Мумтаҳана сураси
- Шанба, Авг 06 2022
- 85 марта кўрилди
1-оят. Эй мўминлар, Менинг ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар-ку! Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (у ҳолда мушрик – кофир кимсаларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар! Ҳолбуки Мен сизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам жуда яхши билгувчидирман! Сизлардан ким шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди!
Муфассирлар жамоаси: Бу оят Ҳотиб ибн Абу Балтаъ ҳақида нозил бўлган. Абу Умар ибн Суҳайб ибн Ҳишом ибн Абдуманнофнинг озод қилган чўриси Сора Маккадан Мадинага келди. Расулуллоҳ (с.а.в.)Макка фатҳига тайёрланаётган эдилар. Унга: - Мусулмон бўлиб келдингми? – дедилар. У: - Йўқ, - деди. У киши: - Унда нега келдинг, - дедилар. У: - Сизлар аҳллар, қариндошлар ва хожаларсизлар. Қаттиқ муҳтож бўлиб қолдим. Менга бирор нарса берасизлар, кийинтирасизлар деб олдингизга келдим, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Макка аҳлининг ёшларидан қаерда эдинг (уларга хизмат қилмаяпсанми), - дедилар. У қўшиқчи аёл эди. У: - Бадр жангидан кейин мендан ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмади, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Бани Абдулмуталлиб ва Бани Мутталибни ундадилар, улар уни кийинтиришди, улов беришди ва нарса беришди. Шунда Ҳотиб ибн Абу Балтаъ унинг олдига келиб, ундан Макка аҳлига хат ёзиб бериб юборди ва унга 10 динор берди. Хатни маккаликларга етказиши учун. Хат қуйидагича эди: - “Ҳотибдан Макка аҳлига. Расулуллоҳ (с.а.в.) сизларни кўзлаб йўлга чиқяптилар. Эҳтиёт бўлинглар”. Сора кетди. Жаброил (а.с.) тушиб Ҳотибнинг қилган ишини Расулуллоҳ (с.а.в.)га хабар берди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.)Али, Аммор, Зубайр, Талҳа, Миқдод ибн Асвад ва Абу Марсадларни аёлнинг ортидан юбордилар. Барчалари отда эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Хоҳ боғига боринглар. У ерда улов устидаги тахтда ўтирган аёл бор. Унда Ҳотибнинг мушрикларга ёзган хати бор. Хатни ундан олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Агар бермаса, ўлдиринглар, - дедилар. Улар чиқиб шу жойда уни топишди ва : - Хат қани, - дейишди. У Аллоҳ номидан қасам ичиб: - Хат йўқ, - деди. Улар унинг матоларини тинтишиб, ҳеч қандай хат топмадилар. Қайтмоқчи бўлишганида Али: - Аллоҳга қасамки, ёлғон гапирмадик ва бизга ҳам ёлғон гапирилмади, алдамаймиз ҳам, алданмаймиз ҳам, - деди ва қиличини сермади. – Хатни чиқар, агар чиқармасанг Аллоҳга қасамки, сени сўйиб ташлайман ва ўлдираман, - деди. Унинг қатъийлигини кўриб, аёл сочлари орасидан хатни чиқарди. Уни қўйиб юборишиб, хатни Расулуллоҳ (с.а.в.)га келтириб беришди. Расулуллоҳ (с.а.в.)Ҳотибни чақиртирдилар ва: - Хатни танийсанми? – дедилар. У: - Ҳа, - деди. Р(с.а.в.): - Нима учун бундай қилдинг? – дедилар. Шунда у: - Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, исломга кирганимдан бери кофир бўлмадим. Сизга холис турганимдан бери сизни алдамадим. У (мушриклардан) ажралганимдан бери уларни яхши кўрмадим. Лекин барча муҳожирларнинг Маккада қариндошларини ҳимоя қиладиган кишилари бор. Мен маккаликлар орасида ғариб эдим. Аҳлим эса уларнинг олдиларида. Аҳлимга (бирор зарар етказишларидан ) қўрқдим ва у (мушриклардан) суянчиқ топишни хоҳладим. Билдимки, Аллоҳ уларга офатини юборади. Менинг хатим эса уларга ҳеч нарсада асқотмайди, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.)уни рост гапираётганини тасдиқладилар ва узрини қабул қилдилар. Шунда ....... нозил бўлди. Шунда Умар ибн Ҳаттоб туриб: - Менга қўйиб беринг, эй Расулуллоҳ, бу мунофиқнинг бўйнига урай (ўлдирай) , - деди. Шунда Р (с.а.в.): - Эй Умар, сен қаердан ҳам билардинг, Аллоҳ бадр аҳлларини билиб туриб: - хоҳлаган амалларингизни қилаверинглар, дарҳақиқат, мен сизларни кечирдим, - дегандир, - дедилар.
Аш айтди: Расулуллоҳ (с.а.в.)мени, Зубайрни, Миқдодни юбориб: - хоҳ боғига боринглар. У ерда уловлик аёл ва унда хат бор, - дедилар. Биз унга: - Ёки хатни чиқарасан, ёки кийимларингни ечасан, - дедик. Шунда у хатни соч ўримлари орасидан чиқарди. Уни Расулуллоҳ (с.а.в.)га келтирдик. Хат Ҳотиб ибн Абу Балтаъдан маккалик мушрикларга эди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Эй Ҳотиб, бу нима? – дедилар. У: - Мен ҳақимда шошилманг, мен Қурайшга келиб қўшилган кишиман, Қурайшнинг ўзидан эмасман. Аллоҳга қасамки, буни динимда шубҳа қилиб ва исломдан кейин куфрга рози бўлиб қилганим йўқ, - деди. Буни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.): - У дарҳақиқат рост гапирди, - дедилар.
Шунда Умар: - Эй Расулуллоҳ, бу мунофиқни ўлдирай, - деди. Р (с.а.в.): - У бадрда қатнашгандир. Қаердан ҳам билардинг, эҳтимол Аллоҳ бадр аҳлларини билган-да: - Хоҳлаган амалларингизни қилинглар, сизларни кечирдим, деган, - дедилар. Ва ........нозил бўлди. Бухорий ва Муслим ривояти.
10-оят. Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар (нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эгаларини ёмон кўриб ёки сизлардан бирортангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ) имтиҳон қилиб кўринглар...
Ибн Аббос: Мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Ҳудайбияда сулҳ тузишганди. Унга кўра Макка аҳлидан ким Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдига келса, у киши уни маккаликларга қайтариб беришади. Саҳобалардан ким Макка аҳлига бориб қўшилса, у ўша ерда қолади. Шу сулҳни ёзишиб муҳрлашди. Сулҳ ёзиб бўлинганидан кейин Сабиъа бинти Ҳорис ал-Асламий келди. Расулуллоҳ (с.а.в.)ҳали Ҳудайбияда эдилар. Унинг кофир эри келиб: - Эй Муҳаммад, хотинимни менга қайтар, сен биз билан ким сенга биздан (мусулмон бўлиб, қочиб) келса, қайтариб беришга шартлашгансан. Мана ёрилган сулҳ, ҳали қуригани ҳам йўқ, - деди. Шунда Аллоҳ таъало ушбу оятни нозил қилди.
Зуҳрий айтади: Урва ибн Зубайрнинг олдига кирдим. У Аллоҳнинг ..... сўзи ҳақида сўраб Валид ибн Абдулмаликнинг соҳиби Ибн Ҳиндга хат ёзаётганди. У унга ёздики: Ҳудайбия кунида Расулуллоҳ (с.а.в.)Қурайш билан ким Ҳожасининг изнисиз у кишининг олдига келса, қайтариб беришга сулҳ туздилар. Энди аёллар ҳижрат қилиб келишганида, улар имтиҳон қилингаларидан кейин мушрикларга қайтариб беришга Аллоҳ йўл қўймади. Имтиҳондан кейин у аёлларнинг исломни хоҳлаб келганликлари билинса. Агар қрчиб келган мўминалар мушрикларга қайтмасалар, мушрикларга уларнинг маҳрларини қайтариб беринглар. Мусулмон ларнинг аёллари кофирлар билан қолишни хоҳлашса, мусулмонларга мушриклар уларнинг маҳрларини беришади. Бу Аллоҳнинг ғукмидир. Ораларингизда Аллоҳ ҳукм қилади. Бас, Расулуллоҳ (с.а.в.)аёлларни олиб қолдилар, қайтармайдилар. Қочиб келган мусулмон эркакларни қайтариб бердилар.
13-оят. Эй мўминлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўст бўлманглар! Худди барча кофирлар қабр эгалари (яъни, ўликларнинг қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек уларнинг ҳам охиратдан умидлари узилгандир.
Бу оят камбағал мусулмонлардан айрим кишилар ҳақида нозил бўлгандир. Улар мусулмонларнинг хабарларини яҳудларга етказишарди, улар билан қўшилишиб юришарди. Бу амаллар билан улар яҳудларнинг мева-чеваларидан ейишарди, озиқ-овқат қўлга киритишарди. Бас, Аллоҳ таборака ва таъало уларнинг бундай қилишдан қайтарди.