Ақлида заифлиги борларнинг одати асли шундайдир. Улар кишиларни ҳақ орқали эмас, балки ҳақни кишилар воситасида билишга уринадилар, ҳақни кишиларга боғлаб қўядилар. Оқил киши эса бунда оқиллар саййиди Али розияллоҳу анҳунинг: “Ҳақни кишилар орқали таний олмайсан. Сен ҳақни билгин, шунда унинг аҳлини ҳам билиб оласан”, деган ҳикматларини ўзига шиор қилиб олади.
Оқил ҳақни билиб олади, сўнг айтилйётган қавлга назар солади. Агар айтилаётган калом ҳақ бўлса, айтувчиси ботил ёки ҳақ аҳлидан бўлишидан қатъий назар уни қабул қилади. Ақл соҳиби шунинг ўзи билангина чекланиб қолмайди, балки у залолат аҳлининг каломларидан ҳақ бўлган нарсаларни ажратиб олиш пайидан бўлади. Чунки у олтиннинг маъдани балчиқ бўлишини яхши билади.
Зеро, саррофнинг қаллобнинг халтасига қўлини суқишининг ёмон жойи йўқ. Чунки сарроф фақат шу йўл билангина сохта динор-дирҳамларни ҳақиқийсидан ажратиб олади. Ҳар бир ишнинг ўз устаси бордир. Шундай экан, саррофликда моҳир бўлмаган лақма киши қаллобдан, сузишни яхши бўлмаган одам денгиздан, най чалишга моҳир бўлмаган одам илондан тўсилмоғи лозим.
Залолат аҳлининг китобларини ўқишдан ҳазир бўлиш
Аллоҳга қасамки, агар бутун халойиқ ўзларида ҳақни ботилдан ажратиб олиш маҳорати, комил ақл ва кифоя қилувчи малаканинг борлигини гумон қилсалар ҳам уларни залолат аҳлининг китобларини мутолаа қилишдан имкон борича тўсиш лозим бўлади. Чунки одамлар биз баён қилиб ўтган биринчи офатдан саломат қолган тақдирларида ҳам, баёнига энди киришадиган иккинчи офатнинг куйдирувчи алангансидан омонда қола олмайдилар.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Залолатдан кутулиш" китобидан