close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

013. Раъд сураси

Бу сурайи карима қирқ уч оятдан иборат бўлиб, аксари уламолар унинг Маккайи мукаррамада нозил қилинганини айтадилар. Аммо айрим тафсир китобларида, жумладан, Тафсири Руҳул-маъонийда ушбу сура Мадинада нозил бўлгани айтилади. Бу сура бошлаб, Оллоҳтаолонинг борлиги ва бирлигига иймон келтириш масаласини ўртага ташлаб, сўнг қайта тирилиш ва ҳаёти дунёда қилиб ўтилган ҳар бир ёмон-яхши амал учун Қиёмат Кунида жазо-мукофот бўлиши ҳақида хабар қиладиган оятлар билан давом этади. Унда ҳақиқат билан ботил тўғрисида икки ибратли масал келтирилади. Уларнинг биринчисида жилғаларни тўлдириб оқиб келаётган ёмғир суви ҳақиқатга, сув устидаги кўпик эса ботилга ташбеҳ қилинса, иккинчисида, ҳар қандай ерости маъданлари ҳам эритилганида улардан соф қимматбаҳо маъдан билан бирга уларга аралашиб қолган оддий тошлар ҳам чиқиши айтилиб, соф маъдан ҳақиқатга, чиқиндилар эса ботилга ўхшатилади. Мана шунга ўхшаш ибратли мисолларни ўзига жо қилган бу сурада момақалдироқ ҳақида ҳам зикр қилиниб, ҳатто у ҳам Оллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, У Зотни поклаб туриши баён қилинадики, бу суранинг «Раъд - Момақалдироқ» деб номланишининг сабаби шудир.
Назаримизда, бу улуғ сура тўласича ҳам бир дахдтатли момақалдироққа ўхшайди. У момақалдироқ мўминларни ёмғирга - Оллохдинг рахдгатига умидвор қилса, кофирларни чақмоқ уришидан - Оллоҳнинг азобига дучор бўлишдан кўрқувга солади.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Мим, Ро. Ушбу (оятлар) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (ушбу Қуръон) Ҳақ (Каломуллоҳ)дир, лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.
Ушбу сурайи карима аввалида зикр қилинган Алиф, Лом, Мим, Ро ҳарфлари аксари муфассирлар наздида ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар саналади ва улар бу ҳарфларга маъно айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир, дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бордир. Масалан, имом Бағавий ўзининг “Маолимут-танзил” тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, “Алиф, Лом, Мим, Ро”нинг маъноси: “Аналлоху аъламу ва аро”, яъни, “Мен - Оллоҳ (сизлар қилаётган ҳар бир амални) билиб, кўриб турурман”, деганидир. “Танвирул-азҳон” ва “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобларида ҳам шундай тафсир ривоят қилинди.
“Ушбу (оятлар) Китоб (яъни, Қуръони Азим) оятларидир”.
Яъни, ўқий бошлаганингиз ушбу суранинг ҳар бир ояти барча китоблардан юксак Илоҳий Мўъжиза бўлмиш Китоб - Қуръони Азим оятларидир, Оллоҳтаолонинг Сўзидир, бу оятларга инсонлар тарафидан айтилган бирон сўз аралашган эмасдир.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (ушбу Қуръон) Ҳақ (Каломуллоҳ)дир”.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло Ўзининг пок ва юксак Сифатини Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятларига изофа қилиб: “Парвардигорингиз” дейиш билан у зотни шарафлайди, Қуръони Карим ернинг сўзи эмас, балки Парвардигор тарафидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга туширилганини тасдиқлайди ва бу Китобдаги ҳар бир сўз Комил Ҳақиқат эканлигини таъкидлайди.
Уламолар айтадилар: “Ушбу ояти каримада гарчи Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, сўз барча мўминларга тааллуқлидир. Зотан, Пайғамбар алайҳис-салом ушбу Китобдаги ҳар бир калима, ҳар бир оят Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Ҳақиқат эканига заррача шубҳа қилмас эдилар. Худди шунга ўхшаш, Расулуллоҳ соллоллоху алайхи ва салламга хитоб этилиб, у зотнингумматлари ирода қилин-ган оятлар бошқа сураларда ҳам келади. Масалан, Юнус сурасининг 94-оятида: “(Эй Муҳаммад алайхис-салом), агар Биз Сизга нозил қилган нарсадан (яъни, илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда Сиздан илгари нозил бўлган Китоб (яъни, Таврот)ни ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, Сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!” дейилади. Оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Йўқ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирон нафас шубҳага тушганлари йўқ ва ҳеч кимдан сўраганлари ҳам йўқ, балки: “Мен шубҳаланмайман ҳам, сўрамайман ҳам. Мен Қуръондаги ҳар бир калима Ҳақ эканига гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Қатода, Саид ибн Жубайр ва Ҳасан Басрий ривоят қилганлар).
Бас, ўрганаётганимиз сурайи кариманинг илк оятида Ҳақ таоло Ўз Элчисига хитоб қилиб, гўё шундай амр қилади: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Ҳақ Йўлга юрса, Унинг Кўрсатмаларига амал қилса, у инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади”.
Албатта биз ожиз бандалар: “Бу Илоҳий Хитобни эшитган барча одамлар Ҳақ таоло нозил қилган Ҳақ Каломни маҳкам ушлайдилар, унинг кўрсатмаларига амал қилишда бир-бирлари билан мусобақалашадилар”, деб ўйлаймиз, аммо ўтмиш ва келажакнинг Эгаси, барча нарсани Билгувчи Зот бизга яна бир Ҳақиқатни эслатади: “Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар”.
Шунда бирдан кўзларимиз очилади - биз яшаётган замонда ҳам одамзоднинг аксари қисми Қуръони Азимга иймон келтирмайдиган динсиз кимсалар эканини кўрамиз ва Ҳақ Каломда келган ҳар бир хабар Ҳақ эканига яна бир бор иймон келтирамиз.

2. Оллоҳ осмонларни сизлар кўрадиган бирон устунсиз кўтариб қўйган Зотдир. Сўнгра У Ўз Аршига истиво қилди. У Зот қуёш ва ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундирди. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар. (Оллоҳ ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур ва сизлар (Қиёмат Кунида) Парвардигорингизга рўбарў бўлишга аниқ ишонишларингиз учун Ўз оятларини муфассал баён қилур.
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Қуръон Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга нозил қилинган Ҳақ Калом эканини баён қилгач, ушбу ва қуйидаги оятларда Ўзининг - ана ўша Ҳақ Қуръонни нозил қилган Зотнинг Қудрати нақадар улуғлигини аниқ кўрсатиб турадиган осмонлар, Ер ва улардаги махлуқотлар ҳақида сўзлаб, уларга ибрат назари билан боқишни буюради. Буюк Арш Соҳиби аввало сўзни осмонлардан бошлайди ва етти қават Ернинг жуфти, бошқача айтганда томи бўлган осмонларни - чек-чегараси ҳали-ҳанузгача фанга номаълумлигича қолаётган етти қат осмонни одамлар кўрадиган бирон устунсиз мана шундай юксакларга кўтариб қўйганини, яъни, мана шу баланд осмонларни ва улардаги барча нарсаларни яратган Зот Ўзи эканини айтади. Демак, осмонлар ва улардаги катта-ю кичик, жонли ва жонсиз барча нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ, уларнинг ҳар бирини Ягона Оллоҳ яратди.
“Сўнгра У Ўз Аршига истиво қилди”.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У Зотнинг Ўз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарларни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини ОллоҳтаолонингЎзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳнинг илм мажлисида “(У Зот) Ўз Аршига истиво қилган Раҳмондир”, ояти ўқилган эди, бир кимса: “ОллоҳЎз Аршига қай ҳолатда ўрнашди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб, ўйга толди, ҳатто терлаб кетди. Анча вақт ўтгач, бошини кўтариб, ҳалиги сўраган кимсага қараб: “Ўрнашгани аниқ, бу хабарга иймон келтириш вожиб, аммо унинг қандай кайфият-суратда содир бўлганини билишдан ақлларимиз ожиз, у ҳақда сўраш (яъни, албатта кайфиятини билишим керак дейиш) бидъатдир. Менинг ўйимча, сен йўлдан озган кимсасан”, деди ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрди.
Ушбу жумланинг тафсири Бақара сурасининг, 29-ояти тафсирида батафсил баён қилинди.
Оллоҳ таолонинг Арши аълоси инсон тасаввури мутлақо қамраб ола билмайдиган даражада буюк экани ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилади: Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳу Оллоҳтаолонинг Курсиси ҳақида сўраганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтди-лар: “Эй Абу Зарр, етти қат осмон, етти қават Ер, шуларнинг ҳаммаси ёзилиб, текисланиб, бир-бирига уланган ҳолида Курси рўбарасига қўйилсалар - бепоён даштга ташланган бир эшикнинг ҳалқаси эгаллаган жойни эгаллайдилар, холос. Энди Аршнинг Курсига нисбатан буюклиги худди даштнинг ҳалқага нисбатан буюклиги кабидир”. Тасаввур қила оламизми? Албатта ожизлигимизни, илмимиз жуда озлигини, тасаввуримиз жуда чекланганлигини нечанчи марта эътироф этишдан ўзга чорамиз йўқдир.
“У Зот қуёш ва ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундирди. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар.”
Ушбу жумланинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир”. (Ёсин сураси, 38-оят).
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то “кун ва ой бирлашиб кетадиган” Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур”. (Ёсин сураси, 40-оят).
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича куёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
“(Оллоҳ ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур ва сизлар (Қиёмат Кунида) Парвардигорингизга рўбарў бўлишга аниқ ишонишларингиз учун Ўз оятларини муфассал баён қилур”.
Яъни, инсонларнинг Парвардигори - йўқдан бор қилган Яратгувчиси бўлмиш, уларга ҳаёт кечириш салоҳиятини бериб тарбия қилгувчи Эгаси бўлмиш Оллоҳ, осмонлар ва Ерни, яъни, бутун коинотни олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Аршида ўрнашган ҳолида дунё ва Охиратда Унинг Амри билан юз берадиган барча ишларни тадбир қилиб, юргазиб, оқибати қандай бўлишини кўриб-билиб турур.
Ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам, каттадир, кичиқцир, ҳар бир иш Ёлғиз Унинг тақдири ва тадбири билан бўлади. Бу ишда Унга ҳеч ким шериклик қила олмайди ва Унинг тадбирини ҳеч ким ўзгартира олмайди.
Мушрикларни ажаблантирган иш - инсонлар орасидан уларни Ҳақ Йўлга етакловчи элчилар, пайғамбарлар танлаш каби ишлар ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг тадбирларидандир.
Ояти карима сўнгида Ҳақ таоло осмонлар ва Арши аъло ҳақида, қуёш, ой каби буюк сайёралар ва уларнинг аниқ белгилаб кўйилган муддатгача, яъни, Қиёмат қойим бўлгунича ўз фалакларида жорий бўлиб, зиммаларига юклатилган вазифаларини адо қилаверишлари хусусида, шунингдек, коинотда рўй берадиган катта-ю кичик ҳар бир иш, воқеа-ҳодиса фақат Унинг тадбири билан бўлиши тўғрисида баён қилганининг боиси токи инсонлар мазкур оятлар, яъни, Яратганнинг Бор ва Бирлигига, Қудрат ва Ҳикматига аниқ далолат қилиб турган аломатлар ҳақида тафаккур қилиб, бепоён осмонлар ва буюк Аршни яратишга Қодир бўлган, қуёш ва ой каби буюк сайёраларни Ўз измига бўйсиндирган, барча ишларнинг тадбири Ўз Қўлида бўлган Зот, мазкур нарсалар олдида ўта кичик ва заиф бўлган инсонни ҳам йўқдан бор қилишга, сўнгра Ўзи белгилаб қўйган Қиёмат Кунида унинг тупроқ остида ётган жасадига қайтадан жон киритиб, барчаларини бир майдонга тўплаб, ҳисоб-китоб қилиб, ҳаёти дунёда иймон билан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўминларга жаннат мукофотини, кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлган кимсаларга эса дўзах азобини жазо қилиб беришга, албатта, Қодир эканини аниқ билишлари учун эканини айтади.

3. У Ерни ёйиқ қилиб қўйган ва унда ўрнашган тоғлар ҳамда дарёлар пайдо қилган Зотдир. У Ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт қилиб яратди. У кечани кундузга ўрар (яъни, кеча-кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Юқоридаги оятда осмонлар ва улардаги жисмлар ҳақида айтилгач, энди Ер ва ундаги ҳаёт тўғрисида сўз боради.
Ҳақ таоло аввало Ерни ёйиқ қилиб қўйганини эслатадики, назари ожизимизда мана шу жумланинг ўзи Ернинг юмалоқ шаклдаги сайёра эканига далолат қилади. Чунки Ерда яшайдиган ҳар бир инсон ўзи устида турган ернинг ёйиқ-текис шаклда эканини кўриб туради, бас, унга Оллоҳ таоло томонидан эй инсон, оёғинг остидаги ернинг ёйиқ-текислигига қара, уни Биз ёйиқ қилиб қўйдик, деб хитоб қилинар экан, бу сўзнинг маъноси - эй инсон, аслида думалоқ шаклда бўлган ва ўз ўқи атрофида тинмай айланиб турган, ўз фазосида тўхтамай айланиб юрган Ер аталмиш сайёрани Биз Ўз Қудрат ва Ҳикматимиз билан унда яшайдиган барча жонзот кўзида ёйиқ-текис қилиб қўйганимиз ҳақида ва қимирламаслиги учун тоғларни унга қозиқ қилиб қоқиб қўйганимиз ҳамда у тоғларнинг чўққиларида жамланадиган сув заҳираларини мунтазам оқиб турадиган дарёларга айланитириб Ернинг ҳар тарафларига оқизиб қўйганимиз ҳакида тафаккур қилгин, бизнинг нақадар Буюк Қудрат Соҳиби эканимизни билгин, дегани бўлади.
Ернинг думалоқ шаклда эканлигига бошқа оятларда ҳам ишора қилингандир: “У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар”. (Зумар сураси, 5-оятдан). Бу оятда зикр қилинган “юкавви-ру” калимаси думалоқ нарсани ўраш маъносини билдиради, масалан: "юкаввирул амомаҳ” - саллани ўрайди”, дейилгани каби. Демак, оят мазмуни: “Оллоҳтаоло думалоқ Ернингустини бир кеча - зулмат билан ўрайди, бир кундуз - ёруғлик билан ўрайди”, дегани бўлади. Мазкур калима думалоқ нарсани ўраш маъносини билдиришига “Иза-ш-шамсу куввирот” - Куёш ўралиб қолганида” ояти ҳам далолат қилади. (Таквир - Ўралиш сураси, 1-оят).
“У Ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт (яъни, эркак-урғочи) қилиб яратди. У кечани кундуз устига ўрар (яъни, кеча-кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”.
Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: куёшнинг жуфти ой, Ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти Охират... Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, Охират борлиги ҳам барҳақдир. Ёлғизлик фақат Оллоҳ таолога ярашур.
“У кечани кундузга ўрар”.
Ушбу жумлани Аъроф сурасидаги 54-оятнинг мана бу жумласи тафсир қилади: “У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”.
Яъни, Оллоҳ таоло тунни гўё бир кўрпа каби кундуз устига ёйиб, ҳеч нарса кўринмайдиган қилиб ўраб қўяр ва тонг отиши билан кундуз тун пардаси остидан чиқиб, тобора оқариб, ёришиб борар. Аммо маълум соатлар ўтгач, унинг ортидан қора пардасини кўтариб шошилган ҳолда кувиб юрган тун уни қувиб етар.
Барча нарсанинг, жумладан, тун ва куннинг ҳам Эгаси бўлмиш Зотнинг бу гўзал тасвири кеча ва кундуз яралганидан буён бир нафас бўлсин тўхтамаслиги ҳақида, ҳеч қачон бир-бирларидан ажралмаслиги, яъни, у иккисининг ўртасига бирон нарса кира олмаслиги ҳақида, худди макон-замин ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турганидек, замон-кеча ва кундуз ҳам бир-бирининг ортидан тинимсиз қувиб юриши ва ҳар бир инсон учун у дунёга келган лаҳзада бошланган бу ҳаракат то унинг Ер юзидаги кунлари ниҳоясига етгунича бир сония ҳам тинмаслиги ҳақида ҳикоя қилади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғониб, учиб ўтиб кетаётган умрини ғанимат билиб, ундан имкон борича фойдаланиб қолишга чақиради.
Ояти карима инсонларни тафаккур қилишга, Ер, тоғлар, дарёлар, ҳамма нарса жуфт қилиб яратилгани ҳақида теран тафаккур қилиб, бу нарсаларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини, албатта уларнинг Ягона Яратгувчиси борлигини ва У Зот тенгсиз Қудрат, Ҳикмат ва Билим Соҳиби эканини билишга чорлайди. Тафаккур - қалб нарсаларнинг ҳақиқий маъносини излашидир, суратни кўриб, сийратни англашга ҳаракат қилишдир.
“Танвирул-азҳон” китобида ушбу оят тафсирида тафаккурга оид гўзал ва мураккаб бир ташбеҳ келтирилибди: “Худди катта оламда Ер, тоғлар, булоқлар, денгизлар-у дарёлар ва ариқ-жилғалар бўлгани каби ҳар бири кичик бир олам саналмиш инсонда ҳам бу нарсалар мавжуддир: унинг жасади Ерга ўхшайди, баданини тик тутиб турган суяк-сўнгаклари эса тоғларга, илиги булоқларга, ичи денгизларга, ичаклари дарёларга, томирлари ариқларга, сочи ўт-ўланга, нафаси шамолга, сўзи момақалдироққа, йиғиси ёмғирга, шодлиги кундузнинг ёруғлигига, хафалиги туннинг зул-матига, уйқуси ўлимга ва уйғоқ-огоҳлиги ҳаётга ўхшайди”.

4. Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр ер)лар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган ҳамда ёлғиз-ёлғиз ўсган хурмозорлар бордирки, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Оллоҳнинг Қудратига далолат қи-ладиган очиқ) оят-ибратлар бордир.
Дарвоқеъ, оёғимиз остидаги Ерга ибрат назари билан боқайлик, ақл юритайлик. Нега бир ердан бир хил сув ичиб чиқаётган экинлар, меваларнинг суратлари - кўринишлари бу қадар хилма-хил, таъмлари - мазалари мутлақо бир-бирларига ўхшамайди - бири тотли, бири аччиқ, бири ширин, бири нордон... Демак, гап Ер билан сувда эмас, балки Еру сувни ҳам, тоғ ва дарёларни ҳам, қуёш ва ойни ҳам Эгаси бўлган Оллоҳ таолонинг Қудрат ва Хоҳишида, Еру осмондаги барча нарсани инсон зотига хизматкор қилиб қўйган Илоҳий Меҳрида, Марҳаматида экан.
Албатта бир хил ердан ва бир хил сувдан шаклу-ранги, таъми ва бўйи минг хил бўлган мевалар чиқаришга, ерни сув билан тирилтиришга Қодир бўлган Зот Ер остида ётган жонсиз жасадларга қайтадан жон киритишга ва уларнинг барча-барчасини бир жойга тўплаб ҳисоб-китоб қилишга ҳам Қодирдир.
Дарвоқеъ, ушбу ояти каримада гарчи сўз ер, сув ва бу иккисидан чиқа-диган турли мевалар ҳақида борса ҳам, уламоларнинг айтишларича, аслида сўз Оллоҳ таолонинг Қудрат Қўли билан мана шу Ердан яратилган Одам алайҳис-салом ва унинг пушти камаридан пайдо бўлган одамларнинг ранг-рўй ва феъл-атворлари минг турли экани ҳақидадир.
“Тафсири Табарий”да Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, ояти карима Одам алайҳис-саломнинг болалари ва уларнинг феъл-атворлари ҳақида - гарчи уларнинг оталари бир бўлса-да, мана шу бир отадан тарқаган фарзандлар худди бир хил ердан чиққан минг хил мева-лар каби яхши-ёмонга, пок-нопокка, мўмин-кофирга айланиб кетганлари, яъни, барчаларининг суратлари инсон бўлса-да, сийратлари хилма-хил эканлиги ҳақида ақл эгалари ибрат олишлари учун келтирилган бир Илоҳий зарбул-масалдир.
Албатта ақл юритадиган қавм Ер ва ундан чиқадиган нарсалар ҳақида тафаккур қилиш баробарида бир томчи сувни - нутфани жонли, ақлли инсонга айлантирган, бир хил сувдан минг хил одамларни чиқарган, сўнгра, Қиёмат Кунида барча махлуқотига қайтадан жон ато этиб, ҳисоб-китоб қиладиган Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига иймон келтирадилар ва Ёлғиз Унга ибодат қиладилар.

5. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз (бирон нарсадан) ажабланадиган бўлсангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): “Бизлар тупроқ бўлиб кетгач, яна янгитдан яратилар эканмизми?” деган гаплари жуда ажабланарлидир. Ана ўшалар (Яратган) Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) ана ўшаларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, агар Сиз мушрикларнинг қилаётган ишларидан - уларнинг ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бут-санамларга сиғиниб дуо-илтижо қилишларидан ёки Сизнинг ҳеч қачон ёлғон сўзламаганингизни жуда яхши билганлари, ҳатто ўзлари Сизнинг исмингизга “амин - ишончли, ростгўй” деган сифатни қўшиб “Муҳаммадамин” деб номлаганлари ҳолда Сиз ўзингизга нозил бўлган Қуръон оятларини уларга етказсангиз, Сизни ёлғончига чиқараётганларидан ажабланаётган бўлсангиз, у ҳолда мушрикларнинг ўзлари Ер-у осмонлардаги барча нарсани, жумладан уларнинг ўзларини ҳам яратган Зот Оллоҳ эканини эътироф этганлари ҳолда, Сиз уларга Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло барча инсонларни қайтадан тирилти-риши ҳақида хабар берсангиз, “бизлар тупроққа айланиб кетгач, яна янгитдан яратилар эканмизми?” деб қайта тирилишларини инкор этаётганлари янада ажабланарлидир. Ахир улар ўзларини ҳам, Ер-у осмонларни ҳам Ёлғиз Оллоҳ яратганини жуда яхши билар эдиларку?!”.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: “Оллоҳ”, дерлар. Бас, (Ўша Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!” (Зухруф сураси, 87-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?”, деб сўрасангиз, албатта: “Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган”, дерлар. (Аммо ўзлари бўлса, ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У Зотга шерик қилиб олиб, ўшаларга сиғинурлар)”. (Зухруф сураси, 9-оят).
Ахир йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот учун тупроқ остида ётган жонсиз жасадларга қайтадан жон ато этиш жуда осон иш эканини - мана шу ҳаммага аён ҳақиқатни у мушриклар билмайдиларми?!
“Ана ўшалар (яратган) Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир”.
Чунки ким Оллоҳ таолонинг қайта тирилтиришга Қодир эканини инкор қилса, у Оллоҳ таолонинг Ўзини инкор қилган кофирдир.
“(Қиёмат Кунида) ана ўшаларнинг бўйинларида кишанлар бўлур”.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Ўшанда (яъни, дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар (би-лан) қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар”. (Ғофир сураси, 71-72-оятлар).
“Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар”.
Уламолар: “Ушбу жумла фақат Яратганга ва Унинг Қиёмат Кунида жамийки халойиқни қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишига кофир бўлган кимсаларгина дўзахда мангу қолишига далилдир. Аммо мусулмонлар орасидаги оғир гуноҳлар қилган кишилар эса, агар Оллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини кечирмаса, қилмишларига яраша дўзах азобига гирифтор қилиниб, сўнгра у жойдан чиқариладилар”, дейдилар.
“Танвирул-азҳон” тафсирида: “Ояти каримада зикр қилинган кофирларнинг бўйинларидаги кишандан мурод, уларни асир қилиб олган ҳавойи нафсларидир. Ҳавойи нафс бу дунёдаги маънавий кишан бўлиб, ўзи кўзга кўринмаган ҳолда динсиз кимсани кўл-оёғини маҳкам боғлаб оладида, у фақат нафси хоҳлаган ишни қиладиган бир қулга айланиб қолади. Шу тариқа дунёдан ўтгач, ҳамма сирлар ошкор бўладиган Охират диёрида унинг бўйнидаги маънавий кишан ҳақиқий кишанга айланади ва кофирнинг бўйнига маҳкам ўралганича уни дўзахга судраб кетади”, дейилади ва бир ибратли мисол келтирилади: “Ҳикоя қилинишича, осий-гумроҳлардан бири ўлганида унинг учун қабр кавлаган эдилар, у жойда катта бир илон ётганини кўрдилар, сўнгра бошқа жойдан кавласалар, у қабрда ҳам ўша илон ётган экан. Бас, улар Оллоҳ таолонинг жазосидан ҳеч ким қочиб кутула олмаслигини англадилар ва ҳалиги осий кимсани ўша қабрга дафн қилдилар. Бу илон унинг амали эди”.

6. Улар Сиздан яхшилик - Оллоҳнинг Раҳматидан аввал ёмонлик - Оллоҳнинг азобини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай (кофирликлари сабабли Оллоҳнинг азобига дучор бўлганларнинг) мисоллари ўтгандир. Албатта Парвардигорингиз одамлар зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам Мағфират Эгасидир. Албатта Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир.
Бу оят - Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхаралаб: “Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Тангрингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин” деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни, азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
Мушриклар қачон Пайғамбар алайҳис-салом уларни кофирлар бошига тушадиган дунё ва Охират азоби ҳақида огоҳлантирсалар, у зотни масхара қилишиб Оллоҳ таолодан яхшиликлар сўраш ўрнига бошларига балолар ёғдиришини сўрашлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Яна уларнинг: “Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин”, деганларини эсланг!” (Анфол сураси, 32-оят).
Мана бу оятларда ҳам Оллоҳ таолодан Ҳидоят ўрнига азоб сўрагувчи кимсалар ҳақида айтилади: “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томонидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради.” (Маориж сураси, 13оят).
“Маолимут-танзил” ва “Дуррул-мансур” тафсирларида Ибн Аббос ро-зияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўтган асрлардаги умматлар ҳақида нозил бўлган оятларни тиловат қилиб етказганларида, Макка мушрикларининг катталаридан Назр ибн Ҳорис: “Агар хоҳласам, шунга ўхшаган гапларни мен ҳам айта оламан. Булар ҳаммаси аввалгилар ёзиб кетган афсоналар”, деди. Шунда Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу: “Оллоҳдан қўрққин, Муҳаммад алай-ҳис-салом фақат ҳақ сўзни айтадилар”, деган эди, Назр: “Мен ҳам рост сўзни айтаяпман”, деди. Усмон: “Муҳаммад алайҳис-салом: “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бор”, дейдилар”, деганида, Назр: “Мен ҳам: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейман, мана бут-санамларимиз эса, Оллоҳнинг қизларидир”, деди, сўнгра қўшимча қилди: “Эй Худо, агар мана шу Муҳаммад айтаётган сўзлар афсона эмас, ҳақиқат бўлса, у ҳолда бизларнинг устимизга ҳам Лутнинг қавми устига ёғдирганинг каби тош ёғдиргин ёки ўтганларнингустига юборганинг бошқа бирон аламли азоб-ни келтиргин”, деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.
Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бу сўзларни Абу Жаҳл айтган.
Мана шу сўзларининг ўзидан Назр, Абу Жаҳл ва бошқа мушрикларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ Йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: “Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг дарго-ҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам Қуръон Йўлига ҳидоят қилгин”, деган бўлар эдилар.
Оллоҳ таоло бандаларнинг қилган гуноҳлари учун дарҳол жазоламаслиги тўғрисида бошқа сураларда шундай хабар берилади: “Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан (дарҳол) жазолаганида, (Ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”. (Фотир сураси, 45-оят). “Парвардигорингиз Мағфиратли, меҳр-шафқат Соҳибидир. Агар У Зот (одамларни) қилган (гуноҳ)лари билан ушлаганида, албатта уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Оллоҳ даргоҳидан) ўзга бирон паноҳтопа олмаслар”. (Каҳф сураси, 58-оят).
Ибн Абу Хотам Саид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, қачонки ушбу ояти каримадаги “Албатта Парвардигорингиз одамлар зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам Мағфират Эгасидир. Албатта Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир”, жумлалари нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Оллоҳнинг афви, Раҳмати ва Мағфирати бўлмаганида, бирон кимсага бахтли яшаш насиб этмаган бўлар эди, агар Унинг азоб ҳақидаги огоҳлантиришлари бўлмаганида, барча инсонлар (Оллоҳ кечириб юбораверади, деб яхши амал қилмасдан) ётиб олган бўлар эдилар”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “Албатта Парвардигорингиз одамлар зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам Мағфират эгасидир”, жумласини ўқиб: “Қуръондаги бирон оят ушбу оятдан умид-бахшроқ эмасдир”, дейди.

7. Кофир бўлган кимсалар: “Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди”, дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу Сизнинг қўлингиздаги иш эмас, чунки) Сиз фақат (кофирларни Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун бир ҳидоят қилгувчи - (Оллоҳ Йўлига) етакловчи бордир.
Ояти каримада зикр қилинган “кофир бўлган кимсалар”дан мурод юқоридаги оятларда айтиб ўтилган ўша - Қиёмат Кунида жамийки махлуқот қайта тирилишини инкор қиладиган ва Оллоҳдан бошларига Ўзининг Раҳматини эмас, бало-азобини ёғдиришини сўрайдиган кимсалардир. Демак, ушбу оят “Улар” деб бошланганида ҳам кимлар назарда тутилгани тушунарли бўлаверар эди. Лекин Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга берилган энг Буюк Илоҳий Мўъжиза бўлмиш Қуръон оятларини мўъжизага санамасдан: “Муҳаммадга Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди”, дейдиганларнинг ҳақиқий кофир, яъни, очиқ ҳақиқатни инкор қиладиган кимсалар эканини таъкидлаш учун уларнинг кофир эканликларини очиқ лафз билан айтди.
Шунингдек, кофирларнинг айтган сўзларини “дедилар” дейиш ўрнига “дейдилар” деб келгуси замон феъли билан келтирилиши ҳам беҳикмат бўлмай, ўша Макка мушриклари айтган сўзларни ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам айтишларига ишорадир.
Мушриклар ўзларича: “Қуръон қандай мўъжиза бўлсин? У ҳам бошқа китобларга ўхшаган бир китобда. Қани энди Муҳаммад ҳам Мусога ўхшаб қўлидаги асо билан дарёни тўхтатиб, ўртасидан йўл очиб берса эди ёки асосини аждарҳога айлантира олса эди, ёхуд Ийсога ўхшаб ўликни силаб тирилтириб юборса эди, мўъжиза кўрсатган бўлар эди”, дер эдилар. Эҳтимол улар бу сўзларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони Азимдан бошқа яна бир қанча мўъжизалар берилишидан илгари айтгандирлар. Чунки Пайғамбар алайҳис-саломнинг дуолари билан осмондаги тўлин ой ўртасидан иккига бўлинганига Макка мушриклари, ҳатто ўша соатда олис сафарда юрган бошқа кишилар ҳам гувоҳ бўлганлари; Расулуллоҳустида туриб хутба айтадиган хурмо дарахтининг қуриган танаси, ундан тушиб янги минбар устида сўзлай бошлаганларида инграб йиғлагани; саҳобаларнинг олис сафарда ташналикдан силласи қуриб қолганида у зотнинг бармоқлари орасидан сув булоқ бўлиб чиқиб, ҳаммалари, ҳатто от-уловлари ҳам у сувдан ичиб ташналикларини қондирганлари, супрадаги озгина егуликка қўлларини теккизганларида у таомга барака кириб, жуда кўп саноқли лашкарларининг ҳаммаси тўйиб, яна захира қилиб ғамлаб ҳам олганлари... каби кўрган-эшитган кишини лолу хайрон қолдирадиган Илоҳий мўъжизалар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам томонларидан содир этилганига тарих гувоҳдир.
Аммо бошқа ҳеч қайси пайғамбарга берилмаган, фақат Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга ато этилган энг Буюк Илоҳий Мўъжиза шак-шубҳасиз, Қуръони Каримдир.
Сеҳргарлик жуда авж олган Мусо алайҳис-саломнинг замонида у зотга барча сеҳрларни йўққа чиқарадиган асо каби мўъжизалар берилди ва Мусо ана ўша мўъжизалари билан ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига қавмини ишонтирди ва уларни Ҳақ Йўлга бошлади Табобат ўта ривожланган бир замонда Ийсо алайҳис-салом кўр кўзларни очиш, ҳатто ўликни тирилтириш каби ҳеч қандай табибнинг қўлидан келмайдиган мўъжизалари билан ўзининг ҳақ пайғамбар эканига қавмини ишонтирди ва уларни Ҳақ Йўлга даъват қилди. Энди сўз санъати, фасоҳат ва балоғат илми мисли кўрилмаган чўққиларга кўтарилган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам замонларида эса у зотга ҳеч ким айта олмайдиган Сўз - Қуръон нозил бўлди ва қавмларини ана ўша ҳар бир ояти бир буюк мўъжиза бўлган Қуръон кўрсатган Ҳақ Йўлга чақирдилар. Бас, мушрик араблар - Қуръон оятларини эшитган вақтларида “Бу башар сўзи эмас”, дея этироф қилишга мажбур бўлган араблар - ана ўша Мўъжизани Каломуллоҳ деб, уни келтирган Элчини Расулуллоҳ деб иймон келтирмас эканлар, бошқа ҳар қандай мўъжизага ҳам ишонмасликлари аниқдир. Шунинг учун ҳам Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўз Элчисига гўё: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳар бир қавмнинг ўз етакчиси бўлади, Мусо ва Ийсо алайҳимас-салом каби илгари ўтган элчи-пайғамбарлар ўзларининг замонларидаги қавмларининг етакчилари эди, Сиз эса ўз замонингиз ва то Қиёмат келадиган барча замонлардаги инсонларни Тўғри Йўлга етакловчи Пайғамбардирсиз, бас, Сизнинг вазифангиз мушрик-кофирлар кандай мўъжизаларни талаб қилсалар ўша мўъжизани кўрсатиш эмас, балки Сиз фақат (мўминларга жаннат хушхабарини етказувчи, кофирларни эса Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз”, деб амр қилди.

8. Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам Ёлғиз Оллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
Сура аввалида келган оятларда Ҳақ таоло осмонлар ва улардаги барча жисмларни ҳамда Ер ва унинг бўлакларини, тоғу тош ва дарёларни, экин-зор ва боғ-роғларни Унинг Ўзи йўқдан бор қилиб яратгани, Ўзи уларнинг хдр бирини тасарруф қилиб туриши ҳақида хабар бергач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда ҳар бири олам ичра алоҳида олам бўлган инсон ҳақида сўзлаб, Ўзининг ҳар бир она бачадонида пайдо бўлган ҳомилани ҳам билишини,унинг қандай пайдо бўлганини, қандай ривожланишини, она қорнида қанча муддат туришини - ўлик ёки чала, ногирон ҳолда дунёга келадими ёки ўз вақтида, соғлом ва бенуқсон ҳолда туғиладими ёхуд ҳомила муддати чўзилиб кетадими, у ўғилми-қизми, ёлғизми-эгизакми, умри узунми-қисқами, чиройлими-хунукми, ҳатто бахтли, яъни, жаннатими ёки бахтсиз, яъни, дўзахими эканигача барча-барчасини жуда яхши билишини айтади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Оллоҳ сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) Ердан - тупроқдан пайдо қилган пайти-даноқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтин-гизданоқ жуда яхши Билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши Билгувчидир.” (Ван-нажм сураси, 32-оят).
“(Оллоҳ оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Би-рон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Оллоҳгина Билгувчи ва Огоҳдир”. (Луқмон сураси, 34-оят).
“У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!” (Зумар сураси, 6-оят).
Она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса, унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир.
Ҳомиланинг она бачадонидаги ривожланиш жараёнини - тиббиёт фанида ҳали ҳанузгача аниқ маълум бўлмаган бу жараённи ўн тўрт аср муқаддам муфассал баён қилиб берган Қуръони Азим дарҳақиқат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир
У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
Яъни, борлиқдаги жонли-жонсиз барча нарса ҳар бир махлуқ Оллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги Лавҳул-махфузда унинг тақдирига нимани ёзган бўлса ўша аниқ ўлчаб - белгилаб қўйилган умрни кўради, уни бирор лаҳзага бўлсин узайтира ёки қисқартира олмайди. Чунки Ҳақ таоло: “Албатта Биз ҳар бир нарсани аниқ тақдир - ўлчов билан яратдик”, (Қамар сураси, 49-оят) деб ҳукм қилган.

9. У ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкора нарсаларнинг ҳаммасини) Билгувчи, Буюк ва Юксак Зотдир.
Яъни, Оллоҳ таоло бандалар кўзидан ғойиб бўлган махфий нарсаларни ҳам, улар кўрадиган ошкор нарсаларни ҳам Билгувчи Зотдир. Бас, Унинг Илмидан бирон нарса ғойиб бўла - яширина олмас.
Уламолардан бири айтади: “Қуръоннинг қаерида Оллоҳтаоло ғойибни билиши ҳақида айтилган бўлса, сўз биз бандаларга ғойиб бўлган нарсалар ҳақида кетаётган бўлади, чунки Оллоҳ таоло учун ғойиб - яширин нарсанингўзи йўқдир. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Яна айтилдики, “Ояти каримадаги ғайбу шаҳодатдан мурод, инсонлар кўзига кўринмайдиган яширин ва улар гувоҳ бўла оладиган - кўз кўра оладиган нарсалар эмас, балки жамийки йўқ ва бор нарсалар, яъни, аввал бўлган-у, сўнгра йўқ бўлиб кетган ёки ҳали дунёга келмагани учун ҳозирда йўқ бўлган нарсалар ва ҳозир борлиқда мавжуд бўлган нарсалар ирода қилингандир. Чунки Оллоҳ таоло ҳозирни билгани каби ўтмиш ва келажакни ҳам Билгувчи зотдир”. (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр”дан).
У барча мавжудотни Ўз Илми билан иҳота қилиб олган тенгсиз Буюк, Ўз Қудрати ва бошқа Сифатлари билан барча нарсадан Юксак, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб тургувчи Зотдир. Шунинг учун ҳам -

10. Сизларнинг орангиздаги сўз яширган (яъни, уни ичида сир қилиб сақлаган) киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронгусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (У Зот учун) баробардир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга Ўзининг ғайбу шаҳодатни Билгувчи эканини шарҳлаб Ёлғиз УнингЎзига хос бўлган, бошқа ҳеч кимда топилиши мумкин бўлмаган бир Сифатини баён қилади - У тенгсиз Юксак ва Буюк Зот ўтмиш ва келажакни ҳам худди ҳозирни билгани каби билиб турганидек, инсонлар сўзларини яширадиларми, ўзларини яширадиларми, уларнинг ўзларигагина маълум бўлган бу сирлари Оллоҳ таоло учун худди уларнинг ошкора айтадиган сўзлари ва бошқалар гувоҳлигида қиладиган ишлари каби аниқ маълумдир. Яъни, У Зотдан ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч нарсани яшира олмайди.
Ушбу ояти карима мазмунини янада кенгроқ ва терангроқ англашимиз учун “Қуръоннинг энг гўзал тафсири Қуръоннинг ўзидир”, деган сўзга амал қилиб, мана бу оятларга мурожаат қиламиз: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қандай иш билан (машғул) бўлманг ва у (иш) ҳақида Куръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша (ишлар)га киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда Гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичиқроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуд бўлур. (Юнус сураси, 61-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллол-лоҳу алайҳи ва салламга, сўнгра у зотнинг умматларига хитоб қилиб, уларнинг каттами, кичикми, яхшими-ёмонми барча амалларига Унинг Ўзи Гувоҳ экани ҳақида, шунингдек, осмонлар ва Ердаги - жамийки коинотдаги ҳар бир мавжудот, у бир зарра вазничалик бўладими ёки ундан ҳам кичикроқми ё каттароқми, барча-барчаси У Зотга аниқ маълум экани, Унинг тақдир Китоби Лавхул-Маҳфузда ёзиб қўйилгани ҳақида хабар беради.
Оллоҳ таолонинг коинотдаги жонли-жонсиз барча нарсадан Хабардор эканига далолат қилгувчи оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни Ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир”. (Анъом сураси, 59-оят).
Ояти каримадаги “Мафотиҳ” калимасининг икки маъноси бўлиб, бири хазиналар, иккинчи маъно калитлар - очқичлар деганидир.
Ушбу ояти карима ғайб оламига иймон келтириш вожиб эканига ва ҳар иш Оллоҳ таолонинг тақдири - ўлчови билан бўлишига, жамийки нарса Оллоҳ таоло ҳузуридаги - Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ва ўзгартира олмайдиган Лавҳул-Маҳфузда битиб қўйилганига аниқ ишониш вожиб эканига далилдир.
Бухорий Ўз “Саҳиҳи”да ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ғайбнинг (яъни, инсон ақл-идрокидан ташқари оламнинг) очқичлари бештадир. Уларни Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди: Бачадонлардаги нарсани (ҳомила пайдо бўлдими-йўқми эканини) Ёлғиз Оллоҳ билур, эртага нима бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, қачон ёмғир келишини Ёлғиз Оллоҳ билур, ҳар бир жоннинг қаерда ўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, Қиёмат қачон бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур”.
“Айтинг: “Осмонлар ва Ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Оллоҳгина (билур)”. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар”. (Намл сураси, 65-оят).
Мана бу ояти карима ҳам мазкур мазмунни таъкидлайди: “(У Зот) ғайбни Билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас.” (Жин сураси, 26-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло диллардаги сирларни, ошкор ва яширин барча нарсаларни Билгувчидир: “Албатта Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Намл сураси, 74-75-оятлар). “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.” (Ғофир сураси, 19-оят).
Ушбу оятларнинг мазмуни ҳақида тафаккур қилган киши Оллоҳ таолонинг Илми бениҳоя кенг ва теран эканини, У ҳамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи эканини англайди ва ўзининг қиладиган жамийки амаллари Яратганга маълум эканига яна бир бор аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳатто заррачалик, балки унданда кичикроқ бўлган нарсалар ҳам Оллоҳ таолога аниқ маълум эканини билган мўмин албатта ҳаётининг ҳар бир нафасида - танҳо ҳолида ҳам, одамлар орасида ҳам қўлидан келганича яхши амаллар қилишга, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча ҳаракатларимизни кузатиб, ҳар бир амалимизни билиб, ҳатто дилларимиздаги сирларимиздан ҳам хабардор бўлиб турганини англаб етганимизда, албатта кўнгилга шундай бир ҳайбат-қўрқув тушади - Пок Парвардигор, агар Ўзинг айбларимиз устига парда ёпмасанг, кечириб юбормасанг, биз осий қулларингни Ўз Раҳматингдан насибадор қилмасанг, ҳолимизга вой! Чунки қилган амалларимиз жуда нуқсонли ва ўта оздир, хато ва гуноҳларимиз эса жуда катта ва бениҳоя кўпдир. Парвардигоро, Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин, ҳаётимизни Сен яхши кўрадиган солиҳ амалларга тўлдириб яшашга муваффақ қилгин.
Ояти каримани англашдан ҳосил бўлган бу баҳра, бу таассурот киши-ни иймон-итоатга чорлайди, куфр ва маъсиятдан қайтаради.
“Тафсири Мунийр”да ибратли бир мисол келтирилибди: Агар бировга мана бу ойнайи жахон сенинг яширин ва ошкора қилган ҳар бир иш-амалингни, хатти-ҳаракатингни суратга тортиб олиб, ёзилганларни давлат рахбарига кўрсатади ва у ҳар бир яхши ишинг учун мукофот, ёмон ишинг учун жазо беради, дейилса, у кимса зиммасидаги вазифасини бажарадими ёки бажармайдими? Ўзига, оиласига, қўни-қўшниларига ва жамиятга яхшилик қиладими ёки ёмонликми? Албатта бу саволларнинг жавоби маълумдир. Энди қилган ҳар бир ишини Ернинг кичик бир қисмидаги муваққат подшоҳ эмас, балки Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлмиш Азалий ва Абадий Подшоҳ кўриб-кузатиб турганини билган инсончи, Эртага Қиёмат Кунида ана ўша Ҳақ Подшоҳ қилган ҳар бир яхши амали учун мукофот, ёмон ишлари учун жазо бериши аниқ эканига иймон келтирган инсон-чи? Албатта иймонли кишилар бутун ҳаётлари давомида уларни Энг Улуғ Гувоҳ кўриб-кузатиб турганини аниқ ҳис қилиб яшашлари керак, Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китобдан олдин ўзларини ўзлари ҳисоб-китоб қилиб, қўлларидан келганича яхши амалларини кўпайтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Ўрганаётганимиз ояти карима инсонларни ана шундай мустаҳкам иймон эгалари бўлишга даъват қилади.
Умар Баноний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қабристонда бир обидни кўрдим. Унинг ўнг қўлида оқ тошлар, чап кўлида эса қора тошлар бор эди. Ундан: “Эй обид, бу ерда нима қиляпсан”, деб сўраган эдим, у: “Қачон қалбим қотиб қолса, қабристонга келаман ва унда ётган одамларнинг аҳволини ўйлаб ибрат оламан”, деди. “Қўлингдаги тошлар қандай тошлар”, деб сўрадим. У айтди: “Қачон бирон яхши амал қилсам, ўнг қўлимдаги оқ тошлардан биттасини чап қўлимдаги қора тошларга кўшиб кўяман, бирон ёмон иш қиладиган бўлсам, қора тошлардан биттасини оқ тошларга қўшиб қўяман ва ҳар кеча қарайман, яхшиликларим ёмонликларимдан кўпроқ бўлса, оғзимни очаман - ифтор қиламан ва тунги ибодатимга машғул бўламан, аммо агар ёмонликларим яхшиликларимдан кўпроқ бўлса, ўша кеча емайман ҳам, ичмайман ҳам. Менинг ҳолим шу, омон бўлгин”. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

11. (Ҳар бир инсон)нинг олдида ва ортида навбатма-навбат таъқиб қилгувчи (фаришта)лар Оллоҳнинг Амри билан уни ҳифзу ҳимоя қилиб турурлар. Аниқки, то қавм - одамлар ўзларини ўзгартирмагунларича Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Оллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга волий - ҳоким йўқдир.
Ояти карима аввалида зикр қилинган фаришталарнинг ўз вазифалари бўлиб ҳар бир инсон учун Ҳақ таоло томонидан муайян фаришталар доимий қўриқчи қилиб қўйилгандир. Туну кун навбатма-навбат келиб инсон атрофида у билан бирга бўлгувчи мазкур фаришталар саноғи доимий равишда тўртта бўлиб, улардан иккитаси ояти каримада баён қилинганидек ҳар бир инсоннинг олди ва ортида юриб, уни кечаси-ю кундузи турли бало қазолардан муҳофаза қилиб турадилар.
Яна икки фаришта эса, инсоннинг ўнг ва чап томонида бўлиб, унинг қилган ҳар бир амалини ёзиб турадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа оятларда хабар берган: “Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”. (Қоф сураси, 17-18-оятлар).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси шарифда эса бундай дейилади: “Сизларга тунги фаришталар ва кундузги фаришталар навбатма-навбат келиб турурлар. Улар субҳ - бомдод намози пайтида ва аср намози пайтида навбат алмашадилар. Бас, тунни сизларнинг ёнингизда ўтказган фаришталар Оллоҳ таоло ҳузурига кўтарилганларида, У Зот гарчи сизларнинг аҳволингизни жуда яхши Билгувчи бўлса-да, улардан: “Бандаларимни қандай ҳолда тарк этдингизлар?” деб сўрайди. Шунда фаришталар: “Биз уларнинг олдига борган вақтимизда ҳам улар намоз ўқиётган эдилар, биз уларни тарк этиб келаётганимизда ҳам улар намоз ўқиётган эдилар”, деб гувоҳлик берадилар”.
Бошқа бир ҳадисда: “Албатта, сизлар билан бирга ҳеч қачон сизлардан ажрамайдиган зотлар бордир. Сизлар ҳожатга кирган ва аёлларингиз билан қўшилган вақтдан бошқа вақтда улар сизлар билан биргадирлар. Бас, улардан уялинглар ва уларни ҳурмат қилинглар”, дейилади.
Мужоҳид айтади: Ҳар бир банда учун вакил қилинган фаришта бўлиб, уни уйқусида ҳам, уйғоқлик пайтида ҳам инсу-жиндан ва бошқа зарарку-нанда ҳашоратлардан ҳимоя қилиб туради. Бас, улардан неки унга тегаман деб келса, кўриқчи фаришта: “Орқангга қайт”, деб қайтаради, фақат Оллоҳнинг Изни Иродаси билан келган нарсагина у бандага етади.
Умар ибн Абу Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У айтди: “Биз Сиффийн жангида Саид ибн Қайснинг олдида ўтирган эдик, ғира-шира қоронғу туша бошлаган пайтда асосига суянганича Алий розияллоҳу анҳу келиб қолди. Бас, Саид: “Бундай пайтда ёлғиз юрибсиз, бирон кимса Сизга хоинона ҳамла қилиб қолишидан қўрқмайсизми?” деган эди, Алий розияллоҳу анҳу шундай жавоб қилди: “Ҳар бир кишининг ёнида Оллоҳ таоло томонидан юборилган қўриқчи фаришталар бордир. Улар уни бирон чуқурга тушиб кетишдан ё тоғ чўққисидан қулашдан ёки унга бирон тош тегишидан ёхуд унга бирон жонзот мусибат етгазишидан ҳимоя қилиб турадилар. Фақат, қачонки Оллоҳ таолонинг ёзган тақдири келса, улар бандани такдир билан холи қўядилар, (яъни, Оллоҳ банданинг пешонасига ёзиб қўйган тақдири азалдан уни ҳеч ким ҳимоя қила олмайди)”. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда ҳам: "Фаришталар ҳар бир банданинг олди ва ортида туриб ҳимоя қиладилар, аммо қачон Оллоҳнинг қадари келганида уни холи қўядилар”, дейилади.
Ўрганаётганимиз ояти каримадаги “яҳфазувнаху мин амриллаҳ” жумласини муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчиси, биз ўгирганимиздек “улар (яъни, фаришталар) Оллоҳнинг Амри билан уни ҳифзу-ҳимоя қилиб турурлар”, маъносига асосланган тафсирдир.
Иккинчи тафсир эса, “(фаришталар) уни Оллоҳнинг Буйруғидан ҳимоя қилиб турурлар” маъносига асосланган бўлиб, бу тафсирга кўра жумла мазмуни фаришталар банда гуноҳ қилган вақтида унинг тавба қилишидан умидвор бўлишиб Оллоҳтаолога илтижо қилишади ва бандасининг бошига ўз буйруғини, яъни, бандасининг қилган гуноҳига яраша жазо бўладиган балони юбормай туришини, унга тавба қилиши учун муҳлат беришини сўрашади, дегани бўлади. (“Танвирул-азҳон” ва “Тафсири Мунийр” тафсирлари).
“Аниқки, то қавм - одамлар ўзларини ўзгартирмагунларича Оллоҳ у қавмнинг аҳволини ўзгартирмас”.
Яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари Ҳақ Йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳис-саломнинг ушбу ҳадислари юқо-ридаги оятга ҳамоҳангдир: “Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга шундай ҳоким келур”.
Исломий тарихга ибрат назари билан боқсак, Ҳақ таолонинг Сўзи нақадар Ҳақ Сўз эканига яна бир бор иймон келтирамиз. Дарвоқеъ, уммати Исломийя ўзининг буюк кудратидан, файзу баракотидан, билим-маърифатидан, сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам, ижтимоий соҳада ҳам бошқалардан неча ҳисса устун ва юксаклигидан нима сабабдан маҳрум бўлди?! Нима сабабдан мусулмонлар инсоният тарихидаги энг илғор, энг мада-ниятли ва юксак мартабали қавм бўлганлари ҳолда кейинги асрларда ўзгаларга оёқ ости бўлган фақир ва ҳақир қавмга айланиб қолдилар?! Ўзларини ўзгартирганлари учун эмасми?! Қуръон ҳукмига амал қилмай қўй-ганлари, динларини маҳкам ушламаганлари, Пайғамбарларининг суннатини тарк этганлари учун эмасми?! Ғайридинларга тақлид қилганлари, ўрталаридаги бирдамлик йўқолгани, ахлоқлари бузилгани, Оллоҳ ва Расули ҳаром қилган гуноҳ-жиноятлардан жирканмай қўйганлари учун эмасми?! Албатта, бу оғриқли саволларнинг жавоби ҳар бир ақли расо инсонга аниқдир. Демак, мусулмонлар бу аянчли аҳволдан халос бўлишлари ҳам фақат ўзларини ўзгартиришлари, Қуръон ва Ҳадис кўрсатмаларига амал қилишлари, бир сўз билан айтганда, Оллоҳдан қўрқадиган чин мусулмон бўлишлари билан рўёбга чиқади, иншооллоҳ. “Бу Ер шак-шубҳасиз, Оллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа тақводор (яъни, Оллоҳдан қўрқадиган киши)ларники бўлур”. (Аъроф сураси, 128-оятдан).
Ушбу Илоҳий жумлани тўлароқ англашимиз учун билишимиз зарурки жумла мазмуни гуноҳ ишлардан сақланиб юрган одамларнинг бошига ҳеч қачон бало-мусибат тушмайди, дегани эмасдир. Чунки гоҳо бировларнинг устига бошқалар қилган гуноҳлар сабабли ҳам балолар тушади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Орамизда солиҳ кишилар бўлган ҳолда ҳам бошимизга бало тушиб ҳалок бўлиб кетишимиз мумкинми?” деб сўралганида, у зоти бобаракот: “Ҳа, агар қавмда нопоклик - бузуқликлар кўпайиб кетса”, деб жавоб қилдилар. Демак, қавмдаги айрим кимсаларнинг қилган жиноятлари сабабли бутун қавм жазоланиши ҳам мумкин экан. Бу ҳақда бир ояти каримада Ҳақ таоло шундай огоҳлантирган: “...Хдмда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир”. (Анфол сураси, 25-оят).
Ушбу ояти карима тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Оллоҳ азза ва жалла мўминларга ўрталарида мункар гуноҳ ишлар ёйилишига йўл қўймасликни буюриб, акс ҳолда Оллоҳ таоло бало - азобни золимга ҳам, золим бўлмаган кишиларга ҳам умумий қилиб туширишини айтиб огоҳлантирди”, дейди.
Ояти карима тафсирида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Аҳмад, Таҳовий, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Бағавий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ айрим одамлар сабабли оммани азобламайди. То қачонки одамлар кўз ўнгларида гуноҳ ишлар содир бўлаётганини кўриб туриб, у гуноҳдан қайтаришга қодир бўлиб туриб, қайтармасалар, ана ўшанда Оллоҳ ўша гуноҳни содир этган кимсаларни ҳам, уни инкор қилмасдан томошабин бўлиб турган оммани ҳам азоблайди”, дедилар. (Тафсири Бағавийдан).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло белгилаб қўйган чегараларга жиддий қарамасдан бепарво бўладиган ва у чегараларни бузадиган кимсаларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар кемага миниб, жойларини бўлиб олишган - баъзиларига кеманинг остки қисми теккан, баъзилари эса устки қисмини эгаллаганлар. Пастдагилар дарёдан сув олмоқчи бўлсалар, устки қисмга чиқиб, юқоридагиларни безовта қилиб кема четига бориб сув олар эдилар. Шунинг учун пастдагилардан бири қўлига болта олиб, кема остини чўқий бошлади. Буни кўрган устки қаватдагилар: “Нима қиляпсан”, деб сўрашганида, у жавоб қилди: “Мени деб сизлар ҳам қийналиб кетдинглар, менга эса сув керак. Шунинг учун сизларнинг оромингизни бузмай деб, ўзимга тегишли жойни тешиб сув олмоқчиман”. Мана шунда юқоридагилар, яъни, уламолар унинг, яъни, илмсиз кишининг қўлидан ушлаб тўхтатсалар, уни ҳам, ўзларини ҳам қутқарган бўладилар, агар билганингни қил, деб уни ўз ҳолига қўядиган бўлсалар, уни ҳам, ўзларини ҳам ҳалок қилган бўладилар - кема чўкиб кетади!”
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Энг афзал жиҳод - яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдир”.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар ёки, (яъни, агар шу ишни қилмасангизлар), ОллоҳЎз ҳузу-ридан сизларга азоб юбориши аниқдир. Сўнгра сизлар Унга дуо илтижолар қилаверасизлар, аммо У дуоларингизни ижобат қилмайди”, деб огоҳлантирдилар.
Ояти карима ниҳоясида Ҳақ таоло ҳар бир иш Ёлғиз Унинг Иродаси билан бўлишини, агар У бирон қавмга бало-мусибат юборишни ирода қиладиган бўлса, уни на инсонлар, на фаришталар қайтара олмасликларини ва жамийки мавжудотнинг Эгаси Ёлғиз Ўзи эканини таъкидлайди.

12. (Эй одамлар, Оллоҳ) шундай Зотки, сизларга (айримларингиз момақалдироқдан) қўрқишингиз ва (айримларингиз ёмғир ёғишидан) умидвор бўлишингиз учун чақмоқни кўргазур ва вазмин булутларни пайдо қилур.
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло агар У қай бир қавмга ёмонлик-бало юборишни ирода қилса, у балони ҳеч ким қайтара олмаслиги ҳақида огоҳлантиргач, ушбу ва қуйидаги оятда яна Оллоҳ таолонинг беҳад Қудратли Зот эканига далолат қиладиган ва одамларнинг кўз ўнгларида аҳён-аҳёнда такрорланиб турадиган айрим самовий ҳодисотлар зикр қилинади.
Дарҳақиқат, самода сузиб юрган сув тўла “кемалар” - оғир-вазмин булутлар бир-бирлари билан тўқнашган вақтида ўртадан ўт-олов чиқишини, яъни, табиий хусусиятига кўра ўтни ўчириб қўядиган сувдан олов пайдо бўлишини фақат мусбат ва манфий қувватлар тўқнашувининг натижаси деб изоҳлаш ва айни пайтда денгиз-дарёлардаги кемалардан неча баробар катта, қанча баробар оғир бўлган булутларни ҳавода енгил сузиб юрадиган қилиб қўйган ва Ўзи хоҳлаган вақтда ана ўша асосий қисми сувдан иборат бўлган булутларни бир-бирлари билан тўқнаштириб, ўрта-ларидан ўт-чақмоқ чиқарадиган ва бу билан бандаларига Ўзининг Қудрати нақадар улуғлигини намойиш қилиб, уларни огоҳлантириб турадиган Зотни унутиш, Унинг Қаҳридан қўрқмаслик ва Унга буюрганидек ибодат қилмаслик албатта ақлли кишиларнинг иши эмасдир.
Ояти каримада Ҳақ таоло осмонда чақмоқ чаққан вақтида Ердаги одамлар албатта икки ҳолатдан бирига тушишларини - айримлари уларни чақмоқ уриб кетишидан, момоқалдироқ зарбидан ва энди сел келиб уй-жой ва экинзорларини сув босиб ҳалок бўлиб кетишдан кўрқувга тушсалар, айримлари энди осмондан оби раҳмат ёғиб, қуриб қолган ерларга жон кириб, боғ-роғларимиз мўл ҳосил беради, деб умидвор бўлишларини айтади.

13. Момақалдироқ ҳам (Оллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У Зотдан қўрққанларидан (тасбеҳ айтурлар). У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Оллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ Ушловчи Зотдир.
Яъни, ҳатто момоқалдироқ ҳам ўз ҳолича Яратганга тасбеҳ айтиб, У Зотни ҳар қандай айбу нуқсондан поклар, Ёлғиз Оллоҳга бўйинсунишини эълон қилар, Унга ҳамду сано айтар. “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳ)га тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли бўлган Зотдир”. (Ал-Исро сураси, 44-оят).
Аксари муфассирлар: “Раъд - Момоқалдироқ осмондаги булутларни ҳайдаб юргувчи фариштанинг исмидир, ундан чиқадиган гулдуроқ овоз эса,унинг айтган тасбеҳидир”, деганлар. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-Жо-меъ лиаҳкомил-Қуръон ” тафсирлари).
Ана ўша Раъднинг овозини - тасбеҳини эшитишлари билан осмондаги барча фаришталар Оллоҳ таолонинг ғазабидан қўрққанларидан тасбеҳ айтиб, У Зотни ҳар қандай айбу нуқсондан Пок, беайб Парвардигор эканлигини зикр қилурлар. Демак, Ердаги инсонлар ҳам момақалдироқ овозини эшитганларида дарҳол Оллоҳ таолони зикр қилиб, У Зотга тасбеҳ айтишлари лозим. Чунки момақалдироқ ва чақмоқ ё яхшилик, яъни, оби раҳмат ёғиши ҳақида берилган хушхабар ёки ёмонлик, яъни, сел-тўфон балоси келиши ҳақида берилган огоҳлантиришдир. Шунинг учун Ҳазрати Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам момақалдироқ ва чақмоқ бўлган вақтида дуо қилишни буюрдилар.
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилдилар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари момақалдироқ овозини эшитган вақтларида: “Оллоҳим, бизни ғазабинг билан ўлдирмагин, азобинг билан ҳалок қилмагин, ўша чақмоқ-момақалдироқ олдида бизни тинчлик-офиятда сақлагин”, деб дуо қилар эдилар.
Анас розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб турган кишини чақмоқ урмайди”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам момақалдироқ овозини эшитган вақтларида “Момақалдироқ ҳам ҳамду сано билан тасбеҳ айтган - поклаган Зотни, фаришталар ҳам қўрққанлари учун поклаган Зотни мен ҳам поклайман. У ҳар нарсага Қодирдир”, деб тасбеҳ айтар эдилар. Ва: “Бас, агар кимни мана шу зикр-тасбеҳни айтиб турган чоғида чақмоқ урадиган бўлса, унинг товон пули бўйнимда”, дер эдилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Оллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар.
Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳудан ояти каримадаги ушбу жумла ҳақида сўралганида шундай деди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам араб фиръавнларидан бирига бир гуруҳ асҳобларини юборган эдилар. Улар ўша тоғут-золим подшоҳни Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтиришга даъват қилганларида у: “Айтинглар-чи, сизлар мени даъват қилаётган ўша Муҳаммаднинг Парвардигори нимадан ясалган ўзи? Олтинданми, кумушданми, темирданми ё мисданми? деди. Саҳобалар унинг сўзидан даҳшатга тушиб Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига қайтиб бордилар ва Ё Расулуллоҳ, биз бундан кўра қалбига куфр ўрнаб кетган ва Оллоҳга мутакаббирлик қиладиган кимсани кўрган эмасмиз”, дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг олдига яна қайта боринглар”, деб буюрдилар. Улар қайтиб борган эдилар, у яна аввал айтган сўзини такрорлади ва қўшимча қилиб: “Мен Муҳаммаднинг ўзим кўрмайдиган ва танимайдиган Парвардигорига иймон келтирар эканманми?” деди. Саҳобалар яна қайтиб кетдилар ва: “Ё Расулуллоҳ, у золим аввалги сўзидан ҳам бадтарроқ сўзларни айтди”, дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг олдига яна қайта боринглар”, деб буюрдилар. Улар яна қайтиб бориб, у золим билан баҳслашиб, уни Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтиришга даъват қилиб ўтирганларида у яна аввал айтган сўзларини такрорлаган эди, баногоҳ шундоқ бошларининг устига бир булут келиб қаттиқ чақмоқ чақиб момоқалдироқ бўлдида, ўтирган жойларига бир чақмоқ чушиб, ҳалиги кофирни куйдириб юборди, аммо саҳобалардан биронтасига зиён етказмади. Улар шошганларича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳодиса хабарини етказиш учун келаётган эдилар, йўлларидан бир жамоат саҳобалар чиқдилар ва: “Ҳа, сўзлашиб турган кишиларингиз ёниб кетдими?” дедилар. “Сизлар буни қаердан билдингиз?” деб сўраган эдилар, улар шундай жавоб қилишди: “Оллоҳ таоло Пайғамбар соллоллоху алайҳии ва салламга “У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни - у кимсалар Оллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ Ушловчи Зотдир”, деб ваҳий юборди”. (“Маолимут-танзил”дан).
Оллоҳтаоло динсиз-иймонсиз кимсаларни ушлаганида қаттиқ ушлаши ҳақида бошқа бир ояти каримада бундай дейилади: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”. (Ҳуд сураси, 102-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳам-маси одамзотнинг узун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмасдан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали тарихи эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.
Уламолар ояти каримадаги “золим шаҳарлар” иборасини тафсир қилиб: “Аслида ўша шаҳарларда яшаган одамлар золим бўлсалар-да, золимлик нисбати шаҳарларга берилиши билан қай бир қишлоқ-шаҳарда золим-иймонсиз одамлар яшасалар, уларнинг касофатидан бутун шаҳар золим ҳисобланиб, унинг устига Оллоҳ таолонинг турли балолари ёғилишига ишора қилинмоқда”, дейдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ушбу оят тафсирида: “Албатта Оллоҳ таоло золим кимсага ҳам умр-муҳлат бериб кўйиб имтиҳон қилади. Аммо қачонки уни ушлаганида, у Оллоҳнинг қаҳридан ҳеч қаёққа қочиб кутула олмай ҳалок бўлади”, дедилар ва ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир.” (Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

14. Ҳақ дуо-илтижо Ёлғиз Уникидир. Ундан ўзга - (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бут-санамлар уларнинг бирон дуосини мустажоб қилмас. Илло улар (сув) оғзига етиши учун кафтларини сувга ёзиб турган кимсага ўхшарлар. Ҳолбуки, (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас.) Кофирларнинг бут-санамларига қилган дуо-илтижолари ҳеч нарса эмас, магар залолатдаги (яъни, тамоман бефойда бўлган дуолардир).
“Ҳақ дуо-илтижо Ёлғиз Уникидир”.
Яъни, Ёлғиз Оллоҳ таолога илтижо қилиб сўралган дуогина ҳақиқий дуодир. Чунки бандаларининг дуо-илтижоларини ижобат қила оладиган, нима сўрасалар бера оладиган Зот Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Демак, ибодат қилинишга ҳақдор бўлган Маъбуди Барҳақҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Бас, Ундан ўзгага - у ўзга ким ёки нима бўлса бўлсин - сиғиниш, Ундан ўзгадан сўраб дуо илтижо қилиш мутлақо бефойда бир ишдир. Зотан, “Ундан ўзга - (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бут-санамлар уларнинг бирон дуосини мустажоб қилмас”. Чунки у бутларнинг - мушриклар томонидан ясаб олинган ўша бутларнинг жасадлари жонсиз, кўзлари кўрмайди, қулоқлари эшитмайди. Бас, қандоқ қилиб улар дуогўйларининг дуоларини ижобат қилсинлар?!
“Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас, унга қулоқ тутингиз! - Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир”. (Ҳаж сураси, 73-оят).
Илло улар (сув) огзига етиши учун кафтларини сувга ёзиб турган кимсага ўхшарлар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас.) Кофирларнинг бут-санамларига қилган дуо-илтижолари ҳеч нарса эмас, магар залолатдаги (яъни, тамоман бефойда бўлган дуолардир).
Алий каррамаллоҳу важҳаҳу ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Оят аввалидаги “Ҳақ дуо”дан мурод, Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуди барҳақ деб иймон келтириш ва “Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ” - Гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бор”, деб калимайи шаҳодатни айтиш”, деб тафсир қилганлар. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
Ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмай, ўзлари ясаб олган бут-санамларга сиғиниб, ўшаларга дуо-илтижо қилиб юрган мушрикларга қаратилган Илоҳий Огоҳлантиришдир.

15. Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот ва уларнинг соялари ҳам хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эрта-ю кеч Ёлғиз Оллоҳга сажда қиладилар.
Ояти каримада хабар берилишича, коинотдаги барча жонзот - уларнинг орасидаги мўмин инсонлар ва фаришталар ихтиёрий равишда, кофир ва мунофиқ кимсалар эса мажбурий ҳолда, яъни, мўминлардан кўрққанлари учун ёки уларни алдаш мақсадида Оллоҳ таолога сажда қилади, Оллоҳ унинг зиммасига қўйган вазифани адо этиш билан У Зотга итоат қилади. Зотан, Яратганга итоатсизлик ҳалокат демакдир. Масалан, кўкдаги қуёш ўзининг сайрини бир дақиқа тўхтатса, денгизлар буғланиб-қуриб, қуруқликлар ёниб кетган бўлур эди. Шунингдек, хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлган инсон баданидаги бирон аъзо ўз вазифасини бажаришдан тўхтаса, ўша инсоннинг бутун ҳаёти издан чиқади. Демак, ҳаёт интизоми бузилмаслиги учун Еру осмондаги ҳамма нарса Ёлғиз Яратувчига бўйинсуниши шарт экан.
Ояти каримада ҳатто Ер-у кўкдаги мавжудотнинг соялари ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолога сажда қилиши таъкидланди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Ахир улар Оллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Оллоҳга сажда қилган ҳолда эгилаётганини - улар (барчаси Оллоҳга) бўйинсунувчи эканликларини кўрма-диларми?! Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Оллоҳга сажда қилурлар. Улар устларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар. (Наҳл сураси, 48-50-оятлар).
Ушбу оятларда барча нарса Ёлғиз Оллоҳга сажда қилиши таъкидланар экан, бир гўзал мисол келтирилади: тоғ-тош ва дов-дарахт каби эгила олмайдиган нарсалар ҳам Яратганга сажда қилмасдан тура олмайдилар - улардан соялари ажралиб ўнгу-сўлга эгилиб сажда қиладилар - Ҳақ Таолога арзи бандалик қиладилар! Ўзларига ўхшаган бандаларга эгилиб-букилиб юрган, лекин Яратганга сажда қилишдан ор қиладиган кимсалар ўша тоғлардан ибрат олсалар эди!
Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳга сажда қилиш - бўйинсуниш фарз экани ҳақида яна бир оятда бундай дейилади: “Оллоҳнинг Динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйинсуниб турибди-ку! Улар (яъни, Оллоҳнинг Динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!” (Ол-и Имрон сураси, 83-оят).
Яъни, Оллоҳ таолонинг буюрган бирдан-бир Ҳақ Дини - Исломдан бошқа динни хоҳлайдиларми, Холиқни кўйиб, махлуқларга бўйинсунишни истайдиларми?! Ҳолбуки осмонлардаги малоикалар ҳам, Ердаги инсу жин ҳам Унга бўйинсуниб турибди-ку?! Истасинлар-истамасинлар Унга бўйинсунишга мажбур-ку барча мавжудот?! Ўртада фақат бир фарқ борки, мўминлар ўз ихтиёрлари билан Яратганга бўйинсуниб, бандаликни бажо қилсалар, кофирлар ўзлари хоҳламасалар ҳам баданларидаги барча аъзолари Оллоҳтаоло буюрган вазифаларни бажариб турибди. Қолаверса, Қиёмат Кунида мўмин ҳам, яъни, на фақат мажбур ҳолда, балки ўзига ихтиёр берилган, Ислом ва куфрни танлаши мумкин бўлган ҳаёти дунёда ўз ихтиёри билан Исломни - Оллоҳга бўйсунишни танлаган инсон ҳам, кофир ҳам, яъни, бутун вужуди Оллоҳ таоло буюрганидек ишлаб-яшаб турган ҳолида ихтиёрий ҳаётини динсизлик билан ўтказишни танлаган махлуқ ҳам - ҳамма ҳаммаси Ёлғиз Оллоҳ ҳузурига қайтарилишлари аниқ-ку?!
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумодан яна: осмонлар ва Ердаги барча мавжудот алмисоқда - Оллоҳтаолога аҳд-паймон берган вақтларида Исломни - Оллоҳтаолони Ёлғиз Парвардигор деб итоат этишни танлаган эдилар-ку, Охиратда яна барчалари Унинг Ўзига қайтариладилар-ку?! деган тафсир ҳам ривоят қилинган.
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган “ғудув”нинг маъноси тонг отгандан куёш чиққунича бўлган вақт деганидир, “осол” калимаси эса аср билан шом намозлари ўртасидаги вақт деганидир. Маълумки, мусулмон инсон ҳаётининг ҳар бир соатида Оллоҳ таолони ёдидан чиқармасдан яшаши керак. Бовужуд, ояти каримада мазкур икки вақт махсус зикр қилинишига сабаб, мана шу икки вақтда ҳар бир киши атрофидаги оламнинг ранги ўзгараётганига гувоҳ бўлади, ўзгартирувчи нақадар Қудратли Зот эканини ўз кўзлари билан кўради ва мўминнинг қалбида беихтиёр “Оллоҳу Акбар - Оллоҳ Улуғ”, “Субҳоналлоҳ - Оллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан Пок”, “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ Бор”, “Алҳамдулиллоҳ”, деган зикр калималари отилиб чиқади. Кимда-ким ўша вақтларни ҳам ғафлатда ўтказиб юборадиган бўлса, яъни, бутун борлиқнинг Парвардигорига сажда-ибодат қилмайдиган бўлса, у албатта ғафлат бандасидир.
Ушбу ояти карима сажда оятидир: Бундай оят ўқилганда ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Оллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.
Чунки Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ҳар гал сажда ояти ўқилганида сажда қилар эдилар, ва саҳобаларини ҳам сажда қилишга буюрар эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қачон Одам боласи сажда оятини ўқиб сажда қилса, ундан шайтон четланиб: “Менга ўлим бўлсин, Одам боласи сажда қилишга буюрилди-да, сажда қилиб жаннати бўлди, мен бўлсам сажда қилишга буюрилдим-у, бош тортиб дўзахи бўлдим”, деб йиғлайди”, дедилар. (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: У: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон қироат қилиб сажда оятларини ўқиганларида сажда қилар эдилар ва биз ҳам у зот билан бирга сажда қилар эдик”, деди”. (Бухорий ривояти).
Бухорий Абу Рофеъдан ривоят қилди. У айтди: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан бирга хуфтон намозини ўқиган эдим, у “Иншиқоқ” сурасини ўқиб сажда қилди. (“Иншиқоқ” сурасида ҳам сажда ояти бор). Мен: “Бу нимаси”, деб сўраган эдим, Абу Ҳурайра: “Мен мана шу сура ўқилганида Абул-Қосим (яъни, Ҳазрати Муҳаммад) соллоллоху алайҳи ва салламнинг орқаларида сажда қилганман, бас, энди то у зотга йўлиқку-нимча сажда қилавераман”, деб жавоб қилди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сажда оятини ўқиб сажда қилар ва: “Оллоҳим мана шу саждам сабабли мендан бир гуноҳни ўчиргин ва мен учун у сабабли ажр бергин ҳамда уни мен учун Ўз ҳузурингда бир захира (Охират учун тайёрлаб кўйилган нарса) қилгин”, деб дуо қилар эдилар.
Ибн Можжа ва Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳис-саломнинг озод қилган қуллари Савбон розияллоху анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қай бир банда Оллоҳ учун бир сажда қилса, у сажда сабабли Оллоҳ уни бир даража кўтаради ва ундан бир гуноҳни ўчиради”, деяётганларини эшитганман”, деди.

16. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (бутпараст мушрикларга) айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори - Эгаси ким?” “Оллоҳ”, деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Сўнгра улардан): “Бас, Ўша (Оллоҳни) қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга эга бўлмайдиган “дўстларни” (яъни, жонсиз бутларни илоҳ қилиб) ушлаб олдингизларми?” деб сўранг. Яна айтингки, “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар (Оллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни (топиб олиб, ўша бутларни) Оллоҳга ширк келтирдиларми, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Оллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: “Ёлғиз Оллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолиб Зотдир”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз, улардан - Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилмай турли бут-санамларга сиғинадиган мушриклардан осмонларни, Ерни яратган ва барча махлуқотни Ўз Ҳукми билан бошқариб турадиган Зот ким эканини сўранг, улар албатта “Оллоҳ”, деб жавоб қилишдан бошқа чора топа олмайдилар.
“Қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “Оллоҳ”, дерлар”. (Лукмон сураси, 25-оят).
Бас, қачонки улар бутун борлиқнинг Эгаси Оллоҳ таоло эканини эътироф этишгач, Сиз ҳам “Оллоҳ”, деб айтингда, сўнгра у мушриклардан: “Ана, сизларнинг ўзларингиз ҳам Ҳақиқатни билар экансизлар, нега ўша Танҳо Парвардигорга ибодат қилмасдан, бошқаларга эмас, ҳатто ўзларига ҳам ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган жонсиз бутларни “илоҳ” қилиб ушлаб олдингизлар?! Ахир у ожиз ва нотавон тош-ёғочлар - қаёққа қаратиб қўйсангиз, ўша ёққа “қараб” тураверадиган бутларингиз сизларга қандай ёрдам бера оладилар?!” деб сўранг.
Демак, яратиш йўқдан бор қилиш сифатига эга бўлган Зотнинг Ўзигина ибодат қилинишга ҳақли Маъбуди Барҳақдир. Мушрик-кофирлар эса...
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни яратган, қуёш ва ойни (Ўз измига) қаратган Зот ким?”, деб сўрасангиз, улар албатта: “Оллоҳ”, деб (жавоб қилурлар). Бас, (шундоқ экан, ўша Оллоҳга ибодат қилишнингўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!” (Анкабут сураси, 61-оят).
“Яна айтингки, “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”
Ушбу жумлада Ҳақ таоло яна Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, мушрикларга ҳеч қачон динсиз кофир билан диндор мўмин баробар бўлмаслигини, динсизлик кўрлик эканини, мўмин инсон эса Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга эргашиб, иймон нима-ю куфр нима эканини билиб, қандай амалларни қилиш кераклигини, қандай ишлардан тийилиш кераклигини, яъни, нима савоб-у нима гуноҳ эканини англаб, Ҳақ таоло кўрсатган Тўғри Йўлни - Жаннат Йўлини кўриб боргувчи инсон эканини айтишни ва уларни тафаккур қилишга, улар ёпишиб олган мушриклик нима-ю, Расулуллоҳ даъват қилаётган Ислом нима экани ҳақида ўйлаб кўришга чақиришни буюради.
“Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?”
Яъни, куфр билан иймон баробар бўлурми? Албатта баробар бўлмас. Чунки куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийликдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса, ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу албатта бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп. “Албатта мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, Унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг Йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси, 153-оят).
“Ё улар (Оллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Оллоҳга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Оллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими?”.
Ахир у мушриклар ўзлари сиғинаётган бутларнинг барчаси жамланган тақдирдаям ҳатто бир пашшанинг қанотини яратишга ҳам қодир эмасликларини жуда яхши биладиларку! Бас, нега уларга сиғинадилар?!
“Айтинг: “Ёлғиз Оллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолиб Зотдир”.
Демак, осмонлар ва Ердаги барча жонли ва жонсиз мавжудот ана ўша ўхшаши йўқ Танҳо Яратгувчига ибодат қилишлари ва У Зотга бирон нарса ёки кимсани тенглаштирмасликлари - ширк келтирмасликлари фарздир.

17. (Оллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида (қуриб қолган) дарёлар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки фойдаланадиган (асбоб-ускуна ва идиш оёқ каби) нарсалар ясаш учун олов ёқиб эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ухшаш купик (чиқинди пайдо) бўлур. - Оллоҳ Ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. - Сўнг у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса, Ер юзида қолур. Оллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло ҳақ ва ботил ҳақида икки мисол келтириб, куфрни сув устидаги кўпикка ва турли маъданлар эритилганида ажраб чиқадиган ахлатларга ўхшатади, иймонни эса, оби ҳаёт бўлган сувга ва турли чиқинди-ахлатлардан тозаланган асл маъданга ташбеҳ қилади.
Сўнгра куфр, гарчи сув устига чиқиб олган кўпик ва хас-хашаклар каби ёки эритилган маъдан устини қоплаб олган занг-ахлат каби айрим вақтларда иймондан устун бўлиб олгандек кўринса-да, албатта тез орада ёрилиб, парчаланиб йўқ бўлиб кетишини, инсонларнинг ҳам дунё, ҳам Охиратлари учун манфаатли бўлган Ҳақ Дин эса, Ерда худди тип-тиниқ сув каби, тоза маъдан каби боқий қолишини, яъни, охир-оқибтда албатта куфрдан ғолиб бўлишини айтади.
Ояти карима аввалида Оллоҳтаоло осмондан туширган сув водийлардаги дарёларда уларнинг ҳажмига қараб - катта-кенг дарёларда кўп, кичик-саёз дарёларда эса озроқ - оқиши ҳақида айтиларкан, бу мисолда Оллоҳ таоло осмондан туширган Ҳақ Динга иймон келтирган қалблар ҳам қанчалик кенг-тоза бўлса, уларнинг иймони шунча кучли-бақувват бўлишига, танг-тор дилларнинг иймони эса, заиф-кучиз бўлишига ишора қилинади. (“Тафсири Мунийр”дан).
Шунингдек, ояти каримада келтирилган иккинчи мисолда инсонлар фойдаланадиган зеб-зийнат ва асбоб-анжомлар ясаш учун Ер остидан чиқадиган маъданлар аввал оловда эритилиб тозаланиб олиниши, шундан кейин улардан одамлар фойдаланишлари мумкин бўлган соф-тоза маъданлар ажратиб олиб қолиниб, ахлатлари ташлаб юборилиши зикр қилинадики, бу ибратли мисолда бир тарафдан, соф Ҳақиқат-иймон тоза қалбларда собит-барқарор эканлиги, нопок чиқинди каби бўлган ботил ширк-куфр эса кераксиз чиқиндилар жойи бўлган “ахлатхоналар”дан, яъни, нопок қалблардан жой олиши айтилган бўлса, иккинчи тарафдан, худди ҳақиқий маъдан оловда ёқилиб синалгани каби инсон қалбидаги бебаҳо гавҳар - иймон ҳам ҳар турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилиниб, тозаланиб туришига ишора қилинади.

18. Парвардигорларига ижобат-итоат этган зотлар учун энг гўзал мукофот - жаннат бордир. У Зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар Ердаги бор нарса билан бирга яна ўшанча (молу давлат) уларники бўлганда ҳам, албатта, уни (Қиёмат Кунида Оллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!
“Парвардигорларига ижобат-итоат этган зотлар учун энг гўзал мукофот-жаннат бордир”.
Яъни, Оллоҳтаоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Китоби Қадимида беқиёс ҳикматли сўзлар билан, жумладан, юқоридаги оятларда зикр қилингани каби ўта таъсирли зарбулмасаллар билан даъват қилган Ҳақ Динга - Ёлғиз Уни Маъбуди Барҳақ деб иймон келтиришга ва Ёлғиз Унга тоат-ибодат қилишга - мана шу Илоҳий даъватга лаббай деб жавоб қилиб Оллоҳ таолонинг Сўзига итоат этган мўминлар учун энг гўзал мукофот бордирки, у Яратганнинг тенгсиз гўзал жаннатидир. Демак, Чорлагувчи - Буюк Оллоҳ, лаббай деб жавоб бергувчи - мўминлар, жаннат эса мўмин бандалар чорланган бениҳоят гўзал ва ҳеч қачон тугаб қолгмайдиган зиёфатдир. (“Танвирул-азҳон”тафсири).
Ушбу тафсир Қатода ва жумҳур уламодан ривоят қилгандир.
Мужоҳид эса: “Гўзал мукофот”дан мурод фақат Охират диёридаги жаннатнинг ўзи эмас, балки Оллоҳ таолонинг даъватига лаббай деб жавоб қилган мўминларга мана шу ҳаёти дунёда ҳам энг гўзал, беғубор ҳаёт ато этилади”, деб тафсир қилади. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
“У Зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар Ердаги бор нарса билан бирга яна ўшанча (молу давлат) уларники бўлганда ҳам, албатта уни (Қиёмат Кунида Оллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!”.
Улар Оллоҳ таолога кофир бўлган ва Унга тоат-ибодат қилмаган кимсалардир. Улар Ҳақ таоло Тўғри Йўлни кўрсатиб, агар ана ўша Йўлдан юрсалар, Унинг ҳузурига - жаннатларга етишларини айтиб чорлаганида, Парвардигорларининг даъватига лаббай деб жавоб бериш ўрнига ўткинчи дунё ва унинг матоларига қуллик қилган кимсалардир. Ана энди Қиёмат Кунида, агар бутун умрлари давомида сиғиниб ўтган дунёлари - Ер юзидаги бор нарса ва яна ўшанча молу давлат қўлларида бўлганида ҳам уларга кофир бўлганлари сабабли бериладиган ҳақли жазодан қутулиб қолиш учун бериб юборган ва ўзларини дўзах азобидан қутқариб қолган бўлар эдилар. Лекин Бу Кунда улардан ҳеч нарса - ҳеч қандай амал, ҳеч бир тавба-тазарруъ қабул қилинмас. Чунки улар амал дунёсидан иймонсиз, солиҳ амалсиз ўтдилар ва жазо Кунига келиб етдилар. Энди улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур.
Иброҳим Нахаий айтади: “Ёмон ҳисоб-китоб -кимсанинг ҳаёти давомида қилган гуноҳларидан биронтаси кечирилмасдан, ҳар бир гуноҳи ҳисоб-китоб қилинишидир”. (“Маолимут-танзил”дан).
Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинадиган ҳар бир кимса ҳалок бўлур”, деган эдилар, Оиша сўради: “Ахир Оллоҳтаоло: “(Номайи аъмоллари ўнг томонларидан берилган кишилар) осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинурлар”, деган эмасмиди?” (Иншиқоқ сураси, 8-оят). Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: “Бу фақат кишининг гуноҳлари унга кўндаланг қилиниши - кўрсатилишидир, холос. Аммо кимсадан ҳар бир гуноҳи учун ҳисоб бериши талаб қилинидиган бўлса, у албатта ҳалок бўлур, (яъни, Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлур)”, дедилар.
Ояти карима ниҳоясида Ҳақ таоло бандалар орасидаги кофир, итоатсиз кимсаларнинг борар жойи жаҳаннам эканини ва у турар жойларнинг энг ёмони эканини айтиб огоҳлантиради. “Танвирул-азҳон” китобида ушбу жумла тафсирида бир ибратли ривоят келтирилибди: Мусо алайҳис-салом Парвардигорга муножот қилиб: “Ё Роббим, Сен Ўзинг халқни яратиб, Ўз неъматинг билан тарбия бериб, сўнгра Қиёмат Кунида уларни дўзахга ташлаб юборасанми?” деб сўраган эди, Оллоҳ таоло унга шундай ваҳий қилди: “Эй Мусо, тур, деҳқончилик қилгин!” Бас, Мусо экин экди, уни суғориб, парвариш қилди ва чиққан ҳосилни йиғиб-териб олди. Ҳақ таоло ундан: “Экинингни нима қилдинг?” деб сўраган эди у: “Йиғиб-териб олдим”, деди. У Зот: “Эккан экинингдан ҳеч нарса қолдирмай барчасини териб олдингми?” деган эди, Мусо: “Ё Роббим, олган ҳосилимдан ҳеч нарсага ярамайдиган ёмонларини ташлаб юбордим”, деди. Шунда Оллоҳ таоло: “Мен ҳам халқдан энг ёмонларини дўзахга ташлаб юбораман. Улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдан ор қиладиган кимсалардир”, деди.

19. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ахир Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса Ҳақиқат эканини биладиган - иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
Ушбу ояти карима мўмин билан кофир ўртасидаги фарқ ҳақида кел-тирилган яна бир ибратли масалдир. Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, худди юрар йўлини аниқ кўриб турадиган, демак, фақат манзилга олиб борадиган Тўғри Йўл-ни танлаб юрадиган киши билан ҳеч нарсани кўрмайдиган, демак, олдидан чиққан ҳар қандай жарликка қулаб ҳалок бўлиши ёки йўлидан чиққан экин-тикин ва гулзорларни ҳам босиб-янчиб пайҳон қилиб кетиши мумкин бўлган кўр кимса баробар бўлмагани каби Ҳақ таоло томонидан Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти Ҳақ эканини биладиган, у Китобга иймон келтириб, кўрсатмаларига амал қиладиган киши билан кўнгил кўзи кўр бўлгани сабабли Ҳақиқат нурини кўра олмайдиган, демак, унинг гўзаллигини идрок қила билмайдиган, шу сабабли жаҳолат зулматларида қолиб, залолатнинг эгри-бугри ва хатарли йўлларида адашиб-улоқиб юрган кимса ҳеч қачон баробар бўлмаслигини айтади ва бундай мисолларни фақат тоза ақл эгаларигина англаб эслатма-ибрат олишларини эслатади. Яъни, Қуръон оятлари энгУлуғҲақиқат эканини англаб, ушбу Азиз Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, ундаги ҳар бир оятдан эслатма-ибрат олиб, Қуръон чизиб берган андозада ҳаёт кечирадиган кишиларгина ҳақиқий аҳли дониш - ақл эгалари эканликлари таъкидланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ушбу ояти карима Ҳамза розияллоҳу анҳу ва Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган”, деб тафсир қилади. (“Тафсири Мунийр”дан).
Қуйидаги оятларда кўнгил кўзлари очиқ бўлган аҳли дониш зотлар қандай сифатларга эса бўлишлари ҳақида ва уларга ато этиладиган ажр-мукофотлар хусусида сўз боради.

20. Улар Оллоҳга берган аҳдларига вафо қиладилар ва мийсоқ - ваъдаларини бузмайдилар.
Яъни, ҳақиқий ақл эгалари бўлган инсонларнинг - мўминларнинг сифатларидан бири, улар Оллоҳга берган аҳд-паймонларига доимо вафо қиладилар ва ҳеч қачон ваъдаларига хилоф иш қилмайдилар.
Одамларнинг Оллоҳ таолога берган аҳд-паймонлари хусусида ушбу ояти каримада хабар берилган: “Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Оллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Оллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Оллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта Оллоҳ қилаётган ишларингизни билур”. (Наҳл сураси, 91-оят).
Шунингдек, Ҳақ таоло бошқа оятларда ҳам аҳли иймонни: “(Мўминлар) аҳдлашганларида ахдларига вафо қилгувчилардир”, (Бақара сураси, 177-оят) деб шарафлаган.
Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон инсон Оллоҳ таолога берган бандалик аҳдига ҳам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берган умматлик аҳдига ҳам, мусулмонларга берган биродарлик аҳдига ҳам вафо қилади. Аҳдга вафосизлик мунофиқлик аломатларидандирки, мусулмон инсон бирон бир сифатда мунофиққа ўхшаб қолишдан ҳазар қилади.
Абу Довуд, Муслим, Насоий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Авф ибн Молик розияллоҳу анху айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида етти ё саккиз ёки тўққиз киши ўтирган эдик, у зот: “Оллоҳнинг Элчисига байъат - қасамёд қилмайсизларми?” дедилар. Биз яқинда байъат қилган эдик, шу боисдан: “Ё Расулуллоҳ, биз Сизга байъат қилдик-ку”, дедик. Лекин у зот айтган сўзларини яна икки бор такрорлаганларидан кейин қўлларимизни Пайғамбар алайҳис-саломнинг қўлларига қўйиб у зотга яна қайтадан байъат қилдик ва орамиздан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, биз Сизга бир марта байъат қилган эдик, ҳозир нимага байъат қилайлик?” деб сўради. Шунда айтдилар: “Сизлар менга Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка, беш вақт намозни ўқишга ҳамда сўзларимга қулоқ тутиб, итоат этишга байът - қасамёд қилинглар!” Сўнгра овозларини пастлатиб кўшиб қўйдилар: “Одамлардан бирон нарса сўраманглар!” Ровий айтади: “Шундан кейин ўша байъат қилган кишилардан айримлари агар туя устида турган вақтида қамчиси тушиб кетадиган бўлса ҳам уни олиб беришни бировдан сўрамас эди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Демак, мўмин инсон Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимдан ёрдам сўрамайди, чунки у: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”, (Фотиҳа сураси, 5-оят) деб Яратганга аҳд-паймон берган.
Дарҳақиқат, мўминларга мадад берадиган биргина Зот бор, У Зот Танҳо Оллоҳ таолодир. Агар У хоҳламаса, ҳеч ким бизга бирон яхшилик қила олмайди, шунингдек, агар У хоҳламаса, ҳеч ким бизга бирон ёмонлик ҳам қила олмайди.

21. Улар Оллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар ва (доимо) ёмон ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб турадилар.
Оллоҳтаоло боғланишига буюрган нарсалар, аксари муфассирларнинг айтишларича, ота-онага оқ бўлмасдан уларнинг ризосини олиш, қариндош-уруғлик ришталарини узмасдан маҳкам тутиш ва бошқа мўмин-мусулмонлар билан туташ бинолардек жипс ва меҳр-оқибатли бўлиш каби хислатлардир.
Хусусан, қариндош-уруғни йўқлаш Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси мўмин-мусулмонларга такрор-такрор буюрган амаллардандир.
Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Абдур-Раҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳуни кўргани бориб, суҳбатлари асносида деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорнинг бу Сўзларини айтиб бераётганларини эшитганман: “Мен Оллоҳдирман, Мен Раҳмон - Меҳрибондирман, у (яъни, қариндош-уруғ) эса раҳимдир. Мен унга Ўз Исмимдан синдириб (раҳим деб) исм қўйганман. Бас, ким уни йўқласа (яъни, силайи раҳим қилса), Мен уни йўқлайман, ким ундан узилса, Мен ундай кимсадан узилгайман”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ризқи кенг-мўл қилинишини ва ажали кечиктирилишини (яъни, умри узун бўлишини) яхши кўрса, қариндош-уруғи билан узилмасдан борди-келди қилсин!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳтаоло ҳам мана шу дунёда нақд азоблашига, ҳам Охиратга қолдиришига энг лойиқ бўлган гуноҳ бузуқлик ва қариндош-уруғдан узилишдир”. (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можжа ривояти).
Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилди. У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қариндош-уруғдан узилган кимса жаннатга кирмайди”, деяётганларини эшитдим”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривояти).
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир аъробий йўлда кетаётган Расулуллоҳ соллоллуҳу алайҳи ва салламга рўбарў бўлиб: “Мени жаннатга яқин қиладиган, дўзахдан узоқ қиладиган амаллар ҳақида хабар беринг”, деган эди, у зот: “Оллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон нарсани ширк келтирмайсан, намозни тўкис барпо қиласан, закотни фақир-мискинларга ато қиласан ва қариндош-уруғларинг билан борди-келди қиласан”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Восил (яъни, қариндош-уруғлари ўртасини боғловчи киши - йўқлаб турадиган қариндошларига) жавобан йўқлаб борадиган киши эмас, балки восил - қариндош-уруғи алоқани узган вақтида ҳам уларни йўқлаб борадиган кишидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу муборак ҳадисларнинг барчаси ўрганаётганимиз ояти карима тафсирида “Маолимут-танзил” китобида ривоят қилинди.
Айрим уламолар: “Оллоҳтаоло боғланишига буюрган нарсалар”дан мурод. Оллоҳтаолонинг барча китобларига ва барча элчи-пайғамбарларига улардан биронтасини ажратмасдан-узмасдан иймон келтиришдир”, деб тафсир қилганлар.
Яна, “Оллоҳ таоло боғланишига буюрган нарсалар”ни боғлаш иймонга солиҳ амални боғлаш, яъни, Оллоҳ таолога - Танҳо Маъбуди Барҳақ дея иймон келтиргач, албатта Унинг Амр-Фармонларига итоат этиб, Ёлғиз Унга ибодат қилишдир”, деган тафсир ҳам мавжуд.
Кўриниб турганидек, мазкур уч тафсирнинг ҳар бири бизга ояти карима мазмунини яхшироқ англашимизга ёрдам бериш билан бирга Каломуллоҳнинг тубсиз денгиз янглиғ теран, ўқиб-ўрганганингиз сари янгидан-янги ҳикматлари очилиб бораверадиган тенги йўқ Илоҳий Мўъжиза эканини ҳам англатади.
Оят давомида Ҳақ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон оятларининг барчаси Парвардигор томонидан келган Ҳақиқат деб биладиган мўминлар қалбини Оллоҳ таолодан қўркув хислати бир зум ҳам тарк этмаслиги ҳақида ва улар Қиёмат Кунида ёмон ҳисоб-китобга дучор бўлиб қолишдан қўрққанлари сабабли бутун ҳаётлари давомида ўзларини ўзлари тафтиш, ҳисоб-китоб қилиб, имкониятлари қадар яхши амалларни кўпайтиришга, гуноҳ ишлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилишлари ҳақида хабар беради.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилгандир: “Албатта, Оллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқурлар”. (Фотир сураси, 28-оятдан).

22. Парвардигорларининг Юзини кўзлаб сабр қилган, намозни тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан дафъ қиладиган зотлар - ана ўшалар учун оқибат диёри бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло ҳам дунё, ҳам Охират диёрида хайрли оқибатга эга бўлгувчи бандаларининг яна бошқа тўрт сифатини баён қиладики, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёти дунёда Тўғри Йўлда умр кечириб, Охират диёридаги хайрли оқибатга - жаннатларга эришмоғи учун мана шу сифатларга ҳам эга бўлиши лозимдир. Улардан биринчиси сабрдир. Маълумки, инсон ҳар қандай мақсадга сабр тоқат билан эришади. Сабрнинг эса турлари кўпдир. Биров одамлар у ҳақда қандай сабр-матонатли экан-а, дейишлари учун меҳнат-машаққатларга ёки бошига тушган бало-мусибатларга сабр қилса, бошқа биров мунча бесабр бўлмаса, деган номни олмаслик учун сабр қилади. Яна бошқаси эса, душманларим устимдан кулмасинлар, деб сабр қилишга мажбур бўлади. Кўриниб турганидек, булар одамлар учун қилинган сабр бўлиб, ояти каримада зикр этилган сабрга ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Бу ўринда сўз Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ризосини кўзлаб қилинадиган сабр ҳақида бормоқда. Мўминлар мана шундай сабр эгаси бўлишлари лозим. Улар, гарчи нафслари хоҳламасада, тоат-ибодат машаққатларига фақат Оллоҳтаолонинг ризосига эришмоқ мақсадида сабр қиладилар, бошларига қандай синов-мусибатлар тушмасин, бу Парвардигоримнинг Ўзи белгилаб қўйган қисматим деб, мисоли ошиқ Маъшуқнинг зарбига чидагани каби сабр қиладилар. (“Ал-муқтатаф ми уювнит-тафосийр” китобидан). Агар Оллоҳ таоло улардан бирон неъматни олиб қўйса, ўрнига ундан афзалроқ неъмат ато этишига умид қиладилар. Зотан, имом Бухорий ва Термизий ривоят қилган ҳадиси кудсийда Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади: “Қачон Мен бандамни икки суюклиси (яъни, икки кўзи) билан имтиҳон қилсам - уни кўзларидан маҳрум қилсам-у, у сабр қилса, Мен унга ўша икки кўзи ўрнига жаннатни эваз қилиб берурман”.
Шунингдек, улар Яратган томонидан фарз қилинган намоз ибодатини барча шарт ва арконларига риоя қилган ҳолда, ўз вақтида, комил итоат ва ҳокисорлик билан бутун умрлари давомида адо қиладилар. Мўминларнинг ояти каримада мазкур бўлган учинчи сифатлари, улар қўлларидаги молу давлат ва нозу неъматни Оллоҳ таоло томонидан берилган ризқ эканини доимо ёдларида тутадилар ва топган бойликларини фақат ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфламасдан, бошқаларга ҳам баъ-зан махфий, баъзан ошкора закот-садақотлар берадилар, хайр-саховатлар кўрсатадилар.
Уламолар нафл - ихтиёрий садақалар махфий, фарз амаллардан бўлган закот эса ошкора берилиши афзал дейдилар.
Агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло мўминларнинг яширин ва ошкора тарзда хайру садақотлар беришларини мадҳ қилар экан, уларга ўша молу давлатларини Унинг Ўзи ризқ қилиб берганини таъкидлайди. Демак, бировларга хайр-саховат кўрсатган инсонлар аслида ўзларининг молларини эмас, балки Оллоҳ таолонинг уларга омонат ризқ қилиб берган молидан бир қисмини Унинг ишончли вакили сифатида буюрилган жойларга тарқатаётган кишилардир, холос. Бас, улар ўзгаларга яхшиликлар қилар эканлар, улардан мақтов-олқишлар кутмасдан, аксинча зиммаларидаги омонатни эгаларига - муҳгож инсонларга етказишдек савобли амални насиб этгани учун ўзлари Яратганга шукроналар айтишлари лозимдир. Нақл борку: Ким ўзгаларга хайр-саховат кўрсатар экан, улардан мақтов, раҳматлар эшитишни тамаъ қилса, у кимса сахий эмас, балки оддий савдогардир. Чунки у моли билан мақтовни сотиб олди. Сахийлик эса, эвазига ҳеч нарса олмасдан бермокдир.
Ояти каримада зикр қилинган ҳам дунё, ҳам Охиратда хайрли оқибат эгалари бўладиган инсонларнингтўртинчи сифатлари, улар “ёмонликни яхшилик билан дафъ қиладилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу жумлани қилинган хато-гуноҳ ишни унинг ортидан яхши амал қилиш билан дафъ этишлик, деб тафсир қилади.
Бу ҳақда Ҳуд сурасининг 114-оятида ҳам айтилгандир: “Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бўлган илк соатларда намозни тўкис адо қилинг! Албатта яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, Ушбу (Қуръон) эслатма олгувчилар учун бир Эслатмадир”.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон бирон ёмонлик қилсанг, унинг ортидан яхшилик қилгин, у ёмонлигингни ўчириб юборур. Яширинчасини яширинчаси, ошкорасини ошкораси”, деб буюрдилар.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта ёмонликлар қилиб, ортидан яхшиликлар қиладиган кишининг мисоли бир кимсага ўхшайдики, уни устидаги тор-темир совути сиқиб-бўғиб қўйган, қачон бир яхши амал қилса, у совутнинг бир тутмаси ечилади, сўнг яна бошқа яхши амал қилиши билан унинг яна бир тугмаси ечилади ва мана шу тариқа уни бўғиб турган совути бўшаб-бўшаб, у Ерга - озодликка чиқади”.
Уламолар “ёмонликни яхшилик билан дафъ қиладиган зотлар”, жумласининг яна бошқа тафсирларини ҳам келтирганлар:
Ибн Кайсон: “Оят мазмуни улар қилган гуноҳларини тавба билан дафъ қиладилар, деганидир”, деб тафсир қилган бўлса, Қатода: “Улар ёмонлик қилганларга яхшилик қиладилар. Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзи ҳам шу маънодадир”, дейди ва Фурқон сурасининг 63-оятини келтиради: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кишилардир”.
Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу айтади: “Уларнинг ёмонликни яхшилик билан дафъ қилишлари, маҳрум қилинган вақтларида ўша уларни маҳрум қилгувчилар агар муҳтож бўлиб қолсалар, ёрдам берадилар, мазлум бўлган вақтларида кечирадилар, улардан алоқани узиб қўйганлар билан алоқани боғлаб, борди-келди қиладилар”.
Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анху мўминларнинг ушбу ва юқоридаги оятларда зикр қилинган саккиз сифати ҳақида: “Ушбу саккиз хислат жаннатнинг саккиз эшигига ишорадир”, дейди. (“Маолимут-танзил”дан).
Ҳақ таоло мазкур сифатларга эга бўлган мўминлар эришадиган оқибат диёри нимадан иборат эканини қуйидаги оятларда баён қилади.

23. (У диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ кишилар билан бирга кирурлар. Уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):
Яъни, мазкур зотлар учун тайёрлаб кўйилган оқибат диёри - улар кирадиган жаннатлардирки, у диёрга кириш насиб этган кишилар ўша мислсиз гўзал масканда мангу қолурлар ва вақтлари бекам, шод-ҳуррамликлари беғам бўлиши учун уларнинг энг суюкли бўлган инсонлари - ота-оналари, жуфти ҳалоллари ва зурриёт-авлодларидан ҳаёти дунёда солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар ҳам улар билан бирга бўлурлар.
Эътибор қилинса, ояти каримада кишининг Охират диёрида аҳли жаннат бўлиш бахти насиб этган зотлар қаторига бориб қўшилиши, улар билан бирга жаннат боғларида мангу роҳат-фароғатда яшаши учун фақат ўша зотларга қариндош-уруғ ёки авлод-зурриёт бўлишининг ўзи кифоя қилмаслиги, балки ўзи ҳам, гарчи фазл-мартабада уларнинг даражасига ета олмаса-да, солиҳ инсон бўлиши, тақво ва амалда уларнинг изларидан боришга ҳаракат қилиши шарт экани таъкидланмоқда.
Бас, маълум бўладики, кишилар агар диндош бўлмасалар, Охират диёрида уларнинг бир-бирларига қариндош эканликлари мутлақо асқотмайди. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада Ҳақ таоло огоҳлантиргандир:
“Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас”. (Мўми-нун сураси, 101-оят).
“Тафсири Қуртубий”да Абу Насл Қушайрийдан ривоят қилинишича, оятда зикр қилинган “жаннати адн - абадий туриладиган жаннатлар” жаннат боғларининг энг ўртаси ва чўққиси, Оллоҳ таолонинг арши аълоси остида жойлашган Фирдавс жаннатидир.
“Саҳиҳий Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан сўраганларингизда Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнингўртаси ва чўқисидир. Раҳмон-ниг Арши унинг устидадир. Жаннат дарёлари ўша жойдан отилиб чиқур”, деб буюрдилар.
“Уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):”
“Маолимут-танзил”тафсирида ривоят қилинишича, жаннат аҳлининг олдиларига фаришталар дунё кунларидан ҳар бир кеча ва кундузда уч маҳал Оллоҳ таоло томонидан юборилган ҳадя ва туҳфалар билан кирурлар ва -

24. «(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилганларингиз сабабли (энди ушбу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши! (дерлар)”.
Абдуллоҳ ибн Салом ва Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум айтдилар: “Қиёмат Кунида бир жарчи: “Сабр аҳли ўринларидан турсинлар”, деб жар солади. Шунда одамлар орасидан айрим кишилар турганларида уларга: Жаннатга томон юринглар”, дейилади. Жаннат дарвозаси олдида уларни малоикалар кутиб оладилар ва “Қаёққа кетмоқдасизлар?” деб сўрайдилар. Улар: “Жаннатга”, дейдилар. Фаришталар: “Ҳали ҳисоб-китоб бўлмасдан туриб-а?” деганларида, улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. Фаришталар: “Сизлар кимсизлар?” дейишганида, улар: “Биз сабр аҳлларимиз”, дейдилар. Фаришталар: “Сизлар нималардан сабр қилдингизлар?” деб сўраганларида, улар: “Бизлар нафсларимизни Оллоҳтаолога тоат-ибодат қилишга, У Зотга итоатсизлик қилмасликка ва дунёдаги кулфат-мусибатларга сабр қилишга кўндирдик”, дейдилар. Шунда малоикалар уларга: “Жаннатга киринглар! Амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотлари нақадар яхши!” деб Жаннат дарвозаларини очиб берадилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).

25. Оллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Оллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Оллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр - жаҳаннам бордир.
Юқоридаги оятларда саодатли кишиларнинг сифатлари ва улар топадиган хайрли оқибат - жаннат неъматлари ҳақида хабар берилгач, энди ушбу ва қуйидаги икки оятда Оллоҳ таолонинг Амр-Фармонларига итоат қилмайдиган бадбахт кимсаларнинг кирдикорлари ва улар учун тайёрлаб қўйилган дўзах азоби зикр қилинади.
Зотан, Қуръони Ҳакимнинг услуби шундай - баён комил бўлиши учун ва иймон билан куфр ўртасидаги фарқ аниқ бўлиши учун аксари ҳолларда хушхабар билан огоҳлантириш, савоб билан азоб ва мўминлар билан кофирлар ёнма-ён оятларда зикр қилинади.
Ояти каримадаги “аҳдуллоҳ” калимаси Бақара сурасининг 27-оятида “Оллоҳнинг аниқ кўрсатмалари” деб таржима қилинган ва бу кўрсатмалардан мурод, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг келишлари ва у зотга иймон келтириш барча инсонлар учун вожиб экан-лиги Таврот, Инжил ва бошқа самовий Китобларда ҳам аниқ кўрсатилганидир, деб тафсир қилинган эди. Ўрганаётганимиз ушбу сурайи каримада эса, “аҳдуллоҳ” калимаси “Оллоҳга берилган аҳд-паймон”, деб ўгирилди ва мазкур калима мазмуни суранинг 20-ояти тафсирида бақадри ҳол баён қилиндики, биз ўтмишдаги буюк муфассир уламолар изидан бориб қилган бу таржима ва тафсирларимиз бир нарсага - Оллоҳ таолонинг Каломи бениҳоя теран ва беҳад сермазмун эканига далолат қилади.
“У боғланишига буюрган нарсалар”дан мурод, Оллоҳ таоло юборган элчи ва пайғамбарларнинг ораларидан бирон кишини узиб қолдирмасдан барчаларига иймон келтириш, ота-онадан узилмасдан - уларга оқ бўлмасдан розиликларини олиш, қариндош-уруғлик ришталарини узмасдан маҳкам тутиш ва мўмин мусулмонлар жамоасидан узилиб-ажралиб қолмасдан барчалари билан меҳр-оқибатли бўлиш каби амаллардир.
“Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш” эса, одамлар ўртасини бузиб фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод Йўлига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар, гуноҳ-маъсиятлар ботқоғига ботиш, деган маъноларни англатади. Ояти каримада огоҳлантирилишича, кимда-ким аҳд бузар бўлса ё Оллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узар бўлса ёки касби-кори бузғунчилик қилиш бўлса, ундай кимсаларни борар жойлари энг ёмон жой - жаҳаннамдир.

26. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини), танг қилур. (Мушрик-кофирлар) ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки, ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир (арзимас) матодир.
Юқоридаги оятда мушрик-кофирларнинг охир-оқибат борадиган жойлари жаҳаннам экани ҳақида хабар берилгач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки мавжудотнинг ризқи рўзи Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, бинобарин, кимга кенг, кимга танг ризқ бериш ҳам Унинг Ихтиёридаги иш эканини айтади. Жаноби ҲақЎзининг Танҳо Раззоқ - ризқ Бергувчи эканини бошқа бир оятда шундай баён қилган: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”. (Худ сураси, 6-оят).
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тор-танг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандасининг ризқини - синов-имтиҳон учун кам қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир. Аммо динсиз кимсаларнинг топган мол-дунёлари улар учун неъмат эмас, кулфат экани аниқдир: “Оятларимизни ёлғон деган ким-саларни эса Биз ўзлари билмай қоладиган тарафдан даражама-даража (яъни, секин-аста ҳалокатга) олиб борурмиз”. (Аъроф сураси, 182-оят).
Оллоҳ таолонинг оятларини ёлғон деган иймонсиз кимсалар ҳақиқатда бахтсиз кимсалардир. Чунки улар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлар. Ундай кимсалардан Ҳақ таоло ҳеч сездирмасдан интиқом олар экан. Шу қадарки, улар қанча кўп гуноҳ қилсалар, Оллоҳ таоло уларга шунча кўп дунёвий неъматларни бераверар экан. Оқибат-натижада улар гуноҳларидан тавба қилиш хаёлларига ҳам келмасдан гуноҳ устига гуноҳ қилиб, қилмишларидан уялиш ўрнига ҳаволаниб, жиноятларидан ғурурланиб, “Агар биз ноҳақ бўлсак, бизга шундай неъматлар берилармиди, шунча мол-давлатларга эга бўлармидик”, деб алданиб ўзлари мутлақо сезмаган ҳолларида ҳалокат чоҳига - жаҳаннам қаърига қулаб кетаверар эканлар.
Кофирларнинг бундай алданишлари ҳақида бошқа оятларда ҳам хабарлар, огоҳлантиришлар бор: “Улар Биз уларга бераётган мол-давлат ва болаларни ўзлари учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми?! Йўқ, улар (буни ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун қилинаётганини) сезмайдилар.” (Мўминун сураси, 55-56-оят).
Анъом сурасида келган мана бу оят ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир: “Энди - қачонки улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, Биз уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар”. (Анъом сураси, 44-оят).
“(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки, бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир.”
Яъни, динсиз кимсаларнинг барчаси ҳаёт фақат мана шу ҳаёти дунёдан иборат деб ўйлайдилар, ҳақиқий ҳаёт Охират ҳаёти эканини тан олмайдилар - билмайдилар. Шунинг учун улар ўзларининг бор ақл-фаросатларини ва куч-қувватларини фақат бугун - мана шу дунёдаги ҳаётда роҳат билан яшашга сарфлайдилар, аммо эрта - Охират ҳақида мутлақо ўйламайдилар ва мана шу ўткинчи дунёда орзу-ҳавасларидан биронтаси рўёбга чиқадиган бўлса, бас, ўзларини энг бахтли инсон санаб, ҳаддан зиёд севинадилар, ғурурланадилар. Ҳолбуки, бу ҳаёти дунё ва ундаги бор ҳою-ҳаваслар Охират ҳаёти ва ундаги туганмас неъматлар олдида гўё озгина ишлатиб, фойдаланиб, сўнгра ташлаб юбориладиган арзимас матодан ўзга нарса эмасдир. Аҳмад, Муслим ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу дунё Охират олдида гўё бировингиз бир бармоғини денгизга солибоқ қайта олганига ўхшайди. Кўрсинчи, бу бармоқ денгиздан қанча сув билан қайтган экан”, дедилар ва кўрсатгич бармоқларини кўрсатдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир бўйра устида ухладилар. Ўринларидан турганларида ёнбошларида бўйра изи бор эди. Биз: “Ё Расулуллоҳ, Сизга бир юмшоқ кўрпача солиб берсак бўлар экан”, деган эдик, “Мен дунё матоҳини нима қиламан? Бу дунёдаги менинг ҳолим дарахт соясида бир зум тўхтаб нафас ростлаб, сўнгра уни тарк этиб ўз йўлига кетган отлиқлиқнинг ҳолидан ўзга эмасдир”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

27. Кофир бўлган кимсалар: “Унга (Муҳаммад алайҳис-саломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди”, дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Албатта Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва (Оллоҳга) инобат-тавба қилган кишиларни Ўз (Динига) ҳидоят қилур”.
Ушбу ояти кариманинг илк жумласи суранинг 7-оятида ҳам келган эди, алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
Кофирларнинг бу каби талаблари ва уларга берилган жавоблар ҳақида бошқа оятларда хдм зикр қилинади: “Яна улар (масхара қилишиб): “Нега бу Пайгамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир богу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди”, дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): “Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз”, дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (Ҳақ Йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар. Агар хоҳласа Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани - остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот - Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.” (Фурқон сураси, 7-10-оятлар). “Аниқки, Биз ушбу Куръонда инсонлар учун барча мисол-ибратлардан қайта-қайта баён қилдик. (Лекин) одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар. Ва дедилар: “Токи сен бизлар учун Ерни ёриб, бир чашма чиқариб бермасанг биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор ва узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб-очиб дарёларни оқизиб қўймасанг; ёки ўзинг бизга даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагу-нингча ёки Оллоҳни ва тўп-тўп фаришталарини олдимизга келтирмагунингча; ёки сенинг олтиндан (қурилган) бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга (ҳар биримизга) биз ўқийдиган (ва сенга эргашишимиз буюрилган) китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз”. Айтинг: “Парвардигорим (ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир, мен эса фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одамдирман”. (Ал-Исро сураси, 89-93-оятлар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар Сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги уммат-лар у (мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Албатта, Биз (зилзила, тўфон, чақмоқ ва момоқалдироқ каби) оят-аломатларни (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учун юборурмиз”. (Ал-Исро сураси, 59-оят).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллолоху алайҳи ва саллам замондошларига Қуръони Каримдан бошқа Илоҳий мўъжизаларни ҳам келтирганларига тарих гувоҳдир. Мушриклар осмондаги ойни бўлиб беришни талаб қилишганида у зотнинг бир дуолари билан ўн тўрт кунлик тўлин ой ўртасидан иккига бўлингани, кўп касал кишилар у зот дуо қилишлари билан ўша онда шифо топганлари, кейинроқ, Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Бадр ва Табук ғазотларида озиқ-овқат тақчиллиги сабабли аскарлар қийналиб қолишганида у зоти бобаракот дастурхонда турган озгина таомга қўлларини теккизишлари билан унга барака кириб, барча саҳобалар тўйиб овқатланганларидан ташқари эртанги кунлари учун ғамлаб ҳам олганлари ва яна бошқа тарихий мўъжизалари у зотнинг оддий инсон эмас, балки Оллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига далолат қиладиган оят - аломатлардандир. Қолаверса, мушриклар шунча мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб турган ҳолда яна гўё ҳеч нарса кўрмагандек: “Муҳаммадга Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза тушса эди”, дейишлари уларнинг ғаразлари Ҳақ Йўлга юриш эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Элчиси эканликларини инкор қилиш бўлганини кўрсатади.
Шунингдек, Расулллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у мушрикларга: “Мен сенларга кўрсатганим шунча мўъжизалар камлик қилдими?” демасдан, аксинча: “Сизлар мендан сўраётган нарса менинг қўлимдаги иш эмас, Оллоҳ таолонинг Ўзигина биладиган ғайбдаги ишдир. Бас, мен ҳам Оллоҳ таоло менга яна қандай мўъжизалар ато этишини кутай, сизлар ҳам энг Буюк Мўъжиза - Қуръонга иймон келтирмаганларингиз учун Оллоҳ таоло сизларга қандай жазо беришини кутаверинглар, деб жавоб берганлари у зотнинг ҳар бир ишни Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган ваҳий асосида қиладиган ҳақ Пайғамбар эканликларига яна бир равшан далилдир.
Агар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилиб ўтганимиз каби кўплаб мўъжизалари аввал ўтган пайғамбарларга ато этилган мўъжизаларга ўхшаса, у зотга нозил бўлган Қуръон Мўъжизаси бошқа бирон пайғамбарга берилмаган танҳо ва мангу Мўъжизадир. Масалан, кейинги асрларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, илмий кашфиётлар Қуръони Азимда ворид бўлган хабарларга шу қадар мос келадики, ҳақиқий олимлар бугунги бўлаётган ишлар ҳақида бундан ўн тўрт аср аввал нозил бўлган Қуръонда баайни кўриб тургандек айтиб қўйилганига гувоҳ бўлар эканлар: “Дарҳақиқат, Қуръон энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир”, деб лол қолмоқдалар, унинг Каломуллоҳ эканини тан олмоқдалар ва бу Илоҳий Каломни инсонларга етказган буюк Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмоқдалар.
Асрдан асрга, йилдан йилга, балки кундан кунга Қуръони Азимга иймон келтирган, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мусулмонларнинг ададлари бошқа ҳеч қайси динда мисли кўрилмаган даражада кўпайиб бораётганининг ўзи ҳам Қуръоннинг ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган Китоб эканига ва Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломнинг сўнгги Элчи эканликларига далолат қиладиган ҳақиқатдир. Иншооллоҳ, Қиёмат Кунида ҳам уммати Муҳаммаднинг адади аввал ўтган барча умматлар саноғидан кўп бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: “Ҳар бир пайғамбарга ато этилган оят-мўъжизага қараб одамлар унга иймон келтирадилар. Менга ато этилган мўъжиза Оллоҳ менга ваҳий қилган Қуръондир. Умид қиламанки, Қиёмат Кунида пайғамбарлар орасида энг тобеси-уммати кўп пайғамбар мен бўлурман”.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Албатта Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва (Оллоҳга) инобат-тавба қилган кишиларни Ўз (Динига) ҳидоят қилур”.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло Ўз Элчисига одамларнинг иймон келтириб, Тўғри Йўлга юришлари фақат мўъжизаларга боғлиқ эмаслигини, балки ҳамма гап Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродасида эканини уқтиришни буюради.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Агар Биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Оллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар”. (Анъом сураси, 111-оят).
Ҳақ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар фаразан Биз у мушриклар олдига осмондан кетма-кет фаришталарни туширсак ва мушриклар уларни ўз кўзлари билан қайта-қайта кўришса, Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга у фаришталар гувоҳлик беришса ва мушриклар ўз қулоқлари билан фаришталарнинг сўзларини эшитишса, ёки агар Биз улар талаб қилишганидек, ўлиб кетган ота-боболарини қайта тирилтирсак ва у ўликлар мушрикларга сўзлаб, Охират ҳаёти бор эканини, Муҳаммад алайҳис-салом ҳақ Пайғамбар эканликларини айтишса, ёки агар Биз мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммасини уларнинг рўбарўсида тўплаб-жамласак - уларнинг ҳамма талабларини ҳозир-у нозир қилиб қўйсак, ана ўшанда ҳам улар ўз кўзлари билан кўриб турган мўъжизалардан ибрат олмайдилар, иймон келтирмайдилар, магар Оллоҳ таоло уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина иймон келтирадилар.
“Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар”.
Яъни, мусулмонларнинг ҳам, мушрикларнинг ҳам кўплари кофирлар пайғамбарлар келтирган мўъжизани кўришлари биланоқ иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юриб кетмасликларини, балки фақат Оллоҳ уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина мўмин бўлишларини билмайдилар. Шунинг учун: “Агар осмондан бир мўъжиза тушганида, ҳамма мусулон бўлиб кетар эди”, деб юришаверади.
Дарвоқеъ, ушбу ояти карима тасдиқини ҳамма вақт, жумладан биз яшаётган мана шу даврда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Дахрийлар истибдоди остида яшаган замонда кўпларимиз: “Агар Ислом Динига йўл очилиб, одамлар Қуръон ва Ҳадис маъноларини англашганида, ҳамма мусулмон бўлиб кетар эди”, деб ўйлар эдик. Мана энди, орзуларимиз ушалиб, Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан Ислом таълимотини бемалол ўрганиб, амал қилишга кенг йўл очилганда кўрсак, ҳамма ҳам мусулмон бўлиб кетгани йўқ, мусулмон бўлганларнинг ичида ҳам ҳамма Тўғри Йўлда - Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшаяпти дея олмаймиз, айримлар зиммаларидаги мусулмонлик вазифаларини адо қилиш фарз эканини хаёлларига ҳам келтирмай, нима савоб-у нима гуноҳ экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай нафс ва дунёга қуллик қилиб яшаётган бўлсалар, айримлар ғайри-динлар тузиб берган турли шайтоний ҳизбларга, динсиз тўдаларга қўшилиб, шайтонларга қуллик қилиб, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зиён етка-заётганлари кўзга ташланади. Бас, маълум бўладики, орзу қилинган барча шарт-шароитлар муҳайё этилган тақдирда ҳам, агар Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродаси бўлмаса, одамзот иймон, диёнат йўлига юра олмас экан.
Ояти кариманинг сўнгги жумласидаги “аноба - инобат қилмоқ” калимаси Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвормоқ, қайсарликни бас қилиб, Яратганга тавба-тазарруъ қилмоқ деган маънони англатади. Бу жумлада Ҳақ таоло фақат сидқидилдан дуо-илтижо қилган ва ўтмишидаги куфр-исёнидан бутунлай воз кечган бандаларинигина Тўғри Йўлга Ҳидоят қилиши ҳақида хабар беради. Қуйидаги оятларда ана шундай Ҳидоят бахтига му-шарраф бўлган инсонларнинг сифатлари ва топажак гўзал оқибатлари ҳақида сўз боради.

28. Улар иймон келтирган ва қалблари Оллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг зикри билан (мўминларнинг) қалблари ором олур.
Демак, Оллоҳ таолони ёдга олганида, зикр қилганида ёки Унинг Исмини ва Каломини эшитганида қалби ором олиб дили таскин топиши кишининг ҳақиқий мўмин эканлигининг белгиларидандир.
Кофирлар эса, фақат дунё ва ундаги нарсалар ҳақида сўзланганида, ўзлари сиғинадиган турли-туман бутлар зикр қилинганида хурсанд бўладилар. “Қачон Ёлғиз Оллоҳ зикр қилинса Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар”. (Зумар сураси, 45-оят).
Муфассирлар “Оллоҳнинг зикри”ни турлича тафсир қилганлар: Муқотил: “Оллоҳнинг зикридан мурод Қуръондир”, дейди. Дарҳақиқат, мўминлар Каломуллоҳнинг ҳар бир ояти тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканига иймон келтирадилар. Шунинг учун улар Қуръон ўқиганларида ёки эшитганларида қалблари ором олади ва бу Эслатмадаги ҳар бир ҳукмдан диллари таскин топиб, унга роҳати дил билан итоат этадилар.
Куръони Карим Зикр - Эслатма эканлиги бошқа оятларда ҳам эслатилгандир: “Албатта ушбу Эслатмани (яъни, Куръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз”. (Ҳижр сураси, 9-оят).
“Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!”. (Анбиё сураси, 50-оят).
Қатода: “Оллоҳнинг зикри - мўминлар тилларида Оллоҳни зикр қилишларидир. Қачон улар Оллоҳтаолонинг Исмини зикр қилсалар, диллари яйраб кетади, роҳатланадилар”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Ушбу оят қасам ҳақидадир. Қачон мўмин бирон нарса хусусида Оллоҳ таолонинг Исмини зикр қилиб қасам ичса, мўминлар Яратганнинг Номи зикр қилингани сабабли унинг сўзига ишониб, диллари таскин топади”, дейди. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-жомиъ лиаҳкомил-Куръон” тафсирлари).
Абу Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари олдига чиққан эдилар, уларнинг ҳалқа бўлиб ўтирганларини кўрдилар ва: “Нима қилиб ўтирибсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Биз Оллоҳни зикр қилиб, бизларни Дини Исломга ҳидоят қилгани учун у Зотга ҳамд-сано айтиб ўтирибмиз”, дейишган эди, Пайғамбар алайҳис-салом: “Фақат шунинг учун ўтирганларингизга Оллоҳга қасамёд қила оласизларми?”, дедилар. Улар: “Оллоҳга қасамки, биз фақат мана шунинг учун ўтирибмиз”, деб қасам ичишгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизларнинг сўзларингизга ишонмаганим учун қасам ичишларингизни сўрамадим. Менинг ҳузуримга Жаброил келиб, Оллоҳ таоло сизларни малоикаларга мақтаётгани ҳақида хабар берган эди”. (Муслим, Термизий ривояти. “Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Уламолар ушбу оят тафсирида сўралиши мумкин бўлган бир саволни ўртага қўйиб шундай жавоб қилганлар: “Агар: “Оллоҳтаоло бир ояти каримада: “Ҳақиқий мўминлар Оллоҳ зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган... кишилардир”, (Анфол сураси 2-оятдан) деган эди, ушбу оятда эса Оллоҳни зикр қилиш билан мўминларнинг қалблари ором олиши айтилмоқда. Бир вақтнинг ўзида мўминнинг қалбига ҳам қўрқинч, ҳам ором тушишини қандай тушунмоғимиз лозим?” деб сўраладиган бўлса,жавоб будир: Қачон ОллоҳтаолонингАдолати ва Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоби қаттиқ бўлиши зикр қилинса, мўминнинг қалбига қўрқинч тушади, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати, Кечиргувчи Меҳрибон Зот экани зикр қилинганда эса, мўминнинг қалбига ором ва осойишталик киради”.

29. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун шод-хуррамлик ва гўзал оқибат - жаннат бордир.
Демак, дунёдаги ҳаётларида иймон келтириб, Оллоҳнинг зикри билан қалблари ором олиб ва солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар учун Охират диёрида Оллоҳ таоло тарафидан ояти каримада мазкур бўлган неъматлар ато этилар экан. Оятдаги “тувбо” калимасини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хушнудлик, шод-хуррамлик деб тафсир қилади. Машхур тобеинлардан Иброҳим Нахаий розияллоху анху эса, яхшилик ва Оллоҳ таоло томонидан ато этиладиган иззат-икром деб тафсир қилган. Тувбо калимасининг луғавий мазмунидан келиб чиққан ушбу тафсирлардан ташқари Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда “Тувбо жаннатдаги шундай бир буюк дарахтдирки, отлиқ инсон юз йил юрганида ҳам унинг соясидан чиқиб кета олмас. Агар хоҳласаларингиз “улар ёйилган соя остида бўлурлар”, оятини (Бақара сураси, 30-оят) ўқинглар”, деган тафсир ҳам мавжуддирлар. Мазкур оятда номайи аъмоллари ўнг томонларидан берилган саодатманд инсонлар эришадиган жаннат неъматлари зикр қилинади.
"... ва гўзал оқибат - жаннат бордир”.
Бу Ҳақ таоло томонидан мўмин бандаларига берилган Илоҳий Ваъдадир, албатта Оллоҳ таборака ва таоло Ўз Ваъдасига хилоф қилмас.

30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шундай қилиб, Биз Сизни (кўпдан-кўп) умматлардан кейин келган бир умматга Биз Сизга ваҳий қилган нарсаларни уларга тиловат қилиб беришингиз учун Элчи қилиб юбордик. Улар эса, Раҳмон - Меҳрибон (Оллоҳга) кофир бўлмоқдалар! Айтинг: “У (Меҳрибон Оллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим - суяндим ва Унинг Ўзига тавба-тазарруъ қилурман”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсоният оламига юборган сўнгги Элчисига гўё шундай деди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз илгари ўтган умматларга Ўз элчиларимизни қандай юборган бўлсак, Сизни ҳам ушбу умматга ана шундай Элчи қилиб юбордик. Токи Сиз Танҳо Раҳмон - Меҳрибон Оллоҳга куфр келтираётган кимсаларга Биз Сизга ваҳий қилган Қуръон оятларини тиловат қилиб беринг - Оллоҳ субҳонаху ва таоло нозил қилган Шариати Исломийя аҳкомларини етказинг ва уларга: “Ўша сизлар инкор қилаётган Раҳмон менинг Роббим - Эгам, Хожам, Парвардигоримдир, У ҳеч қандай шериги бўлмаган Танҳо Илоҳдир. Мен Ёлғиз Унга таваккул қилдим - барча ишларимда Ёлғиз Унга суяндим ва фақат Унинг Ўзига қайтурман, тавба-истиғфор айтурман, сизлар ҳам Унинг ҳузурига ҳисоб-китоб бериш учун қайтишингиз бордир”, деб айтинг!” (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
“Тафсири Қуртубий ва бошқа тафсир китобларида ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа хусусида бир неча ривоят келтирилади: Муқотил ва Ибн Журайж айтадилар: “Ояти карима Ҳудайбийя сулҳида сулҳ битимини ёзиш вақтида нозил бўлди. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга: “Бисмиллоҳир-Раҳмонир-Роҳийм”, деб ёзгин деганларида Суҳайл ва бошқа мушриклар: “Биз ҳеч қандай Раҳмонни билмаймиз, сен “Бисмикаллоҳумма - Оллоҳим, Сенинг Исминг билан”, деб ёзасан”, деб талаб қидилар. Улар жоҳилийят даврида ана шундай ёзиб ўрганган эдилар. Сўнг Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Алийга: “Ушбу Муҳаммад Расулуллоҳ тузган битимдир”, деб ёзгин”, деганларида, Қурайш мушриклари: “Агар сен Расулуллоҳ бўлсанг, сўнгра биз сенга қарши урушиб, йўлингни тўсадиган бўлсак, у ҳолда биз сенга зулм қилган бўламиз. Сен эй Алий, “Ушбу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ тузган битим”, деб ёзасан”, деб туриб олишди. Шунда Пайғамбар алайҳис-саломнинг асҳоблари: “Ё Расулуллоҳ, бизга қўйиб беринг, уларга қарши жанг қиламиз”, деган эдилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, эй Алий, сен улар истаганларидек ёзавергин”, дедилар.
Мана шу пайт ушбу ояти карима нозил бўлди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қурайш кофирларига: “Раҳмонга сажда қилинглар”, деб буюрганларида улар: “Нима у Раҳмон? Биз сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?!” (Фурқон сураси, 60-оят). дейишганида ушбу оят нозил бўлди”.
Яна айтилди: “Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳижрда - Каъба олдида “Ё Оллоҳ, ё Раҳмон”, деб дуо қилаётганини эшитиб: “Бу Муҳаммад бизни турли илоҳларга ибодат қилишдан қайтаради-ю, ўзи бўлса иккита илоҳга дуо-илтижо қилмоқда”, деганида ушбу ояти карима ва “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Сизлар Оллоҳ, деб дуо қилингиз ёки Раҳмон - Меҳрибон Зот, деб дуо қилингиз. Қандай дуо қилсаларингиз-да (жоиздир). Зеро, У Зотнинг гўзал исмлари бордир”. (Ал-исро сураси, 110-оят) ояти нозил бўлди”.

31. Агар Куръон билан тоғлар жойидан жилдирилса ҳам ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса) ҳам ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш Ёлғиз Оллоҳникидир (яъни, Оллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У Зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар). Иймон келтирган кишилар агар Оллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Оллоҳ учун осон эканини) билмадиларми?! (Лекин Оллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Оллоҳнинг ваъдаси келгунича ҳам (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта, Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
Аксари тафсир китобларида ривоят қилинишича, ушбу ояти карима нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган: Макка мушрикларидан Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ва бошқалар Каъба ёнида ўтириб олишиб, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламни чақириб келгани одам юборишди. Расулуллоҳ келгач, Абдуллоҳ ибн Абу Умайя у зотга қараб: “Эй Муҳаммад, агар сени бизлар ҳам сенга тобе бўлишимиз хурсанд қиладиган бўлса, у ҳолда сен мана шу Қуръонинг билан Маккадаги тоғларни жойидан жилдириб, шаҳарни теп-текис, кенг қилиб бергин, чунки у бизга торлик қилмоқда, деҳқончилик қиладиган еримиз йўқ, сўнгра ернинг ҳар тарафларидан чашма-булоқлар чиқариб, анҳор-дарёлар оқизиб қўй, токи биз экин-зорларимизни суғорайлик, боғ-бўстонлар яратайлик. Ахир сен ўзинг даъво қилишингча, Роббинг ҳузурида Довуд алайҳис-саломдан обрўйинг паст эмаску, ҳолбуки, Оллоҳ Довудга тоғларни бўйсундириб, у билан бирга Оллоҳни поклаб тасбеҳ айтадиган қилиб қўйдику. (Анбиё сурасининг 79-оятига ишора қилинмоқца). Ёки сен бизга шамолни бўйсундириб, қарам қилиб бергин, биз уни миниб олиб, бир кунда Шомга бориб, ишларимизни битириб ўз уйимизга қайтиб келадиган бўлайлик. Ахир сен ўзинг даъво қилишингча, шамол Сулаймонга бўйсундириб қўйилганку, ахир сенинг обрўйинг Роббинг хузурида Сулаймондан паст эмаску. (Анбиё сурасининг 81-оятига ишора қилинмоқда). Яна сен бизга бобокалонинг Кусайни ёки ўтиб кетган аждодларимиздан хоҳлаган кишингни тирилтириб бергин, токи биз улардан сенинг ишинг ҳақми ёки ботилми эканини сўраб билиб олайлик. Ахир Ийсо ўликларни тирилтириб юборар эдику. Ахир сенинг обрўйинг Роббинг хузурида Ийсодан пастроқ эмас-ку?!”, деганида ушбу оят нозил бўлди.
“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, мушрикларнинг Пайғамбар алайҳис-саломга айтган сўзларини эшитган бир гуруҳ мўминлар ҳам: “Ё Расулуллоҳ, бу кофирлар талаб қилган мўъжизаларни кўрсатсангиз, эҳтимол улар ҳам иймон келтирар эдилар”, дейишганида Оллоҳ таоло бундай танбеҳ беради: “Иймон келтирган кишилар агар Оллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Оллоҳучун осон эканини) билмадиларми?! (Лекин Оллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб кўйгандир). То Оллоҳнинг ваъдаси келгунича ҳам (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимса-ларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта, Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас”.
Инсонларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканига далолат қиладиган оятлар бошқа сураларда ҳам келгандир: “Агар Биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (яъни, жамийки халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Оллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар”. (Анъом сураси, 111 -оят).
Ушбу ояти каримада ҳам аввалги оятлардаги мавзу давом этади ва Ҳақ таоло инсонларнинг иймон келтиришлари пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларга боғлиқ эмаслигини, балки улар фақат Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши, яъни, Ёлғиз У Зотнинг Хоҳиши билангина мўмин бўлишлари мумкин эканини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар фаразан Биз у мушриклар олдига осмондан кетма-кет фаришталарни туширсак ва мушриклар уларни ўз кўзлари билан қайта-қайта кўришса, Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга у фаришталар гувоҳлик беришса ва мушриклар ўз қулоқлари билан фаришталарнинг сўзларини эшитишса; агар Биз улар талаб қилишганидек, ўлиб кетган ота-боболарини қайта тирилтирсак ва у ўликлар мушрикларга сўзлаб, Охират ҳаёти бор эканини, Муҳаммад алайҳис-салом ҳақ Пайғамбар эканликларини айтишса; агар Биз мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммасини уларнинг рўбарўсида тўплаб-жамласак - уларнинг ҳамма талабларини ҳозир-у нозир қилиб қўйсак, ана ўшанда ҳам улар ўз кўзлари билан кўриб турган мўъжизалардан ибрат олмайдилар, иймон келтирмайдилар, магар Оллоҳ таоло уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина иймон келтирадилар.
Демак, гап мўъжизада эмас, ҳамма гап Оллоҳ таолонинг Хоҳиши-Иродасидадир. Агар У Зот хоҳласа, барча инсонлар хоҳласинлар-хоҳламасинлар, Ҳидоят Йўлига юрадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир оятда хабар берган: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлгандир: “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва одамлар билан тўлдирурман”. (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар”.
Яъни, мусулмонларнинг ҳам, мушрикларнинг ҳам кўплари кофирлар пайғамбарлар келтирган мўъжизани кўришлари биланоқ иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юриб кетмасликларини, балки фақат Оллоҳ уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина мўмин бўлишларини билмайдилар. Шунинг учун: “Агар осмондан бир мўъжиза тушганида, ҳамма мусулон бўлиб кетар эди”, деб юришаверади.

32. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилингандир. Бас, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) кофир бўлган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз).
Ушбу ояти карима Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун тасаллий, у зотнинг устидан масхара қилиб кулувчи мушрик-кофирлар учун эса, қаттиқ огоҳлантиришдир. Ҳақ таоло Ўзининг Ер юзига юборган сўнгги Элчисига гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар қавмингиздаги айрим мушрик кимсалар Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга ишонмай масхара қилаётган, иймон келтиришдан бош тортиб кибру қайсарлик билан Сиздан хаёлларига келган нарсани талаб қилаётган бўлсалар, Сиз улар етказаётган бу каби озор-азийятларга сабр қилинг! Чунки Сиздан илгари юборилган элчи-пайғамбарларни ҳам қавмлари ичидаги динсиз кимсалар масхара ва хақоратлар қилар эдилар, бас, Мен у кофирларга гуноҳ-маъсиятга ботиб қолгунларича муҳлат бериб, сўнгра ана ўша жиноятлари - ҳақ пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун уларни қандай ушлаганим, қандай азобларга гирифтор қилганим Сизга жуда яхши маълумдир”.
Жаноби Ҳақ бу хусусда бошқа оятларида ҳам хабар берган: “Улар Сиздан (истеҳзо билан Оллоҳ ваъда этган) азобни тезлатишингизни талаб қиладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур. Қанчадан-қанча золим-кофир қишлоқ-шаҳарлар бўлгандирки, Мен уларга (ҳалок қилмай) муҳлат бериб қўйиб, сўнгра (азобим билан) ушлаганман. Ёлғиз Менгагина қайтиш(ингиз) бордир”. (Ҳаж сураси, 47-48-оятлар).
“Саҳиҳайн”да ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ золим кимсага муҳлат бериб қўюр, сўнг қачонки уни ушлаганида у золим Оллоҳ таолонинг қаҳридан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмасдан ҳалок бўлур”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”. (Ҳуд сураси, 102-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳаммаси одамзотнинг узун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмас-ан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали тарихи эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.
Уламолар ояти каримадаги “золим шаҳарлар” иборасини тафсир қилиб: “Аслида ўша шаҳарларда яшаган одамлар золим бўлсалар-да, золимлик нисбати шаҳарларга берилиши билан қай бир қишлоқ-шаҳарда золим-иймонсиз одамлар яшасалар, уларнинг касофатидан бутун шаҳар золим ҳисобланиб, унинг устига Оллоҳ таолонинг турли балолари ёгилишига ишора қилинмоқда”, дейдилар.

33. Ахир хдр бир жоннинг қилган амали устида (кузатиб) Тургувчи Зот (ҳеч нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?! Мушриклар турли бут-санамларни) Оллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларини) айтингларчи? Балки сизлар (Оллоҳга) Ер юзидаги У Зот билмайдиган бирон нарсанинг хабарини берарсизлар?! Ёки (ёлғонлиги) аниқ зоҳир бўлган сўзлар билан (ҳеч қандай иш-амал қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни худо деб сиғиниб юрибсизларми?») Йўқ, кофир бўлган ким-саларга ўзларининг макр-алдовлари (яъни, куфрлари) чиройли кўрсатилди ва улар (Ҳақ) Йўлдан тўсилдилар. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
Яъни, борлиқдаги барча жонзотни кўриб-кузатиб, Ўз ҳифзу химоясида асраб, уларга ризқу рўз бериб Тургувчи Зот, улар касб қилган ҳар бир иш-амалнинг яхшисига мукофот, ёмонига жазо бергувчи Зот, ҳеч нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган ва қўлларидан ҳеч бир иш келмайдиган тош-ёғочларга, яъни, жонсиз бут-санамларга ўхшайдими?! Албатта ўхшамайди, албатта Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолонинг ҳеч бир тенги, ўхшаши йўқдир. Лекин мана шу аён Ҳақиқатни англай олмаган мушриклар ўз қўллари билан ясаб олган турли-туман бут-санамларни Оллоҳтао-лонинг шериклари деб, уларга сиғиндилар.
“(Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) Яратгувчи Зот - Оллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?!” (Наҳл сураси, 17-оят). “Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Оллоҳга) шерик қиладиларми?! Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто ўзига ўзи ёрдам қила олмайдиган (нарсаларни Оллоҳга шерик қиладиларми?!) (Аъроф сураси, 191-192-оятлар).
Яъни, мушриклар сиғинадиган бут-санамлар уларга тоат-ибодат қилган кимсаларга бирон ёрдам кўрсатишга ҳам, у бутларга сиғинмаган одамларга бирон зиён етказишга ҳам қодир эмаслар, ҳатто ўша бутларнинг ўзларига бирон зиён етадиган бўлса, ана ўша зиённи дафъ қилиш ҳам қўлларидан келмайди-ку?! Қандай қилиб ақли-хуши жойида бўлган киши у жонсиз-ожиз бутларга сиғиниши дуруст бўлсин?!
Айрим бутпараст мушриклар ибодат чоғида ўзлари сиғинадиган бут-ҳайкалларнинг оғзига асал ва бошқа ширинликларни суркаб қўйишар эди. Шунда ширинликка ўч бўлган чивинлар у ҳайкалларнинг устига ёпирилиб келишиб асалхўрлик қилишар, тўйишгач, у бутларни булғашар, улар эса жонсиз ёғоч-тош бўлганлари учун қилт этмасдан, устларида нима бўлаётганини ҳам билмасдан тураверишар, уларга сиғинаётган бут-парастлар бўлса, бутларининг нақадар ожиз-нотавон эканини ўз кўзлари билан кўриб туриб ҳам яна улардан мадад сўраб дуо-илтижо қилавери-шарди.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Сизлар (бутларингизнинг) номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларини) айтиб берингларчи? Балки сизлар (Оллоҳга) Ер юзидаги У Зот билмайдиган бирон нарсанинг хабарини берарсизлар?! Ёки (ёлғонлиги) очиқ-зоҳир бўлган сўзлар билан (ҳеч қандай иш қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни худо, деб сиғиниб юрибсизларми?!)”
Яъни, эй мушриклар, сизлар ўша дуо-илтижо қилиб сиғинаётган бутларингизнинг номларини атаб, сифатларини баён қилиб, улар қандай куч-қудратга эга эканликларини айтиб берингларчи?! Улар оддий тош ёки ёғочликдан ташқари яна қандай хусусиятларга эга эканлар? Ўзларининг обидларига қандай фойда ёки зиён етказа оларканлар? Агар сизлар ўша бутларингизнинг қўлларидан келадиган бирон ишни айтиб бера ол-саларингиз, у ҳолда борлиқдаги барча нарсани Билгувчи бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога Ер юзида У Зот билмайдиган нарсалар ҳам борлиги ҳақида хабар берган бўласизлар! Агар айтиб бера олмасангизлар - ҳеч қачон айтиб бера олмайсизлар ҳам - у ҳолда сизлар хурофот-сафсата эканлиги очиқ-зоҳир бўлган қуруқ сўзларга, ўзларингиз тўқиб олган афсоналарга ишониб, ўз қўлларингиз билан ясаб олган қўғирчоқ бутларга сиғиниб юрган нодон кимсалар эканлигингиз ўзларингизга ҳам аниқ маълум бўлади. “Йўқ, улар билан мунозара қилиш, ҳужжатлашиш тамоман бефойдадир, чунки кофир бўлган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари (яъни, куфрлари ва мусулмонларга қарши қилаётган турли ҳийла-найранглари) чиройли кўрсатилди ва улар (Ҳақ) Йўлдан тўсилдилар. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас”.
Яъни, мушрик-кофирларнинг Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуди Барҳақ деб иймон келтирмасликларига ва Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи қилишларига сабаб, уларни Оллоҳ Тўғри Йўлдан оздириб қўйгандир. Бас, бошқа биров уларни ҳидоят қила олмайди. Чунки “кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас”. Энди улар ўзларининг зулм ва туғёнларида сарсон бўлиб юраверадилар, ўзлари тўқиб-топиб олган йўлларини бирдан-бир тўғри йўл деб даъво қилаверадилар. Агар у йўллари нотўғри экани аён бўлиб қолса ҳам, асло Тўғри Йўлга эмас, балки аввалги нотўғри йўлларидан ҳам нотўғрироқ, ноинсонийроқ йўлларга эргашиб кетаверадилар, аммо ҳеч қачон Тўғри Йўлга ҳидоят топа олмайдилар.
Муфассир уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло адаштирди деган сўз асло Оллоҳуларни адашишга мажбур қилди, дегани эмасдир, балки уларнинг қалбларига куфр ўрнашиб, ўз ихтиёрлари билан зулм ва туғён йўлини танлашгач, Оллоҳ таоло уларни Тўғри Йўлни кўрмайдиган, у Йўлга даъват қилинса юрмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Ундай адашганлар тўғрисида бир сурада шундай дейилади: “Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!”. (Мутаффифун сураси, 13-14-оятлар).
Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.

34. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бордир. Ва шак-шубҳасиз, Охират азоби оғирроқ-қаттиқроқдир. Уларни Оллоҳ (азоби)дан сақловчи (бирон кимса ёки нарса) йўқдир.
Яъни, одамларни турли макр-ҳийлалар билан Ҳақ Йўлдан тўсгувчи мушрикларга мана шу дунёнинг ўзида ҳам жангларда қирилиш, асирга тушиш, қуллик, хорлик ва яна бошқа турли бало-мусибатлар уларнинг қилган жиноятлари учун нақд жазо қилиб берилур, аммо кофирлар ҳаёти дунёда дучор бўладиган мазкур жазо улар Охират диёрида оладиган жазолари олдида ҳеч нарса эмасдир.
Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта дунё азоби Охират азоби олдида жуда енгилдир”, деб ҳабар берганлар. (Муслим ривояти, “Тафсири Мунийр” китобидан).
Чунки дунё азоби муваққатдир, Охират азоби эса дунёдаги оловга нисбатан етмиш баробар қаттиқроқ бўлган дўзах ўтида абадул-абад ёнишдир.
“Уларни Оллоҳ (азоби)дан сақловчи (бирон кимса ёки нарса) йўқдир”.
Ушбу ояти карима Оллоҳтаоло мушрик, кофирларни нафақат Охиратда, балки мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида ҳам турли-туман азоб-уқубатларга гирифтор қилиши аниқ экани ва бу азоб-уқубатлардан у кофирлар-ни ҳеч ким ҳимоя қила олмаслиги ҳақида берилган Илоҳий Хабардир.

35. Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли - унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари мангудир. Бу - тақво билан ўтган зотларнинг оқибати - келажагидир, кофирларнинг оқибати эса дўзаҳдир.
Юқоридаги оятда кофирлар дунёда ҳам, Охиратда ҳам Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлишлари аниқ экани ҳақида хабар берилгач, ушбу ояти каримада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло куфр ва ширкдан ҳазар қиладиган тақводор - парҳезкор мўминларга ваъда қилинган жаннатнинг сифатини баён қилиб,у жойдаги ноз-неъматлар ҳеч қачон тугамаслиги ва у боғу бўстоннинг соя-салқини ҳам мангу экани, жаннат аҳли яшайдиган мунаққаш ва музайян қасрлар остидан абадул-абад анҳор-дарёлар оқиб туриши ҳақида хабар беради ҳамда ушбу гўзал оқибатга - Илоҳий Неъматга фақат ҳаёти дунёдан тақво билан ўтган кишиларгина эришишларини, кофир-мушриклар эса, охир-оқибатда шак-шубҳасиз дўзахга тушишларини яна бир бор таъкидлайди.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар Қиёмат) Соатини ёлғон деганлар. Биз эса у Соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар. (Шунда уларга): “Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз”, дейилур). (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!” У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат - борар жой бўлди. Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари (муҳайё) бўлур. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги сўралгувчи ваъда бўлди”. (Фурқон сураси, 11-16-оятлар).
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари), дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси 15-оят).
Ояти карима мазмунидан жаннат Оллоҳ таоло томонидан яратилиб, тақво эгалари учун тайёрлаб кўйилгани ва у жойдаги анҳор-дарёлар ҳеч қачон қуриб қолмасдан доимий оқиб туриши, ундаги ноз-неъматлар, мева-ю соялар тугаб - йўқ бўлиб қолмаслиги маълум бўлганидек, дўзах ҳам Оллоҳ таоло томонидан яратилиб, кофирлар учун тайёрлаб қўйилгани ҳам маълум бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилади: “У (жаннат) тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир”. Яъни, жаннат Оллоҳдан қўрқадиган инсонларни - ўз эгаларини кутиб турибди. Демак, жаннат ҳозирда бўлмаган, энди яратиладиган жой эмас, балки тайёрлаб қўйилган, ҳозирда мавжуд бўлган жойдир, унинг йўли Қуръони Мажид ва Ҳадиси Шарифда кўрсатиб кўйилгандир, бас, ўша энг олий манзил томон шошилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарздир.
“Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шуб-ҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир”. (Бақара су-раси, 23-24-оятлар).

36. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар Сизга нозил қилинган Нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан Сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) бир қисмини инкор қиладиган кимсалар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: “Албатта, мен Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен фақат Ўша Зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва Ёлғиз Унинг Ўзига қайтишим бордир”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, илгари нозил қилинган Таврот ва Инжил китобларининг аҳллари орасида ҳам Қуръони Азим Ҳақ Каломуллоҳ эканига ишонадиган кишилар борлиги ҳақида хабар беради. Барча тафсир китобларида ривоят қилинишича, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Нажоший каби айрим кишилар Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломга Қуръон нозил бўлганидан хабар топишгач, ўзларининг Китоблари - Таврот ва Инжилдаги Оллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шодланишиб, Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган эканлар. Бу хусусда бошқа суралардан жой олган оятларда ҳам айтилган: “Биз Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир”. (Бақара сураси, 121-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Ҳабаш юртидан Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга кемада келган кишилар ҳақида - асли насроний бўлган, Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларни кўриб, улардан Қуръон тинглаб, Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эшитганларидан кейин Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан Исломни қабул қилган кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар қирқ киши эдилар.
Захҳок эса мазкур оятни яҳудлардан иймон келтирган Абдуллоҳ ибн Салом, Саъя ибн Амр, Таммом ибн Яҳудо, Каъбнинг икки ўғли Асад билан Усайд, Ибн Ямин ва Абдуллоҳ ибн Суриё каби кишилар ҳақида нозил бўлган, дейди.
Ҳар икки тафсир ҳам ишончли ва ибратлидир. Демак, аҳли китоблар ичида ҳам Тўғри Йўлга юрган, яъни, Исломни қабул қилган кишилар ўтмишда бўлган. Алҳамдулиллоҳ, уларнинг орасидан иймонга келаётган, Ислом Динини қабул қилиб, Куръони Азим кўрсатмаларига амал қилаётган мўмин-мусулмонлари ҳозирда ҳам бор. Иншооллоҳ, келажакда ҳам бўлур. Улар ҳақида бошқа сураларда ҳам ибратли оятлар бор: “Биз (Куръондан) илгари Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни, яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни, Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: “Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни, Оллоҳни Ягона билиб бўйин-сунувчилар) эдик”, дерлар. Ана ўша зотларга (дину иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни, сабр-тоқат) билан ёмонликни (яъни, ко-фирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. (Қасас сураси, 52-53-54-оятлар). “Айтинг: “(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз Қуръонга) иймон келтиринглар, (хоҳласангиз) иймон келтирманглар. Албатта (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм берилган кишилар (яъни, аҳли Китоб орасидаги мўминлар) уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар”. (Ал-исро сураси, 107-оят).
“(Яҳудий ва насронийлардан Сизга қарши бўлган) тўдалар орасида унинг (Қуръоннинг) баъзи бир қисмини инкор қиладиган кимсалар бордир”.
“Тафсири Мунийр”да айтилишича, Қуръоннинг айрим оятларини тасдиқлаб, айрим оятларини инкор қиладиган тўдалардан мурод, яҳудий Каъб ибн Ашраф, Нажрон насронийларининг епископи Оқиб ва уларнинг тобеларидир. Улар Қуръони Каримдаги ўзларининг шариатларига мувофиқ бўлмаган оятларни инкор қилар эдилар. Ҳақ таоло Ўз Элчисига мазкур ҳизбларга мана бундай жавоб қилишни буюради: “ Сиз (уларга) айтинг: “Албатта, мен Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка маъмурман (амр этилганман). Мен фақат Ўша Зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва Ёлғиз Унинг Ўзига қайтишим бордир”.
Яъни, Мен ҳам ўзимдан илгари юборилган барча пайғамбарлар каби Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга, Унга бирон кимса ёки нарсани ширк келтирмасликка буюрилганман. Бас, мен бошқа инсонларни ҳам Ёлғиз Унга ибодат қилишга даъват этаман, чунки сизлар ҳам, мен ҳам - барчамиз ҳисоб-китоб бериш учун Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтишимиз аниқдир.
Бу ҳақда Ол-и Имрон сурасида шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Эй аҳли Китоб” (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз -Ёлғиз Оллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Оллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик”. Агар улар (яъни, аҳли Китоблар ушбу даъватдан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар, (эй мўминлар): “Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар -Ягона Оллоҳга итоат қилгувчилармиз”, деб айтингиз!”. (Ол-и Имрон сураси, 64-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Ўзининг севикли ва сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Му-ҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, аҳли китобларни, яъни, барча яҳудий ва насронийларни бир сўзга - “ла илаҳа иллаллоҳ” Калимасига даъват қилишни буюради.
Чунки аввал юборилган барча пайғамбарлар, Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган барча саҳифалар, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон китоблари - барча-барчаси “Ла илаҳа иллаллоҳ”га, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга, шариат қонунларини буюриш, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққи фақат Оллоҳники эканини тан олишга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка даъват қилган ҳамда Оллоҳни қўйиб одамлар бир-бирларини худо қилиб олмасликлари керак эканини айтган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар”, деб ваҳий юборгандирмиз”, (Анбиё сураси, 25-оят). “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: “Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (яъни, ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Наҳл сураси, 36-оят).
Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир”, деган калима фақат Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам келтирган сўз бўлмай, балки Одам алайҳис-саломдан бошлаб барча пайғамбарлар ўз қавмларига мана шу Калима билан юборилган эканлар. Демак, барча пайғамбарлар бир Динга - Исломга даъват қилган эканлар. Бас, кимда-ким Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмаса, У Зот юборган пайғамбарларга итоат қилмаса, у ҳолда муқаррарки, ундай кимса Оллоҳни қўйиб, ўзига ўхшаган одамларга сиғиниб, Холиқнинг Ҳақ Қонунини ташлаб, махлуқларга қул бўлиб юраверади.

37. Шунингдек, (яъни, илгари ўтган пайғамбарларимизга ўз тиллари-да ваҳий юборганимиз каби Сизга) Биз уни (Қуръонни) арабий Ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасамки, агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ўзингизга келган Билим (яъни, Қуръон)дан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, у ҳолда Сиз учун Оллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас.
Ушбу ояти карима Оллоҳтаоло аввал-у охир юборган барча элчи-пайғамбарлар қавмларини ўзларининг она тилларида даъват қилганларига, уларга нозил қилинган самовий Китоблар ҳам ўша қавмларнинг тиллари-да нозил қилинганига Қуръоний Далилдир. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Биз ҳар бир элчи - пайғамбарни, токи у (Бизнинг Ҳукмимизни ўз қавмига) аниқ баён қилиб бериши учун ўша қавмнинг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик”. (Иброҳим сураси, 4-оят).
Ҳақ таоло бу ўринда Қуръонни Ҳукм деб атайди. Чунки инсоният ўз ҳаёти давомида рўбарў бўладиган ҳар бир масъаланинг энг аниқ ва бирдан-бир тўғри ҳукми Қуръони Азимда баён қилингандир. Ушбу азиз Китоб оятлари бизга Ҳақ нима, ботил нима эканини ажратиб беради, нима ҳалол-у нима ҳаром, нима савобу нима гуноҳ эканини баён қилади ва бизни икки дунё саодатига элтгувчи барча шаръий ҳукмлардан хабардор қилади. Бас, Қуръон Оллоҳ таолонинг инсонлар учун нозил қилган Илоҳий Ҳукмидир ва ҳар бир мусулмон бу Ҳукмга бўйсуниши вожибдир. Энди бу Ҳукм арабий Ҳукм бўлганининг боиси эса, Юсуф сурасининг 2-ояти тафсирида ала қадри ҳол баён қилинди.
“Қасамки, агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ўзингизга келган бу билимдан сўнг уларнинг ҳою ҳавасларига эргашсангиз, Сиз учун Оллоҳ томонидан бирон дўст ҳам, сақловчи ҳам бўлмас”.
Муфассир уламоларнинг айтишларича, ушбу жумлада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, бу Илоҳий Хитоб гўё “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит”, қабилидаги бир киноя бўлиб, барча аҳли илмларга қаратилган қаттиқ огоҳлантиришдир. Ҳақ субҳонаху ва таоло ушбу жумлада уларни Ҳақ Диндан, Илоҳий Ҳукм-дан хабардор бўлганларидан кейин агар ўша билган илмларига амал қилиш ўрнига залолат аҳлининг турли-туман йўлларига эргашиб кетадиган бўлсалар, у ҳолда Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.

38. Дарҳақиқат, Биз Сиздан илгари ҳам (кўп) элчилар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. (Оллоҳнинг Изнисиз) бирон элчи-пайғамбар бирон оят-мўъжиза келтирган эмас, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир.
Қуртубий ўз тафсирида ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида шундай дейди: “Яҳудлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўп аёл олганликда айблаб: “Биз бу кимсанинг хотин олиш, уйланишдан бошқа ташвиши йўқ эканини кўрмоқдамиз. Агар у ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлганида пайғамбарлик иши уни аёллардан тўсиб қўйган бўлар эди”, дейишганида Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва уларга ўша ўзларининг бани Исроил қавмидан бўлган Довуд ва Сулаймон алайҳимас-саломнинг ишларини эслатиб: “Дарҳақиқат, Биз Сиздан илгари ҳам (кўп) элчи-пайғамбарлар юборганмиз ва улар учун жуфтлар ва зурриётлар ато қилганмиз”, деди”. “Танвирул-азҳон тафсирида ривоят қилинишича, Довуд алайҳис-саломнинг юз аёли ва уч юз канизаги бўлган, унинг ўғли Сулаймон алайҳис-саломнинг эса, уч юз нафар хотини ва етти юзта канизаги бор эди. Бас, ўша қавмдан бўлган яҳудлар қандай қилиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўп хотин олишда айблай оладилар?!
“Тафсири Мунийр”да: “Пайғамбар алайҳис-саломнинг элликтўрт ёш-дан ўтганларидан кейин - одатда бундай ёшга чиққан кишиларнинг аёлларига рағбатлари заифлашиб қолади - бир неча аёлга уйланганларида Исломий даъватни жуфти ҳалоллари орқали аёллар ўртасида ҳам кенг ёйиш; ўзлари уйланган араб қабилалари ўртасини қариндошлик риштаси билан боғлаб, уларнинг ўрталарида дўстлик-иттифоқлик барпо қилиш; кўп аёлли эркаклар учун ўз аёллари ўртасида адолат қилишда ва уларга гўзал муомала қилишда намуна бўлиш; жанг-у жадалларда ўз жуфтларидан айрилиб қолган аёлларни никоҳларига олиш билан уларга ва уларнинг етим қолган фарзандларига меҳр-мурувват кўрсатиш каби ҳикматлар мужассам эди”, дейилади.
Шунингдек, ояти каримада барча мўминлар учун никоҳга, оила қуришга тарғиб, сўққабошликдан қайтариш каби маънолар ҳам мужассамдир. Чунки уйланиш, фарзандли бўлиш пайғамбарлардан мерос бўлиб қолган суннатлардан эканки, бу хусусда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ҳам биз умматларига панд-насиҳат тарзида қатор ҳадислар ворид бўлгандир: Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйланинглар! Чунки мен сизлар(нинг оила куриб кўпайишларингиз) билан бошқа барча ум-матлардан кўп бўлурман”, деб буюрдилар.
Табароний Анас розияллоху анхудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким уйланса, иймоннинг ярмини комил қилибди. Энди у қолган ярмида Оллоҳдан қўрқсин!” Ушбу ҳадис мазмуни, никоҳ кишининг зинодан пок бўлишига сабабдир, бу поклик эса, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кишининг жаннатга кири-шига сабаб бўлади, деб кафолат берган икки хислатдан биридир. У зоти бобарокот: “Кимни Оллоҳтаоло икки нарсанинг ёмонлигидан соқол-мўйлови ўртасидаги нарса (яъни, тилнинг ёмонлиги)дан ва икки оёғи ўртасидаги нарса(нинг ёмонлигидан, яъни, зино)дан - асраса, у киши жаннатга киради”, дедилар: (“Муватто”китобидан).
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтди: “Уч киши Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари уйларига келдилар ва улардан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тун-кечаларда қиладиган ибодатлари ҳақида сўрадилар. Хабардор бўлганларидан кейин эса, гўё кўнгиллари тўлмагандек: “Бизлар қаёқдамиз-у, Пайғамбар алайҳис-салом қаёқдалар? Оллоҳ таоло у зотнинг аввал-у кейинги барча гуноҳларини кечириб юборганку”, дейишиб, улардан бири: “Мендан сўрасанглар, умрим давомида тунлари бедор бўлиб намоз ўқиб чиқаман”, деди, бошқаси: “Мен бирон кун ҳам оғзимни очмай доимо рўза тутаман”, деди, учинчилари эса: “Мен бўлсам, аёллардан узлат қиламан - ҳеч қачон уйланмайман”, деди, Бас, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам келдилар-да, улардан: “Мана бу, мана бу сўзларни сизлар айтдиларингизми? Оллоҳга қасамки, мен сизларга нисбатан Оллоҳдан кўпроқ қўрқаман - сизлардан кўра тақводорроқман, аммо мен айрим кунлари рўза тутганим каби, айрим кунлари оғзим очиқ ҳолда ҳам бўламан, айрим тунлари бедор намоз ўқиб ўтказганим каби, айрим тунлари ухлайман ҳам, шунингдек, мен аёлларга уйланиб оилавий ҳаёт кечираман. Бас, кимда-ким менинг мана шу суннатимдан юз ўгирар экан, у мендан эмас!” дедилар.
“(Оллоҳнинг Изнисиз) бирон элчи-пайғамбар бирон оят-мўъжиза келтирган эмаодир, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб - ҳукм бордир”.
Мушрик-жоҳил кимсалар Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган энг Буюк Мўъжиза - Қуръони Каримга иймон келтиришдан бош тортиб, у зотдан ўликларни тирилтириб бериш; тоғларни жойидан жилдириш; бир шаҳарни йўқ қилиб, ўрнига бошқа шаҳарни барпо қилиш каби мўъжизалар кўрсатишни талаб қилганларида уларга раддия сифатида нозил бўлган бу жумлаларда Ҳақ таоло пайғамбарларга мўъжиза ато этиш Ёлғиз Ўзининг Қўлида эканини, бирон пайғамбар ўз ихтиёрича мўъжиза кўрсата олмаслигини таъкидлаб, ҳар бир вақт учун Яратган томонидан ёзиб - аниқ белгилаб қўйилган китоб, яъни, ҳукм борлигини ва бу Илоҳий хукмни Ёлғиз Ундан ўзга ҳеч ким ўзгартира олмаслигини эслатади.
Ояти карима тафсирида Замахшарий айтади: “Ҳар бир вақт учун бандаларга ёзиладиган, уларнинг салохдятларини - бахт-саодатда ҳаёт кечиришларини таъминлайдиган китоб-ҳукм бўлади. Оллоҳтаоло бандаларга буюрган шариат аҳкомлари ҳам вақт-аҳвол ўзгариши баробарида ўзгариб, Илоҳий Ҳикмат билан янгиланиб тургани маълум. Масалан, Мусо ва Ийсо алайҳимас-салом каби ўтмишдаги пайғамбарларнинг умматларига буюрилган шариат қонунлари ўша давр учун энг муносиб қонунлар бўлиб, сўнгра вақти-соати келганида Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни юбориб, у зотга то Қиёматгача ўзгармайдиган-бузилмайдиган, барча асрлар учун бирдай салоҳиятли Шариати Исломийяни нозил қилдики, бу жараён худди беморларнинг аҳволи ўзгариши билан ҳакими ҳозиқ томонидан улар учун белгиланган давомалҳамларни ўзгариб туришига ўхшайди. Худди шунингдек, инсонларнинг умрлари, ажаллари, ризқу рўзлари ва қиладиган иш-амаллари ҳам Яратган томонидан аниқ ёзиб-белгилаб қўйилган муддатдан бирон сония олдин ҳам, кейин ҳам эмас, балки айни Китобда - Лавхул-Маҳфузда ёзилган вақтда амалга ошиши аниқдир”.

39. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган хукмни) устивор қилур. Асил Китоб (яъни, Лавхул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир.
Ақидайи Исломийянинг асосий рукнларидан бири бўлмиш қазо ва қадар масъаласига оид ушбу ояти карима мазмуни бениҳоя кенг ва теран бўлгани сабабдир, буюк саҳобайи киром ва уламойи изом уни турлича тафсир қилганлар, оят маъносини яхшироқ англашимизга ёрдам берадиган, бири бирини тўлдирувчи шарҳ ва изоҳлар битганлар:
Саид ибн Жубайр ва Қатода айтадилар: “Оллоҳ таоло Ўзининг Қонун ва Фармонларидан Ўзи хоҳлаганини ўчириб, насх қилади - хукмини тўхтатади, хоҳлаганини насх қилмай, собит-барқарор қилади”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Оллоҳтаоло Ўзи хоҳлаган нарсани ўчириб бекор қилади ва хоҳлаганини собит-барқарор қилади, магар бандаларининг ризқи, ажали, бахтли ё бахтсизлигини ўзгартирмайди”.
Ҳузайфа ибн Усайд розияллоху анхудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Нутфа бачадонда қарор топганига қирқ ёки қирқ беш кеча бўлганида унинг устига бир фаришта кирур ва: “Ё Роббий, бу нутфа ўғилми ё қизми?” дер. Бас, Оллоҳ хукм қилур, фаришта ёзиб қўяр. У яна: “Ё Роббим, бахтсизми (яъни, дўзахими) ё бахтлими (яъни, жаннатими)? дер. Бас, Оллоҳ хукм қилур, фаришта ёзиб қўяр. У яна нутфанинг амали, қолдирадиган изи, ажали ва ризқи ҳақида сўрар. Бас, Оллоҳ ҳукм қилур, фаришта ёзиб қўяр, сўнгра саҳифа ўраб - муҳрлаб” қўйилур, бас, унга қўшилмайди ҳам, ундан камайтирилмайди ҳам”.
Умар ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло хоҳласа, у нутфанинг бахтли ё бахтсизлигини, ризқи ва ажалини ҳам ўчириб, Ўзи хоҳлаган нарсани ёзур.
Умар розияллоҳу анҳу йиғлаган ҳолида Байтуллоҳни тавоф қилар ва: “Оллоҳим, агар Сен қазо ва қадарингда мени батли кишилар қаторига ёзган бўлсанг, ўша ҳолда барқарор қилгин. Аммо агар менга бахтсизликни ёзган бўлсанг, у ҳолда мени бахтсизлар қаторидан ўчириб юборгин ва саодат, мағфират аҳллари қаторига ёзиб қўйгин, чунки Сен Ўзинг хоҳлаган нарсани ўчириб юборурсан, Ўзинг хоҳлаган нарсани собит-барқарор қилурсан, Асил Китоб Сенинг даргоҳингдадир”, дер эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ҳам худди шундай ривоят ворид бўлгандир.
Заҳҳок ва Калбий айтадилар: “Оят маъноси - фаришталар Одам болаларининг барча амалларини ва ҳамма сўзларини ёзурлар, сўнг Оллоҳ таоло фаришталар ёзган номайи аъмоллардан бандалар айтган рост сўзлардан “едим, ичдим, кирдим, чиқдим”, каби савоби ҳам, гуноҳи ҳам йўқ бўлган сўзларни ўчириб юборур ва савоб ёки гуноҳ бўлган сўз-амалларни ёзилган ҳолда қолдирур”.
Атийя Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Ояти карима-да сўз икки тоифа одамлар ҳақида боради. Улардан бири бир кимсаки, умрининг аввалида Оллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодат, солиҳ амаллар қилади-да, сўнгра Оллоҳга итоатсизлик қилиб, гуноҳ-маъсиятга ботади ва мана шу залолатда адашган ҳолда ўлади. Бундай кимсанинг аввал қилган барча амалларини Оллоҳтаоло ўчириб юборади. Бошқа бир инсон эса, Оллоҳ таолога тоат-ибодат ва солиҳ амаллар қилади ва мана шу тоат-ибодат билан умрини ўтказиб, Тўғри Йўлда бўлган ҳолида вафот этади. Бас, Оллоҳ таоло унинг қилган барча яхши амалларини собит-барқарор қилади”.
Саид ибн Жубайр айтади: “Оллоҳтаоло бандаларининг гуноҳларидан Ўзи хоҳлаган гуноҳларни ўчириб, йўқ қилиб юборур, Ўзи хоҳлаганини собит-барқарор қилур, яъни, уларни мағфират қилмас”.
Икрима айтади: “Ояти карима мазмуни - Оллоҳ таоло тавба қилган бандаларининг гунохдарини ўчирур ва у гуноҳларни ҳасанотларга айлан-тириб собит-барқарор қилур. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир оятда шундай дейди: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Оллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.”. (Фурқон сураси, 70-оят). (“Маолимут-танзийл” ва “Танвирул-азҳон” тафсирларидан).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган: “Ким умри узайишини ва ризқи кенг бўлишини хоҳласа, Оллоҳ таолодан кўрқсин ва қариндош-уруғлари билан доимо боғланиб, борди-келди қилсин”, деган саҳиҳ ҳадис ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан “Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйилганидан сўнг қандай қилиб умр узайтирилади?” деб сўраганларида у мана бу ояти каримани ўқиди: “У (Оллоҳ) шундай Зотки, сизларни (Отангиз Одам Атони) лойдан яратди, сўнгра ажални (яъни, яшаш муддатларингизни) ҳукм қилиб - белгилаб қўйди. Унинг ҳузу-рида яна бир белгиланган ажал (яъни, тирилиш муддати) бордир. Шундан кейин ҳам сизлар (эй кофирлар), шак-шубҳа қилмоқдасиз!”. (Анъом сураси 2-оят).
Ушбу оятда Ҳақ таоло катта оламни - осмонлар ва Ерни, зулматлар ва нурни яратганини зикр қилгач, ушбу ояти каримада энди кичик оламни - инсонни яратганини зикр қилади ва одамзотнинг асли ердан - мана шу ҳақир, оёқости тупроқдан қорилган лойдан эканини айтади. Гарчи Оллоҳ таоло биринчи инсон - Одам алайҳис-саломни тупроқдан, унинг авлод-ларини эса нутфадан - бир томчи сувдан яратган бўлса-да, ояти каримада барча инсонларни тупроқдан яратганини айтади. Уламолар бу сўзни икки хил тафсир қилганлар. Биринчиси, барча инсонлар Одамдан тарқалгани, Одам эса тупроқдан яралгани учун инсон зоти тупроқдан яралган ҳисобланади, деган тафсир бўлса, иккинчиси, инсоннинг асли бўлган нутфа ердан униб чиққан нарсалар истеъмолидан ҳосил бўлгани эътибори билан ҳар бир инсон ердан - тупроқдан яралган ҳисобланади, деб тафсир қилинади.
Ҳар ҳолда ушбу иборадан одамзотнинг асли бошқа бирон жонивор эмаслиги маълум бўлганидек, инсонни жонсиз тупроқдан яратган Зот унга жон ва гўзал сурат бергани каби у вафот қилганидан кейин жонсиз жасадини қайта тирилтиришга ҳам Қодир экани маълум бўлади.
Шунингдек, ўзлигини унутиб, ҳаволаниб, бошқаларга юқоридан қарайдиган кимсаларни ушбу ояти карима бир зарб билан ерга тушириб қўяди.
“Сўнгра ажални (яъни, яшаш муддатларингизни) ҳукм қилиб - белгилаб қўйди”.
Энди ҳар бир яралгувчи каби инсон ҳам бу дунёга вақтинча қўноқ экани, ҳали у дунёга келмасиданоқ кетадиган муддати аниқ белгилаб қўйилгани ҳақида хабар берилади. Аммо Ёлғиз Яратганнинг Ўзига маълум бўлган бу муддат қачон келишини бошқа ҳеч ким билмайди. Фақат инсон ён-атрофидан бирин-сирин вафот қилиб кетаётган кишилар ичида кексалар бўлгани каби ёшлар ҳам борлигига, беморлар бўлгани каби соппа-соғ одамлар ҳам борлигига ибрат назари билан қараса, уларнинг ўлимига касал эмас, ажал сабаб бўлаётганини аниқ кўради ва ўзининг ҳам ҳаёт-мамоти ўша ажал муддатини белгилаб, аммо унинг қачон келишини бандаларидан яшириб қўйган Зот Қўлида эканини англаб етади.
“Унинг ҳузурида яна бир белгилаб қўйилган ажал (яъни, тирилиш муддати) бордир”.
Яъни, одамларнинг ер устидаги ҳаётлари аниқ белгилаб қўйилгани каби, уларнинг ер остидаги ҳаётлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган ва бу муддатнинг қачон келиши ҳам худди аввалгисидек Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига аёндир.
Маълум бўладики, Ҳақ таоло Одам алайҳис-саломни тупроқдан яратган кунида Қиёмат Соати қачон келишини ҳам аниқ белгилаб қўйгандир. Шунингдек, Одам болаларидан ҳар бирининг ернинг устида юрадиган муддати ҳам, ернинг остида турадиган муддати ҳам Унинг ўзига маълумдир. Аммо шу билан баробар у муддатларнинг бирини узайтириб, бошқасини қисқартириб қўйиш ҳам Ёлғиз Унинг Ихтиёридадир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оллоҳ таоло ҳар бир киши учун икки ажал муддатини хукм қилди - белгилаб қўйди. Улардан биринчиси, унинг туғилганидан вафотигача бўлган муддат, иккинчиси эса ўлганидан қайта тирилгунича бўлган муддатдир. Бас, агар у инсон яхши-тақволи, қариндош-уруғлари билан доимий борди-келди қиладиган киши бўлса, унинг қабрдаги ётадиган муддатидан олиниб, умрининг муддатига қўшиб қўйилади, агар у нопок-итоатсиз ва қариндош-уруғлари билан алоқасини узган кимса бўлса, унинг умридан қисқартирилиб, қабрда ётадиган муддатига қўшиб қўйилади. Оллоҳ таолонинг мана бу сўзи шу ҳақдадир: “Оллоҳ сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барчаларингизни) нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз, Унинг билиши билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирил-мас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта, бу Оллоҳга осондир”. (Фотир сураси, 11-оят).

40. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз (кофирларга) ваъда қилаётганимиз азобнинг баъзиларини Сизга кўрсатсак ҳам, ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) Сизни вафот қилдирсак ҳам, (ҳар икки ҳолда) Сизнинг зиммангизда (Ҳақ Динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса (уларни) ҳисоб-китоб қилиш бордир.
Маълумки, ушбу сура Макка сураларидандир. У жойдаги мушрик кимсалар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган, ҳали саноқлари жуда оз бўлган мўминларга тинимсиз зулм ва зўравонликлар қилишиб, кундан-кунга ҳадларидан ошиб, гўё бу қилмишлари учун ҳеч қачон жазоланмайдигандек, куфр ва исёнлари учун Оллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмайдигандек хотиржам юрганларида Жаноби ҲақЎз Элчисига ушбу ояти каримани нозил қилиб, кофирларнинг барча жиноятларига Ўзи Гувоҳ бўлиб турганини ва ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини айтади ҳамда Ўзи кофирларга ваъда қилаётган азобнинг бир қисмини улардан айримларининг бошига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларидаёқ тушириши ҳақида хабар беради. Дарвоқеъ, ҳеч қанча вақт ўтмасдан Бадр жангида ва кейин Ҳунайн ғазотида Пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобайи киром бу Илоҳий хабарнинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрдилар - Макка мушрикларининг катталаридан кўпчилиги ўша жангларда Оллоҳ таоло кўкдан туширган малоикаларнинг қўллари билан ҳалок қилиндилар.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Ўзининг мушрик-кофир кимсаларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида берадиган турли азоб-уқубатлари Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши ҳақида хабар беради ва кофирларнинг бу дунёда азобга гирифтор қилинганлари ҳам, дунё азобидан қутулиб қолганлари ҳам, ҳаммалари Қиёмат Кунида Унинг ҳузурига тўпланишлари ва барча инсонлар қилмишларига яраша хисоб-қитоб қилинишларини айтиб, Ўз Элчисига у зотнинг зиммаларидаги вазифа ҳар қандай ҳолда Оллоҳ таоло юборган ваҳийни одамларга етгазиш эканини яна бир бор таъкидайди.
Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай дейилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, Сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз. Илло ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса; У ҳолда Оллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Албатта, уларнинг Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра албата, уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам Ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!”. (Ғошия сураси 21-26-оятлар).

41. (Макка мушриклари) Биз Ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Ислом Динини қабул қилиб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмадиларми? Оллоҳ ҳукм қилур - Унинг Хукмини таъқиб қилгувчи-текширгувчи бирон кимса йўқдир. У тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
Аксари муфассирлар ушбу ояти каримада зикр қилинган “Ернинг камайтирилиши”дан мурод, ширк-куфр диёрлари чор-атрофдан фатҳ қилиниб, мусулмонлар қўл остига ўтаётганидир, дейдилар. Чунки Ислом диёрлари кенгайиб борган сайин куфр диёрлари камайиб - йўқолиб бориши аниқдир. Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Қатода ва яна бир гуруҳ уламолар томонидан ривоят қилинган тафсирдир.
Яна бошқа уламолар: “Сўз Ернинг тобора хароб бўлиб бораётгани ҳақидадир. Яъни, ояти карима мазмуни: Макка мушриклари Биз Ерни тобора хароб қилиб, ундаги динсиз қавмларни ҳалок қилиб келаётганимизни кўриб-билиб турибдиларку! Нега мана шундай кун уларнинг бошларига ҳам тушиб қолишидан - Биз уларни ҳам ҳалок қилиб юборишимиз мум-кинлигидан қўрқмайдилар”, деганидир”, деб тафсир қилганлар.
Ато ва яна бир жамоат: “Ернинг камайиши - уламолар ўтиб кетиб, билимдон кишилар камайиб кетаётганларидир”, дедилар.
Дарвоқеъ, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу ҳақда огоҳлантирганлар. Абдулуллоҳ айтди: “Мен Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Аниқки, Оллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиб қўймайди, лекин У илмни уламоларни олиб кўйиш билан олиб қўяди. То қачонки Оллоҳ таоло бирон олимни қолдирмасдан олиб қўйгач, одамлар жоҳил кимсаларни бошлиқ қилиб оладилар, сўнг улар ҳеч қандай билимсиз фатволар бериб, ўзлари ҳам йўлдан озадилар, одамларни ҳам йўлдан оздирадилар” деяётганларини эшитганман”, деди. (Бухорий, Муслим ва Бағавийлар ривоят қилганлар).
Бу хусусда саҳобайи киром ва бошқа улуғ зотлардан ҳам асарлар қолган:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Илмни у тортиб олинишидан илгари маҳкам ушланглар. Аҳли илмнинг кетиб қолиши илмнинг тортиб олинишидир”.
Сулаймон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Модомики кейингилар илм олиб, билим-маърифат эгалари бўлгунларича аввалгилар ҳаёт бўлсалар, барча одамлар яхшиликдадирлар. Аммо агар кейингилар илмли бўлмасдан туриб аввалгилар ўтиб кетадиган бўлсалар, у ҳолда барча одамлар ҳалок бўлурлар”.
Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳдан: “Одамларнинг ҳалок бўлиб кетишларининг белгиси нима?” деб сўралганида, “Уларнинг орасидаги олимларнинг ҳалок бўлиши”, деб жавоб берди. (“Маолимут-танзил ” таф-сиридан).
“Унинг Хукмини таъқиб қилгувчи - текширгувчи бирон кимса йўқдир. У тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Яъни, бирон кимса Оллоҳ таолонинг Ҳукмини, Амр-Фармонини текширишга ёки ундан айб-нуқсон излашга ёки уни рад этишга ҳақли эмасдир.
Оят сўнггида Оллоҳ таоло нозил қилган оятларга иймон келтирмай кофир ҳолда яшайдиган кимсалар огоҳлантириладилар ва бу ҳаёт жуда тез ўтиб кетиши, Оллоҳтаоло ҳузурида ҳар бир иш-амал учун ҳисоб берадиган ва динсизлар энг олий жазога - дўзахга ҳукм қилинадиган Кун жуда тез етиб келиши таъкидланади.

42. Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига қарши турли) макр-ҳийлалар қилганлар. Аммо барча макр-ҳийлалар Оллоҳнинг (илкидадир. Демак, Ўша Зотдан изн бўлмаса, маккорларнинг макр-ҳийлалари ҳеч кимга зиён етказа олмас). У Зот ҳар бир жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар Охират диёри кимники эканини билиб олажаклар.
Ушбу ояти кариманинг аввали Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда барча мўминларга таскин-тасаллий, охири эса кофирлар учун ваъийд - қаттиқ огоҳлантиришдир. Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Макка мушрикларининг Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотга тобе бўлган мўминларга қарши қилган турли ёмонлик-фитналари ва ҳийла-ю найранглари каби макр-ҳийлалар ҳеч бир янгилик эмаслиги, балки илгари ўтган барча пайғамбарларга ҳам қавмлари тарафидан худди шунга ўхшаган ёмонликлар содир этилгани хақида хабар беради. Дарҳақиқат, Макка зодагонлари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши қилган макр ва суйиқасдлари худди узоқ ўтмишдаги Намруднинг Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломга қарши, Фиръавннинг Мусо алайҳис-саломга қарши, яҳудларнинг Ийсо алайҳис-саломга қарши, Самуд қабиласининг Солиҳ алайҳис-саломга қарши... қилган макр-фитналарининг айни ўзидир. Демак, Оллоҳ таолонинг Изни-Иродаси бўлмаса, ҳеч қандай макр-ҳийла иш бермаслиги, ёмонлар яхшиларга бирон зиён етказа олмаслиги тарихий ҳақиқат экан. Бас, ҳар бир мўмин бутун умри давомида ёмонларнинг ёмонликларидан қўрқмай, улар қилиши мумкин бўлган турли макр-ҳийлалардан чўчимай Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилмоғи ва У Зот кўрсатган Тўғри Йўлда собит-барқарор бўлмоғи, Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати санийяларига амал қилган ҳолда ҳаёт кечирмоғи лозим. Кофир кимсалар эса, яқинда - барча амаллар ҳисоб-китоб қилинадиган Қиёмат Кунида дўзах азобига ҳукм қилинган пайтларида, мўминларнинг жаннат дарвозаларидан кириб кетаётганларини ўз кўзлари билан кўрган вақтларида “Охират диёри кимники эканини билиб олажаклар”.
Макка мушрикларининг Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши қилган бир макр-ҳийлалари ҳақида мана бу ояти каримада зикр қилинган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), кофирлар Сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун Сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Оллоҳ ҳам “макр” қилур. Оллоҳ “маккор”роқдир”. (Анфол сураси, 30-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга бир ибратли воқеани - ҳали Макка шаҳрида турган вақтларида Қурайш кофирлари у зотга қарши қандай макр қилганларини ва Оллоҳ таоло у кишига кофирларнинг макридан қандай нажот берганини эслатади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа аҳли тафсир мазкур тарихий воқеа ҳақида шундай ривоят қилганлар: Қурайш қабиласидан бўлган Ибн Килоб исмли кимса Маккада бир доруннадва - йиғинлар ўтказадиган жой бино қилган эди. Бир куни қурайшликлар ўша жойда йиғилишиб, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлари ҳақида кенгаш қурдилар. Қурайшнинг ҳамма зодагонлари тўпланди. Кутилмаганда уларнинг олдига эски-туски кийимларга ўралиб олган қари чол қиёфасида иблис алайҳил-лаъна кириб келиб, ўрталарига ўтириб олди. Улар ҳайрон бўлиб: “Эй чол, нега сен бизнинг рухсатимизсиз хос суҳбатимизга кириб олдинг?”, дейишган эди, у: “Мен Нажд аҳлидан бўламан, Маккага келган эдим, сизларнинг сўзларингизни эшитишни истадим. Сизлар мендан яхши фикр ва маслаҳатлар олишингиз мумкин”, деди. Шунда улар бир-бирларига: “Бу одамнинг сизларга зиёни тегмайди”, дейишди-да, кенгашларини бошлашди. Қурайшликларни ташвишга солган нарса кундан-кунга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган кишиларнинг сони ортиб, ҳатто Ясриб - Мадина шаҳрида ҳам у зотга ёрдамчи бўлиб ансорийлар жамоаси пайдо бўлгани, Маккадан ҳижрат қилиб чиқиб кетган мусулмонларни у ансорийлар қучоқ очиб кутиб олаётганлари эди.
Биринчи бўлиб Қурайш катталаридан Амр ибн Ҳишом сўз бошлаб: “Менинг фикримча, Муҳаммадни бир уйга қамаб, қўл-оёқларини боғлаб қўйиш керак. Токи ўлгунича ўша жойда маҳбус бўлиб қолсин”, деган эди, иблис: “Нақадар ёмон фикр экан. У ҳолда унинг қавми келиб, сизларга қарши жанг қилиб уни қўлларингиздан қутқариб кетадику”, деди. Ўтирганлар: “Ҳақиқатан, чолнинг сўзи тўғри”, дейишди. Сўнгра Абу Бухтарий сўз олиб: “Менимча Муҳаммадни бир туяга ўтқазиб арқон билан ўраб боғлаб ташлаш керакда, Маккадан чиқариб юбориш керак, токи у туя боши оққан тарафга қараб кетсин ёки чўл-саҳроларда ҳалок бўлсин”, деди. Лаънати иблис яна орага кириб: “Бу фикр ҳам ярамайди. У ҳолда сизлар, жамоатларингизни бузган, ораларингиздан қанча одамларни ўзига тобеъ қилиб олган бир кимсани яна бошқалар-нинг олдига қўйиб юборган бўласизлар ва у бориб ўзининг ширин сўзи билан уларни ҳам бузади, натижада унинг чиройли сўзларига маҳлиё бўлган араблар жамланиб катта жамоатга айланадилар-да, келиб сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқарадилар ва катталарингизни қатл қиладилар”, деган эди, ўтирганлар яна: “Ҳақиқатан, чолнинг сўзи тўғри”, дейишди.
Энди Абу Жаҳл ўрнидан туриб: “Менинг ўйимча, Қурайшнинг ҳар бир маҳалласидан биттадан одам танланиб, ҳаммаси қуролланиб, барчаси баробарига бир вақтда Муҳаммадни қилич билан уриб ўлдиришлари керак, шунда унинг қасос қони барча уруғларга бўлиниб кетади ва унинг қавми-қариндошлари кимдан қасос олишларини билмай қоладилар, шунингдек, бутун Қурайшга қарши уруш қилишга ҳам юраклари дов бермайди. Агар унинг товонини тўлашни талаб қилишса, ҳаммамиз тўпланиб товон пулини тўлаймизда, ундан биратўла қутуламиз, деган эди, малъун иблисга бу сўз жуда маъқул бўлди ва у: “Оллоҳга қасам, мана шу йигитнинг сўзлари тўғри. Ораларингизда энг ақллиларингиз шу йигит экан. Унинг сўзи сўз, мен ҳам унга қўшиламан”, деди ва ҳаммалари мана шу фикрни қувватлаб тарқалишди. Бас, шу онда Оллоҳ таолонинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом тушиб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга бу ҳақда хабар берди. Ҳамда бу кеча одатда ётадиган ўринларида ётмасликларини тайинлаб, дарҳол Мадинага ҳижрат қилишлари керак эканлигини айтди. Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Абу Толибга бу кеча ўзларининг ўринларида ётишни буюрдилар ва: “Менинг мана бу тўнимга ўралиб олгин, сенга ҳеч қандай зиён етказа олмайдилар”, дедилар-да, ердан бир сиқим тупроқ олиб, ташқарида у зотни яна қочиб кетмасин деб қамал қилиб турган, тонг отиши билан барчаси бирданига бостириб кириб Ер юзидаги энг улуғ Инсонни қатл қилмоқчи бўлган Қурайш йигитлари устидан сочиб, “Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар). Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар”. (Ёсин сураси, 89-оятлар) оятини тиловат қилганларича уларнинг ёнларидан ўтиб, эсон-омон Маккадан чиқиб кетдилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга Савр тоғидаги бир ғорга бориб яшириндилар. Мушриклар эса, Оллоҳ таоло кўзларига парда қоплаб қўйгани учун ҳеч нарсадан бехабар, тун бўйи Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ётоқларида тунаган Алий каррамаллоҳу важҳахуни қўриқлаб чиқдилар. Тонг отгач, ёпирилиб кириб қарашса, Расулуллоҳнинг ўринларида Алий ётибди. “Соҳибинг қани?”, дейишган эди, Алий розияллоҳу анҳу: “Билмайман”, деб жавоб қилди. Изқувар ёллашиб, Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг изларидан боришиб, ҳалиги ғорнинг оғзига етишганда изни йўқотишди. Ғорнинг оғзини ўргимчак тўри қоплаб ётганини кўришгач: “Агар Муҳаммад бу ғорга кирганида ғорнинг оғзида ўргимчак тўри бўлмас эди”, дейишиб қайтиб кетишди. Бу мушрикларнинг Ҳазрати Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш учун қилган макрларига жавобан Оллоҳ таолонинг “макр”и эди.

43. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизга) кофир бўлган кимсалар: “Пайғамбар эмассан”, дейдилар. Айтинг: “Мен билан сизларнинг орамизда Оллоҳ етарли Гувоҳдир ва Китоб - Куръон илмидан хабардор бўлган (яъни, Оллоҳнинг Каломини бандаларнинг сўзларидан ажрата оладиган) ҳар бир киши (етарли гувоҳдир).
Сурайи кариманинг ушбу сўнгги оятида Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Эчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотни Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан юборилган ҳақ Пайғамбар эканликларини инкор қиладиган кофир-жоҳил кимсаларга қан-дай жавоб қилиш лозимлигини таълим беради. Жаноби Ҳақ гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз, олдингизга келиб: “Сен Оллоҳнинг элчиси эмассан, чунки сен бизлар талаб қилган: ўликни тирилтириб бериш, тоғни жойидан жилдириш, сахрони бир зумда боғ-чаманзорга айлантириш каби мўъжизаларни кўрсата олмадинг”, дейдиган мушрик-кофирларга айтинг: “Мен ўзимнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигимни исботлаш учун сизлар каби жоҳил-нодонларнинг гувоҳлик беришларингизга мутлақо муҳтож эмасман. Менга Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: “Муҳаммадун Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”, деб берган гувоҳлиги етарлидир: “У (Оллоҳ) Ўз Пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)ни Ҳидоят ва Ҳақ Дин (Ислом) билан, у (Дин)ни барча (дин)ларга голиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Оллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли Гувоҳдир. Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”. (Фатҳсураси, 28-29-оят)
Шунингдек, менга Китоб илмидан хабардор бўлган аҳли Китоблар орасидаги Таврот ва Инжил Китобларида хабар берилган сўнгги элчи ва унинг сифатлари баён қилинган оятлар орқали мени таниб, ҳақ Пайғамбар эканлигимга гувоҳлик берган илм эгаларининг гувоҳликлари етарлидир”.
Ибн Жарир ўз тафсири “Жомиул-баён”да Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: “Аҳли китоблар орасида Ҳақни таниб, ҳақ гувоҳлик берадиган кишилар ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Салом, Жоруд, Тамийми Дорий, Салмони Форсий розияллоҳу анҳум ана шундай кишилардан эдилар”.
“Тафсири Насафий”да Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қили-нишича, Абдуллоҳ ибн Салом (аввал яҳудийлардан бўлган, сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўргач, Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан Исломни қабул қилган буюк саҳобий) розияллоху анҳу: “Мен Пайғамбар алайҳис-саломни ўғлимни таниганимдан яхшироқ танийман”, деган эди, Умар розияллоҳу анҳу: “Нима учун”, деб сўради. Абдуллоҳ айтди: “Чунки мен Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларига ҳеч шак-шубҳа қилмайман. Боламга келсак, эҳтимол унинг онаси менга хиёнат қилгандир”. Шунда Умар унинг пешонасидан ўпди.
Энг Улуғ Гувоҳ - Оллоҳ, энг аниқ Ҳужжат Қуръон эканлиги ҳақида бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): “Қай нарса (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлур?” Айтинг: “Оллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир. Сизларни ва (Қуръон) етиб борган (барча) кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга - мана шу Куръон ваҳий қилинди. Сизлар чиндан Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бор, деб гувоҳлик берасизларми?” Айтинг: “Мен бундай гувоҳлик бермайман!” Айтинг: “Ҳеч шак-шубҳасиз, У (Оллоҳ) Ёлғиз Илоҳдир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман”. (Анъом сураси, 19-оят).
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти карима мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Эй Муҳаммад, сенинг Расулуллоҳ - Оллоҳнинг Элчиси эканингга ким гувоҳлик бера олади?”, дейишганида нозил бўлгандир.
Ҳақ таоло Ўз Расулига ўша мушриклардан кимнинг гувоҳлиги тўғрироқ, холисроқ ва аниқроқ эканини сўрашни, агар улар бу саволга жавоб бера олмасалар, у ҳолда ўзлари жавоб бериб: “Оллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир”, деб айтишни буюрди.
Яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканига энг улуғ Гувоҳ - Оллоҳ таолонинг Ўзи гувоҳликка ўтди. Албатта, Оллоҳнинг гувоҳлиги энг улуғ, энг тўғри, энг холис ва аниқ Гувоҳликдир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг марҳамати билан Раъд сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase