эътиборлидир. Хулоса қилиб айтганда, баъзи ўринларда китобат тарзда талоқ қўйиш оғзаки равишда қўйилган талоққа баробардир.

Оғзаки қўйилган талоқларни сифати “сунний”, “бидъий” ва воқе бўлиш жиҳатдан “сариҳ” ва “киноя” бўлгани каби ёзма талоқнинг сифати “сунний”, “бидъий” ва ваоқеъ бўлиш жиҳатдан “сариҳ” ҳамда “киноя” бўлади. Шу боис оғзаки равишда талоқ воқе бўлгани каби ёзув орқали ҳам талоқ воқе бўлади. Талоқни тушиши учун талоқ лафзини талаффуз қилиш шарт эмас. Уларни барчасини қуйда тафсилий тарзда баён қиламиз.

Ёзма талоқнинг икки сурати бор. Улар:

1. Эр ўзи талоқ хатини ёзиши;
2. Бошқа бирортасига ёздириши.

 Эр томонидан ёзма талоқ қўйишнинг уч кўриниши мавжуд. Улар қуйидагилар:

1. Китобату мустабийна марсума – очиқ ойдин кўриниб турадиган ва ўрнашиб қоладиган ёзув, яъни бирор қоғозга ёки деворга ёки ёзув аниқ-тиниқ билиниб турадиган телефон, компъютер каби ўрнашиб қоладиган нарсаларга кимгалигини аниқ қилиб талоқ сарлавҳаси билан талоқ хати ёзишдир. Оғзаки қўйилган талоқлар каби ёзма хатлар билан ҳам талоқ воқе бўлиб, аёлга идда вожиб бўлади. Талоқномани ёзишда эрда талоқ қўйиш нияти бўлсин ёки бўлмасин фарқ йўқ. Ҳазиллашиб талоқ хати ёзса ҳам аёлига талоқ тушади. Агар эр ёзма равишда талоқ қўйиб кейин инкор қилса, яъни мен у билан талоқни ният қилмагандим деса, қазоан унинг даъвоси қабул қилинмайди. Чунки, “Китобату мустабийна марсума” билан хоҳ ният қилсин, хоҳ ният қилмасин мутлақо талоқ воқе бўлади.

Бир киши хаттда “талоқ”ни зикр қилиб, уни бошқа қағозга кўчирса ёки бирор кишига кўчиришни амр қилса, хат аёлга етиб боришига қазоан икки талоқ воқе бўлади. Диёнатан эса, бир талоқ воқе бўлади.

Масала: Бир киши телефонига аёлини талоқ қилиш мақсадида талоқсан, сени талоқ қилдим каби сўзларни ёзса аёлига талоқ тушади. Хоҳ уни аёлига жўнатсин ёки жўнатмасин. Жўнатганда етиб келса ҳам ёки етиб келмасада ҳам. Эр талоқ сўзини айтганда хотин ёки гувоҳлар эшитиши шарт бўлмаганидек, талоқни ёзганда ҳам хотин ёки гувоҳлар уни кўриши ёки ўқиши шарт эмас. Эр талоқ қўйиш мақсадида талоқ қўйганлигини ёзиб, сўнг фикридан қайтиб ўчириб юборса ҳам талоқ тушади;

2. Китобату мустабийна ғойру марсума – Қоғоз, девор, телефон каби нарсаларга кимни талоқ қилганини тайин қилмасдан “Талоқ ёки талоқ қўйди” деб ёзиб, хатни аёлига юборса, бундай ҳолатда эрнинг ниятига эътибор қаратилади. Агар эр бу билан аёлига талоқ қўйишни ният қилиб: “Мен бу билан аёлимга талоқ қўйишни ирода қилгандим” деб иқрор қилса, талоқ воқе бўлади. Агар эр: “Бу билан аёлимга талоқ қўймоқчи эмасман” деса, кимгалиги ифода қилинмай ёзилган талоқ сўзи ва жумлалари билан талоқ воқе бўлмайди;

3. Китобату ғойри мустабийна – равшан бўлмаган китобат, яъни сув, ҳаво каби нарсаларга талоқ сўзларини ёзиш. Бундай нарсаларга ёзилган ёзувларни ўқиб ҳам, кўриб ҳам бўлмайди. Бундай ҳолатда талоқ воқе бўлмайди. Чунки, равшан бўлмаган китобат на талаффуз ва на ёзув ҳисобланади.

الْكِتَابَةُ عَلَى نَوْعَيْنِ: مَرْسُومَةٍ وَغَيْرِ مَرْسُومَةٍ، وَنَعْنِي بِالْمَرْسُومَةِ أَنْ يَكُونَ مُصَدَّرًا وَمُعَنْوَنًا مِثْلُ مَا يُكْتَبُ إلَى الْغَائِبِ. وَغَيْرُ الْمَرْسُومَةِ أَنْ لَا يَكُونَ مُصَدَّرًا وَمُعَنْوَنًا، وَهُوَ عَلَى وَجْهَيْنِ : مُسْتَبِينَةٍ وَغَيْرِ مُسْتَبِينَةٍ، فَالْمُسْتَبِينَةُ مَا يُكْتَبُ عَلَى الصَّحِيفَةِ وَالْحَائِطِ وَالْأَرْضِ عَلَى وَجْهٍ يُمْكِنُ فَهْمُهُ وَقِرَاءَتُهُ. وَغَيْرُ الْمُسْتَبِينَةِ مَا يُكْتَبُ عَلَى الْهَوَاءِ وَالْمَاءِ وَشَيْءٌ لَا يُمْكِنُهُ فَهْمُهُ وَقِرَاءَتُهُ. فَفِي غَيْرِ الْمُسْتَبِينَةِ لَا يَقَعُ الطَّلَاقُ وَإِنْ نَوَى، وَإِنْ كَانَتْ مُسْتَبِينَةً لَكِنَّهَا غَيْرَ مَرْسُومَةٍ إنْ نَوَى الطَّلَاقَ وَإِلَّا لَا، وَإِنْ كَانَتْ مَرْسُومَةً يَقَعُ الطَّلَاقُ نَوَى أَوْ لَمْ يَنْوِ ثُمَّ الْمَرْسُومَةُ لَا تَخْلُو إمَّا أَنْ أَرْسَلَ الطَّلَاقَ بِأَنْ كَتَبَ : أَمَّا بَعْدُ فَأَنْتِ طَالِقٌ، فَكَمَا كَتَبَ هَذَا يَقَعُ الطَّلَاقُ وَتَلْزَمُهَا الْعِدَّةُ مِنْ وَقْتِ الْكِتَابَةِ. وَإِنْ عَلَّقَ طَلَاقَهَا بِمَجِيءِ الْكِتَابِ بِأَنْ كَتَبَ : إذَا جَاءَك كِتَابِي فَأَنْتِ طَالِقٌ فَجَاءَهَا الْكِتَابُ فَقَرَأَتْهُ أَوْ لَمْ تَقْرَأْ يَقَعُ الطَّلَاقُ كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ ط قَوْلُهُ إنْ مُسْتَبِينًا أَيْ وَلَمْ يَكُنْ مَرْسُومًا أَيْ مُعْتَادًا وَإِنَّمَا لَمْ يُقَيِّدْهُ بِهِ لِفَهْمِهِ مِنْ مُقَابَلَةٍ وَهُوَ قَوْلُهُ : وَلَوْ كَتَبَ عَلَى وَجْهِ الرِّسَالَةِ إلَخْ فَإِنَّهُ الْمُرَادُ بِالْمَرْسُومِ قَوْلُهُ مُطْلَقًا الْمُرَادُ بِهِ فِي الْمَوْضِعَيْنِ نَوَى أَوْ لَمْ يَنْوِ وَقَوْلُهُ وَلَوْ عَلَى نَحْوِ الْمَاءِ مُقَابِلُ قَوْلِهِ إنْ مُسْتَبِينًا قَوْلُهُ طَلُقَتْ بِوُصُولِ الْكِتَابِ أَيْ إلَيْهَا وَلَا يَحْتَاجُ إلَى النِّيَّةِ فِي الْمُسْتَبِينِ الْمَرْسُومِ، وَلَا يُصَدَّقُ فِي الْقَضَاءِ أَنَّهُ عَنَى تَجْرِبَةَ الْخَطِّ بَحْرٌ، وَمَفْهُومُهُ أَنَّهُ يُصَدَّقُ دِيَانَةً فِي الْمَرْسُومِ رَحْمَتِيٌّ.

“Ёзу икки қисмга бўлинади: Марсума, ғайри марсума. Марсумадан мурод, масалан учинчи шахсга ёзилганда ким ва кимгалиги аниқ қилиб ёзилган ёзувлар. Ғайри марсума эса бунинг аксидир. Марсума ҳам икки қисмга бўлинади: Мустабийға ва ғайри мустабийна. Мустабийна деб, қоғоз, девор, ер кабиларга ўқиш ва тушуниш мумкин бўладиган тарзда ёзилган ёзувлардир. Ғайри мустабийна эса ҳаво, сув ва шу каби ўқиш ҳамда тушуниш мумкин бўлмайдиган нарсаларга ёзилган ёзувдир. Ғайри мустабийна шаклида талоқни ёзиш билан ният билан ҳам талоқ тушмайди. Агар талоқ (девор, телефон каби) мустабийна нарсаларга кимгалиги тайин қилинмай ёзилса, агар эр бу билан талоқни ният қилган бўлса, талоқ тушади. Агар талоқни ният қилмаган бўлса, талоқ воқе бўлмайди. Агар юқоридаги нарсаларга кимгалигини тайин қилиб ёзса (масалан, Зайнаб талоқсан, сени талоқ қилдим каби) ният қилса ҳам, қилмаса ҳам талоқ воқе бўлади. Сўнг марсума ҳолда ёзилган талоқ хотинига юборилган бўлиши ёки юборилмаган бўлишидан холи эмас. Агар талоқни ҳеч нарсага боғлиқ қилмай сен талоқсан ёки шу каби сўзлар билан ёзса, ёзган заҳоти талоқ тушади ва ўша вақтдан бошлаб аёлга идда лозим бўлади. Агар эр талоқ сўзларини бирор нарсага боғлиқ қилиб ёзса, масалан мактубим сенга етиб борса сен талоқсан каби. Бундай ҳолатда мактуб хотинга етиб борса талоқ тушади. Аёл хатни ўқисин ёки ўқимасин. Мустабий марсумда ниятга ҳожат йўқ ва қозининг ҳузурида ёзувнинг машқ қилганлиги ҳақидаги даъво тасдиқ қилинмайди. Бундай келиб чиқадики, марсум ҳолатдаги ёзувда диёнатан сўзи тасдиқ қилинади. “Раҳматий”да шундай дейилган” (Раддул муҳтор. Ж. VI. Б. 455-456).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase