Жоҳилият замонасидаги талоқ
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 189 марта кўрилди
Жоҳилият даври низомига кўра эр ўз аёлига 100 тагача талоқ бериши ва яна уни ўзига қайтариб олиши мумкин эди. Қози Саноуллоҳ соҳиб ўзининг “Тафсири мазҳарий” асарида Имом Бағавий Урва ибн Зубайр қилган ушбу ривоятларини нақл қилганлар: “Ислом аввалида одамлар беҳисоб талоқ қўйишга одатланган эдилар. Баъзи кишилар аёлларига талоқ қўйиб, улар иддаларини тугатай деганда ўзларига қайтариб олиб, яна талоқ қўйиб юборар эдилар. Бу ҳолат аёлга зулм бериш мақсадида қайта-қайта бажарилар эди. Эркаклар ўз аёлларини жуда ёмон кўрсалар никоҳ ва талоқсиз муъаллақ ҳолатда ушлаб туришга урунар эдилар. Ислом, жоҳилият даврида аёлларга берилган бу зулм ва ситамларга чек қўйди. Бу борада, яъни аёлларга талоқ қўйиш миқдори, чегараси борасида қуйидаги оят нозил қилинди:
“Талоқ икки мартадир” (Бақара 229-оят).
Талоқ қўйгандан кейин ортидан ражъат қилиш мумкин бўлган талоқ ҳаммаси бўлиб иккитадир. Бирор киши иккита талоқ қўйгандан кейин учинчи талоқниқўйса, талоғини берган аёлига ҳалоласиз ражъат қилиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда никоҳ ҳам уч талоқ қилган аёлини ҳалол қилиб бермайди[Ат-Тафсирул мазҳарий. Ж. I. Б. 300.].