close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳолат далолати ва киноя лафзларнинг қисмлари

Киноя лафзлар воситасида боин талоқ тушуши бобида ҳолатнинг далолат қилиши ўзига хос аҳамият касб этади. Киноя лафзлар билан талоқ воқе бўлиши учун ният зарурдир. Лекин, баъзи ҳолат ёки қариналар ният ўрнига қоим қилиниб, ниятсиз ҳам қазоан талоқ воқе бўлади дейилган. Шу боис киноя лафзларни баён қилишдан олдин ҳолат ва киноя лафзларининг қисмларини баён қилиш муносиб аҳамиятга эгадир. Билин-ки, ҳолат далолати уч турли бўлади. Улар:

1. Розилик ҳолати – эр-хотин ўртасида на талоқнинг зикри бўлади ва на ғазаб ва на норозилик кайфияти мавжуд бўлади. Балки, эр-хотин ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳл-иноқ бўлиб истиқомат қилаётган ҳолатларига розилик холат ёки муътадил ҳолат дейилади;

2. Талоқ зикр қилинаётган ҳолат – эр-хотин ўртасида талоқ мавзуси тўғрисида сўз кетаётган бўлади. Лекин, эр ғазабнок ҳолатда бўлмайди;

3. Ғазаб ҳолати – эр-хотин ўртасида жанжал, низо ва келишмовчилик жуда авжига чиқиб, эр ғазабнок ҳолатда бўлади.

Киноя лафзлари ҳам уч турлик бўлади. Улар:

1. Жавобни ҳам радни ҳам ифодаловчи лафзлар – аёл эридан талоғини сўради. Эр унга жавобан шундай лафзларни ишлатди-ки, у лафзлар аёлга рад бўлиши ҳам, жавоб бўлиши ҳам мумкин. Масалан, “ изҳабий (кетгин)”, “ухружий (чиқгин)”, “тақаннуъий (ўраниб олгин)”, “қуумий (ўрнингдан тур)” ва “тахаммарий (рўмолингни ташлаб ол)” каби лафзлар;

2. Аёлга жавоб бўлиши ҳам, ғазаб, жаҳл ёки сўкиш бўлиши ҳам мумкин – Аёл бирор сўзни айтгандан кейин эр унга жавобан шундай лафзларни айтди-ки, у лафзлар билан талоқ ҳам, сўкиш ҳам тушунилади. Масалан, “холийя (холисан)”, “барийя (йироқсан)”, “батта (узулгансан)”, “батла (алоҳидасан)”, “боин (боинсан)”, “ҳаром (ҳаромсан)”;

3. Радни эмас, фақат жавобни ифодалайди – учинчи қисмнинг лафзлари шу-ки, у лафзлар жавоб деб тушунилади. Лекин радни эҳтимол қилмайди. Масалан, “эътаддий (иддангни сана)”, “амруки биядики (ишинг қўлингда)”, “ихторий (танлагин)”.

Эр юқорида келтирилган уч турли лафзлардан бирортасини айтаётганда розилик ҳолатда бўлса, ниятсиз у лафзларнинг бирортаси билан талоқ воқе бўлмайди. Ҳа, бу лафзларни айтиб ният қилса, боин талоқ воқе бўлади. Ғазаб ҳолатида эр келтирилган уч лафзлардан бирортасини айтса, аввалги икки қисмда ниятга боғлиқ бўлади. Агар талоқни ният қилса, талоқ аксинча бўлса, талоқ воқе бўлмайди. Учинчи қисмда эса, ғазаб ҳолатида ниятсиз ҳам талоқ воқе бўлаверади.

Эр талоқ зикр қилинаётган ҳолатда ушбу лафзларни айтса, биринчи лафз ниятга тўхтайди, яъни талоқни ният қилиш билан талоқ тушади. Аксинча бўса, талоқ воқе бўлмайди. Иккинчи, учиничи лафзлар талоқ зикр қилинаётган пайтда айтилса, ниятсиз ҳам талоқ воқе бўлаверади.

ثُمَّ الْكِنَايَاتُ ثَلَاثَةُ أَقْسَامٍ ( مَا يَصْلُحُ جَوَابًا لَا غَيْرُ ) أَمْرُك بِيَدِك، اخْتَارِي، اعْتَدِّي ( وَمَا يَصْلُحُ جَوَابًا وَرَدَّا لَا غَيْرُ ) اُخْرُجِي اذْهَبِي اُعْزُبِي قُومِي تَقَنَّعِي اسْتَتِرِي تَخَمَّرِي ( وَمَا يَصْلُحُ جَوَابًا وَشَتْمًا ) خَلِيَّةٌ بَرِيَّةٌ بَتَّةٌ بَتْلَةٌ بَائِنٌ حَرَامٌ وَالْأَحْوَالُ ثَلَاثَةٌ ( حَالَةُ ) الرِّضَا ( وَحَالَةُ ) مُذَاكَرَةِ الطَّلَاقِ بِأَنْ تَسْأَلَ هِيَ طَلَاقَهَا أَوْ غَيْرُهَا يَسْأَلُ طَلَاقَهَا ( وَحَالَةُ ) الْغَضَبِ فَفِي حَالَةِ الرِّضَا لَا يَقَعُ الطَّلَاقُ فِي الْأَلْفَاظِ كُلِّهَا إلَّا بِالنِّيَّةِ وَالْقَوْلُ قَوْلُ الزَّوْجِ فِي تَرْكِ النِّيَّةِ مَعَ الْيَمِينِ وَفِي حَالَةِ مُذَاكَرَةِ الطَّلَاقِ يَقَعُ الطَّلَاقُ فِي سَائِرِ الْأَقْسَامِ قَضَاءً إلَّا فِيمَا يَصْلُحُ جَوَابًا وَرَدَّا فَإِنَّهُ لَا يُجْعَلُ طَلَاقًا كَذَا فِي الْكَافِي وَفِي حَالَةِ الْغَضَبِ يُصَدَّقُ فِي جَمِيعِ ذَلِكَ لِاحْتِمَالِ الرَّدِّ وَالسَّبِّ إلَّا فِيمَا يَصْلُحُ لِلطَّلَاقِ وَلَا يَصْلُحُ لِلرَّدِّ وَالشَّتْمِ كَقَوْلِهِ اعْتَدِّي وَاخْتَارِي وَأَمْرُك بِيَدِك فَإِنَّهُ لَا يُصَدَّقُ فِيهَا كَذَا فِي الْهِدَايَةِ .

“Талоқ тушадиган киноий сўзлар уч қисмга бўлинади. Фақатгина аёлга жавоб беришнигина ифода қилгувчи сўзлар. Улар: ишинг қўлингда, ихтиёр қил, иддангни сана. Аёлга жавоб бўлишни ҳам, сўраганига раддия бўлишни ҳам ифода қилиб, ундан бошқа нарсани эҳтимол қилмайди. Масалан, чиқ, кет, йироқ бўл, ўрнингдан тур, ўралиб ол, мендан пардалан, рўмолингни ташлаб ол. Жавоб бўлишни ва ҳақоратлашни ифодаловчи сўзлар. Улар: сен холисан, йироқсан, узулгансан, алоҳидасан, боинсан, ҳаромсан сўзларидир. Ҳолат ҳам уч хил бўлиб, улар розилик ҳолати, талоқни музокараси, яъни аёл ёки ундан бошқаси эрдан талоқ сўраш ҳолати, ғазаб ҳолати. Розилик ҳолатида юқоридаги уч турлик сўзларнинг барчаси билан талоқни ният қилса талоқ тушади. Агар талоқни ният қилмаса, талоқ тушмайди. Эр талоқ қўйишни ният қилмаганлигини айтса, қасам билан унинг сўзи эътиборга олинади. Талоқни музокараси бўлаётган ҳолатда иккинчи, учинчи турдаги сўзлар билан қазоан талоқ тушади. Лекин аёлга жавобни ёки радни ифодаловчи сўзларда эрнинг сўзини талоққа ҳукм қилинмайди. Кофийда шундай дейилган. Ғазаб ҳолатида эса, бу сўзлар хотинга раддия ва уни ҳақоратлашлигини эҳтимол қилганлиги учун эр талоқ қўймаганлигини айтса, эрни тасдиқ қилинади. Лекин, хотинга раддия ва ҳақоратлашни эҳтимол қилмай фақат талоқни ифодаловчи эътаддий, амруки биядики каби сўзларда эр талоқни ният қилмаганман деб айтса, уни тасдиқ қилинмайди” (Фатвои ҳиндия. Ж. I. Б. 375-374).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase