Бу давлатда “Элликчи” (протестант христианлари ичидаги янгича оқим) христианларнинг штаб квартираси жойлашган. Америка илм-фан тадқиқот марказининг маълумотларига кўра эса аҳолининг 46 фоизи ҳеч қандай динга эътиқод қилмайди.
Корея ярим оролининг жанубида жойлашган бу мамлакатда мусулмонларнинг жуда камлиги менга бу ажойиб ўлка маданияти ҳақида маълумот олишга тўсқинлик қилмади. Атрофимда ҳамма ерда корейс тили ва корейс ёзувидаги сўзларни мунтазам учратишда давом этар эканман, хаёлимга бу тилда гаплашишни ўргансам ёмон бўлмас эди деган фикр келди. Бу тилни ўрганишни энди бошлаган бўлишимга қарамай, халқаро аэропортда корейсларнинг миллий кийими – ханбок кийиб олган бир аёлдан Сеулга қаердан автобусга чиқишим кераклигини корейс тилида сўрадим ва жавоб олдим. Бу мени яхшигина тўлқинлантириб юборди. Мени жуда ҳам ҳайратга солган нарса метродан чиққанимдан кейин бир ёши катта корейснинг дўстлари билан менга меҳмонхонани топишимда ёрдам бериб юборганлари бўлди.
Итевон тумани – Сеул шаҳрининг марказида мусулмонлар ҳаётининг бир парчаси. Бу ерда таҳминан 150,000 мусулмон ҳаёт кечиради ва уларнинг учдан бирини этник корейслар ташкил қилади. Итевон тумани ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб оммабоп масканга айланди. Бу ерда 1976 йилда мамлакатдаги илк масжид сифатида иш бошлаган Сеулнинг марказий масжиди жойлашган. Бу туманда, шунингдек, кўплаб ҳалол тамаддихоналар, ресторан ва дўконлар хизмат кўрсатади. Уларнинг аксарият қисми мусулмон-корейсларга тегишли.
Ҳозирга келиб бу масжид мамлакат бўйлаб жойлашган 15 масжиднинг биридир. Ундан ташқари, аэропорт, университет ва катта савдо марказлари ҳудудларида 60 дан зиёд намозхоналар мавжуд. Масжидлар ибодат қилинадиган жой бўлиш баробарида мусулмон бўлмаган корейслар билан мусулмонлар ўртасида яқинлашув ва бирдамлик маскани ҳам ҳисобланади.
Бора Сонг – корейс муслимаси. У араб тилидан дарс беради ва мусулмон бўлмаганларни қизиқтирган саволларга жавоб беради. Менинг у билан учрашувим узоқ давом этмади – мажлислар залини излаётганимда бор йўғи бир неча дақиқа гаплаша олдим. Шу қисқа муддатнинг ўзидаёқ мен корейс маданияти мусулмон бўлишга тўсиқ бўла олмаслигини тушуниб етдим. Унинг миллати корейс ва у бир вақтнинг ўзида мусулмон эди. Бундай уйғунлик кўпчиликни ажаблантириши мумкин, лекин мени эмас. У қиз ҳижобда эди ва эгнига ханбок кийиб олган эди.
Корейсларнинг миллий либоси – Ханбок аслида ҳаё ва ибо нишонасидир. Кўпгина ёш корейс қизлари бу миллий кийимни кийганларида масъулиятлари ортишини, ўзларини сипо тутишлари кераклигини ҳис қилишларини айтадилар. Ислом дини аёлларга ҳудди шу нарсаларни буюради. Шунингдек, корейс миллий урфига кўра, қизлар бошига джанг-ўт деб аталадиган бир мато парчасини ёпиб олишади, шу сабабдан уларга ҳижобга кўникиш анча осон бўлиши мумкин.
Оммавий маданият ханбокни Корея урфлари сафидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётганига қарамай, бу анъанавий либос корейслар ва бошқа туристлар орасида ўз оммабоплигини йўқотаётгани йўқ. Агар сиз ханбок либосида бўлсангиз, кўплаб музейлар ва давлат идораларига эркин кира олишингиз мумкин. Корейс дизайнерлари эса ханбокни XXI аср замонавий корейс ҳаётига қайта тадбиқ қилиш устида бош қотирмоқдалар.
Корейс мусулмонлари жуда тез ўзгарадилар ва анъанавий маданият билан Ислом дини ўртасидаги тафовутни осонлик билан енгиб ўта оладилар. Менинг севимли рассомларимдан бири Муна Хуимин Бае ҳозир Араб Амирликларида истиқомат қилади. У ўз истеъдодини Ислом ва Корея анъаналари нақадар ўхшаш эканлигини тасвирлаш йўлида ишлатади. “Менинг урф-одатларим ва бу дин ҳақида ўхшашликларни кашф этиш мен учун жуда ҳам қизиқарли жараён”, - таъкидлайди Муна.
Муна учун ўз иши ўзлигини англаш учун кечадиган доимий ҳаракатдир. Унинг айтишича, Ислом динини қабул қилгач, у ўзини анча яккаланиб қолгандек ҳис қилган. Аммо кейинчалик у суннат ва ҳадисларни ўргана бошлайди. Ўрганиш жараёнида унга ёшлигида онаси ўргатган кўплаб одоб-ахлоқ қоидаларини учратади. У ўз асарларида айнан мана шу ўхшашлик ва умумий хусусиятларни ифода этишга ҳаракат қилади.
“Баъзида мен Кореяда яшайдиган танишларимдан ўз ишларим ҳақида салбий фикрлар эшитаман. Ахир, Ислом дини менинг мамлакатимда нисбатан анча ёш дин. Шунинг учун мен Яқин Шарқ ва Узоқ Шарқни боғлаш йўлида хизмат қиладиган кўпроқ ресурслар топишга интиламан”, - деб фикр билдиради Муна.
Вақти-вақти билан Муна корейс маданияти ва Ислом дини уйғунлаша олиши учун асос бўладиган кўплаб тарихий далиллар топади. Ўз изланишлари натижалари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида ҳикоя қилади. У билан мулоқот қилиш жараёнида мен шуни тушунаманки, корейс ва Ислом маданияти уйғунлиги ҳозирги замон учун жуда муҳим ва ҳамма билиши керак бўлган хабардир. Аммо, унутмаслик керак-ки, Ислом дини ҳеч қандай миллат, халқ, ёки маданиятга боғлаб қўйилмаган. Сиз араб бўлмаслигингиз, Кореяда ёки дунёнинг исталган нуқтасида яшаган ҳолингизда мусулмон бўлишингиз ҳам мумкин.
Islamisemya.com сайтидан
Тошкенбой таржимаси