Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Аммонда «Ислом ҳақиқати ва унинг ҳозирги дунё ҳамжамиятида тутган ўрни» шиори остида бўлиб ўтган Халқаро Ислом Анжумани баёноти:
(Фатво берган муассасалар ва шахсларнинг рўйхати берилган – муал.)
Мазкур фатволарга, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг подшоҳи Абдуллоҳ иккинчи ибн Ҳусайн жаноби олийларининг ушбу анжуманнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқларига, Аллоҳ учун холис илмимизга ҳамда анжуманимизда тақдим қилинган илмий ишлар, маърузалар ва муноқашаларда келган маъноларга мувофиқ, қуйидагиларга қарор қиламиз:
1. Аҳли сунна ва жамоанинг тўрт мазҳаби: ҳанафий, моликий, шофеъий, ҳанбалий, шунингдек, жаъфарий, зайдий, абозий ва зоҳирий мазҳабларга эргашувчи ҳар бир шахс мусулмондир. Уни кофир дейиш жоиз эмас. Унинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир.
Шунингдек, Аллоҳга, Унинг Расулига ва иймоннинг арконларига иймон келтирган, Исломнинг арконларини эҳтиром қиладиган, диндаги энг зарурий ақийдаларни инкор қилмайдиган мусулмонларнинг ҳар бир тоифасини кофирга чиқариш жоиз эмас.
2. Албатта, мазҳаблар иттифоқ қилган нарсалар улар ихтилоф қилганларидан жуда ҳам кўпдир. Мазкур саккиз мазҳаб Исломнинг асосий таълимотларига иттифоқдадирлар.
Уларнинг барчалари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Биру Борлигига, Қуръони Карим Аллоҳнинг нозил қилган каломи эканига, Муҳаммад алайҳиссалом барча башариятга юборилган Пайғамбар эканликларига иймон келтирадилар.
Уларнинг ҳаммалари Исломнинг беш аркони: икки шаҳодат, намоз, закот, рамазон рўзаси ва Байтуллоҳни ҳаж қилишга ҳамда Иймон арконлари: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига ва яхши-ёмон қадарга иттифоқ қиладилар.
Мазҳаблар уламоларининг ихтилофлари аслий нарсаларда эмас, фаръий нарсалардадир. Бундай ихтилоф раҳматдир. Қадимда, уламоларнинг раъйдаги ихтилофлари яхши ишдир, дейилган.
3. Исломдаги мазҳабларни эътироф қилиш фатводаги муайян йўлни лозим тутиш демакдир. Ҳеч ким ҳар бир мазҳаб қўйган маълум шартларни ўзида мужассам қилмасдан туриб, фатво бериши мутлақо мумкин эмас. Мазҳабларнинг йўлини тутмасдан туриб, фатво бериш мумкин эмас. Ҳеч ким ўзича мужтаҳидликни даъво қилиши, янги мазҳаб пайдо қилиши ёки мусулмонларни шариат қоидаларидан, мазҳаблардаги собит нарсалардан чиқарадиган фатво бериши мумкин эмас.
4. 1425-ҳижрий сананинг муборак Лайлатул Қадр кечасида баён қилинган ва ҳошимийларнинг масжидида ўқиб эшиттирилган «Аммон рисоласи» мазҳаблар ва уларнинг йўлини маҳкам тутиш лозимлигининг чақириғидир. Мазҳабларни эътироф қилиш, улар орасида ўзаро мулоқот (диалог) ҳамда ҳамжиҳатлик мўътадиллик ва васатияни, бағрикенглик ҳамда меҳрибонликни ўз ичига олгандир.
5. Биз мусулмонларни хилофни тарк қилиш ва бирлашишга, бир-бирларини эҳтиром қилишга, давлатлари ҳамда халқлари орасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ораларидаги Аллоҳ учун муҳаббат ришталарини кучайтиришга, ораларига фитна солиш ва аралашишларга йўл қўймасликка чақирамиз.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:
«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳим қилинсангиз», деган (Ҳужурот: 10).
Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!»