close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

010. Юнус сураси

Маккада нозил бўлган бу сурайи карима бир юз тўққиз оятдан иборат. Унда сўз барча маккий сураларда бўлгани каби Исломий ақиданинг асл моҳияти: Оллоҳга иймон келтириш, Унинг Китобларига, пайғамбарларига, қайта тирилишга ва Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб, жазо - мукофотга ишониш ҳақида боради. Ушбу сура Илоҳий Китобларга, хусусан Қуръони Каримга иймон келтиришга қизғин даъват қилиши билан бошқа суралардан ажралиб туради.
Сурайи карима бошлаб пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, Оллоҳ таоло аввалу охир ҳамма бандаларига Ўз элчиларини юборганини, бинобарин, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг элчи қилиб юборилишларидан ажабланишга ўрин йўқлигини уқтиради. Кейин, Яратган билан яралганлар ўртасидаги алоқа қандай бўлиши лозимлиги айтилади ва одамларга Ҳақиқий Парвардигорлари қандай Зот эканлиги танитилиб, фақат Унгагина ибодат қилишлари дуруст ва зарур эканлиги таъкидланади. Яна бу сурада мушрикларнинг Қуръонга бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилиниб, сўнгра бу Китоб ҳақиқий Илоҳий Мўъжиза экани таъкидланади. Ва уни Муҳаммад ўзи тўқиб ёзган, деб ўйлайдиган кимсалар унга ўхшаш биргина сура ёзиб берсинлар, деб уларнинг даъволари мутлақо асоссиз, пуч даъво эканлиги ошкор этилади.
Сура ниҳоясида эса Пайғамбар алайҳис-саломга фақат Оллоҳнинг кўрсатма-ваҳийларига амал қилиш ва Оллоҳ Йўлида чекиладиган озор-машаққатларга сабр-у тоқат қилиш амр этилади.
Сурада Нуҳ, Мусо, Юнус каби пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилинадики, суранинг номи ҳам улардан бири - Юнус алайҳис-салом исми билан аталгандир.
Қуръони Каримда олтита сура Оллоҳ таолонинг элчилари номлари билан аталган бўлиб, Китобдаги тартиб бўйича уларнинг биринчиси ушбу Юнус сурасидир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир.
Қуръони Каримда бир неча суралар мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфларга аксари муфассир уламолар бирон тафсир айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир, дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор.
Масалан, “Жомиул-баён”, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсирларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Алиф, Лом, Ро”нинг маъноси: “Аналлоҳу аро”, яъни “Мен - Оллоҳ Кўриб тургувчиман”, деганидир.
Заҳҳокдан ҳам шундай тафсир ривоят қилинди.
Саид ибн Жубайр эса: “Суралар аввалида келадиган: “Алиф, Лом, Ро” ва “Ҳо, Мим”, ҳамда “Нун” ҳарфлари бирлашган ҳолда Оллоҳ таолонинг “Ар-Раҳмон” деган Сифатига далолат қилади”, дейди. Дарвоқеъ, Ҳақ таолонинг биз “Меҳрибон” деб маъно айтадиган “Ар-Раҳмон” сифати Алиф, Лом, Ро, Ҳо, Мим, Нун, ҳарфларидан иборатдир.
“Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир”.
Китоби Ҳакимдан мурод - Қуръони Ҳакимдир. Чунки бошқа бир оятда Қуръони Ҳаким сифати билан келгандир: “Қуръони Ҳакимга қасамки...” (Ёсин сураси, 2-оят).
Ояти каримадаги “Ҳаким” калимасини уламолар турлича тафсир қилганлар: “Тафсири Қуртубий”да Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бу ўринда Ҳаким “мустаҳкам, пухта” деган маънога далолат қилади. Яъни, Қуръоннинг сифатларидан бири - у ҳалол ва ҳаромни, шаръий ҳукм ва жазоларни аниқ ва пухта баён қилиб берадиган, оятлари ҳеч қачон бузилмайдиган-эскирмайдиган мустаҳкам Китобдир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Қуръон) сизлар фақат Оллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, Ҳикмат Соҳиби ва (ҳамма нарсадан) Хабардор Зот - Оллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилиб (нозил бўлган) бир Китобдир”. (Ҳуд сураси, 1-2-оятлар).
Бошқа уламолар: “Ушбу оятдаги Ҳакимдан мурод Ҳокимдир. Яъни, Қуръон одамлар ўртасида улар талашиб-тортишаётган нарсалар ҳақида бирдан-бир ҳақ ҳукмни чиқаргувчи - ҳакамлик қилгувчи Китоб, деган маънодадир”, дейдилар ва сўзларига далил сифатида Бақара сурасидаги мана бу оятни келтирадилар: “Сўнг Оллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни) жаҳаннам азобидан огоҳлантиргувчи пайғамбарларни юборди. Ва одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб Ҳақ Китобни нозил қилди”. (Бақара сураси, 213-оят).
“Танвирул-азҳон” ва “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобларида эса: “Ҳаким - Ҳикматли деганидир. Қуръоннинг ҳар бир ояти Етук Ҳикмат бўлгани учун Ҳақ таоло уни Китоби Ҳаким деб атади”, дейилади.
Кўриниб турганидек, мазкур тафсирлар бир-бирини инкор қилмайди, балки аксинча, бири иккинчисини тўлдириб туради ва Қуръони Ҳакимнинг ҳар бир калимаси гўё тубсиз денгиз янглиғ унга шўнғиган, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилган толибга бошқа бирон сўзда учрамайдиган, бири биридан теран, бири биридан гўзал маъно дурларини ҳадя этишини кўрсатади.
Суранинг илк оятида “Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир”, деб таъкидлаш билан Ҳақ таоло инсонларни сурайи каримадаги барча оятларга иймон келтиришга ва унинг кўрсатмаларига амал қилишга буюради.

2. Ёки одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, кофир) кимсаларни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга эса, албатта, улар учун Парвардигорлари ҳузурида чин пешқадамлик (яъни, юксак мартаба) борлиги ҳақида хушхабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз ажабланарли ҳол бўлиб туюлдими?! Кофирлар: «Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад) аниқ сеҳргардир», дедилар.
Ибн Жарир Табарий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, қачонки Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Элчи қилиб юборганида, мушриклар: “Оллоҳ Унинг элчиси башар бўлишидан улуғроқ, яъни, оддий одамни элчи қилиб юбориш Оллоҳнинг шаънига тўғри келмайди”, дейишди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди.
Шунингдек, улар: “Таажжуб, Оллоҳ одамларга элчи қилиб юбориш учун мана шу Абу Толибнинг етимидан бошқани топа олмабди-да?!”, дейишар эди. Мушрикларнинг бу каби сўзлари уларнинг ҳамоқат ва жаҳолатда чекдан ошган кимсалар эканликларига далолат қилади. Мушриклар агар ажабланадиган бўлсалар, Оллоҳ таоло Ўзининг Элчиси қилиб одамлар орасидан энг муносиб Инсонни танлаганидан эмас, балки ўзларининг ва ота-боболарининг оддий ёғоч, тош ва темир-терсаклардан бут-санамлар ясаб олишиб, ўша жонсиз бутларга сиғиниб дуо-илтижо қилишларидан ажаблансалар бўлар эди.
Ҳақ таоло бу каби жоҳил кимсаларга бошқа бир оятда шундай жавоб қилган: “Одамларга Ҳидоят келган пайтида, фақат: “Оллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзотни пайғамбар қилиб юборибдими?!”, деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. Айтинг: “Агар бу - Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганлари-да эди, албатта Биз, (яъни, Оллоҳ таоло) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик”. (Ал-Исро сураси, 94-95-оятлар).
Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Агар унинг (Пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган бўлур эдик ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаш-ирган бўлур эдик”. (Анъом сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, дарҳақиқат, фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганла-рида эса фаришта эканлигига ишонмайдилар.
Энди Макка мушрикларининг Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни “Абу Толибнинг етими”, деб нописандлик қилишлари эса, у зотнинг бой-бадавлат бўлмаганлари учун эди. Гарчи Пайғамбар алайҳис-салом насл-насаб, шаъну шараф жиҳатидан Қурайшнинг энг олди оиласидан бўлсалар-да, мушриклар учун кишининг улуғлигини белгиловчи бирдан-бир белги бойлик ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам улар: “Бу Куръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди”, дедилар”. (Зухруф сураси, 31-оят).
Икки қишлоқдан мурод, Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунингучун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар.
Ҳақ таоло мушрикларнинг бундай ботил даъволарига жавобан ушбу оятни нозил қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдилар-ми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг Раҳмати - пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).” (Зухруф сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Омина у зотга ҳомиладор экан, оталари Абдуллоҳнинг вафот этиши, кейин гўдаклик чоғларида оналари ҳам вафот этиб, ҳам ота, ҳам онадан ажраб етим қолишлари, албатта беҳикмат эмас эди.
Ҳасани Басрийдан: “Нима учун Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни етим қилган экан?”, деб сўраганларида, у: “Токи бирон инсон у зотга миннат қила олмаслиги учун шундай қилган. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи у зотга паноҳ берди, одоб берди ва тарбиялади”, деб жавоб қилган экан. (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Араблар гўзалликда ва вазнда тенги йўқ бебаҳо дурни “дурру ятим -етим дур”, дейдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Оллоҳ таоло наздида, энг севикли, энг муҳтарам Инсон бўлганлари боис тақдир-ларига ёлғизлик - етимлик ёзилган бўлса не ажаб.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга аввало кофир кимсаларни Оллоҳнинг азобидан огоҳлантиришни, сўнгра мўминларга хушхабар беришни буюргани ҳақида хабар беради.
Уламолар оятдаги тартибни - аввал кофирларни азобдан огоҳлантириш, кейин мўминлар учун хушхабар бериш зикр қилинганини шундай шарҳлайдилар:
“Албатта, нолойиқ нарсаларни йўқ қилиш яхши ишларни қилишдан аввал бўлиши керак, яъни, куфр ва исёндан қайтиш иймон ва солиҳ амаллар қилишдан илгари бўлиши керак. Модомики, кишининг нафси куфр ва гуноҳлар билан булғанган ҳолда бўлар экан, унинг қилган солиҳ амалларидан фойда йўқдир. Чунки уйни аввал супуриб-тозалаб, ундаги ахлатларни чиқариб ташланганидан кейингина унга хушбўй гуллар ва чиройли нарсалар киритилса ярашади. Кўрсангиз, табиб ҳам касалларни даволашда аввал бадандан зиёнли чиқинди-ахлатларни чиқариб ташлаб, сўнгра уни кучга киритувчи дорилар билан муолажа қилади. Худди шунга ўхшаб, дил дардларини тузатишни ирода қилган Табиб ҳам аввал огоҳлантиришлар билан уни куфрдан, бузуқ ақидалардан ва тубан хулқлардан тозалаб, қалбни занглатувчи қабиҳ амаллардан поклаб, сўнгра покиза-иймонли қалб эгаларига қилган солиҳ амаллари учун ато этиладиган ажр-мукофотлар ҳақида хушхабар беради”. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
“Кофирлар: “Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) аниқ сехргардир”, дедилар”.
Яъни, Оллоҳ таоло одамлар орасидан Ўз элчиларини танлашига ишонмаган динсиз, жоҳил кимсалар шу сўзларни айтдилар. Кофирларнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни “сеҳргар” дейишлари - ўзлари сезмаган ҳолда у зот келтирган Қуръоннинг Илоҳий Мўъжиза эканини тан олганларидир.
Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таоло томонидан ўзларига нозил бўлаётган ваҳийни одамларга етказар эканлар, мушриклар Каломуллоҳда баён қилинаётган Ҳақиқатга - Оллоҳ Ёлғиз Маъбуди Барҳақ экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги ҳақида келган оятларга қарши тура олмасликларига, бундай оятларни келтириш одамзотнинг қўлидан келадиган иш эмаслигига кўзлари етди, аммо ўзларининг хато йўлда эканликларини тан олиб тавба қилиш ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳнинг Элчиси, деб иймон келтириш ўрнига: “Қуръон - сеҳр, Муҳаммад - зўр сеҳргар”, дедилар. Мушрикларнинг бу сўзлари ўзларининг Қуръони Азим олдида ожиз эканликларини ўзлари сезмаган ҳолда эътироф этишлари эди. Бас, маълум бўладики, динсиз кимсаларнинг Қуръонга иймон келтирмасликлари у Китобдан бирон айб-нуқсон топганлари учун эмас, - Буюк Оллоҳнинг Сўзи ҳар қандай айб-нуқсондан покдир - балки уларнинг Ҳақиқатни тан олишни хоҳламай, ундан кўзларини юмиб олганлари учундир. Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Қуръони Каримга ишонмаган, итоат қилмаганларнинг мисоли эса, худди бир кимсага ўхшайдики, у нотаниш бўлган йўлга, яъни, ҳаёт йўлига тушар экан, ўзи учун тўғри йўлни кўрсатиб турадиган аъзосини - кўзини юмиб олган ва оқибат-натижада у йўлдаги саноқсиз чуқурлардан, жарликлардан бирига қулаб ҳалок бўлган. Албатта, унинг ҳалокатига кўзи эмас, балки ўша кўздан фойдаланмаган ўзи айбдордир.

3. (Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига истиво қилган Оллоҳдир. У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур. (Қиёмат Кунида) бирон шафоат қилгувчи - қўлловчи бўлмас, магар Унинг Изнидан сўнггина (қўллай олур). Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
“(Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Оллоҳдир”.
Ояти кариманингушбу илкжумласи “Аъроф” сурасида ҳам келгандир. Биз бу ўринда мавзу ўта муҳим ва нозиклигини ҳамда “Аъроф” сурасининг тафсири бошқа жузъда эканини эътиборга олиб, (яъни, бу жузънинг ўқувчиси у суранинг тафсирини ўқий олмаган бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиб), жумланинг ўша тафсирини келтириб ўтамиз.
“(Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмюнлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Оллоҳдир. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз Амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам Ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Парвардигори - Оллоҳ Баракотли - Буюкдир”.
Ушбу ояти каримада барча оламларнинг, жумладан биз инсонларнинг Танҳо Роббимиз бутун борлиқни - осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсани олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ экани таъкидланади. Муфассир уламолар: “Ўзи хоҳлаган нарсани бир лаҳзада йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақида хабар бериш билан биз инсонларга ишларни шошилмасдан, пухта қилишни таълим беради”, дейдилар. Ҳадиси шарифда: “Шошилмаслик Оллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан” дейилишининг маъноси ҳам шудир.
Уламолар: “Фақат гуноҳлардан тавба қилишда, қарзни айтилган муддат битиши билан тўлашда, меҳмон чақиришда, қиз болани бўйига етиши билан турмушга чиқаришда, вафот қилган кишини дафн этишда ва жунубликдан ғусл қилишда - фақат мана шу ишлардагина (шошилишлик) чиройли саналади”, дейдилар.
Мужоҳид ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ояти каримада зикр қилинган олти кундан мурод - Охират кунлари бўлиб, ҳар бир кун дунё ҳисобида минг йилга баробардир”, дейди ва: “Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур”, оятини келтиради. (Ҳаж сураси, 47-оят). Бу тафсирга кўра осмонлар ва Ер Оллоҳ таоло томонидан дунё ҳисобида олти минг йилда яратилган деган маъно чиқади. Ҳолбуки, “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур.” (Ёсин сураси, 82-оят).
Ҳақ таоло осмонлар, Ер ва улардаги бор нарсани олти кунда яратгани ҳақида бошқа оятларда батафсилроқ хабар берган: “Айтинг: «Хдқиқа-тан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисиз-лар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Ўша (Оллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У Зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (Ер)да унинг емишларини (яъни, Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб - тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг Амри-Фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар. Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Ва қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг Тақдири - Ўлчовидир. (Фуссилат сураси, 9-12-оятлар).
Мазкур оятлар Қуръонда бир неча ўринларда келган - Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақидаги оятларнинг тафсилотидир. Яъни, Ҳақ таоло Ерни икки кунда яратиб, тўрт кун деганда унинг ризқу рўзини ҳам тақсимлаб-бўлиб бергани ва олти кун деганда эса, етти осмонни ҳам яратиб бўлгани баён қилиб берилди”.
“Сўнгра Ўз Аршига ўрнашди”.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У ЗотнингЎз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарларни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини Оллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ-нинг илм мажлисида “(У Зот) Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир”, ояти ўқилган эди, бир кимса: “Оллоҳ Ўз Аршига қай ҳолатда ўрнашди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб, ўйга толди, ҳатто терлаб кетди. Анча вақт ўтгач, бошини кўтариб, ҳалиги сўраган кимсага қараб: “Ўрнашгани аниқ, бу хабарга иймон келтириш вожиб, аммо унинг қандай кайфият-суратда содир бўлганини билишдан ақлларимиз ожиз, у ҳақда сўраш (яъни, албатта кайфиятини билишим керак дейиш) бидъатдир. Менинг ўйимча, сен йўлдан озган кимсасан”, деди ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрди. Ушбу жумладаги биз “ўрнашди”, деб тафсир қилган “иставо” феъли Бақара сурасида ҳам келган ва у жойда “юзланди”, деб тафсир қилинган эди. “У шундай зотки, Ердаги бор нарсани сизлар учун яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир. (Бақара сураси, 29-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти карима аввалида Ердаги катта-ю кичик ҳар бир нарсани Ўзи яратганини - йўқдан бор қилганини ва буларнинг барчасини инсон учун қилганини таъкидлайди. Ибни Жарир Табарий “Жомиъул-баён” тафсирида баён қилишича, бу жумла ўтган оятнинг узвий давомидир. Яъни “Сизларнинг ўлик танангизга жон ато этган, сўнгра ажалларингиз етиб бу дунёдан ўтгач, яна қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига тўплайдиган, Ердаги барча жонли-жонсиз нарсаларни сизлар учун яратиб, сизларга хизматкор қилиб қўйган Оллоҳ таолога қандай қилиб кофир бўласизлар-а?!”, дейилмоқчи”.
Оятнинг иккинчи бандида Жаноби Ҳақ инсонни, Ерни ва ундаги бор нарсаларни яратганидан кейин осмонларга юзланиб, уларни етти қават қилиб тиклагани ҳақида хабар бериб, Ўзининг барча нарсани Билгувчи эканини уқтиради. Яратган Парвардигоримиз осмонлар ва Ерни қандай, қай ҳолатда, қай бирини аввал, қай бирини кейин яратгани ҳақида турли оятларда, ҳар тарафлама баён қилиб берадики, иншооллоҳ, Каломуллоҳ мазмуни билан танишиб - ўрганиб бориш баробарида Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина хабар бериши мумкин бўлган бу бебаҳо маълумотлардан баҳраманд бўлиб борамиз. Ҳозир эса, оятдаги “иставо” феълининг мазмунини ўргансак. Бу сўз арабчада юзланди, юксалди, тикланди, ўрнашди, эгаллади каби маъноларда келадики, биз тафсиримизда бу ўринда “юзланди” маъносини олган бўлсак, бошқа оятларда айни мана шу “иставо” сўзини “ўрнашди” маъносида тафсир қилганмиз. Айтиб ўтганимиздек, бу сўз ҳар икки маънода ҳам кўлланади. Лекин ҳар қандай феъл ёки сифат Оллоҳ таолога нисбат берилганида тамоман ўзгача маъно касб этишини аниқ билишимиз зарур. Масалан, билим сифатини олсак, инсон билмаган нарсасини кўриб, ўрганиб ўша нарса ҳақида билимга эга бўлиши мумкин ва вақт ўтиши билан билган нарсаларини унутиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, инсон иқтидори ниҳоят даражада чекланган бўлиб, у нарса ёки ҳодисанинг асл-моҳиятини эмас, балки зоҳирий кўриниши - суратинигина билиши мумкин. Аммо Оллоҳ таолонинг Билими эса кейин пайдо бўлган эмас, балки аслий - азалий, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдиган абадий, нарса ёки ҳодисанинг ҳам зоҳири - сурати ҳақидаги, ҳам мағзи-моҳияти ҳақидаги Ҳақиқий Билимдир. Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи дейилганида У Қудратли Зот ҳар бир нарсани у нарса вужудга келиб пайдо бўлишидан илгари ҳам, борлигида ҳам, йўқ бўлиб кетганида ҳам бирдай билиб туришини, балки ўша нарсани Ўзи пайдо қилиб, Ўзи унга ҳаёт бериб, Ўзи унга ўлим беришини тушунамиз. Шунга ўхшаш, Оллоҳ Кўргувчи, дейилганида У Зот ҳар олти тарафни, у тарафлардаги ҳар бир нарса ёки воқеани зоҳирини ҳам, ботинини ҳам туб-тубигача азалий ва абадий кўриб-билиб туриши тушунилиши лозим. Ана энди ўрганаётганимиз ояти каримадаги “Сўнгра самюга юзланди” жумласидаги “юзланди” калимасини англашда ҳам биз ўзимизнинг қосир тасаввуримиз билан аввал бошқа тарафга қараб турган эди, энди само тарафга қаради, деб ёки самога юзланган пайтида бошқа тарафлардан юз ўгирди, деб тушуниб олсак - хато қилган бўламиз. Балки биз бандаларнинг бор ҳаддимиз ва ҳаққимиз Каломуллоҳда ёки Ҳадиси Шарифда биз тасаввур қилишга ожиз бўлган сўзга ёки муташобиҳ оятга дуч келганимизда унинг луғавий мазмунини тушуниш билан кифояланиб, моҳиятини, қандай содир бўлганини - кайфиятини Оллоҳга ҳавола қилишдир. Акс ҳолда, ўзи тасаввур қилишга ожиз бўлган нарсаларни ўзгаларга “тушунтиришга, таъвил - шарҳ” қилишга чиранган кимса ўзи ҳам адашиб, бошқаларнинг ҳам адашишига сабаб бўладики, Меҳрибон Оллоҳимиз барчамизни бундай балодан асрасин. Ҳақтаоло бизларга ҳам мана бу оятида таърифлаган “Илмда собитқадам бўлган кишилар” қаторига кириш бахтини насиб этсин: “У Сизга Китоб нозил қилган Зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли - моҳияти бўлган муҳкам - аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ - тушуниш қийин бўлган, фақат муҳкам - равшан оятлар ёрдамидагина ҳақиқий маъноси маълум бўладиган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Бас, дилларида (Ҳақ Йўлдан) оғиш бўлган кимсалар (одамларни) алдаб фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. - Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини (ҳақиқий маъносини) Ёлғиз Оллоҳгина билур. - Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар”. (Оли-Имрон сураси, 7-оят).
“У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур”.
Яъни, инсонларнинг Парвардигори - йўқдан бор қилган Яратгувчиси бўлмиш, уларга ҳаёт кечириш салоҳиятини бериб тарбия қилгувчи Эгаси бўлмиш Оллоҳ, осмонлар ва Ерни, яъни, бутун коинотни олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Аршида ўрнашган ҳолида дунё ва Охиратда Унинг Амри билан юз берадиган барча ишларни тадбир қилиб, юргазиб, оқибати қандай бўлишини кўриб-билиб турур.
Ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам каттадир, кичикдир, ҳар бир иш Ёлғиз Унинг тақдири ва тадбири билан бўлади. Бу ишда Унга ҳеч ким шериклик қила олмайди ва Унингтадбирини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Мушрикларни ажаблантирган иш - инсонлар орасидан уларни Ҳақ Йўлга етакловчи элчилар, пайғамбарлар танлаш каби ишлар ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг тадбирларидандир.
“(Қиёмат Кунида) бирон шафоат қилгувчи - қўлловчи бўлмас, магар Унинг Изнидан сўнггина (кўллай олур)”.
Демак, Қиёмат Кунида, барча халойиқ Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халқумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада кўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтда на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни кўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Ван-нажм сураси, 26-оят).
Ривоят қилинишича, Қиёмат Кунида жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам Арш остига келиб, бошларини саждага кўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, хушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз очмай, саждадан бош кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзлагин - тингланур, сўрагин - берилур, қўллагин, қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар?”, - деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, - деб марҳамат қилдилар.
Бу мавзу бошқа оятларда ҳам таъкидланган: “(Оллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина шафоатга - қўллашга эришурлар ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими)», деб (савол қилишар. Шунда фаришталар) «Ҳақни (айтди, яъни, ҳақиқатан шафоатга изн берди), У Юксак ва Буюк Зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар).” (Сабаъ сураси, 23-оят). “У Кунда ҳеч қандай шафоат - қўллов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва У Зот сўзидан рози бўлган кишигагина (фойда берур).” (Тоҳа сураси, 109-оят).
“Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”.
Яъни, ояти каримада мазкур бўлган Ер-у осмонларни йўқдан бор қилиб яратиш, коинотдаги ҳар бир ишни тақдири азалда белгилаб, сўнг уларни тадбир қилиб туриш ва Қиёмат Кунида Ўзи хоҳлаган бандаларига шафоат қилиш - шафоатланиш неъматини ато этиш каби Буюк Сифатлар Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло сизларнинг Танҳо Парвардигорингиздир. Ундан ўзга ҳеч ким бу Сифатларга эга эмасдир. Бас, сизлар, эй инсонлар, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат - қуллик қилинглар, Унга бирон кимса ёки нарсани шерик қилманглар! Эй мушриклар, ахир сизлар эслатма-ибрат олмайсизларми?! Ҳамма нарсани Яратгувчиси, Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини билиб туриб, бирон нарса ярата олмайдиган, сизларни кўрмайдиган, дуо-илтижоларингизни эшитмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинаверасизларми?!
Дарвоқеъ, мушриклар ҳам Яратгувчи Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини жуда яхши биладилар, аммо билиб туриб, яна Унга ширк келтирадилар. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Оллоҳ», дерлар. Бас, (Ўша Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!” (Зухруф сураси, 87-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсанглар (айтингларчи), бу Ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Оллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас, (шундан) ибрат-эслатма олмай-сизларми?! Айтинг: «Етти осмоннинг Хожаси ва улуғ Аршнинг Соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Оллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги Кулида бўлган, Ўзи (барчага) Хрмийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган Зот кимдир?» Улар: «(Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик Ёлғиз) Оллоҳникидир,» дерлар. Айтинг: «Қандай алданмоқдадирсизлар-а?!”. (Мўминун сураси, 84-89-оятлар). “Қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Оллоҳ» дерлар. Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз - агар Оллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса - ўша (бутлар) У Зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Оллоҳ) менга бирон мархамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У Зотнинг Марҳаматини ушлаб - тўхтатиб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Оллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи - суянгувчи зотлар Ёлғиз Унга таваккул қилурлар”. (Зумар сураси, 38-оят).

4. (Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Оллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир. Албатта аввал-бошда барча нарса-ни Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат Куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир.
“(Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Оллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир”.
Яъни, инсонлар ўлганларидан кейин тупроққа аралашиб, йўқ бўлиб кетмайдилар, балки уларнинг барчаси, биронталари қолмай Қиёмат Кунида қайтадан тириладилар ва Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланадилар. Оллоҳ уларга берган ҳаёт, ризқ ва саноқсиз неъматларни қандай ишларга сарфлаганлари ҳақида сўраладилар, зиммаларидаги Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бурчларини адо қилдиларми, йўқми - жавоб берадилар. Бирон кимса Оллоҳга қайтмай қолмайди. Бу Ҳақ таолонинг Хақ Ваъдасидир. Демак, ҳар бир инсон бутун ҳаёти давомида ўша Кундаги Учрашувга, яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир иш-амали учун ҳисоб беришга тайёргарлик кўриши керак, Ундан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб кета олмаслигини аниқ билиши керак.
Оят давомида Ҳақ таоло аввал-бошда Ўзи яратган халқни Охират диёрида қайтадан яратиши, қайтадан уларга жон ато этиб тирилтириши сабаби ҳақида сўзлайди: “Албатта аввал-бошда барча нарсани Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат Куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса, қайноқ сувдан ибо-рат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бўлур”.
Демак, Оллоҳ таоло яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун барча инсонларни Охиратда қайта тирилтирар экан.
У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда шундай хабар берилган: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин банда-ларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағ-фиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-укубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар).
“Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам оташи) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.

5. У (Оллоҳ) шундай Зотки, қуёшни (кундузлари) зиё сочгувчи, ойни эса (кечалари) нур - ёруғлик қилиб қўйди ва сизлар йилларнинг саногини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйди. Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (Қонун ва Ҳикмат) билан яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини батафсил баён қилур.
Ушбу ва қуйидаги оятда Ҳақ таолонинг Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби эканлигига далолат қиладиган оят-аломатлардан бир нечтаси зикр қилинади. Аввало коинотдаги энг буюк сайёралардан бўлган куёшни хам Оллоҳ таолонинг Ўзи яратгани ва уни зиё манбайи қилиб қўйгани айтилади. Энди у то Қиёмат қойим бўлгунича ўз фазосида айланиб юради, ўткир зиёси билан бутун жаҳонни ёритиб, тафти-ҳарорати билан оламни иситади, кунни тундан ажратиб машриқдан чиқар экан, инсонларга ҳаётларининг янги куни бошланганидан дарак беради, уларни кундалик юмушларини бошлашга чорлайди, мағрибга ботар экан, уларга умрларидан бир кун камайганини эслатади. Бошқача айтганда, куёш борлиқни ёритиб - иситишдан ташқари яна ҳар бир инсонга умри неча кундан иборат эканини ҳисоблаб бориши ва ҳаётининг ҳар бир кунидан фойдаланиб қолиши учун кеча - бугун - эртага деган меъёрни белгилаб берадиган бир ўлчов воситаси ҳамдир.
Шунингдек, Ҳақ таоло ойни яратиб, уни тун - кечаларни ёритадиган нур қилиб қўйди. Фалакшунос олимларнинг ўрганишларича, ой аслида зиё сочувчи сайёра эмас, у ўз нурини қуёшнинг зиёсидан олади. Қуёш ботгач, унинг зиёси осмондаги ойга тушиб, ой нурланади ва қоронғу тун ойдин кечага айланади.
Ояти каримани кунт қўйиб ўқиган киши Ҳақ таолонинг куёшни зиё, ойни эса нур деб атаганини кўриб дафъатан, зиё нурдан кувватлироқ эканини, яъни, уларнинг ўртасидаги фарқ қуёш билан ойнинг ўртасидаги фарқ каби эканини англаб етади ва беихтиёр одамлар ўртасида қўлланадиган “зиёли” ва “нуроний” деган ибораларнинг ҳам мағзини чақа бошлайди. Дарвоқеъ, агар эътибор қилсак, бу икки иборанинг ҳақиқий маъносини билиб оламиз ва уларни ўз ўрнида ишлатишни ўрганамиз. Демак, зиёли деб қалбидаги қуёш янглиғ билим-маърифат зиёси билан одамларга қоронғу-номаълум нарсаларни ёритиб берадиган, Тўғри Йўлни кўрсатадиган олим инсон тушунилиши керак, нуроний эса покиза ҳаёт тарзининг - тақво ва ибодатнинг нури юзида акс этган, боқсангиз юзидан нур ёғилиб турадиган кишидир.
Муҳтарам ҳамдарсим, бу ўринда оят тафсиридан бир оз чалғигандек кўринган бўлсак, маъзур тутинг. Мақсадимиз энг Улуғ Сўз - Қуръони Мажидда зикр қилинган зиё ва нур сўзларининг маъноларида муштараклик ва айни пайтда нозик фарқ ҳам борлигига эътибор қаратиб ўтиш эди.
“...ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзилларга бўлиб Қўйди”.
Ушбу жумланинг мазмунини бошқа оятлар тафсир қилиб беради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади”. (Бақара сураси, 189-оят). Яъни, «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?», деб сўрашади.
Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир.
Ойнинг ўзгариб - янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар куёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (Қонун ва Ҳикмат) билан яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини батафсил баён қилур”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло қуёш, ой каби буюк сайёралардан тортиб, коинотдаги энг кичик ҳашаротгача барча-барчасини тенгсиз Қудрат ва етук Ҳикмат билан, Ўзининг Ҳақ Қонуни билан яратганки, ҳар бир нарсанинг ўз ўрни ва вазифаси бордир.
“Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан, Ҳақ Подшоҳ - Оллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) Юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У - улут Арш Соҳиби бордир”. (Мўминун сураси, 115-116-оятлар).
“Танвирул-азҳон” китобида ушбу оят тафсирида бир ибратли ҳикоя келтирилибди: Бир киши гўнг титадиган қўнғизни кўриб қолиб: “Ажабо, Оллоҳ таоло мана шуни яратиш билан нимани ирода қилган экан? Шаклининг “чиройлилиги”ними ёки ҳидининг “хушбўйлиги”ними?”, деди. Бас, Оллоҳ уни бир яра билан мубтало қилдики, энг катта табиблар ҳам у ярани тузата олмадилар. Ҳатто тузалишдан умиди узилди.
Баногоҳ бир куни кўча-кўйда касалларни кўриб юрадиган табиблардан бирининг: “Беморлар борми, тузатаман”, - деб ўтиб кетаётганини эшитиб қолдида, хизматкорларига: “Уни олдимга келтиринглар, ярамни кўрсинчи”, - деди. Улар: “Дайди табибни нима қиласиз, ахир бу ярангизни тузатишга ҳозиқ табиблар ҳам ожизлик қилдиларку”, - дейишган эди, у: “Менга мана шу табиб керак”, - деди. Қачонки уни чақиришгач, ярани кўрди ва бир гўнгқўнғиз топиб келишни буюрди. Ундан бу сўзни эшитиб хизматкорлар кулдилар, бемор эса ўзининг айтган сўзини эслади ва: “Табиб сўраган нарсани ҳозирланглар, бу одам бир нарсани биладиганга ўхшайди”, - деди. Табиб олиб келинган қўнғизни ўтга тутиб куйдирди, сўнгра унинг кулини беморнинг ярасига сепди. Шунда Оллоҳ таолонинг изни билан яра тузалди. Бас, бемор бу ҳолни кўриб, ҳозир бўлганларга: “Албатта, Оллоҳ таоло менга Ўзи яратган махлуқотларнинг энг тубани ҳам энг қимматбаҳо дори бўлиши мумкинлигини ва У яратган ҳар бир нарсанинг ҳикмати борлигини билдиришни ирода қилди”, - деди.

6. Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ҳамда Оллоҳ осмонлар ва Ерда яратиб қўйган нарсаларда Оллоҳдан қўрқадиган қавм учун оят-аломатлар бордир.
“Тафсири Қуртубий”да Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таолонинг Борлигига, Бирлигига далолат қиладиган бирон оят-белги келтиришларини сўрашганида ушбу ояти карима нозил бўлиб, Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, Қудратли Бошқаргувчи эканини билиш учун У Зот яратган нарсалар ҳақида тафаккур қилишнинг ўзи кифоя экани айтилди.
“Албатта кеча ва кундузнинг алмашиб туришида”, яъни, уларнинг бири келиб кетиши билан бирон лаҳза кечикмай, иккинчиси унинг ўрнини олишида, бири узайганда иккинчиси қисқариб туришида ва бу Илоҳий қонунга минг-минг йиллардан буён бирон ўзгариш етмаганида;
“ҳамда Оллоҳ осмонлар ва Ерда яратиб қўйган нарсаларда” яъни, осмонларнинг юксаклигида, юмшоқ-латифлигида, бепоёнлигида, уларда Оллоҳ таоло яратиб қўйган қуёш ва ой каби “юрадиган” юлдузларида, яна бошқа сон-саноқсиз “илиб” қўйилган жойида турадиган юлдузларида, шунингдек, осмондаги булутлар, шамоллар ва ёмғирларда, Ернинг эса паст ва қаттиқлигида, тоғлари-ю дарё-денгизларида, саҳроларида, водийларида, сўлим-обод гўшаларида ва унинг остидаги, инсонлар учун яшириб - “кўмиб” кўйилган манфаатларда - кон ва хазиналарда, ундаги турли-туман, катта-ю кичик жонзотларда, наботот ва дов-дарахтларда - буларнинг ҳаммасида ва ҳар бирида Оллоҳдан қўрқадиган кишилар учун Холиқнинг - Яратгувчининг Борлигига, Бирлигига, Унинг Илм-у Қудратининг буюклигига, етук Ҳикматига очиқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатлар бордир.
Ояти каримада юқорида зикр қилинган нарсаларда Оллоҳдан кўрқадиган кишилар учун оят-аломатлар борлиги қайд қилиниши билан фақат тақволи кишиларгина мазкур махлуқотга ибрат назари билан боқиб, тафаккур ва тадаббур қилишлари, ишларнинг охир-оқибати ҳақида фикр юритишлари ва кўрган нарсаларидан тўғри хулоса чиқаришлари мумкинлигига ишора қилинмоқда.

7-8. Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли дўзахдир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло қандай кимсаларнинг борадиган ва мангу қоладиган жойлари дўзах экани ҳақида аниқ хабар бериб, уларнинг тўрт сифатини айтади.
У сифатлардан биринчиси, улар ўлгандан кейин яна қайта тирилиш-ларига ишонмаганлари учун Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишлари хусусида мутлақо ўйламайдилар, яъни, Оллоҳнинг азобидан қўрқмайдилар, Унинг савобидан умид қилмайдилар.
Иккинчи сифатлари, улар ўлишлари билан бошланадиган ва ҳеч қачон тугамайдиган мангу Охиратни бутунлай унутиб, унга тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида мутлақо фикр юритмасдан, эртами-кечми ўтиб кетиши аниқ бўлган тўрт кунлик ҳаёти дунёнинг - тубан ҳаётнинг ўзига рози бўладилар.
Учинчи сифатлари, улар ҳаёти дунёга шу қадар ишониб қолдиларки, унинг ўткинчи экани тамоман ёдларидан чиқиб, худди ҳеч қачон ўлмайдигандек ўта хотиржамлик билан ўзлари учун асрлар ўтса ҳам бузилмайдиган бинолар қурдилар, минг йиллик режалар туздилар, гўё мангу яшайдигандек, сўнгсиз орзу-ҳавасларга берилдилар, дунё шаҳватларига, лаззатларига ва зебу зийнатларига асир бўлиб қолдилар.
Зикр қилинган уч манфур сифатга эга бўлган кимсалар охир-оқибат яна бир мудҳиш балога мубтало бўлдилар - улар ғафлат бандасига айланиб қолдилар, балки ғафлат бандаси бўлганлари учун мазкур уч сифатга эга бўлдилар. Энди улар Оллоҳ таоло нозил қилган Китоб оятларига кулоқ солмайдилар, эшитсалар ҳам ҳеч қандай таъсир олмайдилар, шунингдек, борлиқдаги Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига очиқ далолат қилиб турган оят-аломатларни кўрмайдилар, кўрсалар ҳам ибратланмайдилар. Демак, улар ҳақиқий ғофил кимсалардир. Чунки улар Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларни қилмайдилар, У Зот манъ этган гуноҳлардан қайтмайдилар, бас, ўз қилмишларига яраша энг адолатли жазога мустаҳиқ бўладилар - мангу дўзах азобига ҳукм қилинадилар!
Агар ибрат назари билан боқсак, ояти каримада исмлар эмас, сифатлар зикр қилинди ва кимда мазкур тўрт сифат бўлса, унинг борар жойи дўзах экани аниқ қилиб айтилди. Демак, сўз муайян бир замон ё макондаги маълум бир миллат ёки қавм ҳақида эмас, балки ҳамма замон ва маконлардаги Қиёматда Оллоҳ таолонинг ҳисоб-китоби бўлишига ишонмайдиган, дунёга ошиқ ва қул бўлиб, Оллоҳнинг оятларидан ғафлатда қолган кимсалар ҳақида боради. Бас, ҳар биримиз ўзимизни тафтиш қилиб, оятда айтилган сифатларнинг биронтаси менда топилмайдими, деб ўз-ўзимиздан бир сўраб кўришимиз, агар топиладиган бўлса, (надоматлар билан тан олишга мажбурмизки, айримларимиз, балки кўпчилигимизга дунёга муҳаббат қўйиш, орзу-ҳавасларга берилиш каби сифатлар бегона эмас), у ҳолда дарҳол тавба қилиб, ўзимизни ўнглаш ҳаракатига тушишимиз лозим. Шунда Оллоҳ таолонинг ушбу оятларидан ғофил бўлмаган огоҳ бандалари қаторига қўшиламиз, иншооллоҳ.

9. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни эса иймон-эътиқодлари сабабли Парвардигорлари албатта (жаннат йўлига) ҳидоят қилур - ноз-неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб турур.
Юқоридаги икки оятда кофирларнинг сифатлари ва борар жойлари зикр қилингач, ушбу ва қуйидаги оятда энди мўминлар ва уларнинг борар жойлари ҳақида хабар берилади.
Жаноби Ҳақ таъкид билан айтадики, Оллоҳ таолога иймон келтирган, Унинг элчиларини ҳақ пайғамбарлар деб тасдиқлаган ҳамда Оллоҳ ва Унинг Элчиси буюрган солиҳ амалларни адо қилган кишиларни Парвардигор ана ўша иймонлари сабабли жаннатга олиб борадиган Йўлга ҳидоят қилади. Бас, мўминларнинг борар жойлари жаннатдир. Улар кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳатто хаёлга ҳам келмаган ноз-неъматлар билан тўла жаннат боғларида, баланд сўриларда роҳат-фароғатда ўтирар эканлар, остларидан дарёлар оқиб туради.
Айрим муфассир уламолар айтишларича, ояти каримада сўз Қиёмат Кунида барча инсонлар тирилиб, қабрларидан чиқиб келганларида Оллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳидоят қилиши ҳақида, яъни, уларга жаннат йўлини ёритиб - кўрсатиб берадиган бир нур ато этиши ҳақида боради.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари нурга айланиб, уларнинг йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг! Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар - остидан дарёлар оқиб ту-радиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу буюк саодатнинг ўзидир!” (Ҳадид сураси, 12-оят).
Ҳадиси шарифда эса бундай дейилади: “Қиёмат Кунида мўмин қабридан чиққанида унга ҳаёти дунёда қилган амали гўзал суратга кириб кўринади ва: “Мен сенинг амалингман”, дейди. Бас, ўша солиҳ амали мўмин учун бир нур бўлиб, уни жаннатга олиб боради.
Кофир эса қабридан чиққанида унга ҳаёти дунёда қилган амали ўта хунук суратда кўринади ва: “Мен сенинг амалингман”, дейди ва уни олиб бориб дўзахга киритади”.
Бас, мўмин ўзининг жаннатдаги маконига эга бўлиши учун имкон қадар солиҳ амалларни зиёда қилиши керак, чунки жаннатга хомхаёл ва ширин орзуларнинг ўзи билангина етиш мумкин эмасдир: “(Эй мусулмонлар, биз Оллоҳнинг энг улуғ Дини - Исломга кирдик, энди нима қилсак бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг хом-хаёлларингиз ҳам, («Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, шунинг учун нима қилсак ҳаққимиз бор», деб хомтама бўлаётган) аҳли Китобнинг хомхаёллари ҳам (ҳақ) эмасдир - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Оллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас”. (Нисо сураси, 123-124-оятлар).

10. Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: «Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло ҳаёти дунёда келтирган иймон ва қилган солиҳ амаллари сабабли Охиратда жаннатларга кириш саодати насиб этган бахтли бандаларнинг у ноз-неъмат боғларида узлуксиз роҳат-фароғат ва покиза айш-ишратда яшар эканлар, қандай сўзлар айтишлари ва қандай дуолар қилишлари ҳақида хабар беради. Бу хабар фақатгина жаннат аҳли айтадиган сўзлар ҳақида маълумот бериш эмас, балки жаннатга киришни орзу қиладиган ҳар бир мўминга ҳаёти дунёда ҳам Оллоҳ таолонинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқлаб тасбеҳ айтишни, мўминларга йўлиққанида уларга тинчлик-омонлик тилаб салом беришни ва доимо Оллоҳга ҳамду сано айтишни уқтириш ҳамдир. Шунингдек, ояти каримада мўминларга қай тарзда дуо қилсалар дуолари ижобат бўлиши таълим берилади. Меҳрибон Парвардигоримиз биз ожиз қулларига агар Ундан нима сўрашни билмаётган бўлсак ёки қандай сўрашни билмаётган бўлсак, ёхуд агар билсак ҳам, сўраш ўрнида У Зотга тинмай тасбеҳ ва ҳамду сано айтаверсак, дилларимиздаги дардларимиздан, ҳеч ким билмаган сирларимиздан Огоҳ бўлган Эгамиз Ўзи биз нимага муҳтож бўлсак ўша нарсаларни зиёдаси билан ато этишини эслатади.
Демак, тасбеҳ, ҳамд ва таҳлил - ла илаҳа иллоллоҳ калимасини айтиш ҳам дуо ҳисобланар экан.
Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилиш-ларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бошларига ғам-ташвиш тушганида: “Ла илаҳа иллаллоҳул-азиймул-ҳалим, ла илаҳа иллоллоҳу Роббул-аршил-азийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самовоти ва Роббул-арзи ва Роббул-аршил-карийм (яъни, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У Улуғ ва Ҳалимдир, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У Улуғ Арш Эгасидир, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У осмонларнинг Эгаси, Ернинг Эгаси ва Улуғ Аршнинг Эгасидир)”, дер эканлар.
Табарий: “Улуғ салафларимиз шундай дуо қилишар ва уни “Ғам-ташвиш тушганда қилинадиган дуо”, деб атар эдилар”, дейди.
Ибн Уяйнага: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мазкур сўзларида Оллоҳ таолодан бирон нарса сўрамадилар-ку”, дейишганида, у: “Сен Оллоҳ таолонинг: “Қачон бандамнинг Менга айтган ҳамду саноси Мендан бирон нарса сўрашдан тўсадиган бўлса, (яъни, у Мендан ҳожатларини сў-раш ўрнига ҳам Менга ҳамду сано айтаверадиган бўлса), Мен унга барча сўровчиларга берганимдан ҳам афзалроқ нарсаларни ато этурман”, деган Сўзини эшитмаганмисан?”, деди.
Қуръони Азимда Зуннун (яъни, балиқ соҳиби) деб номланган Юнус алайҳис-саломнинг денгиздаги балиқ қорнида маҳбус бўлиб қолган пайтида қилган дуосида ҳам гўё ҳеч нарса сўрамагандек кўринади, фақат Оллоҳ таолога тасбеҳ айтилади, аммо ана ўша дуо баракотидан у зот жуда катта балодан нажот топди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Зуннуннинг балиқ қорнида қилган дуоси: “Ла илаҳа илла анта субҳонака инний кунту миназ-золимийн - ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим”, деган дуо бўлди. Бас, ҳар бир мусулмон бошига ғам-ташвиш тушганида ушбу дуони қилса, албатта ижобат қилинади”, дедилар.
Юнус алайҳис-саломнинг қиссаси ҳақида Анбиё сурасида шундай ха-бар берилган: “Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронгу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).
Зуннун, яъни балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан, ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинганидек дуо қилади.
Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта Оллоҳ, еганида ҳам Унга ҳамд айтадиган, ичганида ҳам Унга ҳамд айтадиган бандасидан рози бўлади”.
Демак, Ҳақ таоло ато этган катта-ю кичик ҳар қандай неъмати учун Унга шукроналар айтадиган бандасидан у банда жаннат аҳли жаннатларда айтадиган ҳамду санони айтгани учун рози бўлар экан.
“Тафсири Қуртубий”да: “Дуо қилувчи киши дуо сўнггида аҳли жаннат каби Оллоҳ таолога ҳамд айтиши яхши ишдир, шунингдек, дуо охирида Вас-соффот сурасининг сўнгги уч оятини ўқишлик ҳам чиройли амалдир.
Чунки у оятларда Оллоҳ таолони поклаш - тасбеҳ, Оллоҳнинг элчиларига салом айтиш ва оламлар Парвардигорига ҳамд айтиш бордир”, дейилади. У уч оят ушбу оятлардир: “Қудрат Эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар айтаётган сифатлардан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир. (Барча) пайғамбарларга (Оллоҳ томонидан) салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори - Оллоҳ учундир!” (Вас-соффот сураси, 180-182-оятлар).
Ўрганаётганимиз ояти каримада жаннат аҳли жаннатларда худди мана шу дуо ва зикрларни қиладилар, дейилди. Яъни, аввало улар Оллоҳ таоло ҳар қандай айб-нуқсондан Пок, деб, У Зотга тасбеҳ айтадилар. Тафсир аҳли айтишларича, ушбу тасбеҳ жаннат аҳли билан уларга хизмат қиладиган фаришталар ўртасидаги ўзига хос бир белги-аломат бўлиб жаннатиларнинг кўнгиллари қандай таомни тиласа, улар: “Субҳонак аллохумма”, дейишлари кифоядир. Дарҳол фаришталар улар истаган таомни ҳозир қилурлар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Жаннатиларнинг иккинчи ишлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилаб салом беришларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар).” (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Мўминларнинг бир-бирларига салом беришларидаги ҳикмат ҳақида Нисо сурасининг 86-ояти тафсирида анча батафсил айтиб ўтдик, алҳамдулиллоҳ.
Жаннат аҳлининг яна бир одатлари - улар дуолари хотимасида, юқо-рида айтиб ўтилганидек, албатта Оллоҳга ҳамду сано айтадилар.

11. Агар Оллоҳ бу одамларга (яъни, мушрикларга) улар яхшиликни шоштирганлари каби ёмонликни (ҳам шоштирганларида уни) нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди. Бас, (Биз уларга ёмонликни нақд қилмаймиз, балки) Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсаларни, ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз.
Ушбу оят Маккалик мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломнинг даъватларига қулоқ солмай: «Ё Оллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ дин бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдиргин», деб ўзлари учун ёмонлик тилаб дуои бад қилганларида нозил бўлган.
Бу ҳақда Анфол сурасида шундай дейилган: “Яна уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!” (Анфол сураси, 32-оят).
“Маолимут-танзил” ва “Дуррул-мансур” тафсирларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўтган асрлардаги умматлар ҳақида нозил бўлган оятларни тиловат қилиб етказганларида, Макка мушрикларининг катталаридан Назр ибн Ҳорис: “Агар хоҳласам, шунга ўхшаган гапларни мен хам айта оламан. Булар хаммаси аввалгилар ёзиб кетган афсоналар”, - деди. Шунда Усмон ибн Мазъун розияллоху анху: “Оллохдан қўрққин, Муҳаммад алайҳис-салом фақат ҳақ сўзни айтадилар”, - деган эди, - Назр: “Мен хам рост сўзни айтаяпман”, - деди. - Усмон: “Муҳаммад алайҳис-салом: “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бор”, - дейдилар”, деганида, - Назр: “Мен ҳам: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейман, мана бу бут-санамларимиз эса Оллоҳнинг қизларидир”, деди, сўнгра қўшимча қилди: “Эй Худо, агар мана шу Муҳаммад айтаётган сўзлар афсона эмас, ҳақиқат бўлса, у ҳолда бизларнинг устимизга ҳам Лутнинг қавми устига ёғдирганинг каби тош ёғдиргин ёки ўтганларнингустига юборганинг бошқа бирон аламли азобни келтиргин”, - деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.
Бухорий Анас розияллоху анхудан ривоят қилишича, бу сўзларни Абу Жаҳл айтган.
Мана шу сўзларининг ўзидан Назр, Абу Жаҳл ва бошқа мушрикларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ Йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: “Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган Ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам Қуръон Йўлига ҳидоят қилгин”, деган бўлар эдилар.
Мана бу оятларда ҳам Оллоҳ таолодан Ҳидоят ўрнига азоб сўрагувчи кимсалар ҳақида айтилади: “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томонидан ко-фирларга тушгувчи, ҳеч ким қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради.” (Маориж сураси, 1-3-оятлар). “Улар Сиздан яхшилик - Оллоҳнинг Раҳматидан аввал ёмонлик - Оллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (кофирликлари сабабли Оллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир”. (Раъд сураси, 6-оят).
Бу оят - Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Тангрингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни кечириб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
Мазкур оятда Ҳақ таоло агар одамлар Оллоҳдан ўзлари учун ёки ўзгалар учун бирон ёмонликни сўраб дуо қиладиган бўлсалар ёки бировларни ноҳақ қарғайдиган бўлсалар, Оллоҳ таоло уларнинг бундай дуоларини ижобат қилишга шошмаслигини, акс ҳолда ундай кимсалар дарҳол ҳалок бўлишлари аниқ эканини айтади.
Дарҳақиқат, инсон табиатан жуда шошқалоқдир. У ўзи орзу қилган яхшиликларга етиш учун қандай шошқалоқлик қилса, Оллоҳ таолодан ўша яхшиликка дарҳол етказишини сўраб дуолар қилса, баъзан ғазабланганида, сиқилиб кетганида ёки ақлсизлиги сабабли ўзи ёки ўзгалар учун ёмонлик ҳам шундай тез келишини истаб қолади, бировларни дуойибад қилиб қарғайди. Агар Оллоҳ таоло инсоннинг бундай дуоларини ҳам дарҳол ижобат қиладиган бўлса, у кимса тил тортмасдан ўлиши аниқдир. Аммо бандаларнинг хато ва жиноятларига дарҳол жазо бермасдан, уларга тавба қилишлари учун муҳлат бергувчи Меҳрибон Парвардигор асло шошилмас экан, бугун шошқалоқлик билан айтган сўзларига эртага пушаймон бўлиб, афсуслар қиладиган кишиларнинг тавба қилиб Тўғри Йўлга юришларига имконият берар экан. Шунингдек, иймонсиз, Охиратда ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган кимсаларга ҳам улар сўраган азобни дарҳол туширмасдан, ўзларининг хато йўлларида, куфр ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверишларига йўл кўйиб берар экан. Албатта, Ҳақ таолонинг бу иши ҳам беҳикмат эмасдир. Чунки, эҳтимол, у адашганларнинг ўзлари ёки авлод-зурриётлари келажакда динсизликдан тавба қилиб, Тўғри Йўлдаги инсонлар қаторига кирар. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда ўзларидан кўрсинлар - куфр ва исён билан ўтказган кунлари кўпайган сари ундай кимсаларнинг тортадиган азоблари ҳам қаттиқроқ бўлади, аммо улар умрларининг ҳар бир куни ўзларининг зиёнларига ишлаётганидан бехабар ҳолларида ўз туғён ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
Ояти карима мафхумидан яна ёмонлик сўраб дуо қилиш ва бировларни қарғаш мўмин-мусулмонлар учун нолойиқ ишлар экани ҳам англаши-лади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзларингизни, авлодларингизни ва мол-мулкларингизни қарғаб дуойибад қилманглар! Яна Оллоҳ томонидан ижобат соатига тўғри келиб қолиб, У Зот бу дуойибад ва қарғишларингизни ижобат қилиб қўймасин”, дедилар. (Абу Довуд ва Ҳофиз Абу Бакр Баззор ривояти).
Мазкур саҳобийдан Муслим ва Ибн Ҳуббон ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: Жобир розияллоҳу анҳу айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Батни Бувот ғазотига кетаётганимизда бир туяни беш, олти, ҳатто етти киши навбатма-навбат минишига тўғри келган эди. Ўшанда ансорийлардан бўлган бир киши туясини чўктириб миниб олгач, уни қўзғатган эди, қимирламай ётаверди. У туясига: “Тур, эй Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлгур!”, - деди. Бу сўзни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туясини қарғаётган ким?”, - деб сўраган эдилар, ҳалиги киши: “Мен, ё Расулуллоҳ”, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туянгни биздан узоқ қил! Дуойинг ижобат бўлди - туянг лаънатланди”, - дедилар.

12. Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки Биз ундан зиён-мусибатини кетказсак, гўё (ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга дуо-илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Исрофгар кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди.
Ушбу ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давомидир. У оятда кофирларнинг Оллоҳ таолодан азоб сўрашлари: “Ё Оллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдиргани”, деган каби сўзларни айтишлари зикр қилингач, бу оятда улар бундай сўзларни фақат одамларни алдаб, ўзларини гўё ҳеч нарсадан қўрқмайдигандек кўрсатиш учун айтишлари, аслида эса улар ўта ожиз кимсалар эканлиги, агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳ таолонинг раҳми келиб, бошларидаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввалги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фуссилат сураси, 51-оят).
Ҳақ таоло бундай кимсаларни мусриф-исрофгарлар, яъни, нарсаларни ўз ўрнига қўймасдан - Оллоҳ таоло берган куч-қувват ва имкониятларини илм-маърифат ҳосил қилишга, солиҳ амалларга сарф қилмасдан, ҳадларидан ошиб, нолойиқ, гуноҳ ишларга ишлатиб, исроф қилган кимсалар, деб атайди ва бундай исрофгарларга қилган ёмон-хунук ишлари чиройли бўлиб кўриниши, улар ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам ёмонлик қила туриб мен яхши иш қиляпман деб ўйлайдиган бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантиради.
Уламолар: “Ушбу оятда нафақат кофир кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги бошларига мусибат-ташвиш тушганида тоат-ибодат қилиб қоладиган, ишлари юришиб кетганида эса Оллоҳни “унутиб”, худди динсизлардек умрларини исроф қиладиган кимсалар учун ҳам огоҳлантиришдир”, дейдилар.
Ояти карима тафсирида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам биз учун ўзига хос бир огоҳлантиришдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бошига қаттиқчилик, мусибат тушган пайтида Оллоҳ таоло дуоларини мустажоб қилишини яхши кўрса, у кенгчилик кунларида ҳам дуо-илтижони кўп қилсин!”. (Термизий ривояти).

13. Аниқки, Биз сизлардан аввалги асрлар(да ўтган кофир қавмлар)ни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбарлари уларга очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар билан келган пайтларида, уларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси эканликларига иймон келтирмаган Макка мушрикларини қаттиқ огоҳлантиради, уларнинг устларига ҳам илгари ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилинган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканлигини таъкид билан эслатади, “Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз”, деб, иймонсизлик энг катта жиноят эканини, иймонсиз жамият Оллоҳ таолонинг ҳақли - адолатли жазосига - ҳалокатга маҳкум эканини уқтиради.
Дарҳақиқат, асрлар давомида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимус-салом каби кўп пайғамбарларнинг қавмлари уларга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлиб кетганларига кўҳна тарих гувоҳ эди ва бу фожеалар одамлар ўртасида машҳур бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб айтилиб келар эди, Ернинг ҳар тарафларида Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган қавмлардан қолган харобалар, култепалар борлигидан Макка мушриклари ҳам хабардор эдилар.
Жаноби Ҳақ иймонсиз кимсаларни золимлар, деб атайди. Ҳақиқатан ҳам, энг катта зулм-адолатсизлик - Яратганга кофир бўлиш, У юборган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилиш, У буюрган динга амал қилмасликдир. Зотан, ўзини йўқдан бор қилиб, умр, ризқ ва саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳ таолога кофир бўлишдан, Унга ибодат қилмасликдан ҳам ёмонроқ адолатсизлик, яъни, зулм йўқдир.
Макка мушриклари ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан, сўнгра Унинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиш билан жуда катта зулм қилдилар. Лекин ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни ҳалок қилиб юбормади. Балки -

14. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўрайлик, деб Биз сизларни уларнинг ортидан Ерга халифа (ўринбосар) қилиб қўйдик.
Ояти каримани бизга Анъом сурасида келган мана бу оят тафсир қилиб беради: “У сизларни Ерда (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин) халифа - ўринбосарлар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан (ризқу рўз ва куч-қувватда) юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз тезда жазолагувчидир ва албатта У Мағфиратли, Меҳрибондир (Анъом сураси, 165-оят).
Ушбу ояти каримада Қиёмат қойим бўлгунича Ер юзида инсонлар ҳаёти узлуксиз давом этиши, Оллоҳ таоло давомли равишда ҳаёти дунёдан кетганлар ўрнини тўлдириб, аждодлар ўрнига авлодларни ўринбосар қилиб бориши ҳақида хабар берилади. Демак, ҳар бир инсон учун ўзи яшаб ўтган давр - аср унга ато этилган ғанимат фурсатдир, ажр-мукофотларга лойиқ амаллар қилиб олиш учун берилган имкониятдир. Мана шу фурсатнинг омонат эканини, ўзига берилган умр муваққат эканини билган ва уни иймон билан, солиҳ амалларга тўлдириб яшаган инсон, ўзининг аждодлар ўрнига келган ўринбосар эканини ва яқинда унинг даври ҳам ўтиб, ўрнига бошқа ўринбосарлар келиши аниқ эканини ҳис қилиб яшаган инсон, албатта, Оллоҳ таоло унга синов - имтиҳон учун ато этган ҳаётда зафарларга эришиб, Охиратда нажот топгувчи - том маънода бахтли инсондир.
Агар ибрат кўзи билан боқсак, Оллоҳ таоло биз инсонларнинг ҳар биримизни алоҳида бир олам қилиб яратди. Инсонлар орасидан яратилишда, шаклу-шамойил ва хулқу-атворда бир хил бўлган икки одамни топиш амри маҳол. Жаноби Ҳақ Ўз Ҳикмати билан ҳар бир инсонга ўзига хос даража ато этди. Одамларнинг бири билимли, бири билимсиз; бири кучли, бири ожиз; бири бой, бири камбағал; бири ҳусндор, бири кўримсиз; бири доно, бири нодон... хуллас уларнинг ҳаётий - ижтимоий - иқтисодий даражалари ҳам хилма-хилдир. Ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб: “У Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқори-роқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир”, дейиш билан одамлар ўртасидаги тафовут беҳикмат ва беҳуда эмаслигини, балки бандалардан олинадиган имтиҳон ва сўроқ-савол ҳам уларнинг даражаларига қараб хилма-хил бўлишини айтади. Масалан, бой-бадавлат киши учун ўша бойлиги имтиҳондир, ундан ўша неъматга қандай шукр қилгани сўралади, фақир-мискин киши учун эса ўша камбағаллиги имтиҳондир, ундан бу Илоҳий имтиҳонга қандай сабр қилгани сўралади; илмли кишидан билган илмига амал қилган-қилмагани сўралса, илмсиз кишидан билимдон инсонларнинг сўзларига қулоқ солдими, уларга эргашдими ёки йўқми, деб сўралади ва Қиёмат Кунида бу Илоҳий сўроқ-саволларга ижобий жавоб қилиш насиб этган бандалар, иншооллоҳ, нажот топадилар.
“Танвирул-азҳон” тафсирида Оллоҳ таоло ато этган неъматга шукр қилишнинг гўзал бир мисоли келтирилибди: Ҳикоя қилинишича, Жунайд гўдаклик чоғида болалар билан ўйнаётган эди, уларнинг олдидан бир олим ўтиб қолди ва Жунайддан: “Эй бола, шукр қилиш ҳақида нима дейсан?”, - деб сўради. - Бола жавоб қилди: “Шукр - Оллоҳ таоло ато этган неъматни гуноҳ ишларга сарфламаслигингдир”.
Ҳақ таоло бу дунё имтиҳон олами экани ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг Йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунлар-да) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб - юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз.” (Муҳаммад сураси, 31-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Саид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, дунё хуштаъм ва хушманзарадир. Албатта, Оллоҳ сизларни унда халифа қилиб қўйиб, қандай амал қилишларингизни кузатиб туради. Бас, сизлар дунёдан сақланинглар (яъни унга алданиб қолманглар) ва аёллардан сақланинглар. Чунки бани Исроил қавмида бўлган биринчи фитна аёллар сабабли бўлган”, деб огоҳлантирганлар.

15. Қачон уларга (мушрикларга) Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқурман».
Макка мушриклари ана шу даражада жоҳил кимсалар эдилар. Уларга Оллоҳ таолонинг оятлари очиқ-равшан ҳолда тиловат қилиб берилганида Унинг Элчисидан - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларига нозил бўлган Қуръондан бошқа бир “Қуръон”ни келтиришни ёки ҳеч бўлмаганда ўша Қуръондаги уларга ёқмаган оятларни чиқариб ташлаб, уларга ёқадиган бошқа “оятлар”га алмаштириб беришни талаб қилар эдилар!
Ибн Жарир Табарий: “Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонда ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол қилишни, ҳалол нарсаларни эса ҳаром қилишни сўрар эдилар”, деб тафсир қилади.
Ибн Ийсо эса: “Мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломдан Қуръондаги уларнинг бутларини айблаган ва ўзларини ақлсиз-нодон кимсалар, деб атаган оятларни чиқариб ташлашни талаб қилар эдилар”, дейди.
Зажжож бўлса: “Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръондаги Қиёмат Кунида қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб бўлиши хусусидаги оятларни олиб ташлашни талаб қилар эдилар”, деб тафсир қилган.
Эҳтимол улар жаҳолатлари сабабли яҳудлар Тавротни, насронийлар Инжилни ўзгартирганларидек Қуръони Азимни ҳам ўзгартириш мумкин деб ўйлардилар ёки ақлсизликлари сабабли: “Муҳаммад бизни ҳам ўз сафига қўшиб олиш учун айтганларимизни қилади ва кейин биз унинг устидан кулиб юрамиз”, деб ҳийла-найранг қилар эдилар. Хуллас, у жоҳил кимсалар Қуръонни нозил қилган Зот Ўзининг сўнгги Китобига ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қандай ўзгартириш киритишига йўл қўймаслигини билмас эдилар ва Унинг сўнгги Элчиси зиммаларидаги Буюк Омонатга - Каломуллоҳга заррача хиёнат қилмасдан тўла-тўкис инсонларга етказишларига у нодонларнинг ақллари етмас эди. Шунинг учун Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга: “Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқурман”, деб буюрди.
Қуйидаги оятда яна шу мавзу давом этади -

16. Айтинг: «Агар Оллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Оллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (яъни, Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир ақл юргизмайсизларми?!
Яъни, барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Хоҳиш-Иродасига боғлиқдир. Сизларга Қуръонни етказиш ҳам мутлақо менинг инон-ихтиёримдаги иш эмасдир. Агар У Зот мен сизларга Қуръонни тиловат қилиб беришимни хоҳламаганида эди, яъни, Унинг Ўзи менга Қуръон оятларини нозил қилиб, уни сизларга тиловат қилиб беришимни буюрмаганида эди, мен уни сизларга тиловат қила олмаган бўлар эдим ва Оллоҳ таоло мен орқали Ўз Каломини сизларга билдирмаган бўлар эди.
Ахир менга Қуръон оятлари нозил бўлишидан илгари ўтган қирқ йиллик ҳаётимни, гўдаклик чоғимдан бошлаб то шу кунларгача бирон марта ёлғон гапирмаганимни, бирон кимсани алдамаганимни сизлар жуда яхши биласизлар-ку, ҳатто исмимга Амин - Ишончли деган сифатни қўшиб мени Муҳаммад Амин, деб атар эдингизлар-ку?! Энди қайси ақлла-рингиз билан мени ёлғончига чиқармоқдасизлар?! Менга Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Қуръони Карим оятларини сизларга аниқ-равшан ҳолида етказсам, сизлар бу Азиз Китобга иймон келтириш, ундаги Илоҳий Кўрсатмаларга амал қилиш ўрнига: “Ҳа, бу аввалгилардан қолган афсоналар-да”, демоқдасизлар?! “Ахир ақл юргизмайсизларми?!”
Ояти каримада Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Макка мушрикларига мана шу сўзларни айтишга буюради.
Дарҳақиқат, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнингу зотга илк ваҳий Илоҳий нозил қилинишидан аввалги қирқ йиллик умрлари Маккалик араблар кўз ўнгида ўтган бўлиб, бу давр мобайнида, у зот на бир устоз кўрган эдилар ва на бир китоб мутолаа қилган эдилар. Бу ҳол у кишини таниган-билган ҳамма замондош ва ватандошларига аён эди. Шунинг учун ҳам қирқ ёшга тўлганларидан кейин Илоҳий оятларни тиловат қилиб, одамларни Ислом Динига даъват эта бошлаганларида, бу оятларнинг тенгсиз гўзал назми, тубсиз теран мағзидан лол бўлган кўп кишилар бу башарнинг сўзи эмаслигига иймон келтирдилар. Лекин Макка мушриклари бу Илоҳий Мўъжизанинг қадр-у қимматини билмадилар ва ҳатто Пайғамбар алайҳис-саломнингустларидан истеҳзо қилиб кулишга хам бориб етдиларки, мазкур ва куйидаги оятлар ана шундай кимсалар ҳақида нозил бўлгандир.

17. Ахир Оллоҳ шаънига бўҳтон қилган ёки Унинг оятларини ёлгон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта (бундай) жиноятчи кимсалар нажот топмаслар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи айнан Анъом сурасида ҳам келган: “Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар. (Анъом сураси, 21-оят).
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “шериги бор”, деб, “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, деб ва яна бошқа шунга ўхшаган мутлақо асоссиз сўзлар билан Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиган кимсалар ҳамда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мажид оятларини ёлғон деган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Элчиси эканликларига далил-ҳужжат бўладиган Илоҳий мўъжизаларни сеҳр деган кимсалар энг золим кимсалардир.
Ояти каримада “ёки” деб айтилишида Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиш алоҳида, Унинг оятларини ёлғон дейиш алоҳида энг катта зулм эканига ишора бордир.
Энди бир кимсада бу зулмларнинг иккови ҳам топилса-чи?! Бу ҳолда у ким бўлади?!
“Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар”.
Яхши билиб олишимиз керакки, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дегани фақат юқоридаги каби мисоллар билан чекланмайди. Балки кейинги асрлардаги мусулмонлар орасида ҳам бундай ёлғон тўқишлар минг афсуски, учраб туради. Яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлмаган, оят ёки ҳадисда келмаган барча бидъат-хурофотлар ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқишдир. Демак, ҳеч қандай шаръий далил-ҳужжатсиз “Мана бу амал суннат ёки ана у иш ҳаром”, деган кимсалар ва уларнинг ортидан эргашганлар ҳам ояти каримада айтилган - нажот топмайдиган золим-лардир. Бас, кўзларимиз очилиши керак. Бунинг учун эса, холис ният билан Каломуллоҳни ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганиб, чин ихлос билан уларга амал қилишимиз керак.
Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳақида бошқа оятларда бундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.” (Юнус сураси, 69-70-оятлар) “Қиёмат Кунида Оллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!” (Зумар сураси, 60-оят).
Ўрганаётганимиз ояти карима ниҳоясида “Албатта, бундай жиноятчи кимсалар нажот топмаслар”, дейилди. Яъни, Оллоҳ таолонинг оятларига ишонмаган, Унинг шаънига турли ёлғонлар тўқиган кимсалар жиноятчи эканликлари, демак, улар Оллоҳ таолонинг адолатли жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб кета олмасликлари таъкидланди. Чунки нажот фақат ростгўй инсонларга насиб этади, улар эса ёлғон кўчасини танладиларки, бу хатарли йўлга кирган кимса ҳеч қачон нажот топмайди. Абул-Қосим Фақиҳ айтади: “Уламолар кимда уч хислат: холис Ислом, пок луқма ва ҳар бир ишда ростгўйлик мужассам бўлса, у инсон нажот топади, деб иттифоқ қилганлар”. (“Танвирул азҳон” тафсиридан).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонингАмри билан Макка мушрикларига ушбу сўзларни айтар эканлар, бу билан ўзларининг ҳеч қачон Оллоҳ шаънига ёлғон тўқимасликлари - Каломуллоҳга ўз томонларидан бирон сўз қўшмасликлари аниқ эканини эълон қилдилар.

18. Улар Оллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: “Ана ўша (бизлар сиғинаётган бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар. Айтинг: “Сизлар Оллоҳга осмонлар ва Ердаги У Зот билмайдиган нарсалар (шериклар) ҳақида хабар бермоқчи-мисизлар?! (Оллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир”.
Ояти карима мушрикларнинг Оллоҳ таоло шаънига буҳтон қилишлари, Унинг оятларини ёлғон дейишларидан бошқа яна бир жиноятлари ҳақида хабар беради: мушриклар гарчи Яратгувчи - Холиқ Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини тан олсалар-да, - “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?”, деб сўрасангиз, албатта: “Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган”, дерлар”. (Зухруф сураси, 9-оят) - Ўша Танҳо Маъбуди Барҳақнинг Ўзига тоат-ибодат қилиш ўрнига уларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар. Бир ояти каримада бутпараст мушрикларга хитоб қилиб шундай дейилади: “Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар, агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир”. (Ҳаж сураси, 73-оят). Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари, деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: “Бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак, албатта улар Охиратда Оллоҳ таоло ҳузурида бизларни шафоат қиладилар, деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.
“Айтинг: “Оллоҳга осмонлар ва Ердаги У Зот билмайдиган нарсалар (шериклар) ҳақида хабар бермоқчимисизлар?! (Оллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг: “Эй мушриклар, сизлар Оллоҳ таолога - Мен Танҳо Илоҳингизман”, деган Зотга, осмонлар ва Ерни, бутун борлиқни, жонли-жонсиз барча мавжудотни то энг кичик заррасигача йўқдан бор қилиб яратган Зотга “Бу дунёда сен билмайдиган нарсалар ҳам бор. Мана бу биз ўзимиз ясаб олган бут-санамларимиз ҳам Сенинг шерикларинг бўлади”, деб хабар бермоқчи бўласизларми?!” Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрикларнинг ширкларидан Покдир, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У тенгсиз Юксак ва Танҳо Маъбуди Барҳақдир.

19. (Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томони-дан (яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари фақат Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ўтмаганида эди, албатта, талашиб-тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар).
“Тафсири Насафий”да ояти каримадаги “Аввалда, одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар,” жумласи Одам алайҳис-саломдан Нуҳ алайҳис салом замонигача бўлган ўн асрлик муддатда барча инсонлар Ислом Динида эдилар, уларнингўртасида ҳеч қандай диний ихтилофлар йўқ эди, кейин бўлиниб кетдилар, деб тафсир қилинган. “Танвирул-азҳон” тафсирида эса одамлар Одам алайҳис-салом замонида ҳаммалари бир миллат - ягона Ислом Динида эдилар, то қачон Одамнингўғилларидан Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдириб, Ер юзида биринчи марта инсон қони ноҳақ тўкилганидан кейин, ўртада ихтилофлар чиқиб, одамларнинг айримлари Ҳақ Динда барқарор бўлиб қолдилар, айримлари эса, динсиз бўлиб кетдилар, дейилади. Яна бошқа уламолар мазкур жумлани аввал-у охир барча инсонлар туғилганларида фитратда - тоза динда бўладилар, сўнгра балоғатга етганларидан кейин баъзилари ўша тоза динда қолсалар, бошқалари бўлиниб, ботил динларга кириб кетадилар, деб тафсир қиладилар ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир туғилган бола фитратда - Ҳақ Динда туғилади, сўнгра ота-онаси уни ё яҳудий қилиб оладилар, ё насроний қилиб оладилар ёки мажусий килиб оладилар,” деган сўзларини далил қилиб келтирадилар. (“Тафсири Куртубий”ва “Тафсири Мунийр” китоблари).
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта, бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин тасаллий беради.
Уламолар: “Ояти каримада сўз фақат мўминлар билан кофирлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида эмас, балки уммати Исломдаги Куръон ва Суннатга оғишмай амал қиладиган мусулмонлар билан Динга бидъат-хурофотларни аралаштириб Исломни ёмонотлиқ қиладиган кимсалар ўртасида бўладиган ихтилофлар ҳақида ҳамдир”, дейдилар. Мусулмонлар ўртасида ҳам турли ихтилофлар бўлиши мумкинлиги ва бундай ҳолатларда мусулмонлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда айтилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай таъсирли мавъиза қилдиларки, ундан таъсирланган кўзлар йиғлади, қалбларга кўрқув тушди. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бу мавъизангиз гўё видолашаётган инсонларнинг сўзига ўхшаяпти. Бизларга қандай васиятингиз бор?”, деб сўраган эди, у зоти бобаракот: “Мен сизларга Ёлғиз Оллоҳдан кўрқишни ва гарчи устингизга қул амир қилиб сайланадиган бўлса ҳам, унга қулоқ солиб, итоат қилишларигизни васият қиламан. Албатта сизлар мендан кейин кўп ихтилофларни кўришингиз аниқдир. Ана ўшанда барчангиз менинг суннатимни ва Тўғри Йўлда барқарор бўлган халифа-ўринбосарларимнинг (яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг) суннатларини маҳкам ушланглар ва озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар - ҳеч қачон у суннатлардан ажраманглар”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти).

20. Улар: “Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза тушса эди”, дейдилар. Бас, (эй Муҳаммад, алайҳис-салом), айтинг: “Ғайб (яъни, келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Оллоҳникидир. Бас, кўз тутаверинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман”.
Яъни, Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг энг Буюк Мўъжизаси бўлмиш Қуръони Азимга қаноат қилиш ўрнига, аввалги умматлардан бирон-тасига насиб этмаган шундай беназир Улуғ Каломни ўзларининг ҳамша-ҳарлари бўлган Ҳазрати Муҳамммад Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилгани учун Яратганга шукроналар айтиш ўрнига: “Муҳаммадга Қуръондан бошқа бирон мўъжиза тушса эди”, дейдилар. Кофирларнинг бу каби талаблари ва уларга берилган жавоблар ҳақида бошқа оятларда ҳам зикр қилинади: “Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғ-у бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (Ҳақ Йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар. Агар хоҳласа Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани - остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот - Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.” (Фурқон сураси, 7-10-оятлар).
“Аниқки, Биз бу Куръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу Ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг) биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо қилмасанг); Ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Оллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча; Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!” (Ал-Исро сураси 89-93-оят-лар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар Сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Ал-Исро сураси, 59-оят).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам замондошларига Қуръони Каримдан бошқа Илоҳий мўъжизаларни ҳам келтирганларига тарих гувоҳдир. Мушриклар осмондаги ойни бўлиб беришни талаб қилишганида у зотнинг бир дуолари билан ўн тўрт кунлик тўлин ой ўртасидан иккига бўлингани, кўп касал кишилар у зот дуо қилишлари билан ўша онда шифо топганлари, кейинроқ, Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Бадр ва Табук ғазотларида озиқ-овқат тақчиллиги сабабли аскарлар қий-налиб қолишганида у зоти бобаракот дастурхонда турган озгина таомга қўлларини теккизишлари билан унга барака кириб, барча саҳобалар тўйиб овқатланганларидан ташқари эртанги кунлари учун ғамлаб ҳам олганлари ва яна бошқа тарихий мўъжизалари у зотнинг оддий инсон эмас, балки Оллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига далолат қиладиган оят - аломатлардандир. Қолаверса, мушриклар шунча мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб турган ҳолда яна гўё ҳеч нарса кўрмагандек: “Муҳаммадга Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза тушса эди”, дейишлари уларнинг ғаразлари Ҳақ Йўлга юриш эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Элчиси эканликларини инкор қилиш бўлганини кўрсатади.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у мушрикларга: “Мен сенларга кўрсатганим шунча мўъжизалар камлик қилдими?” демасдан, аксинча: “Сизлар мендан сўраётган нарса менинг қўлимдаги иш эмас, Оллоҳ таолонинг Ўзигина биладиган ғайбдаги ишдир. Бас, мен ҳам Оллоҳ таоло менга яна қандай мўъжизалар ато этишини кутай, сизлар ҳам энг Буюк Мўъжиза - Қуръонга иймон келтирмаганларингиз учун Оллоҳ таоло сизларга қандай жазо беришини кутаверинглар, деб жавоб берганлари у зотнингҳар бир ишни Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган ваҳий асосида қиладиган ҳақ Пайғамбар эканликларига яна бир равшан далилдир.
Агар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилиб ўтганимиз каби кўплаб мўъжизалари аввал ўтган пайғамбарларга ато этилган мўъжизаларга ўхшаса, у зотга нозил бўлган Қуръон Мўъжизаси бошқа бирон пайғамбарга берилмаган танҳо ва мангу Мўъжизадир. Масалан, кейинги асрларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, илмий кашфиётлар Қуръони Азимда ворид бўлган хабарларга шу қадар мос келадики, ҳақиқий олимлар бугунги бўлаётган ишлар ҳақида бундан ўн тўрт аср аввал нозил бўлган Қуръонда баайни кўриб тургандек айтиб қўйилганига гувоҳ бўлар эканлар: “Дарҳақиқат, Қуръон - энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир”, деб лол қолмоқдалар, унинг Каломуллоҳ эканини тан олмоқдалар ва бу Илоҳий Каломни инсонларга етказган буюк Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмоқдалар.
Асрдан-асрга, йилдан-йилга, балки кундан-кунга Қуръони Азимга иймон келтирган, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мусулмонларнинг ададлари бошқа ҳеч қайси динда кўрилмаган дара-жада кўпайиб бораётганининг ўзи ҳам Қуръоннинг ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган Китоб эканига ва Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломнинг сўнгги Элчи эканликларига далолат қиладиган ҳақиқатдир. Иншооллоҳ, Қиёмат Кунида ҳам уммати Муҳаммаднинг адади аввал ўтган барча умматлар саноғидан кўп бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: “Ҳар бир пайғамбарга ато этилган оят-мўъжизага қараб одамлар унга иймон келтирадилар.
Менга ато этилган мўъжиза - Оллоҳ менга ваҳий қилган Қуръондир. Умид қиламанки, Қиёмат Кунида пайғамбарлар орасида энг тобеси - уммати кўп пайғамбар мен бўлурман”.

21. Қачон Биз бу одамларга уларни ушлаган бало (қаҳатчилик)дан кейин Раҳмат (тўкинлик)ни тотдирсак, баногоҳ улар Бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб, масхара) қилурлар. Айтинг: «Оллоҳнинг «макри» (азоби) жуда тездир». Албатта, Бизнинг элчиларимиз (малоикаларимиз) қилаётган макрларингизни ёзиб қўюрлар.
Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан оят-мўъжиза кўрсатишларини талаб қилган Макка мушриклари (бу ҳақда юқоридаги оятда зикр қилинди), бошларига қаҳатчилик тушиб, пайдар-пай бир неча йил курғоқчилик бўлиб, очарчилик машаққати остида қолиб ҳалок бўлиб кетаёзганларида Пайғамбар алайҳис-саломдан дуо сўраб келганлари, агар мўьжиза юз бериб у зотнинг дуолари Оллоҳ таоло ҳузу-рида қабул бўлса ва улар очарчиликдан халос бўлсалар, албатта у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтиришга ваъда берганлари, аммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳақларига дуо қилгач, Оллоҳ таоло уларга Марҳамат кўргазиб осмондан ёмғирлар ёғдириб, ерлари мўл ҳосил бериб, тўкин-сочинликка етганларида эса Пайғамбар алайҳис-саломга берган ваъдаларини бутунлай унутганлари ва у зотга қарши турли ҳийла-найранглар қилишни бошлаганлари ҳақида хабар берилади.
Оят давомида Жаноби Ҳақ Ўз Расулига Илоҳий Мўъжизанинг гувоҳи бўлиб туриб - Пайғамбарнинг дуоси дарҳол ижобат бўлишини ўз кўзлари билан кўриб туриб, у зотга иймон келтириш ўрнига макр йўлига тушган, у зотни ёлғончи деб, масхара қила бошлаган кимсаларга Оллоҳнинг “макри” - азоби жуда тез эканини, уларнинг қиладиган ҳар қандай макрларини Оллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар ёзиб туришлари аниқ эканини эслатиб қўйишни буюради.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган мушрикларнинг макрлари ҳақида Духон сурасида келган оятларда ва имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам хабар берилган: “Йўқ, улар (яъни, мушриклар қайта тирилиш хусусида) шак-шубҳада бўлиб, (Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг устидан масхара қилиб) ўйнарлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз осмон очиқ (яъни, барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.
Имом Бухорий ривоят қилишларича, қурайшликлар ўз куфру исёнларидан қайтишмагач, Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолодан Юсуф пайғамбар замонларида бўлиб ўтган қаҳатчилик каби бало юборишни сўраган эканлар. Шунда бир неча йил давомида шундай қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлибдики, одамлар қўлларига тушган нарсани ея бошлабдилар ва қуриб-қақшаб кетган Ердан кугарилган чанг-тўзон уларнинг кўзларига тутундек кўрина бошлабди. Ана энди улар Оллоҳ таолога ёлвориб дуо-илтижо қилишга тутинадилар.
«Парвардигор, Ўзинг бизлардан бу азобни аритгин. Албатта, бизлар иймон келтиргувчидирмиз». (Лекин) улар учун қаёқдан ҳам (бошларига тушган бу бало-офатлардан) эслатма-ибрат олиш бўлсин?! Ҳолбуки, уларга очиқ Пайғамбар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) келди, сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун», дедилар-ку?! (Бас, очиқ-равшан мўъжиза - Қуръонни келтирган Пайғамбарга иймон келтирмай, ундан юз ўгирган кимсалар бошқа бирон нарсадан панд-насиҳат олармидилар?!) Албатта, Биз бу азобни (сизлардан) бир оз (вақтгача) аритгувчидирмиз, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар. Биз даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган Кунда (яъни, Бадр жангида ёки Қиёмат Кунида Биз улардан интиқом олурмиз). Зеро, Биз Интиқом олгувчидирмиз”. (Духон сураси, 9-16-оятлар).

22. (Эй инсонлар), сизларни қуруқлик ва денгизда юргизадиган Униннг Ўзидир. То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш - ёқимли шамол билан уларни (яъни, сизларни) олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, баногоҳ бир қаттиқ бўрон туриб, уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг қамалда қолганларини билганларида: «Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз», деб Ёлғиз Оллоҳ учун холис диндор бўлган ҳолларида (яъни, унга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолларида) дуо-илтижо қилурлар.
Ушбу ояти карима аввалида Жаноби Ҳақ Ўзининг инсонларга ато этган буюк неъматларидан бирини эслатади. Яъни, Меҳрибон Парвардигор уларга хоҳлаган жойларига юриб боришлари учун оёқ неъматини берганидан ташқари улар учун бир қадам босмасларидан кўзлаган манзилларига элтиб қўядиган “хизматкорлар”ни ҳам яратиб қўйганини айтади - уларни қуруқликда от-уловлар устида ўтирган ҳолларида, денгиз-дарёларда эса қайиқ ва кемаларда ўтирган ҳолларида юргизиб қўйганини эслатади. Ояти карима давомида Ҳақ таоло мушрикларнинг ўзлари ҳам сиғинадиган турли бут-санамлари уларга бирон фойда етказа олмаслигини жуда яхши билишликларига аниқ далил бўладиган ўта ибратли ҳаётий бир мисол келтиради. Яъни, агар улар сокин денгизда силлиқ сузиб бораётган кемада кайфу сафо қилиб, шод-хуррам кетаётганларида тўсатдан бўрон туриб, устма-уст бостириб келаётган тўлқинлардан кемалари ағдарилиб кетгудек бўлиб, ҳалокат кўзларига кўриниб қоладиган бўлса, ана ўшандай таҳликали вақтларда улар кимга ялиниб-ёлворадилар? Бутларигами? Асло! Ундай вақтда бутлари хаёлларига ҳам келмайди, чунки у ҳолда жонсиз бут-санамлар бутунлай бефойда тош-ёғочлар эканини аниқ билганлари учун уларни тамоман унутадилар ва Ёлғиз Яратганга чин ихлослари билан сиғиниб, дуо-илтижо қила бошлайдилар, агар ҳозир уларга ҳалокатдан нажот берса, бутун умрлари давомида Унга шукр қилиб ўтишларини, Ундан ўзга ҳеч нарсага куллик қилмасликларини айтиб қасамлар ичадилар. Демак, бундай ҳолатларда мушрик кимсалар ҳам бан-даларининг нолаларини эшитадиган, бало-мусибатлар етганда нажот берадиган Зот Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини тан олишлари аниқдир. Аммо кейин-чи? Бу ҳақда қуйидаги оятда айтилади.

23. Энди қачонки (Оллоҳ) уларга нажот бергач, баногоҳ улар Ер юзида ноҳақ зулму тажовузкорлик қилурлар. Эй одамлар, бу тажовузингиз фақат ўзингизнинг зиёнингизгадир. (Сизлар бу арзимас ва қисқа) ҳаёти дунё матоси(дан фойдаланмоқдасиз). Сўнгра Бизга қайтишингиз бордир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурмиз.
Яъни, Оллоҳ таоло уларнинг дуо-илтижоларини қабул қилиб, денгизга ғарқ бўлиб кетишларидан нажот бергач ва эсон-омон соҳилга чиқиб олишгач, Яратганга шукроналар айтиш ўрнига, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, ҳозиргина нақд ўлимдан қутулиб қолганлари бутунлай ёдларидан чиқиб, яна аввалги ҳолларига қайтиб “Ер юзида ноҳақ зулму тажовуз-корлик қилурлар” - яна иймонсиз мушрикларга айланиб оладилар.
Ҳақ таоло тўрт кунлик ҳаёти дунё матосига алданиб қолган, олдиларида ҳали Охират ҳаёти ва Қиёмат Кунининг ҳисоб-китоби борлигини унутган бундай ношукур кимсаларга бу қилмишлари, яъни, бошларига фалокат тушганида Ёлғиз Оллоҳга сиғиниб, Унинг Ўзига ёлвориб дуо-илтижолар қилиб, сўнгра У Зотнинг мадади билан хатардан қутулганларидан кейиноқ яна куфр-бузуқлик йўлига қайтиб олишлари фақат ўзларига зиён эканини айтиб огоҳлантиради ва Эртага, ҳаммалари Унинг ҳузурига қайтганларида уларга қилиб ўтган барча қилмишлари учун адолатли жазо бериши аниқ эканини билдиради.
Мушрик-кофирларни бу тарзда огоҳлантирган оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “(Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг Фазлу Марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга Меҳрибондир. Денгизда сизларга бирон мусибат етганида, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. (яъни, бало-мусибатлардан сизларни Ёлғиз Оллоҳ қутқарур). Энди қачонки, У Зот сизларга нажот бериб қуруқликка (чиқариб қўйгач), сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир. Ёки (Оллоҳ) сизларни куруқлик томонида ҳам (Ерга) юттириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?! Ёки У Зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ бўрон юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли сизларни ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?!” (Ал-Исро сураси, 66-69-оятлар).

24. Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган сувга ўхшайдики, одамзот ва чорва ҳайвонлари ейдиган нарсалардан иборат бўлган Ер набототи у (сув) сабабли бир-бири билан аралашиб-туташиб, ҳатто Ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва (Ер) аҳли унга (яъни, Ерни қоплаган экин-тикинларни ўриб-янчиб олишга) қодирмиз, деб ўйлай бошлаганида, баногоҳ (Ерга) кечаси ё кундузи Бизнинг Фармонимиз келади-да, Биз уни гўё куни-кеча обод бўлмагандек, «ўриб» (вайронага айлантириб) қўюрмиз. Биз тафаккур қиладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз.
Юқоридаги оятда ҳаёти дунё матоларига берилганлари сабабли зулму тажовузкорлик йўлига кирган ва Оллоҳ таолога ширк келтирган кофир кимсаларга хитоб қилиниб, уларнинг бу қилмишлари фақат ўзларига зиён эканини айтиб огоҳлантирилгач, энди бу ояти каримада Ҳақ таоло динсиз кимсалар сиғинадиган дунё ҳаёти қанчалар қисқа, қўнимсиз ва бебақо эканига ўта ибратли бир мисол келтиради: Дарҳақиқат, ҳаёти дунё худди Оллоҳ таоло осмондан ёғдирган ёмғир сабабли Ердан униб чиқадиган набототга ўхшайди. Ўсимликлар оламининг полизларга экиладиган экин-тикинлари, дон-дунлари ва боғ-роғларидан олинадиган мева-чевалари одамлар учун таом бўлса, дала-даштларда униб-ўсадиган ўт-ўланлар чорва ҳайвонлари учун емиш бўлади. Агар ана ўша наботот оламига ибрат кўзи билан назар солсак, кўпинча даҳшатли бир манзаранинг гувоҳи бўламиз: Дастлаб, осмондан тушган сув сабабли “ўлик” Ер тирилади-тупроқни ёриб чиққан турли-туман ўсимликлар, ўт-ўланлар, аста секин барг ёзиб, палак отиб, бир-бирларига туташиб, бутун заминни қоплаб олади, кейин дала-дашт, боғ-роғлар қийғос гуллаб, худди ёш келинчаклардек “ясан-тусан” қилиб, безаниб, ҳаммани ўзига қаратади, сўнгра мева тугиб, пишиб етилади ва энди одамлар хурсанд бўлишиб, мўл ҳосил олишларига ишонишиб, ана-мана йиғиб-териб оламиз деб турган пайтларида, Яратганнинг Амри билан кечасими, кундузими, ҳеч кутилмаган бир “табиий офат” келади-да, бирон нарса қолмай, бир кунда бутун ҳосил нобуд бўлади, экин-тикинларига, боғ-роғларига маҳлиё ва мафтун бўлган одамлар бир кунда барча нарсалардан маҳрум бўлганларича қолаверадилар! Қиссадан ҳисса шуки, худди шунга ўхшаб ҳаёти дунёга, унинг ялтир-юлтур матоларига мафтун бўлган ва “мен мана шу дунёнинг эгасиман”, деб ўйлайдиган кимсалар ҳам бир куни, улар жуда хотиржам ҳолларида дунёларига маҳлиё бўлиб турган пайтларида тўсатдан Оллоҳ таолонинг Амри билан бошларига бир бало-офат келади-да, улар бир нафасда ўзлари сиғиниб, куллик қилиб келган дунёларидан бутунлай маҳрум бўлиб, қуруқ қўл билан қолаверадилар, яъни, ҳаёти дунёдан бирон яхшилик қилмасдан чиқиб кетаверадилар!
Ояти карима ниҳоясида Жаноби Ҳақ инсонлар учун ибрат бўладиган бу каби оятларни тафаккур қила оладиган одамлар учун баён қилишини таъкидлайди. Инсонларга ҳаёти дунёнинг бебақолигини эслатувчи оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтириш-дир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни саргайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Оллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир”. (Ҳадид сураси, 20-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг! (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, (аввал - киши ҳаётинииг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-би-рига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач), шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Оллоҳ ҳамма нарсага Қодир бўлган Зотдир”. (Каҳф сураси, 45-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қуриб-қовжирар, бас, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Оллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир”. (Зумар сураси, 21-оят).

25. Оллоҳ тинчлик-омонлик диёрига - жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.
Аксари муфассирлар: “Ояти каримадаги “Салом” - Оллоҳ таолонинг сифатидир, “Дорус-Салом” - “Оллоҳнинг ҳовлиси” деганидир. Каъба Оллоҳнинг Уйи бўлгани каби жаннат - Оллоҳнинг Ҳовлисидир”, деб тафсир қилганлар. Яна бошқа уламолар эса: “Оятдаги “Салом” сўзи омонлик деган маънодадир. Жаннатнинг омонлик диёри деб номланганининг сабаби унга кирган инсонлар ҳар қандай бало-офатлардан омонда бўладилар, дейдилар.
Шунингдек, бошқа бир жамоа “Салом” сўзини қуйидагича тафсир қил-ганлар: “Жаннатнинг “Дорус-салом” деб аталишига сабаб унинг ҳамма томонларида аҳли жаннат учун салом - тинчлик, омонлик ва осойишталик бордир: “(У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур)” (Ҳижр сураси, 46-оят). “Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилган, намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар - ана ўшалар учун Охират диёрида абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ кишилар билан бирга кирур-лар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): «(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!”. (Раъд сураси, 22-24-оятлар).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар)”. (Вок,еа сураси, 25-26-оятлар).
“Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорнинг Изни-Иродаси билан у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашдир”. (Иброҳим сураси, 23-оят).
“(Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”. (Ёсин сураси, 58-оят).
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, «Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир Нур пайдо бўлур. Шунда улар бошларини кўтариб... «Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат», деб турган Парвардигори оламни кўрурлар”.
Ояти каримада Оллоҳ таоло барча инсонларни тинчлик диёри бўл-миш жаннатга даъват қилиши, аммо У Зот ўша диёрга олиб боргувчи Тўғри Йўлга - Исломга фақат Ўзи хоҳлаган - суйган бандаларини ҳидоят қилиши айтилди. Бас, маълум бўладики, Тўғри Йўлга юриш Фармони барча-га буюрилган бўлса-да, у Йўлга юриш бахти ҳаммага ҳам насиб этмайди, балки буюк бахтга кимлар лойиқ экани Ёлғиз Оллоҳ таолога маълумдир-ки, У Зот ана ўша бандаларинигина Тўғри Йўлга - Дини Исломга ҳидоят қилади.

26. Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли (мукофот) ва зиёда (неъматлар) бордир. Уларнинг юзларини қаролик-ғубор ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.
Яъни, бу дунёдан иймон билан чиройли амаллар қилиб ўтган зотлар учун Охиратда гўзал оқибат - жаннат бордир.
Ояти каримадаги “зиёда (неъматлар)”дан мурод, буюк саҳобалар Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа ибн Ямон, Абу Мусо Ашъарий ва Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳумнинг айтишларича, Оллоҳ таолони кўришдир. Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқидилар ва айтдилар: “Қачон аҳли жаннат жаннатга, аҳли дўзах дўзахга киргач, бир жарчи: “Эй аҳли жаннат, сизларга Оллоҳнинг бир ваъдаси бор эди, У Зот ўша ваъдани ҳозир нақд қилишни ирода қилди,” деб жар солади. Шунда жаннат аҳли: “Бу қандай ваъда? Ахир У Зот тортилган яхши амалларимизни оғир қилдику, юзларимизни ёруғ қилдику, бизларни жаннатга киритиб, дўзахдан паноҳ бердику?” дейишганида, баногоҳ парда кўтарилиб, улар Оллоҳнинг Юзини кўрурлар. Бас, уларга ато этилган неъматларнинг энг суюклиги Оллоҳ таолонинг жамолини кўришлари бўлади”. (Муслим ва Термизий ривояти).
“Уларнинг юзларини бирон қаролик - ғубор ҳам, хорлик ҳам қопламас”.
Ушбу жумлани мана бу оятлар тафсир қилади: “У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир! (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).
Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. “Саҳиҳул-Бухорий”да ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни, худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек, очиқ-аён кўрурсизлар».
“У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва хуррам бўлур. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб, У (юз) ларни қаролик қоплаб олур!” (Абаса сураси, 38-41 -оятлар).

27. Ёмон амаллар қилган кимсалар учун эса ўша (ёмонликлари) баробарида ёмон жазо бўлур ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Оллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан) сақловчи бўлмас. Уларнинг юзларини гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплаб олгандек. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.
Юқоридаги оятда ҳаёти дунёдан чиройли амал қилиб ўтган мўмин-ларга ато этиладиган чиройли мукофот зикр қилиниб, улар жаннатда мангу қолишлари айтилган бўлса, ушбу оятда дунёдаги ҳаётларини ёмон-лик - куфр билан ўтказган динсиз кимсаларнинг мангу дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳақида хабар берилади. Одил Подшоҳ ёмонликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Ояти каримада зикр қилинган “ёмон амаллар”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш каби ёмонликлардир. Юқорида айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
“Ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Оллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан) сақловчи бўлмас. Уларнинг юзларини гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплаб олгандек. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар”.
Ҳақ таоло ушбу оятларда Қиёмат аҳволидан хабар беради. Оллоҳ таолога иймон келтирган, Унинг элчиларини тасдиқ этган, Унинг Амрига итоат қилган, қайтарганларидан қайтган мўминларнинг юзлари У Кунда ёруғ - оқ бўлишини; иймонсиз ўтган, Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилган, Унинг Амрига итоат этмаган, динларини бўлиб - ёриб фирқа-фирқа бўлиб кетган кофирларнинг юзи У Кунда қора бўлишини айтади.
Маълумки, бу ҳаёти дунёда одамларнинг яхши ёки ёмонлигини суратларига - юзларига қараб ажратиб бўлмайди. Бу дунё имтиҳон дунёси дейилишининг сири ҳам мана шунда. Яъни, имтиҳон пайтида ким ҳақ, ким ноҳақ эканини билиб бўлмайди. Эртага, баҳолар кўйиладиган Кунда Танҳо Подшоҳнинг Ўзи ким Унинг Имтиҳонидан ўтиб, юзи ёруғ бўлганини, ким бу Илоҳий Имтиҳондан йиқилиб, юзи қора бўлганини айтади, имтиҳон баҳоларини барча халойиқ кўз ўнгида эълон қилади.
“Танвирул-азҳон”да ушбу оятлар тафсирида айтилибди: “Билгилки, жаннатга кириш Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билан бўлур, у жойдаги даража-мартабаларнинг тақсимоти бандаларнинг қилган амалларига яраша бўлур, жаннатда мангу қолиш эса, ниятларга яраша бўлур, яъни, мўмин банда ҳаёти дунёдалик пайтида - вақтинчалик ҳаётида: “Умримнинг охиригача Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламан”, деб ният қилгани ва ўша ниятида бир умр собит бўлгани учун мангу Охиратдаги ҳаётида жаннатларда мангу яшайди. Кофирларнинг дўзахга кириши бўлса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан бўлур, у жойдаги азобнинг табақалари - турлари уларнинг қилган амалларига яраша бўлур, ўша дўзахда мангу қолиш эса, ниятларга яраша бўлур, яъни, кофир кимса ҳаёти дунёдалик пайтида бир умр куфр келтириб, мушрик ҳолда яшашга ният қилгани ва ўша нияти билан ўлгани учун мангу Охиратда дўзахда мангу қолади”.

28-29. У Кунда (Қиёматда) Биз уларнинг (яъни, инсонларнинг) ҳам-маларини тўплаймиз, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар ҳам, (Оллоҳга) шерик (қилиб олган) бутларингиз ҳам жойингиздан жилмангиз!», деб уларнинг ўрталарини ажратурмиз (яъни, мушриклар дунёда доим бирга бўлиб, сиғиниб юрган бутларидан ажралиб қолурлар) ва бутлари (уларга): «Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.
Ушбу оятларда Ҳақтаоло Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар беради. Яъни Оллоҳ таоло У Кунда жамийки инсонларни бир жойга тўплагач, Одам алайҳис-саломдан бошлаб Қиёмат қойим бўлиши олдида дунёга келган охирги инсонгача барча инсонлар кўз ўнгида мушрикларга: “Сизлар ҳам, сизлар Оллоҳнинг шериклари деб даъво қилган бут-санамларингиз ҳам, барчаларингиз то ҳаёти дунёда қилган қилмишларингизнинг ҳар бири тўғрисида сўралмагунингизча жойларингиздан жилмай - қимирламай туринглар”, деб мушрик кимсаларни алоҳида, уларнинг бир умр сиғиниб ўтган бутларини алоҳида қилиб, бир-бирларидан ажратиб қўяди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар”. (Вас-соффот сураси, 24-оят).
Шунда Оллоҳ таоло бут-санамларга тил ато этади ва улар ўзларига сиғиниб ўтган мушрикларга: “Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун сизларнинг бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.”
Шундай қилиб, “Мана игу (бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”, (Юнус сураси, 18-оят) деб юрган мушриклар Қиёмат Кунида ўзларининг “қўлловчилари”дан ажралиб қоладилар.
Дарҳақиқат, эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз бутлар мушрикларга: “Сизлар бизга сиғинсангизлар, биз Оллоҳ ҳузурида сизларни шафоат қиламиз”, дея олмасликлари, Оллоҳ таолога ширк келтиришни мушрикларга фақат ҳавойи нафслари буюргани аниқдир. Бас, у бутлар бутпарастларнинг чўқиниб-сиғинганларидан ғофил - бехабар эканликлари ҳам аёндир.

30. Ўша жойда ҳар бир жон қилиб ўтган ишидан хабардор бўлур. Улар ҳақиқий Хожалари - Оллоҳга қайтарилдилар. (Мушрикларнинг) ўйлаб, тўқиб чиқарган бутлари эса улардан ғойиб бўлди.
Яъни, барча халойиқ ҳисоб-китоб учун тўпланадиган ана ўша Қиёмат Кунида ҳар бир жон умр бўйи қилиб ўтган иш амалларидан қай бири яхши, фойдали амал-у, қай бири ёмон, бефойда иш бўлганини билиб олади. Чунки у Кун барча сирлар очиладиган Кундир: “Шак-шубҳасиз, (Оллоҳ) уни сирлар фош қилинадиган (Қиёмат) Кунида қайта тирилтиришга Қодирдир”. (Ториқ сураси, 8-9-оятлар).
У Кунда ҳамма инсонлар, жумладан, мушриклар ҳам Ҳақиқий Хожалари бўлмиш Оллоҳ таоло хузурига қайтариладилар ва мушрикларнинг ўз-лари тўқиб-бичиб олган афсоналари - ўзларича Оллоҳ таолонинг шериклари деб ўйлаган бутлари ҳам, “Мана шу бутларимиз бизларни Оллоҳ ҳузурида қўллайдилар”, деган хом хаёллари ҳам улардан ғойиб бўлиб қолади. Ахир барча махфий ишлар очиладиган, яширилган сирлар ошкор бўладиган ва ҳақиқат юзага чиқадиган Қиёмат Кунида ҳатто айрим мусулмонлар тўғри ва муҳим деб ўйлаган, керакли деб ҳисоблаган, аслида эса номуҳим ва зарурияти бўлмаган кўп нарсалар ҳам кўздан ғойиб бўлиб, ҳеч қандай фойдаси тегмай қолади-ю, қандоқ қилиб у Кунда мушрикларнинг бутунлай ботил ақийдалари ва сохта “илоҳлари” ғойиб бўлмасин?!
Ҳикоя қилинишича, Жунайд раҳимаҳуллоҳ вафот қилганидан кейин айрим кишиларнинг тушларига кирди. Шунда улар Жунайддан ҳол-аҳвол сўрашганида, у: “Одамлар бизга ишора қилиб берган юксак баҳолари йўқ бўлди, бизнинг уларга айтган чиройли-таъсирли ибораларимиз ҳам, ўрганган кўп илмларимиз ҳам ғойиб бўлди, фақат саҳар пайтлари қилган рукуъ-саждаларимизгина бизга асқотади”, деб жавоб қилган экан. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).
Агар эътибор қилсак, ояти каримада Қиёмат Кунида барча Оллоҳ таоло ҳузурига қайтишлари ва мушрикларнинг сиғинган бут-санамлари ва ботил ақийдалари у Кунда ғойиб бўлиб қолиши ўтган замон сийғасида - шаклида айтилди.
Қачон келиши Ёлғиз Оллоҳ субҳонаху ва таолодан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган Қиёмат Кунида рўй берадиган воқеа-ҳодисалар ҳақида бўлган воқеа шаклида айтилишига сабаб, у Куннинг келиши аниқ эканини таъкидлашдир.

31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Оллоҳ», дейдилар. Бас, Сиз айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!»
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга мушрик кимсалардан мазкур тўрт саволга жавоб беришларини талаб қилишни буюради ва улар бу саволларга қандай жавоб беришларини ҳам аниқ айтади. Биринчи савол: Айтинглар-чи, осмондан сизларга ва барча жонли-жонсиз мавжудотга ризқ бўладиган ёмғирни ким ёғдиради ва у сабабли Ердан сизларга ва барча жонзотга ризқ бўладиган дон-дун, мева-чева, гул ва ўт-ўланларни ким чиқаради? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?! “Агар (Оллоҳ) Ўзи ато этадиган ризқни ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!”
(Мулк сураси, 21-оятдан). Ёки сиғиниб-чўқинаётган мана шу жонсиз бутларингиз сизларга бирон нарса бера оладими?!
Иккинчи савол: Қулоқ ва кўзларингизни яратиб, уларга эшитиш-кўриш хусусиятларини ато этган Эгаси ким? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?! “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у кофирларга) айтинг: «У (Оллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар”. (Мулк сураси, 23-оят).
Бу жумлада инсон аъзоларидан қулоқ ва кўз зикр қилинишига сабаб, бу икки аъзо билиш ва ўрганишнинг асосий воситаларидир.
Алий каррамаллоҳу важҳаху: “Ёғ билан кўрсатиб, суяк билан эшиттириб, гўшт билан сўзлатиб кўйган Зот хдр қандай айб-нуқсондан Поқцир”, дер эди.
Инсоннинг эшитиш ва кўришга бўлган эҳтиёжи сўзлашга бўлган эҳтиёжидан кўпроқ эканлиги сабабли Оллоҳ таоло унга икки қулоқ, икки кўз ва бир тил ато этди.
Учинчи савол: “Ким ўлиқдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур?” Ёлғиз Оллоҳ эмасми?!
Бу жумлада ўлик данак, тухум, нутфа (маний - шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча, тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши - буларнинг барчаси Ёлғиз Оллоҳнинг Амри билан бўлиши ифодаланган.
Оллоҳ таоло ўликдан тирикни, тириқцан ўликни чиқаришининг яна бир маъноси - қанчадан қанча динсиз кофир, демакки, ўлик бўлган аждодлардан аҳли иймон, аҳли Ислом авлодларни, демакки, тирикларни дунёга келтириши ва аксинча, иймонли, мусулмон аждодларнинг авлодлари орасидан динсиз, иймонсиз кимсалар ҳам чиқишидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Оллоҳ таоло ўлиқдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаришига яна бошқа мисоллар келтириб, айтади: “Оллоҳ кофирдан (яъни, ўликдан) мўминни (яъни, тирикни) чиқаради. Бунинг мисоли Иброҳим алайҳис-саломдир; мўминдан кофирни чиқаради. Бунинг мисоли Нуҳ алайҳис-саломнинг ўғлидир. Яна У Зот ибодатли кишидан итоатсиз фосиқни ва унинг аксини, жоҳилдан олимни ва унинг аксини, аҳмоқдан донони ва унинг аксини чиқаради”.
Тўртинчи савол: “Ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!”.
Яъни, борлиқдаги барча мавжудотга уларнинг ўрин ва вазифаларини белгилаб берган, ҳар бир мавжудотга ўз вазифасини адо этиш салоҳиятини ато этган ва улар ўзларига юкланган вазифаларни қандай бажараётганларини назорат қилиб турган Зот ким? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?!
Бу саволларга ҳатто мушрик кимсалар ҳам - агар улар ҳамма нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган ва вақтўтиши билан секин-аста ривожланиб бир нарса бошқа нарсага айланиб борган, ҳатто маймун ҳам одамга айланган дейдиган даражада аҳмоқ бўлмасалар - албатта: “Зикр қилинган сифатларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳдир”, деб жавоб беришлари тайиндир. Ана шунда Ҳақ таоло Ўз Расулига буюради: Сиз уларга айтинг: “Бас, сизлар ҳам барча нарсани йўқдан бор қилган ва Ўз Қудрат ва Ҳикмати билан тадбир қилиб бошқариб турган Зот Танҳо Оллоҳ эканини билар экансизлар, у ҳолда нега Ундан кўрқмасдан: “Оллоҳнинг шериклари бор”, деб ширк келтирмоқдасизлар?!”.

32. Бас, ана ўша Оллоҳ - Ҳақиқий Павардигорингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Парвардигорингиз бўлмиш Оллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Яъни, эй мушриклар, ана Ўша Зот - сизлар ўзларингиз юқорида мазкур бўлган сифатларнинг Эгаси эканини эътироф этганингиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина Ҳақиқий Парвардигорингиздир. Чунки Ёлғиз Унинг Ўзи сизларни йўқдан бор қилиб яратди, сизларга ризқ берди, Унинг Ўзи барча ишларингизни тадбир қилур - узлуксиз бошқариб турур. Демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот Танҳо Оллоҳ таолодир. Бас, ким мана шу Ҳақиқатдан хатлаб ўтса, яъни, Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш ўрнига яна бошқа кимгадир ёки нимагадир қуллик қилса, сиғинса ундай кимсанинг йўлдан озгани, адашгани аниқдир. Бас, сизлар, эй мушриклар, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! Нега Тўғри Йўлдан - Ҳақиқий Роббингиз бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилишдан юз ўгириб, ботил бут-санамларга сиғинмоқдасизлар?!
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳақ Парвардигор эканини таъ-кидлайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида Оллоҳ таолога ҳамд айтганларидан сўнг: “Антал-Ҳақ - Сен Ҳақдирсан”, дейдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳақ деган сўзнинг луғавий маъноси - рост, аниқ, собит, тан олинган деганидир. Бу маъноларнинг барчаси фақат Оллоҳ таолонинг Зоти ва Сифатларида мавжуддир. Агар биргина мисол келтирсак, Оллоҳ таолонинг Борлиги Ҳақдир. Чунки У ҳеч қачон йўқ бўлмаган ва ҳеч қачон йўқ бўлмайди. У Азалий ва Абадийдир. Қолган нарсаларнинг барчаси аввалда йўқ бўлган ва Оллоҳ яратганидан кейингина бор бўлган, аммо уларнинг борлиги ҳам абадий эмас - Оллоҳ хоҳлаган соатда яна йўққа айланади. Демак, Бор деган сифат ўзининг тўлиқ маъносида фақат Оллоҳ таолога нисбат берилганда Ҳақиқат айтилган бўлади, қолган барча нарсанинг борлиги унинг азалий эмаслиги, Яратганнинг Амри билан пайдо бўлгани ва эртага йўқ бўлиш эҳтимоли бўлгани эътибори билан ўта нисбийдир, шунчаликки, йўқ деса ҳам бўлгудек. Худди арабнинг буюк шоири Лабийд айтганидек:
“Билгилки Оллоҳдан ўзга барча нарса ботилдир”.
Оллоҳ таолонинг қолган барча Сифатлари ҳам худди Унинг Борлик Сифати каби Азалий ва Абадий Ҳақиқатдир. Шунингдек, Унинг буюрган Дини - Ислом бирдан-бир Ҳақ Диндир, ягона Тўғри Йўлдир. Ояти кари-мада таъкидланишича, ким мана шу Ҳақ Диндан бошқа йўлларга бир қадам босадиган бўлса ҳам, залолатга кетган-адашгани аниқдир. Ундай кимса Ҳақнинг чегарасидан чиққан заҳоти залолатнинг ичида турган бўлади. Чунки Ҳақ билан ботилнинг ўртасида учинчи бир мартаба йўқдир.

33. Худди шунингдек, итоатсиз бўлган кимсалар устига иймон келтирмаганлари сабабли Парвардигорингизнинг («Албатта жаҳаннамни кофирлар билан тўлдирурман», деган) Сўзи ҳақ бўлди.
Аксари муфассир уламолар ушбу ояти каримани шундай тафсир қилганлар: Ёлғиз Оллоҳ Парвардигоримиз экани Ҳақ бўлгани каби Оллоҳ ва Расулига итоат қилмасдан бутун ҳаётларини фосиқлик билан ўтказган кимсалар устига иймон келтирмаганлари сабабли Парвардигоримизнинг азоби тушиши ҳам худди шундай Ҳақдир.
Аллома Ибн Касийр эса ўзининг “Қуръони Азим” тафсири”да: “Ушбу оят мушриклар ҳақидадир. Яъни, улар Оллоҳ таоло Холиқ - Яратгувчи, Раззоқ - ризқ ато этгувчи ва борликдаги барча ишларни тадбир қилиб - бошқариб тургувчи эканини эътироф этиб туриб, Ёлғиз Унга ибодат қилиш ўрнига ширк келтириб кофир бўлганлари каби уларнинг устига Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳам Ҳақ бўлди”, деб тафсир қилади ва мана бу оятни келтиради: “Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганлари-да, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар”. (Зумар сураси, 71-оят).
“Тафсири Мунийр”да яна шундай тафсир ҳам келтирилибди: “Худди Ёлғиз Оллоҳ Парвардигоримиз экани Ҳақ бўлгани каби ўз куфр ва залолатларида оёқ тираб туриб олган фосиқ кимсалар устига Оллоҳ таолонинг: “Улар ҳеч қачон иймон келтирмайдилар”, деган Сўзи ҳам Ҳақ бўлди, демак, улар ҳеч қачон иймон келтирмайдилар”.
Бу ҳақда ушбу суранинг 96-97-оятларида ҳам айтилгандир: “Албатта устларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби тушиши) ҳақ бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар”. (Юнус сураси, 96-97-оятлар).

34. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида аввал-бошда ўзи яратиб, сўнгра яна қайта ярата оладиган биров борми?!» Айтинг: «Оллоҳ аввал-бошда Ўзи яратиб, сўнгра Ўзи яна қайта яратур. Бас, қаёққа ўгирилиб кетмоқдасизлар?!»
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш эса ботил иш эканига яна бошқа бир ҳужжатдир. Ҳақ таоло ўз Расулига буюради: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушриклардан шундай деб сўранг: “Айтинглар-чи, сизлар “илоҳ” деб сиғинаётган бут-санамларингиздан биронтаси бирон нарсани аввал йўқдан бор қилиб яратиб, сўнгра ўзи хоҳлаган соатда уни яна қайтадан яратиб жон ато эта оладими?!”
Албатта, мушрик кимсаларнинг бу саволга: “Ҳа”, деб жавоб қила олмасликлари тайиндир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга мана бу сўзларни айтишга буюрилдилар: “Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи барча нарсани аввал-бошда йўқдан бор қилиб яратади, сўнгра Ўзи хоҳлаган соатда уни яна қайтадан яратади - қайтадан тирилтиради. Бас, шундай экан, яъни, яратадиган ҳам, сўнгра қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиб, жаннат ёки дўзахга киритадиган ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзи экан, сизлар, эй мушриклар, Ўша Зотнинг Танҳо Ўзига ибодат қилиш ўрнига қаёққа ўгирилиб кетмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқдасизлар, Ҳидоятни тарк этиб залолатни танламоқдасизл ар?! ”
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги айтилгач, қуйидаги оятда Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимда топилмайдиган яна бир Сифат ҳақида сўз боради.

35. Айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида Ҳақ Йўлга ҳидоят қила оладиган биров борми?!» Айтинг: «Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур. Энди (ўзларингиз айтингларчи), Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган Зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрик кимсалардан сўранг -“сизлар сиғинаётган бут-санамларингиздан ёки эргашаётган доҳийларингиздан биронтаси бирон кишини Ҳақ Йўлга ҳидоят қила оладими, адашган кимсага Тўғри Йўлни кўрсатиб қўя оладими?! Ахир улардан би-ронтаси бировни Тўғри Йўлга ҳидоят қила олмаслиги аниқку?! Жонсиз бутларингиз бўлса, қаёққа қаратиб кўйсангиз, ўша ёққа “қараб” тураверадиларку, жонли “бутларингиз” - доҳийларингиз эса сизларни Тўғри Йўлга бошлаш у ёқда турсин, ўзлари қаёққа кетаётганлирини билмайдиларку?!”
Албатта, мушрик кимсаларнинг бу саволга “Ҳа, бутларимиз бизларни Тўғри Йўлга ҳидоят қила оладилар”, деб жавоб бера олмасликлари тайиндир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга мана бу сўзларни айтишга буюрилдилар: “Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур. Энди Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган Зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм чиқармоқдасиз?! ”
Яъни, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи элчилар юбориб, Китоблар нозил қилиб, бандаларига Тўғри Йўлни кўрсатади, инсонга билим, маърифат ҳосил қилиши учун калит бўлган ақл, қалб ва бошқа ҳис қилиш аъзоларини ато этади. Ана энди сизлар, эй мушриклар айтингларчи, итоат қилинишга ким ҳақлироқ? Бандаларини Ҳақ Йўлга ҳидоят қилувчи Оллоҳ таоло ҳақлироқми, ёки жонсиз бўлганлари учун жойларидан жила олмайдиган бут-санамларми ё ҳеч кимни ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзлари ҳидоятга муҳтож бўлган кимсаларми?! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ақли хуши жойида бўлган ҳар бир инсон: “Ёлғиз Оллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиш фарз”, дейиши аниқдир. Аммо сизлар-чи, эй мушриклар, сизларга нима бўлди?! Қайси ақл билан сизлар: “Оллоҳнинг шериклари бор”, деб ҳукм чиқармоқдасизлар?! Қандай хужжат билан қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга сиғиниб - чўқиниб, ҳар ишга Қодир бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат-итоат қилишни тарк этмоқдасизлар?! Ахир сизларнинг бу қилмишларингиз ақлли одамлар қиладиган иш эмаску?!

36. Уларнинг кўплари (жонли-жонсиз бутларга сиғинишларида) фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини боса олмайди. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган иш-ларини Билгувчидир.
Яъни, кўпчилик мушрикларнинг ўзлари ясаб олган бут-санамларини “илоҳлар” деб эътиқод қилишлари, ўша “илоҳлари” уларни Охиратда шафоат қилади деб ўйлашлари бирон Илоҳий Китобда битилмаган, бирон пайғамбар томонидан айтилмаган, илмий жиҳатдан ҳам асосланмаган қуруқ гумонлардир, уларнинг ота-боболаридан қолган бузуқ хурофотлардир. Мушриклар ана ўша асоссиз гумонларга эргашиб юрибдилар, холос.
“Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини боса олмайди”.
Яъни, инсон, хусусан диний эътиқод масъаласида турли гумон ва хом хаёлларга эргашиши асло дуруст эмасдир, балки фақат энг ишончли диний-илмий манбаъларга асосланган иймон-эътиқодгина ҳақиқий эъти-қоддир.
Мушрик-кофир кимсалар эса ўзларининг хурофий ақийдаларига эргашиб, ҳақиқий эътиқод асоси бўлган Қуръондан юз ўгирмоқдалар, Каломуллоҳни “аввалгилардан қолган афсона”, демоқдалар, у Буюк Китоб оятларини етказаётган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқармоқдалар! “Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ишларини Билгувчидир”.

37. Ушбу Куръон Оллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У ҳеч шак-шубҳасиз бутун оламлар Парвар-дигори томонидан нозил бўлган ва Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби Китобларни) тасдиқловчи муфассал Китобдир.
Ушбу ва қуйидаги оятлар Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Каломуллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Қуръони Карим Оллоҳ таолодан бошқа биров томонидан тўқиб чиқарилган бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги айтилади. Чунки у Калом фасоҳат - гўзаллиги ва балоғат - етуклиги билан, ўта катта маъноларни саноқли сўзларда ифодалаши билан, ўқиган-тинглаган кишига бера-диган, бошқа бирон нарсада топилмайдиган ҳаловати билан, ғайб оламидан етказган хабарлари билан, буюрган қонун-қоидалари ҳеч қачон эскирмаслиги билан ва ниҳоят, ҳар бир калимаси мўминнинг ҳам дунёсига, ҳам Охиратига фойдали эканлиги билан ўзининг Каломуллоҳ эканини, махлуқларнинг сўзларига мутлақо ўхшамаслигини ўзи исботлаб туради. Тарих китобларидан маълумки, ҳатто Макка мушрикларининг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканини инкор қила олмайди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккада кечган ҳаётларидан тўла хабардор бўлган бу кофир кимса: Муҳаммад ҳеч қачон бирон инсонга ёлғон сўзламаганку, энди Оллоҳ шаънида ёлғон сўзлайдими?! дейишга мажбур бўлади.
Ушбу Китоб илгари Мусо ва Ийсо пайғамбарларга нозил қилинган Таврот, Инжил каби Илоҳий Китобларни тасдиқлайди, у Китобларда буюрилган Оллоҳ ва Охират Кунига иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш, солиҳ амаллар ва гўзал хулқлар соҳиби бўлиш каби Исломий ақийда асосларини энг баркамол суратда ифодалаш билан бирга Шариати Исломиядаги барча қонун-қоидаларни муфассал баён қилади.
Ояти каримада зикр қилинган мавзу кейинроқ Мадинада нозил бўлган Моида сурасида, янада мукаммал тарзда баён қилинади. Қуйида ана ўша ояти каримани тафсири билан келтириб ўтамиз: “Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Оллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир уммат учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир умматга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Оллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг У Зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур. (Моида сураси, 48-оят).
Юқоридаги оятларда Таврот, Инжил тўғрисида ва аҳли Китоб - яҳудий, насронийлар ҳақида баён қилингач, энди ушбу ояти карималарда Ҳақ таоло Ўзининг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотга энг афзал ва энг улуғ Китоб - Қуръони Азимни нозил қилганини айтади ҳамда у Китобнинг сифатларини санаб, аввало Қуръонни Ҳақ билан нозил қилгани, яъни, Ундаги ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф Ҳақиқат экани, Унинг бирон ҳарфини ўзгартириш, олиб ташлаш ёки Унга бирон ҳарф кўшиш матлақо мумкин эмаслиги, комил Ҳақиқатни истаган инсонлар уни фақат мана шу Китобдангина топишлари мумкин экани ҳақида хабар беради.
Сўнгра бу Китоб ўзидан аввал нозил бўлган Таврот, Инжил каби китобларни ҳам Оллоҳнинг Каломи деб тасдиқлайдиган Китоб эканини, шунингдек, бу Китоб аввалги китоблар устида гувоҳ бўлиб туришини, яъни, аҳли китоблар Тавротдан, Инжилдан деб айтаётган сўзларининг қай бири ростдан ҳам Оллоҳ таоло бани Исроил қавмига нозил қилган Таврот, Инжилдан эканини, қай бири яҳудий-насронийлар ўзлари тўқиб олган сўзлар эканини ажратиб берадиган, аввал келган Китоблардаги ҳақиқий, ҳукми тўхтатилмаган баъзи бир оятларни ҳам ўз ичига олган Китоб эканини айтиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга агар аҳли китоблар бирон масъала - можарода ҳукм сўраб келадиган бўлсалар, Оллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилишни, ўзларига келган Ҳақ Ҳукмдан юз ўгириб, аҳли китобларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб кетмасликни буюради. Эсласак, аввалги оятлардан бирининг тафсирида яҳудийлар оилали зинокор эркак ва зинокор аёлни келтиришиб, ҳукм сўрашгани, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам улардан ўзларининг Китоблари Тавротда бу ҳақда қандай ҳукм буюрилганини суриштирганларида яҳудлар: “Қирқ дарра урилиб, сазойи қилиш буюрилган”, деб ўз ҳавойи нафсларига ёқадиган ёлғон жавобни айтишгани, Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг номини ўртага қўйиб сўраганларидан кейин улардан бири ҳа-қиқатни тан олиб: Тавротда зинокорларни тошбўрон қилиб ўлдириш буюрилгани ҳақида хабар бергани ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у зинокорларни тошбўрон қилинсин, деб хукм қилганлари айтилган эди. Ҳақ таоло ушбу оятда Ўз Элчисига ҳар бир масъалада мана шундай Ҳақ Ҳукм чиқаришни, қўлларидаги Китоб Ҳукмига амал қилишни ва аҳли китобларнинг ҳавойи нафсларига эргашмасликни буюради.
“Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик”.
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Ушбу жумлада уч умматга - Мусонинг умматига, Ийсонинг умматига ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнингумматига (Барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) хитоб қилинмоқда. Уларнинг динлари бир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бўлса-да, Тавротнинг ўз шариати ва йўли бор, Инжилнинг ўз шариати ва йўли бор, Қуръоннинг ўз шариати ва йўли бордир”. Яъни, Оллоҳ таоло аввал-у охир барча инсонларни бир динда бўлишга - Ёлғиз Ўзига сиғиниб, ибодат қилишга буюрди. Унинг аввал-у охир барча пайғамбарлари - элчилари ўз умматларини ана ўша ягона Динга - Исломга даъват қилдилар. Фақат ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло асрлар давомида бандаларини тараққий этдириб, тарбиялаб борар экан, уларнинг савияларига яраша ҳар умматга алоҳида шариат ва йўлни жорий қилди. Демак, кейин юборилган пайғамбарга буюрилган шариат аввалгисидан юксакроқ, баркамолроқ бўлиб борди, аввал юборилган элчи-пайғамбарнинг умматлари ўзларига буюрилган шариат қонунларига бўйинсуниб ҳаёт кечирар эканлар, ўз вақти билан Оллоҳ таоло иймонларини имтиҳон қилиш учун уларга янги пайғамбар ва янги шариат қонунларини юбориб турди. Бу ҳол то сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунларича, у зотга Шариати Исломийя буюрилгунича ва Ҳақ таоло: “Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас)”, деб Ислом Шариатини сўнгги шариат эканини ва то Қиёмат қойим бўлгунига қадар барча инсонлар фақат Шариати Исломийяга итоат этишлари фарз эканини эълон қилгунича давом этди.
“Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (сизларни турли умматлар қилиб, ҳар бир умматга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди)”.
Яъни, ким Оллоҳ томонидан буюрилган шариатга итоат қилади, ким осий бўлади, синаш - имтиҳон қилиш ва ҳар бир бандага қилган амалига яраша жазо - мукофот бериш учун Ҳақ таоло турли умматларга турлича шариат қонунларини жорий қилди.
“Бас, яхши амалларга шошилингиз!”.
Бу Илоҳий Фармон Ҳақ таоло томонидан бандаларига огоҳлантиришдир.
Яъни, фурсатингиз жуда оздир. Бас, Шариати Исломийя буюрган амаллардан имкон қадар кўпроқ қилиб қолишга шошилинглар, кунларингизни яхши амалларга тўлдириб яшанглар, сизлардан яхши ном қолсин, бебаҳо ва бебақо ҳаётларингизни бехуда ихтилоф, “мен ҳақ, сен ноҳақ” деган талаш-тортишлар билан ўтказиб юбориб, Эртага аттанг қилиб қолманглар! Чунки бу ихтилофлар бугун ҳал бўлмайди. “Барчангиз Оллоҳга қайтишингиз бор. Ўшанда У Зот сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизнинг хабарини берур”. Яъни, ким ҳақ, ким ноҳақ бўлгани фақат ўшанда маълум бўлур.

38. Балки улар: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дерлар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Оллоҳни қўйиб кучларингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтиринглар-чи!»
Ушбу ояти карима Макка мушрикларига ва дунёдаги қолган барча мушрик-кофирларга ўта оддий ва шу билан баробар ўта мантиқий бир савол билан мурожаат қилади. Яъни, кимда-ким Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ишонмайдиган бўлса, уни Муҳаммаднинг ўзи ичидан чиқариб тўқиб айтмоқда, дейдиган бўлса, у ҳолда ўша кимсалар кўлларидан келган барча воситаларни ишга солиб, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларини ҳам ёрдамга чақириб, ҳаммалари бир бўлиб, лафзи ва маъноси Қуръон каби етук, мукаммал ва ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ўзгартиришнинг имкони бўлмаган биргина сурани келтирсинлар-чи!
Асло келтира олмайдилар! Бу иш Макка мушрикларининг ҳам, улардан кейин дунёга келиб-кетган бирон кимсанинг ҳам кўлидан келмади, демак, ҳеч кимнинг қўлидан келмаслиги аниқдир.
“Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Куръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёр-дамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар”. (Ал-Исро сураси, 88-оят). Яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “Агар Биз бан-дамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзаҳдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир.” “(Бақара сураси, 23-24-оятлар).
Ҳақиқатан, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг энг улуғ Мўъжизасидир. Оллоҳ таоло барча пайғамбарларига мўъжизалар юборган, лекин бирон пайғамбарга Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган Қуръонидек Мўъжизани юбормаган.
Ушбу Буюк Калом фасоҳат ва балоғатда (гўзаллик ва комиллиқца) шундай олий мақомдаки, бу юксакликка кўтарилиш башар тоқатидан ташқари бўлган бир ишдир. Қуръон Илоҳий Мўъжиза эканини тасдиқловчи далиллар саноқсиздир:
- Қуръоннинг ҳали бўлмаган ишлар ҳақида хабар бериши ва у ишлар кейин худди Қуръонда айтилгандек рўёбга чиқиши;
- Қуръон қанча такрорланмасин, эшитган қулоққа ҳеч қачон малол келмаслиги;
- Қуръонда ушбу Китоб нозил қилинган замонда на араб ва на ажамга маълум бўлмаган шундай илмлар жамланганки, асрлар ўтиб ўша илмлар кашф этилди ва кашф этилмоқда;
Қуръон узоқўтмиш ва қадим тарихдан хабар беради. Ҳолбуки, Қуръон нозил қилинган зот, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган уммий, хат-саводлари йўқ киши эдилар. Оллоҳ таоло у зотни Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб танлади - ва унга бошқа ҳеч кимга бермаган буюк Илоҳий Билимни - Қуръони Каримни берди.
Ушбу оятда Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни «Бизнинг бандамиз - қулимиз», деб шарафлайди ва бу билан Оллоҳ таоло яратган халқнинг энг улуғи бўлган Инсоннинг энг олий фазилати Оллоҳнинг бандаси - қули бўлиш эканлигини таъкидлайди. Зотан ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг буюк орзуси «мени ҳам Оллоҳ бандам деса эди» деган орзудир. Кимгадир ёки нимагадир қул бўлиш инсоннинг хилқатида бор бўлган хислатдир. Бировлар Оллоҳнинг махлуқотига - тоғ, тош, қуёш, ой ёки олов каби нарсаларга, ёхуд ўзлари кўллари билан ясаб олган бут-санамларга сиғиниб қуллик қилсалар, бошқа бировлар дунёга, мол-давлатга, мансаб-лавозимга қул бўлиб яшайдилар. Биров ўзига ўхшаган бир махлуққа - инсонга қуллик қилиб, унинг истак ва хоҳишларини ўзига фарз билиб кун ўтказса, яна бири ўз нафсига, унинг ҳою-ҳавасларига бандадир. Бу тоифаларнинг барчаси йўлдан озган, агар махлуқларга қуллик қилишдан тийилиб, тавба қилмасалар, Ҳидоят йўлига юрмасдан дунёдан ўтиб кетсалар, у ҳолда ёлғон дунё деб чин Охиратларини куйдирган бахтсиз бандалардир. Лекин, алҳамдулиллоҳ, ҳаёти дунёда шундай инсонлар ҳам бўлган, бор ва иншооллоҳ, келажакда ҳам бўлурки, улар буюк Оллоҳдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарсага қуллик қилмайдиган, аксинча Ёлғиз ОллоҳнингЎзига ибодат - бандалик қиладиган ва бу буюк қулликни ўзлари учун энг улуғ шараф деб биладиган мусулмонлардир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг энг буюк Бандаси ва энг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари - издошларидир.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Ўзига бандалик қилиш бахтидан бенасиб бўлган мушрикларга, кофирларга ҳақли равишда даъво қилиб: «Барчаларингиз бирлашиб ҳам Биз бандамиз Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръон каби бир сурани келтиришдан ожиз эканларингиз аниқ-равшан бўлгач, энди иймон келтиринглар, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёнилғиси - «ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзаҳдан қўрқинглар» деб хитоб қилади.

39. «Балки, (улар Қуръон) илмини эгалламай ва таъвили (тафсири) келмай туриб, (Қуръонни) ёлғонга йўйгандирлар. Улардан олдингилар ҳам (пайғамбарларини) худди шундай ёлғончига чиқарган эдилар. Золимларнинг тақдири қандай бўлганига боқинг!»
Яъни, мушриклар Қуръон оятларини тушунишга ҳаракат қилмасдан ва ундаги ҳикматлар ҳақида тадаббур-тафаккур қилмасдан туриб, бу Улуғ Каломнинг мағзи-моҳиятини англамасдан, билмасдан туриб, шошма-шошарлик билан уни “ёлғон” дедилар. Агар улар ақлли, фаросатли кишилар бўлганларида аввало Қуръонни шошмасдан ўрганишлари, унда келтирилган ҳужжат-далилларни, берилган хабарларни адолат ва инсоф билан фикр-мулоҳаза қилиб кўришлари ва шундан кейингина уни рост ёки ёлғон деб ҳукм чиқаришлари керак эди. Аммо кофир кимсалар бундай қилмадилар. Улар Қуръони Азимни, назми-лафзи жиҳатидан ҳам, маъно-мазмуни жиҳатидан ҳам, ғайб олами ҳақида берган хабарлари жиҳатидан ҳам, барча-барча жиҳатдан мўьжиз - барча одамларни ожиз қолдиргувчи Азиз Китобни ҳеч ўйламасдан “ёлғон” дейишга шошдилар. Ахир улар Қуръон назмидаги беназир буюкликни, фасоҳат ва балоғатни, бирор кимса унинг бир сурасига ўхшаган сўзни айта олмаслигини кўриб-билиб, хоҳласалар-хоҳламасалар тан олиб турар эдиларку! Ахир улар Қуръон маъносидаги беқиёс теранликка, унинг ҳар бир калимаси остида тенгсиз, бутун бир китобга сиғмайдиган чуқур маънолар мужассам эканига гувоҳ эдиларку! Ахир улар Қуръонда берилган ғайб ҳақидаги хабарлар рўёбга чиқадими-йўқми деб бироз кутсалар ва шунга қараб ҳукм чиқарсалар бўлар эдику?! Йўқ, кофир кимсалар бундай қилмадилар-да, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, фақат Қуръон уларнинг ва ота-боболарининг мудҳиш хатоларини кўрсатгани учун - улар сиғинаётган бут-санамлар ҳеч қандай илоҳ эмаслигини, Ёлғиз Илоҳ Оллоҳ субҳонаху ва таоло эканлигини очиқ айтгани учун Қуръонни “ёлғон” дедилар. Бу ишлари билан улар ўзларининг ҳақиқий жоҳил, нодон ва ақлсиз кимсалар эканликларини кўрсатдилар. Аммо улар ўз жонларига жабр қилган золимларнинг биринчиси эмас эдилар. Илгари ҳам уларга ўхшаган золимлар, Ҳақиқатни тан олмасдан “ёлғон” деган кофирлар ўтган ва қилмишларига яраша оқибат-жазога дучор қилинган эдилар: “Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз Ерга ютдириб юборган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар”. (Анкабут сараси, 40-оят ).

40. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг) орасида унга (Қуръонга келажакда) иймон келтирадиганлари ҳам бор. Уларнинг орасида (Қуръонга) ҳеч қачон иймон келтирмайдиганлари ҳам бордир. Парвардигорингиз бузғунчи кимсаларни жуда яхши Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушрикларининг келажаклари ҳақида хабар беради. Уларнинг айримлари келажакда куфрдан тавба қилиб, Оллоҳга ва У нозил қилган Қуръонга иймон келтиришларини айтиш билан У Зот Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч умидсизликка тушмасдан, иккиланмасдан ўша, Қуръонни “ёлғон” деяётган, Оллоҳга ширк келтираётган кофирларни Ҳақ Динга даъват қилишда давом этишга руҳлантиради ва шу билан баробар, у мушрикларнинг айримлари то умрларининг охиригача тавба қилмасдан кофир ҳолда ўлиб кетишлари ҳақида хабар бериб, Ҳақ Йўлга юриш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермаслигини таъкидлайди. Оят ниҳоясида кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар бузғунчилар деб аталиб, уларга бирдан-бир ҳаққоний баҳолари берилади. Демак, ҳақиқий бузғунчилар кофирлардир. Чунки улар Яратганга иймон келтиришга, Ҳақ Динни қабул қилишга салоҳиятлари бўла туриб куфр йўлини танлаш билан аввало ўзларини ўзлари бузиб, дунё ва Охиратда бахтсиз бўладилар, иккинчидан, улар динсиз, иймонсиз бўлганлари сабабли ўзларининг бузуқ-нопок ишлари билан ён-атрофларидаги бошқа инсонларни ҳам бузадилар, қолаверса, агар улар дунёда ғолиб бўлиб, ҳукмронлик қиладиган бўлсалар, бутун дунёни бузадилар, одамларни ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бузуқ ҳаёт кечиришга мажбур қиладилар. Бу ҳақиқатни, хусусан биз яшаётган замонда ҳеч бир ақлли инсон инкор қила олмаса керак.
Ояти карима Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига яна бир равшан далилдир. Чунки тарих гувоҳлик беришича, иш худди оятда айтилганидек бўлди. Макка мушриклари орасидаги қанчадан-қанча ашаддий кофир кимсалар оз фурсат ўтмасдан куфрдан тавба қилиб, иймон келтирдилар ва улуғ саҳобийларга айландилар. Шу билан бирга Абу Лаҳаб, Абу Толибга ўхшаган қанча кимсалар Оллоҳ таолонинг Ҳидоятидан маҳрум бўлиб, кофирликларича ўлиб кетдилар. Демак, ким нима бўлишини Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмаслиги ва ҳар қачон фақат Унинг Илми Азалийсида - Лавҳул-Маҳфузда тақдир қилинган ишгина амалга ошиши аниқдир.

41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар улар Сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг: «Менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар менинг қилган амалим (учун жавобгар бўлиш)дан озодсизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиз (учун жавобгар бўлиш)дан озодман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар мушриклар иймон келтириш ўрнига Сизни ёлғончи қилишда давом этаверадиган бўлсалар, у ҳолда уларга: “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўмин-ларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб қўйинг.
Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳи-ни) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Ван-нажм сураси, 38-41 -оятлар).
Демак, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик - гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди, аммо агар бир киши бошқаларга яхши йўл кўрсатса, яхши амалга ўргатса ва улар ўша ўрганганлари яхши амални қилса-лар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар оладиган савобдан насибадор бўлади ва аксинча биров бошқаларга ёмонлик - гуноҳ йўлини кўрсатса ва улар ўша ўрганган ёмонликларини қиладиган бўлсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар қилган гуноҳга шерик бўлади. Бу ҳақда Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким Исломда бир чиройли суннатга амал қилиб, уни бошқалар учун ҳам йўл қилиб қолдирса, унинг учун ўзи қилган амалнинг ажри ва ундан кейин ўша суннатга амал қилган кишиларнинг ажри бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган ажрларидан бирон нарса камайтирилмас.
Ким Исломда ёмон йўлни тутса, (яъни, Ислом қайтарган ишни қилиб, уни бошқаларга ҳам ўргатадиган бўлса), унингучун ўзи қилган гуноҳнинг юки - жазоси ва ундан кейин ўша гуноҳни қилган кимсаларнинг жазоси бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган жазоларидан бирон нарса камайтирилмас”.
Шунингдек, ҳаёти дунёда айрим ҳолларда бировларнинг қилган гуноҳ-жиноятлари учун бошқалар ҳам жазоланишлари мумкин. Масалан, одам-лар бир-бирларини яхшиликка чақирмасалар, ёмонликдан қайтармасалар, у ҳолда ёмонлик қилган кимсаларнинг касофатидан ҳамманинг бошига фитна-бало тушиши мумкин. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир.” (Анфол сураси, 25-оят)”

42-43. Уларнинг орасида Сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор (аммо гаранг одамдек, Сиз тиловат қилаётган Қуръон маъноларини англамайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари ақл юргизмасалар, кар кимсаларга эшиттира олурмисиз?! Уларнинг орасида Сизга қараб туради-ганлари ҳам бор (аммо кўр одамдек, Сиздаги Пайғамбарлик белгиларини кўрмайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари кўрмасалар, кўр кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?!
Ушбу икки оят мушрикларнинг Ҳақ Сўзни - Каломуллоҳни англашни, Ҳақ Йўлни кўришни истамаётганларидан озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қилингандир.
Дарвоқеъ, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига кўқдан, Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлаётган Қуръон оятларини одамларга тиловат қилиб берар эканлар, бу Ҳақ Сўзни эшитган ҳар бир одам, бу Илоҳий Мўъжизага гувоҳ бўлган ҳар бир инсон албатта Унга иймон келтиради деб умид қилганлари учун, иш бунинг акси бўлаётганини кўргач, одамларнинг аксариси Қуръонни эшитиб туриб, бу Буюк Китоб кўрсатган йўл Ҳақ Йўл эканини кўриб-билиб туриб хотиржан ундан юз ўгириб, гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, кўрмагандек ўзларининг ширк ва жаҳолатларидан ажрамасдан залолатларида кетаётганларини кўргач, бу ҳақсизликдан ниҳоят даражада изтироб чекиб, ғамга ботдилар. Ҳатто мен зиммамдаги рисолат-элчилик вазифамни тўла адо қила олмаяпманми, одамларга Оллоҳнинг Динини комил суратда етказа билмаяпманми, акс ҳолда Оллоҳнинг Каломини эшитган кишилар дарҳол иймон келтиришлари керак эдику, деган ўйларга ҳам борганларида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эхдимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундок қилманг)”, (Шуаро сураси, 3-оят), деб, ушбу оятларда мушрикларнинг мўмин бўлмаётганларига уларнинг диллари муҳрлаб қўйилгани сабаб эканини, шу боисдан улар қалб қулоқлари эшитмайдиган, кўнгил кўзлари кўрмайдиган кар ва кўр кимсаларга айланиб қолганларини айтиб,Ўз Элчисига Сиз ҳеч қачон эшитиш ва англашни истамайдиган “кар” кимсаларга Ҳақ Сўзни эшиттира олмайсиз, Ҳақ Йўлни кўришни истамайдиган “кўр” кимсаларга Тўғри Йўлни кўрсата олмайсиз, демак, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан ғам чекманг, улар сўзни эшитганлари билан унинг маъносини англай олмайдиган ожиз махлуқлардир, деб таскин-тасаллий беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.)”
“Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар”. (Бақара сураси, 171-оят).
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб туриб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётганини, тушунмайдиган ақлсиз, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кетаверадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўкдир.
Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтган-да, дунёдан мол-давлат ва юксак мартабаларга эришмасдан ўтиб кетиш-нинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни, Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмасликдан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар гафлатда қолган кимсалардир.” (Аъроф сураси, 179-оят).
“Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир”. (Қоф сураси, 37-оят).
Бас, Ҳақ Сўзни эшитишни истамайдиган кимсаларга сўз ҳайфдир. Ахир табиб ҳам бемор муолажани қабул қилмаётганини кўргач, вақтини зое қилмаслик учун ундан юз ўгириб кетадику.
Уламолар айтадилар: “Беш нарса албатта зое бўлгувчидир - беҳуда кетгувчидир: қаттиқ ерга ёққан ёмғир зое бўлур; қуёш чиқиб турганда ёқилган чироқ зое бўлур; кўр кимсага теккан гўзал суратли аёл зое бўлур; касал кимса олдидаги лаззатли таом зое бўлур; қадрини билмайдиган кимсалар орасида доно киши зое бўлур”.(“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

44. Албатта Оллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар (Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар.
Юқоридаги оятларда қулоқлари Ҳақ Сўзни “эшитмайдиган”, кўзлари Ҳақ Йўлни “кўрмайдиган” бадбахт кимсалар зикр қилингач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга заррача зулм қилмаслиги, балки аксинча У Зот Ўз Фазлу Марҳамати билан уларни Тўғри Йўлга етаклайдиган элчилар юбориб, Китоблар нозил қилиб Ҳақ Динни таълим берган бўлса-да, улар ўз жонларига жабр қилиб куфр ва маъсиятни, Яратганнинг Амрига хилоф бўлган ишларни танлаганларини таъкидлайди. Демак улар, ўз ҳавойи нафсларига итоат қилиб иймон ўрнига куфрни, савоб амаллар қилиш ўрнига гуноҳни, ҳалол яшаш ўрнига ҳаромни танлаганлари боис, Охиратда, Қиёмат Кунида қилмишларига яраша дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳам Ҳақ таоло томонидан уларга қилинган зулм эмас, балки айни Илоҳий Адолат бўлади. Чунки “(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир.” (Шўро сураси, 40-оят).

45. (Оллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган Кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини танирлар. Оллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар аниқ зиён қилдилар ва Ҳақ Йўлга юргувчи бўлмадилар.
Ушбу оятда Ҳақ таоло одамларга Қиёмат Саотини ва ўша Куни уларнинг барчалари қабрларидан чиқарилиб, маҳшаргоҳга тўпланганларида қай аҳволга тушишларини эслатади.
Ўта қисқа муддат турадиган ҳаёти дунёга алданиб, мангу Охиратни унутиб қўядиган ёки Охират борлигини бутунлай инкор қиладиган кимсаларга Қуръони Каримда ўша Кун такрор-такрор, турли сўзлар билан эслатилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги улул-азм - сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг! Улар ўзларига ваъда қилинаётган (азобни) кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар! (Бу - Оллоҳ томонидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир. Бас, фақат итоатсиз қавмгина ҳалок қилинур”. (Аҳқоф сураси, 35-оят), “Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!” (Ван-нозиот сураси, 46-оят).
“(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар!” (Рум сураси, 55-оят). “Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Оллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришта) лардан сўрагин». (Оллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингизлар (яъни, сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир)”. (Мўминун сураси, 112-114-оятлар).
Демак, мангу Охират олдида ўткинчи дунёнинг умри ўта қисқа экан. Шу қадарки, Ерда ҳаёт бошланганидан то Қиёмат қойим бўлгунича ўтган, дунё ҳисобида ўта узоқ давом этган муддат ичида яшаб ўтган барча одамлар Қиёмат Куни қайта тирилиб, бир жойга тўпланганларида, гўё ҳаммалари бир кун ё ярим кун ичидаги соатларда бирин-кетин яшаб ўтгандек бир-бирларини танир эканлар! Шунингдек, ҳамаср-замондош бўлган кимсалар ҳам Ер юзида юрган кунларига нисбатан Ер остида турган муддатлари юзлаб, балки минглаб баробар узун бўлган эса-да, Қиёмат Кунида қайтадан Ер устига чиқарилганларида, гўё Ер остида бир кун ёки ярим кун, яъни, ўта қисқа вақт ётгандек, куни кеча бир-бирларидан ажрагандек бир-бирларини таниб, дўзахга ҳукм қилинган бахтсиз кимсалар ўзларини куфр йўлига чақирган доҳийларига: “Бизни сизлар Тўғри Йўлдан оздиргансизлар, деб даъво қилар эканлар. Ўзларининг Қиёмат Кунини инкор қилганлари, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишларини ёлғон деганлари ҳеч ўнглаб бўлмас хато бўлганини, Ҳидоят Йўлига юрмасдан, мангу Охират ўрнига ўткинчи дунёни танлаб жуда катта зиён кўрганларини англаб етар эканлар, аммо у Кунда қилинган тавба-тазарруъ ва афсус-надоматларнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмас экан. Шу боисдан Меҳрибон Парвардигоримиз бугун, хатоларни ўнглаш имкони бўлган фурсатда, хатолардан тавба қилиб, Тўғри Йўлга юриш мумкин бўлган соатда ўша Кунни эслатиб, бандаларини огоҳлантиради. Албатта, бахтли инсонлар бу Илоҳий огоҳлантиришдан кўзлари очилиб, фойдаланадилар, ўзларини ўнглайдилар, ҳаётлари давомида Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунга қўлла-ридан келганча таёргарлик кўриб яшайдилар. Бахтсиз кимсалар эса бу Сўзни “эшитмайдилар” ва Қиёмат Кунида ушбу оятлар уларга қарши-ҳужжат булади. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир.

46. Агар Биз уларга ваъда қилаётганимиз азобнинг баъзисини Сизга кўрсатсак ҳам (яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган азобларидан бир қисмини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) Сизни вафот қилдирсак ҳам, (ҳар икки ҳолда) Ўзимизга қайтишлари бордир. Сўнгра Оллоҳ улар қилаётган барча ишларга Гувоҳдир.
Маълумки, ушбу сура Макка сураларидандир. У жойдаги мушрик кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган, ҳали саноқлари жуда оз бўлган мўминларга тинимсиз зулм ва зўравонликлар қилишиб, кундан-кунга ҳадларидан ошиб, гўё бу қилмишлари учун ҳеч қачон жазоланмайдигандек, куфр ва исёнлари учун Оллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмайдигандек хотиржам юрганларида Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига ушбу ояти каримани нозил қилиб, кофирларнинг барча жиноятларига Ўзи Гувоҳ бўлиб турганини ва ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини айтади ҳамда Ўзи кофирларга ваъда қилаётган азобнинг бир қисмини улардан айримларининг бошига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларидаёқ тушириши ҳақида хабар беради. Дарвоқеъ, ҳеч қанча вақт ўтмасдан Бадр жангида ва кейин Ҳунайн ғазотида Пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобайи киром бу Илоҳий хабарнинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрдилар - Макка мушрикларининг катталаридан кўпчилиги ўша жангларда Оллоҳ таоло кўкдан туширган малоикаларнинг қўллари билан ҳалок қилиндилар.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Ўзининг мушрик-кофир кимсаларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида берадиган турли азоб-уқубатлари Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши ҳақида хабар беради ва кофирларнинг бу дунёда азобга гирифтор қилинганлари ҳам, дунё азобидан қутулиб қолганлари ҳам, ҳаммалари Қиёмат Кунида Унинг ҳузурига тўпланишлари ва Унинг Гувоҳлигида мангу дўзах азобига ҳукм қилинишлари аниқ эканини айтиб, Ўз Элчисига ва у зотнинг асҳобларига таскин - тасалли беради.

47. Ҳар бир миллат учун пайғамбар бўлур. Бас, қачон пайғамбарлари келганида, ўша (миллат)ларга зулм қилинмаган ҳолда, уларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур.
Яъни, бу олам имтиҳон олами бўлиб, ҳар бир киши мана шу имтиҳондан ўта олган-олмаганига қараб Охиратда мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлади. Бандалар ўзларининг зиммаларидаги бурчларини ва ҳақ-хуқуқларини таниб, Ҳақ Йўлни топиб, имтиҳондан муваффақият билан ўтишлари учун уларга Оллоҳ таоло Ўзининг элчилари орқали Ўз кўрсатмаларини юборади. Бу элчиларнинг аввалгиси Одам алайҳис-салом бўлса, сўнггиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бу иккалаларининг ўртасида юз минглаб пайғамбарлар ўтганлар. Бинобарин, дунёда бирон-бир миллат йўқки, у миллатга Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг даъвати етмаган бўлса. Ояти каримада уқтирилишича, Оллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир миллатга пайғамбар юбориб, Ўз Динига даъват қилади. Қачонки, у миллат ўша пайғамбарни ёлғончи қилиб, у келтирган диндан юз ўгирса, Қиёмат Кунида у миллатга ўша пайғамбар гувоҳлигида адолат билан жазо берилади.
Бу ҳақца яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнингҳоли) қандоқ бўлур?!” (Нисо сураси, 41-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бергин”, - дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон Сизга нозил қилинганку, мен Сизга Қуръон ўқиб бераманми?” - дегандим, - “Ҳа”, -дедилар. Шунда мен Нисо сурасини ўқиб, ушбу: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” оятига етиб келга-нимда “Шу ергача етар”, - дедилар. Қарасам, кўзларидан ёш қуйиларди”.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғлашлари у Куннинг даҳшатидан эди. Чунки у Кунда барча пайғамбарлар ўз қавмлари устида, улардан ким мўмин, ким кофир бўлгани ҳақида гувоҳлик бериш учун келтириладилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам гувоҳ сифатида келтириладилар. Бу ҳақда Бақара сурасида ҳам зикр қилинган: “Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик.” (Бақара сураси, 143-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча уммат устида гувоҳ бўлишлари хусусида Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: Саид ибн Мусаййиб айтади: “Ўтадиган ҳар бир кунда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга эрта-ю кеч умматлари кўрсатиб турилади, бас, у зот уларнинг сиймо - суратларини таниб, қилган амалларидан хабардор бўладилар. Шунинг учун улар устида гувоҳликка ўтадилар”. (Тафсири Куртубий).
Ҳақ таоло ушбу оятда Қиёмат Кунида - ҳар бир уммат устида пайғамбарлари, у пайғамбарлар устида Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳ бўлиб, ким мўмин-у, ким кофир эканини айтадиган ва шу буюк гувоҳликка биноан мўмин жаннатга, кофир дўзахга хукм қилинадиган Кунда - умрларини куфр билан ўтказган кимсалар қандай аҳволга тушар эканлар, деб Ўз таажжубини изоҳ қилади ва бу билан динсиз кимсаларни огоҳлантиради.
Қуртубий ўзининг “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Оят мазмуни - одамлар то уларга Оллоҳнинг элчилари юборилмагунича бу дунёда жазоланмайдилар. Қачонки уларга Оллоҳнинг динини ўргатувчи элчи келгач, ким унга иймон келтирса нажот топади, ким иймон келтирмай у пайғамбарни ёлғончи қилса, ҳалок қилинади ва азобга гирифтор бўлади, деб тафсир қилиниши ҳам жоиздир”, дейди.
Бу тафсир “Маолимут-танзийл”, “Тафсири Мунийр” ва бошқа тафсир китобларида ҳам келтирилган. Демак, инсонлар дунёдаги ҳаётларида ҳам, Охиратдаги ҳаётларида ҳам бахтли бўлишлари, нажот топишлари учун ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтириб, улар даъват қилган Тўғри Йўлга юришлари лозим. Акс ҳолда дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳалокатга дучор бўлишлари муқаррардир.

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!», дейдилар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: “Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб кўрқитасизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларингиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб беринг-чи?” дейдилар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганликлари учун ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.

49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Мен (ўзгалар уёқда турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман. Магар Оллоҳ хоҳласагина (бирон ишга эга бўлурман. Бинобарин, келажак, ғайб илмларидан ҳам хабардор эмасман, лекин) ҳар бир миллат - авлод учун ажал бордир. Қачон ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва салламга, демак, у зотнинг барча умматларига ҳам юқорида-ги оятда зикр қилинган саволни берадиган динсиз кимсаларга қандай жавоб қилиш кераклигини таълим беради.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиздан ва бошқа мўминлардан: “Агар сўзларингиз рост бўлса, ўша сизлар ваъда қилаётган азоб қачон бошимизга тушишини айтиб беринглар-чи?” деб сўраётган ва сизларни масхара қилиб устингиздан кулаётган жоҳил мушрикларга айтинг: “Бу менинг қўлимдаги иш эмасдир. Мен ўзим учун бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман-у, қандай қилиб сизларга қачон азоб тушишини белгилай оламан? Барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Хоҳиш-Ихтиёридадир. Демак, фақат У хоҳлаган соатда - ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилган ва умр бўйи ўз куфр ва исёнларида оёқ тираб туриб олган иймонсиз кимсалар устига - Унинг азоби тушиши аниқдир.
Ҳар бир динсиз қавм учун Оллоҳ таоло томонидан уларнинг устига тушадиган азоб муддати аниқ белгилаб қўйилгандир. Қачон ажаллари етиб, ҳалок бўладиган муддатлари келганида, улар ўз ҳалокатларини бир нафас ҳам ортга сура олмайдилар, шунингдек, Оллоҳ томонидан белгиланган ажал муддатларини ўз хоҳишларига қараб бирон соат тезлата олмайдилар. Бас, сизлар ҳам, эй мушриклар, шошилмай қўя қолинглар, эртами кечми сизлар учун белгиланган вақт ҳам келади ва сизларга ваъда қилинган азобга албатта гирифтор бўласизлар”.

50. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, У Зотнинг азоби сизларга кечаси келадими ё кундузими, (бундан сизларга не фойда?) Бу жиноятчи кимсалар (яъни, мушриклар) у (азоб)дан нимани тезлатмоқчилар?!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушрикларга ўз ҳолингизни баён қилиб берганингиздан кейин ҳам, Оллоҳ таолонингҳар бир қавм устига жорий қиладиган қонун-қоидалари борлигини, кофирлар азобга гирифтор бўлишлари муқаррар эканини, фақат у азоб Яратган томонидан аниқ белгилаб кўйилган муддатини кутиб турганини айтиб огоҳлантирганингиздан кейин ҳам улар яна: “ўша ваъда қилаётган азобинг қачон тушади”, деб сўрайверадиган бўлсалар, уларга айтинг: “Хабар беринглар-чи, ўша сизлар жаҳолат ва ҳамоқат билан шоштираётган азобни Оллоҳ таоло устингизга тун уйқусида ғафлатда бўлган соатларингизда туширадими ёки кундузи турли ишларингиз билан машғул бўлган пайтингизда туширадими, сизлар учун қандай фарқи бор, ўша азоб тушадиган соатни аниқ билиб олишларингизни қандай манфаати бор? Балки сизлар аниқ билиб олиб, ўша азоб тушган соатда унга чап бериб қутулиб қолмоқчидирсизлар?! Асло ундай қила олмайсизлар! Ҳеч қачон Оллоҳнинг Амрига қарши тура олмайсизлар! Бас, эй жиноятчи - осийлар, не сабабдан у азобни шоштирмоқдасизлар?!
Мушриклар Оллоҳ таолодан Ҳидоят ўрнига азоб сўраганлари ҳақида бошқа сурада ҳам хабар берилган: “Яна уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!” (Анфол сураси, 32-оят). “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томо-нидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради”. (Маориж сураси, 1-3-оятлар).

51. (Сизларга): “Энди (яъни, Оллоҳнинг азоби бошингизга) тушгани-да, иймон келтирдингизларми? Энди-я?! Ахир (азоб тушишига ишонмай) уни шоштираётган эдингизлар-ку?!» (дейилур).
Яъни, эй мушриклар, сизлар иймон келтиришларингиз учун албатта устингизга азоб тушиши керакми?! Сизлар шуни кутмоқдамисизлар?! Қачон азоб тушса, ўшандагина иймон келтирасизларми?! Иймон фойда бермайдиган вақтда-я?! Ахир унда сизларга: “Энди-я?! Куни кеча: “сен ваъда қилган азоб қачон тушади ўзи?” деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни масхара қилиб кулаётган эдингизларку?! Оллоҳ таолонинг кофирлар учун таёрлаб қўйган азоби бор эканига ишонмаётган эдингизларку?! Энди, ўша ваъда қилинган азоб бошларингизга тушганида, қочиб қутуладиган бирон жой топа олмай, ночор-ноилож ҳолда иймон келтирдингларми?! Энди бу иймонларингизнинг сизларга ҳеч қандай фойдаси йўқ”, дейиладику?!
Айрим муфассирлар: “Бу саволлар Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсаларга Оллоҳ таоло томонидан берилади”, дейдилар. Яна бошқа муфассир уламолар эса: “Малоикалар мушрикларга мана шундай саволлар берадилар”, деб тафсир қилганлар.

52. Сўнгра ўзларига зулм қилган бу кимсаларга айтилур: «Мангулик азобини тотингиз! Сизлар фақат ўзларингиз касб қилган гуноҳларингиз сабабли жазоланмоқдасиз!»
Ояти каримада ҳаётларини куфр-исён билан ўтказган кимсалар зулм қилгувчилар экани айтилмоқда. Маълумки, зулм сўзининг маъноси адолат қилмаслик, нарсаларни ўз ўринларига қўймаслик, ҳақни ташлаб, бо-тилни танлаш деганидир. Кофир кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ Пайгамбар деб тасдиқлаш ўрнига ёлғончи қилганлари, иймон келтириш ўрнига куфр келтирганлари Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига турли бут-санамларга сиғинганлари сабабли ҳам ўзларига, ҳам бошқаларга жабр-зулм қилдилар.
Демак, Қиёмат Кунида ана шундай золим кимсаларга ҳаёти дунёда қилиб ўтган қилмишлари сабабли энди абадул-абад азобланишлари ай-тилади.
Ояти карима у золимларга Оллоҳ таолонинг Одил Зот эканини - фақат жиноятчининг жиноятига яраша жазо беришини таъкидлайди. Энг оғир жиноят Яратганга куфр келтириш бўлгани учун бу жиноятнинг жазоси ҳам энг оғир жазо - мангу азоб бўлади. Ва аксинча, энг яхши амал Яратганга иймон келтириб, Ёлғиз Унга ибодат қилиш бўлгани учун бу яхшиликнинг мукофоти ҳам энг яхши мукофот - жаннатлардаги мангу роҳат бўлади.
Бас, ҳар ким ўзи экканини ўради. Кофирларнинг албатта дўзахга тушишлари худди захар ичган кимсанинг албатта ҳалок бўлишига ўхшайди.

53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан: «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?», деб сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар (ундан) қочиб қутулгувчи эмассизлар».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофирлар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида нозил бўлган шунча оятларни эшитиб-билиб туриб яна улар Сиздан: “Ўша ваъда қилинган азоб ростдан ҳам борми?” деб сўрайдилар. Улар бу саволлари билан ҳақиқатни билмоқчи эмаслар, балки фақат Сизни масхара қилиб, устингиздан кулмоқчилар. Лекин Сиз уларнинг истеҳзоларига эътибор бермай айтингки, “Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта, у ҳақдир. Сизлар (у азобдан ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар”.
Яъни, ҳатто тупроққа айланиб кетишларингиз ҳам сизларни у азобдан қутқара олмайди. Оллоҳ таоло сизларни аввал-бошда йўқдан бор қилгани каби тупроқдан қайта тирилтиради ва жиноятларингизга яраша жазоларингизни бериб, мангу азобга гирифтор қилади. Қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб ҳақ эканини Оллоҳ таоло ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам қасам билан таъкидлаган оятлар бошқа сураларда ҳам келади: “Кофир бўлган кимсалар: «Бизларга (Қиёмат) Соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Йўқ, Ғайбни Билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Оллоҳ)дан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур». Токи (Оллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз, Қиёмат Соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.” (Сабаъ сураси, 3-5-оятлар). “Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Йўқ, Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Оллоҳга осондир”. (Тағобун сураси, 7-оят).

54. (У Кунда), агар зулм қилган (яъни, ҳаёти дунёдан мушрик ҳолда ўтган) ҳар бир жон учун Ердаги бор нарса бўлса ҳам, албатта уни (азобдан қутулиш учун) фидо - тўлов қилиб юборган бўлур эдилар. Улар азобни кўрган вақтларида (даҳшатдан) афсус-надоматларини (изҳор қилишга ҳам куч топа олмай) ичларига ютдилар ва уларга зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Қиёмат даҳшатларидан айримлари ҳақида хабар беради.
Оятда зикр қилинган зулмдан мурод ширкдир.
“Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир”. (Луқмон сураси, 13-оят).
Демак, Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар Оллоҳнинг азобидан кутулиш учун агар қўлларида бўлса, Ердаги бор бойликларни фидо қилиб юборишга тайёр бўладилар. Аммо вақт ўтиб бўлган, энди қилинган жиноятга яраша жазоланишдан ўзга бирон чора қолмаган. “Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас”. (Ол-и Имрон сураси, 91-оят). “Кофир бўлган кимсалар эса Ердаги бор нарса ва яна шунча нарса - бойлик уларнинг мулкига айланиб, ўшани Қиёмат Кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир”. (Моида сураси, 36-оят).
Бухорий ва Муслим Анас Ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилди, Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида дўзах аҳлидан бўлган кимсадан сўралади: “Агар Ердаги бор нарса сеники бўлганида мана шу дўзах азобидан кутулиш учун бериб юборган бўларми-динг?” У: “Албатта”, деб жавоб қилади. Шунда Оллоҳ таоло: “Ахир Мен сендан бунга нисбатан жуда осон нарсани истаган эдимку?! Мен сендан ҳали сен отанг Одамнинг белида турганингда Менга бирон нарсани ширк келтирмайсан, деб аҳд-паймон олган эдим. Сен эса ўша аҳд-паймонингни бузиб, мушрик бўлишни истадинг”, дейди ва у кимса дўзахга ташланади”.
Ояти каримада, агар эътибор қилинса, келажақца рўй берадиган Қиёмат Куни аҳволоти ҳақида ўтган замон феъли билан хабар берилди. Бунга сабаб, биринчидан, у Куннинг келишида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани учун Ҳақ таоло Қиёматда кечадиган воқеъа-ҳодисаларни гўё ҳозир бўлиб ўтгандек тасвирлайди. Иккинчидан, ўтган замон, ҳозирги замон, келгуси замон, деган тушунчалар биз - бандаларга ва барча махлуқотга нисбатан айтилиши тўғридир. Аммо Азалий ва Абадий Зотга ўтмиш ҳам, келажак ҳам худди ҳозирги замон каби аниқ маълум бўлгани учун, агар таъбир жоиз бўлса, қуйида - Ерда ҳар тарафга қараб кетаётган одамларнинг сафарларини қай нуқтадан бошлаганлари ҳам, бориб тўхташлари аниқ бўлган манзиллари ҳам, юқорида - осмонлар устида барча нарсани кўриб-кузатиб тургувчи Оллоҳ таолога аён кўриниб тургани учун У Зот айрим оятларида Қиёмат Куни ва ундан кейин келадиган замонда рўй берадиган воқеъа-ҳодисаларни ҳам ўтган замон шаклида баён қилади.
“Улар азобни кўрган вақтларида (даҳшатдан) афсус-надоматларини (изҳор қилишга ҳам куч топа олмай) ичларига ютдилар ва зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинди”.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида уларни кутиб турган азобни ўз кўзлари билан кўрган вақгларида қўрққанларидан худди дорга осиш учун олиб кетилаётган кимсанинг даҳшатдан тилига калима келмай қолгани-дек, бирон сўз айта олмай, ҳатто дилларини ўртаётган афсусларини, ҳаётларини беҳуда совуриб юборганлари учун қилаётган надоматларини ҳам изҳор қила олмай, дамлари ичларига тушиб кетади ва Одил Подшоҳ - Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ўрталарида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукмини чиқариб, улардан ҳар бири қилмишларига яраша етти дўзахдан бирига ташланади.

55. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги нарсалар, шубҳасиз, Оллоҳникидир. Огоҳ бўлингизким, албатта, Оллоҳнинг ваъдаси ҳаққи-рост ваъдадир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
“Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги нарсалар шубҳасиз, Оллоҳникидир”.
Яъни, осмонлар, Ер ва уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таоло экани аниқдир. Осмонлардаги малоикалар, қуёш, ой, юлдузлар ҳам, Ердаги бор мавжудот-махлуқот ҳам, ҳамма-ҳаммаси унинг салтанат-мамлакатидир.
Уларни барчасини ва ҳар бирини У ЗотнингЎзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Унинг жазосидан қочиб қутула олмайди.
“Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ваъдаси, шубҳасиз, ҳаққи-рост ваъдадир”.
Яъни, Ҳақ таоло ваҳий билан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зот орқали барча инсониятга ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси, жумладан, иймон билан солиҳ амаллар қилган инсонларга ажр-мукофотлар ато этиши, гуноҳ-жиноят қилган кимсаларни жазолаши, шунингдек, мушриклар: “мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!” деб шоштираётган азоб уларнинг бошига тушиши ҳақ ва аниқдир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло албатта Ўз Ваъдасига Вафодордир. Лекин одамларнинг кўплари ақлсизликлари ва ғафлатга ботиб қолганлари учун буни билмасдан оғизларига келган сўзни айтиб ўтлайверадилар.
Ояти каримада “Огоҳ бўлингиз”, деб қайта-қайта огоҳликка даъват қилиниши олам аҳлини ўзлари ботиб қолган ана ўша ғафлат уйқусидан уйғотиш учундир.

56. Ҳаёт берадиган ҳам, ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Ва Унгагина қайтарилурсизлар.
Дарҳақиқат, осмонлар ва Ердаги барча жонзот Оллоҳ таоло уларга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлганлар, яна Оллоҳ таоло ирода қилган соатда ўладилар. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий Тирик ва Абадий Тургувчидир. Баски, бир томчи сувга - нутфага агар хоҳласа ҳаёт бериб, тирик инсонга айлантиргувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган соатда уни ўлдириб, сўнгра қай-тадан тирилтиргувчи ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг Ўзи экан, демак, Унга иймон келтирмаслик, Унга қуллик - ибодат қилмаслик ёки Унга ширк келтириб мушрик бўлиш ақлли инсоннинг иши эмасдир. Фақат ақлсиз кимсаларгина ҳаёт бериш ҳам, ўлим бериш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида эканини билишмайди, ишонишмайди. Масалан, қанчадан-қанча олис сафарларга чиққан ё жангоҳларга кетган инсонлар эсон-омон уйларига қайтаётганларини, қанчадан-қанча уйдан чиқмай, ўзларини эҳтиёт қилган кишилар эса ўлиб ҳам турганларини доимий равишда кўриб-билиб турсалар-да, ўлдирадиган ҳам, ҳаёт берадиган ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло эканини билмайдилар. Бутун умрлари давомида: “Аттанг, ундай қилганларида бундай бўлмас эди, афсус, бундай қилганларида ундай бўлмас эди”, деб ҳасрат-надоматда ўтиб кетаверадилар.
Ҳақ таоло мўминларни ана шундай кофирларга ўхшаб қолишдан қайтаради ва барча инсонлар Унинг ҳузурига қайтарилишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.

57. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, диллардаги (бузуқ эътиқодлардан иборат) нарсаларга шифо ва мўминларга Ҳидоят ва Раҳмат (яъни, Қуръон) келди.
Ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга замондош ва ватандош бўлган қурайшликлардан тортиб то Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга хитоб қилинади. Жаноби Ҳақ инсонларга тенгги йўқ Буюк Неъмат - Қуръон келганини эслатиб, Ўз Каломининг тўрт сифатини зикр қилади. У сифатлардан биринчиси, Қуръони Азим энг холис, энг комил, энг фойдали мавъиза - панд-насиҳатдир. У ўзининг тарғиб ва тарҳиб, яъни, рағбатлантириш ва қўрқитиш услуби билан инсонларни солиҳ амаллар қилишга ва гуноҳ-маъсиятлардан тийилишга буюради ҳамда Оллоҳ таоло наздида қандай амаллар яхшилик, қандай ишлар ёмонлик эканини баён қилади.
“Бу (Қуръон) одамлар учун (Тўғри Йўлни) баён қилгувчи ва тақво эгалари учун Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. (Ол-и Имрон сураси, 138-оят).
Қуръони Карим тўла ҳолида ҳам, унинг ҳар бир ояти ҳам барча инсон-лар учун Илоҳий Баёнотдир. Уларнинг орасидаги тақводор зотлар учун эса, ушбу Китоб Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. Яъни, эҳтимол, ҳамма ҳам Қуръонга Каломуллоҳ деб иймон келтирмас ё унинг кўрсатмаларига амал қилмас ёки унинг маъноларини билмас. Энди бу “узрлар”нинг биронтаси ҳам унга фойда бермайди. Чунки Оллоҳ таоло одамларга Ўз Баёнотини тўла эълон қилди - уларга Ўз Каломини Қуръонни нозил қилди, унинг оятларида нимага ишонишлари кераклигини, нима қилишлари ва нима қилмасликлари кераклигини, кимдан қўрқишлари кераклигини очиқ-равшан баён ҳам қилди. Бас, биз билмаймиз дейишларига ўрин қолмади. Ким бу Илоҳий Ҳужжатга амал қилмаса, унга қарши турса, бу ўша кимсанинг айбидир, балки жиноятидир. Чунки Оллоҳ берган умрни яшаб, У берган ризқни еб, Унинг берган саноқсиз неъматларидан фойдаланиб туриб, Унинг Сўзига итоат этмаслик энг катта жиноятдир, бас, бу жиноятнинг жазоси ҳам ўзига яраша каттадир, яъни, дўзахдаги мангу азобдир.
Энди ана ўша Қуръон, унинг ҳар бир ояти Оллоҳдан қўрқадиган инсонлар учун Тўғри Йўл ва панд-насиҳатдир. Яъни, Қуръони Азимдан ҳар икки дунёда том маънода фойдаланиш учун одам бўлишнинг ўзи, ақлли бўлишнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун тоза, покиза, парҳезкор, бошқача айтганда, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқадиган тақводор инсон бўлиш керак. Қуръон тақводорлар учун Ҳидоятдир.
Қуръони Каримнинг иккинчи сифати, унинг оятлари қалблардаги жаҳолат, шак-шубҳа, нифоқ, куфр, бузуқ эътиқод ва бузуқ хулқлар каби энг бедаво дардларга шифодир.
Демак, инсон токи иймон келтириб, Каломуллоҳни ўрганиб, унинг кўрсатмаларига амал қилмас экан, мазкур дардлар уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳалок қилади.
“Биз мўминлар учун Шифо ва Раҳмат бўлган Куръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”. (Ал-Исро сураси, 82-оят).
Учинчи сифат, бу Азиз Китоб инсонларни ботил йўллардан, залолатдан қайтариб, Ҳақиқатга иймонга ва икки дунё саодатига эриштирувчи Тўғри Йўлга етаклайдиган Ҳидоят, яъни Етакчидир.
“Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида огирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни, гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)”. (Фуссилат сураси, 44-оят).
Тўртинчи сифат, Қуръони Карим мўминлар учун Оллоҳнинг Раҳматидир. Чунки у мўминларни залолат зулматларидан чиқариб, иймон нурига мушарраф қилади, улар учун дўзах ўтидан қалқон бўлиб, жаннатларга киришларига сабаб бўлади.
Ояти каримада Қуръон ҳамма одамлар учун эмас, балки фақат мўминлар учун Раҳмат экани таъкидланди. Чунки бу Буюк Китобдан фақат унга Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирган ва унинг кўрсатмаларига амал қилган мўмин-мусулмонлар фойдаланадилар. Аммо Оллоҳ таолонинг ғазабига лойиқ бўлган динсиз, иймонсиз кимсалар учун эса Қуръони Азим Қиёматда уларга қарши гувоҳлик бергувчи Илоҳий Ҳужжатдир. Демак, Қуръон, фақат унинг Раҳмат эканига иймон келтирган ва ўзларининг бу Китоб кўрсатмаларига жуда муҳтож эканликларини билиб уни чин ихлос билан тиловат қиладиган, ўқиб-ўрганадиган мўмин-мусулмонлар учун Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Илоҳий Марҳаматдир.

58. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати (яъни, Ислом) ва У Зотнинг Раҳмати (яъни, Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, умматларингизга айтиб-етказиб кўйингки, агар улар ҳаётларида нима билан хурсанд бўлиш тўғри эканини билишни истасалар, у ҳолда фақат Оллоҳнинг Фазли ва Раҳмати билан хурсанд бўлсинлар. Чунки Оллоҳ таоло уларга ато этган сон-саноқсиз неъматларнинг энг афзали Оллоҳнинг Фазлу Раҳматидир. Бу икки Неъмати Илоҳийя улар жамлайдиган нарсаларнинг ҳаммасидан ҳам яхшироқдир.
Абу Саид Худрий ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум: “Оллоҳнинг Фазли Қуръон, Унинг Раҳмати Исломдир”, деганлар.
Ҳасани Басрий, Заҳҳок, Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳ эса: “Оллоҳнинг Фазли иймон, Унинг Раҳмати Қуръондир”, деб тафсир қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган Фазли Исломдир, Унинг Раҳмати эса ўша Ислом Динини уларнинг дилларига чиройли қилиб кўрсатиб қўйганидир”, дейди.
Яна: “Оллоҳнинг Фазли иймон, Унинг Раҳмати жаннат”, деган тафсирлар ҳам бор.
Мазкур тафсирларнинг барчаси тўғри ва бир-бирини тўлдириб турадиган тафсирлар бўлиб, улардан олинадиган хулоса шуки, бандалар шод-хуррам бўлиб шукроналар айтишлари керак бўлган нарса асло уларни Яратгандан узоқлаштирадиган, Охиратни унуттирадиган дунё бойликлари эмас, балки қулларни Хожага яқинлаштирадиган,уларнинг дунё-ю Охиратда бахтли-саодатли яшашларига сабаб бўладиган Муқаддас Дини Ислом ва Қуръони Каримдир. Чунки одамлар тўплайдиган мол-дунёлари, етишни орзу қиладиган обрў ва мартабалари ўткинчи - фонийдир. Аммо Ислом ва Қуръон эса мўминларга дунё-ю Охиратда асқотадиган ҳеч туганмас бойликдир. Демак, бандалар учун энг катта бахт Исломдир - мусулмон бўлиш-ларидир, энг катта давлат эса уларга Тўғри Йўлни кўрсатувчи Қуръондир.
Тафсир китобларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни Оллоҳ Ислом Динига ҳидоят қилган бўлса ва унга Қуръонни билдирган бўлса-ю, сўнгра у кимса камбағалман деб шикоят қилса, Оллоҳ у ношукур кимсанинг икки кўзи ўртасига то Унга рўбарў бўладиган Кунгача ўчмайдиган қилиб камбағалликни битиб қўяди”, дедилар ва мана шу оятни ўқидилар. (“Тафсири Куртпубий”ва “Дуррул-мансур” тафсирдан).

59. Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Оллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқирўздан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «(Хабар берингиз-чи, бундай қилиш учун) сизларга Оллоҳ изн бердими ёки Оллоҳ шаънига бўҳгон қилмоқдамисиз лар?!»
Ояти каримада Ердан униб чиқадиган ризқирўзни осмондан нозил қилинган дейилишининг боиси, ердан чиқадиган экин-тикин Оллоҳ таолонинг Амри билан осмондан ёққан ёмғир сабабли униб-ўсади, қуёшнинг тафти билан пишади, ойнинг нуридан ранг олади. (“Танвирул азҳон”тафсиридан).
Ушбу ояти карима мазмунини мана бу икки оят ва уларнинг тафсири ёрдамида яхшироқ англаймиз: “Улар ўзларича: «Мана бу чорва ҳайвонлари ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина (яъни, бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган, дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Оллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларининг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Оллоҳ Амри деб) У Зотга туҳмат қиладилар. Яқинда бу туҳматлари сабабли уларга Ўзи жазо беражак”. (Анъом сураси, 138-оят).
Ушбу ва қуйидаги оятларда яна мушрикларнинг Оллоҳ таолога ва Унинг Ҳақ Динига туҳмат-буҳтон қилиб, Ҳақ таоло шаънига ёлғонлар тўқиб, турли беҳуда ва тамоман бефойда ишларни “Оллоҳ буюрди”, деб ўзлари учун одат қилиб олганларига мисоллар келтирилади.
Суранинг (Анъом сурасининг) 136-оятида мазкур бўлганидек, мушриклар экин-тикинларидан олган ҳосилларидан бир қисмини ва чорва ҳайвонларидан айримларини ўзлари сиғинадиган бутларига аташар ва бутхо-на хизматчиларидан бошқалар учун у нарсаларни ейиш манъ қилинган, деб даъво қилишар эди. Ўзларича у ҳайвонларга “баҳийра, соиба, васийла ва ҳомий”, деб номлар ҳам кўйиб олишган эди. (Бу ҳақда “Моида” сурасининг 103-ояти ва унинг тафсирида батафсил айтилди). Шунингдек, улар ўша ҳайвонлардан айримларини ишлатиш - юк ортиш - миниш хдром деб даъво қилишиб, ундай туя-отларни ҳатто ҳаж сафарида хам минишмас эди.
Мушриклар Оллоҳ таолонинг Динига қарши қилган туҳмат бўҳтонлардан яна бири - улар чорва ҳайвонларини сўйишда Оллоҳнинг номини зикр қилиш ўрнига ўзлари сиғинадиган бутларининг номини айтиб сўяр эдилар.
Энг ёмони, мушриклар ўзлари ўйлаб-тўқиб чиқарган мана шу ахмо-қона қилмишларининг барчасини “Оллоҳнинг буйруғи”, деб Оллоҳ таоло шаънига туҳмат қилар эдилар. Шунинг учун оят ниҳоясида Ҳақ таоло уларнинг бундай туҳмат-бўҳтонларига албатта жазо беришини айтиб огоҳлантиради.
“Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади). Яқинда бундай (ўзларича ҳалол-ҳаром деб) сифатлаганлари учун уларга Ўзи жазо беражак. Албатта, У Ҳикмат ва Билим Соҳибидир.” (Анъом сураси, 139-оят).
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, ояти каримадаги ҳайвонлардан мурод, мушриклар ўз бутлари йўлида қурбонлик қилиб, “баҳийра”, “соиба” деб атаб олган туялардир.
“Баҳийра” - бешта туққан туя бўлиб, мушрик араблар унинг қулоғини кесиб, бутларига ҳадя қилишар ва бундай туяни соғиш ҳаром деб ҳисоблашар эди. “Соиба” эса оғир дардга йўлиққан араблар: “Агар шу дарддан қутулсам туямни тангри йўлига қурбонлик қиламан”, деб қасам ичиб, соғайгач, энди бу туя бутларники, деб кўчага ҳайдаб юборган ва ҳеч ким унинг гўштидан ё ишидан ёки сутидан фойдаланмайдиган туядир.
Оллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган бундай чорва ҳайвонларини ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ҳаром қилиб олган жоҳил араблар у ҳайвонлар туққан болалари ҳақида ҳам ўзларича “қонунлар” чиқариб, “баҳийра”, “соиба” бўлган туяларнинг туққан бўталоқлари агар тирик туғилса, фақат эркаклар учун ҳалолдир, аммо агар ўлик туғиладиган бўлса, унинг гўштини эркаг-у аёл еса бўлаверади”, дер эдилар.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, агар инсонлар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган - нарсаларни ҳалол ёки ҳаром деб сифатлаш ҳуқуқига тажовуз қилишиб, Оллоҳнинг Ҳукмини ўрганмай, билмай ва унга амал қилмай, ўзларича “Бу ҳалол, у ҳаром” деб ҳукм чиқараверадиган бўлсалар, яъни, Яратган ҳалол қилган нарсаларни “ҳаром”, деб, У Зот ҳаром қилган нарсаларни “ҳалол” деяверадиган бўлсалар, бир сўз билан айтганда, инсонларни ҳайвонлардан ажратиб турадиган ақл неъматини ўша неъматни ато этган Ҳақ таолони таниш учун, Унга итоат этиш учун эмас, балки У нозил қилган ҳукмларни бузиш учун ишлатадиган бўлсалар, ундай кимсалар албатта, бу дунёда ақлсиз ҳайвонлардан тубанроқ ҳаёт кечирадилар ва Охиратда ҳам ҳайвонлар кўрмаган азобларга мустаҳиқ бўладилар. Чунки барча нарсани Билгувчи ва ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Зот динсиз кимсалар Унинг Динига туҳмат қилаётганларидан, Унинг Ҳукмини ўзгартириб, У ҳаром қилмаган нарсаларни “ҳаром” деяётганлари-дан Огоҳдир ва албатта уларга қилмишларига яраша жазо берар. “Сизлар Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Оллоҳ буюрмаган ҳукмларни Оллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни сўзлаб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар.” (Наҳл сураси, 116-оят).

60. Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар Қиёмат Куни ҳақида қандай ўйдалар? Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
Яъни, улар Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб, бўҳтон қилганлари учун У Зот Қиёмат Кунида уларни жазога тортмайди деб ўйлайдиларми?!
Оллоҳ таоло шаънига туҳмат-бўҳтон қилганлари учун, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган ишни - нарсаларни ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳуқуқини - ўзлариники қилиб олиб: “у нарса ҳалол, бу нарса ҳаром”, деб ҳукм чиқарганлари ва ҳеч қўрқмасдан - уялмасдан: “Буни бизга Оллоҳ буюрган”, деб (Аъроф сураси, 28-оятдан), Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиганлари учун уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида дарҳол жазо бермасдан, тавба қилишларига, ўзларини тузатиб олишларига муҳлат бергани Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳамат Соҳиби эканлигидандир. У Зот инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳиби бўлгани учун ҳам уларга тавба-тазарруъ қилиб Тўғри Йўлга тушишлари учун муҳлат берди, яхши билан ёмонни, ҳақ билан ботилни ажратсинлар деб ақл неъматини ато қилди, Ўз ҳузуридан элчилар юбориб Туғри Йўлни кўрсатди, Китоблар нозил қилиб, дунё ва Охират ишларидан уларнинг ақллари қосирлик қиладиган ҳукмларни очиқ-равшан баён қилди, нима ҳалол-у, нима ҳаром эканини билдирди, улар учун манфаатли бўлган барча нарсаларни ҳалол қилди, фақат зиёнли нарсаларни уларга ҳаром қилди, Оллоҳ таолога қандай тоат-ибодат қилишни таълим берди, уларни ризқу рўз билан таъминлашни Ўз зиммасига олди ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато қилди.
“Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар”. Яъни, Оллоҳ таоло кўрсатган Тўғри Йўлга юрмайдидар, Оллоҳ ҳалол қилган айрим нарсаларни ҳаром қилиб олиб ўзларини қийнайдилар, куч-қувват ва имкониятла-рини Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларга сарф қилмайдилар.

61. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қандай иш билан (машғул) бўлманг ва у (иш) ҳақида Куръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша (ишлар)га киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда Гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичиқроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - ал-батта очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда) мавжуд бўлур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, сўнгра у зотнинг умматларига хитоб қилиб, уларнинг каттами-кичикми, яхшими-ёмонми барча амалларига Унинг Ўзи Гувоҳ экани ҳақида, шунингдек, осмонлар ва Ердаги - жамийки коинотдаги ҳар бир мавжудот, у бир зарра вазничалик бўладими ёки ундан ҳам кичикроқми ё каттароқми, барча-барчаси У Зотга аниқ маълум экани,Унинг тақдир Китоби Лавхул-Маҳфузда ёзиб қўйилгани ҳақида хабар беради.
Оллоҳ таолонинг коинотдаги жонли-жонсиз барча нарсадан Хабардор эканига далолат қилгувчи оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни Ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Анъом сураси, 59-оят).
Ояти каримадаги “Мафотиҳ” калимасининг икки маъноси бўлиб, бири хазиналар, иккинчи маъноси эса, калитлар - очқичлар деганидир.
Ушбу ояти карима ғайб оламига иймон келтириш вожиб эканига ва ҳар иш Оллоҳ таолонинг тақдири - ўлчови билан бўлишига, жамийки нарса Оллоҳ таоло ҳузуридаги - Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ва ўзгартира олмайдиган Лавҳул-Маҳфузда битиб қўйилганига аниқ ишониш вожиб эканига далилдир.
Бухорий Ўз “Саҳиҳи”да ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ғайбнинг (яъни, инсон ақл-идрокидан ташқари оламнинг) очқичлари бештадир. Уларни Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди: Бачадонлардаги нарсани (ҳомила пайдо бўлдими-йўқми эканини) Ёлғиз Оллоҳ билур, эртага нима бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, қачон ёмғир келишини Ёлғиз Оллоҳ билур, ҳар бир жоннинг қаерда ўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, Қиёмат қачон бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур”.
“Айтинг: «Осмонлар ва Ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Оллоҳгина (билур)». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар.” (Намл сураси, 65-оят).
Мана бу ояти карима ҳам мазкур мазмунни таъкидлайди: “(У Зот) ғайбни Билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас.” (Жин сураси, 26-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло диллардаги сирларни, ошкор ва яширин барча нарсаларни Билгувчидир: “Албатта Парвардигорингиз уларнинг дил-лари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Намл сураси, 74-75-оятлар). “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.” (Ғофир сураси, 19-оят).
Ушбу оятларнинг мазмуни ҳақида тафаккур қилган киши Оллоҳ таолонинг Илми бениҳоя кенг эканини, У хамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи эканини англайди ва ўзининг қиладиган жамийки амаллари Яратганга маълум эканига яна бир бор аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳатто заррачалик, балки унданда кичикроқ бўлган нарсалар ҳам Оллоҳ таолога аниқ маълум эканини билган мўмин албатта қўлидан келганича яхши амаллар қилишга, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча ҳаракатларимизни кузатиб, ҳар бир амалимизни билиб, ҳатто дилларимиздаги сирларимиздан ҳам хабардор бўлиб турганини англаб етганимизда, албатта кўнгилга шундай бир ҳайбат-кўрқув тушади - Пок Парвардигор, агар Ўзинг айбларимиз устига парда ёпмасанг, кечириб юбормасанг, биз осий қулларингни Ўз Раҳматингдан насибадор қилмасанг, ҳолимизга вой! Чунки қилган амалларимиз жуда нуқсонли ва ўта оздир, хато ва гунохдаримиз эса жуда катта ва бениҳоя кўпдир. Парвардигоро, Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин, ҳаётимизни Сен яхши кўра-диган солиҳ амалларга тўлдириб яшашга муваффақ қилгин.
Ояти каримани англашдан ҳосил бўлган бу баҳра, бу таассурот кишини иймон-итоатга чорлайди, куфр ва маъсиятдан қайтаради.
“Тафсири Мунийр”да ибратли бир мисол келтирилибди: Агар бировга мана бу ойнайи жаҳон сенинг яширин ва ошкора қилган ҳар бир иш-амалингни, хатти-ҳаракатингни суратга тортиб олиб, ёзилганларни давлат раҳбарига кўрсатади ва у ҳар бир яхши ишингучун мукофот, ёмон ишинг учун жазо беради, дейилса, у кимса зиммасидаги вазифасини бажарадими ёки бажармайдими? Ўзига, оиласига, қўни-қўшниларига ва жамиятга яхшилик қиладими ёки ёмонликми? Албатта бу саволларнинг жавоби маълумдир. Энди қилган ҳар бир ишини Ернинг кичик бир қисмидаги муваққат подшоҳ эмас, балки Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлмиш Азалий ва Абадий Подшоҳ кўриб-кузатиб турганини билган инсон-чи, Эртага Қиёмат Кунида ана ўша Ҳақ Подшоҳ қилган ҳар бир яхши амали учун мукофот, ёмон ишлари учун жазо бериши аниқ эканига иймон келтирган инсон-чи? Албатта иймонли кишилар бутун ҳаётлари давомида уларни Энг Улуғ Гувоҳ кўриб-кузатиб турганини аниқ ҳис қилиб яшашлари керак, Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китобдан олдин ўзла-рини ўзлари ҳисоб-китоб қилиб, қўлларидан келганича яхши аммалларини кўпайтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Ўрганаётганимиз ояти карима инсонларни ана шундай мустаҳкам иймон эгалари бўлишга даъват қилади.
Умар Баноний раҳимахуллоҳ айтади: “Қабристонда бир обидни кўрдим. Унинг ўнг қўлида оқ тошлар, чап қўлида эса қора тошлар бор эди. Ундан: “Эй обид, бу ерда нима қиляпсан”, - деб сўраган эдим, у: “Қачон қалбим қотиб қолса, қабристонга келаман ва унда ётган одамларнинг аҳволини ўйлаб ибрат оламан”, - деди. “Қўлингдаги тошлар қандай тошлар”, - деб сўрадим. У айтди: “Қачон бирон яхши амал қилсам, ўнг қўлимдаги оқ тошлардан биттасини чап қўлимдаги қора тошларга қўшиб қўяман, бирон ёмон иш қиладиган бўлсам, қора тошлардан биттасини оқ тошларга кўшиб қўяман ва ҳар кеча қарайман, яхшиликларим ёмонликларимдан кўпроқ бўлса, оғзимни очаман - ифтор қиламан ва тунги ибодатимга машғул бўламан, аммо агар ёмонликларим яхшиликларимдан кўпроқ бўлса, ўша кеча емайман ҳам, ичмайман ҳам. Менинг ҳолим шу, омон бўлгин”. (“Танвирул-азҳон ”тафсиридан).

62. Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг валийларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар.
Валий сўзининг луғавий маъноси яқин деганидир. Демак, Оллоҳнинг валийлари Оллоҳнинг яқинлари деган маънони англатади. Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло бандаларининг катта-ю кичик барча амалларига Гувоҳ экани айтилгач, ушбу ва куйидаги оятларда Ҳақ таолога чин-ихлос билан таот-ибодат қилганлари учун У Зотнинг валийлари қаторига кирган инсонлар қандай иззат ва кароматларга эга бўлишлари ҳақида хабар берилади. Жаноби ҲақЎзининг дўст-валийларини Қиёмат Кунидаги даҳшатлар хавфидан халос қилишга ваъда беради ва улар дунёда ҳам, Охиратда ҳам ўзлари яхши кўрадиган нарсалардан маҳрум бўлиш ғамидан озод эканликларини айтади.
Мана бу ҳадиси шариф бизларга Оллоҳ таолога яқин бўлиш, авлиёул-лоҳлар қаторига кириш йўлларидан бирини кўрсатади: Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу ушбу ояти карима ҳақида шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини эшитдим: У зот: “Албатта, Оллоҳнинг бандалари орасида шундай бандалар бордирки, ўзлари пайғамбар ҳам, шаҳид ҳам эмас, аммо Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло томонидан уларга ато этилган мартабага пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, дедилар. Сўралди: “Ё Расулуллоҳ, бизга ўша бандалар кимлар экани ва уларнинг қилган амаллари ҳақида хабар беринг, шояд бизлар ҳам уларни севиб қолсак”. Пайғамбар алайҳис-салом: “Улар ўрталарида қариндош-уруғлик ва дунёвий олди-берди муомалалари бўлмаса-да, Оллоҳ Йўлида бир-бирларини яхши кўрган кишилардир. Оллоҳга қасамки, Қиёмат Кунида уларнинг юзлари нур сочиб, нурдан бўлган минбарларда турурлар, одамлар хавфу хатарда қолганларида улар учун ҳеч қандай қўрқув-хатар бўлмайди, одамлар ғамга ботиб қолганларида улар ҳеч ғамгин бўлмайдилар”, дедилар ва: “Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг валийларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар”, оятини ўқидилар”. (АбуДовуд ривояти).
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди: “Оллоҳнинг валийлари кимлар?” Айтдилар: “Оллоҳнинг валийлари шундай кишилар-ки, уларни кўриш билан Оллоҳ ёдга тушади”. (Табарий ривояти).

63. Улар иймон келтирган ва (Оллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир.
Ушбу ояти каримада кимлар валийуллоҳ бўлади деган саволга ўта ихчам, айни пайтда жуда тўлақонли жавоб берилди. Яъни, Оллоҳ таолонинг яқин бандаси бўлиш учун кишида мана шу икки сифат бўлиши шартдир. Бошқача айтганда, иймон ва тақво эгаси бўлмаган кимса ҳеч қачон Оллоҳ таолонинг яқин бандалари қаторига қўшила олмайди. Фақат Оллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, элчиларига ва Қиёмат Кунига иймон келтирадиган ҳамда Ундан қўрққанлари учун Унинг барча Амр-Фармонларига итоат қиладиган, У манъ этган барча нарса ва ишлардан сақланадиган кишиларгина Оллоҳнинг валийларидир. Ҳатто пайғамбарлар ҳам ҳавас қиладиган олий мартабаларга эришадиган кишилар ана ўшалардир. “Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматлар-да абадий қолгувчидирлар. Уларни Буюк даҳшат (яъни, Қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир», (деб) кутиб олурлар.” (Анбиё сураси, 101-103-оятлар).

64. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир. Оллоҳнинг Сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъ-матларга эришиш) буюк саодатдир.
Муфассир уламолар ояти каримада зикр қилинган, Оллоҳ таолонинг валийлари бўлмиш мўминларга дунё ва Охиратда бериладиган “хушхабар”ни турлича тафсир қилганлар.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таоло мўминларга ваъда қилган хушхабар ҳақида сўраганимда, у зот: “Ушбу оят нозил қилинганидан буён сендан бошқа ҳеч ким мендан мана шу хушхабар нима экани ҳақида сўрамаган эди. У - мусулмон инсон ўзи кўрадиган ёки у ҳақда кўриладиган (яъни, ўша мусулмон тўғрисида бошқа мусулмонлар кўрадиган) яхши тушлардир”, дедилар”. (Термизий ривоят).
Заҳрий, Ато ва Қатода: “У - мўмин вафот қилиши олдида малоикалар унга айтадиган хушхабардир”, дедилар.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Қачонки мўминнинг жони то-моғига келиб тўхтаганида, унинг олдига ўлим фариштаси келади ва: “Ассалому алайка - Сенга омонлик бўлсин, эй Оллоҳнинг валийси, Оллоҳ сенга салом айтади”, дейди ва мана бу: “Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.” (Наҳл сураси, 32-оят), оятини ўқиган ҳолда унинг жонини олади”. (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти).
Қатода ва Заҳҳок: “У хушхабар - мўмин ўлими олдидан қаёққа боришини билмоқлигидир”, дедилар.
Ҳасани Басрий эса: “Ояти каримада зикр қилинган хушхабар Оллоҳ таоло мўмин бандаларига бошқа оятларда берган хушхабарларидир”, дейди ва мана бу оятларни келтиради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчилардир.” (Бақара сураси, 25-оят). “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан Раҳмат ва Ризолик ҳамда жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда улар учун доимий неъматлар бордир. 22. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, улуғ ажр Оллоҳнинг хузуридадир.” (Тавба сураси, 21-22-оятлар).
Ушбу оятлар назмида ҳижрат ва жиҳод фазилатларига эга бўлган саҳобайи киром алайҳимур-ризвон шаънларини осмонлар қадар шарафлайдиган гўзал Илоҳий лутфу латофат зоҳирдир. Дастлабки икки калимани сўзма-сўз ўгирилса, “Уларнинг Парвардигорлари уларга хушхабар берур” мазмунини англаймиз. У мўмин зотлар қандай ҳам бахтли инсонлар эканларки, Ҳақ таолонинг Ўзи: Мен уларнинг Робби - Парвардигориман, Ўзим уларга мана шу ҳаёти дунёдалик пайтларидаёқ Охиратдаги бахтли ҳаётлари ҳақида хушхабар берурман, деб оят нозил қилди. Парвардигорлари уларга уч буюк неъмат хушхабарини берди. Аввало уларни Ўз томонидан Фазлу-Раҳмат билан ўраб, катта-ю кичик барча гуноҳларини мағфират қилиб юбориши ҳақида, иккинчидан, уларга Ўзининг ризосини тушириши, яъни, ҳар икки дунёда улардан рози бўлиши ҳақида, учинчидан, улар учун ҳеч тугамайдиган неъматларга тўла жаннатларни тайёрлаб қўйгани, улар ўша жойларда абадул-абад саодатли ҳаёт кечиришлари ҳақида хушхабар беради.
“Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб, сўнгра (Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олди-ларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) Мағфиратли ва Меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир”. (Фуссилат сураси, 30-32-оятлар).
Яна уламолардан оятдаги мўминларга дунёда бериладиган хушхабардан мурод, улар душманлари устидан ғалаба қозонишлари, уларни одамлар гўзал мақтовлар, чиройли сўзлар билан зикр қилишларидир, деган тафсирлар ҳам бордир.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Киши бирор яхши амал қилганида одамлар уни мақтайдилар. Шу ҳақда раъйингиз?” - деб сўралганида, - “Бу мўминга берилган башорат - хушхабарнинг нақдидир (яъни, шу дунёнинг ўзида унга берилган хушхабардир)”, -дедилар. (Муслим ривояти).
“Оллоҳнинг Сўзлари ўзгартирилмас. Мана шу буюк саодатдир”.
Яъни, Оллоҳ таоло айтган ҳеч бир Сўз ўзгармас, эскирмас ва уни ҳеч ким, ҳеч қачон ўзгартира олмас. Шунингдек, Оллоҳ таоло бандаларига берган ваъда ҳам ҳеч қачон ўзгармас, унга хилоф қилинмас. Демак, Ҳақ таолонинг Ўз валийларига берган Сўзи - Ваъдаси ҳам албатта амалга ошгувчидир. Бас, кимга иймон-эътиқоди ва солиҳ амаллари сабабли Оллоҳ таолодан ояти каримада зикр қилинган дунё ва Охиратдаги хушхабар етса, мана шу Буюк Саодатдирки, ақллар унинг нақадар буюклигини англаб идрок қилишлари мушкилдир. Негаки у икки дунё Саодатидир.

65. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Уларнинг (кофирларнинг) сўзлари Сизни ғамгин қилмасин. Бутун Куч-Қудрат Оллоҳникидир. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ушбу ояти карима Жаноби Ҳақ томонидан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин-тасаллий ва руҳоний мадад бўлиб, у зоти бобаракотни мушрикларнинг айтаётган сўзларидан ҳеч ғамгин бўлмасликка чақиради. Мушриклар уларга Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини келганидан кейин ҳам дарҳол иймон келтириш ўрнига ўз ширкларида давом этиб, Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончига чиқаришар, саноқлари кўплиги ва мол-давлат эгалари бўлганлари сабабли Дини Исломни қабул қилмоқчи бўлган кишиларнинг йўлларига ғов бўлишиб, ҳатто Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга суйиқасд қилиш режаларини тузишар эди. Оллоҳ таоло Ўз Элчисига кофирларнинг бундай хатти-ҳаракатларидан ранжиб тушкунликка тушиб қолмасликлари учун ушбу оятни нозил қилиб, у зотга ва барча мўмин-мусулмонларга таскин-тасаллий беради ҳамда бутун Куч-Қудрат Ўзининг Қўлида эканини, демак, Унинг Динига қарши турган кимсаларнинг қўлларидан ҳеч иш келмаслигини - улар Расулуллоҳга бирон зиён етказа олмасликларини таъкидлайди ва Ўзи у кофирларнинг айтаётган сўзларини эшитиб, тузаётган режа-ларини билиб туриши - уларни албатта қилмишларига яраша жазолаши ҳақида хабар беради.

66. Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги барча жонзот ва Ердаги барча жонзот Оллоҳникидир. Оллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар нимага эргашмоқдалар ўзи?! Улар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар - ёлғон сўзлайдилар, холос.
Яъни, кўпдан-кўп одамлар тангри деб сиғинадиган осмонлардаги ва заминдаги нарсаларнинг Яратувчиси ҳам, Эгаси ҳам Ягона Оллоҳдир. Улар фақат ўз гумон ва тахминларича, у махлуқотларни тангри деб илтижо қиладилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло юқоридаги оятда зикр қилинган: “Бутун Куч-Кудрат Оллоҳникидир,” деган Сўзининг далилини келтиради. У огоҳлантириб айтадики, осмон-у заминдаги ақлли жонзотлар ва инсонларнинг барчасини Унинг Ўзи йўқдан бор қилган ва уларга умр-ризқ ато этган. Уларни яратишда ҳеч ким ва ҳеч нарса Оллоҳ таолога шериклик қилган эмас. Уларга умр ва ризқни ҳам Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Бас, шундай экан, у ҳолда мушриклар қайси ақл ва қандай ҳужжат билан ўша Ёлғиз Яратгувчи Парвардигорга бут-санамларни шерик деб билмоқдалар?! Ахир улар сиғинаётган бутлар жонсиз, ақлсиз, кўрмайдиган, эшитмайдиган, демак, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларку?! Бас, улар қандай қилиб Яратганга шерик бўла оладилар?! Уларда ҳеч қандай куч ҳам, кудрат ҳам йўқку?! Аниқ маълум бўладики, мушриклар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган нарсалар Оллоҳнинг шериклари эмасдир. Яратишда ва бошқаришда Танҳо бўлган Оллоҳ субҳонаху ва таоло Маъбудликда ҳам Танҳодир, шериклик айбидан Покдир. Баски, ақлли мавжудот бўлган одамзот, малоикалар ва жинлар ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг мулки экан, демак, жонсиз, ақлсиз махлуқотнинг барча-барчаси батариқи авло Унинг мулкидир. Аммо мушриклар мана шу аён ҳақиқатни қабул қилиб Танҳо Маъбуди Барҳаққа ибодат қилиш ўрнига ҳеч қандай асосга эга бўлмаган афсоналарга, хурофот ва бидъатларга эгашадилар, ҳеч қандай далилсиз ўзлари турли номлар қўйиб олган бут-санамларни “илоҳлар” деб сиғиниб, ўзларини ҳам, ўзгалар-ни ҳам алдайдилар-адаштирадилар. Бу каби адашганларга Ҳақ таоло бошқа бир сурада Ўз пайғамбари тилидан шундай хитоб қилади: “Сизлар эса, У Зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар - бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Оллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Оллоҳникидир. У Зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг Тўғри Дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар”. (Юсуф сураси, 40-оят).
Қуйидаги ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг бутун Куч-Қудратнинг Эгаси эканига далолат қиладиган яна бир оят-аломат ҳақида хабар беради.

67. (Оллоҳ) сизлар ором олишингиз учун кечани (қоронғу) ва (кас-бу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) кундузни ёруғ қилиб қўйган Зотдир. Албатта бунда қулоқ тут(иб ибрат ол)гувчи қавм учун оят-аломатлар бордир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига далолат қиладиган белгилардан яна бири шуки, У замонни иккига бўлиб, кеча ва кундуз қилиб қўйди. Кечани одамлар ором олиб чарчоқлари ёзилиши учун, кундузнинг югур-югурларидан тин олиб, кун бўйи қилган ишларини фикрлари сочилмасдан хотиржам мулоҳаза қилиб тўғри хулосаларга келишлари учун ҳеч ким безовта қилмайдиган қоронғу қилиб - “чироқни ўчириб” қўйди.
Замоннинг яна бир бўлагини эса тирикчилик, саъй-ҳаракат, сафар-саёҳат ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун мослаб ёруғ қилиб қўйди.
Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам хабар берилган: “Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик. Биз Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.” (Набаъ сураси, 9-11-оятлар). “Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг Қудрати Илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик. Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса, сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ёруғлик-нур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пай келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик. (Яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).” (Ал-Исро сураси, 12-оят).
“Албатта бунда қулоқ тут(иб ибрат ол)гувчилар учун оят - аломатлар бордир”,
Яъни, кеча ва кундузнинг яралиш табиатида, доимо бир-бирларини қувиб юришида ва қиладиган хизматлари ҳам турлича эканлигида мана шу ҳужжат-далилларни эшита оладиган, эшитганларидан ибрат ола биладиган кишилар учун Ҳақиқий Маъбуд мана шу кеча ва кундузни яратиб қўйган Ёлғиз Оллоҳ субҳонаху ва таоло эканини очиқ кўрсатиб турадиган белги-аломатлар бордир.

68. (Мушриклар): «Оллоҳнинг боласи бор», дедилар. У Зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо Покдир. У (барча оламлардан) Беҳожатдир. Осмонлардаги бор нарсалар ва Ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Оллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Оллоҳ Шаънига ўзларингиз билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?
Ушбу ояти карима “Ийсо Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган масиҳий-ларга, “Узайр Оллоҳнингўғли”, дейдиган яҳудларга ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган динсиз мушрик кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Оллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, барча Унга муҳтождир. Жумладан У Буюк Зот оила, фарзандга муҳгож бўлиш айбидан мутлақо Покдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бир ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло шундай деди: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди. Ҳолбуки, унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Яна у Мени ҳақорат ҳам қилди. Ҳолбуки унинг бундай қилишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилгани шуки, унинг даъвосича, Мен уни Қиёмат Куни аввал қандай бўлган бўлса, ўшандай ҳолатда қайта тирилтира олмас эмишман. У Мени ҳақорат қилгани: “Оллоҳнинг боласи бор”, деганидир. Мен оила ва фарзанд тутиш айбидан Покдирман”. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан кўра эшитган азийятига сабр қилгувчироқ ҳеч ким йўқ. Улар (яъни, кофирлар) “Унинг боласи бор”, дейишади, У эса яна уларга ризқ ҳам, соғлик ҳам бераверади”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, Оллоҳнинг Бирлигини тан олмаслик Оллоҳнинг Борлигини тан олмаслик билан баробар куфрдир. Ахир, Осмонлар ва Ердаги барча нарсани, ўшалар ичида Узайрни ҳам, Ийсони ҳам, малоикаларни ҳам Ёлғиз Ўзи яратган бўлса, ҳамма нарса - хоҳлайдими-хоҳламайдими - Унинг Ўзига бўйсуниб турган бўлса, қандай қилиб ўша махлуқлардан кимдир бирови Холиққа фарзанд бўлиши мумкин?! Албатта, Оллоҳ таборака ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан фарзанд тутиш айбидан ҳам мутлақо Покдир.
“Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Оллоҳнинг боласи бор деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Оллоҳ Шаънига ўзларингиз билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?!”
Яъни, сизлар, эй мушриклар, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз Оллоҳ таоло Шаънига на ақлга ва на воқега тўғри келмайдиган нарсаларни нисбат бераверасизларми?!
Қозий Байзовий ўз тафсирида айтади: “Ушбу оят далилсиз айтилган ҳар қандай сўз жаҳолат эканига далилдир, Хусусан, ақийда бобида ҳар қандай сўз қатъий далилга асосланиши керак. Ҳеч бир нарсага далил-ҳужжатсиз кўр-кўрона эътиқод қилиш дуруст эмасдир”.
“(Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг оғирлигидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У Зот болага муҳтож эмас).” (Марям сураси, 88-92-оятлар).

69. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Оллоҳ таоло Шаънига: “Унинг боласи бор. Унинг шериги бор”, деб ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч қачон, яъни, на дунёда ва на Охиратда нажот топмасликлари аниқ эканини айтишни буюради.
Оятда сўз бутпараст мушриклар ҳақида боради. Лекин фақат улар ҳа-қидагина эмас. Агар эътибор берсак, Жаноби Ҳақ умумий тарзда, Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиганлар нажот топмасликларини таъкидлади. Демак, ояти карима нафақат Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканини тан олмайдиган мушриклар, балки Оллоҳ таоло айтмаган сўзларни “Бу Оллоҳнинг сўзи”, дейдиган, ёки аксинча, Оллоҳнинг Сўзини эшитиб-билиб туриб яширадиган ёхуд ўзларича Ҳақ Динга бидъат-хурофотларни қўшиб: “Бу ҳам Олоҳнинг динидан”, дейдиган “тўқимачилар” ҳам ҳеч қачон на-жот топмасликлари ҳақидаги Илоҳий Огоҳлантиришдир.

70. (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғатда яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: “улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчидир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қолади-да, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Оллоҳнинг ҳузурига қайтиб тўпланадилар, сўнгра Оллоҳ таоло уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топа олмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирур, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар!”

71. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг - у қавмига (бундай) деган эди: «Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Оллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Оллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзла-рингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни қилаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Қурайш кофирларининг аҳволини баён қилгач, энди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун ва у зотга иймон келтиришдан бош тортаётган мушрикларга ибрат бўлиши учун илгари ўтган айрим пайғамбарларнинг қиссалари ҳақида сўзлайди.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳи-саломга хитоб қилиб, Макка мушрикларига қадим замонда ўтган Нуҳ пайғамбар ва унинг қавми қиссасини ўқиб беришни буюради. Нуҳ алайҳис-салом одамларга Илоҳий Шариат ҳукмларини келтирган ва уларни ширкдан қайтарган бирин-чи пайғамбардир. У пайғамбарлар ичида энг узун умр кўрган инсондир. Унинг ҳаёти ўзи бир мўъжиза эди. Чунки у минг йилдан ортиқ умр кўрганига қарамасдан, бирон тиши тушмаган, соч-соқолининг бирон толаси оқармаган, қувватдан қолмаган ва бошқа бирон пайғамбар у зот каби минг йил давомида ўз қавмининг озорларига сабр қилмаган.
Бошқа бир сурада Нуҳ алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақида шундай хабар берилган: “Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (элчи қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди”. (Анкабут сураси, 14-оят).
Нуҳ алайҳис-саломнинг ибратли ҳаёти нақадар ажойиб бўлса, унинг қавми ширкдан қайтмасдан, Ҳақ Йўлга юрмасдан кўрсатган қаршиликлари, Оллоҳниннг элчисига берган озор-азийятлари шу қадар аянчли ва ачинарлидир.
Айтиб ўтилганидек, Нуҳ алайҳис-салом салкам минг йил давомида қавмидан бирин-кетин дунёга келиб кетаётган бир неча авлодни Ҳақ Йўлга даъват қилди. Аммо бир неча аср мобайнида, саноқли кишиларни ҳисобга олмаганда, у авлодлардан биронтаси иймон келтирмади. Аксинча улар бир-бирларига иймонсизликни мерос қилиб қолдириб кетишар эди. Улардан ҳар бири ўлар чоғида ортидан қолаётган болаларига Нуҳ пайғамбарни кўрсатиб: “Мана шу оқсоқолнинг сўзларига ҳеч қачон қулоқ солмайсан, унга эргашмайсан”, деб васият қилишар ва ўзларига ҳам оталари шундай васият қилганларини, оталарига эса уларнинг оталари мана шу васиятни қилиб ўлганларини айтишар эди.
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Улардан ҳар бир киши фарзандини Нуҳ алайҳис-саломнинг олдига олиб бориб: “Мана шу Нуҳдан эҳтиёт бўлгин, яна сени алдаб ўзининг динига киритиб олмасин. Билгинки, мени ҳам отам сенчалик пайтимда мана шу кимсанинг олдига олиб келиб, худ-ди мен сени ҳозир огоҳлантираётганимдек огоҳлантирган эди”, дер эди”. (“Дуррул Мансур” тафсиридан).
Одам алайҳис-саломдан кейин инсониятнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-салом ҳақида Оллоҳ таоло кўп сураларда зикр қилди ва алоҳида “Нуҳ” деб номланган сура ҳам нозил қилиб, у зотнинг Ҳақ Йўлга қилган даъватлари ва бу даъватларини қабул қилмаган, Ҳақ Динга иймон келтирмаган қавмнинг қандай ҳалок бўлганларини батафсил баён қилди.
Ўрганаётганимиз оятларда хабар берилишича, Нуҳ пайғамбар ўзининг асрлар давомида қилган даъватлари зое кетганини билгач, қавми унга иймон келтириш ва итоат этиш ўрнига аксинча, тобора куфру исён-лари ҳаддан ошиб бораётганини кўргач, ҳатто уни нима қилиб бўлса ҳам, ораларидан кўтариш - ҳалок қилиш режасини тузаётганларини ҳис этгач, уларга сўнгги марта мурожаат қилиб, ўзининг зиммасидаги Оллоҳ таоло буюрган рисолатни - у қавмга Ҳақ Динни етказиш вазифасини адо этишда Ёлғиз Оллоҳга суянишини, бу Илоҳий вазифасини адо этишдан уни ҳеч ким тўхтата олмаслигини, Оллоҳ таоло уни кофир қавмнинг ҳар қандай хуружларидан ҳимоя қилишини, улар агар барчалари тўпланиб, яна ўзларича “Оллоҳнинг шериклари”, деб эътиқод қилган бутларини ҳам ёнларига олиб Нуҳга қарши ўйлаган суйиқасдларини амалга оширмоқчи бўлсалар ҳам, унга бирон ёмонлик қилиш қўлларидан келмаслигини айтади ва сўзида давом этиб шундай дейди -

72. Энди агар (менинг қилган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экан-сизлар, мен сизлардан (унинг учун) бирор ажр - ҳақ сўраганим йўқ (яъни, менга ҳақ беришни истамаганликдан эмас, балки бадбахтликларинг туфайли юз ўгирмоқдасизлар). Менинг ажр-савобим Ёлғиз Оллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен Унга бўйинсунувчи - мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)».
Яъни, “эй мушриклар, ёки сизларнинг мен даъват қилган Ҳақ Динга кирмасдан тескари қараб кетишларингизга бирон дунёвий зиёнга учраб қолишдан қўрқишларингиз сабаб бўлмоқдами? Ахир мен сизлардан қилаётган даъватим учун ҳеч қандай ҳақ тўлашларингизни сўраганим йўқ-ку! Демак, сизларнинг Ҳақ Диндан юз ўгиришларингизнинг бирдан-бир сабаби, сизлар нажот топишга, ҳар икки дунёда бахт-саодатга эришишга нолойиқ, бахтсиз қавм эканликларингиздир. Акс ҳолда албатта мен чақирган Ҳақ Йўлга кирган бўлар эдингизлар.
Мен эса зиммамдаги рисолат - вазифани холисанлиллоҳ - чин кўнгилдан Оллоҳ учун адо қилмоқ-даман ва бу амалим учун Унинг Ўзи ажр-мукофот беришидан умидворман. Шунингдек, мен сизларни Исломга - Ёлғиз Оллоҳ таолога бўйинсуниб таслим бўлишга даъват қилар эканман, ўзим мана шу мусулмонларнинг - бўйинсунгувчиларнинг энг аввали -пешқадами бўлишга буюрилганман. Бас, сизларни нимага чақирсам, ўша чақирган ишга энг аввал ўзим амал қиламан”.
Ҳақ таолонинг Амри билан Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам инсониятга етказган бу оятлар - олис мозийда ўтган пайғамбарлардан бири бўлмиш Нуҳ алайҳис-салом айтган бу сўзлар одамларни Ислом Динига даъват қилувчи ҳар бир олим учун Илоҳий Дастурул-амалдир. Яъни, ҳар бир инсон ўзи яхши ўрганиб-билиб, Ҳақ Дин фақат Ислом эканига иймон келтириб, бошқаларни ҳам мана шу Ҳақ Йўлга даъват қилар экан, биринчидан, Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилган ҳолда, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмасдан, сусткашлик қилмасдан зиммасидаги вазифасини бажариши, динсиз жоҳил кимсалар кўрсатадиган қаршиликларни енгиб, одамларга Диннинг моҳиятини англатиши, Шариати Исломияни ўргатиши керак, иккинчидан, одамларни Ҳақ Йўлга чақирар экан, бу иши учун улардан бирон дунёвий манфаат кўришни кўзламасдан, Ёлғиз Оллоҳ берадиган ажр-мукофотдан умидвор бўлган ҳолда даъват қилиши керак.
Учинчидан, у бошқаларга қандай амри маъруф, наҳий мункар қилса - уларни солиҳ амаллар қилишга, ёмонлик-гуноҳлардан қайтишга буюрса, энг аввало айтганларига ўзи амал қилиши, яъни, мусулмонларнинг пешқадами бўлиши керак.
“Ва мен мусулмонлардан бўлишга буюрилганман”.
Ушбу жумла қадим замонда ўтган Нуҳ алайҳис-саломнинг дини ҳам Ислом Дини бўлганига Илоҳий Ҳужжатдир. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саллам: “Биз пайғамбарлар жамоаси бошқа-бошқа оналардан дунёга келган оға-инилармиз, барчамизнинг динимиз бир Диндир”, деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари бир Динга - Исломга даъват қилганларига бошқа сураларда келган кўп оятлар ҳам далолат қилади: “Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу (Дин)ни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Оллоҳ сизлар учун шу Динни танлади. Бас, ҳаргиз мусулмон бўлмаган ҳолда ўлманглар! (Эй яҳудийлар), ёки сизлар Яъқубга ўлим келган пайтида гувоҳ эдингизларми? Ўшанда у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?», деганида улар: «Сенинг Илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Илоҳи бўлмиш Ягона Оллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг Ўзигагина бўйинсунувчи - мусулмонлармиз», деб жавоб қилган эдилар. (Бақара сураси, 132-133-оятлар).
Табарий “Жомиул-баён”да мазкур ояти каримани шундай тафсир қилади: “Ушбу оятлар Оллоҳ таоло томонидан яҳуд ва насронийларга раддиядир. Яҳудлар Иброҳим ва унинг авлоди бўлган Яъқубни яҳудий, насро-нийлар эса уларни насроний деб даъво қилар эдилар. Оллоҳ таоло уларнинг сўзлари ёлғон эканини айтиб: Эй, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигини инкор этаётган яҳуд ва насоролар, ахир сизлар Яъкубга ўлим келган ва у фарзандларига васият қилган вақтида гувоҳ бўлмаган эдингизларку! Бас, сизлар Менинг пайғамбарларим, элчиларим шаънига буҳтон тўқиб, уларни яҳудий ва насроний бўлганлар, дейишни бас қилинглар! Чунки Мен Халилим Иброҳимни ва унинг ўғиллари Исҳоқ ва Исмоилни, уларнинг авлод-зурриётлари бўлмиш барча пайғамбарларимни Тўғри Йўлда барқарор бўлган Ислом миллатида юборганман. Улар ҳам ўз авлодларига фақат Ислом Динини васият қилишган. Агар сизлар уларнинг ҳузурида бўлганларингизда, сўзларини эшитганингизда қилаётган даъволарингиз тамоман ботил даъво эканини жуда яхши билиб олган бўлур эдингизлар”, дейди.
Демак, Ислом барча пайғамбарларнинг миллати - Динидир. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримасида шундай хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз”. (Анбиё сураси, 25-оят).
“(Юсуф айтди): “Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунё-ю Охиратда Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин.” (Юсуф сураси, 101-оят).
“Энди қачонки Ийсо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: «Оллоҳнинг (Динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Оллоҳ(нинг Дини)га ёрдам бергувчилармиз. Оллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз мусулмонлар - Оллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, биз Сен нозил қилган нарсага ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг Бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!” (Ол-и Имрон сураси, 52-53-оятлар).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим) ва ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни, Ягона Оллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг - бўйинсун-гувчиларнинг аввали - пешқадамиман”. (Анъом сураси, 162-163-оят-лар).

73. Бас, (қавми Нуҳни) ёлғончи қилдилар. Шунда Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни (ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига Ерда) халифа қилдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилиб юбордик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган(ларидан кейин ҳам иймон келтирмаган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирганлари учун Оллоҳ таоло нажот берган кишилар фақат қирқ эркак ва қирқ аёл эди, холос. Қолган қавмнинг ҳаммаси -уларнинг ичида Нуҳ алайҳис-саломнинг аёли ва бир фарзанди ҳам бор - кўнгил кўзлари кўр бўлгани учун Оллоҳнинг элчисини ёлғончи қилишиб, оқибат-натижада шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳ таоло юборган тўфонда ғарқ бўлиб кетдилар. Мана шундай қилиб Ҳақ таоло ушбу қиссада Ўзининг дўстлари учун душманларидан қандай интиқом олганини баён қилди ва Ўзининг: “Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз.” (Ғофир сураси, 51-оят), деган Сўзи Ҳақ эканини барча инсонларга кўрсатиб қўйди.
“Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилиб юбордик. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган(ларидан кейин ҳам иймон келтирмаган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!”
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зот орқали барча инсонларни огоҳлантиради, уларни Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиган кимсаларнинг оқибати қандай бўлишини кўриб ибрат олишга, ўша қавмнинг куни бошларига тушиб қолмаслиги учун дарҳол Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига иймон келтириб, унинг кўрсатмаларига амал қилишга чақиради. Бу оят биринчи навбатда Макка мушриклари учун Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Демак, Оллоҳ таоло бандаларга Ўз томонидан элчилар юбориб, у элчи-пайғамбарлар ўз қавмларини огоҳлантирмагунларича, яъни уларни Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилмагунларича ва у қавмлар ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб, Оллоҳ таолонинг оятларини инкор қилмагунларича У Зот уларни ҳалок қилмас экан. Ана ўша, огоҳлантирилсалар ҳам кўзлари очилмагани - Тўғри Йўлга юрмаганлари сабабли мана шу ҳаёти дунёнингўзида жуда ёмон оқибатга - тўфон остида қолиб ҳалок бўлишга дучор қилинган биринчи қавм Нуҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилган қавм эди.

74. Сўнгра Биз (Нуҳдан) кейин ҳам (кўп) элчиларни ўз қавмларига юбордик. Бас, у (элчилар) уларга очиқ ҳужжат-мўъжизалар келтирганларида, улар илгари ёлғон деган нарсаларига (пайғамбарларнинг мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам) иймон келтиргувчи бўлмадилар. Тажовузкор кимсаларнинг дилларини Биз мана шундай муҳрлаб қўюрмиз.
Яъни, Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-саломдан кейин ҳам Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Шуайб ва бошқа пайғамбарларни ўз қавмларига элчи қилиб юборди. Уларнинг ҳар бири ўзининг Оллоҳ таоло юборган элчи эканлиги-га аниқ ҳужжат бўлган Илоҳий мўъжизаларни кўрсатиб, қавмларини Оллоҳнинг Йўлига даъват қилдилар, аммо у қавмларнинг аксариси илгари қандай жоҳил-кофир бўлсалар, ўша ҳолларида қолдилар - ўзларига келган пайғамбарларга иймон келтирмадилар, уларни ёлғончи қилдилар, Оллоҳ таолонинг оятларини инкор қилдилар, ҳеч қандай далил-ҳужжат, мўъжиза уларга кор қилмади.
Албатта, ҳар бир инсонда савол туғилиши табиий: Наҳотки улар Оллоҳ юборган элчиларни ўз кўзлари билан кўриб, Илоҳий мўъжизаларга гувоҳ бўлиб туриб, яна кофирликларича қолишлари мумкин бўлса? Оят давомида Ҳақ таоло мана шу саволимизга жавоб қилади:
“Тажовузкор кимсаларнинг дилларини Биз мана шундай муҳрлаб қўюрмиз”.
Яъни, кимда-ким бандалик ҳаддидан тажовуз қилар, бошқача айтганда, Яратган Эгаси борлигини инкор қилар экан, ёки Унга ширк келтирар экан, ундай кимсаларнинг қалбларини Оллоҳ таоло муҳрлаб қўяди, бас, энди у қалб тошдан ҳам қаттиқ бўлиб қолади ва ҳеч қандай нарса, ҳатто Илоҳий мўъжизалар ҳам уни юмшата олмайди. Ўтмишдаги пайғамбарлар ва уларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок бўлиб кетган қавмлар ҳақида хабар бергувчи бу оятлар барча пайғамбарларнинг саййиди, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган Макка мушриклари учун қаттиқ огоҳлантиришдир, уларнинг бошларига ҳам узоқ-яқин ўтмишда ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалок бўлиб кетган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканига ишорадир. Бу ҳақда бошқа сураларда янада очиқроқ тарзда айтилган: “Бу Ерга (илгариги) эгаларидан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларга, агар Биз хоҳласак, уларнинг гуноҳлари сабабли мусибат етказиб қўйишимиз ҳали ҳам аниқ-равшан бўлмадими?! Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар”. (Аъроф сураси 100-оят).
Яъни, Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтир-маганлари, У Зот юборган элчиларни ёлғончи қилганлари учун ҳалок қилиб юборилган кофирлардан қолган ерларда яшаётган Макка ва унинг атрофидаги мушрикларга агар Оллоҳ таоло хоҳласа, худди аввалги кофир қавмларни ҳалок қилгани каби уларни ҳам динсизликлари, Оллоҳнинг Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилиб юбориши мумкин экани ҳали ҳам аниқ-равшан бўлмадими?!
Ояти карима давомида Жаноби Ҳақ мушриклар нима сабабдан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни Ҳақ Динга даъват қилганларида у зотга итоат этмаётганлари ҳақида сўзлаб, Унинг Ҳидоятига нолойиқ бўлган кимсаларнинг қалбларини муҳрлаб қўйишини, шундан кейин улар ҳеч қандай панд-насиҳатни қабул қилмайдиган, аввалгиларнинг аҳволларидан ибрат олмайдиган, ибрат олиш эмас, ҳатто ўтмишдаги кофир бўлганлари сабабли ҳалок қилинган қавмлар ҳақидаги оятларга қулоқ ҳам солмайдиган бўлиб қолишларини айтиб огоҳлантиради.
Ҳақ таоло у мушриклар ҳақида бошқа оятларда шундай дейди: “У (Китоб) биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи - арабий Куръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар «эшитмаслар». Улар (Пайғамбар алайҳис-саломга): «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан биз-ларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз”, дедилар”. (Фуссилат сураси, 3-5-оятлар).

75. Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Хррунни Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик, улар ҳам кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар.
Ушбу ояти каримадан бошлаб то суранинг 95-оятига қадар сўз юқорида зикр қилинган Нуҳ алайҳис-салом замонидан неча минг йиллар ўтганидан кейин ўз қавмларига элчи қилиб юборилган Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳамда уларни ёлғончи қилгани учун Оллоҳ таолонинг ғазабига қолиб ҳалок бўлган Фиръавн ва унинг қавми ҳақида боради. Бу икки улуғ пайғамбар қиссаси алоҳида зикр қилинишига сабаб, бу тарих ҳам Нуҳ пайғамбар қиссаси каби ўта ибратлидир, бу қисса иймонсизликнинг оқибати, албатта, ҳалокат эканини очиқ кўрсатувчи қиссадир.
Муфассирлар айтишларича, Ояти каримадаги Мусо алайҳис-саломга берилган оят-мўъжизалардан мурод, у зотга Оллоҳ таоло томонидан ато этилган тўққиз мўъжиза - асо, оппоқ қўл, тўфон, чигиртка, битлар, бақалар, қон, қаҳатчилик, денгиз ўртасидан иккига бўлиниши каби мўъжиза-лардир. Бу ҳақда бошқа сураларда такрор-такрор айтилгандир. Жумладан, Бақара сурасининг 140-141-оятларида ва Аъроф сурасининг 103-156-оятларида Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бўлмиш Бани Исроил тарихи, Фиръавн ва унинг кофир қавмининг ҳалокати жуда батафсил баён қилинди ва ўз ўрнида ало қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна бир бор ўша тарих ҳақида сўзлаб, Фиръавн ва унинг қавми Мусо ва Ҳорун келтирган оят-мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб туриб ҳам уларга иймон келтириб, итоат этиш ўрнига кибр қилиб, куфр-жиноят йўлини танлаганлари ҳақида хабар беради.

76. Бас, қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақиқат келганида, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар.
Яъни, қачонки Мусо Фиръавн ва унинг одамларига ўзининг ҳақиқатан Оллоҳ таоло юборган пайғамбар эканлигига аниқ далил бўладиган Илоҳий мўъжизаларни кўрсатгач, бу мўъжизалар улар кўриб юрган турли кўз бўямачиликлардан тамоман фарқли бўлган ҳақиқат экани аён бўлгач, улар дарҳол Мусо ва Ҳорун Оллоҳ таолонинг элчилари эканликларига иймон келтириш, уларга итоат қилиш ўрнига: “Бу очиқ сеҳрку”, дедилар. Қибтийларнинг (Мисрнинг туб аҳолиси) бу сўзлари Фиръавнни тасдиқлаш учун айтилган эди. Чунки “(Фиръавн) атрофидаги одамларга: “Шубҳасиз, бу (Мусо) ўткир сеҳргардир. У ўзининг сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар”, деган эди”. (Шуаро сураси, 34-35-оятлар). Ўша замонда одамлар орасида сеҳргарлик жуда авж олгани учун уларнинг ҳаммалари Мусо алайҳис-саломни ўша сеҳргарлардан бири, Фиръавннинг ўрнини олиб Мисрни эгаллаш учун сеҳр-жодусини ишлатмоқда, деб гумон қилган эдилар.

77. Мусо деди: «Сизларга Ҳақиқат келган вақтида («Бу сеҳр»), дей-сизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар нажот топмайдилар-ку?!»
Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг одамларига шундай дашном берди, мўъжиза билан сеҳр ўртасида жуда катта фарқ борлигини англай олмаган у қавмдан ажабланиб, деди: “Ажабо, сизлар мен кўрсатган мўъжизалар равшан ҳақиқат эканини кўриб-билиб туриб: “Бу сеҳр деяпсизларми?! Наҳотки шу сеҳр бўлса?! Ахир сизлар сеҳр оддий кўзбўямачилик эканини жуда яхши биласизлар-ку?! Агар мен келтирган мўъжизалар сеҳр бўладиган бўлса, озгина фурсатдан кейин йўқ бўлиб кетиши керак эдику, сеҳргарларнинг сеҳри ботил нарсалар эканини исбот қила олмаслиги керак эдику?! Ахир сеҳргарлар ҳеч қачон нажот топмайдиларку, мен эса сизлар сўраган мўъжизанинг барчасини кўрсатиб, бирон рақибдан мағлуб бўлмай турибманку?! Наҳотки сизлар мен келтирган нарса Ҳақи-қат эканини аниқ билиб туриб уни инкор қилсангизлар?!”
Фиръавн ва унинг қавми Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканини билиб туриб кофир бўлганлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”. (Намл сураси, 13-14-оятлар).

78. Улар дедилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни (амал қилган ҳолда) топган (динимиздан) буриб-чиқариб юбориш учун ва (оғанг Ҳорун билан) икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!»
Яъни, Фиръавн ва унинг қавми Мусо алайҳис-салом айтган ҳақ сўзларга бирон жўяли жавоб топа олишмагач, у зот келтирган мўъжизалар-нинг ҳеч қандай сеҳр эмаслигини тан олишдан ўзга чоралари қолмади ва сўзни бошқа томонга буришга мажбур бўлишди. Энди у кофир қавм ўзларининг ботил даъволарини далиллай олмаганларидан кейин Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга яна янги “айблар” тақишга уринишди ва: “Демак, сен, эй Мусо бизларни ота-боболаримизнинг дини бўлган бутпарастликдан ва подшоҳимиз Фиръавнга сиғинишдан маҳрум қилиб, ўзингнинг динингга киритмоқчи экансанда?! ОғангҲорун икковингиз бизнинг еримиз бўлган Мисрни бутунлай эгаллаб олиб бизларга ҳукмрон бўлмоқчи экансизлар-да?! Биз сизларга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, дейишди.
Уларнинг бу сўзлари Оллоҳ таоло юборган бошқа пайғамбарларга ҳам ўз қавмлари томонидан айтилган сўз эди. Дарвоқеъ, одамзот тарихида бирон пайғамбарни қавми иймон ва итоат билан кутиб олмаган. Аввал-бошда барча пайғамбарлар ўзлари юборилган қавм тарафидан куфр, итоатсизлик, турли озор-азиятлар кўрганлар, аммо ҳеч ноумид бўлмай, фақат пайғамбарларга хос бўлган буюк сабр-тоқат билан зиммаларидаги элчилик вазифаларини адо этганлар, барчаларига Оллоҳ таолонинг салавот ва саломи бўлгай.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушриклари томонидан куфр ва итоатсизликни кўриб ғамга ботган Ҳазрати Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий беради.

79. Фиръавн ўз одамларига: «Барча ўткир сеҳргарларни келтирингиз!», деди.
Фиръавн ўз одамлари билан Мусо алайҳис-салом келтирган мўъжизаларга қарши тура олмаслигини билгач, Мусо ва Ҳорун Оллоҳ таоло юборган элчилар эканига иймон келтириш ва уларга итоат қилиш ўрнига Миср мамлакатидаги жамийки сеҳргарларни тўплашни буюрди.
“Маолимут-танзил” тафсирида бу воқеа тафсилоти шундай баён қилинади: Ибн Аббос розияллоху анхумодан ва Ибн Исҳоқ, Суддий раҳма-туллоҳи алайҳимодан ривоят қилинишича, қачонки Фиръавн Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизалар мисолида Оллоҳ таолонинг Қудратини кўргач, лол-ҳайрон бўлди-ю, аммо Мусони ҳақ пайғамбар деб иймон келтириш ўрнига жуда ўткир сеҳргар экан, энди уни ўзига ўхшаган сеҳр-гарлар ёрдами билангина енгиш мумкин, деб, ўз одамларининг маслаҳати билан Мусо ва Ҳорунни ушлаб турди ва бани Исроил қавмидан бўлган жуда кўп қулларни сеҳргарлар юрти бўлган Фархо деган жойга сеҳр-жодуни ўрганиб келишлари учун юборди. У жойдаги ўткир сеҳргарлар уларга сеҳр илмини ўргатдилар. Фиръавн сеҳргарларнинг энг каттасини чақириб, юборган одамлари ҳақида сўраганида у: “Мен одамларингга сеҳр илмини шу қадар пухта ўргатдимки, энди уларга Ер юзидаги бирон сеҳргарнинг кучи етмайди, магар осмондан қўллаб туриладиган сеҳргар бўлсагина уларни енгиши мумкин”, деб жавоб қилади. Шундан кейин Фиръавн ўзининг мамлакатидаги бирон сеҳргарни қолдирмасдан йиғиб келиш учун одамларини Мисрнинг ҳар тарафига, барча шаҳарларига жўнатди ва Мусо алайҳис-салом билан маълум бир куни йиғилиб, уни синаб кўриши ҳақида ваъдалашди.

80. Бас, қачонки сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсаларингизни (яъни, асо ва арқонларингизни) ташланглар», деди.
Фиръавн мамлакатнинг ҳар тарафидан чақириб тўплаган сеҳргарлар саноғи тўғрисида уламолардан турли ривоятлар бор: Муқотил: “Сеҳргарларнинг адади етмиш иккита бўлиб, уларнинг катталари қибтлик икки киши, қолган етмиш киши эса бани Исроил қавмидан эди”, дейди. Аммо сеҳргарлар саноғи бундан минг баробар кўп деган уламолар ҳам бордир. Масалан, Икрима: “Улар етмиш минг киши эди”, деган бўлса, Муҳаммад ибн Мункадир: “Саксон мингта эдилар”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
“Муқтатаф” тафсирида зикр қилинишича, гарчи бу сўзлар ишончли санад билан айтилмаган бўлса-да, (!яъни, саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинмаган бўлса-да), лекин ўша сеҳргарлар катта жамоат бўлгани ва барчалари Мисрнинг турли қишлоқ-шаҳарларидан Фиръавннинг буйруғи билан унга ёрдам қилиш учун келгани аниқдир. Уларнинг адади қанча бўлганини Оллоҳ таоло яхшироқ Билгувчидир.
Сеҳргарлар тўпланганида, улар билан Мусо алайҳис-салом ўртасида бўлиб ўтган сўз ҳақида Аъроф сурасида шундай хабар берилади: “Улар айтдилар: «Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асони) ташла, ёки биз (ўзимизнинг қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз”. (Аъроф сураси, 115-оят).
Сеҳргарларнинг бу сўзларини муфассир уламолар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Улар ўзларига ҳаддан ортиқ ишонганлари, ғолиб бўлишимиз аниқ деб ўйлаганлари ва Мусо алайҳис-саломни менсимаганлари учун шундай деганлар.
Иккинчи тафсир: У сеҳргарлар одоб юзасидан Мусо алайҳис-саломга аввал бошлаш ихтиёрини берганларки, Оллоҳнинг элчиси олдидаги мана шу одоблари кейин уларнинг иймон келтиришларига ва Фиръавн олдида эмас, балки Оллоҳ таоло ҳузурида муқарраб - Оллоҳга яқин бандаларга айланишларига сабаб бўлган.
“(Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар.” (Аъроф сураси, 116-оят).
Яъни, Мусо алайҳис-салом - Оллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари бўлмиш у улуғ зот Ҳақиқат ғалаба қилишига аниқ ишонгани учун хотиржам ҳолда: “Сизлар ташланглар”, деди.
Ҳикоя қилишларича, шаҳар четидаги бир водийга тўпланган халойиқ олдида минглаб сеҳргарлар қўлларидаги таёқча ва ипларини ташлаганларида бутун водий устма-уст мингашиб-қалашиб ётган илонларга тўлиб кетган экан.

81. Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: “Сизлар қил-ган иш сеҳрдир. Албатта Оллоҳ уни барбод қилур. Аниқки, Оллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди.
Оллоҳ таоло сеҳргарларнинг сеҳрини қай тарзда барбод қилгани ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “Биз Мусога: «Асойингни таш-лагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (яъни, аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади”. (Аъроф сураси, 117-оят).
Бу куфр билан иймон ўртасидаги кураш эди. Бир тарафда ўзини худо деб даъво қилган Фиръавн, унинг сеҳргарлари ва сон-саноғи йўқ динсиз кимсалар, иккинчи тарафда эса Оллоҳнинг икки солиҳ бандаси ва элчиси - Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом турар эдилар. Яъни, саноқсиз кофирларнинг рўбарўсида фақат икки мусулмон турар эди. Кучлар тенг эмас эди. Сеҳргарлар ташлаган таёқ ва арқонлар илонларга айланиб, одамлар даҳшатга тушиб қолганларида - кўринишидан куфр ғолиб кела бошлаганида Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандаси ва пайғамбарини - Мусо алайҳис-саломни қўллади, унга: “Қўлингдаги асойингни ташлагин”, деб ваҳий юборди ва шу пайт буюк мўъжиза юз берди - Мусо ташлаган асо даҳшатли аждарҳога айланиб, сеҳргарлар одамларнинг кўзига илон қилиб кўрсатган таёқ ва арқонларнинг биронтасини қолдирмасдан ютиб, йўқ қилиб юборди ва томошабин бўлиб турган одамларга ҳам ҳамла қилмоқчи бўлди, яъни, сеҳргарлар тўқиган ёлғон билан бирга у ёлғонга маҳлиё бўлганларни ҳам йўқ қилиб юбормоқчи бўлди. У аждарҳодан қочиб қутулмоқчи бўлган жуда кўп одамлар издиҳомда ҳалок бўлдилар. Шунда Мусо алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан у аждарҳони ушлаган эди, ўша онда у эски ҳолига қайтиб, асога айланди. Бу мўъжизани ўз кўзлари билан кўриб турган сеҳргарлар: “Агар Мусо кўрсатган нарса ҳам бизники каби сеҳр бўлганида, бизнинг арқон ва таёқларимизни йўқ қилиб юбора олмаган бўлар эди”, дедилар.
Ушбу ояти карима одамларни алдаб-адаштириш, сеҳргарлик каби бузуқ йўлларга кирган кимсаларнинг ишлари гарчи аввал-бошда юришиб, айрим содда одамларни ўз домига илинтирса-да, охир-оқибат алдов-сеҳр экани ошкор бўлиб, у сеҳргар-алдамчилар албатта эл аро шармандайи шармисор бўлишлари аниқ иш эканига далолат қиладиган Илоҳий ҳужжатдир.
“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ким тунда ётиш олдидан ушбу оятдаги “Сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта Оллоҳ уни барбод қилур. Аниқки, Оллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламас”, деган сўзларни тиловат қилса, у кишига бирон сеҳр-жоду қилувчининг сеҳри зиён етказа олмайди ва агар сеҳр-жодуга мубтало бўлган кишига ушбу оят ёзиб бериладиган бўлса, албатта Оллоҳ таоло ундан сеҳрни даф қилади.

82. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, ОллоҳЎз Сўзла-ри (яъни, Амру Фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».
Ушбу ояти каримада ҳам Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг одамларига айтган сўзлар зикр қилингандир. Яъни, гарчи Фиръавн ва унинг одамлари каби золим-жиноятчи кимсалар Ҳақиқат ноҳақлик устидан, мўъжиза сеҳр устидан ғолиб бўлишини хоҳламасалар-да, Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳукми билан, Мусо алайҳис-саломга берган Ваъдаси сабабли албатта Ҳақиқатни ботил устидан ғолиб қилур. Бошқа бир оятда Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг қавми устидан ғолиб бўлгани ҳақида шундай дейилган: “Бас, ҳақиқат (жойига) тушди, уларнинг қилган, ҳаракатлари эса барбод бўлди.” (Аъроф сураси, 118-оят).
Яъни, Мусо алайҳис-саломнинг: “Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган элчиман”, деган сўзлари ҳақиқат экани ҳамманинг кўз ўнгида очиқ-равшан бўлди, Оллоҳ таоло уни буюк мўъжиза билан қўллаб-қувватлади ва сеҳргарларнинг Илоҳий мўъжизага қарши қилган сеҳри ҳам, Фиръавн ва унинг қавми режалаштирган найранглар ҳам, ҳамма-ҳаммаси барбод бўлди.

83. Бас, Мусога фақат унинг қавмидан бўлган зурриёт-авлодларгина Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар, холос. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир.
Яъни, Мусо алайҳис-салом ўзининг Ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган шундай Илоҳий мўъжиза кўрсатиб, Фиръавн ва унинг сеҳргарлари устидан ғолиб бўлганидан кейин ҳам бу воқеага гувоҳ бўлиб турганлар-дан Фақат Мусо алайҳис-саломнинг қавмидан бўлган бир тоифа одамларгина иймон келтирдилар. Улар бир замонлар Миср ерига келиб қолган Бани Исроил қавмининг авлод-зурриётлари эди. Улар Мусо алайҳис-саломга иймон келтирар эканлар, Фиръавн ва Унинг одамлари бирон фитна чиқаришларидан, яъни, уларни Ҳақ Йўлдан тўсишларидан ёки азоб-қийноқларга солишларидан кўрқиб, ўзларининг мўмин бўлганларини яширар эдилар. Чунки Миср Фиръавннинг кўлида эди, у эса ўзини илоҳ деб эълон қилиб, ҳамма унга сиғинишини талаб қилиши билан ҳаддан ошган, зулм-зўравонликда инсонлик чегарасидан чиқиб кетган махлуқ эди.
Ояти каримадаги “унинг қавмидан” иборасини “Фиръавннинг қавмидан”, деб тафсир қилган уламолар ҳам бордир: Атийя Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Мусо алайҳис-саломга Фиръавн қавмидан бўлган саноқли кишилар - Фиръавннинг хотини, ўша хонадондан бўлган яна бир киши, Фиръавннинг хазинабони ва унинг аёли ҳамда унинг бир ходимасигина иймон келтирганлар. “Маолимут-танзил” тафсирида айтилишича, Мусо алайҳис-саломга иймон келтирганлар Фиръавн қатли омидан омон қолган Бани Исроил болалари эди. Фиръавн Бани Исроил қавмидан туғилган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буюрганидан кейин Бани Исроил аёллари агар ўғил кўрсалар уни Фиръавн ўлдириб юбормасин деб Қибт қабиласидан бўлган аёлларга ўғил қилиб бериб юборадиган бўлдилар ва у болалар қибтликлар хонадонларида ўсиб-улғайдилар. Бас, қачонки Мусо алайҳис-салом сеҳргарлар устидан ғолиб бўлгач, ана ўша болалар Мусо пайғамбарга иймон келтириб мусулмон бўлдилар.
Фарро айтади: “Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишилар “унинг қавмидан бўлган зурриётлар”, деб номланишларига сабаб, уларнинг оталари қибтийлардан бўлса-да, оналари Бани Исроил қавмидан эди”.

84. Мусо (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Оллоҳга иймон келтирар экансизлар, агар (чиндан ҳам) мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар - таваккул қилинглар!»
Яъни, қачонки Мусо алайҳис-салом мўминларда Фиръавн ва унинг одамларидан қўрқув борлигини кўргач, уларга: “Агар сизлар чиндан ҳам Оллоҳга ва Унинг оятларига иймон келтирган бўлсангизлар, агар сизлар ҳақиқий мусулмон, яъни, Оллоҳ таолонинг қазо ва қадарига таслим қилиб бўйинсунувчи, Унга чин ихлос билан ибодат қилувчи бўлсангизлар, у ҳолда ҳеч кимдан қўрқмасдан, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига суянинглар - таваккул қилинглар! Ана ўшандагина У Зот сизларни ҳар қандай зиён ва ёмонликлардан асрайди”, деди. Мусо алайҳис-салом бу сўзларни “иймон келтирдик”, деб мўминликларини эълон қилган ўша тоифанинг иймонлари ҳақиқий иймонми ёки тил учида айтилган куруқ сўзми, синаш учун айтган эди.
Ояти карима иймон - Оллоҳ таолога ҳар бир иш Ёлғиз Унинг Қўлида эканига сидқидилдан ишониш, Ислом эса, ана ўша иймон асосида амал қилиш эканини уқтиради.

85. Бас, улар айтдилар: «Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавм учун фитна-алдов қилиб қўймагин!
Бас, у мўминлар дарҳол Мусо алайҳис-саломнинг сўзларини қабул қилиб, шундай дедилар: “Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик”, яъни, “барча ишларимизни Унинг Ўзига топширдик, Унинг қазо ва қадарига рози бўлдик, Унинг Амрига итоат қилдик”. Сўнгра шундай дуо қилдилар: “Парвардигоро, бизларни бу золим қавм учун фитна-алдов қилиб қўймагин”, яъни, “бизларни душманларимиз қўлида ҳалок қилмагин ва бизларга ўз ҳузурингдан бирон азоб юбормагинки, у ҳолда бизнинг бошимизга тушган бало-мусибат душманларимиз бўлган бу золим қавм учун фитна-алдов бўлиб қолади ва улар: “Агар Мусо ва унга иймон келтирган кимсалар ҳақ бўлганларида, биз уларнинг устидан ғалаба қозона олмаган бўлар эдик”, деб алданиб, Ҳақни ноҳақ деган хулосага келадилар ва бизларни ҳам динимиздан чиқаришга ҳаракат қиладилар”.
Ояти каримада у мўмин қавм аввал ўзларининг Оллоҳ таолога таваккул қилганларини айтишиб, сўнгра дуо қилганларидан олинадиган ибрат шуки, дуо қилгувчи киши дуоси ижобат бўлиши учун аввало бутун борлиғи билан Оллоҳ таолога суяниб - таваккул қилиб, сўнгра Унга дуо илтижо қилиши керак. Ана шундагина Оллоҳ таоло хоҳласа муроди ҳосил, дуоси қабул бўлади.

86. Ва Ўз Раҳматинг билан бизларга бу кофир қавмдан нажот бергин»!
Ушбу ояти карима ҳам ўша Бани Исроил қавмидан мўмин бўлган кишилар қилган дуонинг давомидир.
У мўминлар энди Ҳақ таолодан Ўз Раҳму Шафқати билан уларни Фиръавн ва унинг кофир қавмидан бутунлай қутқаришини сўраб дуо-илтижо қилдилар. Чунки кофирлар уларни ҳеч чидаб бўлмайдиган машаққатли меҳнатларга мажбур қилиб қийнар эдилар. Шунинг учун улар золим Фиръавн ва унинг кофир қавми қўл остида бир кун туришга ҳам токат қила олмай қолган эдилар.

87. Биз Мусо ва унинг биродарига: «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қиблага қаратиб қуринглар ва (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар. (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида) хушхабар беринглар», деб ваҳий юбордик.
Фиръавн ва унинг одамлари бани Исроил қавмини қўрқитиб, уларнинг ибодатхоналарини вайрон қилиб ташлаганларида, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари Мусо ва Ҳорунга ояти каримада мазкур бўлган Фармонни ваҳий қилиб юборди ва уларга яқин орада Фиръавн зулмидан халос бўлиб, ғалаба қозонишлари ҳақида хушхабар берди.
Аксари муфассирлар ояти каримани шундай тафсир қиладилар: Бани Исроил қавми фақат ўзларининг ибодатхоналаридагина ибодат қилишлари ҳаммага маълум эди. Қачонки Мусо алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилганидан кейин Фиръавн у ибодатхоналарни бузиб юборишга бую-риб, Бани Исроил қавмини намоз-ибодатдан тўсиб қўйди. Шунда Ҳақ таоло Мусо ва унинг биродари Ҳорун алайҳимас-саломга ваҳий юборади ва мўминлар уйларини қиблага қаратиб солиб, ўша уйларда Фиръавн ва унинг одамларига билдирмасдан яширинча намозларини адо қилишларини буюради.
Ушбу тафсирни Иброҳим ва Икрима Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилганлар.
Мужоҳид эса: “Мусо ва у билан бирга бўлган мўминлар катта, ҳамма жамланадиган ибодатхоналарда намоз ўқисалар Фиръавн билиб қолишидан хавфсирай бошлаганларида уларга уйларини Каъбага қаратиб солиш ва ўша уйларда яширинча намоз ўқишлари буюрилди”, дейди.
Маълум бўладики, худди мусулмонлар Исломнинг илк даврида Маккада яширинча уйларида намоз ўқиганларидек Бани Исроил қавмидан иймон келтирган кишилар ҳам аввал-бошда Мисрда яширинча ибодат қилган эканлар, Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ҳам оятдаги қибладан мурод Каъбатуллоҳ экани ривоят қилинган. Аммо Қуртубий ўзининг “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Бани Исроил қавми Байтул-Мақдис, яъни, Қуддус шаҳрига юзланиб намоз ўқишга буюрилганлар ва у шаҳар ҳали-ҳануз яхудийларнинг қибласидир”, дейди.

88. Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-давлат ато этдинг. Парвардигоро, охир-оқибатда улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг Йўлингдан оздиришлари учун (шундай қилдинг). Парвардигоро, уларнинг мол-давлатларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунлари-ча, иймон келтирмасинлар!”
Мусо алайҳис-салом ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган Илоҳий мўъжизаларни такрор-такрор келтирганидан кейин ҳам Фиръавн ва унинг қавми иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига куфр-исёнларида, Ҳақ Йўлни инкор қилишда давом этаётганларини кўргач, уларни ушбу ояти каримада мазкур бўлганидек дуойибад қилди. Мусонинг оғаси Ҳорун билан бирга қилган бу дуоси худди олис мозийда ўтган, ўз қавмини салкам минг йил Ҳақ Динга даъват қилиб, улардан фақат куфр ва инкорни кўрган яна бир пайғамбар Нуҳ алайҳис-салом қилган дуога ўхшар эди: “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.” (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).
Албатта, Оллоҳ таоло юборган элчилар, агар Ҳақ таоло томонидан уларга изн берилмаса, Илоҳий ваҳий билан бундан кейин қавмларидан ва уларни авлод-зурриётларидан бирон кимса иймон келтирмаслиги аниқ билдирилмаса, ҳеч қачон у қавмларни дуойибад қилмаган бўлар эдилар. Бунинг далили мана бу ояти каримадир: “Нуҳга ваҳий қилиндики: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди”. (Ҳуд, сураси, 36-оят). Қачонки мана шу оят нозил бўлганидан кейингина Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини (яъни, бирон кофирни) қолдирмагин, (барчасини ҳалок қилгин)”, деб дуо қилди.
Мусо пайғамбар ҳам қачонки Фиръавн ва одамларининг иймон келтиришларидан мутлақо умиди узилганидан кейингина Ҳақ таолога илтижо қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта, Сен Фиръавн ва унинг одамлари Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишлари ва берган неъматла-рингга шукр қилишлари учун уларга ҳаёти дунёда энг чиройли зеб-зийнатлар, саноқсиз мол-давлатлар ато этдинг. Аммо улар Сен берган шундай буюк неъматларга шукроналар айтиш, Сенга тоат-ибодат қилиш ўр-нига туғёнга тушиб, залолат йўлини танладилар ва охир-оқибатда Сен ато этган неъматни ҳам Сенинг Йўлингдан оздириш учун ишлатмоқдалар. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар.” (Алақ сураси, 6-7-оятлар).
Парвардигоро, энди Ўзинг уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида қил-мишларига яраша жазо бергин - уларнинг мол-давлатларини бутунлай йўқ қилиб юборгин, қалбларини тошдек қаттиқ қилиб кўйгин, токи улар ҳалок бўлиб аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмасинлар!”
Албатта, Оллоҳ таоло Ўз элчиларининг дуоларини ижобат қилишида шак-шубҳа йўкдир. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.

89. (Оллоҳ) деди: «(Эй Мусо ва Ҳорун), дуоларингиз ижобат қилинди. Бас, ҳар иккингиз Тўғри Йўлда собит бўлинглар ва ҳаргиз бил-майдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!»
Яъни, Ҳақ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга қилган дуолари ижобат бўлгани ҳақида хабар берди. Ҳолбуки Мусонинг ўзи дуо қилган, Ҳорун эса “омин” деб турган эди холос. Бас, маълум бўладики, дуо қилгув-чининг ортидан “омин” деб турган киши ўша дуога шерик ҳисобланар экан. Чунки омин калимасининг маъноси “Ё Роббим, дуойимни ижобат қилгин”, деганидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон имом “валаззоллийн” деганида сизлар “Омин” денглар, чунки кимнинг бу сўзи малоикаларнинг “Омин” дейишларига тўғри келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб буюрганлар.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломнинг Фиръавн ва унинг одамларига қарши қилган дуойибадлари қабул бўлгани айтилди, аммо бу - Фиръавн ва унинг одамлари дарҳол ҳалок қилиндилар, дегани эмасдир. Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Фиръавн мана шу дуойибаддан кейин яна қирқ йил яшаган. Яъни, дуонинг қабул бўлиши билан унинг амалга ошиши ўртасида қанча муддат борлиги Ёлғиз Яратганга аён экан. Демак, банда дуо қилибоқ, сўраган нарсалари дарҳол рўёбга чиқмаса, “дуоларим қабул бўлмаяпти”, деб бесабрлик қилмаслиги лозимдир.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ер юзидаги бирор мусулмон Оллоҳ таолога дуо қилиб сўраса, модомики бирон гуноҳ ишни ёки қариндош-уруғдан узилишни сўрамас экан, албатта Оллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, сўраган нарсасини беради ёки ундан ўша дуоси баробарида бирон ёмонликни буриб юборади ёхуд ўша миқдордаги бирон гуноҳини кечириб юборади”. (Термизийривояти. “Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Мусо ва Ҳорунга: “Бас, ҳар иккингиз Тўғри Йўлда собитқадам бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!” деб амр қилиш билан уларни Ҳақ Йўлга қилаётган даъватларида ҳеч сустлашмасдан барқарор бўлишга, жоҳил-нодон кимсалар каби “нега дуоларимиз ижобат бўлгани кўринмаяпти?”, деб шошқалоқлик қилмасликка чақиради.

90. Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. То қачон унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот - Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман - Оллоҳга бўйинсунувчилардандирман».
Қачонки Ҳақ таоло бани Исроилга Мисрдан - қуллик ўлкасидан нажот беришни ирода қилгач, ҳеч қачон ўзининг қулларидан ажраб қолишни истамаган Фиръавннинг қалбига шундай хавотир солиб кўйдики, натижада у кутилмаганда Мусо ва Ҳорунни ўз ҳузурига чақириб, “Ўзинглар ҳам, бани Исроил қавми ҳам, биронтанглар қолмасдан менинг халқим орасидан чиқиб кетинглар ва ўзларинг айтиб юрган Роббингизга сиғинаверинглар”, деди. Бу хушхабардан бениҳоя шодланиб, Оллоҳга шукроналар айтган Мусо ва унинг оғаси Ҳорун алайҳимас-саломлар ўз қавмлари бани Исроил билан йўлга ҳозирлик кўра бошладилар. Яъқуб алайҳис-салом билан бирга Миср заминига кириб келганларида бор йўғи етмиш икки кишидан иборат бўлган бу қавм Мисрдан чиқар эканлар, саноқлари, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу таъкидлашича, олти юз минг нафардан кўп эди. Оллоҳнинг Амри билан бани Исроил қавми йўлга тушганларидан кейин, Фиръавн аъёнлари унинг олдига кириб “Қулларинг қочиб кетишди-ку”, дейишганида - ана ўшандагина бу золимнинг кўзи ярқ этиб очилди ва аввал айтган сўзидан қайтиб, “Биз нима қилиб қўйдик ўзи? Ўз ихтиёримиз билан тайёр дастёр - қулларимиздан маҳрум бўлиб қолаверамизми?”, - деди ва бани Исроилдан уч баробар кўп саноқдаги лашкари билан уларнинг ортидан тушиб, Баҳри Қулзум, ҳозирда Сувайш номи билан машҳур денгиз соҳилида йўллари тўсилиб тўхтаб турган бани Исроил қавмига етиб борди. Бани Исроил - яхудлар, ортларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг саноқсиз лашкарига кўзлари тушгач, уларга хос бўлган кўрқоқлик, хоинлик қалқиб юзага чиқди ва “Эй Мусо, сен бизларга ваъда қилган зафар, ғалаба қаёқда қолди? Мисрликлар кўлида қул бўлиб қолганимиз биз учун мана бу саҳрода ҳалок бўлиб кетганимиздан яхшироқ эди”, дея бошладилар. Шунда Оллоҳ таоло Мусога ваҳий қилди-ки, “Асойингни денгизга ургин”. Мусо қўлидаги асони денгизга урган эдики, баногоҳу қуп-қуруқ йўлга айланиб қолди. Бани Исроил бу очилган йўлга тушган эдилар, орқаларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкари ҳам уларга эргашди. Аммо Мусо ва унинг қавми денгизнинг нариги соҳилига чиқиб олишлари билан, ҳали Фиръавн барча одамлари билан денгиз ўртасида эканлар, соҳилга чиқиб олган бани Исроилнинг шундоқ кўз ўнгида Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга ваъда қилган мўъжиза юз берди - бир зумда денгизни қайтадан сув қоплади ва Фиръавн ҳамда унинг одамларидан биронтаси қолмай сувга ғарқ бўлиб кетдилар! Мана шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ёлғиз Ўзи биладиган Илоҳий Ҳикмат сабабли Ўзининг бандаси ва элчиси бўлмиш Мусо ҳамда унга иймон келтирган мўмин бандалари шарофатидан бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан халос қилди.
Ана ўша вақтда, бостириб келаётган денгиз тўлқинларини кўриб, ўлими кўзига аниқ кўриниб қолганида Фиръавн ўзининг ҳеч қандай худо эмаслигини, (ҳолбуки, шу пайтгача у ўзини худо деб даъво қилиб, барча инсонлар унга сажда қилишларини талаб қилиб келар эди), балки ҳамма сингари оддий одам эканини бўйнига олиб, Ягона Оллоҳ таолодан ўзга бирон илоҳ йўқлигига иймон келтирганини айтади ва: “Мен мусулмонлардан, яъни, Оллоҳ таолога итоат қилгувчиларданман”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ушбу оятни етказар экан, неча асрлар илгари рўй берган ва ўзи гувоҳ бўлган ўша воқеани ҳикоя қилиб деди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Сиз ўшанда - Фиръавн денгизга ғарқ бўлар экан, “Ҳеч қандай илоҳ йўқ магар Бани Исроил иймон келтирган Ёлғиз Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман”, деганида мен унга Оллоҳнинг Раҳмати етиб қолишидан қўрққаним учун денгиз остидаги балчиқдан олиб унинг оғзига тиқаётганимни бир кўрганингизда эди”. (Термизий ривояти).
Лекин ўшанда Жаброил алайҳис-салом қўрққан иш бўлмаган - бутун ҳаёти давомида одамларга зулму зўравонлик қилиб келган золим подшоҳ Фиръавн, ўша “мен худоман”, деб даъво қилган махлуқ Оллоҳнинг Раҳматига эриша олмаган, Ҳақ таоло унинг сўнгги нафасида келтирган иймонини қабул қилмаган эди. Бу ҳақда қуйидаги оятларда хабар берилган:

91. Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!
Яъни, Фиръавн ҳалок бўлишига аниқ кўзи етганида ўзининг иймон келтирганини, мусулмон бўлганини айтгач, унга ғойибдан шундай овоз келди: “Энди иймон келтирдингми?! Ахир сен то шу вақтгача фақат итоатсизлик қилдингку, бузғунчилардан бўлдингку?! Энди, ҳаётдан умидинг бутунлай узилганда, денгизга ғарқ бўлиб кетишингга кўзинг етганида, ўлиминг кўзингга кўринганида иймон келтирдингми?! Сенинг ҳолингдаги кимсанинг иймони ҳаргиз қабул бўлмас!”
Аксари тафсир уламолори ояти каримада зикр қилинган сўзлар Фиръавнга Жаброил алайҳис-салом томонидан айтилган деб тафсир қилганлар.
Ушбу ва қуйида келтирилган оятлар Дини Ислом таълимотидаги: “бутун ҳаётларини куфр ва даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят жонлари чиқар пайтида Оллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймонлари мақбул эмас”, деган ақийданинг асосидир. “Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю Ягона Оллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Оллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Оллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган Йўли - қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) - Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар”. (Ғофир сураси, 84-85-оятлар).

92. Бас, бугун Биз ўзингдан кейинги кишиларга оят - ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одам-лар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат олмайдилар).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Фиръавнга - денгизга ғарқ бўлиши олдида иймон келтирган у золим подшоҳга энди унинг жонини ҳалокатдан қутқармаслигини, аммо унинг зулмидан нажот топган бани Исроил қавмига ва бундан кейин дунёга келадиган барча одамларга, хусусан, ўзларини худо фаҳмлаб фуқароларига зулм-зўравонлик қиладиган барча золим подшоҳларга - фиръавнчаларга ибрат бўлиши учун, улар зулмнинг оқибати нима бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари учун унинг жонсиз жасадини балиқларга ем қилмай, денгиз қаърига чўктириб юбормай, бус-бутун ҳолида соҳилга чиқариб ташлаши ҳақида хабар беради. Албатта Фиръавн жасадининг бу тарзда “нажот” топиши ва орадан неча асрлар, қанча минг йиллар ўтса-да, бузилмасдан бус-бутун ҳолда сақланиб туриши у золимнинг Оллоҳ таоло наздида ҳурмат-эътиборга эга бўлгани учун эмас, балки одамларга ибрат бўлиши учундир. Яратганнинг Қудрати нақадар Буюк эканини бутун оламга кўрсатиш учундир. Бу ҳолат худди қатл қилинган жиноятчининг жасади дарҳол кўмиб юборилмай, кўрганларнинг кўзлари очилиб ибрат олишлари, яъни улар ҳам ана ўша мунофиқ қилган жиноятга қадам босмасликлари учун кўчаларда айлантириб юрилишига ўхшайди.
“Тафсири Бағавий” ва “Тафсири Қуртубий” китобларида ривоят қилинишича, қачонки Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва одамлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганида денгиздан эсон-омон ўтиб олган бани Исроил қавми ишонмадилар ва: “Фиръавн денгизга ғарқ бўлиб ўлиб кетаверадиган одам эмас”, дедилар. Шунда Оллоҳ таоло денгизга амр қилди, бас, у Фиръавннинг жонсиз жасадини соҳилга чиқариб ташлади ва одамлар уни қип-қизил ҳўкизга ўхшаб ётганини ўз кўзлари билан кўрдилар.
Албатта бундай таъсирли тарихий ҳодисадан хабардор бўлганида - олис мозийда ўтган бир золим кофирнинг ўзи денгизга ғарқ бўлиб кетса-да, жасади чиримасдан, бузилмасдан бус-бутун ҳолида томошахонада турганини кўрганида ибрат оладиган, Оллоҳ таолонинг Қудратига қойил қоладиган ҳамда кўрганларидан тўғри хулоса чиқариб, хатоларига тавба-тазарруъ қилиб, дарҳол иймон йўлига кирадиган кишилар ҳам бордир, аммо Жаноби Ҳақ ояти карима сўнггида таъкидлаганидек, “кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, ибрат олмайдилар)”.

93. Шубҳасиз, Биз бани Исроилни ростмана гўзал бир манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнг то уларга билим (яъни, Таврот) келгунича ихтилоф қилмадилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи Ҳакам бўлур.
Бани Исроил қиссаси баён қилинган оятлар ниҳоясида Ҳақ таоло у қавмни Фиръавн зулмидан озод қилганидан кейин уларга Ер юзидаги ҳақиқий гўзал манзиллардан бўлмиш Миср ва Шоми шарифдан жой берганини ва у жойда тўкин-сочин ҳаёт кечиришлари учун анвойи ҳалол-пок мева-чева ва яна бошқа ҳар турли неъматлардан мўл-кўл ризқ берганини таъкидлайди. Мусо алайҳис-саломга эргашган бани Исроил қавмига Оллоҳ таоло қандай неъматлар ато этгани ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилган: “Ва (Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бечора саналган қавмни (яъни, бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг («Биз бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз», деган) гўзал Сўзи тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб - қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик. (Аъроф сураси, 137-оят).
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло кофирларга қандай жазо бергани баён қилинган бўлса, энди ушбу ояти каримада мўминларни қандай мукофотлагани ҳақида сўз боради.
Ҳақ таоло Ўзининг элчиси Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн томонидан хорланиб, ҳақоратлар қилинган бани Исроил қавмига айтган мана бу: “Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишларингизни кўрса”, (Аъроф сураси, 129-оят) деган сўзларини рост қилди.
Миср ва Шоми шариф заминининг шарку ғарби куни кеча Фиръавн ва унинг одамлари қўл остида қул ва чўриларга айлантирилган бани Исроил қавмига мерос бўлиб қолди.
Ҳақ таоло бу заминни унумдор тупроқ, оқар сувлар, серҳосил боғлар билан баракотли қилган эди. Оллоҳ таоло юборган пайғамбар ва элчиларнинг аксариси мана шу муборак заминдан чиққан эдилар. Шоми шариф тавсифида кўп ҳадислар ворид бўлгандир. Улардан бирида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Шом нақадар яхши”, дедилар. “Нима учун”, деб сўрашган эди, “Чунки унинг устида Раҳмон малоикалари қанотларини ёзиб (яъни, Оллоҳнинг Амри билан бу муборак заминни қў-риқлаб) турурлар”, деб жавоб қилдилар.
Бани Исроил қавмига Мусо алайҳис-саломнинг Аъроф сурасининг 128-оятида зикр қилинган: “Оллоҳдан мадад тилаб, сабр тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Оллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур”, деган сўзларига қулоқ солганлари, Фиръавн ва унинг одамлари томонидан кўрган зулм-зўравонликларга сабр қилганлари учун ана ўша баракотли юрт мерос қилиб берилди.
Ҳақ таолонинг бани Исроил қавмига ваъда қилган мана бу гўзал Сўзи тўла-тўкис амалга ошди: “Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни, бани Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга Марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни, мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз).” (Қасас сураси, 4-6-оятлар).
Олис мозийда бўлиб ўтган бу воқеа Оллоҳ Йўлида қийинчилик-машаққатларга сабр қилган бандаларига Ҳақтаоло мана шу дунёнинг ўзида хам гўзал мукофотлар ато этишига тарихий ва ибратли бир мисол бўлиб колди.
Ҳақ таолонинг Амри билан Мусо алайҳис-салом ва унинг оғаси Ҳорун алайҳис-салом Миср ва Шомда тўрт юз йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган золим подшохда, қудратли салтанат, давлат ва саноқсиз лашкарлар эгаси бўлган Фиръавнга - унинг куфру туғёнига қарши чиқдилар. У икки пайғамбарга Миср ерида хорланган, қулга айланган бечора бир қавм - бани Исроил иймон келтириб эргашдилар ва Оллоҳнинг икки элчиси ҳамда уларга иймон келтирган бечора қавм ғолиб бўлди, дунёда энг кучли давлат, саноқсиз лашкарлари билан бирга золим Фиръавн мағлуб бўлди, у динсиз қавмнинг биронталари қолмай ҳалок бўлди, бино қилган қасру саройлари вайроналарга айланди! “Албатта бунда (огоҳ) қалб эга-си бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учгун эслатма-ибратлар бордир.” (Қоф сураси, 37-оят).
Шундай қилиб, бани Исроил қавми Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган аввалги даврларда ҳаммалари пайғамбарга итоат қилиб, иттифоқ бўлиб яшадилар. Фақат, қачонки Мусога Таврот нозил бўлгач, уларнинг ўртасида бўлиниш - ихтилофлар пайдо бўлди. Яхудларнинг бахтсиз қавм эканликларининг сири, уларнинг бошқалардан фарқи шунда эди. Яъни, улар жоҳил-нодон пайтларида уришиб талашмасдан иттифоқ бўлиб яшадилар, аммо қачонки уларга Илоҳий Илм - Таврот нозил бўлиб, бу Улуғ Китобдан Яратганнинг буюрган ҳукмларини ўқиб-билганларидан кейин эса, ҳаммалари иттифоқ бўлиб ана ўша Илоҳий Билимга амал қилиб яшаш ўрнига ўрталарида диний ихтилофлар чиқиб, бир-бирлари билан талашиб-тортиша бошладилар. Бошқача айтганда, барчани бирлаштирувчи Калом бўлган Тавротни бани Исроил қавми ўзаро уруш-ихтилоф қуролига айлантириб олдилар. Турли тоифаларга бўлинишиб, ҳар бир тоифа фақат ўзи ҳақ, бошқалар эса ноҳақ, адашган кимсалар эканини даъво қила бошлади.
Ояти каримадаги: “Сўнг то уларга билим келгунича ихтилоф қилмадилар” жумласини Табарий, Куртубий ва бошқа муфассир уламолар шундай тафсир қиладилар: “Бу жумлада сўз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган Бани Қурайза, Бани Назийр ва Бани Қайнақоъ каби Мадина атрофида яшайдиган яхуд қабилалари ҳақида боради.
Уларга келган “билим”дан мурод, Муҳаммад алайҳис-саломдирлар. Чунки яхудлар Таврот Китобидан охир замон Пайғамбари бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам тўғрисида, у зотнинг сифатлари ҳақида аниқ билимга эга эдилар. Ҳатто улар Қуръони Карим нозил бўлишидан аввал мушрик араблар томонидан хўрлик, ҳақоратлар кўрганларида “Яқинда охирзамон пайғамбари юборилади, ана ўшанда бизлар у пайғамбар билан бирга сенларни қириб юборамиз”, дер эдилар. Энди қачонки ўзлари таниган-билган Пайғамбар - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам келганларида ва у зотга Тавротни тасдиқ этгувчи Қуръони Азим нозил бўлганида улар дарҳол иймон келтириш ўрнига ихтилоф қилиб, талашиб-тортиша бошладилар, ўзлари жуда яхши билган ҳақиқатдан тондилар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Салом - асли яҳудлардан бўлган, Оллоҳ таолонинг Тавфиқ-Ҳидояти билан Дини Исломни қабул қилган буюк саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деди: “Эй яҳудлар жамоаси, Оллоҳдан қўрқинглар! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Ўзи бўлган Оллоҳга қасамёд қилиб айтаманки, сизлар у зотни, яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳнинг Элчиси эканини ва у келтирган Ислом Ҳақ Дин эканини жуда яхши биласизлар”. (Имом Бухорий ривояти).
“Қачонки уларга Оллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб келганда (яъни, Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил бўлиб, у зот Пайғамбар бўлганларида) - ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар - бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Оллоҳнинг лаънати бўлғай.” (Бақара сураси, 89-оят).
Ояти карима сўнггида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи Ҳакамлик қилур”, деб Ўз Расулига таскин-тасаллий беради.

94. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз Сизга нозил қилган нарсадан (яъни, илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда Сиздан илгари нозил бўлган Китоб (яъни, Таврот)ни ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, Сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
Юқоридаги оятларда узоқ-яқин ўтмишда ўтган Нуҳ, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг бошларидан кечган воқеа-ҳодисалар ҳамда Оллоҳ таоло уларга ато этган нусрат-ғалабалар ҳақида хабар берилгач, энди ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Агар фаразан, Биз Сизга нозил қилган Китобдаги ўтган умматлар Биз ҳаётидан ҳикоя қилгувчи оятлар хусусида Сизда заррача шубҳа пайдо бўлса, у ҳолда қалбингиз таскин топиши учун Қуръондан илгари нозил бўлган Таврот Китобини ўқийдиган аҳли Китоблардан сўранг, бу тарихий воқеалар ҳақида Тавротда ҳам хабар берилган. Билингки, Сизга фақат Ҳақиқат келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг”, деб танбеҳ берди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Йўқ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирон нафас шубҳага тушганлари йўқ ва ҳеч кимдан сўраганлари ҳам йўқ, балки: “Мен шубҳаланмайман ҳам, сўрамайман ҳам. Мен Қуръондаги ҳар бир калима Ҳақ эканига гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Қатода, Саид ибн Жубайр ва Ҳасан Басрий ривоят қилган).
Айрим уламолар: “Гарчи ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, у зотнинг ўзлари эмас, умматлари ирода қилинади. Бу арабларда одатий ҳолдир. Улар баъзан бир кишига сўзлаб, бошқаларни назарда тутадилар. Қуръондаги бошқа оятларда ҳам бундай мисоллар келади. Масалан, Талоқ сурасининг илк оятида: “Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), қачон сизлар (яъни, мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни, ҳайз ёки нифосдан поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сақланглар”, дейилади”, деб тафсир қилганлар. Шунингдек, “Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг замонларида одамлар уч тоифа эдилар: у зотни тасдиқловчи мўминлар ҳам, ёлғончи қилгувчи кофирлар ҳам, шак қилгувчилар - тасдиқлаш билан ёлғончи қилиш ўртасида қолганлар ҳам бор эди. Оятда ана ўша учинчи тоифага хитоб қилинмоқда, яъни, “Эй инсон, агар сен Биз Ўз Элчимиз орқали сенга нозил қилган Ҳидоят Йўлидан шубҳаланадиган бўлсанг, у ҳолда илгари нозил бўлган Таврот Китобини ўқийдиган кишилар орасидаги Абдуллоҳ ибн Салом ва унинг асҳоблари каби Дини Исломни қабул қилган инсонлардан сўрагин, улар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг етказган сўзлари рост эканига гувоҳлик берадилар ва сенга у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини айтадилар”, деган тафсир хам бор. (“Маолимут-танзил ” тафсирида Ибн Аббос, Мужоҳид ва Заҳҳок розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинди).
Қозий Байзовий ўз тафсирида: “Ушбу оятда кимнинг дилига Дин тўғрисида заррача шубҳа оралайдиган бўлса, дарҳол илм аҳлларига мурожаат қилиб у шубҳани кетказишга шошилмоғи лозим экани таъкидланади”, дейди.

95. Ва ҳаргиз Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиганлардан бўлмангки, у ҳолда зиёнкорлардан бўлиб қолурсиз.
Ушбу ояти карима ҳам мавзу жиҳатидан юқоридаги оятнинг давомидир. Аксари муфассирлар: “Бу оятда ҳам гарчи Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, ҳар бир инсон назарда тутилади”, дейдилар. Яъни, Жаноби Ҳақ Унинг оятларидан бирон оятни ёлғон дейдиган кимсалар ўз жонларига зиён қилгувчи бахтсиз кимсалар эканини айтиб, инсон-ларни бундай зиёнкор бўлиб қолишдан қайтаради.
Уламолар мазкур икки оят тафсирида шундай ибратли нуқтага эътиборимизни жалб қиладилар: “Модомики ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўз Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, барча пайғамбарларнинг саййидига, аввал-у охир барча мўмин-мусулмонларнинг пешқадами бўлган зотга, Оллоҳнинг оятлари тўғрисида шак-шубҳа қилиши ёки у оятларни ёлғон дейиши мутлақо тасаввур қилинмайдиган зотга, хитоб қилиб: “Менинг оятларим ҳақида шак-шубҳа қилиб юрманг, агар дилингизга бирон шубҳа тушадиган бўлса, дарҳол аввал нозил бўлган Китобларни биладиган кишилардан сўраб аниқлаб олинг, Сизга Ҳақ Китоб келди, бас, ҳаргиз шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг. Ва ҳаргиз Менинг оятларимни ёлғон дейдиган кимсалардан бўла кўрмангки, у ҳолда ўзингизга катта зиён қилган бўласиз”, деб огоҳлантирар экан, демак, бу Илоҳий огоҳлантириш аслида у зотдан бошқа барча инсонларга қаратилган, деб тушунсак, мазкур оятлар мазмунини тўғри англаган бўламиз. Чунки Оллоҳ таоло нозил қилган оятлар ҳақида шак-шубҳа қилиш ёки у оятларни ёлғон деб инкор қилиш каби иллатлар Оллоҳнинг элчиларидан, пайғамбарлардан бошқа ҳар бир инсонда топилиши мумкиндир”.

96-97. Албатта устларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби) тушиши ҳақ бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар.
Қатода айтади: “Ушбу оятларда таъкидланишича, куфр-маъсиятлари сабабли Оллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига лойиқ бўлган кимсалар қандай Илоҳий мўъжизаларга гувоҳ бўлсалар-да, иймон келтирмайдилар, қачон аламли азобни кўрганларида эса, иймон келтирадилар-у, аммо у вақтда келтирган иймонларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди”.
Масалан, юқоридаги оятларда зикри ўтган Фиръавн ва унинг одамлари ана шундай бадбахт кимсалардан эдилар. Уларга Мусо алайҳис-салом қанчадан-қанча буюк мўъжизаларни кўрсатсада, унинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирмадилар. Қачонки аламли азобни ўз кўзлари билан кўрганларида - денгизга ғарқ бўлиб кетаётганларида эса, Фиръавн жон-жаҳди билан ўзининг иймон келтирганини айтди, аммо энди вақт ўтган эди - иймони қабул бўлмади, кофирлигича ҳалок бўлди.
Мазкур оятлар мазмунини мана бу ояти карима ва унинг тафсири ёрдамида яхшироқ англаймиз, иншооллоҳ: “Агар Биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Оллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар.” (Анъом сураси, 111-оят).
Ушбу ояти каримада ҳам аввалги оятлардаги мавзу давом этади, яъни, Хдқ таоло инсонларнинг иймон келтиришлари пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларга боғлиқ эмаслигини, балки инсонлар фақат Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши, Ёлғиз У Зотнинг Хоҳиши билангина лгўмин бўлишлари мумкин эканини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар фаразан Биз у мушриклар олдига осмондан кетма-кет фаришталарни туширсак ва мушриклар уларни ўз кўзлари билан қайта-қайта кўришса ҳамда Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга у фаришталар гувоҳлик беришса ва мушриклар ўз қулоқлари билан фаришталарнинг сўзларини эшитишса; агар Биз улар талаб қилишганидек, ўлиб кетган ота-боболарини қайта тирилтирсак ва у ўликлар мушрикларга сўзлаб, Охират ҳаёти бор эканини, Муҳаммад алайҳис-салом ҳақ Пайғамбар эканликларини айтишса; агар Биз мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммасини уларнинг рўбарўсида тўплаб-жамласак - уларнинг ҳамма талабларини ҳозир-у нозир қилиб қўйсак, ана ўшанда ҳам улар ўз кўзлари билан кўриб турган мўъжизалардан ибрат олмайдилар, иймон келтирмайдилар, магар Оллоҳ таоло уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина иймон келтирадилар.
Демак, гап мўъжизада эмас, ҳамма гап Оллоҳ таолонинг Хоҳиши-Иродасидадир. Агар У Зот хоҳласа, барча инсонлар хоҳласинлар-хоҳламасинлар, Ҳидоят Йўлига юрадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир оятда хабар берган: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва одамлар билан тўлдирур-ман». (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар”.
Яъни, мусулмонларнинг ҳам, мушрикларнинг ҳам кўплари кофирлар пайғамбарлар келтирган мўъжизани кўришлари биланоқ иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юриб кетмасликларини, балки фақат Оллоҳ уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина мўмин бўлишларини билмайдилар. Шунинг учун: “Агар осмондан бир мўъжиза тушганида, ҳамма мусулон бўлиб кетар эди”, деб юришаверади.
Дарвоқеъ, ушбу ояти карима тасдиқини ҳамма вақт, жумладан биз яшаётган мана шу даврда ҳам кўришимиз мумкин. Дахрийлар истибдоди остида яшаган замонда кўпларимиз: “Агар Ислом Динига йўл очилиб, одамлар Қуръон ва Ҳадис маъноларини англашганида, ҳамма мусулмон бўлиб кетар эди”, деб ўйлар эдик. Мана энди, орзуларимиз ушалиб, Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан Ислом таълимотини бемалол ўрганиб, амал қилишга кенг йўл очилганда кўрсак, ҳамма ҳам мусулмон бўлиб кетгани йўқ, мусулмон бўлганларнинг ичида ҳам ҳамма Тўғри Йўлда - Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшаяпти дея олмаймиз, айримлар зиммаларидаги мусулмонлик вазифаларини адо қилиш фарз эканини хаёлларига ҳам келтирмай, нима савоб-у нима гуноҳ экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай нафс ва дунёга қуллик қилиб яшаётган бўлсалар, айримлар ғайридинлар тузиб берган турли шайтоний ҳизбларга, динсиз тўдаларга қўшилиб, шайтонларга қуллик қилиб, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зиён етказаётганлари кўзга ташланади. Бас, маълум бўладики, орзу қилинган барча шарт-шароитлар муҳайё этилган тақдирда ҳам, агар Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродаси бўлмаса, одамзот иймон, диёнат йўлига юра олмас экан.

98. Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок қилинмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёда шарманда бўлиш азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик.
“Тафсири Табарий”, “Дуррул-Мансур”, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” ва яна бошқа тафсир китобларида Абдуллоҳ ибн Масуъд, Саид ибн Жубайр ва Ваҳб розияллоҳу анҳум ва бошқалардан ривоят қилинишича, Юнус алайҳис-салом ва ва унинг қавми қиссаси қуйидагичадир: Бу қавм Ироқ мамлакати, Мавсил минтақасининг Найнаво қишлоғида яшайдиган мушрик-жоҳил бир қавм эди. Оллоҳ таоло уларга Юнус алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Юнус у қавмни Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтиришга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка даъват қилди. Аммо улар Оллоҳнинг пайғабарига итоат қилиш ўрнига уни ёлғончи қилдилар. Бир неча йил (айрим ривоятларга қараганда тўққиз йил) қилган даъвати бесамар кетгач, қавмдошларининг иймон келтиришларидан умиди узилган Юнус алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан уч кун ўтганидан кейин эрта тонгда уларга Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида хабар берди ва учинчи кун ярим тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Эрта тонгда уйғонган қишлоқ аҳли бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб, ҳатто уйларининг томи ҳам кўринмай қолганига гувоҳ бўлишгач, бир-бирларига қараб: “Юнус бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Қаранглар-чи, у ўз уйида тунадимикан. Агар уйида бўлса, демак, ҳеч гап йўқ. Аммо агар уйида тунамаган бўлса, у ҳолда тонг саҳарлаб бутун борлиқни қоплаб олган бу қора булут Оллоҳнинг азоби эканини билинглар”, дейишди. Юнусни ҳеч қаердан топа олмаганларидан кейин, унинг айтган сўзлари ҳақ эканини аниқ билдилар ва Оллоҳ дилларига тавба-тазарруъ қилиш кераклигини солиб, бутун қишлоқ - эркак, аёл, болалар, ҳатто чорва ҳайвонларигача олиб, ибодат чоғида киядиган дағал матодан тикилган кийимларини кийиб бир баландликка чиқдилар ҳамда чин ихлос билан Оллоҳ таолога иймон келтириб, дуо-илтижо қила бошладилар. Улар оналарни чақалоқларидан ажратиб қўйдилар, чорва ҳайвонлари ҳам оналари бошқа, болалари бошқа қилиб бўлиб қўйилган эди. Шунингучун улар бир-бирларига интилиб дод-вой солар, катталар ҳам дод-фарёд қилиб йиғлаб Оллоҳ азза ва жаллага илтижо қилар ва: “Юнус келтирган Ҳақ Динга иймон келтирдик. Ё Оллоҳ, албатта бизларнинг гуноҳимиз жуда каттадир, аммо Сен барча нарсадан Буюкроқдирсан. Ўзинг бизга биз лойиқ бўлган азобни эмас, Ўзинг Эга бўлган Мағфиратни ато этгин”, дер эдилар. Бас, Парвардигор уларга раҳм қилиб, дуоларини мустажоб этди ва бошларига тушаёзган азобни уларнинг устидан кўтарди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анудан ривоят қилинишича, бу воқеа ошуро - муҳаррам ойинингўнинчи куни бўлган эди. (“Тафсири Куртубий”).
Ўша куни Юнус алайҳис-салом ўз қишлоғидан чиқиб кетиб, бир четда қавми устига тушадиган азоб-ҳалокатга кўз тикиб турди, аммо ҳеч нарсани кўрмади. Шунда у: “Мен қавмимга ваъда қилган азоб тушмадику. Энди уларнинг олдига қайтиб борсам, “берган хабаринг ёлғон экан”, деб мени ўлдирадилар”, дедида, денгиз томонга қараб кетди. Соҳилга етиб бориб, бир кемага одамлар чиқаётганини кўрди. Кема эгалари Юнусни таниб қолдилар ва ҳақ олмасдан уни кемага чиқариб олдилар. Кема йўлга тушиб, денгизнинг ўртасига етиб борганида на олдинга ва на орқага юрмай таққа тўхтаб қолди. Кема аҳли: “Кемамизга бир бало бўлди”, дейишиб, нима қилишларини билмай турган эдилар, Юнус: “Унга нима бўлганини мен биламан. Кемадагилар орасида жуда катта гуноҳ қилган кимса бор”, деди. Улар: “Ким ўша?” деб сўраган эдилар, Юнус: “Ўша гуноҳкор кимса, эгасидан қочган қул мендирман. Сизлар мени денгизга улоқтириб юборинглар, кемаларингиз юради”, деди. Кемадагилар: “Сени ҳеч қандай сабабсиз денгизга ташлаб юбора олмаймиз”, дейишди. Шунда Юнус уларга кемадан улоқтиришга лойиқ кимсани аниқлаш учун кемадагилар ўртасида қуръа - чек ташлашни, қуръа кимга чиқса ана ўша кимсани денгизга ташлаб юборишни таклиф қилди. Уч марта қуръа ташладилар ва ҳар сафар қуръа Юнусга қарши чиқди. Шундан кейин ноилож уни денгизга ташлаб юбордилар ва кема жойидан жилди. Кема остида эса Парвардигорининг Амрини кутиб оғзини очиб турган ҳут - наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборди.
Шаъбий айтади: “Ҳут Юнусни ошуро куни чошгоҳ пайтида ютиб юборди ва ўша куни асрдан кейин, қуёш ботишга яқинлашиб қолганида соғ-саломат ҳолида денгиз соҳилига чиқариб ташлади”. Бу ошуро кунининг фазилатли кун эканидандир. Чунки худди шу куни Оллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломнинг қавмидан азобни кетказди. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).
Эсласак, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бани Исроил золим Фиръавн балосидан нажот топган кун ҳам ошуро куни эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича эса, Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида қирқ кун қолиб кетган. (“Маолимут-танзил тафсири”дан).
Юнус пайғамбар қиссаси бошқа сураларда ҳам зикр қилингандир: “Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).
Зуннун, яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.
“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Парвардигорингизнинг Хукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб кўйганига, Ислом Дини дарҳол ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган Неъмат-Марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди). Сўнг Парвардигори уни (яна пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди.” (Қалам сураси, 48-50-оятлар).

99. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир Сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни, бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонгина ҳақиқий - мақбул иймондир).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қилингандир. Чунки у зот барча одамлар иймон келтириб мўмин-мусулмон бўлишларини хоҳлар ва воқеъда ундай эмаслигини кўриб ниҳоят даражада ғам-ғусса чекар эдилар. Бас, Ҳақ таоло Ўз Элчисига фақат Унинг томонидан Лавҳул-Маҳфузда саодатманд бўлиш ёзилган кишиларгина мўмин бўлишлари, У Зот томонидан бадбахтлик қисмати ёзилган кимсалар эса ҳеч қачон иймон келтирмасликлари ҳақида хабар берди. (“Тафсири Қуртубий”).
Пайғабар алайҳис-саломнинг зиммаларидаги рисолат - вазифалари фақат Оллоҳ таолонинг Ҳақ Динига даъват қилиш, инсонларга панд-насиҳат билан Тўғри Йўлни кўрсатиш экани ҳақида, уларни ҳидоят қилиш эса Ёлгиз Оллоҳ таолонинг ихтиёридаги иш экани тўғрисида бошқа оят-ларда ҳам такрор-такрор айтилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, Сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.” (Ғошия сураси, 21-22-оятлар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир.” (Қасас сураси,56-оят).
Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳис-саломни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам Абу Толибга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳис-салом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, мен Қиёмат Кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай», деганларида, у: «Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: «Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди», дейишларини хоҳламайман», деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган Пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.
“Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (Ҳақ Йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар. Оллоҳ) Уларни шунинг учун (яъни, бировлари Ҳақ Йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман», деган Сўзи тўла - ҳақ бўлди.”(Ҳўд сураси, 118-119-оятлар). “Агар бир Куръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса) ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш Ёлгиз Оллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Оллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У Зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар).”
Ушбу оят мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломга: «Агар сен чиндан ҳам пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб, уларнинг ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин; ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин; улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз», деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон мўъжиза кўрсатилса мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади.
“Иймон келтирган кишилар агар Оллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Оллоҳучун осон эканини) билмадиларми?! (Лекин Оллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Оллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.” (Раъд сураси, 31-оят).

100. Ҳеч бир жон иймон келтирмас, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (иймон келтирур). (Оллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур.
Имом Табарий ояти каримани шундай тафсир қилади:
“Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчисига гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бирон кимса учун Сизни Ҳақ Пайғамбар деб иймон келтиришга йўл йўқ, магар Мен изн берганимдагина у мўмин бўла олур. Бас, Сиз ҳаммани Тўғри Йўлга соламан деб жонингизни қийнайверманг, балки одамларга Оллоҳ таолонинг кофир-осийлар учун таёрлаб қўйган азоби борлигини етказинг, Парвардигорингиз буюрган Дин аҳкомларини ўргатингда, сўнгра Оллоҳ қай йўлга бошлашини кутиб, уларни ўз ҳолига қўйинг, чунки уларни Сиз кўрсатган Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш Ёлғиз Яратганнинг Қўлидадир. Албатта Оллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини иймон йўлига ҳидоят қилади ва Сизни ҳақ Пайғамбар деб тасдиқлашига, Сизга итоат қилишига изн беради, Оллоҳнинг азоби-ғазаби эса Унинг Илоҳий Ҳужжатлари, панд-насиҳатлари ҳақида тафаккур қилмайдиган, Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Элчиси эканига далолат қиладиган оят-мўъжизалар тўғрисида ақл юргизмайдиган кимсалар устига тушади”,
Аксари муфассирлар “азоб” деб тафсир қилган “рижс” сўзининг луғавий маъноси “қабоҳат, нопоклик” деганидир. Шунинг учун айрим уламолар ояти каримадаги “рижс” сўзини “қабоҳатларнинг энг кабиҳи бўлган куфр” деб тафсир қиладилар ва оятнинг иккинчи жумласини “Оллоҳ ақл юргизмайдиган кимсаларни куфрга мубтало қилур, кофирлик - Яратганни инкор қилмоқ фақат ақлсиз кимсаларнинг насибасидир”, деб тушунтирадилар.

101. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (яъни, ҳамма нарсанинг Ягона Яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларга) боқинглар - кузатинглар». (Лекин) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва огоҳлантиришлар фойда бермас.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушрикларини ҳам, барча инсонларни ҳам осмонлар ва Ердаги жамийки махлуқот-мавжудотга боқиб тафаккур қилишга буюради. Чунки коинотдаги энг кичик заррадан ва энг майда ҳашоратдан тортиб энг буюк сайёраларгача бўлган барча мавжудотга, уларнинг қандай яратилганига, зиммаларидаги вазифаларини қандай адо этаётганларига ва уларнинг ўртасидаги гўзал Илоҳий Интизомга ибрат назари билан боққан ҳар бир инсон албатта бу борлиқнинг Буюк Қудрат Соҳиби бўлмиш Эгаси борлигига иймон келтиради.
Бошқа бир сурада Жаноби Ҳақ инсонларни тафаккур қилишга чорлаб шундай дейди: “(Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-даралар-да, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўзларин-гизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Оллоҳнинг Қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!” (Ваз-зариёт сураси, 20-21-оятлар).
Яна бир ояти каримада эса ҳаётларини зикр-у тафаккур билан безайдиган бандаларини шарафлаб, марҳамат қилади: “Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Оллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) Поксан! Ўзинг бизни дўзах азобидан асрагил!” (Ол-и Имрон сураси, 191-оят).
“(Лекин) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва огоҳлантиришлар фойда бермас”. Яъни, иймон келтириш - мўмин бўлиш бахтидан бенасиб кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган мўъжизалар ҳам, У Зот юборган элчиларнинг огоҳлантиришлари ҳам мутлақо таъсир қилмайди, фойда бермайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.) Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар. (Бақара сураси, 171-оят).
“Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у - англай олмайдилар, кўзлари бор-у - кўра олмайдилар, кулоқлари бор-у - эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).

102. Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунларига ўхшаш (кунларни, яъни, Оллоҳнинг азоби тушиши)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Бас, сизлар кўз тутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Оллоҳ таоло Танҳо Илоҳ эканига иймон келтирмайдиган, Сизни ёлғончи қиладиган Макка мушриклари ва уларга ўхшаганлар фақат илгари ўтган кофирларнинг кунлари - ўзларига юборилган элчи пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун Оллоҳнинг азобига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлиб кетган кофирларнинг кунлари - уларнинг ҳам бошларига тушишини кутмоқдалар холос.
Илгари ўтган Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва бошқа пайғамбарлар қавмлари орасидаги кофир кимсаларга Оллоҳнинг азоби тушиб, ҳалок бўлиб кетишлари мумкинлиги хақида хабар бериб, ҳарчанд огоҳлантирсалар-да, улар Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг сўзларига ишонмасдан: “Қани, агар ростгўй бўлсанг ўша айтган азобингни тезроқ келтиргин-чи”, дейишганида, бошларига турли-туман бало-офатлар тушиб қирилиб кетганлари тариҳдан маълумдир.
Энди Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замондошлари бўлган мушриклар ҳам у зотнинг огоҳлантиришларига ишонмай, худди ўзларидан олдин ўтган кофирларга ўхшаб: “Мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?”, (Намл сураси, 71-оят) дейишиб Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда мўминларни масхара қилишганида, уларга: “Бас, сизлар ҳам устларингизга тушадиган Оллоҳнинг азобини кутаверинглар, мен ҳам сизларга тушадиган ўша азобни кутгувчиларданман, чунки Оллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас”, деб жавоб қилиш буюрилди.

103. Сўнгра (яъни, азоб нозил бўлгач), Биз Ўз элчиларимизга ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ - бурч бўлди.
Юқоридаги ояти каримада Ҳақ таоло илгари ўтган қавмлар ўзларига юборилган элчи пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун бошларига Оллоҳ таолонинг азоби тушиб ҳалок бўлиб кетган мушрик-кофир қавмлар каби Макка мушриклари ҳам ўз ҳалокатларини кутаётганларини айтиб огоҳлантиргач, ушбу оятда Жаноби Ҳақ ўша аввал ўтган кофир қавмларни ҳалок қилганида улар орасидаги Ўзининг элчиларига ҳамда у элчиларга иймон келтирган мўминларга нажот бергани ҳақида, яъни, кофирларни Ер юзидан йўқ қилиб юборган турли бало ва офатлар Оллоҳ таоло юборган элчиларга ва уларга эргашган мўминларга бирон зиён етказмагани ҳақида хабар беради. Шунингдек, худди ўтмишда бўлгани каби келажакда ҳам мўмин бандаларига нажот бериш Ўзининг зиммасида эканини айтади. Ҳақ таолонинг бу Сўзи ҳар бир инсон учун ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам нажотга эришишнинг, ҳалокатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли - иймон, яъни, мўмин-мусулмон ҳолда ҳаёт кечириш эканини уқтиради.
Демак, одамзот ҳаётидаги барча ёмонлик, нопоклик, ҳақсизлик, турли фалокатлар ва ҳалокатлар, бир сўз билан айтганда, барча бахтсизликлар иймонсизликдан - Яратганга ишонмасликдан, Ундан қўрқмасликдан келиб чиқар экан. Бугина эмас! Одамларнинг иймонсиз - динсиз ҳаёт кечиришлари, Оллоҳдан қўрқмаганлари касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки уларнинг атрофидаги ҳайвонот-у наботот ҳам, ҳатто сув ва ҳаво ҳам зиён тортиши, заҳарланиши аниқдир. Агар кишиларда иймон, диёнат бўлмаса, ҳеч қандай илмий, фанний тараққиёт уларнинг бахтли қила олмаслиги кўзимиз ўнгидаги ҳақиқатдир. Хусусан, осмон билан Ер ўртасида тез-тез содир бўлиб, бутун-бутун қишлоқ-шаҳарлар вайрон бўлишига, минг-минг одамлар қирилиб кетишига сабаб бўлаётган бўрон, тўфон, ёғин, ёнғин ва зилзила каби бало-офатлар ҳам зулм, зўравонлик, ваҳшиёна очкўзлик билан ерни, сувни, ҳавони булғаётган, заҳарлаётган иймонсиз кимсаларга Яратган томонидан мана шу ҳаёти дунёнинг ўзидаёқ берилаётган жазо-азоб эмасми?! Бас, одамзот учун бу каби фалокат ва ҳалокатлардан нажот топишнинг ягона йўли Иймон йўли экани аниқдир.
Ояти каримада Ҳақ таоло мўмин бандаларига нажот беришни “Бизнинг зиммамиздаги ҳақ - бурч” дейди. Ҳолбуки, барча мавжудот Ёлғиз Оллоҳ таоло олдида бурчдордир, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида бурчдор эмасдир. Маълум бўладики, Жаноби Ҳақ наздида Уни кўрмасдан туриб: “Оллоҳ Бор ва Бир”, деб иймон келтирган, Унинг элчиларига итоат қилган мўминларнинг иймонлари бениҳоя қийматли экан. Шунинг учун ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўз Фазлу Раҳмати билан: “Мўмин бандаларимга ҳар турли фалокат ва ҳалокатлардан, ҳар қандай душмандан нажот бериш Менинг зиммамдаги бурч бўлди”, деб марҳамат қилади.

104. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, агар сизлар менинг Динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас (билингизки), мен сизлар Оллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат қилмайман, балки мен сизларнинг жонингизни оладиган Зотга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга) ибодат қилурман. Ва мен мўминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)”.
Ушбу ояти каримада Ҳақтаоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саламга хитоб қилиб буюради: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздан Мен Сизга ваҳий юборганимга ҳайрон бўлиб, ишонмай турган мушрикларга айтинг: “Эй инсонлар, агар сизлар менинг Диним Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинган Ҳақ Дин эканидан шубҳаланаётган бўлсангизлар, у ҳолда билиб олинглар - сизлар Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига ўзларингиз ясаб олган, ҳеч нарсани билмайдиган, кўрмайдиган, эшитмайдиган, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган консиз бутларга сиғинмоқдасизлар. Мен эса у сохта “илоҳларга” ҳеч қачон сиғинмайман. Балки мен Ўзи хоҳлаган вақтида жонларингизни оладиган, яъни, сизларга ҳаёт ва ўлим берадиган Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламан. Чунки менга мўмин бандалардан бўлиш - Танҳо Маъбуд бўлган Олтоҳ таолога ва У Зот менга нозил қилаётган Илоҳий ваҳийга иймон келтириш буюрилгандир.” (“Тафсири Табарий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Ояти каримада жамийки мушрикларга қарата ҳақли, мантиқий бир савол ўртага кўйилади, яъни, сизлар мусулмон инсоннинг ҳаёт ва ўлим бериш Қўлида бўлган Оллоҳга ибодат қилаётга-нидан шубҳаланиш ўрнига ўзларингизнинг ишларингиздан, яъни, кўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга сиғинаётганларингиздан шубҳалансангиз тўғрироқ бўлмайдими?! Ахир ақли-хуши жойида бўлган одам қандай қилиб тош ёки ёғочдан ўзи ясаб олган бутга: “Сен менинг илоҳимсан”, деб сиғиниши мумкин?! Қандай асос билан жонсиз тошдан ҳожатини раво қилишини сўраб дуо-илтижо қилиши мумкин?! Бас, эй мушриклар, агар шубҳаланадиган бўлсангизлар ўзларингизнинг мана шу на ақлга ва на нақлга тўғри келмайдиган ишларингиздан шубҳаланинглар! Сизларнинг барча иш Қўлида бўлган Оллоҳ таолога ибодат қилаётган мўминлардан, Дини Исломдан шубҳаланишларингиз эса тамоман ноўриндир, дейилгандек бўлади.”

105-106. Яна (менга Оллоҳ таоло шундай амр қилди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳақ Йўлдан) тойилмаган ҳолда юзингизни - ўзингизни Дин - Ислом учун тикиб қўйинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Оллоҳни қўйиб, Сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага дуо-илтижо қилманг! Бас, агар (шундай) қилсангиз, у ҳолда албатта зулм қилгувчилардан бўлиб қолурсиз!»
Муфассир уламолар: ‘Тарчи ушбу оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, аслида у зотнингумматлари ирода қилинади”, дейдидар. (“Тафсири Қуртубий”). Ҳақиқатдан ҳам, Пайғамбар алайҳис-салом бутун ҳаётлари давомида Оллоҳ таоло буюрганидек, ўзларини Ҳақ Дин учун тикиб бошқа бирон динга эгилмасдан, бурилмасдан, бирон нафас ширк ёки зулм томонга мойил бўлмасдан, комил иймон билан Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилиб ўтдилар. Зотан, Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси қилиб танлаган зот томонидан Ҳақ Динга тўғри келмайдиган бирон иш содир бўлиши мутлақо мумкин эмас эди. Бас, маълум бўладики, ушбу оятлардаги Илоҳий Фармонлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали у зотнинг умматларига, яъни, ҳар бир мусулмон инсонга буюрилмоқда. Ҳақ таоло бу ўринда мусулмон бандасига ўзининг бутун ҳаётини Дини Ислом асосига қуришни, бошқа бирон динга мойил бўлмасдан бор умрини фақат Исломга бағишлашни, бирон ишда мушрикларга ўхшаб қолмасликни, яъни, Оллоҳни қўйиб, ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган бут-санамларга дуо-илтижо қилмасликни буюради ҳамда агар инсон Оллоҳ таоло буюрганидек комил мусулмон бўлмасдан, У қайтарган ишларни қиладиган бўлса, у ҳолда албатта ўз жонига жабр қилган золим кимсалардан бўлиб қолиши аниқ экани ҳақида огоҳлантиради. Чунки бутун борлиқнинг Эгаси, Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога бирон сўз ёки ишда ширк келтирган кимса албатта золимларнинг золимидир. “Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир.” (Лукмон сураси, 13-оят).

107. Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.
Юқоридаги оятлар мазмунини таъкидловчи ушбу ояти каримада бандаларга яхшилик ёки ёмонлик, манфаат ёки зиён етказиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида экани, бу ишларда Унга ҳеч ким шериклик қила олмаслиги, демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи экани уқтирилади. Бас, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам, етказа олмайдиган бут-санамларга топиниб дуо-илтижо қилиш, у жонсиз нарсаларни Тенгсиз Қудрат Эгаси бўлган Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қилиш ақлли инсонларнинг иши эмасдир.
“Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур.”
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, барча инсонлар назарда тутилади. Ҳақ таоло қай бир киши ўзининг қилган гуноҳи сабабли Оллоҳ таоло томондан касал-лик, камбағаллик ёки шу каби бошқа бирон зиён-мусибатга гирифтор қилинса, у зиёндан қутулишнинг бирдан-бир йўли Оллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳ ишлардан тийилиш эканини, ана шунда, Мағфиратли, Меҳрибон Парвардигорнинг Ўзи у кимсанинг бошига тушган балони кетказишини таъкидлайди. Банданинг бошига бало-мусибат келишига фақат унинг қилган қилмиши сабаб бўлиши ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлла-рингиз қилган нарса - гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.” (Шўро сураси, 30-оят).
“Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.”
Ояти кариманинг ушбу жумлаларида Оллоҳ таоло бандасига Ўз Фазлу Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик - офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни ирода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлгиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён -ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Марҳаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонинг Ўз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - камчиликларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар. (Ҳофиз ибн Асокир ривояти. “Тафсири Мунийр” китобидан).

108. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, аниқки, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда вакил - қўриқчи эмасман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб қўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли унинг ўзи зиён тортади. Мен сизларнинг устингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда қўриқчилик қилиб, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат сизларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ Йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидир-ман холос”.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, одамларнинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Каломга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юришларидан Оллоҳ таоло манфаатдор эмас, балки ана ўша мў-минларнинг ўзлари манфаат кўрадилар, шунингдек, одамлар Ҳақ Йўлни тарк этиб, залолат йўлини танлашларининг Ҳақ таолога ҳеч қандай зиёни йўқдир, балки бу қилмишларидан ана ўша кофирларнинг ўзлари зиён кўрадилар.
Инсонлар мана шу Ҳақиқатни англашга ўта муҳтож бўлганлари сабабли Оллоҳ таоло Ўз Китобида бу мавзуга оид оятларни бир неча сураларда қайта-қайта нозил қилди: “Эй инсонлар, бу Элчи сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ (Дин)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.” (Нисо сураси, 170-оят).
Юқорида ўтган оятлардан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликлари аён бўлгач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилади ва уларни Ўзининг бандаси ва Расули Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтиришга буюради, у зот инсониятга Парвардигорлари Оллоҳ таоло томонидан Ҳақ Динни келтирганини айтади ва иймон келтириш уларнинг ўзлари учун яхши эканини таъкидлайди. Дарҳақиқат, Оллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириш инсонни моддий ва маънавий нопоклик, кирликлардан поклайди, унинг дунё ва Охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади.
Пайғамбар алайҳис-саломга нозил бўлган Қуръони Азим оятларини тадаббур қилган киши у зотнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларига аниқ ишонч ҳосил қилади. Чунки у Азиз Китобдаги ўтмиш ва келажак ҳақидаги ғайб хабарлари, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Зоти ва Сифатлари хусусидаги оятлар, Қиёмат Куни, ҳисоб-китоб, жаннат, дўзах тўғрисида келган хабарлар Ёлғиз Оллохдан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган, фақат ваҳий орқали Унинг Элчисигина етказа олиши мумкин бўлган хабарлардир.
Энди Каломуллоҳдаги буюрилган ишлар - яхшиликка, савобга, сало-ҳиятли бўлишга, Тўғри Йўлга, адолатли бўлишга, чиройли амал қилишга, ростгўй бўлишга, қариндош-уруғни йўқлашга, гўзал хулқли бўлишга... чақириқлар; ёмонлиқцан, бузуқликдан, зулмдан, зўравонликдан, ёмон хулқдан, ёлғондан, ота-онага оқ бўлишдан... қайтаришлар - буларнинг барчаси Қуръони Карим Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Оллоҳ таоло томонидан келган Ҳақ Китоб эканига ҳеч ким рад қила олмайдиган равшан далиллардир.
Банданинг илму тафаккури кучайган сари, Қуръонни яхшироқ англагани сари унинг иймон ва ишончи ҳам қувватлана боради. Иймон эса мўминлар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган энг буюк неъматдир. “Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур”. Иймон мўминларнинг баданлари учун ҳам, қалблари учун ҳам, руҳлари учун ҳам, дунёлари учун ҳам, Охиратлари учун ҳам яхшидир. Ҳозир ёки келажакда савоби тегадиган ҳар қандай амал - иймон мевасидир. Нусратга, Ҳидоятга, фойдали илмга, солиҳ амалга, бахт-саодатга, жаннатга ва ундаги неъматларга, энг Буюк Неъмат бўлмиш Оллоҳнинг дийдорига - буларнинг барчасига фақат иймон билан етиш мумкин.
Аммо иймонсиз кимса эса дунёда ҳам, Охиратда ҳам бахтсиз бўлади. Киши қалбидаги иймони сабабли қандай яхшиликларга етса, иймонсиз кимса уларнинг барчасидан маҳрум бўлади ва бунинг устига инсон зотига нолойиқ бўлган иллатларга мубтало бўлади, яъни, кимсанинг иймонсизлиги унинг ўзига зиёндир. Оллоҳ таоло эса унинг иймон келтиришига муҳтож эмас, У барча оламлардан Беҳожат Зотдир.
“Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зиён қиласиз холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир”. Яъни, осмонлар ва Ердаги ҳамма жонли-жонсиз мавжудотни Унинг Ўзи яратган ва уларнинг барчаси Унинг тасарруфидадир. Бас, Унга кофирнинг куфридан, зулмидан, жиноятидан бирон зиён етмас. Бу хусусда яна шундай ояти карима бор: “Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, ҳамду сано Эгасидир». (Иброҳим сураси, 8-оят).
“Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”.
Бас, У ким ҳидоят ва иймон неъматига лойиқ эканини жуда яхши билади ва уни ҳидоят қилади ҳамда ким залолатга лойиқ эканини ҳам жуда яхши билади ва уни тўрт кунлик ҳаёти дунёда адашиб-улоқиб юришига кўйиб бериб, кейин мангу Охират азобига гирифтор қилади.

109. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ўзингизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага (яъни, Илоҳий Амру Фармонларга) эргашинг ва то Оллоҳ Ўз Ҳукмини қилгунича, (даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг! У Зот ҳукм қилгувчиларнинг энг Яхшисидир.
Сура хотимаси бўлган ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, ҳар бир ишда - эътиқодда ҳам, амалда ҳам, даъватда ҳам фақат ўзларига ваҳий қилинаётган Қуръон оятларига эргашишларини, яъни, одамларни нимага даъват қилаётган бўлсалар, қандай ақийда устида бўлишга, қандай амалларни қилишга чақираётган бўлсалар, ўзлари ҳам мукаммал тарзда ўша даъватларига амал қилишларини буюради. Демак, Дини Ислом фақат чиройли, таъсирли сўзлар сўзлашни эмас, балки ўша айтилган сўзга амал қилишини буюрадиган Диндир. Қуръони Азим Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи кишидан унинг ўзи ўша Йўлда одамларга пешқадам бўлишини талаб қилади. Хусусан, Ҳақ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказаётган Элчига ана ўша Илоҳий ваҳийга амал қилишда барчага улгу - ибрат бўлиш буюрилди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ўз элчилик вазифаларини қандай мукаммал тарзда адо этган бўлсалар, ўша ўзлари даъват қилган Буюк Дин аҳкомларига амал қилишда ҳам барча мусулмонлар учун ибрат бўлдиларки, Жаноби Ҳақ: “(Эй мўминлар), албатта сизлар учун Оллоҳнинг Элчисида гўзал намуна бордир”, деб у зотни шарафлади. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Шунингдек, Пайғамбар алайҳис-саломга то Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан Дини Ислом ғолиб бўлгунича даъват машаққатларига ва мушриклар етказаётган озор-азийятларга сабр қилиш, қанчалар қийин бўлмасин, зиммаларидаги элчилик вазифаларини адо қилиб, ҳокимларнинг энг Яхшиси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ҳукмини кутиш буюрилди. Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу ва саллам Яратганнинг Амрига итоат этдилар ва сабр қилишда барча инсонларга буюк ибрат бўлиб қолдилар. Оллоҳнинг Ҳукмига рози бўлиб, бало-мусибатларга сабр қилиб, охир-оқибатда Оллоҳ таоло ваъда қилган нусрат-ғалабага эришдилар. Аммо у ёруғ кунларга етгунларича мушрик-кофирлар томонидан не-не кулфатларга, озор-у азиятларга йўлиқмадилар! Ана ўша оғир кунлардан бири ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Масжидул-Ҳаромда эдик. У Зот намоз ўқиётган эдилар. Мушриклар ўша жойда бир туяни ўзларининг бутларига атаб қурбонлик қилишган ва унинг қорин, ичаклари қолган эди. Абу Жаҳл: “Қайси бирингиз мана бу нажосатни олиб бориб Муҳаммаднинг устига ташлай олади?” деган эди, Уқба ибн Абу Муайт ўрнидан турди-да, ҳалиги қоринни олиб бориб сажда қилаётган Пайғамбар алайҳис-саломнинг устларига ташлади. Бу ҳолни кўриб турган мушриклар кула-кула бир-бирларига суялиб қолдилар. Биз энди ўрнимиздан қўзғалганимизда Фотима розияллоҳу анҳо биздан олдин чопиб келиб оталари устидан уни олиб ташлади ва мушрикларни лаънатлади”. (Насоий ривояти).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Амри билан бу каби озорларга сабр-тоқат қилдилар ва асҳобларига ҳам сабр қилишни буюрдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ояти карима нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорий саҳобаларни йиғиб: “Сизлар мендан кейин айрим одамлар томонидан албатта худбинликларга дуч келасизлар. Бас, то Ҳавзи Кавсар устида мен билан учрашгунларингизча сабр қилинглар”, деб марҳамат қилдилар. (Буҳорий ривояти).
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Юнус сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase