Душанба (20 феврал) куни Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг Сурия шимоли шарқидаги лагерлардан 59 аёл ва ёш болани ватанига қайтариш бўйича навбатдаги операциясини олқишлади.
Пайшанба (16 феврал) кунги операция Суриянинг курдлар назоратидаги одамлар билан тўла лагерлардан хорижлик фуқароларни ўз ватанига қайтариш бўйича Қўшма Штатлар бошчилигидаги ташаббус доирасида ўтказилган.
Аёллар ва болаларнинг кўпчилиги «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг қариндошларидир.
Суриянинг ал-Ҳасака вилоятидаги ал-Ҳол ва Рож жамлоқларида зўравонлик одатий ҳолатга айланиб қолган, маъмурият бу ерлар ИДнинг одам ёллаш ва ўз ғояларини сингдириш учун ўчоқ бўлиб қолишидан хавотирда.
«Биз давомли гуманитар ва хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бергани учун Қирғизистон ва маҳаллий ҳамкорларимиз, Сурия демократик кучларидан (СДК) миннатдормиз», деб айтган АҚШ давлат департаменти вакили Нед Прайс.
ИД «минтақа, жумладан ярмидан кўпи 12 ёшдан кичик болалардан иборат ушбу қочқинлар лагерларидаги минглаб одамлар учун доимий хавф бўлиб қолмоқда», деб айтган у.
Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига кўра, «41 та ёш бола ва 18 нафар аёл Суриядаги қайноқ нуқталардан Қирғизистонга етиб келган», деб хабар беради пайшанба куни давлатга қарашли «Кабар» агентлиги.
Гуруҳга хавфсизлик хизматлари ва ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлик қилишди, деб ёзади «Кабар».
Янги олиб келинган шахслар қайта адаптация марказларига жойлаштирилади, у ерда улар реабилитация жараёнидан ўтишади.
«Ушбу гуманитар ва хавфсизлик вазиятига фақат репатриация бирдан-бир ишончли чора бўла олади», дейди Прайс.
«Ал-Ҳол ва Рож қочқинлар жамлоқларида Сурия ва Ироқдан ташқаридаги 60 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингга яқин одам бор» , дейди у.
Биз барча ҳукуматларни Қирғизистондан ўрнак олишга ва ўз фуқароларини, айниқса аёллар ва болаларни ватанига қайтаришга чақирамиз», деди у.
«Биз Қирғизистон республикаси раҳбариятидан ИШИД халифалигининг йўқ қилиниши натижасида давом этаётган гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича иш олиб бораётганидан миннатдормиз», деди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари, генерал Майкл «Эрик» Курилла 16 феврал куни.
«Фуқароларни ўз юртига муваффақиятли қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш – ушбу инқирознинг бирдан-бир узоқ муддатли ечими бўлиб қолмоқда. CENTCOM минтақавий ҳамкорларимиз билан ҳамкорликда самолётлар каби ресурслардан фойдаланиб, ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этади», деб қўшимча қилди у.
2011 йилдан бери аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат Марказий Осиё мамлакатларининг минглаб фуқаролари Ироқ ва Сурияга бориб, ИШИД ва бошқа экстремистик гуруҳлар сафига қўшилган.
Қирғизистон ҳукуматининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, Сурияга камида 800 нафар қирғиз фуқароси борган.
2021 йил март ойида қирғизистонлик ота-онадан туғилган 79 нафар бола Ироқда қолган оналарининг розилиги билан ватанига қайтарилди.
Экстремистик гуруҳлар фаолиятидаги иштироки учун Ироқда кўплаб Марказий Осиёлик аёллар қамоқ жазосини ўтамоқда. Кўп ҳолларда уларнинг эрлари жангларда ҳалок бўлган деб тахмин қилинади.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини ватанига қайтарган.
2019-2021 йилларда Қозоғистон бир қатор амалиётлар давомида Сурия ва Ироқдан 700 дан ортиқ фуқаросини ўз ватанига қайтарган эди.
Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан 318 нафар ўзбекистонлик аёл ва болани ватанига қайтарган бўлса, ўтган йилнинг июл ойида Тожикистон Суриядан 146 нафар аёл ва болани, 2019 йил апрелда эса Ироқдан 84 нафар болани мамлакатга қайтарган.
Суриядаги қирғизистонлик аёллар ва ёш болалар ватанига қайтарилди
Душанба (20 феврал) куни Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг Сурия шимоли шарқидаги лагерлардан 59 аёл ва ёш болани ватанига қайтариш бўйича навбатдаги операциясини олқишлади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Байден ҲЖС қароридан норози бўлди, аммо бунга қарши ҳеч нарса қилмади
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди