close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

024. Нур сураси

Ушбу сурайи карима Мадинада нозил қилинган бўлиб, олтмиш тўрт оятдан иборат. Суранинг асосий мавзуси Исломий жамиятдаги ахлоқ-одоб қонун-қоидаларидир. Унда мусулмонларнинг бир-бирлари билан ўрнатишлари лозим бўлган муносабатларидан тортиб, Исломий оилаларнинг ичида барпо қилиниши зарур бўлган тоза иқлим ва покиза муҳит йўл-йўриқларигача батафсил баён қилинади.
Яна бу сурада жамиятни фисқу-фасоддан тоза тутиш, насл-насабларни аралашиб кетишидан сақлаш ва инсонларни ахлоқий тубанликдан асраш учун Оллоҳ таоло фарз қилиб кўйган айрим ҳукмлар ва жазо чоралари, жумладан зинокорликка, туҳматчиликка Шариати Исломийяда қандай жазо берилиши ҳам зикр қилинади. Ва бу билан Ислом назарида киши учун бировнинг молини ноҳақ олиш қандай ҳаром саналса, бировнинг ор-номусига тегиш ёки ноҳақ обрўсини тўкиш ҳам шундай ҳаром эканлиги уқтирилади.
Суранинг «Нур» деб номланишига сабаб, биринчидан унда Оллоҳ таоло Еру осмонларнинг Нури - асл Ижодкори эканлиги хусусидаги гўзал ояти карималар ўрин олгани бўлса, иккинчидан ушбу сурада инсонлар бахтли, саодатли ҳаёт кечиришлари учун Тўғри Йўлни кўрсатиб туради-ган нур каби зарур бўлган Илоҳий аҳкомлар мавжудлигидир.
Сурайи каримадан хусусан аёллар жамиятининг ҳаё пардасида покиза ҳаёт кечиришларини таълим берадиган оятлар ҳам ўрин олгани сабабли улуғ саҳобий амийрул-мўминийн Умар розияллоху анҳу Куфа аҳлига ёзган хатида: “Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар”, деб буюради.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. (Ушбу сура) Биз нозил қилган ва фарз қилган бир сурадир. Шояд сизлар эслатма-ибрат оларсизлар, деб Биз унда очиқ-равшан оятларни нозил қилдик.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло томонидан улуғ Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган ушбу улуғ сура ҳар бир оила ва умуман Исломий жамият учун сув ва ҳаводек зарур булган бебаҳо қадриятлар - поклик, парҳезкорлик, номусни сақлаш, ҳаром ишлардан сақланиш, шайтоний-ҳайвоний - шаҳвоний тубан истак ва хоҳишлардан олис бўлиш каби чин инсоний фазилатларга буюрадиган оятларни ўз ичига олгани сабабли унинг ҳукмларига итоат этиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз қилинди.
Маълумки, инсоний жамиятни ҳайвоний жамиятга айланиб қолишига сабаб бўладиган, инсонларни шаҳвоният қулига айлантириб қўядиган энг нопок ва жирканч жиноятлардан бири зинокорликдир. Шунингучун сура аввалида Шариати Исломия фаҳш - бузуқлик кўчасига кирган кимсаларга қандай жазо белгилагани баён қилинади.

2. Зинокор аёлни ва зинокор эркакни - улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Оллоҳнинг Динида (яъни, Унинг зинокорларни дарралаш хусусидаги Ҳукмда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига мўминлардан бир жамоат гувоҳ бўлсинлар!
Бу хукм бўйдоқ яъни, оиласиз зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир.
Ояти каримада зинокор аёл зинокор эркақцан аввал зикр қилинишига сабаб, уламолар айтишларича, бу жиноятда бузуқ аёлнинг айби бузуқ эркакнинг айбидан каттароқ эканлигидир. Чунки агар қиз ўз иффатини сақлаб, ҳаё пардасидан чиқмаса, бегона эркак олдида ўзини кўз-кўз қилмаса ва бузуқ кўнгилли эркак унинг майлини сезмаса, мазкур жиноятга журъат эта олмаслиги, халқ тили билан айтганда, ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмаслиги эҳтимоли кўпроқдир. Қолаверса, ушбу оятлар нозил бўлган замонларда ҳам худди ҳозирги замондаги динсиз-иймонсиз жамиятларда бузуқ аёллар бемалол фоҳишахоналар очиб, бузуқ эркаклар “адашиб” ўтиб кетиб қолмасинлар, деб ўзига хос байроқларини (кейинроқ беҳаё суратларини) эшиклари устига илиб, бошқача айтганда, иймонсиз фосиқ кимсаларга тузоқ кўйиб ўтириш одатлари бор эдики, буҳам мазкур жиноят содир этилишида ва охир-оқибат жамиятда бузуқлик тарқалиб кетишида зинокор аёлнинг ҳиссаси зинокор эркакники билан баробар, балки ундан ҳам кўпроқ эканлигини кўрсатади. Шунинг учун Шариати Исломийя инсоний жамиятни барпо этиш ва уни муҳофаза қилиш учун ҳар бир зинокор эркак ва зинокор аёлни, уларнинг қилган жиноятлари - бузуқликлари ўз исботини топган бўлса, юз дарра уришни фарз қилдики, токи бу у иккисининг қилган жиноятларига жазо бўлсин ва бошқаларга ибрат бўлиб, улар бундай жирканч ишдан узоқ бўлсинлар. Ушбу ҳақли жазо Ҳақ таолонинг зинокорларга берадиган бу дунёдаги азобидир, шунинг учун У Зот уларнинг азобланишларига албатта мўминлардан бир жамоат гувоҳ бўлиб кўриб-кузатиб туришлари лозимлигини таъкидлайдики, бунинг ҳикмати, улар жазо тўла-тўкис адо этилдими, йўқми кузатиб билиб туришларидир. Шунингдек, ўзлари ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигига, жиноятчилар нафақат Охиратда, балки мана шу дунёда ҳам Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлишлари ҳақ эканлигига гувоҳ бўлиб, бу ҳақда бошқаларга етказишларидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло мўминларга хитоб қилиб, зинокорларни жазолаш чоғида уларга раҳмлари келгани учун чала жазо беришларидан ёки жиноятчиларни жазосиз қолдиришдан қайтаради. Чунки агар жиноят жазосиз қолдирилса, у жамиятдан йўқолмайди, балки аксинча, урчиб кўпаяверади. Аммо жазо ҳам буюрилган меъёрда бўлмасдан ҳаддан ортиб кетадиган бўлса, у ҳолда адолат эмас, балки зулмга айланадики, Дини Ислом албатта ҳар қандай зулм-зўравонликка қаршидир. Оятдаги “фажлидув - дарра уринглар” калимаси сўзма-сўз таржима қилинса, “жилдига - терисига уринглар” деган маънони билдиради ва жазо меъёри канча бўлишини ҳам белгилаб беради. Яъни, сизлар жиноятчини жазолар экансизлар, қўлингиздаги дарра фақат унинг терисига тегсин, терини ёриб ўтиб, унинг остидаги гўшт ва суякларга тегмасин, деган мазмунни англатади. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу зинокорни дарралаётган кишига: “Дарра ураётганингда қўлтиғинг кўринмасин, яъни, кулочкашлаб, қўлингни борича кўтариб урмагин, балки қўлингнинг тирсаккача бўлган қисми баданингдан ажрамасдан, қўлтиғинг кўринмасдан, фақат билагингни кўтарган ҳолда ургин”, деб буюради. Албатта, бу тарзда юз дарра урилган кимсанинг териси ёрилмайди, ногиронга айланмайди ва ўлмайди. Зотан, оиласиз зинокорнинг жазоси ўлим эмасдир.
Ояти карима мазмунидан яна бир ҳақиқат ҳам англашиладики, жинояткорларни жазолаш хоҳлаган бир кишининг ёки жамоатнинг иши бўлмай, балки шаръий маҳкамада тўла текширилиб, далил ва гувоҳлар ёрдамида ёки жиноятчининг иқрори билан жиноят аниқ исботини топгач, ҳоким ёки унинг вакили томонидан ҳукм ўқилганидан кейин муайян кишилар ижро қиладиган ишдир.

3. Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Бу (яъни, зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилинди.
Зинокорлик нақадар жирканч, хатарли ва зинокор эркакнинг ҳам, зинокор аёлнинг ҳам ҳаётларини барбод қиладиган жиноят эканлигини ниҳоят даражада очиқ кўрсатиб берадиган ушбу ояти каримани муфассир уламолар турлича тафсир қилганлар. Ўша тафсирлардан энг машҳури Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ҳокимдан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифдир: Мирсад исмли бир саҳобийнинг Макка шаҳрида жоҳилийят замонида танишиб қолган Аноқ деган бир таниши бўлиб, енгил оёқ аёл эди. Мирсад Маккага келганида ўша аёл уни ўзи билан бўлишга чақиради. Мирсад: “Оллоҳ зинокорликни ҳаром қилди”, деб аёлнинг истагини рад этганида, у: “У ҳолда мени ўз никоҳингга олгин”, дейди. Мирсад: “Мен аввал Расулуллоҳдан сўрайин”, деб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боради ва: “Ё Расулуллоҳ, мен ўша (фоҳишалик билан танилган) Аноқни никоҳимга олсам бўладими?” деб сўраганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга бирон жавоб қайтармасдан туриб қоладилар. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлади ва Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларидан чиқиб кетган Мирсадни чақириб: “Унга уйланмагин”, дейдилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Бас, ояти карима ва ҳадиси шариф мазмунидан маълум бўладики, бузуқлик йўлига юрган эркак покиза муслимага лойиқ эмас, бузуқлиги уни шу қадар тубан даражага тушириб юборганки, энди у фақат ўзига ўхшаган бузуқ аёл ёки динсиз мушрикага лойиқ бўлиб қолган. Шунингдек, бузуқ, фоҳиша аёл ҳам покдоман муслимга лойиқ эмас, балки ўзига ўхшаган бузуқ эркакка ёки динсиз кофирга лойиқ бўлиб қолганки, у каби бузуқлиги аён бўлган аёлга мўминлар уйланишлари нолойиқ ишлардандир.
Уламолар ояти каримадаги “зинокор аёлларга уйланиш мўминларга ҳаром қилинди”, деган иборани мутлақо мумкин эмас деган маънога далолат қилмайди, балки уларга уйланиш мўминлар учун муносиб иш эмас деган маънодадир, деб тафсир қиладилар ва зинокор ўзи зино қилган аёлни кейин никоҳига оладиган бўлса, бу никоҳ шаръан дуруст ҳисобланади, дейдилар. Ушбу тафсирни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу ан-ҳунинг халифалик даврида бўлган бир воқеа ҳам тасдиқлайди. Ўшанда бир кимса бир аёл билан зино қилганлари маълум бўлгач, Абу Бакр у иккисини юз даррадан урдириб жазолайди, сўнгра никоҳдан ўтказиб бир йилга сургун қилади. Бу каби фатволар Муаммар, Ибн Масъуд ва Жобир розияллоҳу анҳумдан ҳам ривоят қилингандир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу воқеа ҳақида: “Аввали сифоҳ (бузуқлик), охири никоҳ бўлди”, деб, зинокор аёлга уйланиш, зинокор эркакка турмушга чиқиш мумкин эканлигини ва бундай никоҳдан ўтган эр-хотин ажратиб юборилмаслигини айтади. (“Тафсири Қуртубийдан). Аммо ояти карима далолат қилганидек, зинокор аёлга уйланиш, зинокор эркакка турмушга чиқиш пок ва тақволи мўминлар учун муносиб бўлмаган иш эканлиги аёндир. Чунки бундай никоҳ мўминнинг обрўйига путур етказади, уни эл кўзида фосиқлар қаторига тушириб қўяди, ёмон сўзларга қолишига сабаб бўлади ва ниҳоят мўминнинг ота-боболаридан уланиб келаётган покиза насабига шак-шубҳа аралашиб қолишига олиб келади.

4. Ўзларини (ҳаромдан сақлагувчи) покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қиладиган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) - уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон улар томонидан бирон гувоҳликни қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир.
Маълумки, жамият интизомини издан чиқарадиган нарсалардан бири турли миш-мишлар тарқатишдир. Шунинг учун Ислом Динида бировлар ортидан миш-миш тарқатиш, бировни бузуқликда айблаб тош отиш фосиқлик деб аталиб, қаттиқ қораланади ва бундай кимсаларга мазкур оятдаги жазо берилади ҳамда уларни ҳеч қачон гувоҳликлари ўтмайдиган ёлғончилар деб эълон қилинади. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: Бир одам ёлғиз ўзи ёки тўртта эмас, масалан учта гувоҳ билан бирга бировнинг зино қилаётгани устидан чиқиб қолса ва бу жиноятдан ўзгаларни огоҳ қилиб қўйса бунинг нимаси ёмон, нега у жазоланиши керак? Муфассирлар бу саволга шундай жавоб берадилар: Биринчидан, у ўзи гувоҳ бўлган нопок манзарани кўтариб келиб бир тоза мажлисни ҳам ифлос қилмаслиги яхшироқдир. Иккинчидан, агар ўша зинокор эркак ё аёл жиноятлари очилмай қолгани сабабли бандалар берадиган жазодан қутулиб қолсалар ҳам, ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ҳар ерда Ҳозиру Нозир - Оллоҳ таоло берадиган жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар.

5. Магар ўша (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишилар (фосиқ эмасдирлар). Зеро, Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Яъни, магар ўша покиза инсонларни бузуқлиқца айблаб бадном қилган кимсалар бу қилмишларидан ггушаймон бўлиб астойдил тавба қилсалар, ўзларини ўнглаб, айтган ёмон сўзларини қайтариб олсалар ва кейин бировларнинг ортидан тош отишни бутунлай тўхтатсалар, ана ўшандаги-на улар фосиқ, яъни, Оллоҳ таолога итоатсиз кимса, деган ўта уят ва хатарли сифатдан қутулишлари умид қилинади. Чунки Оллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини Кечиргувчи бениҳоя Меҳрибон Зотдир.
Имомимиз Абу Ҳанифа розияллоҳу анху мазкур кимсалар тавба қилиб ўзларини ўнглаганларидан кейин гарчи фосиқлик сифатидан қутулсалар ҳам, адолатли кишилар сафидан чиқиб қоладилар ва уларнинг бировлар устида берадиган гувоҳликлари қабул қилинмайди, дейди. Зеро, бир марта мусулмонлар ортидан жосуслик қилиб, далил-ҳужжатсиз уларни ёмонотлиқ қилган кимса уларнинг ўртасида гувоҳлик берганида ҳам адолат қил-маслиги эҳтимолдан холи эмасдир. Ундай кимсалар ҳақида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтган мана бу огоҳлантириш ҳар қандай кишининг кўзини очиб кўйиши керак: “Эй тил учида иймон келтирган, аммо қалби мўмин бўлмаган кимсалар, сизлар мусулмонлардан айб ахтариб ортларидан изғиб юришни бас қилинглар! Кимда-ким уларнинг айбларини очиш учун ортларидан изғиб юрса, Албатта Оллоҳ таоло ундай кимсани Қиёмат Кунида барча гувоҳлар - бутун халойиқ кўз ўнгида шарманда қилур!” (АбуДовуд ва Аҳмадривоят қилган. “Танвирул-азҳон”тафсиридан).

6-7. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар - уларнинг (ҳар) бири ўзини шак-шубҳасиз, ростгўйлардан, деб Оллоҳнинг Исми билан тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса), агар ёлғончилардан бўлса устига Оллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир).
Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Оллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлишини айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зинокорлик жинояти учун белгиланган жазога дучор бўлмаслиги учун қуйидаги икки оятда зикр қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади.

8-9. Ундан (яъни, аёлдан) азоб-жазони: «У (яъни, эри) шак-шубҳасиз, ёлғончилардан», деб Оллоҳнинг Исми билан тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса), агар (эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Оллоҳнинг ғазаби (тушишини сўрамоқлигидир).
Юқоридаги (4-5-) оятларда жамиятдаги ўзларини ҳаромдан сақлагувчи покиза аёлларни далил-гувоҳларсиз бадном қилган кимсаларга бериладиган жазолар баён қилингач, энди ушбу оятларда жамият ичидаги жамият бўлган оилаларда агар эр-хотин ўртасида ишончсизлик пайдо бўлиб қоладиган бўлса, яъни, эр ўз хотинини бузуқлик устида тутиб оладиган бўлса, лекин унинг бу кўрган нарсасини тасдиқловчи тўртта гувоҳи бўлмаса, мана шундай - оилага нопоклик аралашиб қолган аянчли ва жирканч ҳолатда эр нима қилиши керак, хотин нима қилишга мажбур, оиланинг келгуси тақдири нима бўлади? деган саволларга аниқ, кескин ва то Қиёматга қадар ўзгармайдиган Илоҳий жавоблар берилади. Фиқҳ илмида “Лиъон - мулоана” (эр-хотин бир-бирларини қарғаб лаънатлашлари) деб ном олган бу масъала мазкур оятларда аниқ баён қилиб берилиши билан айрим эр-хотинлар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган жуда қалтис мушкила-муаммо ҳар икки томон учун энг адолатли тарзда ҳал қилинади.
Ушбу оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мана бу кўламли ҳадис мазкур масалани янада яхшироқ англаб олишимизга ёрдам беради ншооллоҳ: қачонки “Покиза аёлларни бадном қиладиган...” деб бошланган оят (суранинг 4-ояти) нозил қилингач, мадиналик ансорий саҳобаларнинг катталаридан бўлган Саъд ибн Уббода розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис-саломга шундай савол билан мурожаат қилди: “Агар бировни бузуқлик устида кўриб қолган кишининг тўртта гувоҳи бўлмаса, бу ҳақда ҳеч кимга сўзлай олмаса, агар сўзлайдиган бўлса, саксон дарра билан жазоланса, у ҳолда фаразан мен хотинимнинг устида бировни кўрсам, уларни қўзғатмасдан тўртта гувоҳ топиб келиш учун ортимга қайтишим керак эканда? Худо ҳаққи, мен тўртта гувоҳни топиб келгунимча у ишини битириб кетган бўлади-ку? Агар ўзим кўрган нарсани айтган чоғимда эса, саксон дарра ейишимга тўғри келадику?” Шунда Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам: “Эй ансорийлар жамоаси, саййидларингиз айтган сўзларни эшитдингизми?” деган эдилар, улар: “Ё Расулуллоҳ, уни айблама-сангиз. Чунки у ўта рашкчи одам. Неча марта уйланган бўлса, фақат бокира қизга уйланган, агар бирон аёли билан ажрашадиган бўлса, рашкчилигидан қўрққанимиз учун биронтамиз унинг талоқ қилган хотинига ҳам уйлана олмаймиз”, дейишди. Бас, Саъд деди: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, Оллоҳга қасамки, албатта мен ушбу оятлар Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини ва ҳақ эканлигини биламан, мен фақат ўзим келтирган мисолда қандай йўл тутиш лозимлигини билолмаганим учун сўрадим, холос”. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ шундай бўлишини хоҳлайди, тамом-вассалом”. Шунда у: “Оллоҳ ва Унинг Элчисининг Сўзи Ростдир”, деди.
Мана шу савол-жавобдан кейин ҳеч қанча фурсатўтмаган эдики, уларнинг олдига Саъднинг амакиваччаси бўлган Ҳилол ибн Умайя кириб келди ва ўзининг боғидан келаётганини, тунда бир кимсани унинг аёли билан зино қилаётган ҳолида тутиб олганини, тонг отишини кутиб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам саҳобалари билан ўтирган жойларини топиб келганини айтиб, деди: “Ё Расулуллоҳ, кечқурун боғимга борган эдим, бир кимсани аёлим билан кўрдим, ўз кўзим билан кўрдим, ўз қулоғим билан эшитдим”. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам унинг айтган сўзларини ёқтирмадилар, оғринганлари юзларида ҳам кўринди. Бас, Ҳилол деди: “Валлоҳи, ё Расулуллоҳ, юзингиздан мен айтган сўзларни ёқтирмаганингизни кўриб турибман. Оллоҳ сўзларим рост эканлигини билур, мен фақат ҳақни айтдим, умид қиламанки, Оллоҳ мен учун бир енгиллик ато этар”. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бошқа нарса ҳақида - Ҳилол бирон гувоҳи бўлмагани ҳолда ўз хотинини бадном қилаётгани учун уни жазога тортишлари лозимлиги ҳақида ўйлар эдилар. У зот энди қарорларини амалга оширмоқчи бўлиб, Ҳилолни саксон дарра уришга амр қилмоқчи бўлиб турган эдиларки, Оллоҳ таоло айнан мана шу масъалага жавоб бўлган мазкур оятларни (6-оятдан 10-оятгача) нозил қилди-да, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Эй Ҳилол, сенга хушхабар, Оллоҳ таоло сенга енгиллик ато этди!” дедилар. Бас, Ҳилол: “Мен Оллоҳ таолодан мана шуни умид қилган эдим”, деди. Сўнг Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ҳилолнинг аёлига одам юборинглар”, дедилар. Уни келтиришиб, эр-хотин Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларида жамланишгач, у аёлдан эри Ҳилол айтган сўзлар ростми деб сўралган эди, ёлғон деб жавоб берди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳтаоло иккингиздан бирингиз ёлғон сўзлаётганингизни билур. Энди қайси бирингиз тавба қилурсиз?” деган эдилар, Ҳилол: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, менинг сўзларим рост, мен фақат ҳақиқатни сўзладим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Уларнинг ўртасида мулоана - бир-бирларини лаънатлаш маросимини ижро қилинглар!” деб буюрдилар. Бас, Ҳилолга: “Гувоҳлик бергин”, дейилгач, у худди ояти каримада айтилганидек ўзининг рост сўзлагани ҳақида тўрт марта Оллоҳ Исми билан гувоҳлик берди ва энди бешинчи гувоҳликни ҳам бермоқчи бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Ҳилол, Оллоҳдан кўрққин, чунки дунёнинг азоби Охират азобидан енгилроқ, Оллоҳнинг азоби одамларнинг азобидан қаттиқроқдир. Бешинчи гувоҳлигинг (агар ёлғон сўзлаган бўлсанг) сенга Оллоҳнинг азобини вожиб қилгувчи гувоҳлик бўлади”, дедилар. Бас, Ҳилол: “Оллоҳга қасамки, худди Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мени дарраламаганлари каби Оллоҳ таоло ҳам мени азобламайди”, деди-да, “Агар ёлғончилардан бўлсам менга Оллоҳнинг лаънати бўлсин”, деб бешинчи гувоҳликни ҳам бериб юборди. Сўнгра аёлга: “Гувоҳлик бергин”, дейилди. Бас, у ҳам худди ояти каримада айтилганидек эрининг сўзи ёлғон эканлиги ҳақида тўрт марта Оллоҳ Исми билан гувохдик бергач, энди бешинчи гувоҳликни ҳам бермоқчи бўлганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уни тўхтатиб: “Оллоҳдан қўрққин, чунки бешинчи гувоҳлик вожиб қилгувчидир. Албатта Оллоҳнинг азоби одамларнинг азобидан қаттиқроқдир”, деган эдилар, у аёл бир муддат иккиланди, ҳатто гуноҳини эътироф қилмоқчидек ҳам бўлди-ю, кейин: “Худо ҳаққи, мен қавмимни шарманда қилмайман”, деди-да, “Агар у (яъни, Ҳилол) ростгўйлардан бўлса, менга Оллоҳнинг ғазаби бўлсин”, деб бешинчи гувоҳликни ҳам берди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам у иккисини ажратиб юбордилар ва бола (ўшанда аёл ҳомиладор эди) онаники бўлади, бирон ота номи билан чақирилмайди (яъни, отасиз ҳисобланади), аммо у валади зино деб бадном қилинмайди, деб хукм чиқардилар, сўнгра: “Агар у аёл фалон-фалон сифатдаги бола туғса, эрининг боласи бўлади, аммо агар фалон-фалон сифатдаги бола туғадиган бўлса, ўша миш-миш қилинган кимсаники бўлади”, дедилар. Сўнг у аёл худди кейинги айтилган сифатдаги бола туғди ва у бола улғайгач, Мисрнинг амири бўлди, (ҳеч ким уни бадном қилмади) аммо у отаси ким эканлгини билмас эди. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. “Тафсири Бағавий”дан).

10. Агар сизларга Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати бўлмаганида эди, ва Оллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Ҳикмат Соҳиби бўлмаганида эди, (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди).
Яъни, гарчи мазкур можарода ё эр, ё хотин бераётган гувоҳлигида ёлғончи эканлиги аниқ бўлса-да, Ҳақ таоло унга раҳм шафқат қилиб эл орасида шарманда қилмади - ҳолбуки У Зотга ким ёлғончи эканлиги маълум эди - балки маҳкамада ана ўша ёлғончининг берган гувоҳлиги ҳам инобатга олинди, тавбаларни қабул қилгувчи Зот, бандаларининг тавба қилишларини севгувчи Зот ўша гуноҳкор бандасига ҳам кейин тавба қилиб гуноҳларини ювишига имкон қолдирди, нақд жазога буюрмади. Акс ҳолда мазкур воқеадаги аёл зино қилгани учун тошбўрон қилиб ўлдирилиши лозим эди. Лекин ҳар бир Амри буюк Ҳикмат бўлган Меҳрибон Парвардигор бандалари ҳаётида рўй бериши мумкин бўлган мазкур мушкил ҳолатдан чиқар йўлни Китоби Мубийнида аниқ баён қилиб бериш билан Ўз Фазлу Раҳматини яна бир бор намоён қилди.
Имомимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида мулоана қилган эр-хотинлар мазкур ҳадиси шарифда ишора қилинганидек, қози томонидан ажратиб юбориладилар ва бу ажралиш талоқ ҳисобланади.

11. Албатта, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни, бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун эса, улуғ азоб бордир.
Ушбу оятда мазкур бўлган «бўҳгон»нингтарихи бундайдир: Пайғамбар алайҳис-салом саҳобалари билан бирга бир ғазотдан қайтар эканлар, Мадинага яқинлашиб қолганларида қоронғу кечада аскарларга бир оз ором олиш учун рухсат берадилар. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом билан бирга ғазотга чиққан жуфти ҳалоллари Оиша - (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ҳожат учун чиқиб аскарлардан анча узоққа кетиб қолади ва қайтиб келганида карвон жилиб кетганини кўради. Шу пайт одатда карвон ортидан қолган нарсаларни йиғиб юриш учун тайинланган бир саҳоба келиб қолиб Оишани кўриб танийди ва уни туяга миндириб ўзи яёв ҳолда карвоннинг ортидан етказиб боради. Буни кўрган айрим мунофиқ кимсалар Оишани бадном қилишиб турли миш-мишлар тарқатадилар. Бу миш-мишларни эшитган Пайғамбар алайҳис-салом ҳам, Оиша ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мусулмонлар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Орадан тўла бир ой вақт ўтгандан сўнггина Пайғамбар алайҳис-саломга юқорида мазкур бўлган ва куйида зикр қилинадиган оятлар нозил бўлиб, Оишанинг поклиги аниқланади ва бу миш-миш бўҳтон эканлиги ошкор бўлади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси бўлган мунофиқ учун эса Охиратда улуғ азоб борлиги ҳақида хабар берилади. Оллоҳ таоло бу можарони мўминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик - Оишанинг Каломуллоҳ гувоҳлигида оқланиши деб атайди.
Ушбу оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида уммул-мўминийн - мўминларнинг онаси Оиша розияллоху анҳонинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам сафарга чиқмоқчи бўлсалар, аёллари ўртасида куръа ташлар эдилар ва куръа кимга чиқса, ўша аёлларини ўзларига ҳамроҳ қилиб олиб кетар эдилар. Ҳижратнинг бешинчи йили Банул-Мусталақ ғазотига чиққанларида ҳам шундай қилдилар ва куръа менга чиқиб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам билан бирга сафар қилдик. Воқеа ҳижоб ояти нозил қилинганидан кейин бўлган эди. Мени тахтиравонда кўтариб юрар эдилар. Сафаримиз охирлаб уйга қайтар эканмиз, Мадинага яқинлашиб қолганимизда қоронғу кечада бир жойга нафас ростлаб олишимиз учун қўнишга буюрдилар. Бас, менинг туям ҳам чўктирилиб, тахтиравондан тушдим ва ҳожат учун аскарлар жойлашган ердан чет жойга йўл олдим. Сўнгра ўз ўрнимга қайтиб келаётиб, кўксимни пайпаслаб, бўйнимдаги маржоним борган жойимда тушиб қолганини билдим-да, яна изимга қайтиб, йўқолган маржонни излай бошладим. Уни излаш анча вақтимни олди. Бу орада карвонимизга қўзғалиш амри бўлиб, менинг тахтиравонимни кўтариб юрадиган кишилар уни кўтариб туямнинг устига ўрнатиб йўлга тушадилар. Улар мени тахтиравон ичида деб ўйлайдилар. Чунки мен ёш, озғин қизча эдим, у вақтларда аёллар оз таом-ланганлари учун тошлари енгил бўлар эди. Шунинг учун хизматкорлар тахтнинг озгина енгиллашиб қолганини сезмайдилар ҳам. Бас, мен йўқотган маржонимни топиб карвон кўнган манзилга қайтиб келганимда у жой-да ҳеч ким йўқ эди. Нима қилишимни билмасдан, туям чўккан жойни чамалаб топдимда, карвондагилар туя устида йўқлигимни билишгач, албатта мени излаб қайтиб келишади, деб ўша жойга ўтириб кута бошладим. Бир оз ўтиргач, кўзим илиниб ухлаб қолибман. Энг яхши саҳобалардан бўлган Сафвон ибн Муаттал исмли бир киши бор эди. У доим лашкар ортида юриб, улар тўхтаган жойларида унутиб қолдирган нарсаларни йиғиштириб кетар эди. Ана ўша киши тонг ёришиб қолганда мен ўтирган жойга етиб келиб, уйқудаги бир инсоннинг қорасини кўради ва мени таниб қолиб - у мени аёлларга ҳижоб фарз қилинишидан илгари кўрган эди - “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиувн - Албатта биз Оллоҳникидирмиз ва албатта барчамиз Унинг ҳузурига қайтгувчидирмиз”, (мўминлар бошларига каттами-кичикми мусибат тушганида айтишлари лозим бўлган, истиржоъ деб номланган оят) деб хитоб қилганидан уйғониб кетдим ва дарҳол рўмолим билан юзимни ўраб олдим. Оллоҳга қасамки, на мен унга бир калима сўз қотдим ва на ундан ўша истиржоъсидан ўзга бирон калима сўз эшитдим. У туясини чўктирди ва мен туяга миндим, сўнгра у туянинг жиловидан ушлаб етаклаганча йўлга тушдик ва мана шу ҳолда тушга яқин лашкар тўхтаган жойга етиб келдик. Ана ўшанда ҳалок бўлган-лар ҳалок бўлдилар, (яъни, мен ҳақимда бўҳгон қилишни бошладилар) ва бўҳтоннинг энг каттаси мунофиқлар тўдасининг бошлиғи бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдан чиқди. Лекин у пайтда бу гап-сўзлардан тамоман бехабар эдим. Мадинага етиб келганмиздан кейин оғриб бир ой ётиб қолдим. Мен туҳматчилар тўдасининг мен ҳақимда тинмасдан иғво қилаётганларидан ғафлатда эдим, аммо мени бир нарса ҳайрон қилар эди - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан аваллари оғриб қолганимда кўрадиган меҳрни кўрмаётган эдим. У киши олдимга кирсалар, фақат: “Бунинглар қандай?” деб сўрар эдилар-да, бурилиб чиқиб кетаверар эдилар. Бундай муносабатни кўргач, мен: “Ё Расулуллоҳ, изн берсангиз, ота-онамникига бориб турсам, тузалгунимча улар қарасалар”, деган эдим, “Майли”, дедилар. Бас, мен ота-онамникига қайтиб, то тузалиб кетгунимча йигирма неча кеча ўша жойда бўлдим. Сўнг бир кеча отамнинг холаси Умму Мистаҳ исмли бир кампир билан четроқ жойдаги одамлар ҳожатлари учун борадиган томонга бориб, (у вақтларда уйларнинг ортига ҳожатхона қуриш расм бўлмаган эди), қайтиб келаётганимизда Умму Мистаҳ кўйлаги-нинг этагини босиб олиб қоқилиб кетди ва: “Мистаҳ жувонмарг бўлсин”, деб ўғлини қарғади. Мен унга: “Сўзингиз мунча совуқ. Бадр жангига қатнашган одамни сўкаяпсизми?” деган эдим, у: “Сен унинг айтган сўзларини эшитмадингми?” деди. “У нима деди?” сўрадим мен. Шунда Умму Мистаҳ менга бўҳтончиларнинг сўзлари ҳақида хабар берди. Бас, менинг дардим янгиланиб, ўша кеча то тонггача кўз ёшим тинмасдан йиғлаб чиқдим, бир лаҳза ҳам кўз юмганим йўқ. У ёқда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам яқинларидан мен ҳақимда маслаҳат сўрар, уларнинг айримлари ажралиш керак, десалар, бошқалари сабр қилиб туришни маслаҳат берар эканлар. Орадан бир ой муддат ўтиб кетаётган бўлса ҳам, у зотга менинг хусусимда бирон ваҳий келмас эди. Кута-кута охири олдимга кирдилар. Ота-онам ёнимда эдилар. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ўтирдилар ва шаҳодат калимасини айтгач, менга юзланиб: “Энди эй Оиша, гап шуки, менга сен ҳақингда фалон-фалон сўзлар етиб келди. Бас, агар сен пок бўлсанг, албатта Оллоҳ таоло сени оқлар, аммо агар бирон гуноҳга кўл урган бўлсанг, у ҳолда Оллоҳдан мағфират сўрагин ва тавба қилгин. Чунки банда гуноҳини бўйнига олиб, Оллоҳга тавба қилса, албатта Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилур”, дедилар. Расулуллоҳ сўзларини тугатганлари ҳамоно кўзимдан тинмасдан оқаётган ёшларим таққа тўхтади. Бас, мен аввал отамга қараб “Расулуллоҳга сиз жавоб беринг”, деган эдим, отам: “Мен Расулул-лоҳга нима дея оламан?” деди. Сўнгра онамга қараган эдим, у ҳам шу сўзларни айтди. Шунда мен: “Сизлар шу сўзларни эшитгач, у сўзлар ичингизга ўрнашиб олди ва сизлар уни тасдиқлаб ҳам бўлдингизлар. Энди албатта агар мен ўзимнинг поклигимни айтсам, сизлар менга ишонмайсизлар ва агар мен ўзим қилмаган ишни бўйнимга оладиган бўлсам - Оллоҳ менинг поклигимни билур - албатта ишонасизлар. Оллоҳга қасамки, мен ўзим билан сизларга бирон мисол топа олмаяпман, магар мен сизларга Юсуфнинг отаси Яъкуб айтган: “Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўзраладиган Зот Ёлғиз Оллоҳдир”, (Юсуф сураси, 18-оятдан) деган сўзларнигина айта оламан!” дедим-да, бурилиб тўшагимга ётиб олдим. Мен, Оллоҳга қасам, ўшанда ўзимнинг поклигимни ва Оллоҳ таоло албатта мени поклашини билар эдим, аммо мен ҳақимда оятлар нозил қилинишини ва мўминлар у оятларни тиловат қилишларини хаёлимга ҳам келтира олмас эдим, ўзимни бундай шарафга нолойиқ деб билар эдим. Мен фақат Расулуллоҳ сололоху алайҳи ва сал-ламга тушларида Оллоҳ таоло менинг поклигимни аён қилса эди, деб умид қилардим. Бас, Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ ўринларидан турганлари йўқ ва уйдагилардан биронтаси хонадан чиққани йўқ эдики, у кишини ваҳий нозил бўлаётган вақтида тутадиган бир титроқ тутди ва дарҳол бир тўн билан ўраб қўйилдилар, бошлари остига теридан бўлган ёстиқ кўйилди.
Гарчи қиш куни бўлса-да, у зотга нозил қилинаётган Сўзнинг оғирлигидан бутун баданларидан худди марварид доналаридек тер қуйилар эди. Бас, қачонки енгиллашганларидан кейин юзлари ёришиб, кулганларича биринчи айтган сўзлари: “Эй Оиша сенга хушхабар, Оллоҳга қасамки, У Зот сени поклади!” дейишлари бўлди. Онам менга: “Тургин, Расулуллохда раҳматингни айтгин”, деган эди, “Мен Ёлғиз Оллоҳга ҳамд айтаман”, дедим. Ўшанда Оллоҳ таоло “Албатта бу бўҳтонни келтирган кимсалар...” деб бошланадиган ўн оятни нозил қилган эди. Ушбу оятлар нозил қилиниши билан Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам одамлар олдига чиқиб, уларга хутба қилдилар ва ўзларига нозил бўлган оятларни тиловат қилиб бердилар ҳамда бўҳтончи тўдадан бўлган ҳар бир кимсани саксон даррадан уришни амр қилдилар”. (Барча ҳадис тўпламларида ривоят қилинган. “Маоли-мут-танзил” ва “Танвийрул-азҳон” тафсирларидан таржима ҳилинди).

12. (Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар ўзлари (каби мўмин ва мўминалар) ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!», десалар бўлмасмиди?!
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло томонидан бўҳтончи тўданинг тарқатган иғволарига ишонган мўмин ва мўминаларга танбеҳ бўлиб, улар ўзлари каби мўмин ва мўминалар ҳақида мана шундай ёмон сўзларни эшитганларида бўҳгончиларнинг иғволаригалақиллаб кетавермасдан,дарҳол: “Ахир бу очиқ туҳматку!” деб қатъий рад этишлари лозимлиги уқтирилади. “Тафсири Куртубий”да ривоят қилинишича, Оиша розияллоху анҳо ҳақида мазкур бўҳгон тарқатилганида Абу Айюб Ансорий ва унинг аёли (Оллоҳ улардан рози бўлсин), мўмин мўмин биродари ҳақида қандай фикрда бўлишлиги лозим эканини кўрсатганлар. Абу Айюб аёлининг олдига кирганида у: “Эй Абу Айюб, миш-мишларни эшитдингизми?” деб сўраган эди, Абу Айюб: “Ҳа, лекин бу сўзлар ёлғон”, деди ва: “Сен ўзинг, эй Умму Айюб (Айюбнинг онаси), шу гуноҳни қилган бўлармидинг?” деб сўради. Аёли: “Йўқ, Оллоҳга қасам”, деган эди, у: “Оиша Оллоҳга қасамки, сендан афзалроқдир”, деди. Айюбнинг онаси ҳам: “Ҳа, шундай”, деб эрининг сўзини тасдиқлади. Бу икки улуғ саҳобийнинг айтган сўзлари ва бошқа мўминлар ҳақидаги фикрлари то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мўмин ва мўминалар учун гўзал ибратдир.

13. Улар (яъни, Оишани бадном қилмоқчи бўлган бўҳтончи тўда ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳ келтира олмас эканлар, у ҳолда Оллоҳ наздида улар ёлғончидирлар.
Ояти карима гарчи Оиша розияллоҳу анҳони ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз бадном қилмоқчи бўлган бўҳтончилар ҳақида сўзласа-да, унинг ҳукми умумий бўлиб, кимда-ким бировни бузуқликда айблайдиган бўлса, аммо ўша даъвосини тасдиқловчи, айбланаётган инсоннинг ана ўша бузуқлик устида ўз кўзи билан кўрган тўртта гувоҳни келтира олмаса, ундай кимса рост гапирадими ёки ёлғон сўзлайдими, қатъий назар, Оллоҳ таоло наздида, яъни, Шариати Исломийя ҳукмида ёлғончи ҳисобланиши ва бировни ноҳақ бадном қилган кимса сифатида жазога тортилиши лозимлигини уқтиради. У жазо нимадан иборат эканлиги суранинг тўртинчи оятида баён қилинди.

14. Агар сизларга дунё ва Охиратда Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати бўлмаса эди, албатта тинмай сўзлаган нарса - бўҳтонларингиз сабабли сизларни улуғ азоб ушлаган бўлур эди.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло Оиша розияллоҳу анҳони бадном қилмоқчи бўлиб у покдоман ва сиддиқа - ростгўй саҳобийяга туҳмат тошини отганлари учун саксон даррадан урилган кимсаларга ҳам, уларнинг сўзларини кескин рад этмасдан жим қулоқ солиб турган мўминларга ҳам хитоб қилиб, улар жуда оғир гуноҳга кўл урганларини ва агар У Зот мўминларга дунё-ю Охиратда Раҳмли-Марҳаматли, Меҳрибон бўлмаганида, ҳаёти дунёда уларга саноқсиз неъматлар ато этгувчи, Охиратда бўлса гуноҳларини Мағфират Қилгувчи бўлмаганида, уларнинг қилган бу оғир гуноҳлари - бир-бирларига бўҳтон сўзларни сўзлаганлари ва тинглаган-лари учун дарҳол, мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида улуғ азобга гирифтор қилиши ва у азоб олдида саксон дарра жазо ҳеч нарса бўлмай қолиши аниқ эканлигини айтиб огоҳлантиради.

15. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Оллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир).
Яъни, эй мўминлар, агар сизларга Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати бўлмаганида эди, сизлар Оллоҳ таоло наздида улуғ гуноҳ бўлган бўҳтон миш-мишларни тилдан-тилга ўтказиб, ўзларингиз мутлақо билмаган-кўрмаган ҳолингизда оғизларингизни тўлдириб сўзлаётган чоғингизда, бир бегуноҳ инсонга туҳмат тошларини отишни арзимас, енгил хато деб ўйлаётган чоғингизда албатта сизларни бу бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаши аниқ эди. Ахир сизлар -

16. Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй Пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!», десаларингиз бўлмасмиди?!
Яъни, ахир сизлар Пайғамбарингиз алайхис-саломнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш аёл ҳақида нгундай нолойиқ ва ҳеч бир далил-ҳужжатсиз сўз-ларни эшитганингизда “бундай сўзларни сўзлашимиз, Пайғамбаримизнинг покиза оилалари шаънига тош отишимиз мутлақо дуруст эмас! Эй Пок Парвардигор, бундай асоссиз миш-мишлар Сенинг Расулингга ва унинг севикли ва пок жуфтига қилинган очиқ бўҳгонку!” деб у бўҳтонни халқ орасида тарқатаётган кимсаларни тийиб кўйсаларингиз бўлмасмиди?! Сизлар бўлсангиз, бундай қилиш ўрнига, эшитганингиз бўҳтон-туҳмат, миш-мишларни бир-бирларингизга оғизларингизни тўлдириб сўзладингиз!

17. Агар сизлар (ҳақиқатан) мўмин бўлсангизлар, (бундан кейин) ҳеч қачон унга ўхшаган нарсага қайтмасликларингизни Оллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур - буюрур.
Жаноби Ҳақ юқоридаги оятларда Оиша розияллоҳу анҳо ҳақида бўҳтон сўзларни тарқатган кимсаларни шарманда қилиб, у солиҳа аёлни поклагач, энди ушбу оятларда мўминлар жамоасига хитоб қилиб, “агар сизлар чиндан ҳам мўмин бўлсангизлар. Бундан кейин ҳаргиз Менинг Элчим Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари ҳақида бирон ножўя сўз айта кўрманглар ва бу каби катта гуноҳга асло қайта кўрманглар!” деб қаттиқ огоҳлантиради.
Чунки мазкур бўҳтоннинг бошида турган Абдуллоҳ ибн Убай каби мунофиқларнинг Оишани бадном қилиш билан кўзлаган мақсадлари аслида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номларига доғ тушириш эдики, албатта мўминлар ундай мунофиқларга эргашмасликлари ва Пайғамбар алайҳис-саломнинг муқаддас оилалари хусусида бу каби бўҳтон сўзни асло сўзламасликлари вожибдир. Шунинг учун ҳам уламолар, жумладан Имом Молик раҳимахуллоҳ Оллоҳ таоло Оишанинг поклиги ҳа-қида гувоҳлик берганидан кейин кимда-ким у аёл шаънида яна шу каби бўҳтон қиладиган бўлса, ундай кимса Оллоҳ таолони ёлғончи қилган бўлади, ким Оллоҳни ёлғончи қилса, у албатта кофирдир, деб фатво берганлар.

18.    Ва Оллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Оллоҳ Илм ва Ҳикмат Соҳибидир.
Яъни, Оллоҳ таоло сизларга ўқиб, панд-насиҳат ва ибрат олишларингиз учун Ўз оятларини - Шариат ҳукмларини, диний ва ижтимоий одобларни мана шундай аниқ баён қилиб берур. Оллоҳ ҳамма нарсани, жумладан бандаларининг аҳволларини ва улар учун нима фойдали-ю, нима зиён эканлигини ҳам жуда яхши Билгувчидир, бандаларига буюрган ҳар бир ишида буюк Ҳикмат Соҳибидир. Унинг зинокорга юз дарра, бўҳтончига саксон дарра уриш каби жазолари ҳам асло беҳикмат эмас, балки жамиятнинг ўшандай жиноятлардан пок бўлиши учун, инсонларнинг номуслари пок сақланиши учун ўзига хос кафолатдир.

19.    Албатта иймон келтирган кишилар ҳақида бузуқ сўз ёйилишини яхши кўрадиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Оллоҳ билур, сизлар билмассиз.
Ушбу ояти карима жамиятда бузуқ муҳит яралишини истайдиган кимсалар учун - фоҳишалар ва фоҳишабозлар учун, турли йўллар билан одамлар орасида фаҳш-нопок ишларни ёйиб, бузуқликка кенг йўл очиб берадиган кимсалар учун ва ниҳоят, мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳам товоқлари каби, қавмдаги покиза инсонларни ёмонотлиқ қилиш мақсадида уларга бўҳтон ва туҳмат тошларини отадиган кимсалар учун ниҳоят даражада қаттиқ Илоҳий огоҳлантиришдир. Ҳақ таоло ундай кимсаларни дунёда жиноятларига яраша жазо бериш ва эл аро шарманда қилиш билан азоблаши, Охиратда бўлса, албатта дўзах азобига гирифтор қилиши ҳақида огоҳлантиради. Чунки мўминлар орасида бузуқ сўзларни (ҳозирги замонда бузуқ суратларни ҳам) тарқатадиганлар, бузуқликлар халқ орасида ёйилиши учун хизмат қиладиганлар, жумладан аёлларни авратларини очиб юришга мажбур қиладиганлар аслида жамиятда бузуқлик томир отишига хизмат қиладиган, тузуклар ҳам бузилишларига шароит ҳосил қилиб берадиган ашаддий жиноятчилардирларки, уларнинг дунё-ю Охиратда энг ашаддий азобга гирифтор қилинишлари албатта Илоҳий Адолатдир. Зотан, уларнинг қилган гуноҳлари нақадар улкан эканлигини ҳам, уларнинг қандай жазога лойиқ эканликларини ҳам “Оллоҳ билур, сизлар, (эй инсонлар), билмассиз”.

20. Агар сизларга Оллоҳнинг Фазлу Раҳмати бўлмаганида - Оллоҳ Меҳрибон, Раҳмли Зот бўдмаганида эди, (албатта У Зот сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди).
Яъни, эй мўминлар, аслида сизларнинг Оиша розияллоҳу анҳо хусусида мунофиқлар тарқатган бўхтонни дарҳол рад этмаганларингиз, балки аксинча у бузғунчиларнинг бўҳтонларини тилдан-тилга кўчириб, оғизларингизни тўлдириб бир-бирларингизга сўзлаб юришларингиз шундай катта гуноҳ эдики, агар Оллоҳтаоло сизларни Фазлу Раҳматига олмагани-да, У Зот Сизларга бениҳоя Меҳрибон ва Раҳмли бўлмаганида, шак-шубҳасиз Оллоҳнинг азобига гирифтор қилинган бўлар эдингизлар! Лекин Оллоҳ таоло Ўз Меҳру Раҳмати билан бандаларининг тавбаларини қабул қилди, уларга Тўғри Йўлни кўрсатди ва уларга байтун-нубувват - Пайғамбар хонадони номусига таъна етказиш хатарли ва оғир гуноҳ эканлигини айтиб огоҳлантирди, вал-ҳамдулиллоҳ.

21. Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса бас, албатта (шайтон) бузуқлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати бўлмаганида эди, ҳеч қачон сизлардан бирон киши (гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Оллоҳ (Фазлу Марҳамати билан фақат) Ўзи хоҳлаган кишиларни поклар. Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб, уларни малъун шайтон васваса қилиб чақирадиган йўлларга юрмасликка буюради ва шайтон ўзига эргашган кимсаларни фақат бузуқликларга ва Шариати Исломийя инкор этган ёмонликларга буюришини айтиб огоҳлантиради.
Яъни, Жаноби Ҳақ мўминларнинг иймонларини имтиҳон қилиш учун шайтон деган махлуқни ҳам яратганини, у махлуқнинг қиладиган иши мусулмонларни фаҳш ва гуноҳ ишларга чақириб йўлдан оздириш ва охир-оқибат уларни Ҳақ Диндан чиқариб, дўзах аҳллари қаторига қўшиш эканини айтиб, бандаларига у малъуннинг васвасасига учмасликни, у чиройли қилиб кўрсатган йўлларга юрмасликни буюради.
Ояти карима давомида банданинг шайтон чангалидан халос бўлиши, унинг турли васвасаларидан нажот топиши фақат Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билангина бўлиши айтилиб, Оллоҳ таоло фақат Ўзи хоҳлаган бандаларини, яъни, Унинг Фазлу Раҳматига лойиқ бўлган, шайтоннинг қулига айланиб қолмаган ва чин ихлос билан гуноҳларига тавба қилган мўминларнигина поклашини, хатоларини кечиришини айтади ҳамда У Зот барча нарсани Эшитгувчи, Билгувчи эканлиги ҳақида хабар берилади.
Азиз ўқувчим! Агар эътибор қилаётган бўлсак, юқорида қатор оятларда такрор-такрор “агар сизларга Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати бўлмаганида эди”, деган ибора ўтдики, албатта бу беҳикмат эмасдир. Дарҳақиқат, агар Оллоҳтаоло адолат қиладиган бўлса, ҳеч бир банда нажот топа олмас. Чунки биз бандаларнинг қиладиган яхши амалларимиз Оллоҳтаоло бизга ато этган сон-саноқсиз неъматлар олдида жуда оз ва нуқсонлидир, хато ва гуноҳларимиз эса, жуда кўп, балки саноқсиздир. Бас, гуноҳларимиз кечи-рилиши учун, амалларимиз қабул бўлиши учун - нажот топишимиз учун Меҳрибон Парвардигоримизнинг Фазлу Раҳматига жуда-жуда муҳтождирмиз, демак, модомики ҳаёт эканмиз, иймонимизда устувор, солиҳ амаллар қилишда барқарор бўлишимиз, аммо ўша амалларимизга суяниб қолмасдан доимо Оллоҳ таолога Фазлу Раҳматидан жудо қилмаслигини сўраб дуо-илтижо қилишимиз лозим. Бу хусусда бизга Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам энг гўзал ибратдирлар. У Зот: “Огоҳ бўлингларки, ҳеч кимингизни қилган амалларингиз жаннатга олиб кирмайди”, дедилар. Саҳобайи киром: “Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ”, дейишган эди, у зоти бо баракот: “Ҳа, мени ҳам, магар Оллоҳтаоло Ўз Фазлу Раҳмати билан ўраганидагина (Унингжаннатига дохил бўлурман)”, деб марҳамат қилдилар.

22. Сизлардан фазл ва кенглик (яъни, мол-давлат) эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Оллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки (уларни) афв қилиб, кечирсинлар! Оллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Ушбу ояти карима Абу Бакр Сиддиқ ҳақида (Оллоҳундан рози бўлсин) нозил қилингандир. У киши қизи Оиша ҳақида миш-миш тарқатганлар орасида бўлгани учун ўзининг камбағал қариндошларидан бирига доим қилиб турадиган инфоқ-эҳсонини тўхтатишга ва бундан кейин унга ҳеч қачон ёрдам бермасликка қасам ичган эди. Юқоридаги оят нозил бўлганидан сўнг дарҳол қасамини бузиб унга инфоқ-эҳсон қилади ҳамда қасамни бузганлик каффорат-тўловини ҳам тўлайди.
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳони бадном қилмоқчи бўлганларга аралашиб қолган киши Мистаҳ ибн Усоса исмли саҳобий бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг холаваччаси эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салам билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилган ва у зот билан бирга Бадр жангида иштирок этган муҳожирлардан бўлган Мистаҳ бечора-мискин киши бўлгани учун мол-давлат эгаси бўлган Абу Бакр Сиддиқ доимо уни қўллаб-қувватлаб турар эди. Аммо у Оиша шаънидаги миш-мишларга қўшилиб қолади. Сўнгра Оллоҳтаоло юқорида мазкур бўлган оятларини нозил қилиб, Оиша розияллоҳу анҳонинг поклигига гувохдик берганидан сўнг гарчи Мистаҳ қелиб йўл қўйган хатоси учун узр сўраган бўлса ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг узрини қабул қилмайди ва: “Сен хонадонимизни масхара қилиб устимиздан кулдинг”, деб, бундан кейин унга ҳеч қачон ёрдам бермасликка қасам ичади. Қачонки ўрганаётганимиз ояти карима нозил бўлиб, унда Ҳақ таоло мусулмонларни кечиримли бўлишга буюрагнида ва “Сизлар Оллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?!” деб хитоб қилганида, Абу Бакр дарҳол: “Йўқ, мен Оллоҳ таоло мени мағфират қилишини жуда-жуда истайман”, деб, Мистаҳга яна инфоқ-эҳсон қилишни қайтадан бошлайди ва: “Оллоҳга қасамки, энди ҳеч қачон унга эҳсон қилишни тўхтатмайман”, дейди.
Ояти карима нозил қилинишига гарчи мазкур воқеа сабаб бўлган эсада, унинг ҳукми умумий бўлиб, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ушбу улуғ ояти билан то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мўмин бандаларига хитоб қилиб, Меҳрибон ва Мағфиратли Оллоҳнинг мағфиратига ноил бўлиш истагида бўлган кишилар ўзлари ҳам диндошларига кечиримли бўлишлари лозимлигини уқтиради.

23. Албатта покиза, (бузуқ ниятлардан) бехабар мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир.
Гарчи ояти карима нозил қилинишига мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқ бўҳтончи кимсаларнинг Оиша розияллоҳу анҳо шаънига қилган туҳмат ва бўҳтонлари сабаб бўлган эсада, унинг ҳукми умумий бўлиб, Ҳақ таоло ушбу оятларда пок дил, бузуқлик қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган иймонли инсонларни - улар аёллар бўладими, эркаклар бўладими, фарқсиз - бадном қилиш учун ортларидан бузуқ деб бўҳтон қиладиган кимсаларни қаттиқ огоҳлантиради ва ундай кимсалар ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам Оллоҳ таолонинг Раҳматидан маҳрум бўлиб, лаънатга учрашлари ҳамда Қиёмат Кунида бу бўҳтонлари сабабли улар учун улуғ азоб борлиги ҳақида таъкид билан хабар беради.
Покиза инсонлар ортидан бузуқ деб туҳмат қилиш энг оғир жиноят эканлиги, демак, унинг жазоси ҳам ўзига яраша даҳшатли бўлиши ҳақида саҳиҳ ҳадисларда ҳам айтилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ (Имом Бухорий ва Муслим баробар ривоят қилган) ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам покиза, бузуқлиқцан бехабар мўмина аёлларни бадном қилиш инсонни ҳалок қилгувчи гуноҳлардан эканлиги ҳақида огоҳлантириб, умматларига бундай жиноятдан узоқ бўлишни буюрганлар.
Ҳузайфа розияллоҳу анхудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Покиза жонга уни бадном қилиш учун туҳмат тошини отиш юз йиллик яхши амални вайрон қилади”, деб огоҳлантирдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

24. У Кунда - Қиёматда уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам қилиб ўтган амаллари ҳақида ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Куни бўлганида ва кофир кимсага қилган амаллари таърифланганида, у инкор этиб, талашиб-тортиша бошлайди. Бас, унга: “Мана, қўни-кўшниларинг сенинг зиёнингга гувоҳ-лик беряптилар-ку”, дейилганида, кофир: “Улар мени кўролмаганлари учун ёлғон сўзламоқдалар”, дейди. “Оиланг, қариндош-уруғларинг ҳам сенга қарши гувоҳлик бермоқдалар-ку”, дейилганида, кофир: “Улар ҳам ёлғон сўзламоқдалар”, дейди. Шунда у кофирларга: “Қасам ичинглар!” дейилганида, улар қилган ёмон амалларидан тониб қасам ичадилар. Шундан кейин уларнинг тиллари муҳрланиб, сўзлай олмай қоладилар ва ўзларининг қўллари ва тиллари уларга қарши гувоҳлик беради, сўнгра Оллоҳ таоло уларни дўзахга киритади”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Қиёмат Кунида кофирларнинг бошига тушадиган бундай мудҳиш ҳол ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Оллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг)! Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (улардан ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?», дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган Зот - Оллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзига қайтарилурсизлар», дедилар. Сизлар (ҳаёти дунёда гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан қўрқиб, одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан (сақланиш учун улардан) яширингувчи эмас эдинглар, (чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон берилишини билмасдинглар). Лекин сизлар Оллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни, одамлардан яширинча қилган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар. Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни, дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар”. (Фуссилат сураси, 19-23-оятлар). “Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз! Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Ёсин сураси, 64-65-оятлар).

25. Ўша Кунда Оллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўла қилиб берур ва улар Оллоҳнинг Очиқ-Равшан Ҳақиқат эканини билурлар.
Яъни, ана ўша кофирларнинг тана аъзолари ҳам тилга кириб, уларнинг қилган қабиҳ амалларига гувоҳлик берадиган Қиёмат Кунида албатта Оллоҳ таоло уларга ҳақиқий - адолатли ва комил жазоларини беради ва ана ўша Кунда улар Ҳақ таоло ҳамма нарсанинг ҳақиқатини очиб бергувчи Ҳақ Зот эканлигини, Унинг бирон кимсага бирон зулм қилмайдиган, буюрган ҳар бир Қонуни ва Ҳукми мужассам Адолат бўлган Ҳаққи Мубийн эканлигини жуда яхши билиб оладилар, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтиб кетганларига, қилган қабиҳ амалларига хусусан, покиза инсонларни бадном қилганларига афсус-надоматлар чекадилар. Лекин У Кунда қилган тавба-тазарруълари ҳам, оху зорлари ҳам ҳеч қандай фойда бермайди - улар барча қилмишлари учун тўла-тўкис жазоларини оладилар!

26. Нопок аёллар нопок эрлар учун, нопок эрлар нопок аёллар учун (лойиқдир). Пок аёллар пок эрлар учун, пок эрлар пок аёллар учун (муносибдир). Ана ўша (пок эрлар ва пок аёллар) уларнинг (яъни, нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир.
Ушбу ояти карима мунофиқларнинг каттаси бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ва унга эргашганлар хабис - нопок кимсалар эканликларини, бинобарин, уларнинг оғзидан чиққан сўзлар ҳам, жумладан, Оиша розияллоҳу анҳо шаънига бўхтон қилишлари ҳам худди ўзларига ўхшаган хабис - қабиҳ ва ғирт ёлғон сўзлар эканлигини, бошқача айтганда, кўр-кўрни қоронғуда топишини ва эгри мўридан эгри тутун чиқишини таъкидлагани каби, покдил инсонларнинг сўзлайдиган сўзлари ҳам ўзлари янглиғ тўғри ва пок-рост сўзлар бўлишини, шунингдек, покиза аёлга покиза эркак, покиза эркакка покиза аёл муносиблигини, яъни, Оиша розияллоҳу анҳо фариштадек покиза хилқат бўлгани учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва салламдек мислсиз пок Инсонга муносиб жуфти ҳалол бўлганини таъкидлайди.
Сўнгра Оиша ва Сафвон розияллоҳу анҳумо туҳматчилар қилган бўҳтондан тамомила пок инсонлар эканликлари, улар учун Охират диёрида мағфират ва жаннат Яратган томонидан улуғ ризқ қилиб берилиши ҳақи-да хушхабар беради.
Дарҳақиқат, ушбу оятлар мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо том маънода покиза аёл бўлганини тўла исботлаб берган Илоҳий Ҳужжатлардир. Уламолар айтадилар: “Қачонки Юсуф алайҳис-саломни бузуқликда айблаб туҳмат қилганларида, Оллоҳ таоло бешиқцаги чақалоқни тилга киритиб, у солиҳ биндасини оқлаган эди, қачонки Марям алайҳис-саломга бузуқ деб тош отилганида, Оллоҳтаоло у солиҳа чўрисини кўлидаги чақалоғи Ийсо алайҳис-саломнинг тили билан оқлаган эди. Энди қачонки Оиша розияллоху анҳога шундай туҳмат тоши отилганида эса, Ҳақ таоло уни бирон гўдак ёки ҳатто Пайғамбар гувоҳликка ўтиб оқлашига рози бўлмади, балки у покиза чўрисини УнингЎзи Каломуллоҳ оятлари билан оқлади”.
Шунинг уун ҳам Оиша розияллоху анҳо камоли ифтихор билан айтади: “Менга бошқа бирон аёлга берилмаган тўққизта нарса ато этилди: Жаброил алайҳис-салом Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга қўлидаги ипак матога битилган суратимни кўрсатиб: “мана шу Сизнинг жуфти ҳалолингиз”, деди; Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мендан бошқа бокира қизга уйланмадилар; Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам вафот қилганларида муборак бошлари менинг кучоғимда эди; у зоти бобаракот менинг хонамга дафн қилиндилар; агар биз бир ёпинчиқ остида ором олаётганимизда у зотга ваҳий нозил бўлса, мени ўзларидан четлатмас эдилар; мен у зотнинг халифаси бўлмиш Сиддиқнинг қизидирман; менинг поклигимга самодан нозил бўлган оят гувоҳлик берди; мен пок ҳолда яратилдим ва пок Инсонга жуфти ҳалол бўлдим; Ҳақтаоло томонидан менга мағфират ва улуғ ризқ - жаннат ваъда қилинди”. (“Маолимут-танзил ” ва “Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Куръон ” тафсирлари).

27. Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то эгаларига ўзингизни танитиб изн сўрамагунингизча ва уларга салом бермагунингизча кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб, Исломий маданиятнинг муҳим бир қирраси бўлган ижтимоий ахлоқ-одоб қоидаларидан таълим беради.
“Тафсири Мунийр”да Адий ибн Собит розияллоху анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ансорлардан бўлган бир аёл Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, гоҳо мен уйимда шундай бир (очиқ-сочиқ) ҳолда бўламанки, бу аҳволимда мени ҳеч ким кўришини истамайман, лекин доим шундай ҳолатларда аҳли-оиламдан бўлган бирон киши кириб қолаверади. Бас, мен нима қилай?” деб сўраганида ушбу ояти карима нозил бўлди”.
Оят мазмунидан маълум бўладики, ҳар бир хонадон ўз эгаларининг хусусий мулки ва унга ташқаридан келиб кирмоқчи бўлган кишилар учун дахлсиз бир жой бўлгани каби бир ҳовли-жойда яшайдиган қариндош-уруғлар учун ўзларининг хоналаридан бошқа хоналар ҳам худди шундай дахлсиз бўлиб, унисига ҳам, бунисига ҳам, то эгаларидан изн сўраб ўзини танитмагунча ва уларга тинчлик-омонлик тилаб салом бермагунча ҳеч ким бостириб кириши дуруст эмасдир. Албатта чин инсоний маданият қандай бўлишини ўргатадиган ушбу Илоҳий Ҳукмда кўп ҳикматлар бордирки, улардан бири, бировнингуйига сўрамасдан кириб, кейин турли туҳматларга қолиб кетиш хавфидан сақланиш бўлса, яна бири, изн сўрамасдан кирган уйда кутилмаганда бегона эркак ва аёл ёлғиз бўлиб қолишлари эҳтимоли ҳам борки, у ҳолда юқоридаги оятларда зикр қилиб ўтилганидек, хабис миш-мишчиларга бўҳгон қилиш имконияти туғилиб, покиза инсонлар номини қора қилишлари эҳтимолдан ҳоли эмасдир. Қолаверса, бировнинг хонадонига сўрамасдан кирган одам ичкарида очиқ-сочиқ ҳолда юрган бегона аёлга кўзи тушиб қолиб, ўртага шайтон оралаши хавфи ҳам йўқ эмасдир.
Шунингдек, ушбу Илоҳий Ҳукм бир хонадонда яшайдиган қариндош-уруғларнингўртасида ҳам доимо ҳаё пардаси бўлиши лозимлигини уқтиради ва: “Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”, деб мўминларга ушбу Илоҳий Хукмга бўйинсунишни буюради.
Ушбу оятларнинг энг гўзал тафсири Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида баён қилингандир: Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Абу Мусо Ашъарий розияллоху анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг уйига бориб чақириб, уч марта “ассалому алайкум” деса ҳам Умар томонидан киришга изн бўлмагач, қайтиб кетаётганида Умар унинг изидан одам юбориб: “Нега қайтиб кетдинг?” деган эди, Абу Мусо: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачон бировингиз уч марта киришга изн сўраганида ҳам изн берилмаса, қайтиб кетсин”, деганларини эшитган эдим”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Мана шу айтган сўзингнинг ростлигига ҳужжат келтирасан ёки мен сенга шундоқ-шундоқ жазо берурман”, деди. Абу Саид Худрий айтади: Бас, Абу Мусо Умардан бу сўзларни эшитгач, ранглари ўчиб бизнинг олдимизга келиб қолди. Биз: “Сенга нима бўлди?” деб сўраган эдик, у бўлган воқеани айтиб берди ва: “Сизлардан биронтангиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша сўзларини эшитганмисизлар?” деди. Биз: “Ҳаммамиз эшитганмиз”, дедик ва орамиздан бир кишини элчи қилиб юбордик, бас у Абу Мусо билан Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб, бу ҳақда хабар берди”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким бир қавмнинг уйига уларнинг изнисиз мўралаб қарайдиган бўлса, улар унинг кўзини ўйиб олишлари ҳалолдир. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамлар дарвозаси олдига келсалар, дарвоза рўбарўсида ичкарига қараб турмас эдилар, балки ё ўнг ёки чап томонига туриб: “Ассалому алайкум, ассалому алайкум”, деб уй эгаларини чақирар эдилар.
Ўзгаларнинг уйларига берухсат, билдирмасдан кириш ҳеч ким учун, ҳатто давлат раҳбари учун ҳам дуруст бўлмаслигига мана бу ибратли вокеа ҳам далил бўла олади: Бир кеча халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан одатдагидек Мадина кўчаларида шаҳар тинчлигини кўздан кечириш учун айланиб юрар эди, тасодифан бир уйнинг эшиги тирқишидан шароб ичаётган бир кекса кишини кўриб қолди. Унинг олдида бир ашулачи аёл қўшиқ куйлар эди. Бас, Умар розияллоҳу анху дарҳол девор ошиб ҳовлига кирдида, уй эгасига: “Сендек бир мўйсафидга шу каби ишларни қилиш ярашадими?!” деди. Шунда у киши ўрнидан туриб: “Ё амирал-мўминийн, Оллоҳ Исми билан сўрайман, бир сўз айтишимга ижозат беринг”, деган эди, Умар: “Сўзла”, деди. У деди: “Агар мен бу ишим билан Оллоҳ таолога бир гуноҳ қилган бўлсам, аниқки, Сиз бу ишингиз билан уч гуноҳ қилдингизку!” “Улар қандай гуноҳлар?” сўради Умар. “Сиз жосуслик қилдингиз (яъни, менинг ортимдан билдирмасдан пойладингиз, бегона уй ичига мўраладингиз), ҳолбуки, Оллоҳ таоло: “(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар!” (Ҳужурот сураси, 12-оят), деб буюрган эди. Яна Сиз девор ошиб тушдингиз, ҳолбуки, Оллоҳтаоло: “Уйларга эшикларидан кирингиз!” (Бақара сураси, 189-оят), деб буюрган эди. Учинчиси, Сиз менингуйимга изнсиз кирдингиз, ҳолбуки, Оллоҳтаоло: “Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то эгаларига ўзингизни танитиб изн сўрамагунингизча ва уларга салом бермагунингизча кирмангиз!”, деб буюрган эди”. Бу сўзларни эшитган Умар: “Рост сўзладинг, сен мени кечира оласанми?” деган эди, у киши: “Сизни Оллоҳ кечирсин”, деди ва ўзининг қилмишига тавба қилди. Бас, Умар у уйдан чиқар экан: “Агар Оллоҳ кечирмайдиган бўлса, Умарнинг ҳолига вой!” деб йиғлар эди. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).

28. Энди агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга «қайтинглар», дейилса (яъни, киришга изн берилмаса) қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Оллоҳ қилаётган амалларингизни Билгувчидир.
Демак, бировнинг уйига борган одам у жойда бирон кимса бор ё йўқлигини билмаса ва уч марта чақирганидан кейин ҳам ичкаридан ҳеч қандай жавоб бўлмаса ёки “қайтинглар” деган овоз чиқса, биринчидан, гарчи у уйнинг эшиги очиқ турган бўлса ҳам то изн беришга ҳақли бўлган киши рухсат бермагунича кирмасин, чунки ушбу ояти карима у эшикни ёпиб қўйди, иккинчидан, чақираётган одам “қайтинглар” деган жавобдан кейин ҳам ўша дарвоза олдида чақириб ёки ичкарига мўралаб туравермасдан у жойдан кетсин. Ояти карима бировнинг уйига ёки хонасига гарчи у жойда ҳеч ким бўлмаса ҳам берухсат киришни таъқиқлайди ва мазкур Илоҳий Ҳукмга бўйин суниш инсонлар учун энг тоза йўл эканлигини таъкидлаб, Оллоҳ таоло уларнинг нима қилишларини, яъни, мана шу Ҳукмга бўйинсунадиларми ёки бировларнинг дахлсиз мулки бўлган уйларига берухсат, бостириб кириб кетаверадиларми, ҳаммасини жуда яхши Билгувчи эканлигини айтиб огоҳлантиради.
Уламолар бировнинг уйига истаб борган одам агар эшик қоқмасдан, чақирмасдан ўша жойда уй эгаларидан биронтаси чиқишини кутадиган бўлса, ушбу ояти карима мазмунига хилоф иш қилган бўлмаслигини айтадилар: “Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ансорий саҳобаларнинг эшикларига улардан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларни эшитиб-билиш учун борар ва чақирмасдан то уй эгаси чиқкунича ўша жойда кутиб ўтираверар эди. Қачонки уй эгаси чиқиб қолиб: “Эй Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам амакисининг ўғли, нега менга келганинг ҳақида хабар бермадинг?” деганида эса: “Биз илмни мана шундай ўрганишга буюрилганмиз”, дер эди.

29. (Биров учун) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришларингиз сизларга гуноҳ бўлмас. Оллоҳ сизларнинг ошкор қиладиган нарсангизни ҳам, яширадиган нарсангизни ҳам билур.
“Тафсири Мунийр”да Муқотил ибн Ҳайёндан ривоят қилинишича, юқоридаги бировларнингуйларига изн сўраб кириш лозимлиги ҳақидаги оятлар нозил қилинганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда Макка, Мадина ва Шом ўртасида доимо бориб-келиб юрадиган савдогарлар нима қиладилар? Уларнинг бу йўлларда кўниб ўтадиган маълум уйлари бўлиб, у уйларда ҳеч ким яшамайди. Бас, улар кимдан изн сўрайдилар ва кимга салом берадилар?”, деганида ушбу ояти карима нозил бўлиб, ҳеч кимга тегишли бўлмаган ёки йўловчи-мусофирлар учун бино қилинган меҳмонхона ва карвонсарой каби ҳар ким кўниб, дам олиб ўтадиган жойларга изн сўрамасдан кириб бораверишнинг зиёни йўқлиги баён қилинди.
Ояти карима сўнггида Ҳақ таоло бандалар қиладиган ҳар қандай ишни ва ҳар қандай сўзни, хоҳу ошкора бўлсин, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини жуда яхши билиб туришини айтиб огоҳлантиради.

30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мўминларга айтинг, кўзларини (қараш ҳалол бўлмаган нарсаларга боқишдан) тийсинлар ва авратларини (очилиб қолишдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Оллоҳ уларнинг қиладиган “ҳунар”ларидан Хабардордир.
Ушбу ва қуйидаги ояти каримада Ҳақ таоло ҳар бир мўмин ва мўминанинг, демакки, бутун жамиятнинг пок ва тоза ҳаёт кечириши учун энг муҳим шартлардан бўлган яна бир масъала хусусида Ўз Ҳукмини баён қилади. Бу Илоҳий Ҳукмда жамиятдаги эркак ва аёлларга бир-бирлари билан бўладиган муносабатларида пок ва тоза бўлишлари учун энг аввало эркак кишига номаҳрам аёлнинг уят жойларига (аёл кишининг юзи, қўлининг билакдан паст қисми ва оёғининг ошиғидан пастидан бошқа бутун бадани бегона эркакка кўрсатиш ҳаром бўлган аврат - уят жойлари ҳисобланади) қарамаслик, агар ногаҳон кўриб қолганида ҳам дарҳол кўзини бошқа томонга буриш буюрилади, шунингдек, эркак киши ўзи ҳам уят жойларини (эркак кишининг киндигидан тиззаси остигача аврат ҳисобланади) очилиб қолишдан сақлаши фарз эканлиги уқтирилади.
Жаноби Ҳақ “мана шу улар учун энг тоза йўл” эканлигини эслатиб, Ўзининг бандалар қиладиган ҳар бир ишдан, яъни, улар Оллоҳ таоло буюрган бу Илоҳий кўрсатмаларга амал қиладиларми ёки У Зот қарашни ҳаром қилган нарсаларга ҳам бемалол ва ҳатто ўғринча қарайверадиларми - қандай “ҳунар” кўрсатсалар, барибаридан Хабардор эканлигини таъкидлайди.
Бу Илоҳий огоҳлантириш бошқа бир оятда ҳам мазкурдир: “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур”. (Ғофир сураси, 19-оят).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ўрганаётганимиз ояти кариманинг мазмунини шарҳлаб берадиган ва бизга тоза инсонлар ва тоза жамият бўлшимиз учун бениҳоя зарур бўлган ушбу ҳассос масъалага бепарво қарамасликни буюрадиган қатор ҳадислар ворид бўлгандир: “Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан қараш ҳаром қилинган нарсага беихтиёр кўз тушиб қолиши ҳақида сўраган эдим, у зот: “Дарҳол кўзингни бошқа томонга бургин”, дедилар”. (Муслим ривояти).
Барийра розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга: “Қараган нарсанга қайтиб қарамагин (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага тасодифан кўзингтушиб қоладиган бўлса, зиёни йўқдир, фақат унга яна қайтиб қарамагин), чунки биринчи қарашинг сеники, кейингиси эса, сеники эмас, (шайтонникидир)” дедилар”. (Абу Довуд ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эркак эркакнинг авратига қарамасин, аёл аёлнинг авратига қарамасин, эркак биргина (яъни, юпқа) либосдаги эркакка тегинмасин-суйкалмасин, аёл ҳам биргина либосдаги аёлга тегинмасин!” (Муслим ривояти).
“Саҳиҳи Бухорий”да Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Кўчаларда ўтирманглар!” деган эдилар, саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўтирмасдан иложимиз йўқда, бизлар йўл бўйларида суҳбатлашиб ўтирамизда”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар унамасангизлар, у ҳолда йўлнинг ҳаққини бериб ўтиринглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима ё Расулуллоҳ?” дейишди. Айтдилар: “Кўзни номаҳрам аёлларга боқишдан буриш, ўтганларга озор бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонлик-гуноҳдан қайтариш”.

31. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (қараш ҳалол бўлмаган нарсаларга боқишдан) тийсинлар ва авратларини (очилиб қолишдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳ-рамларга) кўрсатмасинлар ва ёқаларининг устини (яъни, қулоқ, бўйин, томоқларини) бошларидаги рўмоллари билан тўссинлар! Улар (қулоқ, томоқ ва билак каби) зеб-зийнатларининг ўринларини фақат эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби муслима) аёлларга ё қўллари остидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина кўрсатишлари жоиздир. Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар.
Маълумки, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан мўмин эркакларга буюрилган ҳар бир иш-амал ўз-ўзидан мўмина аёлларга ҳам буюрилган бўлади. Мисоли: “Албатта намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди”. (Нисо сураси, 103-оят) ояти каримасидан намоз мўмина аёлларга ҳам фарз қилингани маълум бўлади. Демак, юқорида мазкур бўл-ган оятдаги “мўминларга айтинг, кўзларини (ҳалол бўлмаган нарсаларга боқишдан) тийсинлар ва авратларини (очилиб қолишдан) сақласинлар!” жумласидан ушбу Илоҳий Ҳукм мўмина аёлларга ҳам баб-баробар тааллуқли экани маълум бўлган эди. Бас, Ҳақ таоло ушбу ояти каримада худди ўша буйруғини “Мўминаларга ҳам айтинг!” деб яна қайтадан таъкидлаши албатта беҳикмат бўлмай, балки кўзни номаҳрамларга қарашдан тийиш ва ўзни бепарда, очиқ-сочиқ юришдан сақлаш эркаклар учун қанчалик муҳим бўлса, аёллар учун икки карра муҳимроқ ва зарурроқ эканини уқтириш учундир. Чунки эркакларнинг, яъни, жамиятни иккинчи ярмининг бузилишига олиб келадиган энг катта фитна, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қайта-қайта огоҳлантирганларидек, очиқ-сочиқ юрадиган аёллардир.У зоти бобаракот, кийиниб-кийинмаган, яъни, кийган “кийимлари” қисқалиги, тор-танқислиги ва юпқалиги сабабли бутун баданларини худди устлари-да ҳеч нарса йўкдек кўрсатиб, таърифлаб турадиган ва шундай “либослар” билан номаҳрам эркаклар орасида бемалол юраверадиган аёллар албатта Оллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар.
Ояти карима давомида мўмина аёллар ёмонларнинг суқ назаридан омонда бўлишлари ва ўзлари ҳам бошқаларни йўлдан оздирадиган фитнага айланиб қолмасликлари учун ҳусну жамол ва қадду қоматларини бегоналарга кўз-кўз қилмасликлари фарз эканлиги уқтирилиб, устларидаги улар учун том маънода парда бўлган, яъни, ҳаммани ўзига қаратадиган тор-танқис ва юпқа эмас, балки кенг-ковул, бамисоли бир қўрғондек ичидаги аёлни - унинг ёш ёки кексалигини, расо ё норасолигини-ю, чиройли ёки кўримсизлигини бегона кўзлардан яшириб турадиган либосларидан (зотан, ҳижобнинг асли маъноси шудир) бошқа бирон зеб-зийнатларини номаҳрамларга кўрсатмасликлари ва албатта бошларига рўмол солиб, у билан ёқа-елкаларини ҳам кўринмайдиган қилиб ўраб олишлари буюрилади: “Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва ёқаларининг устини (яъни, қулоқ, бў-йин, томоқларини) бошларидаги рўмоллари билан тўссинлар! Улар (қулоқ, томоқ ва билак каби) зеб-зийнатларининг ўринларини фақат эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби муслима) аёлларга ё қўллари остидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина кўрсатишлари жоиздир. Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар!”
Ояти карима тафсирида бир қанча ибратли ҳадислар ворид бўлгандир: Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Умму Салама ва Маймуна оналаримиз розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эканлар, кўзлари ожиз бўлган саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келиб қолди ва у зотнинг олдиларига кирди. Воқеа мўминаларга ҳижоб фарз қилинган вақтда бўлган эди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам оналаримизга қараб: “Ундан яширининглар - қочинглар”, деган эдилар, улар: “Ё Расулуллоҳ, ахир у (яъни, Ибн Умми Мактум) бизни кўрмайдиган, тани-майдиган бир аъмо - кўзи ожиз кишику, (нега ундан қочишимиз лозим)”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ҳам аъмомисизлар, сизлар ҳам уни кўрмайсизларми?” дедилар”. (“Маолимут-танзил ” тафсиридан).
Абу Довуд ўзининг “Сунан” китобида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Асмо бинти Абу Бакр (Оишанинг синглиси) розияллоҳу анҳо, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг олдиларига юпқа кўйлак билан кирган эди, у зот юз ўгириб олдилар ва: “Эй Асмо, аёл киши балоғат ёшига етгач, унинг мана бу жойидан бошқа жойи кўриниши дуруст бўлмайди”, деб, юзлари ва кафтларини кўрсатдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

32. (Эй мўминлар), ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Оллоҳ уларни Ўз Фазлу Карами билан бой-беҳо-жат қилур. Оллоҳ (Фазлу-Карами) Кенг, Билгувчидир.
Ушбу ояти карима қай бир жамиятда “боши очиқлар”, яъни, эрсиз аёллар ва хотинсиз эркаклар бўлмаса ёки оз бўлса, ўша жамият покиза, турли фаҳш ва бузуқликлардан тоза бўлишига далолат қиладиган бир Илоҳий кўрсатмадир. Шунинг учун ҳам ҳар бир Амри буюк Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло мўминларга хитоб қилиб, ораларингизда оиласиз эркак ва аёллар бўлмасин, агар бўлса, сиз мўминларнинг вазифангиз, бу ҳолга бепарво караб, уларни ўз ҳолларига ташлаб қўявермасдан, уларга панд-насиҳат қилиб, керак бўлса моддий жиҳатдан ёрдам қилиб бир-бирларига мувофиқ ва муносиб бўлган тул ва бева эркак-аёлларни турмуш қуришларига кўмаклашиш, никоҳлаб қўйишдир. Шунда сизлар яшаётган жамият соғлом жамият бўлади ва сизлар ҳам бу хайрли ишларингиз - икки сўққа-бош инсоннинг ҳалол оилавий ҳаёт бошлашларига бош-қош бўлганингиз сабабли ажр-савобларга эга бўласизлар. Акс ҳолда эса, оила қуришга, жинсий ҳаётга қодир ва муҳтож бўлган ўша эрсиз хотин ва хотинсиз эркаклар аста-секин фаҳш ва бузуқлик йўлларига кириб, аксари ҳолларда бошқа, оилали инсонларни ҳам бузиб-айнитишлари ва оқибат-натижада бутун жамият кир-нопок жамиятга айланиб қолиши хавфи бор, деб огоҳлантиради ҳамда қўллари юпқалиги, камбағаллиги сабабли оила қуришга журъат қила олмайдиган кишиларга хайр-барака сўққабош ҳолда яшашда эмас, балки оила қуришда эканлигини айтиб, ЯратганнингЎзи Марҳамат кўргазиб, уларни бой-беҳожат қилиб қўйиши ҳақида хушхабар беради.
Агар ибрат кўзи билан боқсак, ушбу ояти кариманинг юқоридаги, мўмин ва мўминалар авратлари очилиб қолишидан сақланишлари фарз эканлиги уқтирилган оятлар қаторида зикр қилингани беҳикмат эмаслигини англаб оламиз. Чунки худди либос кишининг уят жойларини ёпиб-яшириб турганидек, шаръий никоҳ билан оила курган эр-хотин ҳам бир-бирлари учун бамисоли либос бўлиб, айбларини яшириб, яхшиликларини ошириб турадилар.
Бу мазмун бошқа бир ояти каримада очиқ баён қилинган: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни, эр-хотин бир-бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар)”. (Бақара сураси, 181-оят).
Ояти карима тафсирида мўмин-мусулмонлар учун никоҳ - оила қуриш нечоғли муҳимлиги ҳақида ворид бўлган қатор ҳадислар ҳам ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Эй ёшлар жамоати, сизлардан ким турмуш қуришга қодир бўлса, бас, у уйлансин, чунки уйланиш жуда яхши кўзни тийдиргувчи ва авратни ҳаромдан сақлагувчидир, ким қодир бўлмаса, бас, у рўза тутсин, чунки доимий рўзадорлик унинг учун кучни кетказувчидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Довуд ва Насоий Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар севгувчи, кўп фарзанд кўргувчи аёлларга уйланинглар. Чунки мен Қиёмат Кунида сизлар билан бошқа умматлардан кўп бўлурман”, деб буюрдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Никоҳланинглар кўпаюрсизлар. Бас, албатта мен сизлар(нинг кўплигингиз) билан, ҳатто (вақтидан илгари) тушиб қолганларингиз билан ҳам бошқа умматлар олдида мақтанурман”.
Абу ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким менинг фитратимни - динимни севса, бас, у менинг суннатимга эргашсин, никоҳ менинг суннатимдандир”. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё бир фойдаланадиган матодир. Унинг матоларининг энг яхшиси солиҳа аёл - яхши хотиндир”, дедилар. (Муслим ривояти, Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр китобидан).

33. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Оллоҳуларни Ўз Фазлу-Карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!! (Эй мўминлар), қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, ий-монни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Оллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар! Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Оллоҳ мажбурланганларидан сўнг (у чўриларни) Мағфират қилгувчи ва (уларга) Раҳм қилгувчидир.
Ояти кариманинг биринчи жумласи юқоридаги оятнинг бевосита давоми бўлиб, уйланишга, рўзғор тебратишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон оила қуриши кераклиги ва бу савобли ишда унга бошқа мўмин-мусулмонлар ёрдам қилишлари лозимлиги айтилгач, энди ушбу оятда Ҳақ таоло уйланиш учун зарур бўлган бирламчи нарсаларга - яшайдиган уйга, келин учун берилиши вожиб бўлган маҳрга ва оила таъминоти учун етарли бўлган нафақага - мол-маблағга эга бўлмаган кишилар, то Унинг Ўзи Фазлу Карами билан уларни етарли маблағга эга қилгунича сабр қилишлари, юқорида ривоят қилинган ҳадиси шарифда мазкур бўлганидек, рўзадорлик - очлик каби йўллар билан шаҳвоний қувватларини сўндиришлари ва то уйланишга моддий жиҳатдан қодир бўлгунларича ўзларини ҳаромдан сақлаб, покликни, иффатларини маҳкам тутишлари лозим эканлигини уқтиради.
Ушбу сўзлардан олишимиз керак бўлган ўта муҳим ибратлардан бири шундан иборатки, Қуръони Карим ҳукмича, уй-рўзғор қуришга қодир бўлган бирон кишининг оиласиз яшаши дуруст эмас, магар уйланишга имкони бўлмаган кишилар то Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан ўша имкониятга эга бўлгунларича оиласиз яшашларида узрлидирлар, аммо оила қуришга қодир бўлган эркакларнинг ёки турмушга чиқиб эрнинг хизматини қилиш имконияти бўлган аёлларнинг беникоҳ, оиласиз яшашлари мутлақо дуруст эмасдир. Зотан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Никоҳ (оила қуриш) менинг суннатимдандир, бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир”, деган муборак ҳадислари ушбу оятларнинг энг гўзал тафсиридир.
“(Эй мўминлар), қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни ис-тайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Оллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар!”
Маълумки, Қуръон нозил бўлган давр қулдорлик замони эди. Қул ва чўриларнинг пайдо бўлишига сабаб асосан, халқлар, мамлакатлар ўртасида тинимсиз рўй бериб турадиган уруш-жанжаллар бўлиб, ғолиб бўлган тараф мағлубларнинг асир ва асираларини ўзлари учун қул ва чўриларга айлантиришар, қул олди-сотдиси ҳам энг ривожланган савдо соҳаларидан эди. Қуръони Карим нозил бўлиб, мусулмон жамияти барпо бўлгач, Ислом ҳимояси учун бўлган жанг-жадалларда ҳам айни тартиб жорий бўлиб, кофирларга кўлга тушган асир ва асираларни улар қул ва чўриларга айлантирар эдилар. Табийки, мусулмонлар ҳам бу хусусда душманларининг муомалаларига яраша муомала қилиб, улардан кўлга тушганларини қул ва чўрига айлантиришга мажбур эдилар. Аммо гарчи зоҳирда мусулмонлар ҳам қадимдан жорий бўлиб келган бу одатга амал қилсаларда, лекин Қуръон ва Суннат уларга қўлларидаги қул ва чўриларга ўз оға-ини, опа-сингилларидек муомала қилишни, уларга зулм қилмасликни буюради. Шунингдек, Дини Ислом мусулмонларга қулларни, озод қилишнинг бир қанча йўл-йўриқларини кўрсатади. Шулардан бири, ҳожанинг қул билан мукотаба қилиши, яъни, битим тузишидир.
Унда озод бўлишни истаган қул ўз хожаси билан муайян миқдордаги пулни топиб бериб озод бўлиш ҳақида битим тузади. Мана шу битим тузилган соатидан бошлаб у қулнинг бўйни қулликда бўлса-да, қўли озод бўлади, яъни, келишилган миқдордаги пулни топиш учун хожасининг уйидан ташқарига чиқиб ишлаб юравериши жоиз бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинганидек, Оллоҳ таоло хожаларга Ўзи уларга ато этган мол-дунёдан бериб, битим тузган қулларининг озод бўлишларига ёрдам қилишни буюради...
“Покликни истаган чгўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Оллоҳ мажбурланганларидан сўнг (у чўриларни) Мағфират қилгувчи ва (уларга) Раҳм қилгувчидир”.
Бу оятнинг иккинчи қисми Абдуллоҳ ибн Салул деган мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пул-мол топиш учун ўзининг икки чўрисини зинокорлик қилишга мажбурлайди. Улар Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурла-рига у мунофиқнинг устидан шикоят қилиб келганларида Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига юқоридаги сўзларни нозил қилади.

34. (Эй мўминлар), дарҳақиқат, Биз сизларга (Шариати Исломийядаги ҳукмларни) очиқ-равшан баён қилиб бергувчи оятларни, сизлардан илгари ўтган зотлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводор кишилар учун панд-нисаҳатни нозил қилдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки мўминларга хитоб қилиб, уларга сурайи каримада, балки бутун Қуръони каримда нозил қилган неъ-матларидан учта неъматни санайди: улардан биринчиси, Жаноби Ҳақ Ўзининг Каломида мўминлар ўз ақидаларида, ибодатларида ва бир-бирлари билан қиладиган муомалаларида муҳтож бўладиган барча масъалаларнинг жавобини, нима ҳалол-у, нима ҳаром, нима савоб-у, нима гуноҳ эканлигини, ҳатто қайси жиноятга қандай жазо берилишигача очиқ-равшан баён қилиб берди; иккинчи неъмат, улар ўқиб ибрат олишлари учун илгари ўтган умматлар ҳаётида бўлиб ўтган таъсирли воқеа-ҳодисалар, кофир кимсалар бошига тушган турли кулфат ва ҳалокатлар тўғрисидаги кўпдан-кўп тарихий мисолларни келтирди; учинчидан, тақволи - Оллоҳ таолодан қўрқадиган мўминлар учун улар бутун ҳаётлари давомида фойдаланадиган бебаҳо панд-насиҳатларни нозил қилди.

35. Оллоҳ осмонлар ва Ернинг Нуридир. (Оллоҳ) Нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахти(нинг мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмасада (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Оллоҳ Ўзининг Нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Оллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Оллоҳ барча нарсани Билгувчидир.
“Оллоҳ осмонлар ва Ернинг Нуридир”.
Ушбу улуғ оятни муфассирлар турлича тафсир қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оллоҳ Ўз Нури билан осмонлар ва Ер аҳлини ҳидоят қилгувчидир - улар унинг Нури билан Ҳақ Йўлга ҳидоятланурлар, Унинг Ҳидояти билан залолатдан нажот топурлар”.
Заҳҳок айтади: “Оллоҳ осмонлар ва Ерни ёритиб мунаввар қилгувчидир. Айтилурки, У Зот осмонларни малоикалар билан мунаввар қилди, Ерни эса, пайғамбарлар билан нурлантирди”. (“Тафсири ТабаршГдан).
“Танвийрул-азҳон”да тафсир қилинишича, дарҳақиқат, Оллоҳ таоло осмонлар ва Ернинг, яъни, борлиқдаги барча мавжужотнинг Нуридир. Чунки У Ўзининг Қудрати Азалийси билан Ер-у осмонлардаги жонли-ю жонсиз, катта-ю кичик барча нарсани йўқлиқцан борликка чиқаргувчи - Яратгувчи ва Кўрсатиб қўйгувчидир. Худди нур тушганида зулмат чекиниб, атроф ёришиб, нарсалар кўринганидек, Ҳақ таоло Ўз Нури билан бутун мавжудотни йўқдан бор қилиб, кўзларга кўрсатиб қўйди. Зотан, Оллоҳ таолонинг гўзал Исмларидан бири ҳам Нур, яъни, жумла жаҳонни Ўз Нури билан Ёритувчидир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло халқни - жамийки махлуқотни зулматда яратди, сўнгра уларга Ўз нуридан сочиб, ҳаммага кўрсатиб қўйди”, деган ҳадиси муборакларининг маъноси ҳам мана шудир. (Термизий “Иймон”китобида ривоят қилган).
Билингки, нурнинг тўрт хил навъи бордир. Биринчи навъ - қоронғуда кўринмай турган нарсаларни ёритиб кўзларга кўрсатиб қўйгувчи куёш, ой... каби нарсалар таратадиган нур. Иккинчиси, кўзнинг нури бўлиб, кўзларга нарсаларни кўрсатиб беради, агар ўша нур бўлмаса, кўзнинг ўзи ўз ҳолича кўриш қобилятига эга эмас. Ушбу нурнинг манзилати биринчи навъ нурдан улуғроқдир. Учинчиси, ақл нуридир. У жаҳолат - билимсизлик зулматида яширин қолаётган ақлий нарсаларни ёритиб, кўнгилларга аён қиладики, зулматларда яширинган маъноларни идрок қилиб кўра оладиган ақл нурининг манзилат-мартабаси кўз нуридан ҳам баландрокдир. Ва ниҳоят, тўртинчи навъ нур, Жаноби Ҳақ таолонинг Нуридирки ушбу Нури Илоҳий борликдаги барча нарсани йўкдан бор қилиб, кўзларга кўрсатади ва худди заррада қуёш акс этганидек, энг майда ҳашоратдан энг буюк сайёраларгача ҳар бир нарса ўзининг Эгаси - Яратгувчиси борлигига далолат қилиб туради.
У Оллоҳнинг Нури шу қадар ўткир Нурдирки, уни тўса оладиган бирон куч йўқдир.
Ушбу Нур ёритадиган энг улуғ маскан мўминнинг қалбидир.
“(Оллоҳ) Нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахти(нинг мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмасада (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Оллоҳ Ўзининг Нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Оллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Оллоҳ барча нарсани Билгувчидир.”
Ушбу Нур Оллоҳ таоло ҳар бир мўмин бандасининг қалбига жо қилган Қуръон, иймон ва Ҳидоят нуридир. Ушбу Нур Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам инсоният оламига етказган Нури Муҳаммаддир. Мана шу Нур ёруғида мўмин банда Тўғри Йўлни кўради ва унга эргашади. Ушбу Нур кирган қалб нақадар тоза ва мунаввар бўлишини тарифлашга банданингтили ожиздир. Аммо бу иш Яратганга осондир. Шу боисдан УЎзи нозил қилган Нури Илоҳийнинг мўмин банда қалбидаги сурат-манзилатини бениҳоя гўзал ва таъсирли қилиб таърифлайди: Қуръони нури жо бўлган мўмин банданинг кўкси бамисоли бир токча бўлиб, у токчада ўзидан чор-атрофга нур таратувчи бир чироқ бордир. У чироқ янада чароғон бўлиши учун бир ниҳоят даражада тиниқ шиша ичига жойлаб қўйилган. У шундай бир шишаки, бамисоли дур каби товланиб тургувчи ёруғ юлдузнингўзидир. Ушбу чироқнинг ёнилғиси муборак зайтун дарахтидан бўлиб кун чиқардан ҳам эмас, кун ботардан ҳам эмас, балки Ернинг куёш нури узлуксиз тушиб турадиган қоқ марказидан олинган бениҳоя тиниқ-мусаффо мойдир. У шу қадар тозаки, ҳали олов тегмасдан турибоқ ҳаммаёқни ёритиб юборгудек. Олов теккач эса, нур устига нур бўлиб, мўмин бандага Тўғри Йўлни ёп-ёруғ қилиб кўрсатиб турур. Оллоҳтаоло Ўзининг Нурли Йўлига фақатЎзи хоҳлаган бандаларнигина ҳидоят қилур ва уларга мана шундай ёруғ-мунаввар қалб ато этур. Барча нарсани Билгувчи бўлган Оллоҳ субҳонаҳу одамлар ўқиб, ибрат олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур.

36-37. (У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Оллоҳ уларни баланд қилинишига ва уларда Ўзининг Номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжид)ларда эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Оллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар (нажот топишга умидворлик ва ҳалокатдан қўрқув ўртасида) изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар.
Юқоридаги ояти каримада Оллоҳ таоло Нурининг мўмин банда қалбидаги мисоли токчадаги нур таратиб турадиган чироққа ўхшатилгани-дан кейин, энди ушбу оятларда ўша чироқ ёқиб қўйилган токчанинг ўрни Оллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидлар эканлигини айтилади. Яъни, мўминнинг қалби бамисоли токчаларида чироқлар порлаб турган Байтуллоҳ каби юксак, озода ва Оллоҳнинг зикри билан обод мунаввар бўлиши лозимлигига ишора қилинади. Ояти каримада Ҳақ таоло томонидан масжид биноларининг баланд кўтарилишига изн берилганининг, яъни, амр қилинганининг маъноси, албатта, масжидларнинг деворлари баланд бўлиши керак, дейилгани эмас, балки масжидларнинг шаъни ва мартабаси бошқа бинолардан баланд бўлиши лозимлигини билдиради. Яъни, Оллоҳнинг уйларига бетаҳорат кирмаслик, у жойда беҳуда сўзларни сўзламаслик, балки эртами, кечми қачон масжидларга кирилса, ҳамиша у жойни моддий ва маънавий кирликлардан озода сақлаш ҳамда эрта-ю кеч Оллоҳни поклаб тасбеҳ айтиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, илм ўрганиш билан Байтуллоҳнинг ҳурматини баланд қилиш буюрилганини билдиради. Жаноби Ҳақ ана шундай масжидлар қадрини баланд кўтарадиган бандаларини “рижол”, яъни, марди майдонлар, ҳақиқий эркаклар, деб шарафлаб, уларни олди-сотди, тижорат каби дунёвий ишлар ҳеч қачон Оллоҳ таолони зикр қилишдан, намозни ўз вақтида тўкис адо этишдан, мол-дунёларининг закотини фақир-мискинларга ато этишдан тўса олмаслигини, улар доимо бир Кундан - диллар ҳам, кўзлар ҳам ниҳоят даражада изтироб ва саросимага тушиб қоладиган Қиёмат Кунидан қўрқиб яшашларини мадҳ қилади, яъни, қалблари Оллоҳ нури билан мунаввар бўлган мўминлар қандай ҳаёт кечиришларини баён қилади. Ушбу оятлар тафсирида масжидлар ва намоз фазилатлари ҳақида кўплаб ибратли ҳадислар ривоят қилингандир. Қуйида биз улардан айримларини таржима қиламиз.
Ояти каримада зикр қилинган “ғудув”нинг маъноси тонг отгандан куёш чиққунича бўлган вақт деганидир, “осол” калимаси эса аср билан шом намозлари ўртасидаги вақт деганидир. Маълумки, мусулмон инсон ҳаётининг ҳар бир соатида Оллоҳ таолони ёдидан чиқармасдан яшаши керак. Бовужуд, ояти каримада мазкур икки вақт махсус зикр қилинишига сабаб, мана шу икки вақтда ҳар бир киши атрофидаги оламнинг ранги ўзгараётганига гувоҳ бўлади, ўзгартирувчи нақадар Қудратли Зот эканини ўз кўзлари билан кўради ва мўминнинг қалбида беихтиёр “Оллоху Акбар - Оллоҳ Улуғ”, “Субҳоналлоҳ - Оллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан Пок”, “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ Бор”, “Алҳамдулиллоҳ”, деган зикр калималари отилиб чиқади. Кимда-ким ўша вақтларни ҳам ғафлатда ўтказиб юборадиган бўлса, Яратганни эсламасдан кундузга кириб, Яратганни эсламасдан кечага кириб юраверадиган бўлса, у албатта, ғафлат бандасидир.
Саид ибн Жубайр ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилди: Ибн Аббос айтди: “Масжидлар Оллоҳ таолонинг Ердаги уйларидир. Улар само аҳли учун худди юлдузлар Ер аҳлига зиё сочгани каби зиё сочиб туради” (“Тафсири Бағавий”дан).
Амр ибн Маймун айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг саҳобаларини: “Масжидлар Оллоҳнинг уйларидир. Ким Оллоҳ таолонинг Уйига Уни зиёрат қилгани борар экан, ўша бандасини иззат-икром қилиш Оллоҳтаолога ҳақ бўлур”, деяётганларига гувоҳ бўлганман”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Саҳиҳайн”да Амирул-мўминийн Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Оллоҳ Юзини кўзлаб, Оллоҳ учун ўз молидан масжид бино қилса, Оллоҳ таоло унинг учун жаннатда бир уй бино қилади”, деяётганларини эшитганман”. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳовлиларимизда ҳам масжидлар қилиб олишни ва у масжидларимизни озода ва хушбўй ҳолда ушлашимизни буюрдилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Токи одамлар бир-бирларига масжидлари хусусида мақтанмагунларича Қиёмат Соати қойим бўлмайди”. (Абу Довуд ривоят қилган). Имом Бухорий эса, Анас розияллоху анҳунинг: “Улар масжидлари билан бир-бирларига мақтанадилар-у, аммо ўзлари у масжидларини обод қилмайдилар, (яъни, жамоат намозларига бормайдилар)”, деганини келтиради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қасамки, сизлар ҳали масжид-у    ларингизни худди яҳуд ва насронийлар каби зеб-зийнат ва нақш-нигорларга тўлдириб ташлайсизлар!” (“Тафсири Қуртубийдан).   
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳ ва саллам хом саримсоқни кўрсатиб: “Ким мана шу дарахтдан ейдиган бўлса, масжидларга келмасин”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар). Ушбу ҳадиси шарифга асосланиб Аҳмад ибн Абдул-Малик раҳимаҳуллоҳ масжидларда ён-атрофидаги қўшниларига тили ва қўли билан озор берадиган бир кимсани масжиддан ҳайдаб чиқаришга фатво берган ва: “Бунинг етказадиган озори хом саримсоқ пиёз етказадиган озордан қаттиқроқ”, деган. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидларни покиза ва хушбўй ҳолда ушлашга буюрар эканлар, дедилар: “Масжидларингиздан гўдак болаларингизни ва мажнунларингизни узоқ қилинглар”, дедилар. (Ибн Можжа ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирон кимсанинг йўқотган нарсасини масжидда қидириб, “Мен фалон нарсамни йўқотдим, кўрган-билган борми?” деб юрганини эшитиб қолса: “Оллоҳ сенга ўша йўқотган нарсангни қай-тариб бермасин”, десин. Чунки масжидлар бунинг учун бино қилинган эмас!” дедилар. (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа ва Аҳмад ривоят қилганлар).
Имом Муслим Абу Усайд розияллоҳу анхудан шундай ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қачон бировингиз масжидга кирса, “Оллоҳим, Ўзинг менга Раҳмат эшикларингни очгин, (Оллохуммафтаҳ лий абвоба Раҳматик)”, десин, қачон ундан чиқса, “Оллоҳим, Ўзинг менга Фазлу Карам эшикларингни очгин, (Оллоҳуммафтаҳ лий абвоба Фазлик)”, ёки бошқа ривоятда: “Оллоҳим, мен Сендан Ўз Фазлу Карамингдан ато этишингни сўрайман (Оллоҳумма инний асъалука мин Фазлик)”, десин”, дедилар. (Муслим, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Муслим Абу Қатодан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Қачон бировингиз масжидга кирса, ўтиришидан аввал икки ракъат намоз ўқисин”, дедилар.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбар алайҳис-салом бу муборак ҳадислари билан масжиднинг бошқа уйлардан ажратиб турадиган фазилати борлигини баён қилдилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким уйида покланиб - таҳорат олиб, сўнгра Оллоҳнинг фарзларидан бирон фарзни адо қилиш учун Оллоҳнинг уйларидан бирон уйга (яъни, масжидга) қараб равона бўлса, унинг ҳар икки қадамидан бири гуноҳларидан бир гуноҳни ўчиради, иккинчиси уни бир даража кўтаради”. (Муслим ривояти).
Бурайда розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: У зот: “Қоронғу зулматларда масжидларга қараб юргувчи кишиларга Қиёмат Кунида улар учун ёп-ёруғ нур бўлиши ҳақида хушхабар бергин”, дедилар.
Имом Қуртубий ўз тафсирида айтади: “Оллоҳ таоло ояти каримада “рижол - эркаклар”, деб хослаб зикр қилиши масжидларда аёллар учун бирон насиба йўқлигига далолат қилади. Чунки улар учун жумъа фарз эмас, уларга жамоат билан намоз ўқиш буюрилмаган, улар жаноза намози ҳам ўқимайдилар. Бас, аёллар намозларини уйларида ўқиганлари афзалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Аёл кишининг уйида ўқиган намози меҳмонхонасида ўқиган намозидан афзалдир, ўзининг хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалроқдир. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Имом Аҳмад Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш уммул-мўминийн - мўминларнинг онаси Умму Салама айтади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар масжидларининг энгяхшиси уйларининг қаъри - ичидир”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Солим айтади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бозор олдидан ўтиб кетаётган эди, шошганларича дўконларини беркитиб жамоат билан намоз ўқиш учун кетаётган кишиларни кўрди ва деди: “уларни на тижорат ва на олди-сотди Оллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар (нажот топишга умидворлик ва ҳалокатдан кўрқув ўртасида) изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар.” ояти мана шундай кишилар ҳақида нозил бўлган”.
Яна айтиладики, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг замони саодатларида икки киши бор эди. Улардан бири савдогар бўлиб, қачон намозга чақириб айтилган азонни эшитиши билан, агар тарозиси қўлида бўлса уни ерга қўйишга ҳам сабри чидамасдан ташлаб юборар, агар ерда бўлса, уни қўлига олмас ва намозга шошилар эди, иккинчиси эса, сотиш учун қилич ясайдиган темирчи бўлиб, азонни эшитиши билан агар болғаси сапдон устида бўлса, уни шу ҳолда қолдирар, агар болғани боши узра кўтарган бўлса, орқасига ташлаб юборганича, масжидга қараб йўл олар эди. Бас, Оллоҳ таоло у иккисини ва уларга эргашган бандаларини мадҳ қилиб ушбу оятни нозил қилди. (“Тафсири Қуртубийдан).

38. (Мўминлар) Оллоҳ уларни қилган чиройли амаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз Фазлу-Карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эрта-ю кеч Оллоҳни поклаб ибодат қилурлар). Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур.
Яъни, юқоридаги оятларда мазкур бўлган мўминлар қилган чиройли амаллари - эрта-ю кеч Оллоҳни зикр қилиб, У Зотга тасбеҳ айтишлари, намозни ўз вақтида жамоат билан адо этишлари, фақир-мискинларга закот беришлари оқибатида албатта Оллоҳ таоло уларга ваъда қилган ажр-мукофотларга сазовор бўлиш билан бирга яна Ҳақ таоло томонидан бўладиган зиёда Фазлу-Марҳаматларга ҳам эришадилар. Зотан, бир Ҳадиси Қудсийда ҳам Жаноби Ҳақ: “Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирон кишининг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни - Илоҳий Марҳаматларни тайёрлаб кўйганман”, деб хабар қилган. (Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Абу Хурайра розиялпоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
“Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур”.
Яъни, албатта Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати бениҳоядир ва У Ўзи хоҳлаган бандаларига фақат уларнинг қилган амалларига яраша эмас, балки ҳеч қандай ҳадду ҳисобсиз ва сон-саноқсиз неъматларни ризқ қилиб - зиёда мукофот қилиб беришга албатта Қодирдир.

39. Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса худди теп-текис сахродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон унинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Оллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас, У Зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.
Юқоридаги оятларда мўминлар қилган солиҳ амаллари учун Қиёмат Кунида қандай ажр-мукофот ва Илоҳий Фазл-Марҳаматларга сазовор бўлишлари ҳақида хабар берилгач, энди ушбу ва қуйидаги оятда кофир кимсалар қилган амаллари учун - гарчи у амаллар қариндош-уруғни йўқлаш, гариб-муҳтож кишиларга хайр-саҳоват кўрсатиш каби яхши ишлар бўлса ҳам - Оллоҳ таоло ҳузурида ҳеч қандай ажрга эга бўлмасликлари, роса муҳтож бўлган соатларида қуруқ кўл билан қолишлари ва албатта, уларнинг қилган ҳар бир амалини Кўргувчи, Билгувчи Оллоҳ таолонинг ҳақли жазосига гирифтор бўлишлари ҳақида ўта ибратли икки мисол келтирилади. Биринчи мисол, динсиз-иймонсиз кимсалар қилган ҳар қандай яхши амал бамисоли саҳрода узоқдан кўзга сув бўлиб кўринадиган, лекин яқинлашган сари кўздан йўқолиб борадиган алдамчи саробдек улар учун тамоман фойдасиздир.
Бу хусусда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон сураси, 23-оят).
Бас, маълум бўладики, Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру-мукофот бўлмас.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом ўша мушрикларга), айтинг: «Биз сиз-ларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, (аммо нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли - яхши амал қилаётган киши-лар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» Улар Парвардигорларининг оятларини ва (Қиёмат Кунида) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай вазн-қиймат бермасмиз!” (Каҳф сураси, 103-105-оятлар).

40. Ёки (кофирларнинг қилган амаллари) тўлқин устига тўлқин, яна унинг устидан (қора) булут қоплаб олган денгиздаги зулматларга ўхшайди. (Улар) устма-уст зулматлардир. У ўз қўлини чиқариб (қараса, қоронғуликнинг қуюқлигидан) уни кўришга яқин бўлмас. Кимга Оллоҳ нур (иймон) бермаса, бас, унинг учун (ҳеч қандай) нур бўлмас.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таоло кофирларнинг қилган амаллари ҳақида келтирган иккинчи ибратли мисолдир. Агар юқоридаги оятда уларнинг қилган яхши амаллари худди алдамчи саробдек Қиёмат Кунида уларга ҳеч қандай фойда бермаслиги ҳақида огоҳлантирилган бўлса, ушбу оятда “Ёки” калимаси билан энди кофирларнинг ёмон-қабиҳ амаллари ҳақида мисол келтирилади ва уларни устма-уст зулматларга ўхшатилади.
Убай ибн Каъб розияллоху анҳу айтади: Ушбу оятда кофир кимса бешта устма-уст зулмат-қоронғулик ичида эканлиги айтилади: унинг сўзлайдиган сўзи зулматдир, қиладиган амали зулматдир, кирадиган қабри зулматдир, чиқадиган маҳшаргоҳи зулматдир, Қиёмат Кунида тушадиган жойи бўлмиш дўзах ҳам қоп-қоронғу зулматдир. (“Тафсири Табарийдан).
Агар эсласак, 35-оятда мўмин қалбидаги иймон нури нур устидаги нурга ўхшатилган ва иймон том маънодаги нур - ёруғлик эканлиги таъкидланган эди. Энди ушбу оятда бўлса, иймоннинг зидди бўлган куфр зулмат устига зулмат эканлиги, бундай қоронғу зулматда қолган кофир Тўғри Йўлни эмас, ҳатто ўзининг қўлини ҳам кўра олмаслиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.
“Кимга Оллоҳ нур (иймон) бермаса, бас, унинг учун (ҳеч қандай) нур бўлмас”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Яъни, кимни Оллоҳ таоло ҳаёти дунёда Ўз Динига ҳидоят қилмаса, ундай кимса учун ҳеч қандай дин йўқдир ва кимга Қиёмат Кунида нур ато этмаса, ундай кимса жаннатга йўл топа олмас”. Мазкур Нури Илоҳий ҳақида мана бу ояти каримада ҳам айтилгандир: “Эй (Ийсога) иймон келтирган зотлар, Оллоҳдан қўрқинглар ва Унинг Элчиси (Муҳаммад алайҳис-салом)га ҳам иймон келтиринглар, (шунда) У Зот сизларга Ўз Раҳматидан икки ҳисса ато этур ва сизлар учун (Қиёмат Кунида олдиларингизда) юрадиган нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Ҳадид сураси, 28-оят). (“Тафсири Қуртубий”дан).

41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳга осмонлар ва Ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб - поклашини кўрмадингизми? Аниқки, (Оллоҳ) барчанинг дуо-ю тасбеҳини билиб турур. Оллоҳ уларнинг қилаётган (барча) ишларини Билгувчидир.
Мана бу оят ва унинг тафсири ўрганаётганимиз ояти кариманинг маз-мунини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради, иншооллоҳ: “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳга) тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳларини англай олмайсизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли бўлган Зотдир”. (Ал-Исро сураси, 44-оят).
Тасбеҳ - банда Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини сидқидилдан тан олиб “Субҳаноллоҳ”, дейишидир. Бу инсонлар айтадиган тасбеҳ бўлиб, ояти карима далолат қилишича, осмонлар ҳам, Ер ҳам, коинотдаги жонли-ю жонсиз бўлган барча мавжудот ҳам ўзларининг забони ҳоллари билан ҳар лаҳзада худди шундай тасбеҳ айтадилар. Баъзи бир олимлар: инсонлар, фаришталар ва жинлардан бошқа ҳайвонот, наботот ва жамодот (яъни, тош-кесак каби жонсиз нарсалар)нинг тасбеҳ айтишлари мажозий бўлиб, уларнинг тасбеҳи ҳар бир нарсанинг ўз вужуди билан Яратганнинг тенгсиз Қудратига ва буюк Ҳикматига далолат қилиб туришидир, дейдилар. Лекин аксари уламолар ояти каримадаги, “Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳларини англай олмайсизлар”, жумлаларини далил қилиб, ҳайвонот, наботот ва жамодотнинг ҳар бири худди инсонлар каби ҳақиқатан тасбеҳ айтади, аммо инсонлар уларнинг тилларини тушунмайдилар, дейдиларки, мана шу сўз тўғрироқдир. Шайх Алий Самарқандий ўзининг “Баҳрул-улум” тафсирида айтади: “Ростки, жонсиз нарсаларнинг сўзлашлари тан олинганидан кейин, албатта уларнинг тасбеҳ айта олишлари ҳам тан олиниши керак. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Маккадаги бир тошни биламан. У ҳали мен Пайғамбар бўлиб юборилишимдан илгари менга салом берар эди. Мен уни ҳозир ҳам жуда яхши танийман”, дедилар. (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху айтади: “Қасамки, биз Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг хузурларида ейилаётган таомнинг тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик”.
Ахир Қуръони Каримнингўзида ҳам қулоқ, кўз, қалб, ҳатто қўл ва оёқлар каби инсон баданидаги аъзолар Қиёмат Кунида тилга кириб гувоҳликка ўтишлари айтилдику”.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Муаззин овозини эшитган ҳар бир жин ҳам, инс ҳам, дов-дарахту, тош ва кесак ҳам Қиёмат Кунида албатта унинг учун гувоҳликка ўтади”, деб хабар бердилар.
Пайғамбар алайҳис-салом Мадинайи мунавварадаги масжидларида бир хурмо ёғочига суяниб хутба қилар эдилар. Сўнг бир киши уч пояли зинаси бор минбарни ясаб келтирган эди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам унинг устида туриб хутба қилмоқчи бўлганларида, ҳалиги хур-мо ёғочи инграб юборди. Қачонки Пайғамбар алайҳис-салом минбардан тушиб, қўлларини унга кўйган эдилар, тинчиб қолди. (Бухорий ривояти).
Абу Зарр Ғифорий розияллоху анхудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир жойда Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоху анхум билан ўтириб, етти дона майда тошни олиб кафтларига кўй-ган эдилар, у тошлар тасбеҳ айтдилар, ҳатто уларнинг худди асалари каби ғинғиллаб овоз чиқараётганларини мен ҳам эшитдим. Кейин тошларни Абу Бакрга берган эдилар, у кишининг қўлида ҳам улар тасбеҳ айтганларини эшитдим, сўнгра Умарга, сўнгра Усмонга берган эдилар, уларнинг кўлларида ҳам тошлар тасбеҳ айтганини эшитдим”. (Ҳофиз Исфаҳонийнинг “Далоилун-нубувват ” китобидан).
Абдуллоҳ Қуртубий зикр қилишича, Довуд алайсис-салом: “Мен бу кеча Оллоҳ таолога Унинг махлуқотидан биронтаси айта олмаган тасбеҳни айтурман: деган эди, шу онда унга ҳовлисидаги ариқдан бир бақа: “Сен айтадиган тасбеҳинг билан Оллоҳтаолога мақтанаяпсанми? Менинг бўлса, ёшим етмишга кириб, бирон лаҳза тилим Оллоҳнинг зикридан куруқ бўлган эмас”, деб нидо қилди. (“Танвийрул азҳон”тафсиридан).
Аҳмад ва Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Нуҳ алайҳис-салом, қачонки унга вафот қилиш соати етиб келганида икки ўғлига: “Мен сизларга Оллоҳ таолога ҳамду сано билан тасбеҳ айтишни буюраман. Чунки тасбеҳ барча жонли-ю жонсиз мавжудот қиладиган дуо-салавотдир ва Еру осмонлардаги барча нарса ана ўша тасбеҳ шарофати билан ризқланур”, деб васият қилган эди”, дедилар. (“Тафсирул Мунийр”дан).
Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: Барча нарса, хоҳ у жонли бўлсин, хоҳ жонсиз бўлсин ёки тош ё кесак бўлсин, албатта Оллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Уларнинг тасбеҳи: ”Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳ - Оллоҳ таоло ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зотдир, Унга ҳамд бўлсин”, демоқлиқцир”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
Бас, маълум бўладики, бандалари айтадиган мана шу тасбеҳ шарофатидан Ҳалим - Ғазабни ютгувчи ва Ғофур - Кечиргувчи Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло гуноҳкорларни дарҳол жазоламас экан ва тавба қилгувчиларни кечириб юборар экан.

42. Осмонлар ва Ернинг Подшоҳлиги Оллоҳникидир ва Ёлғиз Оллоҳга қайтиш бордир.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзидир.
Зотан, уларнинг ҳаммасини ва ҳар бирини УнингЎзи комил Қудрат ва тенгсиз Билим билан яратган - йўқдан бор қилган, бас, уларнинг ҳаммасини Унинг Ўзи гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқариб туради. Ҳеч бир иш, воқеа-ҳодиса Унинг Изнисиз, Унинг хоҳишисиз рўй бермайди, ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Ундан қочиб қутула ол-майди. Чунки Қиёмат Кунида “Ёлғиз Оллоҳга қайтиш бордир”.

43. Оллоҳ булутларни (Ўзи хоҳлаган томонга) ҳайдашини, сўнгра (бўлак-бўлак булутларни) бирлаштиришини, сўнгра уларни тўп-тўп қилиб қўйишини кўрмадингизми? Сўнг у (булутлар)нинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Яна (Оллоҳ) осмондан - ундаги (булут) тоғларидан дўл ҳам ёғдириб, унинг (зиёнини) Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан нари кетказур. Унинг чақмоғининг ёруғлиги (қараган) кўзларни кетказгудек бўлур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги бор махлуқотнинг Танҳо Эгаси эканлигига яна бир ҳеч рад этиб бўл-майдиган далил келтиради: У ердагилар учун кўп вақтларда оби Раҳмат, айрим пайтларда эса азоб-уқубат бўладиган ёмғир-қор ва дўл-селларни қай тарзда пайдо қилиши ҳақида баёнот беради ҳамда Ўзининг ичи тўла сув бўлган булутлар тўқнашувидан қараган одамнинг “кўзини кўр қилиб қўядиган” даражада ёруғ бўлган олов-чақмоқни пайдо қилишга Қодир Оллоҳ эканлигини айтиб, яна бир бор инсониятни огоҳлантиради.
Бу хусусда бошқа сураларда ҳам ўта ибратли оятлар нозил қилинган: “У шундай Зотки, Ўз Раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб олгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик маконга ҳайдаймиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. (Аъроф сураси, 57-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақтаоло бандаларига ризқ-рўз бериш ҳам, Уларни ўлдириб-тирилтириш ҳам Ёлғиз Ўзининг Қўлида эканини бир гўзал мисол билан баён қилади. У Зот ёмғир Ўзининг бандаларга ёғдирган Меҳри-Раҳмати эканини айтиб, шамоллар эса худди денгиз-дарёларда юк тўла кемаларни ҳайдаб юрганидек, осмонда ҳам сув тўла кемаларни - вазмин булутларни ҳайдаб юрадиган паҳлавон лашкарларга ўхшатилади. Дарвоқеъ, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, “шамоллар ва сув Оллоҳ таолонинг лашкарларидандир”. Ояти каримада Яратганнинг Амри билан у лашкарлар сув тўла булутларни ўлик маконга - қақраб ётган ерларга ҳайдаб бориб, Оллоҳ таоло у ерларга ёмгир ёғдириб гулзор-экинзорларга, мевали боғларга айлантириб қўйгани каби Қиёмат Кунида жамийки Ер остида ётган жонсиз жасадлар устига ҳаёт ёмғирини ёғдириб - тирилтириб Ернинг устига чиқариб кўйиши ҳақида хабар берилади ва “Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”, деб инсон-ларни ўз кўзлари билан кўриб турган, йил сайин уларнинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган “ўлик Ернинг тирилиши” ҳодисасидан ибрат олиб, Охиратдаги тирилиш ҳам ҳақ эканига иймон келтиришга чақирилади.
Бу муҳим мавзу Қуръони Карим оятларида такрор-такрор эслатилади: “Оллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, унинг ёрдамида ўлган Ерни тирилтирдик. (Қиёмат қойим бўлган Куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир”. (Фотир сураси, 9-оят). “Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Оллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар. Бас, Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига қаранг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, ана ўша (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Рум сураси, 48-50-оятлар).

44. Оллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боққан инсон учун Оллоҳ таолонинг кеча ва кундузни узлуксиз айлантириб-алмаштириб туришида буюк ибрат бордир. Кўз ўнгимизда кун сайин тўхтамасдан такрорланиб турадиган бу ҳодиса энг аввало биз инсонларга Оллоҳ таоло нафақат Ер ва осмонлар каби маконларни, балки кеча ва кундуз янглиғ замонларни ҳам Танҳо Эгаси, Ўзининг чексиз Қудрат ва Илоҳий Интизоми билан бошқариб, тасарруф қилиб тургувчи Ягона Подшоҳи эканлиги маълум бўлади. Бас, агар биз чиндан ҳам ақл-фаросат эгалари бўлсак, мана шу ҳодисага - кеча билан кундузнингтинимсиз равишда бир-бирларини алмаштириб туришлари ва кун сайин улардан бири қисқарса, иккинчиси узайиб, буниси узайса, униси қисқариб туришига гувоҳ бўлар эканмиз, албатта, бу иш кеча ва кундузнинг ўзларининг хоҳишларича қилаётган ишлари эмас, балки уларнинг Холиқи бўлмиш Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг хоҳиш ва Иродаси билангина содир бўлиши мумкин иш эканлигига иймон келтирмоғимиз лозимдир. Зотан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир Ҳадиси Қудсийда шундай хабар бердилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Одам боласи менга озор берур - у Замонни сўкар, ҳолбуки замон Мендирман, барча иш Менинг Қўлимдадир, кеча ва кундузни ҳам Мен айлантириб турурман!” (Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

45. Оллоҳ барча жонзотни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам бор, икки оёқда юрадиганлари ҳам бор, тўртта (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир.
Юқоридаги оятларда осмонлар, Ер ва улардаги жамийки жонли-жонсиз махлуқот, ҳатто ҳаво, булутлар ва уларнинг орасидан чиқиб ерга ёғаётган ёмғир-қор-дўл ҳам, кеча-ю кундуз ҳам Ёлғиз Оллоҳтаолонинг мулки эканлиги ва уларнинг барчасини УнингЎзи тасарруф қилиб - бошқариб туриши ҳақида хабар берилгач, энди ушбу ояти каримада Ерда ўрмалаб юрадиган жамийки жонзотни уларнинг орасида илон, балиқ, қурт каби қорни билан ерга судралиб “юрадиган”лари ҳам, инсон ва қуш каби икки оёқда юрадиганлари ҳам, чорва ҳайвонлари ва ваҳший ҳайвонот каби тўрт оёқда юрадиганлари ҳам бор - уларнинг барчаларини Оллоҳтаоло Ўз Қудрати билан бир томчи сувдан - нутфадан яратгани баён қилинади. Оятдаги “сувдан яратди” иборасини мазкур жонзотлар вужудининг асосий қисми - бешдан тўрт бўлаги сувдан иборат, деб тафсир қилган уламолар ҳам бор.
“Оллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир”.
Яъни, Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғлигини кўрсатиб турадиган далиллардан бири, У Зот Ўзи хоҳлаган нарсани, Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган суратда яратади ва Унинг Хоҳишига ҳеч ким қарши тура олмайди. Зотан, хоҳлаган ишини қила олгувчи Зот Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Қолганлар ҳаммаси Ягона Холиқнинг - Яратгувчининг хоҳиш ва Иродасига бўйинсунгувчи ожиз маҳлуқлардир - яралгувчилардир. Улар фақат Худо хоҳласагина бир иш қила оладилар ва ҳеч бирлари ҳеч нарсани ярата олмайдилар.

46. Дарҳақиқат, Биз очиқ-равшан оятларни нозил қилдик. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Ўзининг Ер юзига туширган Эслатмаси бўлмиш Қуръони Азимнинг ҳар бир оятини ўқувчилар англаб, эслатма-ибратлар олишлари учун худди юқоридаги оят каби очиқ-равшан ва тушунарли ҳолда нозил қилгандир. Бас, ҳеч ким: “Мен Оллоҳ таоло менга нимани буюрганини ва нимадан қайтарганини тушуна олмадим”, деб баҳона қилишига асос йўқдир. Қуръонни қунт билан ўқиган ҳар бир инсон унинг маъноларини тушунади. Лекин ҳамма ўқиганлар ҳам ўз-ўзидан Тўғри Йўлни топиб кетавермайдилар. Балки чин ихлос билан, ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон ва муҳаббат билан ўқиб-ўрганган ва Унинг кўрсатмаларига амал қилган кишиларгина Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан Ҳақ Йўлга ҳидоятланадилар.
Яъни, “Оллоҳ фақат Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур”.

47-48-49. Улар (яъни, мунофиқлар): «Оллоҳга ва Элчига (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга) иймон келтирдик ва бўйинсундик», дейдилар-у, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгирганларича кетурлар. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Оллоҳ ва Унинг Элчисига у зот ўрталарида ҳукм чиқаришлари учун чорлансалар баногоҳ улардан бир гуруҳи (Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса (Пайғамбар алайҳис-салом олдиларига) бўйин эгиб келурлар.
Муфассир уламолар ушбу оятлар Бишр исмли мунофиқ ҳақида нозил бўлганини айтадилар. У билан бир яҳудий ўртасида талаш ер бор эди.
Воқидийнинг “Асбобун-нузул” китобида ва “Тафсири Қуртубий”да Ибн Аббос розияллоҳу аҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятлар ҳам бир яҳудий билан хусуматлашиб қолган мунофиқ кимса ҳақида нозил бўлган. Яҳудий: “Ўртамиздаги талашни ҳал қилиш учун Муҳаммаднинг олдига борайлик”, деса, мунофиқ “Йўқ, Каъб ибн Ашрафнинг олдига борамиз”, дейди. Каъб яҳуд коҳин - фолбинларидан бўлиб, Оллоҳ таоло уни Тоғут - шайтон деб атади.
Яҳудий фақат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бориб масъалани ҳал қиламиз, деб оёқ тираб туриб олгач, мунофиқ ҳам ноилож кўниб, икковлари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, ўртада талашаётган нарсаларини айтишгач, Пайғамбар алайҳис-салом яҳудийнинг фойдасига ҳукм чиқариб берадилар. Аммо қачонки у зотнинг ҳузуридан чиққанларида ҳалиги мунофиқ яҳудийни маҳкам ушлаб: “Умар ибн Хаттобнинг олдига ҳам борамиз”, деб туриб олди. Шундай қилиб у иккови Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келганларида яҳудий, Умарга қараб: “Биз мана бу билан ҳақ талашиб, Муҳаммаднинг олдига бордик. У бунинг зиёнига ҳукм чиқариб берди. Бу эса Муҳаммаднинг чиқарган ҳукмига рози бўлмасдан, сенинг олдингга келиб, ўртамиздаги хусумат-талаш тўғрисида сенга арз қиламиз деб менга осилиб олди. Шунинг учун биргаликда олдингга келдик”, деди. Умар розияллоху анҳу ҳалиги мунофиққа қараб: “Шундайми”, деган эди, у: “Ҳа”, деб жавоб қайтарди. Шунда Умар розияллоху анху: “Ундай бўлса шошмай туринглар, ҳозир чиқаман”, дедида, уйга кириб қиличини олди ва уни маҳкам ушлаганича у икковининг олдига чиқди-ю, бир зарб билан мунофиқнинг бошини танасидан жудо қилди ва: “Мен Оллоҳнинг Ҳукмига ва Унинг Расулининг хукмига рози бўлмаган кимсага шундай хукм чиқарурман”, деди. Бу ҳолни кўриб турган яхудий қочиб қолди ва шу онда ушбу оят нозил бўлди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга ваҳий келтирган Жаброил алайҳис-салом: “Умар Ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиб қўйди”, деди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Умар розияллоху анхуга: “Сен Форуқсан (яъни, Ҳақ билан ботилни ўртасини ажратгувчисан)”, дедилар. Шу-шу Умар Форуқ деб атала бошлади”.
Гарчи ояти карима нозил қилинишига бу каби воқеалар сабаб бўлган эса-да, оятнинг хукми умумий бўлиб, ким Қуръонга ва бошқа Илоҳий китобларга иймон келтирганман, деб туриб, шахсий ҳаётида Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръон ҳукмига амал қилмаса, ҳаёт давомида кўндаланг бўладиган турли масъала - муаммоларнинг жавобини Оллоҳ ва Расулидан, яъни, Қуръон ва Ҳадисдан сўрамаса - бу икки Асл Манбаъ ҳукмига бўйинсунмаса, аксинча уни йўлдан оздирадиган шайтонларга бўйинсуниб яшайдиган бўлса, у ҳақиқий мўмин эмас, балки мунофиқдир.
Мадина сураларидан бўлмиш Нисо сурасининг мана бу оятлари нозил қилинишига ҳам мазкур воқеа сабаб бўлгани айтилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга нозил қилинган Нарсага (Қуръонга) ва Сиздан илгари нозил қилинган Нарсаларга иймон келтирганмиз, деб даъво қиладиган (айрим) кимсаларнинг (Қуръонни қўйиб) шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга (шайтоннинг сўзларига) ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга: «Оллоҳ нозил қилган Нарсага (Қуръонга) ва Пайғамбар (суннати)га келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг Сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз. (Нисо сураси, 60-61-оятлар).
Мана бу оятда Оллоҳ ва Расулининг ҳукмига бўйинсунмаган, Расулул-лоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан юз ўгирган кимсалар мунофиқ экани очиқ лафз билан аниқ қилиб айтилди.
Демак, Оллоҳтаолонинг ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмидан юз ўгирган кимса мунофиқдир. Мунофиқлик эса ҳадиси шарифда ворид бўлишича, куфрдан ҳам ёмонроқдир. Оллоҳ таоло мунофиқларнинг Охиратдаги аҳволи ҳақида бундай хабар берган: “Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сураси, 145-оят).

50. Уларнинг дилларида мараз борми ёки улар (Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми ёхуд Оллоҳ ва Унинг Элчиси уларга зулм қилишидан қўрқурларми?! Йўқ, ҳақиқий золимлар уларнинг ўзларидир.
Яъни, нега Бишр каби мунофиқлар бировлар билан ўрталарида талаш масъала пайдо бўлганида агар у ўзларининг фойдаларига ҳал қилинишига кўзлари етса, югурганларича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига хукм сўраб келадилар-у, бошқа вақтда у зотнинг ҳузурларига келишдан ва Оллоҳ ва Расулининг ҳукмини эшитишдан бош тортадилар? Қалбларида динсизлик деган мараз ёки шак-шубҳа бўлгани учунми? Албатта шунинг учун, чунки “(Мунофиқлар гарчи тилларида иймон келтирдик, десаларда) уларнинг дилларида мараз - шак-шубҳа ва куфр бор эди, бас, Оллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун (ўзлари мўмин бўлмаган ҳолларида «иймон келтирдик», деб) айтган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир”. (Бақара сураси, 10-оят). Ёхуд уларнинг руҳларида ҳеч қандай иллат ёки шак-шубҳа йўғ-у, фақат Оллоҳ ва унинг Элчиси адолат билан ҳукм қилмасдан уларга зулм қилиб қўяди деб кўрққанлари сабабли Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига келишдан бош тортдиларми? Асло ундоқ эмас! Чунки улар Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси комил адолат билан Ҳақ Ҳукмни баён қилишини жуда яхши тушунадилар, аммо шу билан бирга ўша Ҳукм ўзларининг зиёнларига бўлишини ҳам жуда яхши биладилар. Бас, мунофиқ-кофир кимсалар фақат Ҳақиқатни ёмон кўрадиган, Адолат қарор топишини истамайдиган золим кимсалар бўлганлари учунгина Оллоҳ ва Унинг Элчисини Ҳукми-дан юз ўгирадилар ва ўз жонларига жабр қиладилар.

51.    Оллоҳ ва Унинг Элчисига токи у зот ўрталарида ҳукм чиқариши учун чорланганларида мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйинсундик», дейишдир. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Ояти карима биз мўминларга иймоннинг ҳақиқатини ва ҳақиқий мўминнинг сифати қандай бўлиши лозимлигини баён қилиб беради. Демак, чин мўминлар ҳаётлари давомида улар билан бошқалар ўртасида пайдо бўлган ҳар қандай талаш масъалада Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамда Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳукм қилиб бериши учун чорланган вақтларида у Ҳукм уларнинг нафсларига ёқадими ёки ёқмайдими қатъий назар, дарҳол унга қулоқ солишлари ҳамда “Эшитдик-тушундик ва итоат этдик”, деб баҳс этилаётган масъалада уларнинг фойдаларига ҳукм қилинадими ёки зиёнларигами, ҳар қандай ҳолда ўша Ҳукми Илоҳийни қабул қилишлари вожибдир. Чунки бу сифат - ҳар қандай ҳолда Оллоҳ таоло буюрган Ҳукмга бўйин-суниб амал қилиш - уларнинг дунё ва Охиратда нажот топишлари учун энг ишончли кафолатдир. Бу ҳақда қуйидаги оятда баён қилинади -

52.    Ким Оллоҳ ва Унинг Элчисига бўйинсунса ҳамда Оллоҳдан қўрқса ва тақво қилса, бас, ана ўшалар (бахт-саодатга) эришгувчилардир.
“Тафсири Қуртубий”да ушбу ояти карима тафсирида Умар розияллоху анҳунинг озод қилган қули Аслам Адавий томонидан ривоят қилинган бир ибратли воқеа келтирилади: Бир куни Умар розияллоҳу анху Пайғамбар соллоллоху алайхи ва салламнинг масжидларида намоз ўқиб турган эди, баногоҳ унинг устида Рум мамлакатининг катталаридан бўлган бир киши пайдо бўлди.У: “Мен ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ борлигига гувохдик бераман ва Муҳаммад Оллоҳнинг Элчиси эканлигига ҳам гувоҳлик бераман”, дер эди. Бас, Умар ундан: “Сенга нима бўлди?” деб сўраган эди, у: “Мен Оллоҳ учун Исломни қабул қилдим”, деди. “Бунинг бирон сабаби борми?” сўради Умар. У айтди: “Ҳа, мен Таврот, Забур ва Инжил китобларини, пайғамбарларнинг китобларидан кўпларини ўқиганман. Бир куни асирлардан бўлган бир кишининг Қуръондан шундай бир оятни ўқиётганини эшитиб қолдимки, унда илгари келган барча Илоҳий китобларнинг маъноси жамланган эди. Бас, билдимки, Қуръон Оллоҳхузуридан нозил қилинган Китобдир. Шундан кейин Исломни қабул қилдим”. Умар: “У қайси оят экан”, деб сўраган эди, у киши ўрганаётганимиз ояти каримани ўқиб, шундай тафсир қилди: “Ким фарз бўлган амалларда Оллоҳтаолога итоат этса, суннат амалларда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга эргашса, умрининг ўтган қисмида Оллоҳдан қўрқса, қолган қисмида тақво билан хдёт кечирса, бас, ана ўша кишилар баҳт-саодатга эришгувчи, яъни, дўзахдан қутулиб, жаннатга киритилувчилардир”. Бу сўзларни эшитган Умар розияллоҳу анҳу: “Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам: “Менга жавомиул-калим - барча маъноларни ўз ичига қамраб олган сўзлар берилди”. деган эдилар-а”, деди.

53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мунофиқлар) агар Сиз амр этсангиз албатта (жиҳодга) чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Оллоҳга қасам ичдилар. Айтинг: «Қасам ичаверманглар! (Сизлар қиладиган) тоат-ибодат (Бизга жуда яхши) маълумдир. Албатта Оллоҳ қи-лаётган амалларингиздан Хабардордир.
Юқоридаги икки оятда нажот топгувчи ва икки дунё саодатига эришгувчи мўминларнинг сифатлари баён қилингач - улар Оллоҳ таоло ва Унинг Элчисининг Ҳукмидан хабардор бўлишлари билан: “Эшитдик ва бўйинсундик”, дейдиган, сўнгра ўзларининг чин мўмин эканликларига ишонтириш учун ҳадеб қасам ичавермасдан, Оллоҳ таолога ибодат ва Унинг Расулига итоат билан, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқиш ва Унинг ҳар бир Ҳукмига тақво-парҳез билан жимгина амал қиладиган кишилар эканлиги айтилгач, энди ушбу ояти каримада ҳамма замонлардаги сиртида ва сўзида мўмин-у, аммо қалбида ва амалида кофир бўлган мунофиқ кимсаларнинг кирдикорлари фош этилади, уларнинг ҳеч қачон Оллоҳнинг Ҳукмига сидқидилдан амал қилмасликлари, қиладиган бор амаллари фақат жон-жаҳдлари билан Оллоҳ Номига қасам ичиш - қасамхўрлик эканлиги ошкор қилинади. Албатта бундай икки юзли мунофиқлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларида, у зотга Қуръон оятлари нозил қилиниб турган вақтларда ҳам бор эди. Улар Оллоҳнинг Ҳукмига чорланганларида қўлларидан келганича чап бериб, юқорида зикр қилинган ҳамтовоқлари мунофиқ Бишр каби қочиб қолишга ҳаракат қилишар, қочишнинг чорасини тополмаган пайтларида эса, Оллоҳ таолони, Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни алдаш учун зўр бериб: “Оллоҳга қасамки, агар Сиз, эй Расулуллоҳ, бизларга уй-жойларимизни, хотинларимизни, ва бола-чақаларимизни ташлаб чиқиб кетишни буюрадиган бўлсангиз ҳам, албатта ҳамма нарсамиздан воз кечиб сиз билан чиқиб кетаверамиз, агар бизни жиҳодга чорласангиз, сиз билан жиҳодга ҳам кетаверамиз”, деб қасам ичардилар. Албатта, Оллоҳ таоло Номига ичилган бундай қасамларни эшитган мўмин алданиб қолиши мумкин. Шунинг учун Ҳақ таоло Ўз Элчисига ушбу оятни нозил қилиб, мунофиқларнинг қасамларига асло ишонмасликни, аксинча уларга: “Сизлар ҳадеб қасам ичаверманглар! Сизларнинг фақат оғизларингизда тоат-ибодат қилишларингиз жуда яхши маълумдир. Оллоҳ таоло сизларнинг қандай қасамлар ичиб, кейин қандай амаллар қилишингиздан Хабардордир”, деб нафақат ўша вақтдаги, балки барча замонлардаги мунофиқларни ҳам огохдантиришни буюрди. Бундай мунофиқлардан албатта ҳазар қилиш, уларга алданиб қолмаслик ҳақида бошқа оятларда ҳам такрор-такрор айтилган: “Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Оллоҳ бу фосиқ - итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди”. (Тавба сураси, 96-оят).
Муқотил айтади: “Ушбу оятлар мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ҳақида нозил бўлган. У Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга Оллоҳ номи билан қасам ичиб: “Ҳеч қандай шериги бўлмаган Ёлғиз Оллоҳга қасамки, мана шу Табук ғазотидан кейин ҳеч қачон мен Сизга хилоф иш қилмайман ва Сиз буюрган ғазотдан қолмайман”, деб Пайғамбар алайҳис-салоту вассаломдан розилик сўраганида Оллоҳ азза ва жалла ушбу оятларни нозил қилди”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ояти каримада Ҳақ таоло мунофиқ кимсаларнинг ичадиган қасамлари, яъни, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш учун қиладиган барча амаллари фақат мусулмонларни алдаб ўзларидан рози қилиш учун бўлиши, агар мусулмонлар мунофиқ кимсаларнинг макр-ҳийлаларига алда-ниб улардан рози бўлганларида ҳам Оллоҳ таоло ҳеч қачон рози бўлмаслиги, демак, мунофиқлар гарчи бу дунё ҳаётида мусулмонлар қаторида юрсалар ҳам, Охиратда кофирлар билан бирга жаҳаннамда бўлишлари аниқ экани ҳақида хабар беради ва уларни фосиқ - итоатсиз қавм деб атайди.
Оятдан кўзда тутилган мақсад, уламоларнинг айтишларича, мусулмонларни мунофиқлардан рози бўлмасликка ва уларнинг ёлғон қасамларига ишонмасликка чақиришдир.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мунофиқлар билан бирга ўтирманглар ҳам, сўзлашманглар ҳам”, деган ҳадиси шарифлари ояти кариманинг энг муносиб тафсиридир.
Муҳаммад Боқир айтади: “Отам Зайнул-обидийн менга васият қилиб деди: “Беш тоифа билан дўстлашмагин, сўзлашмагин ва бирга сафарга чиқмагин. Фосиқ-мунофиқ билан дўст бўлмагин, чунки у сени бир тишлам таомга, балки ундан ҳам озига сотиб юборади; бахил билан дўст бўлмагин, чунки у роса муҳтож бўлиб қолганингда сендан алоқасини узади; ёлғончи билан дўст бўлмагин, чунки у яқинни узоқ, узоқни яқин қилиб кўрсатадиган саробга ўхшайди; аҳмоққа ошна бўлмагин, чунки у сенга фойда етказаман деб зиён етказиб қўяди. Ахир аҳмоқ дўстдан оқил душман яхшироқ”, дейилганку; қариндош-уруғдан алоқасини узган кимса билан ҳам дўст бўлмагин, чунки мен унинг Оллоҳ таоло Китобида уч ўринда лаънатланганини кўрдим”. (“Тафсири Руҳул-баён”дан). “Улар ўзла-рининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Оллоҳнинг Йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилгувчи азоб бордир!” (Мужодала сураси, 16-оят).

54. Айтинг: «Оллоҳга бўйинсунингиз ва Унинг Элчисига бўйинсунингиз! Бас, агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда (Пайғамбар алайҳис-салом) зиммасида ўзига юкланган нарса (яъни, одамларга Оллоҳнинг Динини етказиш) бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (Пайғамбар алайҳис-саломга бўйинсуниш) бордир. Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зимма-сида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга Ҳақ Динни) очиқ-равшан етказиш бордир.
Ушбу ояти каримада барча инсонлар Ёлғиз Оллоҳ таолога ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга итоатгўйлик билан бўйсунишга буюрилдилар ҳамда итоатсизлик ва исёндан, яъни, куфрдан, ширкдан нифоқдан қайтарилдилар. Айтилдики, ким итоат қилишдан юз ўгирса, энди унга ҳеч нарса ёрдам бера олмайди - зиммасидаги бандалик вазифасини бажаришдан бош тортгани учун у албатта Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Чунки Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ўзларининг зиммаларидаги Илоҳий рисолатни-элчилик вазифасини буюрилганидек бажардилар. Яъни, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари бирон кимсани мажбурлаб ҳидоят қилиш ё кўзлаган мақсадига муваффақ қилиш ёки бировнинг қилган амалига савоб бериш эмас, балки у зотнинг зиммаларида фақат етказиш - Оллоҳтаоло нозил қилган Динни одамларга тўла-тўкис ҳолда - бирон нарсани камайтирмасдан, бирон нарсани қўшмасдан, Ҳақ таоло қандай туширган бўлса, худди ўша ҳолда етказиш бордир, холос. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам зиммаларига кўйилган бу улуғ Рисолат - Вазифани шараф билан мукаммал адо этдилар. Дини Ислом ва унинг асоси бўлган Қуръони Азим тўла-тўкис инсониятга етказил-ди, уни ҳеч ким, ҳеч қачон йўқота олмаслигига, ўзгартира олмаслигига Ило-ҳий Кафолат ҳам берилди: “Албатта бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.” (Ҳижр сураси, 9-оят). Бас, ҳеч ким: “Менга Қуръон, Ислом тўла ҳолда етмади, агар етганида амал қилган бўлар эдим”, деб баҳона кўрсата олмайди.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис-салом олиб тушган ҳар бир оятни тўла-тўкис ҳолда етказиш билан бирга яна Ҳақ таолонинг Ўзи дилларига солган, Қуръон оятларини таъвил-тафсир қилиб берадиган ҳадисларни ҳам етказдиларки, энди ҳар бир мўмин, яъни, Оллоҳтаолони Танҳо Илоҳ деб, Ҳазрати Муҳаммадни Унинг Қули ва Элчиси деб иймон келтирган ҳар бир киши Қуръони Азим оятларига қандай итоат этса, ҳадиси шарифга ҳам шундай итоат этиши фарздир. Чунки ҳадиси шариф Каломуллоҳнинг ўзига хос шарҳидир.
Ояти каримада “Агар унга (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга) бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар”, дея таъкидланади. Бас, маълум бўладики, Оллоҳ таолонинг энг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирмаган ва у зотга итоат этмаган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлни топа олмайдилар.

55. Оллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам Ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) Динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир.
Ушбу ояти карима тафсирида “Тафсири Бағавий”да Абул-Олия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ваҳий нозил бўлганидан кейин асҳоблари билан ўн йил турдилар. Шу муддат мобайнида уларга кофир-мушрикларнинг озор-азиятларига сабр қилиш буюрилди, эрта-ю кеч хавф-хатарда яшадилар. Сўнгра Мадинага ҳижрат қилиш амри нозил бўлди ва у жойга борганла-ридан кейин кўп ўтмай, ортларидан қувиб борган Макка мушриклари билан жанг қилиш буюрилди - яна хавф-хатардаги ҳаётлари давом етди, биронталари кўлларидаги курол-яроғларидан бир кун ҳам ажрала олмас эди. Ҳатто улардан бир киши: “Бизга хотиржам яшайдиган ва куролларимизни ерга қўядиган кун келмайди, шекилли”, деб юборди. Шунда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. (Бу ривоят Табарий, Куртубий ва бошқа муфассирлар тасниф қилган тафсир китобларида ҳам келади).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг иймонли ва солиҳ амалли бандаларига - Пайғамбар алайҳис-салом ва у зотнинг садоқатли саҳобаларига, Дини Ислом учун ва мўмин-мусулмонлар учун ўта хатарли, оғир ва қоронғу кунларда иймонларини қўлдан бермай Оллоҳ буюрган амалларни адо этган Инсонларга гўё шундай ваъда қилди: “сизлар асло умидсизликка тушманг-лар, Мен албатта сизларни тез кунларда аввал Макка заминига, сўнгра Ернинг шарку ғарбларига халифа-хукмрон қилурман, сизлар йиллар давомида чеккан азийятларингиз ва ғурбатдаги ғарибликларингиз эвазига яқинда албатта устма-уст ғалабаларга ва дорул-омон кунларга етишасизлар - Мен сизлардан илгари ўтган мўмин бандаларимга ҳам худди шундай неъматни ато этганман ва уларни золим Фиръавн зулмидан халос қилиб, унинг кўл остидаги Миср ва Шом заминларига халифа-хукмрон қилиб кўйганман - ва Мен сизлар учун Ўзим рози бўлган ягона Динни - Дини Исломни Ер юзида барқарор қилиб қўюрман ва сизлар Ёлғиз Ўзимга ибодат қилурсизлар, Менга бирон нарсани ширк келтирмайсизлар. Бу Менинг сизларга берган Ваъдамдир. Энди кимда-ким мана шу Ваъдадан кейин ҳам кофир бўлса, яъни, ваъда қилинган мана шундай Неъмати Илоҳийяга куфрони неъмат қилса, ундай кимсалар ҳақиқий бузуқи-фосиқларнинг фосиғидирлар”.
Исломий тарих гувоҳки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ушбу Илоҳий Ваъда нозил қилинганидан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан Ҳақ субҳонаху ва таоло Ўз Ваъдасини нақд қилиб кўйди - аввало Маккайи мукаррамани мўминларга қайтариб берди, сўнгра уларни араб жазирасига ғолиб қилди, кейин улар учун шарку ғарбдаги мамлакатлар бирин-кетин очилиб, фатҳ қилинди. Саноқли йилларда аҳвол шунга бориб етдики, Ер юзидаги мусулмонларнинг душманлари улардан ҳайиқиб, қўрқиб турадиган бўлиб қолдилар. Бу сўзлар мутлақо эртак ёки афсона эмас, балки мусулмон ҳам, кофир ҳам гувоҳ бўлган ва тан олган ҳақиқатдир - воқеий    тариҳцир. Мана энди, муҳтарам ўқувчим, азиз сабоқдошим, ибрат назари билан боқайликчи, солиҳ салафларимиз бўлмиш саҳобайи киромга, ҳар жабҳада биринчи ва биз кейингилар учун ибрат намунаси бўлган ўша биринчи мусулмонларга улар Ер юзининг халифалари бўлишлари учун Оллоҳ таоло томонидан қандай вазифалар буюрилди-ю, у буюк инсонлар қайси ишларининг шарофатидан ўша иззат ва шаъну шавкатларга эришдилар? Уларга бир-бирларига душман бўлган турли тўдаларга-ҳизбларга бўлиниб олиш ва ўзларининг ҳизбларига кирмаган мусулмонларни ҳақоратлар қилиш ва ҳатто кофир санаш буюрилдими ёки душманлар берган таълим, маблағ ва курол билан бир-бирларини ўлдириш, қириш буюрилдими?! Ахир уларга бори буюрилган вазифа, ояти карима гувоҳлик бериб турганидек, Оллоҳга иймон келтириш, У Зот буюрган солиҳ амалларни қилиш, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат-қуллик қилиш ва У Зотга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, яъни, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқиш, Ёлғиз Уни севиш, Ёлғиз Унинг учун амал қилиш - риёкорлик қилмаслик ва ҳар ишда Ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилиш - суяниш вазифалари бўлдику! Ахир Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнингўзлари бош бўлган асҳоби киром Оллоҳ таоло буюрган мана шу вазифаларни буюрилганидек адо этганла-ри шарофатидан ваъда қилинган ўша иззату шарафга эришиб, Дини Исломни Ер юзига етказдиларку! Демак, биз уммати Муҳаммаднинг зиммамиздаги энг буюк вазифа, агар чиндан ҳам Дини Ислом Ер юзида азиз бўлишини ва мусулмонлар Ер юзининг халифалари бўлишини истасак, адашмасдан, аллакимлар тузиб берган турли-туман ҳизб ва фирқалар-нинг тузоқларига тушмасдан мана бу ояти каримани ўзимиз учун дастурул-амал қилиб олайлик, ўша улуғ саҳобайи киром алайҳимур-ризвон тутган Тўғри Йўлга эргашиб Оллоҳ таоло буюрганидек, чин иймон билан солиҳ амаллар қилайлик - Ёлғиз УнингЎзига қуллик қилайлик ва Буюк ва Танҳо Хожамиздан Ўзининг севикли бандаларига ато этган иззат ва шарафни биз осий қулларига ҳам насиб этишини ёлвориб сўрайлик, шунда шояд тарихимиз аввалида рўй берган буюк ҳодиса бизларга ҳам муяссар бўлса. Ахир Ҳақ таолонинг энг севикли бандаси ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам: “Умматимнинг охири фақат умматимнинг аввали (яъни, саҳобаларим) қилган амалларни қилсагина ўнгланади - нажот топади”, деб марҳамат қилганларку!
Уламоларнинг айтишларича, ушбу ояти карима Пайғамбар алайҳис-саломга ато этилган буюк Илоҳий мўъжизалардан бири эканлиги оят нозил қилинганидан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан аён бўлди - мусулмонлар учун ўта оғир ва қора кунлар барҳам топиб, улар Оллоҳ таоло ваъда берганидек, мазлум ва мағлубликдан кейин ғалабалар, иззат ва шарафга эга бўлдилар, дорул-омон кунлар келди. Ҳатто айрим саҳобалар ҳам ноумидликка тушаёзган қора кунларда Қуръон мусулмонларга тез кунда албатта ёруғлик келиши ҳақида хабар берди ва бу Илоҳий Хабар рост бўлиб чиққанини ҳамма ўз кўзи билан кўрди!
Мадинада нозил бўлган яна бир ояти каримада ҳам Ҳақ таоло мўмин бандаларига ато этган мана шу улуғ неъматини яна бир бор эслатади: “Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва заиф-бечора бўлган ҳолла-рингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) сизларни талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда (Оллоҳ) сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва сизларга пок-ҳалол нарсалардан ризқ ато этганини эслангиз! (Оллоҳ мазкур неъматларни сизларга) шояд шукр қиларсизлар, (деб ато этди)”. (Анфол сураси, 26-оят).
Ояти карима муҳожир мусулмонлар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларга Маккада кўрганкечирган кунларини - Исломнинг илк даврида мусулмонларнинг адади бармоқ билан санагудек жуда оз ва заифбечора бўлганла-ри, мушриклар эса жуда кўп ва кучли бўлганлари учун ҳар қачон бечора мусулмонларга зулмзўравонликлар кўрсатиб, турли озоразиятлар етказиб, улар ҳар вақт мушрикларнинг талаб-тунашларидан кўрқиб кун кечирганларини эслатади. Кейинчи, кейин нима бўлди? Кейин Оллоҳ таоло Ўз Фазлу Марҳамати билан ҳамма нарсани мусулмонлар фойдасига ўзгартириб юборди. Ҳақ Йўлни танлаганлари - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қил-ганлари учун ўз шаҳарларига сиғмай қолган, иймонларини саломат сақлаб қолиш учун у жойдан чиқиб кетишга мажбур бўлган муҳожирларни Ясриб шаҳридаги - (аввал у шаҳар шундай номланган, кейин, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўчиб келганларидан кейин “Мадинатур-Расул - Расулуллоҳнинг шаҳри” деган номни олишга мушар-раф бўлган) - мусулмонлар иймон билан, ҳатто ўзларининг ҳовли-жойларини уларга тутган ҳолда кутиб олдилар. Мушриклар дастидан Маккадаги уй-жойларидан ажралиб қолган муҳожирларга Оллоҳ таоло Мадинада уй-жой берди, сўнгра Бадр жангида мусулмонларни Мадинада ҳам тинч яшашларига қўймасдан қириб юбориш учун келган мушрикларнинг мингга яқин кучли куролланган лашкари устидан оз сонли мусулмонларни ғолиб қилди ва жангда кўлга киритган ўлжаларини уларга ҳалол-покиза ризқ қилиб берди.
Ояти каримада Ҳақ таоло мусулмонларга Ўзи ато этган мазкур уч буюк неъматни эслатиш билан Ёлғиз УнингЎзига ибодат қилган бандаларини ҳеч қачон хор қилиб қўймаслигини, ҳар вақт уларни қўллаб-қувватлаб, покиза ризқлар ато этишини, Охиратда эса Ўз Раҳматига - жаннатига дохил қилишини таъкидлайди ҳамда уларни Оллоҳ таоло ато этган неъматлар учун шукр қилишга чорлайди.

56.    (Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва Пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд (Оллоҳнинг) Раҳмат-Марҳаматига эришсангизлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўминлар қилишлари лозим бўлган солиҳ амаллардан энг муҳим уч амални алоҳида зикр қилади ва кундалик беш вақт намозни холис Оллоҳ учун, ўз вақтида, бенуқсон адо этиш, Оллоҳ берган мол-давлатдан фақир-муҳтож мусулмонларнинг ҳақлари бўлган қирқдан бир қисмини закот тариқасида ўз эгаларига ато этиш ва ҳар бир амалда Оллоҳнинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, у зотнинг гўзал суннатлари андозасида ҳаёт кечириш мўмин бандани Яратганнинг Раҳмат-Марҳаматига сазовор қилишини эслатади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада янада батафсилроқ айтилган: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Оллоҳ ва Унинг Элчисига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Оллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Оллоҳ Кудратли, Ҳикматлидир”. (Тавба сураси, 71-оят).

57.    (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз кофир бўлган кимсаларни Ерда (бирон жойга) қочиб қутулгувчи деб ўйламанг! Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Нақадар ёмон оқибатдир у!
Юқоридаги ояти каримада Оллоҳтаолога ибодат қилган ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилган мўминлар албатта Оллоҳнинг Раҳматига эришажаклари ҳақида хабар берилгач, ушбу оятда иймонсиз, осий кимсаларнингтопажак оқибатлари зикр қилинади. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло аввало Ўз Элчисига ва у зот орқали жамийки мўминларга хитоб қилиб, бирон кофир кимса Жаноби Ҳақнинг ҳақли жазосидан Ернинг бирон-бир жойига қочиб қутулиб кета олмаслигини, улар қаерда бўлсалар ҳам Оллоҳнинг мулкидан чиқиб кета олмасликларини ва албатта ҳаёти дунёда Ҳақ таоло томонидан юборилган турли бало-офатларга гирифтор қилинишларини, Охират диёрида эса, шак-шубҳасиз турадиган жойларнинг энг ёмони бўлган дузахга тушиб, абадул-абад азобланишларини айтиб, кофир мушрикларнинг зулму зўравонликларидан ўта озурдадил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий беради.

58. Эй мўминлар, қўл остингиздагилар (яъни, қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингиздан (яъни, озод инсонлардан бўлган) балоғатга етмаган (болалар) уч вақтда - бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар. (Бу) уч вақт сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақглар)дир. Ўша (вақт)лардан сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб тургувчидирсизлар. Оллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Оллоҳ Билгувчи ва Ҳикмат Соҳибидир.
Ушбу ояти карима мазмунан суранинг 27-28-оятларининг давоми бўлиб, уламоларнинг айтишларича, у оятлар ом - умумий, ушбу ояти карима эса, хос мавзуни ёритади. Яъни, у оятларда умумий Исломий жамиятдаги ижтимоий ахлоқ-одоб қоидаларидан сўзланган бўлса, бу оятда Исломий оила ичидаги ахлоқ-одоб қоидалари ҳақида сўз боради. Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ва оятнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўша оятлар тафсирида ҳам қисман айтиб ўтилди. Бу хусусда бошқа бир ривоят Воқидий ўзининг “Асбобун-нузул” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берган мана бу хабардир: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бўлган Мудлаж номли бир гуломни қоқ туш пайтида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анхуни чақириб келиш учун юбордилар. Ғулом борганида Умарнинг дарвозаси ёпиқ, ўзи ичкарида ухлаётган эди. Бола дарвозани қоқиб, чақириб кириб борганида Умар уйғониб бошини кўтариб ўтирмоқчи бўлган эди, баданидан баъзи бир жойлари очилиб кўриниб қолди. Шунда Умар: “Қани энди, Оллоҳ таоло болаларимизни, хотинларимизни ва хизматкорларимизни мана шундай очиқ-сочиқ ҳолда бўладиган соатларда устимизга изн сўрамасдан киришларидан қайтарса эди”, деди, сўнгра ҳалиги бола билан Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг хузурларига етиб борди-ю, у зотга ҳозиргина мана шу ояти карима нозил қилинганини билиб, Оллоҳ таолога шукрона саждасини қилиш учун йиқилди. (“Тафсири Қуртубий”дан).

59. Қачон ораларингиздаги гўдак болалар балоғатга етсалар, бас, улар (сизларнинг олдингизга кирмоқчи бўлган вақтларида) худди ўзларидан илгари (балоғатга етган озод) кишилар каби изн сўрасинлар! Оллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Оллоҳ Билгувчи ва Ҳикмат Соҳибидир.
Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу айтади: “Киши ўз онасининг олдига кириш учун изн сўрайди. Ушбу оят нозил қилинишига сабаб шудир”. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан: “Киши ўзининг волидаси олдига кириш учун ҳам изн сўрайдими?” деб сўралганида, у: “Ҳа, агар шундай қилмаса, онаси томонидан ўзи истамаган нарсага кўзи тушиб қолади”, деди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Юқоридаги ояти каримада гўдак болалар ота-оналарининг олдига фақат уч вақтда изн сўраб киришлари лозимлиги, қолган вақтларда беизн кираверишлари мумкин эканлиги баён қилингач, ушбу оятда улар гўдаклик ёшидан ўтишлари биланоқ ҳукм ўзгариши, яъни, энди улар ҳам худди катта кишилардек, қайси маҳал бўлмасин, ота-оналари ҳузурига кирмоқчи бўлсалар, албатта улардан изн сўраб, кейин киришлари жоизлиги, акс ҳолда ўрталарида хижолатли ҳол рўй бериб қолиши мумкинлиги айтилди. Уламолар оятда зикр қилинган “балоғатга етсалар” иборасидан мурод, шаръий балоғат ёши эмас, балки бола эркак-аёлни ажратадиган бўлиб қолганидан кейиноқ ота-онасининг олдига изн сўраб киришга ўргатилиши керак, дейдилар. Абу Исҳоқ Фазорий айтади: “Мен Авзаийдан: “Бола неча ёшидан бошлаб рухсат сўраши керак?” деб сўраган эдим, у: “Тўрт ёшидан бошлаб аёл киши олдига кирмоқчи бўлса изн сўрайди”, деб жавоб берди”. (“Тафсири Куртубий”дан).

60. Хотинлардан ўтириб - кексайиб қолган, никоҳдан умидвор бўлмаганлари бирон зеб-зийнат билан ясан-тусан қилмаган ҳолларида кийимларини (яъни, катта рўмол, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок тутишлари (яъни, доимо рўмол, ёпинчиқда бўлишлари) ўзлари учун яхшироқдир. Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада ҳам, худди суранинг 31-оятида баён қилингани каби аёллар хусусида буюрилган Илоҳий Ҳукм баён қилинади. Фақат бу ўринда ҳамма аёллар ҳақида эмас, балки кексалик ёшига етган, умрининг кўп қисмини уйларидан чиқмай ўтказадиган онахонлар хусусида, турмуш-оила куришга, фарзанд кўришга рағбатлари ҳам, жисмоний имкониятлари ҳам қолмаган, ўзлари ҳам марғуба бўлмаган ёши улуғ аёллар ҳақида сўз боради ва Ҳақ таоло ана ўшандай - кунларининг кўпроқ бўлагини юриб-ҳаракат қилиб эмас, балки ўринларида ўтириб, ўзларига ўхшаган кампирлар билан сухбатлашиб, қизларига, келинларига ва набираларига панд-насиҳатлар қилиб ўтказадиган кекса аёллар агар улар парда остида турган қад-қоматларини ва зеб-зийнатларини ўзгаларга намойиш қилиб мақтаниш ниятида бўлмасалар, бошларидаги катта рўмол-ёпинчиқларини эгниларидаги устки кийимларини ечиб кўйган ҳолда юрсалар гуноҳкор бўлмасликларини, лекин ўшанда ҳам ҳар-хил туҳматлардан ўзларини пок сақлаш учун рўмолларини ташламасликлари ўзлари учун яхшироқ эканини айтади, ҳамда Ўзининг ҳамма нарсани эшитиб, билиб Тургувчи эканлигини эслатади. Демак, балоғат ёшига етган қизлар ва ҳали-ҳануз мазкур кексалик ёшига етмаган аёллар учун бегона-номаҳрам эркаклар кўриб қолиши мумкин бўлган жойларда, зарурат билан кўча-кўйларга чиққан вақтлари-да, ўша 31-оятда буюрилганидек, бошларида ёпинчиқ-рўмолларсиз, устларида уларни бегона кўзлардан пардада ушлаб тургувчи кенг-ковул либосларсиз очиқ-сочиқ ҳолда юришлари жоиз эмасдир. Қуръоннинг Ҳукми мана шудир. Лекин таассуфки, айрим жоҳил, Қуръондан бехабар ғофил кимсалар мазкур Илоҳий Ҳукмга тамомила тескари фатволар тўқиб, рўмол деган матоҳни фақат қари-қартанг кампирлар ўраши керак дейдилар.

61. Кўзи ожиз кишига ҳаражтанглик йўқдир, чўлоққа ҳараж йўқдир, хастага ҳараж йўқдир. (Эй мўминлар), сизларга ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда (гуноҳ йўкдир). Тўпланиб ё ёлғиз-ёлғиз ҳолда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқир. Бас, қачон уйларга кирсангизлар ўзларингизга (яъни, бир-бирларингизга) Оллоҳ ҳузуридан (буюрилган) баракотли покиза саломни айтинглар (яъни, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ», денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Оллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур.
Мусулмонлар ҳаётидаги айрим муҳим ижгимоий масъалаларнинг жавобини аниқ баён қилиб берадиган ушбу ояти карима ва унинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида муфассир уламолар турли ривоятларни келтирганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки Оллоҳ таоло: “Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ботил йўл билан емангиз!” (Нисо сураси, 29-оят) оятини нозил қилганида, мусулмонлар бемор, кўр, чўлоқ кишилар билан бирга овқатланишга иккиланиб қолдилар ва: “Қўлимиздаги молларимизнинг афзали ейдиган таомимизку. Оллоҳ таоло бизларни молимизни ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Кўзи ожиз кимса тоза таом қаердалигини кўрмайди, чўлоқ одамлар қаторида ўтириб овқат ея олмайди, касал эса, соғлар билан баробар таом тановул қилишга ожизлигидан қорни тўймай қолади, (яъни, биз соғ одамлар улар билан бир дастурхонда ўтириб овқатлансак, уларни қийнаб қўйиб ўртадаги таомни ботил йўл билан еган бўлиб қоламизку)”, дедилар. Шунда ушбу ояти карима нозил қилиниб, сизларга кўзи ожиз, чўлоқ, хаста кишилар билан бирга ўтириб таомланишингизда ҳеч қандай ҳараж-танглик, яъни, гуноҳ йўқ, дейилди”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Саид ибн Жубайр, Заҳҳок ва бошқалар эса, бундай дейдилар: “Чўлоқ, кўр ва хаста кишилар соғ одамлар билан бир дастурхонда таомланишдан торти-нишар эди, чунки баъзи бир одамлар улар билан бирга овқатланишдан ўзларини олиб қочар эдилар. Кўзи ожиз киши буни сезиб: “Улардан кўпроқ ермиканман”, деб тортинса, чўлоқ кимса: “Мен оёғимни узатиб ўтирганим учун икки кишининг жойини эгаллаб олсам керак”, деб хижолат чекар эди. Шунда ушбу оят нозил бўлиб, у уч тоифа одамларга соғ кишилар билан бирга таомланишларида ҳеч қандай ҳараж йўқлигини баён қилиб берди”.
Мужоҳид айтади: “Ушбу ояти карима мазкур кишиларга оятда зикр қилинган ўн бир тоифадаги инсонларнинг уйларида бемалол-бехижолат таом-ланишларига рухсат берилганини баён қилиш учун нозил бўлди. Чунки улар бир кишининг олдига таом сўраб борсалар, агар у кишининг берадиган таоми бўлмаса, уларни ота-оналарининг ёки ояти каримада зикр қилинган кишилардан биронтасининг уйига олиб боришар, шунда таом сўраб борган ночор-нотавон кишилар хижолат бўлишиб: “Биз ундан таом сўрасак, у бировнинг уйига олиб бордику”, дейишар эди. Бас, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб,уларни тангликдан халос этди”. (“Тафсири Табарий”дан).
Саид ибн Мусаййиб бўлса ояти карима нозил қилинишига мана бу воқеа сабаб бўлганини айтади: “Мусулмонлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотга борсалар, ораларидаги кўзи ожиз, ногирон ва бемор кишиларни қолдиришар ва уларга уйларининг калитларини бериб: “Биз сизлар учун уйларимиздаги нарсалардан ейишларингизни ҳалол қилдик”, дейишар эди. Лекин улар бегона уйларга киришидан хижолат бўлиб: “Биз эгалари йўқ бўлган уйларга кирмаймиз”, дер эдилар. Бас, Оллоҳ таоло уларга рухсатнома қилиб ушбу оятни нозил қилди. (Воҳидийнинг “Асбобун-нузул”китобидан).
Ҳасани Басрий: “Оятнинг илк жумласи мазкур уч тоифа мусулмонларга жиҳоддан қолишларида ҳеч қандай ҳараж-гуноҳ йўқлигини баён қилиш учун нозил бўлди”, дейди.
Яна айтилдики, қачон Оллоҳтаолонинг: “Эй мўм(инлар, молларингизни ўрталарингизда ботил йўл билан емангиз”, ояти нозил бўлгач, мусулмонлар: “Энди бизлардан бирон киши учун бошқа бировнингуйида таомланиш ҳалол эмас”, деганларида, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб, уларга қайси уйларга таомланишлари дуруст бўлишини батафсил баён қилди. (“Дуррул-мансур” тафсиридан).
Мана, азиз ҳамдарсим, ояти кирима тафсирида улуғ муфассирлардан қилинган турли ривоятларни таржима қилиб келтирдик. Кўриниб турганидек, ушбу ривоятлар бир-бирларини инкор қилмайди, аксинча, бири иккинчисини тўлдириб, биз ўқувчилар оят мазмунини теранроқ англа-шимизга ёрдам беради.
Ояти карима давомида шунингдек, таомланиш тартиби тўғрисидаги бир ҳукм ҳам баён қилинди: “Тўпланиб ё ёлғиз-ёлғиз ҳолда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир”.
“Маолимут-танзийл” тафсирида ушбу жумла Бану Канона қабиласидан бўлган Лайс ибн Амр қавми ҳақида нозил қилингани айтилади. Уларнинг одати бўйича киши то ўзи билан бирга таомланадиган бирон меҳмонни топмагунича ёлғиз ўзи таомланмас эди. Кўпинча шундай бўлардики, бир киши олдига егулик таомни кўйиб олганича эрталабдан кечгача уни баҳам кўрадиган бирон одам келиб қолармикан деб кутиб ўтирар, агар ҳеч ким келмаса, кечга борибгина таомланар эди. Улар ёлғиз таомланишни гуноҳ ҳисоблар эдилар. Ояти карима бундай меҳмондўст инсонларга енгиллик берди.
“Бас, қачон уйларга кирсангизлар ўзларингизга (яъни, бир-бирларингизга) Оллоҳ ҳузуридан (буюрилган) баракотли покиза саломни айтинглар, (яъни, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, денглар)”.
Ушбу жумла ҳам мўминларга ижтимоий одоб қоидаларидан бири ҳақида таълим беради. Демак, мўмин инсон ўзинингуйига кирадими, ўзига ўхшаган бошқа бир инсоннингуйига кирадими ёки Оллоҳ таолонинг Уйи ҳисобланмиш масжидларга кирадими, албатта у жойда мавжуд бўлган башар ёки малоикалар ҳақига тинчлик-омонлик, Оллоҳнинг Раҳмат ва баракотини тилаб дуо қилиши лозимдирки, ушбу эшитган одамнинг қалбига сурур олиб киргувчи муборак дуо “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”да мужассамдир.

62. Албатта Оллоҳга ва Унинг Элчисига иймон келтирган зотларгина ҳақиқий мўминлардир. Улар (Пайғамбар алайҳис-салом) билан бирон муҳим иш устида бўлган вақтларида то ундан изн сўрамагунларича (ҳеч қаёққа) кетмаслар. Сиздан изн сўрайдиган зотлар - ана ўшалар Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтирадиган кишилардир. Энди қачон улар Сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан ўзингиз хоҳлаган кишиларга изн беринг ва Оллоҳдан уларга мағфират сўранг. Албатта Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Байҳақий, Муҳаммад ибн Қуразий ва бошқалар айтадилар: “Аҳзоб йилида (кофир-мушрикларнинг турли ҳизб-тўдалари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зотга иймон келтирган мўмин-мусулмонларни қириб, йўқ қилиб, юбориш учун ҳар тарафдан йиғилиб келиб Мадинага ҳужум қилган йилда) Қурайш мушриклари Мадина яқинидаги Равма қудуғи атрофига тушдилар, лашкарбошилари Абу Суфён эди. Ғатафон қабиласи бўлса, Уҳуд тоғи ёнбошидаги Нўъмо деган жойга тушди. Қачонки бу хабар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот асҳоблари билан кенгашиб, Мадина атрофига хандақ кавлашга киришдилар ва мусулмонлар билан бирга ўзлари ҳам ишладилар. Шунда мусулмонлар орасига кириб олган муно-фиқларнинг юзи очилиб қолди. Улар жуда суст ҳаракат қилишар, ўзларини енгил-енгил ишларга уришар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга сездирмай, у зотдан изн ҳам сўрамасдан суғурилиб чиқишиб, уйларига жўнаб ҳам қолишар эди. мусулмонлар эса, агар улардан бирон кишининг қолдириб бўлмайдиган зарур иши чиқиб қоладиган бўлса, ўз ҳолини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга арз қилиб изн сўрар, изн берсалар, бориб ишини битириши билан дарҳол изига қайтиб келар эди. Бас, Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди”. (“Тафсири Мушшр”дан).
Лекин, гарчи оят нозил қилинишига мазкур воқеа сабаб бўлган эса-да, унинг ҳукми фақат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларига хос бўлмай, барча замонлардаги мусулмонлар учун умумийдир ва у биз учун Дини Исломдаги ўта муҳим нукталардан бирини баён қилиб беради. Яъни, ҳақиқий мўмини комил бўлиши учун инсоннинг фақат Оллоҳ таолога иймон келтириши кифоя қилмайди, балки шу билан баробар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Элчиси эканликларига ҳам иймон келтириши фарздир. Бас, кимда-ким Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтирган бўлса, иймоннинг белгиларидан бири, у инсон қилмоқчи бўлган ҳар бир иш-амалининг олдида Оллоҳ таолодан изн сўрагани каби Унинг Элчисидан ҳам изн сўраб, агар изн бўлса, кўзлаган ишини қилади, акс ҳолда у ишни тарк этади. Бошқача айтганда, ҳар бир ишни Оллоҳ таолонинг оятлари ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари андозасида адо этишни ўзининг бурчи-вазифаси деб билган инсон мўмини комилдир ва мана шундай сифатга эга бўлган инсонларнинг гуноҳларини - улар қай замон ва қайси маконда яшамасинлар - албатта Меҳрибон ва Мағфиратли Оллоҳ таоло кечиради, чунки, ояти каримада буюрилганидек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб турадилар.

63. (Эй мўминлар), Расулуллоҳни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни, у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «эй Оллоҳнинг Элчиси», деб чақиринглар). Сизларнинг орангиздаги бир-бирини пана қилиб (Расулуллоҳ ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Оллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!
Уламолар ояти кариманинг илк жумласини икки хил тафсир қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу жумланинг мазмуни, эй мўминлар, агар сизлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни норози қилиб қўйсангизлар, у зот сизларни дуойибат қилишларидан қўр-қинглар. Чунки у зотнинг дуолари сизларнинг дуоларингиздан фарқли ўлароқ бехато ижобат қилинади ва устингизга балолар ёғилишини вожиб қилади. Бас, у зотнинг дуоларини ўзларингизнинг бир-бирларингизга қилган дуоларингиз каби деб ўйламангизлар, деганидир”.
Мужоҳид ва Қатода айтадилар: “Оят мазмуни, эй мўминлар, сизлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам худди бир-бирларингиз-ни чақирганларингиз каби исмлари билан: “Эй Муҳаммад, эй Абул-Қосим, деб чақирманглар, балки у зотни чақирсангизлар тавозуь ва майинлик билан: “Эй Оллоҳнинг Пайғамбари, эй Оллоҳнинг Элчиси, деб улуғлаб чақиринглар! деганидир”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
Расулуллоҳ ҳузурларида камоли одоб ва ҳурмат-эҳтиром билан туриш лозимлигини баён қилгувчи оятлар бошқа сураларда ҳам келади: “Эй мўминлар, сизлар Оллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида (яъни, Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (Пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Оллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар - ана ўшалар Оллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни, тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта (Сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб Сизни (бақириб) чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча (Сизни чақириб безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Ҳужурот сураси, 1-5-оятлар).
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг давомида мунофиқ кимсалар огоҳлантирилади: “Сизларнинг орангиздаги бир-бирини пана қилиб (Расулуллоҳ ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Оллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!”
Мунофиқлар учун Жумъа кунидан ва хутбага ҳозир бўлишдан оғирроқ нарса йўқ эди. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида мунофиқларни қаттиқ айблар ва кирдикорларини фош қилар эдилар. Шунда улар ўнг ва чап тарафларига қарашар, агар ҳеч ким кўрмаётганини билсалар, намоз ҳам ўқимай, бир-бирларини пана қилиб секин-аста жамоат ичидан суғурилиб чиқиб кетишар эди. Улар, юқоридаги оятда айтиб ўтилганидек, Мадина атрофига хандақ кавлашдан ҳам худди шундай йўл билан қочиб қутулишга уринишган эди. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр” китобларидан). Ҳақ таоло мунофиқларнинг бундай қилиқлари У Зотга махфий эмаслигини, уларниннг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини жуда яхши билиб туришини айтиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Шариати Исломийяга хилоф иш қиладиган, у зотнинг амрларига итоат этмайдиган кимсаларнинг бошларига дунёдаги ҳаётларида турли бало-офатлар, Охиратда эса, дўзахнинг аламли ва ҳеч қачон тугамайдиган азоби тушиши муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантиради.

64. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги бор нарсалар шак-шубҳасиз, Оллоҳникидир. У Зот сизлар устида турган нарсани (яъни, мўмин ё мунофиқлигингизни) ҳам, (барча бандалар) Ўзига қайтариладиган (Қиёмат) Кунини ҳам яхши билур, бас, уларга (ўша Кунда) қилиб ўтган амалларининг хабарини берур. Оллоҳ барча нарсани Бил-гувчидир.
Ҳар бир мўминнинг қалбига нур олиб киргувчи ушбу сурайи карима-нинг хотимасида Ҳақ таоло яна бир бор осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги барча жонли-жонсиз мавжудотнинг Эгаси Ёлғиз Унинг Ўзи эканлигини таъкидлаб, яъни, уларни Ёлғиз Ўзи йўқдан бор қилганини, Танҳо Ўзи тасарруф қилиб туришини, уларга Ўзи хоҳлаган соатда ҳаёт бергани каби Ўзи хоҳлаган соатда ўлим беришини эслатиб, огоҳлантира-дики, инсонларнинг суратлари-ю сийратлари, ошкора ишлари-ю яширган сирлари, ким ҳақиқий мўмин-у ким мунофиқ эканлиги, барча-барчаси У Зотга аёндир. Аммо бандаларнинг қилган амалларини тўласича ҳисоб-китоб қилиш, яхшига баҳо, ёмонга жазо бериш қачон қойим бўлиши Ёлғиз Унинг Ўзига аён бўлган Қиёмат Кунига - жамийки махлуқот Унинг Ўзига қайтариладиган Кунга қолдирилгандир. Бас, ана ўша Куни барча нарсани Билгувчи Оллоҳ уларга ҳаёти дунёда қандай амаллар қилиб ўтганлари ҳақида ҳеч ким инкор эта олмайдиган аниқ далил-ҳужжатларни кўндаланг қилади ва ҳар бир инсонни қилган амалига қараб ё Ўзининг мангу Раҳматига - жаннатига ёки Ўзининг туганмас азобига - дўзахига ҳукм қилади.
Дарҳақиқат, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло диллардаги сирларни, ошкор ва яширин барча нарсаларни Билгувчидир: “Албатта Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Намл сураси, 74-75-оятлар). “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.” (Ғофир сураси, 19-оят).
Ушбу оятларнинг мазмуни ҳақида тафаккур қилган киши Оллоҳ таолонинг Илми бениҳоя кенг эканини, У ҳамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи Зот эканини англайди ва ўзининг қиладиган жамийки амаллари Яратганга маълум эканига яна бир бор аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳатто заррачалик, балки унданда кичикроқ бўлган нарсалар ҳам Оллоҳ таолога аниқ маълум эканини билган мўмин албатта қўлидан келганича яхши амаллар қилишга, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча ҳаракатларимизни кузатиб, ҳар бир амалимизни билиб, ҳатто дилларимиздаги сирларимиздан ҳам хабардор бўлиб турганини англаб етганимизда, албатта кўнгилга шундай бир ҳайбат-қўрқув тушади - Пок Парвардигор, агар Ўзинг айбларимиз устига парда ёпмасанг, кечириб юбормасанг, биз осий қулларингни Ўз Раҳматингдан насибадор қилмасанг, ҳолимизга вой! Чунки қилган амалларимиз жуда нуқсонли ва ўта оздир, хато ва гуноҳларимиз эса жуда катта ва бениҳоя кўпдир. Парвардигоро, Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин, ҳаётимизни Сен яхши кўрадиган солиҳ амалларга тўлдириб яшашга муваффақ қилгин.
Ояти каримани англашдан ҳосил бўлган бу баҳра, бу таассурот кишини иймон-итоатга чорлайди, куфр ва маъсиятдан қайтаради.
“Тафсири Мунийр”да ибратли бир мисол келтирилибди: Агар бировга мана бу ойнайи жахон сенинг яширин ва ошкора қилган ҳар бир иш-амалингни, хатти-ҳаракатингни суратга тортиб олиб, ёзилганларни давлат рахбарига кўрсатади ва у ҳар бир яхши ишинг учун мукофот, ёмон ишинг учун жазо беради, дейилса, у кимса зиммасидаги вазифасини бажаради-ми ёки бажармайдими? Ўзига, оиласига, қўни-қўшниларига ва жамиятга яхшилик қиладими ёки ёмонликми? Албатта бу саволларнинг жавоби маълумдир. Энди қилган ҳар бир ишини Ернинг кичик бир қисмидаги муваққат подшоҳ эмас, балки Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлмиш Азалий ва Абадий Подшоҳ кўриб-кузатиб турганини билган инсон-чи, Эртага Қиёмат Кунида ана ўша Ҳақ Подшоҳ қилган ҳар бир яхши амали учун мукофот, ёмон ишлари учун жазо бериши аниқ эканига иймон келтирган инсончи? Албатта иймонли кишилар бутун ҳаётлари давомида уларни Энг Улуғ Гувоҳ кўриб-кузатиб турганини аниқ ҳис қилиб яшашлари керак, Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китобдан олдин ўзларини ўзлари ҳисоб-китоб қилиб, қўлларидан келганича яхши аммаллари-ни кўпайтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Ўрганаётганимиз ояти карима инсонларни ана шундай мустаҳкам иймон эгалари бўлишга даъват қилади. Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва мадади билан Нур сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase