093. Зуҳо сураси
- Душанба, Окт 31 2022
Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ҳам ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. «Зуҳо» – «чошгоҳ пайти» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бу сурани зуҳо ила қасам ичиб бошлаб, Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб ҳам қилмаганини ва у зотни тарк ҳам этмаганини таъкидлайди.
Ушбу сураи кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда келишича, Пайғамбаримиздан бир муддат ваҳий узилиб қолган. Яъни Жаброил алайҳиссалом Қуръон оятларини олиб келмай қолганлар. Бундан Набий алайҳиссалом ташвишга тушиб, маҳзун бўлганлар. Душманлар эса дарров «Муҳаммаднинг Робби унга ғазаб қилди, уни тарк этди», деб гап тарқатишган. Шунда Аллоҳ таоло бу сураи каримани Муҳаммад алайҳиссаламнинг ўзларига хос қилиб нозил этган. Бу сурада аввалидан охиригача Набий алайҳиссаломга хитобни, у зотга Аллоҳ таоло қилган марҳаматларнинг саноғини, у зотнинг шарафланишини ва улуғланишини кўрамиз.
Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини чошгоҳ ва туннинг сукунатга чўмиши ила қасам ичиб бошлайди ва Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қийматлари улуғлигини алоҳида таъкидлайди.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга охиратда бериладиган нарсаларнинг башорати берилади.
Кейин эса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикликларида етим ва фақир бўлганлари, Аллоҳ таоло Ўз риояти ва инояти ила у зотни бу ҳоллардан олиб чиққани эслатилади.
Суранинг ниҳоясида эса у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур уч нарса муқобилига уч нарса: етимга меҳрибонлик қилиш, соилга қўпол муомала қилмаслик ва Ўз Робби неъмати ҳақида сўзлаш тавсия этилади.
Олтинхонтўра Тарозий: 1. Қасамдур чош вақтиға
Ҳиндистоний: 1. Чошт (чошгоҳ) вақтига қасам!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 1. Чошгоҳ билан қасам.
Алоуддин Мансур: 1. Чошгоҳ вақтига қасам;
Абдулазиз Мансур: 1. Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан
Таъвилот ал-Қуръон: 1. Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан
Тафсири Ҳилол: 1. Чошгоҳ билан қасам.
Тафсири Ирфон: 1. Чошгоҳга қасам;
Аллоҳ таоло қуёш кўтарилиб, бутун борлиқни нурга тўлдирган, мунаввар қилган пайтга қасам, деяпти.
Олтинхонтўра Тарозий: 2. ва кечаға, вақтики ёпса (зулматила)!
Ҳиндистоний: 2. Ва кечага қасам, вақтики қоронғулиги билан оламни ёпса (ўраб-қоплаб олса)!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 2. Сукунатга чўмган тун билан қасам.
Алоуддин Мансур: 2. (Ўз зулмати билан чор-атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасамки;
Абдулазиз Мансур: 2. ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки,
Таъвилот ал-Қуръон: 2. ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки,
Баъзи муфассирлар: «(Биринчи оятдаги) [ад-дуҳаа] куннинг ёруғидир», - деганлар ва [ва дуҳааҳаа] оятини бунга мисол қилиб келтирганлар («Қасамёд этаман Қуёш ва унинг зиёси билан», (Шамс сураси, 1-оят)). Баъзилар эса: «У кундузнинг бир қисми, яъни куннинг аввалидир. Зуҳо намози деган гап бор, бу намоз куннинг чошгоҳ вақтида ўқилади», - деганлар (Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Абд ибн Ҳу-майд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 609-бет.). «У иссиқдан киноядир. Бунга мисол: «Шубҳасиз, сен у жойда (жаннатда) оч ва яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан ва иссиқда ҳам ҳолмайсан» (Тоҳо сураси, 118-119-оятлар.) оятилар деган муфассирлар ҳам бор. Яна ҳам Аллоҳ билувчироддир! | Муфассирлардан баъзилари: [ад-дуҳаа] кундузнинг ҳамма вақтидан киноядир. Аллоҳ таоло у ва (иккинчи оятда) зикр қилинган тун билан қасам ичмоқда», - деганлар.
Агар [ад-дуҳаа] калимасидан мурод, куннинг ёруғт, Вал лайли изаа сажаадан мурод эса, туннинг зулмати бўлса, улар билан ичилган қасам шундай тушунилади: туннинг зулмати кўз очиб юмгунчалик вақт ичида бутун халойиқларни ўз пардаси остига олади Шунингдек, куннинг ёруғи ўша тун пардасини очиб юборади, куз очиб юмгунчалик вақт ичида барча халойиқларни ёруғликка чикаради. Ваҳоланки, ана шу парданинг оғирлигини ёки ўша ёруғликнинг енгиллигини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло кун ва тундаги ана шу мўъжиза буюк бўлгани учун улар билан қасам ичган.
Агар [ад-дуҳаа] калимасидан мурод, кун ва туннинг айнан ўзи бўлса, улар билан қасам ичилаётганининг сабаби улар ичида яратиб қўйилган кўплаб манфаатлардир.
[изаа сажаа] ояти борасида турлича фикрлар мавжуд. Айрим муфассирлар(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Фарёбий, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур». 6-жуз, 609-бет.) унга «эгаллаб олган» деган маънони берганлар
Баъзи муфассирлар унинг маъноси «сукунатга чўмган, сокинлашган» деганидир, (Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган.) дейдилар.
Яна баъзи бир муфассирлар (эса оятдаги): [изаа сажаа] ибораси «ўраб олса, зулмат билан қопласа, ҳар бир нарсани ўраб олиб, беркитса», - деган маънода бўлиб, беркитиш маъносидаги [ат-тасжияту] ўзагидан олинган, арабларда [юсажжаа қабрул маръати], яъни аёлнинг кабри тўсилади ва ўраб турилади, деган гап бор», (Шу маънодаги гапни Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан Абд ибн Ҳу-майд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган.) - дейдилар.
Тафсири Ҳилол: 2. Сукунатга чщмган тун билан қасам.
Аллоҳ таоло Зуҳо ила ва сукунатга чўмган тун ила қасам ичиб, Ўз қудратининг ёрқин далилларидан бўлган икки нарсага эътиборни жалб қилмоқда. Ҳамда шу қасамлар ила келажак оятдаги маънони таъкидламоқда.
Тафсири Ирфон: 2. ва қоплаётган тунга қасам.
Ва атрофни зулмат билан ўраб-қоплаётган тунга қасам, деяпти. Аллоҳ таолонинг борлиқдаги бу икки ҳолатга қасам, дейишида чуқур маъно ва илоҳий ҳикмат бор. Ҳар бир тун ортидан албатта ёруғ кун келади. Тунги сукунат оғушида ўзини ожиз, ёлғиз, нота-вон ҳис этган инсоннинг ёруғлик, нур келиши билан руҳий ҳаёти ва жисмоний қувват-ҳаракати янги паллага киради, ғайрат ва шижо-ат билан янги кунни бошлайди. Гўё куннинг интиҳоси инсон учун унинг ибтидосидан яхши бўлиши дарагини бераётганига ўхшай-ди. Юқоридаги икки оятда «зуҳа» (кундузининг бир қисми) ҳам ва «лайл» (туннинг ҳаммасини англатади) ҳам келтирилади. Бунинг маъноси шуки, охирзамон элчиси Муҳаммад алайҳиссалом барча пайғамбарларга тенглаша олганларидек, кундузнинг бир қисми туннинг ҳаммасига тенглаша олади. Шунингдек, кун ва туннинг алоҳида фазилатларга эгалигини билдириш учун олдинги Лайл сурасида тун олдин зикр этилганди, Зуҳа сурасида кун, чошгоҳ муқаддам келяпти. Бу эса вақтнинг шиддат билан ўтаётганига, кун ва туннинг тез алмашаётганига бир ишорадир.
Олтинхонтўра Тарозий: 3. Ташламади сани, (эй Муҳаммад), санинг Парвардигоринг ва ёмон кўрмади,
Ҳиндистоний: 3. Аллоҳ таоло Сени ташлаб қўйгани ҳам йўқ ва ёмон ҳам кўриб қолгани йўқ
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 3. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ.
Алоуддин Мансур: 3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз Сизни тарк этгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқдир.
Изоҳ: Ушбу оятлар Пайғамбаримизга ваҳий келиши бир неча муддат тўхтаб қолган ва айрим мушриклар: "Мана Муҳаммадни Парвардигори ташлаб кетди", деб гап тарқатган вақтларида нозил бўлгандир. Аллоҳ таъоло Ўзи яратган чошгоҳ (ёруғлик) ва кеча (қоронғулик) хиқкига қасам билан Муҳаммад алайҳиссаломни тарк этмагани ва ёмон кўриб қолмагани ҳақида хабар бериш орқали гўё ойнинг (ваҳий келмай қолган) ўн беши қоронғу бўлган бўлса, қолган ўн беши ёруғ бўлишига ишора қилаётгандек.
Абдулазиз Мансур: 1. Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан
Таъвилот ал-Қуръон: 3. (Эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!
Қасам мана шу оят учун ичилган. Бу суранинг нозил бўлиш сабаби хусусида ҳар хил гаплар айтилган. Баъзиларнинг айтишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса ҳақида сўрашса ёки бирор нарса талаб қилишса, у зот алайҳиссалом «Инша Аллоҳ», деб истисно қилмаган ҳолда «Шу ишни эртага қиламан ёки унинг жавобини эртага айтаман», дер эдилар. Ана шунинг учун ҳам у зотга бир неча кунлар давомида ваҳий келмаган. Натижада кофирлар: «Муҳаммаддан Рабби воз кечди, уни ёмон кўриб қолди», - деганлар.
Яна баъзи муфассирлар айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келиши кечикканидан қаттиқ бетоқат ва нотинч бўлдилар. У зотнинг бетоқат ва нотинч бўлганларини кўрган Хадича розияллоҳу анҳо: «Менинг фикримча, Раббингиз Сиздан воз кечди, Сизни ёмон кўриб қолди», деганида «Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» - ояти нозил бўлган.
Бу суранинг нозил бўлиши аслида қандай бўлгани бизга маълум эмас. Агар қурайшликларнинг гапи учун нозил бўлган бўлса, ичилаётган қасам уларнинг гапларини рад этиш учун ичилган бўлади. Иккинчи гап, яъни бу сура Хадича розияллоҳу анҳонинг гапи учун нозил бўлган, деган фикрга келсак, бундай бўлиши ҳақиқатдан йироқдир. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломдан воз кечмаганини ҳам, у кишини ёмон кўриб қолмаганини ҳам Хадича онамиз билганлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг ҳеч биридан воз кечмайди, деб эътиқод қиладиган ҳар бир мўмин-мусулмонга ҳам бу нарса маълумдир. Чунки Хадича розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рабби воз кечмагани ва у зотни ёмон кўриб қолмаганини Аллоҳ таоло қасам ичмаса ҳам, тасдиқлар эдилар. Шунинг учун қасам ичишда ҳеч қандай маъно йўқдир. Юқорида билдирган фикрларимиз (Зуҳо сурасининг нозил бўлиши сабабларидан бири деб айтилган) бу сабаб ҳақиқатдан йироқ эканига далил бўлади.
Сўнгра оятни улар айтгандан бошқасига буриб таъвил қилиш бизнинг фикримиздагига ўхшашроқ ва улар айтган гапларга яқинроқ бўлар эди. Яъни Пайғамбар алайҳиссалом мақсадлари ва одатлари ўзларига қарши чиққан кишилар орасидан фаришталардан иборат ёрдамчилари ва тарафдорлари йўқ бўлганларини ўлдириш ва ҳалок қилиш бўлган фиръавнлар ва золимларга пайғамбар қилиб юборилган эдилар. Қолаверса, у зотнинг қўлларида одамларнинг диллари ва қалбларини ўзларига мойил қилишда фойдаланай десалар, ортиқча мол-давлат ва кенглик ҳам мавжуд эмасди. Чунки бир инсонни унинг душманлари эканини била туриб душманлари ихтиёрига топширган, у билан душманлари ўртасини ҳеч бир ёрдамчиларсиз, тарафдорларсиз ва кенг мол-давлатсиз холи қолдирган киши ҳақида у ўша инсонни хор қилди, ташлаб қўйди, ундан воз кечди, деб айтилади. Чунки одатда бу каби ишлар ана шундай инсонларга нисбатан амалга оширилади. Ана шу пайтда «Ундан воз кечди, уни ёмон кўриб қолди», - дейдилар. Мушрикларнинг: «Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирор фаришта туширилиб, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлса эди. Еки унга (осмондан эҳтиёжи учун) хазина ташланса эди ёхуд унинг учун бир боғ бўлиб, у (боғ)дан овқатланса эди», (Фурқон сураси, 7-8-оятлар.) «Бу Қуръон икки шаҳар(нинг бири)дан бўлган улуг одамга нозил ҳилинганида эди» (Зухруф сураси, 31-оят.) ва шу каби сўзлари ана шу маънода келган.
Тафсири Ҳилол: 3. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ.
Ушбу ояти карима Қуръоннинг биринчи оятлари нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий тушмай қолиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлганларида, мушриклар Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди, деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушгандир. Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан бўлмиш Зуҳо ва тун билан қасам ичиб Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб қилмаганини ва у зотни тарк ҳам этмаганини таъкидламоқда. Ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиши эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга шавқларини яна ҳам ошириш учун бўлган, холос.
Тафсири Ирфон: 3. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизни тарк этгани йўқ, ёмон кўргани ҳам йўқ.
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, Парвардигорингиз сизни ўз ҳолингизга, муаммо ва машаққатлар гирдобига ташлаб қўйгани йўқ, мушриклар иддаосига қарши ўлароқ У сизни ёмон ҳам кўрмайди. Сиз ҳаргиз Парвардигорим ғазаб қилди, деб ўйламанг, балки ҳар бир кун сизга манфаатли бўлади. Мен сизни ҳеч қачон ташлаб қўй-майман, балки даражангизни ҳамиша юқори кўтараман. Аллоҳтао-лонинг иродаси билан ҳозирги ҳолатингиз олдигисидан кўп жиҳатлардан афзал қилинди: Парвардигорингиз олдида улуғлигингиз, обрў-мартабангиз ошиб боряпти, бошқа пайғамбарларга ато этил-маган айрим нарсалар сизгагина берилди, Аллоҳ таоло сизни қиёматгача охирзамон пайғамбари қилиб танлади.
Зайд ибн Арқамдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ваҳий келиши бир муддат тўхтаб қолди. Ўша кунлари Жаброил алайҳиссалом келмай қолди. Шунда Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил: «Соҳибинг сени мутлақ ташлаб кетди ва сенга ғазаб қилди, деб ўйлаяпман», деди. Аллоҳ таоло шунда Зуҳо сурасининг биринчи-учинчи оятларини нозил қилди» (Ҳоким ривояти). Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида Абдуллоҳ ибн Шаддоддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ҳазрати Хадижа (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Парвардигорингиз ҳақиқатан сизга ғазаб қилдимикин?» деб ўйлаяпман», деганларида ушбу оятлар нозил бўлди». Ибн Ҳожар (раҳ-матуллоҳи алайҳ): «Умму Жамил бу гапини ҳақоратлаш учун айтган бўлса, Хадижа онамиз куйиниб, ҳамдардлик билдирган ҳолда айтганлар», деган. Мана шу ҳодисалар Қуръони карим Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлаётганига далолат эди. Агар Китоб бир киши томонидан тўқилганида эди, бу каби нарсалар воқеъ бўлмасди.
Олтинхонтўра Тарозий: 4. албатта охират яхшироқдур санга дунёдин.
Ҳиндистоний: Албатта, Сен учун охират бу дунёдан яхшироқдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 4. Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир.
Алоуддин Мансур: 4. Албатта Охират Сиз учун дунёдан яхшироқдир.
Абдулазиз Мансур: 4. Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир.
Таъвилот ал-Қуръон: 4. Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати) дан яхшироқдир.
Аллоҳ таоло: «Дунёда Сизга берилган шараф, номингиз-нинг (қиёмат кунига қадар) зикр қилиниши ҳамда фиръавнлар устидан ғолиблик билан бирга охират Сиз учун дунёдан кўра яхшироқдир», - деб Пайғамбар алайҳиссаломни охиратга қи-зиқтириб, у зотдан дунёга бўлган мойилликни сўндирмоқда.
Ёки: «Шубҳасиз, Сизнинг саъй-ҳаракатингиз охират учун бўлмоғи Сизга муносиброкдир. Зотан, у Сиз учун дунёдан кўра яхшироқдир», - демоқда. Бу ҳам: «Эй инсон! Албатта, сен меҳнат-машаққат чекиб Раббингга (яъни Унинг мукофоти ёки жазоси сари) борувчисан, бас, (сўнгра) Узотга йўликувчисан» (Иншиқоқ сураси, 6-оят.) ояти сингаридир.
Тафсири Ҳилол: 4. Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёга ҳеч қизиқмаганлар. Улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадиларки, у зот бўйрада ётиб қолгандилар, ёнбошларига таъсир қилибди, уйғонганларидан сўнг ёнбошларини силаб туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, бўйранинг устидан бирор нарсани тўшаб берсак», дедим. Шунда у зот:
«Мен бу дунёда бир дарахт соясида от миниб кетаётган одамга ўхшайман, тезда ўтиб кетаман, соя эса қолади», дедилар.
Тафсири Ирфон: 4. Сиз учун охират дунё ҳаётидан албатта яхшидир.
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики: эй Пайғамбарим, ваҳийнинг тўхтаб қолишидан хафа бўлманг, изтироб чекманг, чунки унинг келиши мутлоқ тўхтатилиб, сизга ўлим келгудай бўлса, барибир охират сиз учун дунёингиздан яхшироқдир. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоху анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Менга ўзимдан кейинги умматим аниқ кўрсатилди ва (бундан жуда) хурсанд бўлдим, шунда Аллоҳ таоло «Ва-лал-ахирату хойрул-лака минал- ула» оятини нозил қилди», дедилар (Имом Табароний ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоху анху) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўйрада ётган эдилар, ёнбошларига бўйранинг изи тушибди. У зот уйғонганларида ёнбошларини силаб қўйдим ва: «Эй Аллоҳнинг элчиси, бўйра устидан бирор нарса тўшаб қўйишимизга изн бермайсизми?» деганимда: «Бу дунёда яшашимнинг мисоли бир отлиқнинг дарахт остида бироз дам олиб, сўнг ўз йўлига кетганига ўхшайди», дедилар» (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Олтинхонтўра Тарозий: 5. Ва таҳқиқ, оз фурсатда берур санга Парвардигоринг (дунё ва охират яхшиликларин) ва сан рози бўлурсан.
Ҳиндистоний: 5. Ва албатта, Аллоҳ таоло Сенга (тезда) шу қадар (улуғ) эҳсон қиладики, Сен Аллоҳдан рози бўласан
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 5. Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан.
Алоуддин Мансур: 5. Яқинда Парвардигорингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз.
Абдулазиз Мансур: 5. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз.
Таъвилот ал-Қуръон: 5. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз.
Яъни охиратда Сиз ўзингизга берилган улуғлик ва шарафдан рози бўлурсиз.
Баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Яъни Яқинда Раббингиз Сизга номингиз зикр қилиниши, улуғлик, мартаба ва душманлар устидан ғолиблик каби (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз».
Эҳтимол, «Сизга умматингиз борасида Сиз кутиб, умид қилиб юрган нарса - уларни шафоат қилишни ато этурки, Сиз ундан рози бўлурсиз», деган маънодадир.
Баъзи одамлар айтадиларки, (Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Байҳақий («Шуъ-абул имон»да), Хатиб («Талхисул муташобиҳ»да) ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 610-бет.) (Қуръондаги) энг умидбахш оят мана шудир, чунки Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбар алайҳиссаломга у зотни рози қиладиган нарсани ато этишини ваъда қилган. У зот алайҳиссалом эса ўз умматлари дўзахда бўлишига рози бўлмайдилар.
«(Қуръондаги) энг умидбахш оят Аллоҳ таолонинг «Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади», (Нисо сураси, 110-оят.) - деган сўзидир», деган муфассирлар ҳам бор ва бу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзидир.
Бизнингча, оятларнинг ичидан энг умидбахши бу - Аллоҳ таоло унда Ўз пайғамбарларини мўминлар учун истиғфор айтишга буюрган, шунингдек, фаришталарни ҳам улар учун ис-тиғфор айтишга буюрган ва улар мўминлар учун истиғфор айтган оятлардир.
Тафсири Ҳилол: 5. Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан.
Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло у зотга кўп неъматларни ато қиладиким, бошқа бандаларга бунчалик марҳамат бўлган эмас. Шу жумладан, комил инсонлик ишларининг дунёга ёйилиши, динларининг барчадан устун бўлиши, ҳаммани шафоат қилиш этиш ҳаққи ва бошқалар.
Тафсири Ирфон: 5 Ва тезда Парвардигорингиз ато қилади ва рози бўласиз.
Яъни, тез кунларда Парвардигорингиз сизга ҳатто бошқа пайғамбарларига ҳам бермаган жуда кўп неъматларни ато этади, сиз булардан рози ва хурсанд бўласиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига мисли йўқ неъматларни берди: у зотга қиёматгача илоҳий дастур ҳисобланмиш Қуръони каримни туширди, у зотга келган динни қиёматгача бутун инсониятга дин қилиб танлади ва бошқаларидан устун қилди. Охиратдаги неъматлар эса булардан ҳам хайрли эди: бу зотга улкан савоблар, Кавсар ҳовузи, умматларини шафоат қилиш, улардан бирортасини дўзахда абадий азобламаслик кабилар ато этилди. Шубҳасиз, Набий алайҳиссалом буларнинг баридан рози бўладилар. Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим алайҳиссалом сўзи зикр этилган (Иброҳим, 36) ва Мусо алайҳиссалом сўзи ҳақидаги (Моида, 118) оятларни тиловат қилдилар-да, қўлларини кўтариб: «Эй Аллоҳ, умматим, умматим…» деб йиғладилар. Жаброил алайҳиссалом у зот ҳузурларига келиб, сўрадилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) хабарини бердилар. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бу нарсаларни билади. Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга: «Муҳаммадга бориб, «Албатта, Биз умматингиз ҳақида сизни рози қиламиз ва сизни хафа қилмаймиз» деганимизни айт», деди». Хотиб (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг «Талхисул-муташабиҳ» китобида Пайғамбарнинг (алайҳиссалом): «Умматимдан бири ўтда бўлса, мен у ҳолда асло рози бўлмайман», деган гапларини ривоят қилган. Ибн Аббосдан (розийалллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари қишлоқма-қишлоқ кўрсатилганида хурсанд бўлдилар. Шунда «Валасавфа йуътика Роббука фатарзо» оятини нозил қилди» (Имом Ҳоким, Байҳақий, Табароний ривояти). Мана шу ояти карима Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё ва охиратда улуғликлари ҳақ эканига далилдир.
Олтинхонтўра Тарозий: 6. Оё, топмадими сани етим ҳолда ва бошпана бермадими?
Ҳиндистоний: 6. Парвардигор Сени етим (ҳолда) топмадими? Кейин Сенга паноҳ (бошпана) берди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 6. У сени етим топиб жойлаб қўймадими?
Алоуддин Мансур: 6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Парвардигорингиз) Сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими?
Изоҳ: Бу ўринда Пайғамбар алайҳиссалом ёш гўдаклик чоғлариди етим бўлиб қолганларида аввал боболари Абдулмутталиб, сўнгра амакилари Абу Толиб қарамоғларида тарбия топганларига ишора қилинмоқда.
Абдулазиз Мансур: 6. (Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?
Таъвилот ал-Қуръон:[6. (Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!
«Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?!» оятларида, шунингдек, «Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузгунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар» (Анкабут сураси, 48-оят.) ояти ва шу кабиларда зикр қилинган ҳолатлар зоҳиран олиб қаралганда бу гаплар эгасини бадном қилиш учун айтиладиган гаплардир. Бироқ бу ҳолатларнинг зикр қилинишида бир қатор яхшиликлар мавжуд. Улар - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нусрат ва мададнинг башорати берилаётгани, у зотнинг расул ва пайғамбарликларига далолат қилаётганидир. Чунки юқорида зикр қилинган ҳолатларга қарамай, сўзнинг амалга ошиши ва диннинг ғолиб бўлиши кенгчилик ҳолати, сабаблар ва воситалар кучли ҳамда ишончли бўлган ҳолатидаги ғаройиблигидан кўра улканроқдир.
Ёки «(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?!». Шу ва шу каби оятлар ўша кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломни бўҳтонда, (Қуръонни) ўз ичларидан тўқиб чиқаришда айблаганлари учун нозил бўлган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бу оятлар орқали хабар бермоқдаки, етим ва камбағал киши илм-маърифатда барча инсонларни ожиз қолдирадиган тарзда ўз ичидан тўқий оладиган ва ижод қиладиган даражага ета олмайди. Чунки унда мана шу иш учун сарф қиладиган мол-давлат ва Ўзидан тўқиб чиқарадиган даражага етиш учун (бу йўлдаги) машаққатларга бардош мавжуд бўлмайди.
Шунингдек, «Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва кулингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузгунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар» (Анкабут сураси, 48-оят.) оятида зикр қилинган ҳолатлар ҳам худди шу сингаридир. Чунки улар: «Унга (Муҳаммадга Қуръонни) бирор одам ўргатмоқда» (Наҳл сураси, 103-оят)- дер эдилар. Инсонлар, шубҳасиз, ёзиш-чизиш билан таълим оладилар. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда мазкур ҳолатлардан ҳеч бирининг йўқлиги у зот алайҳиссалом Аллоҳ таоло ёрдами билангина билимга эга бўлганларини кўрсатади.
(Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яъни Сизни етим ҳолда топиб, Сизга бошпана берди.
Мазкур оятдаги «бошпана бермадими?» иборасини бир неча хил талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, Сизни етим ҳолда топиб, то Сиз етишган даражага етгунингизга қадар тарбиялаши, ҳар қандай озор-азиятлар ва офатлардан ҳимоя қилиши, барча яхшилик ва хайрли ишлар-га етаклаши учун амакингизникига жойлаб қўйди.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло: «У Сизни етим ҳолда топиб, душманларингиздан бирининг паноҳига жойлаб қўйди, ҳатто у Сизни тарбиялаш, Сизга яхшилик ва меҳрибонлик қилишга бош-қош бўлди. Сизни ёмонлик ва озор-азиятлардан ҳимоя қилишга масъул бўлди», - деб Ўзининг Пайғамбар алайҳиссаломга берган яхшиликлари ва улуғ неъматларини, сўнгра у зотнинг душманларидан бирини ўзларига нисбатан энг шафқатли ва энг меҳрибон инсонга айлантириб қўйганини зикр қилмоқда. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Учинчиси, У Сизни етим ҳолда топиб Узининг паноҳига олди, Сизга меҳрибонлик қилди, ҳатто пайғамбарлик учун Сизни танлаб, саралаб олгани учун дунё ва охиратда тилларда зикр қилинадиган шахсга айландингиз. Иш шу даражага етдики, Аллоҳ таоло барча инсонларни Сизга муҳтож қилиб қўйди. Сизнинг ишингиз ва шаънингиз етган даражага етиш етимнинг иши эмаски, унинг ҳам иши ва шаъни ўша даражага етса. Сиз ҳатто барча инсонлар орасидан биз юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, пайғамбарлик ва барча одамларнинг Сизга муҳтожлиги каби ишлар учун хослаб қўйилган шахсга айландингиз, деб Аллоҳ таоло у зотга берган буюк неъматлари ва кўпдан-кўп яхшиликларини санаб ўтмоқда
Тафсири Ҳилол: 6. У сени етим топиб жойлаб қўймадими?
Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом оналари қорнида олти ойлик ҳомила пайтларида оталари Абдуллоҳ вафот этди. Сўнгра олти ёшларида оналари Омина вафот этдилар ва у киши боболари Абдулмутталибнинг тарбияларида қолдилар. Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этиб амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. У зот эса Пайғамбар алайҳиссаломни тарбиялаб, ёрдам бериб, ҳимоя қилиб олиб юрди. Қирқ ёшга тўлиб, Пайғамбар бўлганларидан сўнг ҳам Абу Толиб ўзи динга кирмаса ҳам, ҳимоясини давом эттирди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг ёмонликларидан сақлаб турди. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳнинг инояти ва тадбири билан бўлган.
Тафсири Ирфон: 6. У сизни етимлигингизда жойламадими?
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, Аллоҳ таоло сизни Ўзининг элчиси қилиб танлашни ирода этгани учун болалигингизда етим қолганингизда сизни паноҳига олмаганмиди, меҳрибон кишиларингиз қарамоғига топшириб-жойлаб қўймаганмиди? Дарҳақиқат, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳали туғилмасларидан олдин оталари, олти ёшларида оналари вафот этиб, шир етим қолдилар. Шунда Аллоҳ таоло ёш Муҳаммадни олдин меҳрибон боболари Абдулмутталиб, сўнгра унинг вафотидан кейин яна бир яқин кишилари – амакилари Абу Толиб хонадонига жойлади. Абу Толиб жиянини ниҳоятда яхши кўрганидан у кишини ўз кафиллигига олиб, ҳамиша ҳимоя қилиб юрди. Айниқса Ислом дини энди ёйила бошлаган қийин кунларда янги Пайғамбарни дин душманларидан жон-жаҳди билан муҳофаза этди.
Олтинхонтўра Тарозий: 7. Ва топди сани йўлдин адашган ҳолда ва ҳидоят қилди.
Ҳиндистоний: 7. (Парвардигор) Сени йўлдан адашган топди, кейин Сени (тўғри) йўлга солиб қўйди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 7. Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?
Алоуддин Мансур:7. У Зот Сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ Йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку!
Абдулазиз Мансур: 7. Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!
Таъвилот ал-Қуръон: 7. Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!
Мазкур оятни бир неча хил тушуниш мумкин. Шулардан бири, яна Аллоҳ билувчироқ, У зот: «Агар Аллоҳ таоло Сизни Ўзининг динига бошлаб қўймаганида, Сизни унга муваффақ қилмаганида гумроҳ ҳолда топган бўлар эди. Чунки у зот алайҳиссалом гумроҳ одамлар орасида вояга етаётган эдилар, ҳеч ким у зотни Аллоҳ таолога бошламаган ва чорламаган бўлар эди, аммо У Сизни тўғри йўлга бошлаб ҳидоят қилгани учун ҳам гумроҳ ҳолда топмади», демоқда. Бу оят ҳам Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди: «Дўзах чоҳни Аллоҳ таоло сизларни дўзахнинг чоҳидан қутқарди. Агар У сизларни қутқармаганида дўзахнинг чоҳи ёқасида турган эдингиз.
Шунингдек, ушбу сўзига ҳам ўхшайди: «Агар (Биз) Сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, уларга бироз мойил бўлишингизга оз колган эди». (Исро сураси, 74-оят) Чунки инсон зоти нақд бўлиб турган неъматларга мойил бўладиган, энг осон ва энг лаззатли нарсаларни танлайдиган табиат билан яратилган. Бироқ У ўзининг марҳамати ва лутфи билан Сизни ҳақ йўлда собитқадам қилди, (мойил бўлишдан) асраб қолди, Сизни ўз табиатингиз-га ва у яратилган асл хилқатга ташлаб қўймади. Аллоҳ таоло: «Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳи-доят қилиб қўймадими?!» - дер экан, худди шу маънони на-зарда тутган. Яъни У Сизни ҳидоят қилиб қўйган бўлмаганида гумроҳ ҳолда топган бўлар эди. Демак, бу оят замирида Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни ҳидоят қилиб қўйгани, гум-роҳ ҳолда топмагани ётибди.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло: «Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб...» - демоқда. Бу гумроҳлик у зотнинг ўз касблари ва ихтиёрлари билан бўладиган эмас, балки инсонлар унинг устида яратилган хилқат сабабидан бўладиган гумроҳликдир. Бу ердаги гумроҳлик билмаслик, бехабарлик маъносидадир. Чунки инсонлар дастлабки ҳолларида билимсиз бўладилар, аммо у ўз касблари сабаб пайдо бўлган билимсизлик эмаски, бу иш учун қоралансалар. Ёки уларда илм бор бўлсаки, унинг учун олқиш олсалар. Бироқ улардаги билимсизлик яралиш жиҳатидан бўладиган билимсизликдир, яралиш жиҳатидан бўладиган гумроҳликдир. Чунки уларда илмни идрок қиладиган восита мавжуд бўлмагани боис билимсизликни касб қилишда Унинг иши бўлмайди. Аммо илм ўрганиш воситасини қўлга киритгандан сўнг бўладиган билимсизлик касбий ҳисобланади ва унинг учун инсон қораланади. Худди шу каби илмнинг оқибати ҳам олқиш ёки қораланиш бўлади. Аллоҳ таолонинг «Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!» - деган сўзи ана шу маъ-нода бўлади. Яъни У зот Сизни яратилишнинг асли ва ёшнинг кичиклигида бўлган ҳолатга кўра гумроҳ ҳолда топиб ҳидоят қилиб, яъни таълим бериб қўйди. Бу ҳолат қуйидаги икки оятлар сингаридир: «Сиз (бундан) олдин на Китобни (Куръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Куръонни шундай) нур қилдик...» (Шуро сураси 52-оят) «Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз...» (Анкабут сураси, 48-оят) Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирмагани ва таълим бермаганига қадар у зот ҳеч нарсани билмаган эканларини зикр қилган.
Учинчиси, Аллоҳ таоло: «Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб...», яъни Аллоҳ таоло Сизни бохабар қилгунига қадар аввалгиларнинг хабарлари ва қиссаларидан бехабар ҳолда топди», демоқда. Бунга мисол «Биз Сизга ушбу Куръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал ҳиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз» (Юсуф сураси, 3-оят) оятидир.
Ёки: «Қуръон иши ёхуд ундаги нарсалар борасида Сизни унинг илмидан бехабар ва билимсиз ҳолда топиб, Сизга (уларни) билдириб қўйди», демоқда.
Баъзи муфассирлар шундай деганлар: ««Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда», яъни ўта гумроҳ одамлар орасида «топиб, ҳидоят қилиб қўйди». Яъни Сизни уларнинг ораларидан чиқариб олди. Агар У Сизни уларнинг орасидан чиқариб олган бўлмаганида улар Сизни ҳам ўзлари бўлган ҳолатга чорлаган ва ўша ишга мажбур қилган бўлар, Сиздан фақат шу ишингизнигина қабул қилар эдилар». (Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 611-бет.) Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
Баъзи муфассирлар: «Яна Сизни» Макка йўлидан «адашган ҳолда топиб» Сизга унинг йўлини кўрсатиб қўйди», деб маъно берганлар.
Яна айримлари эса: «Яна Сизни чиндан ҳам залолатга кетган ҳолда топиб» тавҳидга ҳидоят қилиб қўйди», деб маъно берганлар. Аммо бу хунук гапдир, чунки бу нарсани у зот алайҳиссаломга нисбат бериш муносиб иш эмас.
Оятга: «Яна Сизни» пайғамбарликдан «ғофил ҳолда топиб» унга йўллаб қўйди», - деган маънони берган муфассирлар ҳам бор ва бу биз юқорида айтиб ўтган гапга яқинрокдир.
Тафсири Ҳилол: 7. Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?
Тафсири Ирфон: 7. Ва ғофиллигингизда ҳидоятга йўлламадими?
Яъни, эй Пайғамбар, Аллоҳ таолонинг дини келгунига қадар шариат ҳукмларидан бехабар, ибодат арконларини билиш, соф ақидани танишда ҳайронликда юрган эдингиз. Парвардигорингиз ваҳийлари ёрдамида билмаган нарсаларингизни ўргатди, тўғри йўлга – ҳидоят йўлига бошлади. Бунинг натижасида нафақат ўзингиз буларни билдингиз, балки умматингизни ҳам Аллоҳнинг йўлига бошладингиз. Бу ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг сизга ато этган неъмати эди.
Ояти каримадаги «зоолла»нинг луғавий маъноси «адашувчи, ғофил»ни англатади. Оятни юзаки тушунувчилар унинг зоҳирий маъносини ушлаб олиб, «демак Пайғамбаримиз ҳам адашган эканлар-да», деган хулоса чиқармасликлари учун уни бироз кенгроқ тафсир қилишга тўғри келади. Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ислом келишидан олдин ҳам бут-санамларга асло сиғинмаганлар, гуноҳ ишларга юрмаганлар. Аммо, муфассирлар айтишганидай, у зот ақида ва шариат илмларидан хабардор эмасдилар. Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилгач, ақида ва шариатни ўргатди, бу йўлда Ислом умматига пешво қилди. Айрим муфассирлар «зоолла»ни «адашиб қолган, йўқолиб қолган» деб ҳам тафсир қилишган ва бунинг исботи учун баъзи ривоятларни келтиришган. Шулардан бирида Саъид ибн Мусаййаб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) амакилари Абу Толиб билан Шомга сафар қилганларида қоп-қоронғи кечада туя устида ухлаб қоладилар. Шунда шайтон келади ва туя нўхтасидан тутиб, уни йўлдан буриб юборади. Шу пайтда Жаброил алайҳиссалом етиб келиб, шайтонга бир пуфлаган эдилар, у Ҳабашистонга бориб тушади. Туяни эса карвонга қайтариб қўйдилар. Оятдаги сўзлар шунга ишорадир». Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: «Муҳаммад (алайҳиссалом) кичикликларида Макка дараларидан бирида боболарини йўқотиб қўядилар. Боболари Каъба пўшига (ёпқичига) осилган ҳолда Муҳаммадни қайтариб беришни сўраб, Тангрига ёлбора бошлайдилар. Қўйлари олдидан қайтиб келаётган Абу Жаҳл ёш Муҳаммадни кўриб қолади ва боболарига олиб боради. Абу Жаҳл бўлиб ўтган ишларни Абдулмутталибга айтиб беради: болани кўрганида туясини чўктириб, Муҳаммадни ортига миндириб олади. Туя эса ҳеч ўрнидан жилмайди. Шунда у болани олдига олиб ўтқазади, шундагина туя йўлга тушади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни оналарига Фиръавн алайҳиллаъна қўли билан топширганидай, Муҳаммадни (алайҳиссалом) ҳам боболарига дин душмани Абу Жаҳл қўли билан қайтарди». Ана шу каби ривоятларга асосланиб, айрим муфассирлар (масалан, Ибн Жарир Табарий Қатодадан қилган ривоятда): «Ушбу суранинг олтинчи-саккизинчи оятлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар этиб юборишидан олдинги ҳолатлари ҳақида эди», дейишган.
Олтинхонтўра Тарозий: 8. Ва топди сани муҳтож ва ғаний (бой) қилди.
Ҳиндистоний: 8. (Парвардигор) Сени фақир топди, кейин мустағний (беҳожат, бой) қилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 8. Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?
Алоуддин Мансур: 8. У Зот Сизни камбғал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!
Абдулазиз Мансур: 8. Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишинингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!
Таъвилот ал-Қуръон: 8. Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!
Яъни Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди. Яъни охират ишини ҳамда Сизга унинг неъматларини олиб келадиган нарсани кўрсатиб қўйиш билан Сизни беҳожат қилди. Яъни охиратда у зот учун ҳозирлаб қўйган, у зотга ваъда қилган неъматлар ва улуғликлар билан беҳожат қилиб қўйгани натижасида дунё у зот алайҳиссаломга арзимас бўлиб кўринди. Ҳатто зикр қилишларича, дунё Пайғамбар алайҳиссаломнинг наздларида чивиннинг қанотичалик қийматга ҳам эга бўлмаган. (Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ бу ўринда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар дунё Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик қийматга эга бўлганида кофирга ундан бир қултум сув ҳам бермаган бўлар эди», дедилар». Ибн Можа. «Сунан», Зуҳд китоби, 3-бет; Термизий. «Сунан», Зуҳд китоби, 13-бет) Шунинг учун «Чинакам бойлик қалбнинг бойлигидир», деган ривоят бор. (Абу Зарр розияллоҳу анҳу шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Зарр! Сенингча, бадавлатлик мол-давлатнинг кўплигими?» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. У зот: «Сенингча, камбағаллик мол-давлатнинг озлигими?» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. Шунда у зот: Шубҳасиз, бадавлатлик - қалбдаги бойликдир. Камбағаллик - қалбдаги камбағалликдир», дедилар. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 2-жуз, 96-бет; Байҳақий. «Шуъабул имон», 12-жуз, 545-546-бетлар.) Аллоҳ таоло Ўзининг лутфу марҳамати билан Пайғамбар алайҳиссаломда у зотни беҳожат қиладиган бир ҳолатни пайдо қилиб қўйган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунончи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улаб рўза тутишдан қайтарганлари, «Сиз улаб рўза тутасиз-ку, эй Аллоҳнинг Расули?» дейилганида: «Мен Сизлардан бировингиз каби эмасман, Раббим мени таомлантириб сув ичириб қўяди», - деганлари ривоят қилинган. (Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 3-жуз, 170-бет; «Сунани Термизий», Рўза китоби, 62-бет.) Эҳтимол, бизга маълум бўлмаса-да, Пайғамбар алайҳиссаломда Аллоҳ таолонинг бирор марҳамати бўлиб, у зотни ўша марҳамати билан беҳожат қилиб қўйгандир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Баъзи бир муфассирлар: «Аллоҳ Сизни Хадича розияллоҳу анҳонинг мол-давлати билан бой қилиб қўйди», - деган маънони берганлар. Яна айримлари эса «Сизни бой қилиб қўйди», яъни У Сизга ато қилган ризқ билан рози қилиб, қаноатлантириб қўйди, деб маъно берганлар.
Тафсири Ҳилол: 8. Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?
Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал эдилар. Аллоҳ у зотни бу ҳолдан чиқарди. Энг муҳими–назарларини тўқ қилиб қўйди. Ҳақиқий бойлик шунда. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигида», дерлар.
Тафсири Ирфон: 8. Ва фақирлигингизда бой қилмадими?
Эсланг, эй Пайғамбарим, сизга мерос ҳам қолмаган, мол-дунёингиз бўлмаган фақирлик ҳолатингизда топиб, сизни муҳтожликдан қутқарди. Хадичанинг (розийаллоҳу анҳо) молидаги тижорат фойдаси, Аллоҳ берган барака ва қаноат туфайли сизни бой ва беҳожат қилди, ўзгалар қўлига қаратиб, бойлардан сўрайдиган этиб қўймади. Бу ҳолат пайғамбалик келишидан олдин эди. Рисолат вақтида яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ моли ёрдамида ўзгалардан беҳожат қилди, Абу Бакр барча молларини Пайғамбарга (алайҳиссалом) топшириб қўйди. Ҳижратдан кейин эса ясриблик ансорлар моли ва жангларда қўлга киритилган ўлжалар охирзамон Пайғамбарини моддий қарамликдан халос этди. Булар ҳам Аллоҳ таолонинг сизга ато этган неъматларидан эди. Қолаверса, сизни нафақат моддий жиҳатдан, балки руҳий, маънавий жиҳатдан ҳам бой қилди. Юқоридаги икки оятдан аён бўляптики, инсоннинг чинакамига камолотга етиши учун фақирлик ёки етимлик каби етишмовчиликлар тўғаноқ-тўсиқ бўлолмайди, одамлар ўйлаганидай бу икки сифат ноқислик саналмайди. Аллоҳ ирода қилган бўлса, фақир ва етим кишилардан ҳам салоҳиятли ва фазилатли пешволарни чиқариб қўяверади.
Олтинхонтўра Тарозий: 9. Бас, етимға қахр қилма!
Ҳиндистоний: 9. Энди Сен(эй Муҳаммад), етимларга аччиқланма (қўпол муомала қилма)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 9. Аммо етимга қаҳр қилмагин.
Алоуддин Мансур:9. Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!
Абдулазиз Мансур: 9. Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!
Таъвилот ал-Қуръон: 9. Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларида бу оят [Фа аммал ятийма фа лаа такҳар] деб ўқил-ган. [ал-каҳру] дўқ-пўписа қилишдир.3 Аллоҳ таоло гўё: «Дўқ-пўписа қилманг!» демокда. Оятдаги [фа лаа тақҳар] иборасининг маъноси: «Етимни унинг ўз ҳақидан маҳрум қилманг, унга ҳақини ва молини беринг», - дегани бўлиши ҳам мумкин. Ёки бу гапни «Сиз етим эдингиз, етимликнинг ҳолатини кўрдингиз, шундай экан, етимга қаҳр қилманг», деган маънода айтгандир. Бу оят: «Сизни етим ҳолида топмадими, сўнг уй-жой берди» оятининг давоми ўлароқ, «Ана шундан сўнг Сиз етимга қаҳр қилманг», деган маънода бўлади
Тафсири Ҳилол: 9. Аммо етимга қаҳр қилмагин.
Яъни, уни хорлама, камситма, ҳаққини ема ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир»,–дейилган.
Тафсири Ирфон: 9. Шунинг учун етимга қаҳр қилманг.
Яъни, Аллоҳ таоло сизга етимлигингизни билдирмай, раҳм-шафқат ва меҳрибонлик кўрсатгани каби, сиз ҳам етимларга яхши муносабатда бўлинг, уларга раҳмли бўлинг, асло қаҳр ва зулм қилманг. Ушбу ояти карима инсонлар жамиятида етимга меҳр-мурувват кўрсатишга, унга доим яхшилик қилишга далолат этади. Қатода (раҳматуллоҳи алайҳ): «Сен етимга меҳрибон ота каби бўлгин», деганлар. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбарга (алайҳиссалом) қалби тошдай қаттиқлигидан шикоят қилиб келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар қалбинг мулойим бўлишини истасанг, етимнинг бошини сила ва мискинни таомлантир», дедилар». Шу кишидан қилинган бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўзининг ва бошқа бировнинг етимига кафил бўлган киши мен билан мана бу иккаласи кабидир», дедилар ва ишора ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар», дейилган (Имом Бухорий, Аҳмад ривояти).
Олтинхонтўра Тарозий: 10. Ва тиламчиға жеркиб гапириб қайтарма!
Ҳиндистоний: 10. ва савол қилувчиларни (ҳузурингга ночорликдан бирор нарса сўраб келгувчиларни) рад қилма!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 10. Ва аммо «соил»га зажр қилма.
Алоуддин Мансур: 10. Сўрагувчи — тиланчини эса (бирон нирса бермасдан) ҳайдаманг!
Абдулазиз Мансур: 10. Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!
Таъвилот ал-Қуръон: 10. Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!
Сиз олдин муҳтож ва камбағал одам бўлганингиз туфайли камбағаллик ва муҳтожлик нималигини, унинг оғир ҳолатини билиб бўлгансиз. Гадони жеркиманг, яъни унга дўқ-пўписа қилманг, аммо бирор нарса беринг.
Эҳтимол, бу оят қайтариқ ўрнида эмас, буйруқ ўрнида келган, бироқ ана шу гадоларга яхшилик қилиш, уларга эҳсон қилишга бўлган буйруқ ўрнида. Бир нарсани инкор қилиш билан унинг зиддини исботлаш жоиз. Бунга мисол «(лекин уларга) бу савдолари фойда қилмади», (Бақара сураси, 16-оят.) яъни зарар келтирди, деган маънодаги оятдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам шу қабилдандир: «Агар олдингизга бирор соил келса, токи у ўзининг тиланишидан фориғ бўлмагунича унинг гапини бўлманг. Сўнг унга юмшокдик ва мулойимлик билан жавоб қайтаринг: ёки енгил бир нарса бериш билан ёки чиройли жавоб қайтариш билан. Чунки баъзан сизнинг олдингизга инсон ҳам, жин ҳам бўлмаган киши келиб, Аллоҳ таоло сизларга топшириб қўйган нарса борасида қандай йўл тутишингизни кўради». (Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкаамил Қуръаан», 3-жуз, 310-бет)
Тафсири Ҳилол: 10. Ва аммо «соил»га зажр қилма.
Соил келганда, мусулмон одам–бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак. Уни жеркиш, унга қўпол муомала қилиш мутлақо мумкин эмас.
Тафсири Ирфон: 10. Тиланганни эса жеркиманг.
Яъни, эй Пайғамбарим, Аллоҳ таолонинг сизга қилган яхшиликлари эвазига ҳузурингизга бирор нарсада ёрдам ёки маслаҳат сўраб келган одамни жеркиб ҳайдаманг. Озроқ нарса билан бўлса ҳам уни қуруқ ҳайдаманг, ҳеч нарса беролмасангиз, унга юмшоқлик билан яхши муомала қилинг. Ушбу оятдаги «соил» (тиланган) деган сўз биз билган тиланчи маъносинигина англатмайди, балки кенгроқ маънода бошига бир ташвиш-қийинчилик тушиб, моддий ёки маънавий жиҳатдан кимнингдир ёрдамига, маслаҳатига муҳтож бўлиб қолган кишини ҳам билдиради. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг бирорталарингиз сўраб келувчини бир нарса бермай қайтариб юбормасин, ҳатто унинг қўлида икки тилла билагузук кўрса ҳам», деганлар». Яна Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) бундай ҳадислари бор: «Сўровчини озроқ ҳадя билан ёки гўзал муомала қилиб қайтаринглар. Чунки олдингизга инс ҳам, жин ҳам бўлмаган киши келади. У Аллоҳ таоло сизларга берган нарсада қандай амал қилишингизга қарайди».
Олтинхонтўра Тарозий: 11. Ва Парвардигоринг инъомини баён қил! Бу суранинг номи сурат уз-зуҳо бўлиб, фажр сурасидин сўнг нозил бўлғондур.
Саҳиҳ ривоятларда келтирилурки, ҳазрати расули акрам пайғамбаримизға осмондин нозил бўлиб турган ваҳйи Қуръоний бир- неча кун тўхтаб қолганда, душманлар тарафидин ҳар хил беҳуда маломатлар бўла бошлади. Дер эрдиларки, Муҳаммаднинг Худоси ани ташлаб қўйди ва ёмон кўриб қолди, энди анга ваҳй нозил қилмас. Мана бу тариқа номуносиб сўзлардин хотирлари маҳзун эрдики, ногаҳ бу сураи шарифа нозил бўлди, душманлар маломатлари ўринсиз эканлигин исбот қилди.
Парвардиюри меҳрибон марҳамат қилур, эй ҳабибим, Ман қасамёд қилурман қуёш нуринииг тамом оломға тажаллий қилган соати, яъни, чош вақтиға ва кечанинг зулмати жаҳоннинг ҳар тарафини ўраб олган лаҳзаға ва дерманки, Парвардигоринг сани ҳаргиз ташлаб қўймади, душмаиларингнинг бухилмаломатлари. ботилдур ва гумонлари ўринсиздур, Парвардиюрингҳамиша сандин хурсанддур. Дунёда бу тариқа мало,чапиар яхшиларға ҳар вақт бўлиб келган ва дунёда амн ви ором маслаҳатин ҳаргиз қилмагил, балки ҳамиша охират фикрида бўлгилки, охират санинг учун дунёдин яхшироқдур. Оз кунда Парвардигоринг ҳар бир матлуб ва мақсудингни бериб сани рози қилур ва санинг ҳурмат ва иззатинг ул кун маъАум бўлур. Ул кун дўстларинг шод ва душмаиларинг барбод бўлурлар. Парвардигоринг ҳамиша санга меҳрибондур ва меҳрибонлигидин ота-онадин етим қолган ҳолингда ҳам санга паноҳ берди ҳамда бобонг Абдулмутталиб ва амакинг Абу Толиб каби меҳрибонларни санга раҳмдил қилди, алар тарбияларида етимлик кулфатларин сезмай ўтдинг, ота-оналик инсонлардин ором ва осойишта бўлдинг.
Йигитлик мавсумида пулсизлик ва фақирлик кулфатидин нажот бердим. Хадича Кубро каби бутун Ҳижозда мисли бўлмағон оқила, сахий ва ғаний хотинни санинг учун рафиқаи ҳаёт қилиб бердим. Ул бахтиёр хотин муҳаббат ва хизматда бутун давлатин санинг хушнудлигинг, Исломнинг муҳофазати ва мадади учун қурбон қилди. Буларни санга мушарраф қилган Парвардиюринг бутун жаҳолат ва залолат ила тўлган бир шушмда пайдо бўлғон ҳолингда бошқалар тби жаҳолат ва залолатда қолдирмай сани Ўзинояти ила ҳидоят қилди. Ва абадий саодатға ноил этди.
Эмди санинг шараф ва азматинг учун муносиб ҳол шулки, етимларға меҳрибон бўлгил, ҳаргиз аларға қаҳру ғазаб қилмагил, гадо ва муҳтожларға шафқатда бўлиб эҳсон қилгил, ҳаргиз аларни жеркиб, қуруқ қайтармагил ва меҳрибон Парвардигоринг карам қилган азим неъматни, яъни, пайғамбарлик рисолатини тамом оламға баён ҳилиб еткизгил. Бу улуғ давлатнинг шукрин бажо қилгил
Ҳиндистоний: 11. (Имкон даражасида ноумид қайтарма) ҳамда Парвардигоринг (берган) неъматига шукр қил. (У ҳақда одамларга сўзлаб бер).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: 11. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.
Алоуддин Мансур: 11. Ва Парвардигорингизнинг (Сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида (кишиларга доимо) сўзланг!
Изоҳ: Ушбу Илоҳий йўл-йўриқлар фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига тааллуқли бўлмай, балки у зотнинг барча умматларига ҳам алоқадордир. Зеро, ҳар бир иймон-эътиқодли кишининг бурчи ўзи фазлу марҳаматига муҳтож бўлган энг Олий Зот — Аллоҳ таъолонинг унга ато этган беҳисоб ноз-неъматларини эслаб, ўзига муҳтож бўлган етим-бечораларга зулм қилмай, аксинча уларга кўлидан келганича ёрдам бериб юрмоқдир.
Абдулазиз Мансур:11. Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!
Таъвилот ал-Қуръон: 11. Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!
Мазкур оятни икки хил талқин қилса бўлади: Биринчиси, Аллоҳ таоло: «Инсонларга Аллоҳ таоло уларга инъом қилиб берган неъматлар ҳақида сўзланг, токи уни билсинлар ва у неъматларнинг шукри бор бўлган ишларни тўкис адо этсинлар», - демоқда. Ёки: «Инсонларга Аллоҳ Сизга инъом қилиб берган нарса - мана бу Қуръонни сўзлаб беринг», - демоқда. Чунки Қуръон Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломга берган неъматлари ичида энг улуғидир. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга ўзларига берилган неъматларни сўзлаб беришни амр қилмоқ-да, токи у зотга инъом қилган буюк неъмати - инсонлар учун хослаб олинганларини билсинлар. Зеро, Аллоҳ уларни ана шу Пайғамбарнинг умматлари ва қавмидан қилиб қўйди. Ёки у зотга Қуръонни ўқиб, унинг ичидагиларни сўзлаб беришни буюрмоқца.
Абу Рожа Уторидийдан ривоят қилинади: «Бизнинг олдимизга Имрон ибн Ҳусойн устида биз аввал ҳам, бундан кейин ҳам кўрмаган ипак қўшиб тайёрланган ёпинчиқ билан кириб келди ва шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло бандага бирор неъмат берганида Уз неъматининг аломатини унда кўришнияхши кўради», деганлар». (Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 4-жуз, 438-бет; Ибн Касир. «Тафсирул Қуръ-онил азим», 1-жуз, 283-бет.)
Атийя Абу Саъиддан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Берган неъматларининг аломатини бандаси устида кўришни яхши кўради. У зорланиш ва ўзини хор қилиб кўрсатишни ёмон кўради», - дедилар». (Байҳақий. «Шуьабул имон», 8-жуз, 262-263-бетлар)
Абул Аҳвас Ибн Масъуд розияллоху анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кимга бирор яхшилик ато этган бўлса, унинг устида кўриниб турсин. (Нафақа қилишни) ўз қарамоғингда бўлганлардан бошла. Ортганидан нафақа қил. Учма-уч қилиб яшаганинг учун маломат қилинмайсан. Ўзингни ночор аҳволга солиб қўйма», дедилар». (Байҳақий. «Сунан ал-кубро», 4-жуз, 332-333-бетлар)
Яҳё ибн Абдуллоҳ ўз отасидан, у эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бирор бандага мўл-кўл давлат берган бўлса, устида кўриниб турсин», дедилар». (Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 2-жуз, 402-бет) У зот бу билан садақа бериш ва яхшилик қилишни назарда тутганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган «(Нафақа беришни) ўзингдан бошла» ҳадиси бунинг далилидир. Адабиётшунос олимлар шундай деганлар: [ъаала] муҳтож бўлиб қолди, [аъаала] эса оила аъзолари кўпайди, деганидир. «Унга жой бердим» деган маънода араблар [асжайтуҳу] дейдилар». Айтадиларки, (оятдаги [лаа танҳар] калимасининг ўзаги бўлмиш) [ал-интиҳор] дағал ва қўпол гап маъносидадир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Тафсири Ҳилол: 11. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.
Аллоҳ таолонинг неъматлари жуда кўп, санаб охирига етказиб бўлмайди. Лекин доим шукурини келтириб юриш зарур. Шукр эса неъматни берувчига мақтов айтиш ва неъматни Аллоҳ кўрсатган йўлда сарфлаш билан бўлади.
Тафсири Ирфон: 11. Ва Парвардигорингиз неъматлари ҳақида сўзланг!
Яъни, эй Пайғамбарим, Парвардигор ато этган неъматлар ҳақида гапириш буларнинг шукрини адо этиш саналади. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Албатта, Биз шукр этувчиларни мукофотлаймиз» (Оли-Имрон, 145); Иблис шукрнинг қадрини билган вақтида одам боласига таъна қилиб айтди: «Уларнинг кўпларини шукр этувчилар деб билмайсан» (Аъроф, 17). Аллоҳ таолодан розилигини изҳор этиш ҳам тил билан шукр айтишга киради, зеро инсон бунга амр этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир», деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад» китобида ривоят этган). Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) мана бундай дуо қилишларини ривоят этишган: «Бизларни неъматингга шукр қилувчилардан, неъматинг учун Сени мадҳ этувчилардан қилгин ва неъматингни бизларга тўлиқ қилиб бергин». Мавлоно Жалолиддин Румий ёзганларидай, дунё ҳаётида қанчалаб одам Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанча одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди. Шу ўринда Ибн Саммокнинг халифа Ҳорун ар-Рашидга қилган насиҳатини эслаш ўринлидир. У ҳукмдорга ўрни келганида бир пиёла сув ичишнинг ва кейин унинг танадан ташқарига чиқариб олишнинг дунё ва ундаги жамики нарсалардан афзал бўлиб қолишини англатган эди. Чиндан ҳам Аллоҳ таолонинг чанқов вақтида бандага берган бир қултум сув неъмати ер юзидаги барча мулкдан ҳам улуғроқдир. Кейин бадан ичидан бавлнинг осонлик билан ташқарига чиқиши ҳам неъматларнинг энг улуғидир. Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни бажариш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини ¤зи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади.
Ибн Исҳоқ айтади: «Орада Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий келиши бир муддат тўхтаб қолди. Бу у зотга оғир келди, кўнгилларини хафа қилиб қўйди. Сўнг фаришта Жаброил у зотга Парвардигорнинг қасами билан бошланувчи, Аллоҳ Расулуллоҳни қандай иззат-икром қилгани ва мушриклар айтганидек, Парвардигорлари у зотни ёмон кўриб қолмагани, тарк ҳам этмаганини баён қилувчи Зуҳо сурасини олиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ўзлари ва қолган инсонларга ато этган неъматларни ишонган яқинларига эслата бошладилар» (Ибн Ҳишом, «Сийратун-Набавийя», 181-182-бетлар).
Абу Муслим тайёрлади