close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

032. Сажда сураси

 

 

 

Ушбу сурайи карима ўттиз оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир.
У Қуръони Каримнинг шак-шубҳасиз, Оллоҳ таоло томонидан Муҳаммад алайҳис-саломга туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, «Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган», дейдиган мушрикларнинг сўзлари ёлғон эканлиги уқтирилади.
Сўнгра «Мана шу ҳаётдан бошқа ҳаёт йўқ, ҳеч қачон қайта тирилмаймиз», деган кимсаларнинг сўзлари аниқ ҳужжатлар билан рад этилиб, Охират ва Қиёмат ҳақ эканлиги ҳамда ҳаётларини иймон ва эзгу амаллар қилиш билан ўткарган мўминлар учун Оллоҳнинг ажру-мукофотлари борлиги, ҳаёти дунёда Оллоҳни унутган кимсаларни эса у Кунда Оллоҳ ҳам «унутиб» қўйиши ҳақида хабар берилади.
Сурайи карима ана ўша ҳисоб-китоб Куни кечадиган аҳволни тасвирлаш билан ниҳояланади.
Бу сурада сажда ояти мавжуд бўлгани сабабли уни «Сажда» сураси деб номлангандир.
Сурайи карима фазилатлари ҳақида Абу Муҳаммад Дорамий ўзининг Муснад китобида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анхудан ривоят қилди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам то Алиф, Лом, Мим танзийл, яъни, Сажда сурасини ва Таборакаллазий биядиҳил-мулк, яъни, Мулк сурасини ўқимагунларича ухламас эдилар”.
Холид ибн Маъдон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Нажот бергувчи сурани - у Алиф, Лом, Мим танзийлдир - ўқинглар, чунки менга етиб келган хабарда шундай дейилади: Бир киши доим ушбу сурани ўқиб юрар ва бошқа сура ўқимас эди. Кўп хатолари ҳам бор эди. Бас, ушбу сура у кишининг устига қанотини ёзиб: “Парвардигорим, унинг гуноҳларини кечиргин, у мени кўп қироат қилади”, деган эди, Парвардигор унинг шафоатини қабул қилди ва малоикаларга: “Унинг ҳар бир хатосига ҳам ҳасана - ажр ёзинглар ва даражасини баланд қилинглар”, деб буюрди. (“Тафсири Куртубий”дан).

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1-2. Алиф, Лом, Мим. Ушбу Китоб (яъни, Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз, барча оламларнинг Парвардигори томонидан нозил қилингандир.
Ушбу сурайи карима ҳам хуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар билан бошланиб, (ушбу ҳарфлар хусусида аввалги суралар тафсирида батафсил баён қилинган), дастлаб Қуръони Карим шак-шубҳасиз бутун оламлар Эгаси бўлмиш Оллоҳ субҳонаху ва таоло томонидан Унинг сўнгги Элчиси Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга бўлиб-бўлиб нозил қилинган ҳақ Китоб эканлиги айтилади. Бас, шунинг учун ҳам ушбу Китоб лафзи ва мазмунида ҳеч қандай шак-шубҳа ва хато-нуқсон йўқдир. Шу-нинг учун ҳам ушбу Китоб бошқа ҳеч ким ёза олмайдиган, ҳаммани ожиз қолдиргувчи Буюк Илоҳий Мўъжизадир.

3. Балки «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи) тўқиб олган», дерлар? Йўқ, (Қуръон, эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан илгари би-рон огоҳлантиргувчи келмаган қавмни шояд ҳидоят топсалар, деб (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиз то-монидан (нозил қилинган) Ҳақ (Китобдир).
Ояти кариманинг илк жумласини мана бу оят ва унинг шарҳи тафсир қилиб беради: «Балки улар: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дерлар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Оллоҳни қўйиб кучларингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтиринглар-чи!» (Юнус сураси, 38-оят).
Ушбу ояти карима Макка мушрикларига ва дунёдаги қолган барча мушрик-кофирларга ўта оддий ва шу билан баробар ўта мантиқий бир савол билан мурожаат қилади. Яъни, кимда-ким Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ишонмайдиган бўлса, уни Муҳаммаднинг ўзи ичидан тўқиб айтмоқда, дейдиган бўлса, у ҳолда ўша кимсалар қўлларидан келган барча воситаларни ишга солиб, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларини ҳам ёрдамга чақириб, ҳаммалари бир бўлиб, лафзи ва маъноси Қуръон каби етук, мукаммал ва ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ўзгартиришнинг имкони бўлмаган биргина сурани келтирсинлар-чи!
Асло келтира олмайдилар! Бу иш Макка мушрикларининг ҳам, улардан кейин дунёга келиб-кетган бирон кимсанинг ҳам қўлидан келмади, демак, ҳеч кимнинг қўлидан келмаслиги аниқдир.
“Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Куръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсаларда, унинг ўхшашини келтира олмаслар”. (Ал-Исро сураси, 88-оят). Яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз-лар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангиз-лар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзаҳдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир.” “(Баҳара сураси, 23-24-оятлар).
Ҳақиқатан, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг энг улуғ Мўъжизасидир. Оллоҳ таоло барча пайғамбарларига мўъжизалар юборган, лекин бирон пайғамбарга Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган Қуръонидек Мўъжизани юбормаган.
Ушбу Буюк Калом фасоҳат ва балоғатда (гўзаллик ва комилликда) шундай олий мақомдаки, бу юксакликка кўтарилиш башар тоқатидан ташқари бўлган бир ишдир.
“Йўқ, у (яъни, Қуръон, эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан илгари бирон огоҳлантиргувчи келмаган қавмни шояд ҳидоят топсалар, деб (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиз томонидан (нозил қилинган) Ҳақ (Китобдир).”
Ушбу жумла Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жоҳил-кофир кимсаларни Оллоҳ таолонинг азобидан огоҳлантириш учун юборилган ҳақ Пайғамбар эканликларига ва у зот етказаётган Қуръон Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Китоб эканлигига аниқ далолат қилгувчи Илоҳий Ҳужжатдир ва шу билан баробар “Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган”, деб даъво қиладиган мушрик-кофирларга қарши Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло Ёлғиз Унга аён бўлган Ҳикмат сабабли Ўзининг Ер юзига юборган сўнгги Элчиси Макка аҳлидан илгари бирон-бир огоҳлантиргувчи пайғамбар келмаган араб қавмидан бўлишини ирода қилди. Бу қавм шу қадар жоҳил-нодон эдики, илгари нозил қилинган Илоҳий Китоблардан биронтасига эътиқод қилмас, ҳатто Оллоҳ таоло одамлар орасидан Ўзи танлаган кишини пайғамбар қилиб уларга Тўғри Йўлни кўрсатиш учун юбориши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг элчи қилиб юборилганларини айтиб, уларга Қуръон оятларини ўқиб берганларида жоҳил қавм ишонмади ва: “Бу гапларни Муҳаммад-нинг ўзи тўқиб олган”, дейишди.

4. Оллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сунгра (Ўз) Аршига истиво қилган Зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга на бирон дўст ва на бирон шафоат қилгувчи
- қўлловчи бор. Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
Ушбу ояти каримада барча оламларнинг, жумладан биз инсонларнинг Танҳо Роббимиз бутун борлиқни - осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсани олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ экани таъкидланади. Муфассир уламолар: “Ўзи хоҳлаган нарсани бир лаҳзада йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақида хабар бериш билан биз инсонларга ишларни шошилмасдан, пухта қилишни таълим беради”, дейдилар. Ҳадиси шарифда: “Шошилмаслик Оллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан” дейилишининг маъноси ҳам шудир.
Уламолар: “Фақат гуноҳлардан тавба қилишда, қарзни айтилган муддат битиши билан тўлашда, меҳмон чақиришда, қиз болани бўйига етиши билан турмушга чиқаришда, вафот қилган кишини дафн этишда ва жу-нубликдан ғусл қилишда - фақат мана шу ишлардагина (шошилишлик) чиройли саналади”, дейдилар.
Мужоҳид ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ояти каримада зикр қилинган олти кундан мурод, Охират кунлари бўлиб, ҳар бир кун дунё ҳисобида минг йилга баробардир”, дейди ва: “Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздида-ги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур”, оятини келтиради. (Ҳаж сураси, 47-оят). Бу тафсирга кўра осмонлар ва Ер Оллоҳ таоло томонидан дунё ҳисобида олти минг йилда яратилган деган маъно чиқади. Ҳолбуки, “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақ-тида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур
- вужудга келур.” (Ёсин сураси, 82-оят).
“Сўнгра Ўз Аршига ўрнашди”.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У Зотнинг Ўз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарлар-ни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини Оллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳнинг илм мажлисида “(У Зот) Ўз Аршига истиво қилган Раҳмондир”, ояти ўқилган эди, бир кимса: “ОллоҳЎз Аршига қай ҳолатда ўрнашди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб, ўйга толди, ҳатто терлаб кетди. Анча вақт ўтгач, бошини кўтариб, ҳалиги сўраган кимсага қараб: “Ўрнашгани аниқ, бу хабарга иймон келтириш вожиб, аммо унинг қандай кайфият-суратда содир бўлганини билишдан ақлларимиз ожиз, у ҳақда сўраш (яъни, албатта кайфиятини билишим керак дейиш) бидъатдир. Менинг ўйимча, сен йўлдан озган кимсасан”, деди ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрди. Ушбу жумладаги биз “ўрнашди”, деб тафсир қилган “иставо” феъли Бақара сурасида ҳам келган ва у жойда “юзланди”, деб тафсир қилинган эди. Мавзу ўта муҳим бўлгани боис ана ўша Бақара сурасининг 29-ояти тафсирига мурожаат қилинса фойдадан холи бўлмас.
“Сизлар учун Ундан ўзга на бирон дўст ва на бирон шафоат қил-гувчи - қўлловчи бор. Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”
Яъни, эй мушриклар, ахир сизлар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ёрдам бера оладиган бирон дўст, сизларни ўз ҳимояси-га оладиган бирон қўлловчи йўқку, ахир сиғинадиган жонсиз бут-санамларингизнинг кўлидан ҳеч нарса келмаслигини жуда яхши биласизларку?! Бас, нега сизларга тиловат қилиб берилаётган оятлардан панд-насиҳат олмаяпсизлар, ўзларингизни ўнглаб Ҳақ Динни қабул қилмаяпсизлар?!

5. У осмондан Ергача барча ишни тадбир қилиб - бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган бир Кунда (яъни, Қиёматда) Унинг Ўзига кўтарилур.
Исломий ақидага кўра, Қиёмат Куни - кофирлар учун ҳисоб-китобнинг оғир кечганлиги сабабли минг йилга, яна бошқа бир ояти каримада хабар берилишича, эллик минг йилга тенгдек туюлар, мўминлар учун эса ҳадиси шарифда келганидек бир вақт намоз ўқигудек муддат каби қисқа ва осон ўтар экан. Ана ўша Кунда ҳаёти дунёда рўй берган барча ишлар Оллоҳ таолонинг даргоҳига кўтарилиб, У Зот Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқаради.
Абдуллоҳ ибн Фируз Дайламий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу ояти каримада Қиёмат Кунининг узунлиги минг йил, яна бошқа бир оятда (Маориж сурасининг 4-оятида) эса эллик минг йил дейилгани ҳақида сўраган эди, Ибн Аббос: “Мен Оллоҳ таоло атаган кунларнинг моҳиятини (яъни, У Зот бир Кун ҳақида икки хил миқдор белгилаганининг сабабини) билмайман, Оллоҳ таолонинг Китоби хусусида ўзим билмаган нарсани айтишни ёмон кўраман”, деди, сўнгра айни савол билан Саид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга мурожаат қилинганида, у киши ҳам: “Билмайман”, деб жавоб берди. Унга Ибн Аббос ҳам шундай дегани айтилган эди, “Мана, мендан билимдонроқ бўлган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳам ушбу оятлар ҳақида бирон сўз айтишдан сақланибдику”, деди. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Ушбу ибратли ривоят бизга Оллоҳ таолонинг Каломида келган ғайб олами ҳақидаги (Қиёмат Куни ҳам ғайб оламидадир) хабарлар хусусида ўзимиз аниқ билмаган тафсилотларни айтишдан тийилмоғимиз лозим-лигини таълим беради.

6. Ана ўша (Оллоҳ) ғойиб ва ҳозирни Билгувчи, Кудратли ва Меҳрибон Зотдир.
Яъни, Оллоҳ таоло бандалар кўзидан ғойиб бўлган махфий нарсаларни ҳам, улар кўрадиган ошкор нарсаларни ҳам Билгувчи Зотдир. Бас, Унинг Илмидан бирон нарса ғойиб бўла - яширина олмас.
Уламолардан бири айтади: “Қуръоннинг қаерида Оллоҳтаоло ғойибни билиши ҳақида айтилган бўлса, сўз биз бандаларга ғойиб бўлган нарсалар ҳақида кетаётган бўлади, чунки Оллоҳ таоло учун ғойиб - яширин нарсанингўзи йўқдир. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Яна айтилдики, “Ояти каримадаги ғайбу шаҳодатдан мурод, инсонлар кўзига кўринмайдиган яширин ва улар гувоҳ бўла оладиган - кўз кўра оладиган нарсалар эмас, балки жамийки йўқ ва бор нарсалар, яъни, аввал бўлган-у, сўнгра йўқ бўлиб кетган ёки ҳали дунёга келмагани учун ҳозирда йўқ бўлган нарсалар ва ҳозир борлиқда мавжуд бўлган нарсалар ирода қилингандир. Чунки Оллоҳ таоло ҳозирни билгани каби ўтмиш ва кела-жакни ҳам Билгувчи зотдир”. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр”дан).
У барча мавжудотни Ўз Илми билан иҳота қилиб олган тенгсиз Буюк, Қудрати ва бандаларига Меҳри-Марҳамати барча нарсадан Юксак, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб тургувчи Зотдир.

7. У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. У инсонни даставвал қора лойдан яратди.
Ушбу оятда Оллоҳ таоло бандалар эътиборини Ўзи яратган махлуқот-ларнинг ҳар бирини нақадар етук ҳикмат билан яратганига қаратмоқда.
Дарҳақиқат, дунёдаги мавжудотнинг қай бирига диққат эътибор билан назар солинса, ундаги мутаносиблик ва пухталик ақл эгалари ёдига Ярат-ганнинг нақадар Доно ва Билгувчи эканини келтиради. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада янада очиқроқ айтилган: “(Мусо) айтди: «Парвардигоримиз ҳар бир нарсага ўз хилқатини ато этиб, сўнгра (уни) Тўғри Йўлга солиб қўйган Зотдир”. (Тоҳа сураси, 50-оят).
Яъни, бизнинг Парвардигоримиз шундай тенгсиз Улуғ Зотки, коинот-даги барча нарсани яратиб - йўқдан бор қилиб, сўнг яратган ҳар бир нар-сасига алоҳида хилқат - салоҳият ва шаклу сурат берди, ҳар бир яралмишга ўз жуфтини ато этди, сўнгра улардан ҳар бирига ўзининг вазифа-сини адо этиши учун йўл кўрсатди.
Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ ояти каримадаги “Парвардигоримиз ҳар бир нарсага ўз хилқатини ато этди” жумласини қўлга ушлаш, оёққа юриш, тилга сўзлаш, кўзга кўриш, кулоққа эшитиш неъматини ато этди, деб тафсир қилади.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ бўлса, “Ҳар бир нарсага алоҳида сурат ато этди, инсоннинг жисму суратини бошқа жонзотлар сурати каби қилмади, бирон жонзотни инсон каби гўзал суратли қилиб яратмади, сўнгра ҳар бир яралмишга ейиш, ичиш, кўпайиш каби манфаатлари йўлини кўрса-тиб қўйди”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан).
“У инсонни даставвал қора лойдан яратди”.
“Қора лой”дан мурод - лой-ер жинсидаги барча моддалардир. Дарвоқеъ, замонавий тиббиёт ҳам инсон вужудида Ер жинсининг барча моддалари мавжуд эканини исботлайди.
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада инсониятни қандай яратганини зикр қилиб, одамзотнинг асли ердан - мана шу ҳақир, оёқости тупроқдан қо-рилган лойдан эканини таъкидлайди: Гарчи Оллоҳтаоло биринчи инсон - Одам алайҳис-саломни тупроқдан, унинг авлодларини эса нутфадан -бир томчи сувдан яратган бўлса-да, ояти каримада барча инсонларни тупроқдан яратганини айтади. Уламолар бу сўзни икки хил тафсир қилганлар. Биринчиси, барча инсонлар Одамдан тарқалгани, Одам эса тупроқдан яралгани учун инсон зоти тупроқдан яралган ҳисобланади, деган тафсир бўлса, иккинчиси, инсоннинг асли бўлган нутфа ердан униб чиққан нарсалар истеъмолидан ҳосил бўлгани эътибори билан ҳар бир инсон ердан - тупроқдан яралган ҳисобланади, деб тафсир қилинади.
Ҳар ҳолда ушбу иборадан одамзотнинг асли бошқа бирон жонивор эмаслиги маълум бўлганидек, инсонни жонсиз тупроқдан яратган Зот унга жон ва гўзал сурат бергани каби у вафот қилганидан кейин жонсиз жасадини қайта тирилтиришга ҳам Қодир экани маълум бўлади.
Шунингдек, ўзлигини унутиб, ҳаволаниб, бошқаларга юқоридан қарайдиган кимсаларни ушбу ояти карима “эй инсон сен қора лойдан яралгансан”, деб бир зарб билан ерга тушириб қўяди.

8-9-10. Сўнгра унинг насли-авлодини ҳақир бир сувдан (яъни, нутфадан пайдо) қилди. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) руҳидан киритди. У Зот сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар. Улар (яъни, кофирлар): «Бизлар Ер (ости)да йўқ бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна янгитдан яралурмизми?», дедилар. Йўқ, улар Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчидирлар!
Ушбу оятларда ҳам ўзлари ҳеч нарсани билмаган ҳолларида Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришини инкор этадиган ёки шубҳаланадиган динсиз кимсаларга ўзларини қандай қилиб дунёга келиб қолганлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсалар, уларни аввал-бошда ўлик тупроқдан, сўнгра бир томчи сувдан яратиб, сўнгра жонли инсонлар қилиб дунёга келтирган Тенгсиз Қудрат ва азалий Билим Соҳиби учун уларни яна қайта яратиш-тирилтириш жуда осон иш эканлигини англаб етишлари мумкин бўлиши айтилади.
Дарҳақиқат, нутфанинг тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ Ҳунарманднинг - Оллоҳ таолонинг Борлигига ва чексиз Қудратига аниқ-равшан далилдир. Чунки инсоннинг она бачадонида пайдо бўлиши Қодир Оллоҳнинг Амри билан Ерда униб-ўсган турли озиқ-овқатлар ўша инсоннинг ота-онаси вужудига сингиб, тарқаганидан сўнг ота-она танасининг ҳар бир аъзосида пайдо бўлган қувват бир томчи сувга айланганидан кейин содир бўлади. Бас, турли-туман, бошқа-бошқа жойларда ҳосил бўлган озиқ-овқатларни ўша ота-она вужудида жамлашга қодир бўлган, сўнгра ота-онанинг турли аъзоларидаги куч-қувват ва шакл-шамойилларни бир томчи сувга жамлаб,.у сувдан тирик инсонни пайдо қилишга қодир бўлган Зот - Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўша инсон ўлиб, жасади чириб тупроққа айланиб, турли тарафларга сочилиб кетганидан кейин уларни қайтадан жамлашга ва яна тирик инсонга айлантиришга қодир эмасми?! Албатта Қодирдир!
Ояти каримада мана шу буюк Ҳақиқатни кўр-кўрона инкор этадиган ҳар бир жоҳил-нодон кимсага хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: “Сенинг Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўьтадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган тарзда аниқ баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Биз яшаётган замондан ўн тўрт аср муқаддам нозил бўлган ушбу оят ўзининг бениҳоя изчил илмий йўсини билан, яъни, она бачадонида - ҳеч ким кўрмайдиган жойда кечадиган жараёнларни жуда аниқ, босқичма-босқич баён қилиб бериши билан яна бир ҳақиқатга - бу сўзлар инсоннинг сўзлари эмас, балки ҳамма нарсани Билгувчи Зотнинг - Ҳақ таолонинг Сўзи эканлигига ҳам очиқ далолат қилиб туради.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима тафсирида имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинади: Абдуллоҳ айтди: “Бизларга ростгўй ва ҳар бир сўзи тасдиқлангувчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албутта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади, сўнгра яна шунча муддат лахта қон ҳолида бўлади, сўнгра яна шунча муддат бир тишлам гўшт ҳолида бўлади, сўнгра бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга пуфлаб жон киритади ҳамда тўрт сўзни ёзишга буюрилади ва унинг ризқи, умри, амали ҳамда бахтсиз - дўзахи ёки бахтли - жаннати эканлиги ёзилади”, дедилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ҳадисга асосланиб: “Қуръони Азимда: “Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар” (Бақара сураси, 254-оят), деб белгиланишининг ҳикмати мана шудир”, дейди. Демак, эри вафот қилган аёл ёш ё кексалигидан, ҳайз кўриш ё кўрмаслигидан қатъий назар тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Уламолар бундай муддат белгиланишининг ҳикмати у аёлнинг ҳомиладор эмаслигини пухта аниқлаш, дейдилар. Чунки, тўрт ойлик ҳомилага жон кириб қимирлай бошлайди, қўшимча ўн кунда ҳомила ҳаракати такрор-такрор рўй бериб, аёлнинг ҳомиладорлиги аниқ бўлади.
Юқорида ривоят қилинган ҳадис аввалидаги: “Албатта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади”, деган жумлани ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай шарҳлаб берган: “Қачонки нутфа бачадонга тушгач, Оллоҳ таоло ундан инсонни яратишни ирода қилса, ўша нутфа аёлнинг бутун баданига учиб, то ҳар бир тирноқ ва ҳар бир мўй остигача тарқалиб кетади, сўнгра қирқ кун ичида жамланиб, бачадонда лахта қонга айланади. Мана шу нутфанинг жамла-нишидир ва мана шу унинг лахта қонга айланиш вақтидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).

11. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг. «(Ажалларингиз етгач), сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар».
Юқоридаги оятда кофирларнинг Қиёмат Кунида қайта тирилиб, Парвардигорга рўбарў бўлишларини, яъни, Парвардигор ҳузурида туриб ҳисоб беришларини инкор этишлари зикр қилингач, ушбу ояти каримада уларга ана ўша Оллоҳ таолога қилиб ўтган барча ишлари учун ҳисоб берадиган Охират диёрига қандай ўтиб қолишлари баён қилинади ва сизлар баданларингиздаги қайсидир аъзо ишламай қолгани учун ўлмайсизлар, балки соғ ёки касал, ёш ёки қарилигингиздан қатъий назар, Оллоҳ таоло қай бирингизни вафот қилдиришни хоҳласа, Унинг Амри билан ўлим фариштаси Азроил ва унинг ёрдамчилари бўлган малоикалар ўша онда жонларингизни олади ва қачон, қаерда, қандай ҳолда ўлганарингиздан қатъий назар Қиёмат Кунида қайта тирилиб, Парвардигорингиз ҳузурига қайтариласизлар - У Зотга ҳаёти дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиздан ҳисоб берасизлар, деб огоҳлантириладилар.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, ўлим фариштаси олдида дунё худди инсон олдида турган катта тоғорага ўхшайди (яъни, дунёдаги ҳар бир одам унга бамисоли кафтида тургандек кўриниб туради) ва у ажали етган одамларни хоҳлаган еридан териб олаверади.
Яна ривоят қилинадики, Оллоҳ таоло Азроилни одамларнинг жонла-рини олишга вакил қилиб тайинлаганида у: “Роббим, Сен мени ёмон сўзлар билан эсланадиган ва Одам болалари сўкадиган қилиб қўйдинг”, деган эди, Оллоҳ таоло унга: “Мен ўлим учун турли дард ва касалликларни сабаб қилиб кўюрман ва одамлар ўлимни ўша касалликлардан деб билиб, сени ҳатто эсламайдилар ҳам ва бирон кимса сени зикр қиладиган бўлса ҳурмат билан “Азроил алайҳис-салом” деб зикр қилади”, деди. (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Куръон ” тафсиридан).

12. Агар Сиз у жиноятчи кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида бошлари эгик ҳолда туриб: «Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни (яна бир марта ҳаётга) қайтаргин, яхши амал қилайлик. Энди бизлар (Қиёмат ҳақ эканлигига) шак-шубҳасиз, ишонгувчидирмиз», (дейишларини) кўрганингизда эди.
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу оят ва унинг шарҳи-дир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни Парвардигорлари ҳузурида турғазиб қўйилган пайтларида, (Оллоҳ): «Мана шу (қайта тирилиш) ҳақ эмас эканми?!», деганида, улар: «Парвардигоримизга қасамки, (ҳақ экан)», деганларини, (Оллоҳ) эса: «Мана энди кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азобни тотиб кўрингиз!», деб жавоб қилганини кўрсангиз эди”. (Анъом сураси, 30-оят).
Яъни, Сиз агар Қиёмат Кунидаги мушрикларнинг аҳволини бир кўрсангиз эди, ўта даҳшатли бир манзарани кўрган бўлар эдингиз. Ўша Кунда малоикалар уларни Парвардигор ҳузурида тик турғазиб қўйишар. “(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳам-товоқларини ҳамда улар Оллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар. (Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.” (Саффот сураси, 22-24- оятлар).
Сўнгра Оллоҳ таолонинг Амри билан малоикалар улардан: “Мана бу қайта тирилиш, тўпланиш, ҳисоб-китоб каби кўриб турган нарсаларинг ҳақ эмас эканми”, деб сўрашганида кофирлар дарҳол қасамлар ичишиб, Охират ҳақидаги ҳамма хабарлар ҳақ эканини эътироф этадилар. Демак, улар ўзларининг ҳаёти дунёда куфр билан ўтганларини ҳам бўйинларига оладилар. Чунки дунёда ўзларини ҳам, бировларни ҳам алдаб юрган кимсалар Охиратда, Танҳо Ҳоким ҳузурида У Зотни алдай олмасликларига кўзлари етгач, Оллоҳ таоло Охират ҳақида қандай хабар берган бўлса, барчаси рост эканини ўз кўзлари билан кўришгач, дарҳол: “Парвардигоримизга қасамки, ҳаммаси ҳақ экан”, дейишга шошадилар. Лекин энди кеч бўлган, энди бундай эътирофларнинг барчаси бефойда.
Бас, Ҳақ таоло уларга: “Мана энди ҳаёти дунёда кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азобни тотиб кўрингиз!”, дейди”.
Яъни, “Энди қиладиган надомат ва тавбаларингизнинг, иқрор-у, эътирофларингизнинг, ичадиган қасамларингизнинг заррача фойдаси йўқ, энди сизлар учун фақат азобни тотмоқ - бирон лаҳза тўхтамайдиган мангу азобда азобланмоқ бор, холос!” деб Танҳо Ҳоким Ўзининг ҳеч қачон ўзгармайдиган Илоҳий Ҳукмини эълон қилади.

13. Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлган-дир: «Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва одамлар билан тўлдирурман».
Яъни, агар Оллоҳтаоло хоҳлаганида эди, барча инсонларни бир Ислом уммати қилиб қўйган бўлар ва улар ўз ихтиёрлари билан фақат Ислом Динини танлаган бўлар эдилар. У ҳолда одамлар ўртасида ҳеч қандай диний низолар ҳам бўлмас эди. Лекин Оллоҳ таолога ҳамма одамлар ҳам Унинг Раҳматига лойиқ эмасликлари аниқ маълум бўлгани сабабли барчани Ҳақ Динига ҳидоят қилмади. Шунинг учун одамлар тинмай ихтилоф қиладилар, турли-туман динларга бўлинадилар. Бир тоифа одамлар Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан У Зот юборган элчиларга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юрсалар, бошқалари улар билан тинмасдан талашиб-тортишиб, охир-оқибат дўзах азобига гирифтор бўладилар. Оллоҳ таоло одамларни шунинг учун, яъни, айримлари Оллоҳнинг Раҳматига эришиб, дунё ва Охиратда бахтли-саодатли бўлишлари учун, айримлари эса, Ҳақ Йўлга юрмай умр бўйи талашиб-тортишиб, оқибатда дўзахи бўлишлари учун яратгандир. Шундай қилиб, Ҳақ таолонинг: “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, деган Сўзи тўла қарор топди.
Ашҳаб айтади: “Мен Молик бин Анас раҳимаҳуллоҳдан ушбу оят мазмуни ҳақида сўраганимда у: “Оллоҳ таоло одамларни улардан бир гуруҳи жаннатда, бир гуруҳи дўзахда бўлиши учун яратгани ҳақида хабар берди”, деди”.
Имом Бағавий ўз тафсирида: “Оятдан ҳосил бўлган маъно шуки, залолатдаги одамлар ихтилоф қилгувчидирлар, Ҳақ Йўлдаги кишилар эса иттифоқда бўлурлар. Бас, Оллоҳ таоло аҳли ҳақни иттифоқ учун, аҳли ботилни эса ихтилоф учун яратди”, деди.
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига кўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннат билан дўзах шикоят қилдилар. Жаннат: “Нега менга фақат заиф ва бечора одамлар кирадилар”, деса, дўзах: “Нега мени мутакаббир ва золимлар эгаллаб олганлар”, деди, шунда Оллоҳ азза ва жалла жаннатга: “Сен Менинг Раҳматимсан, Ўзим хоҳлаган одамларни сенга киритиш билан Раҳматимга олурман”, деди. Дўзахга эса: “Сен Менинг азобимсан, Ўзим хоҳлаган кимсалардан сен билан интиқом олурман ва ҳар иккингиз ҳам албатта тўлурсизлар”, деди. Сўнгра айтди: “Жаннатда ҳар доим Оллоҳ таоло жаннат учун энди яратадиган инсонларга аталган ортиқча жой бўлур ва улар ўша ортиқча жойга жойлашурлар, дўзах эса, ҳар доим: “Яна қўшимча борми?” деб турур, то қачонки Қудрат Эгаси унинг оғзига Ўз қадамини қўйганидагина у: “Қудратингга қасам, бўлди-бўлди”, деб қолур”.
“У Кунда Биз жаҳаннамга: «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса: «Яна қўшимча борми?», дер.” (Қоф сураси, 30-оят).

14. Бас, (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўй-ганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқеъ, Биз ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотаверингиз!
Яъни, Биздан яна қайтадан ҳаёти дунёга қайтаришимизни сўраб ялиниб-ёлвораётган эй кофир-мушрик кимсалар, Биз Бугун сизлар-нинг дуо-илтижоларингизни “эшитмаймиз”. Чунки сизлар ўзларингизга берилган иймон билан яхши амаллар қилиб олиш фурсатини қўлдан бой бердингиз, сизларга Тўғри Йўлни кўрсатиш учун юборил-ган элчи-пайғамбарларимизга кофир бўлдингиз, улар: “Ҳамма амалларингиз учун Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинадиган Қиёмат Куни бор, ўша Кун ёдларингиздан чиқиб қолмасин”, деб қайта-қайта огоҳлантирсалар ҳам сизлар гўё Бу Кун ҳақида ҳеч нарса эшитмагандек Бугунги учрашувни бутунлай унутиб юбордингиз, яъни, унга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмадингиз. Мана, ўша “унутган” Кунингиз келди ва сизлар ўзларингизга ваъда қилинган анвойи азоб-уқубатларни ўз кўзларингиз билан кўриб турибсизлар. Бас, энди сизлар учун фақат куфр ва ширкларингизнинг аччиқ мевасини тотиб кў-риш - абадул-абад жаҳаннам ўтида ёниш қолди, холос! Энди қиладиган барча афсус-надоматларингиз ҳам, дуо-илтижоларингиз ҳам мутлақо бефойдадир. Зотан, худди сизлар ҳаёти дунёда Бизни унутганларингиз каби, Биз ҳам Бугун сизларни тамоман “унутдик”. Бас, қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотаверингиз!

15. Албатта Бизнинг оятларимизга қачон у (оятлар) зикр қилинса, (таъсирланганлари сабабли) ҳеч кибр-ҳаво қилмасдан сажда қилган ҳолларида йиқилган ва ҳамду сано айтиш билан Парвардигорларини поклаган зотларгина иймон келтирурлар.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло томонидан Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган бир тасаллий бўлиб, Жаноби Ҳақ гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларининг вужудларига куфр ва ширк шу қадар сингиб кетганки, улар куфр ҳаётига шу қадар ўрганиб қолганларки, Сиз Оллоҳтаолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига ва ўзингизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизга ҳар қанча оят-далиллар келтирманг, улар иймон келтирмайдилар.
Балки Сизга ва Сиз етказган Қуръонга фақат уни тадаббур-тафаккур ва чин ихлос билан ўқийдиган, ундан панд-насиҳат оладиган ин-сонларгина иймон келтирурларки, уларнинг сифатлари будир: уларга қачон Қуръон оятлари эслатилса, тиловат қилинса, у оятларни улуғлаганлари ва Яратганнинг азобидан қўрққанлари сабабли ҳеч кибр-ҳаво қилмасдан саждага йиқиладилар ҳамда Парвардигорга ҳамду сано айтиб, У Зотнинг ҳар қандай айб-нуқсондан Пок эканлигини эътироф этадилар, яъни, саждаларида доимо “Субҳона Роббиял-Аъло”, дейдилар. Демак, Оллоҳ таолога сажда-ибодат қилишдан орланмайдиган, балки аксинча Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзига сажда қилиш бахтини ато этгани учун Унга бутун умрлари давомида ҳамд айтадиган инсонларгина чин мўмин бўладилар.
Ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги навбатдаги сажда ояти бўлиб, бу оятни ўқиган ва ёки эшитган ҳар бир мусулмон Оллоҳ учун бир марта сажда қилиши вожибдир.

16. Улар (тунлари) ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлган ҳолларида Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
Яъни, ҳақиқий мўминларнинг одатлари тунлари, бошқалар ётоқлари-да ором оладиган вақтларида бедор бўлиб, тик турганларича таҳажжуд намозларини ўқиш билан ўтказмоқ, кундузлари, одамлар орасида бўлганларида эса, уларга хайр-саховатлар кўрсатиб, Оллоҳ таоло ўзларига ато этган ризқу рўзларидан уларни ҳам баҳраманд этмоқдир.
Ушбу ояти кариманинг уч хил тафсири ривоят қилинади.
Биринчи тафсир Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан айрим кишилар шом намози билан хуфтон намози ўртасида ором олиш ўрнига нафл намоз ўқишни одат қилган эдилар ва уни “солату аввобийн” - тавба қилгувчилар намози деб атардилар. Ушбу оят ана ўшалар ҳақида нозил бўлган”.
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ҳам: “Албатта шом ва хуфтон ўртасида намоз ўқийдиган кишиларни малоикалар ўраб олурлар”, деган ривоят бордир.
Иккинчи тафсир: Абуд-Дардо, Абу Зарр ва Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳум каби саҳобийлардан ривоят қилинди: Ояти каримада зикр қилинган кишилар хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан адо қилган кишилардир. Зотан, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини тик туриб (яъни, намозда) ўтказган каби бўлур, ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, бутун кечани тик туриб ўтказган каби бўлур”, деб марҳамат қилганлар. (Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
Ояти кариманинг учинчи, энг машхур тафсирида эса, оят тунги таҳажжуд намози ҳақида эканлиги айтилади. Ҳасани Басрий, Мужоҳид, Молик, Авзоий ва бошқалар оятни шундай тафсир қилганлар. Чунки Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қиёмул-лайл” - таҳажжуд намозини маҳкам ушланглар, зеро у сизлардан аввал ўтган солиҳ кишилар-нинг одатидир, сизларни Роббингизга яқин қилгувчидир, ёмонликларингизни ўчиргувчидир, гуноҳлардан тўсгувчидир”, деб буюрганлар. (Термизий “Даъавот”китобида ривоят қилган).

17. Бас, (мазкур мўминларнинг) қилгувчи бўлган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, Охират неъматларини) бирон жон билмас.
Яъни, юқоридаги оятда зикр қилинган мўминларнинг ҳамма ухлаган вақтда, эл кўзидан яширинча холисанлиллоҳ қилган ибодатлари эвазига Оллоҳтаоло томонидан мукофот қилиб кўрган кўзга қувонч бағишлайди-ган шундай неъматлар яшириб қўйилганки, уларни Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч кимса билмас.
Зотан, имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда ҳам бу ҳақда хабар берилган: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таборака ва таоло: “Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирон инсоннинг қалбига хутур қилмаган (яъни, хаёлига келмаган) нарсаларни тайёрлаб қўйганман”, дейди”, дедилар, сўнгра: “Бас, (мазкур мўминларнинг) қилгувчи бўлган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, Охират неъматларини) бирон жон билмас” оятини ўқидилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

18.    Ахир мўмин бўлган киши фосиқ-итоатсиз бўлган кимса каби бўлурми?! Улар тенг эмасдирлар!
Яъни, Ҳақ таоло наздида фосиқ - иймонсиз, итоатсиз, ибодатсиз кимсалар ҳеч қачон иймонли, ибодатли кишилар билан баробар бўла олмаслар, уларнинг дунёдаги ҳаётлари бир-бирларидан фарқли бўлгани каби Охиратдаги ҳаётлари ҳам тамоман бошқа-бошқадирки, бу ҳақда қуйида-ги оятларда хабар берилади.

19.    Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун қилиб ўтган амаллари сабабли (Оллоҳ томонидан) зиёфат бўлмиш жаннат маъволари манзил бўлур.
Ояти каримада жаннатларнинг Оллоҳ томонидан бўлган зиёфат-ме-мондорчилик деб номланишида эътибор қилишимиз лозим бўлган нукталар бордир. Ушбу жумладан аввало Марҳаматли Парвардигор Ўзининг тақволи бандалари учун гўзал меҳмонхоналар - хазон бўлмас боғларни яратиб қўйгани маълум бўлади. Гуё кун бўйи ишлаб чарчаган ишчилари учун иш эгаси энди ором олсинлар деб соя-салқин жойларни тайёрлаб қўйгани каби Ҳақ таоло ҳаётлари давомида солиҳ амаллар қилиб ўтган қулларига абадий оромгоҳлар-жаннатларни тайёрлаб қўйган. Лекин бандалар тайёрлаган жойлари нуқсонли ва муваққат бўлгани ҳолда, Яратганнинг зиёфатхонаси мукаммал ва мангудир. У жойга кириш бахтига сазовор бўлган кишилар Оллоҳ таолонинг меҳмонлари бўладилар.
Тенгсиз Буюк Мезбон Ўзининг меҳмонлари учун барча нарсани муҳайё қилиб қўйгани ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир”. (Фуссилат сураси, 31-оят). “Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолур-сизлар”. (Зухруф сураси 71-оят). “Яна Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева-чева ва гўшт(ли таомлар) билан қувватлантирдик. Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб - қўлма-қўл қилиб ичурларки, у (шароб)да (яъни, уни ичганлари сабабли) на беҳуда-сергаплик ва на гуноҳ бўлар. Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гав-ҳардек (покиза ва хушсурат) ғуломлар айланиб (хизматга ҳозир бўлиб) турур. Улар бир-бирларига боқишиб, басти-жавоб қилишиб, (дейди-лар): «Ҳақиқатан, бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз ораси-да (бўлган чоғимизда Охиратда Оллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик. Мана, Оллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни Самумдан (яъни, баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. Дарҳақиқат, бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У Зот-га дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина Марҳаматли, Меҳрибондир”. (Ват-тур сураси, 22-28-оятлар). “(Улар олтиндан) тўқил-ган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар). Устларида эса мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (май-ли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлан-тириб турурлар. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда ишта-ҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур). Яна (улар учун) худди (садаф ичида) яшириб қўйилган гавҳар мисол оҳу кўз ҳурлар бордир. (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир. Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар)”. (Воқеа сураси, 15-26-оятлар).
Дарҳақиқат, Охират диёридаги у зиёфат бениҳоя қуюқ ва туганмас, зиёфатхона беқиёс гўзал, чунки унинг Эгаси бениҳоя Қудратли ва Беҳожат, чексиз Карамли ва Меҳрибон Зотдир. Шунинг учун ҳам барча махлуқот, жумладан, одамзот ҳам Ёлғиз Унинг олдида қарздор бўлсада, Унинг Ўзи ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлмаса-да, Ўз Марҳамат ва Карами билан бандаларини меҳмон қилишга ваъда берди ҳамда Ўзининг меҳ-монхонасига фақат яхши одамлар киришини эълон қилди.

20. Фосиқ бўлган кимсаларнинг борар жойлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотаверингиз», дейилур.
Фузайл ибн Иёз раҳимахуллоҳ айтади: “Оллоҳга қасамки, дўзах аҳли ундан ўзларича чиқиб олишни хаёлларига ҳеч келтира олмайдилар. Чун-ки уларнинг қўллари занжирбанд, оёқлари ҳам кишанланган бўлади. Аммо уларни тинимсиз гуриллаб ёнаётган олов дўзах устига кўтариб чиқарганида, малоикалар гурзилар билан уриб яна унинг қаърига тушириб юборадилар.
Имом Аҳмад Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у гурзиларни таърифлаб дедилар: “Агар фаразан ўша темирдан бўлган гурзилардан биттаси ерга қўйиб қўйилган бўлса-ю, инсу жиннинг ҳаммаси бирлашиб уни кўтармоқчи бўлсалар, Ердан уза олмайдилар”. Яна дедилар: “Агар фаразан ўша темир гурзи билан тоғни урилса, албатта у тоғ толқонга айланур, бошига ўша гурзи тушган кофир ҳам майда-майда бўлиб кетур, сўнгра (азоб қайтадан бошланиши учун) уни яна аввалги ҳолига қайтарилур, агар дўзахилардан чиқадиган йиринг-қондан бир челаги дунёга тўкиладиган бўлса, албатта бутун дунё аҳлини бадбўй қилиб юборган бўлур эди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
“...ва (уларга): “Оташ азобини тотаверингиз!” (дейилур)”
Бу бениҳоя оғир сўзларни дўзах аҳлига уларни гурзилар билан урган малоикалар айтадилар ва бундан дўзахилар у жойда ҳам чидаб бўлмас азоб билан, ҳам кўтариб бўлмайдиган оғир сўзлар билан хўрланиб азоб-ланишлари маълум бўлади.

21. Албатта Биз шояд (куфру исёнларидан) қайтсалар, деб уларга (Қиёмат Кунидаги) улуғ азобдан аввалги яқин азобни (яъни, дунё азо-бини - турли кулфат-балоларни, мусибатларни) тотдирурмиз.
Яъни, албатта Биз кофир-осий кимсаларга токи кўзлари очилиб, куфрдан қайтишлари ҳамда Парвардигор ва Унинг Элчисига иймон келтиришлари учун мана шу дунёнинг ўзида, ҳали Қиёмат Кунида улар гирифтор бўладиган жаҳаннам азобининг вақти келмасдан туриб кичикроқ азоб-уқубатлардан айримларини - ҳар турли бало-офатлар, кулфат-мусибатлар каби дунёвий азобларни шак-шубҳасиз тотдирурмиз ва шунда ҳам тавба қилмасдан кофирликларича қоладиган бўлсалар, у ҳолда албатта энг катта азобга мустаҳиқ бўлишлари аниқдир!

22. Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингани-дан сўнг, у (оят)лардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан Интиқом олгувчидирмиз.
Ояти карима Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқдаги Оллоҳ таолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қиладиган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганларидан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.
Анъом сурасида келган айни мазмундаги оят тафсирида Калбий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: “Бир тўда Қурайш катталари Қуръонни эшитар эканлар, ораларидаги Назр Абу Қутайла деган кимсадан: “Эй Абу Қутайла, бу Муҳаммад нималар деяпти ўзи?”, дедилар. У: “Нима деяётганини билмайман-у, аммо у лабларини қимирлатиб, худди мен сизларга ўтган замонлардан сўзлаб берадиган нарсаларга ўхшаган аввалгилардан қолган афсоналарни айтиб беряпти”, деди. Назрнинг ўзи ўтган замонларнинг хабарларидан кўп сўзлар эди. Унинг сўзларини эшитган Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг айтган айрим сўзларини ҳақ деб биламан”, деган эди, Абу Жаҳл: “Ундан (яъни, Қуръондан) бирон нарсани тўғри демагин. Биз бундан кўра ўлганимиз осонроқ”, деди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди”. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Ҳақ таоло Унинг оятларини кўриб билиб туриб, улардан ибрат олмайдиган, яхшилик Йўли бўлмиш Дини Исломдан хабардор бўлиб туриб, у Йўлдан юз ўгирадиган, куфрнинг ёмонлик чоҳи эканлигини тушу-ниб туриб, яна ўша куфр йўлига эргашиб кетаверадиган кимсаларни жиноятчилар деб атайди ва улардан албатта интиқом олишини, яъни, Охират диёрида уларни жаҳаннам азобига гирифтор қилишини айтиб огоҳлантиради.

23. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этдик; Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз унинг (Тавротга) рўбарў бўлганидан шубҳа-гумонда бўлманг. Биз (Тавротни) бани Исроил (қавми) учун Ҳидоят - Тўғри Йўл қилдик.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятлари нозил бўлганини инкор этаётган Макка мушрикларига Ўзининг инсонлар орасидан элчи-пайғамбарлар танлаб, уларга Ўз томонидан Китоб нозил қилиши инсоният тарихида янгилик эмаслигини эслатиб, масалан, неча юз йиллар илгари Бани Исроил қавмидан бўлган Мусо алайис-саломга ҳам Таврот Китобини ато этгани ҳақида хабар беради ҳамда сўз орасида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Сиз Мусонинг Тавротга рўбарў бўлганидан, яъни, Тур тоғига чақирилиб Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Таврот Китобини қабул қилиб олганидан ҳаргиз шубҳа-гумонда бўлманг, деб буюради. Албатта, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Мусо алайҳис-саломга Таврот ато этилганидан заррача шубҳаланмас эдилар, лекин мазкур хитоб ҳал-қимиз таъбири билан айтганда “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит”, қабилидан бўлиб, сўз Мусога Таврот Китоби Оллоҳ таоло томонидан ато этилганини инкор қиладиган кофир-мушрик кимсаларга қаратилган эди. Чунки улар мана шу ҳақиқатга ишонганларида эди, у ҳолда албатта Қуръонга ҳам иймон келтирган бўлардилар. Зотан, Тавротда ҳам, бошқа самовий Китобларда ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканлигини тасдиқлайдиган оят-далиллар жуда кўпдир.
“Биз (Тавротни) бани Исроил (қавми) учун Ҳидоят - Тўғри Йўл қилдик”.
Оллоҳ таоло Ўзининг Тавротни Мусога ато этишидан мақсади бани Исроил мана шу Илоҳий Китобга амал қилиб Ҳидоят топишлари - Тўғри Йўлга юришлари эканини эслатади. Агар яҳудлар Тавротни бузмай, ўзгартирмай, ўз томонларидан бирон сўз қўшмай, унинг кўрсатмаларига амал қилганларида Яратганнинг ғазабига дучор бўлмаган бўлар эдилар ва бу Китобда зикр қилинган охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини ўқиб, у зотга иймон кел-тирганларида Тўғри Йўлни топган бўлар эдилар.

24. Ва қачонки улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр қилишгач, Биз уларнинг орасидан Бизнинг Амримиз билан (одамларни) Тўғри Йўлга бошлайдиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар.
Ояти каримада сўз бани Исроил қавмидан чиққан ва Мусо алайҳис-саломга нозил бўлган Таврот оятларига аниқ ишонадиган бошқа пайғамбарлар ҳақида боради.Улар Фиръавн ва бошқа золим-кофир кимсалар етказган азоб-уқубатларга сабр қилиб, ўз динларини маҳкам ушлаганла-ри сабабли Ҳақ таоло томонидан бошқаларни Тўғри Йўлга чақирадиган етакчилар - Оллоҳтаолонинг элчи-пайғамбарлари қилиб сайландилар ва асрлар давомида ўз қавмларига Тўғри Йўлни кўрсатиб ўтдилар. Уларнинг саноқлари жуда кўп эди.

25. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Қиёмат Кунида (одам-лар) ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида Парварди-горингизнинг Ўзи ажрим қилур.
Ояти каримада Ҳақ таоло гарчи бугун, ҳаёти дунёда мўминлар ҳам, мунофиқ ва кофирлар ҳам бир-бирларига аралашиб, ҳар бир тоифа ўзи-ни ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб, яхши баҳосини, ёмон жазосини олмай юрган бўлсалар ҳам, Эртага Қиёмат Кунида ҳар бир тоифа, балки ҳар бир инсон алоҳида ажратилиб, ўзининг тутган ақийдаси ва қилган амалига яраша жазо-мукофот олиши, яъни, мўмин-мусулмонлар жаннатга, кофир ва мушриклар эса, дўзахга ҳукм қилинишлари аниқ экани ҳақида хабар бериб, Ўзининг борлиқда бўлаётган ҳар бир иш ва воқеа-ҳодисани кўриб, билиб, Гувоҳ бўлиб туришини таъкидлайди ва бу билан инсонларни имконлари борида фурсатни қўлдан бермай Тўғри Йўлга - Ҳақ Динга иймон келтиришга чорлайди, акс ҳолда Эртага - Қиёмат Кунида, Ҳақ билан ботил, мўмин билан кофир ажраладиган Кунда қаттиқ ва бефойда афсус-надоматлар чекиб қолишлари аниқ эканлиги ҳақида огоҳлантиради.

26. Ахир уларга (яъни, Макка мушрикларига) Биз улардан илгари қанча аср-авлодларни ҳалок қилганимиз, (мана бу мушриклар) ўшаларнинг масканларида юрганлари яхши маълум эмасми?! Албатта бунда оят-ибратлар бордир! Ахир англамайдиларми?!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна Макка аҳли ҳақида сўзлайди. Юқоридаги оятларда уларнинг Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган мўъжизалардан юз ўгиришганини, Ҳақ Қуръонни ёлғон дейишганини, уни масхара қилиб кулишганини айтгач, энди уларни аввал ўтган қавмларнинг куфр йўлини танлаганлари сабабли топган оқибатларидан ибрат олишга, ўшаларнинг кунлари бошларига тушиб қолмасидан кўзлари очилиб, иймон келтиришга чақиради. Маккаликлардан куч-қувват жиҳатидан ҳам, мол-давлат жиҳатидан ҳам устун бўлган, буларга нисбатан яхши, серунум, соя-салқин ва чиройли-обод жойларни маскан қилган, саноқлари ҳам неча баробар кўп бўлган Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи, Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми бўлган Самуд қабиласи, Лут алайҳис-саломнинг қавми каби кўп асрлар давомида ўтган қавм-қабилалар қилган гуноҳлари сабабли, яъни, ўзларига келган пайгамбарларни ёлғончи қилганлари учун, улар даъват қилган иймон йўлига кирмаганлари, итоатсизлик қилганлари ва маишатга муккадан кетганлари учун, бир сўз билан айтганда, кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло юборган турли-туман азоб ва балолар остида қолиб ҳалок бўлишганини, кейин уларнинг ўрнига бошқа қавмларни яратганини эслатади.
Ояти каримадаги бу панд-насиҳат ва огоҳлантиришлар гарчи Макка мушрикларига қаратилган бўлсада, ҳамма замон ва маконлардаги Ҳақ Йўлга юрмаган, Ҳақ таолога ибодат-итоат қилмаган динсиз кимсаларга ҳам баробар тегишлидир. Демак, динсиз яшаш, гуноҳлар гирдобида ҳаёт кечириш Оллоҳ таолонинг интиқомига ва неъматлардан, балки ҳаётдан ҳам маҳрум қилинишга - ҳалокатга сабаб бўлар экан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам етказган оятларни эшитиб, ўқиб туриб, иймон келтирмаслик ва у зотга эргашмаслик бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Яратганнинг азобига дучор қилар экан.

27. Ахир улар Биз қақраган Ерга сув ҳайдаб, ўша (сув) билан улар-нинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экин-тикин, боғ-роғларни чиқаришимизни кўрмадиларми?! Ахир қарамайдиларми?!
Яъни, ахир у кофир-мушрик кимсалар қақраб қуриб қолган ташна ерлар устига Биз осмондан сув тўлдирилган кемалар янглиғ булутларни ҳайдаб келтириб қор-ёмғирларни ёғдиришимизни сўнг ана ўша сув ўлик ердан уларнинг мол-ҳоллари учун ем бўладиган ўт-ўланларни ва ўзлари учун таом бўладиган дон-дун, мева-чеваларни чиқаришимизни кўрмади-ларми ва мана шу йил сайин такрор-такрор кўриб турган оят-мўъжиза-лардан кўзлари очилиб, Бизнинг нақадар Буюк Қудрат Эгаси эканимизни билмадиларми?! Ёки уларнинг кўнгил кўзлари тамоман кўр бўлиб, юзла-ридаги кўзлари билан такрор-такрор кўриб турган нарсаларидан ибрат олмайдиган, кўролмайдиган бўлиб қолганмилар?!

28. Улар (мусулмонларга): «Агар ростгўй бўлсангизлар, (айтинглар-чи), мана шу фатҳ (яъни, сизлар билан ора очиқ бўладиган ва бизларга сизлар айтаётган азоб тушадиган Кун) қачон бўлади?!», дейдилар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пай-ғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: "Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб қўрқита-сизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларин-гиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб беринг-чи?” дейди-лар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганликлари учун ва Пайғамбар сололлоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кун ботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Энди қачонки қуёш кун ботардан чиққанида уни кўрган барча одамлар иймон келтирадилар, аммо бу вақтда иймон келтиришнинг бирон жонга фойдаси бўлмас”, дедилар ва ушбу оятни ўқи-дилар. Аҳмад ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қил-ган яна бир ҳадисда бундай дейилади: “Уч нарса борки, илгари иймон келтирмаган жонга ўша уччови чиққан вақтда келтирган иймони фойда бермас. Улар - қуёшнинг кунботардан чиқиши, дажжол ва доббатул-арз - Ер остидан чиқадиган жониворлардир”.

29. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом): «Фатҳ Кунида кофир бўлган кимсаларга иймон келтиришлари фойда бермай қолур ва уларга (тавба-тазарруъ қилиш учун) муҳлат ҳам берилмас», деб айтинг!
Чунки Охират диёри амал қиладиган жой эмасдир, балки ҳаёти дунё-да қилинган солиҳ амаллар учун мукофот, ёмон амаллар учун жазо оли-надиган жойдир. Бас, у Кунда уларга яхши амаллар қилиб Оллоҳ таоло-нинг ризосига эришишлари учун ҳам, ҳаёти дунёга қайтиб тавба-тазар-руъ қилишлари учун ҳам изн берилмас. Демак, дунё деҳқончилик қиладиган, Охират эса, қилинган меҳнатга яраша ҳосил оладиган жойдир. Динсиз-кофир кимсаларнинг энг мудҳиш фожиалари шуки, токи тўсатдан охирги Кун - ортида бошқа бирон кун бўлмаган Қиёмат куни келиб, Қуръони Карим Ҳақ Каломуллоҳ экани ва у Азиз Китобдаги ҳар бир оят, ҳар бир хабар мутлақ Ҳақиқат экани ҳамма-ҳаммага аниқ-равшан бўлгу-нича уларнинг кўзлари очилмайди, Ҳақиқатни кўрмайдилар, балки Қуръ-он ҳақида, Дини Ислом ҳақида шакланиб - иккиланиб кофир ҳолларида қолаверадилар. Кўзлари очилганда, Ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўрганларида эса, жуда-жуда кеч қолган бўладилар. Чунки у Кун ҳеч қандай тавба-тазарруълар қабул қилинмайдиган, афсус-надоматлар фойда бермай-диган, ортида бошқа кун бўлмаган сўнгги Кундир.

30. Сўнг Сиз улардан юз ўгиринг ва (уларга келадиган азобга) кўз тутинг! Зеро, улар ҳам (сиз мусулмонларга ёмонликлар келишига) кўз тутгувчидирлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Макка мушрикларига агар улар бугун, ҳаётлик пайтларида куфр-исёнларидан тавба қилиб иймон келтирмасалар, Эртага - Қиёмат Кунида иймон келтиришлари ҳеч қандай фойда бермаслигини айтиб огоҳлантирингда, сўнгулардан юз ўгириб, Сизни ёлғончи қилаётган ва масхара қилиб устингиздан кулаётган Қурайш катталари тез орада (Бадр ғазотида) ҳалок бўлишларига кўз тутиб туринг. Аниқки, улар Сизнинг устингизга бало-мусибатлар тушиши-га кўз тутиб турибдилар. Лекин ҳеч қачон улар кутган нарса бўлмайди, балки аксинча Оллоҳ таоло Сизга ва умматларингизга ваъда қилган нусрат-ғалабани албатта ато этади, чунки У Ўз Ваъдасига хилоф қилгувчи эмасдир.
Сурайи карима мана шундай умидбахш оят билан ўз ниҳоясига етади.
Имом Муслим ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жумъа кунлари бомдод намозида “Алиф, Лом, Мим танзийлул-Китоб (яъни, мана шу “Сажда” сураси) билан “Ҳал ата алал-инсан” (яъни, “Инсон” сураси)ни ўқир эдилар”.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анхумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам токи “Алиф, Лом, Мим танзилул-Китоб” ва “Таборакаллазий биядиҳил-мулк” сураларини ўқимагунларича уйкуга ётмас эканлар. (Термизийнинг “Сунан”кшпобидан).
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Сажда сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase