close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Анфол сураси

1-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқинггиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйинсунингиз!”.
Саъд ибн Абу Ваққос р.а. айтади: Бадр кунида биродарим Умайр ўлдирилди. Саид ибн Ос ҳам ўлдирилди. Мен унинг қиличини олиб Расулуллоҳ (с.а.в.) га келтирдим. У киши: “Бор, уни қўлга киритилган нарсалар ичига ташла”, дедилар. Мен қайтдим. Акамнинг ўлимидан ва ўлжамни олиб қўйилишидан Аллоҳ биладиган тушкун ҳолатда эдим. Озгина юрган эдимки Анфол сураси нозил бўлди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Боргинда, қиличингни ол”, дедилар.
Икрима ибни Аббосдан ривоят қилади: Бадр кунида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким фалон, фалон ишни қилса, фалон фалон нарса бўлади”, деганларида ёш жангчилар жангга кетишди. Қарилар эса байроқлар олдида қолишди. Ғаниматлар қўлга киритилгач, ёшлар ўлжаларини талаб қилишди. Шунда ёшлари катта жангчилар: “Ўзингизни биздан устун қўйманглар, биз байроқлар остида эдик, агар енгилсангларбиз сизларга ёрдамчи бўлардик”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб улар ўлжани тенг тақсимлади.
Убода ибни Сомит р.а. айтади: Бадр кунида душман енгилди. Бир тоифа мусулмонлар уларни ўлдириш учун қувиб кетишди. Бир гуруҳи эса Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қўриқлаб турдилар. Улар акар ва ўлжаларни қўлга киритиб қайтишди. Аллоҳ душманни кетказиб, қувиб кетганлар қайтишгач: “Биз душманни қувиб борганимиз учун ўлжа бизники бўлади. Биз сабабли Аллоҳ душманни енгди ва кетказди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўраб турганлар: “Аллоҳга қасамки, ўлжага биздан кўра ҳақлироқ киши йўқ. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қўриқлаб турдик. Душман у кишига тўсатданг ҳужум қила олмади”, дейишди. Ўлжа ва аскарларни қўлга киритганлар эса: “Аллоҳга қасамки, биздан кўра ҳақлироқ эмассиз. Ўлжани биз қўлга киритиб эга бўлдик.У бизникидир”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ўлжа тенг тақсимланди.
 
17-оят. Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди ва (бу ғалабани Аллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.
Саид ибн Мусайб айтади: Уҳуд кунида Убай ибн Халаф Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўлдириш учун кела бошлади. Мўминлар унинг олдига кўндаоанг бўлишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга унинг йўлини очиб қўйишни буюрдилар. Шунда Бани Абдуддор уруғидан Мусъаб ибн Умайр унга пешвоз чиқди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дубулға билан совут орасидаги тирқишдан Убайнинг умровини кўриб найза санчдилар.У отидан йиқилиб тушди. Найза санчилган жойдан қон чиқмади. Қовурғаларидан бири синди. Шериклари олдига келишганда ҳўкиздек бўкириб ётарди. Улар: “Нима учун ожиз бўлиб қолдинг? Жароҳатинг арзимас яра-ку”, дейишди. Шунда у: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менда рўй берган нарса Зулмажоз қабиласига рўй берганда ҳаммалари қирилиб кетарди”, деди. Убай ибн Халаф Маккага етмасдан ўлди. Дўзах аҳлига ҳалокат бўлсин. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Абдулазиз ибн Жубайр айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)Ҳайбар жанги кунида камон келтиришни буюрдилар. Узун бир камон келтирилди. Бундан бошқасини келтиришни сўрадилар. Ўртача камон келтирилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) қалъага қараб отдилар. Ўқ учиб бориб Кинона ибн Абу Ҳуқайқни ўлдирди. У тўшагида эди.
Кўпчилик муфассирлар айтишади:  Бадр жангида Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳовуч тупроқ олиб, мушрикларга: “Юзларинг қурсин”, деб тупроқни уларга сочиб юбордиларШунда ҳеч бир мушрик қолмасдан ҳаммасининг кўзига тупроқ зарралари кирди.
Ҳаким ибн Ҳизом айтади: Бадр кунида осмондан ерга тушган бир овозни эшитдик. Худди тоғорага майда тошлар тўкилса чиқадиган овоздек эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) майда тошчаларни олиб отдилар, биз қўрқиб кетдик. Мана шу Аллоҳнинг сўзидир.
 
19-оят. (Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди. Агар (Пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бас, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта Аллоҳ мўминлар билан биргадир.
Абдуллоҳ ибн Саълаба ибн Сағир айтади: Ҳукм сўровчи Абу Жаҳлдир. У мусулмонлар қўшинига дуч келганда: “Эй Аллоҳ қайси биримиз силаи раҳмни узган бўлсак ва нотаниш нарсани келтирган бўлсак, эртага уни ўзинг ҳукм қилгин”, деди. Шунда Аллоҳ “Аллоҳ мўминлар билан биргадир”, оятигача нозил қилди. Ҳоким ривояти.
Саддий ва Калбий айтади: Мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.)га қарши Маккадан чиқишганда каъбанинг ёпинчиғини ўзлари билан олишди ва: “Эй Аллоҳ, қўшинларнинг олийсига, гуруҳларнинг тўғри йўлдагисига ва фирқаларнинг шарафлироғига ўзинг нусрат баргин”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Икрима айтади: Мушриклар: “Эй аллоҳ, биз Муҳаммад келтирган нарсани билмаймиз. Ўзинг у билан бизнинг орамизда ҳақ билан ҳукм чиқар”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
27-оят. Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, Динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!
Бу оят Абу Лубоба ибн Абдул Мунзир Ал Ансорий ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) қурайза яҳудийларини йигирма бир кун қамал қилдилар. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан биродарлари нима сулҳтузган бўлсалар, шундай сулҳ тузишни сўрашди. Шомдаги Азирот ва Ариҳа ерларига биродарлари Бани Назир яҳудийлари олдига кетишни сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга рози бўлмадилар ва Саъд ибн Муоз уларга ҳукм қилишини айтдилар. Улар бош тортиб: “Олдимизга Абу Лубобани юборгин”, дейишди.Абу Лубоба улар билан қўшилиб юрарди. Чунки оиласи мол-мулки уларнинг ҳузурида эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни юборганларида улар: “Эй Абу Лубоба, Саъд ибн Муоз бизга ҳукм қилишига рози бўлиб, қалъадан тушсакмикан-а? Нима дейсан?”, дейишди. Абу Лубоба “Унинг ҳукми ўлим, бундай қилманглар”, деган маънода қўлини халқумига келтирди. Абу Лубоба айтадики: “Аллоҳга қасамки, ҳали жойимдан қимирламасимдан туриб, мен Аллоҳ ваУнинг расулига хиёнат қилганимни билдим. Шунда у ҳақида ушбу оят нозил бўлди”. Кейин абу Лубоба ўзини масжид устунларидан бирига боғлатди ва: “Аллоҳга қасамки, токи ўлгунимча ёки Аллоҳ гуноҳимни кечмагунча таом ҳам емайман, сув ҳам ичмайман”, деди. Шу ҳолида етти кун турди, ҳаттоки ҳушидан кетиб йиқилиб-осилиб қолди. Кейин Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Унга одамлар: “Эй Абу Лубоба, тавбанг қабул қилинди”, деганларида у: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари келиб мени ечмагунларича мен ўзимни ечмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари келиб, уни ечдилар. Кейин Абу Лубоба: “Тавбам тўла-тўкис бўлиши учун мен ўша ерда гуноҳга ботган қавмнинг ерини абадий тарк қиламан. Мол-мулкимдан ҳам воз кечаман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Учдан бир қисмини садақа қилсанг сенга кифоя қилади, дедилар.
 
32-оят. Яна уларнинг: “Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин”, деганларини эсланг!
Муфассирлар бу оят Назир ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган дейишади. У “Муҳаммад айтаётган нарса ҳақ бўлса устимизга тош ёғдир”, деган эди.
Анас ибн Молик р.а. айтади: Абу Жаҳл айтдики: “Эй Аллоҳ, агар шу нарсанг сени ҳузурингдан келган бўлса устимиздан тош ёғдир ёки аламли азоб келтир”. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Имом Бухорий ривояти.
 
35-оят. Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган “ибодат”лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди. Бас, (эй мушриклар, бутун – Бадрга) кофир бўлганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар.
Абдуллоҳ ибн Умар р.а. айтади: Каъбани тавоф қилишарди ва чапак чалишарди(чапак чалиб кўрсатдилар). Ва ҳуштак чалишарди (ҳуштак чалиб кўрсатдилар) ва юзларини ерга қўйишарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
36-оят. Албатта кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг Йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар.
Муқотил ва Калбийлар айтишади: Бу оят Бадр кунида мушриклар аскарларини таомлантираётганлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўн киши эди: Абу Жаҳл, Робианинг икки ўғли Шайба ва Утба, Ҳажжожнинг ўғиллари Набиҳ ва Мунбиҳ, Абул Бухтарий ибн Ҳишом, Назр ибн Ҳорис, Ҳаким ибн Ҳизом, Убай ибн Халаф, Замъа ибн Асвад, Ҳорис ибн Омир ибн Навфал, Аббос ибн Абдулмуттолиб. Барчалари қурайшликлардир. Улар ҳар куни ўнта ҳайвон сўйишарди.
Саид ибн Жубайр ва ибн Абзо айтади: Бу оят Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган. У Уҳуд кунида Расулуллоҳ (с.а.в.)га қарши жанг қилиш учун икки мингта ҳабашни ижарага олди. Булардан ташқари Муҳаммад (с.а.в.)га қарши жанг қилиш чақириғига ижобат қилган араблар ҳам бор эди. Улар ҳақида Каъб ибн Молик қуйидаги шеърни айтган эди.
Денгиз тўлқинининг ўртасига келдик.
Учминг киши эдилар, биз озчилик эдик.
Ялонғоч ва таъминланган ҳабашлардир
Биз эса уч юзмиз, кўп бўлса тўрт юз.
Ҳакам ибн Утба айтади: Уҳуд кунида Абу Суфён мушрикларга қирқ уқия (олтин) сарфлади. Шунда ушбу оят нозил бўлди.  
 Муҳаммад ибн исҳоқ айтади: Бадрда Қурайшликлар енгилиб, тирик қолганлари Маккага қайтди. Абу Суфён ҳам карвонни эсон-омон олиб келди. Шунда Абдуллоҳ ибн Абу Робиа , Икрима ибн Абу Жаҳл, Савфон ибн Умайя ва бошқалар Абу Суфённинг олдига келишди. Уларнинг оталари, болалари, ака-укалари Бадрда ўлдирилган эди. Абу Суфён ва тижорат карвонида моллари бор кишиларга қарата: “Эй Қурайш жамоаси, Муҳаммад сизни ранжитди ва яхши одамларингизни ўлдирди. Муҳаммад билан уруш туфайли қутулиб қолган мана шу карвондаги моллар билан бизга ёрдам берингиз. Шоядки, биздан ўлдирилганлар учун қасосимизни олсак”, дедилар. Шунда Аллоҳ улар ҳақида ушбу оятни нозил қилди.
 
64-оят.
Саид ибн Жубайр ибни аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга ўттиз тўққиз киши исломни қабул қилди. Кейин Умар исломга кириб, мусулмонлар қирқ киши бўлганда Жаброил а.с. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини олиб тушди”.
 
67-оят. Ҳеч бир пайғамбар учун то Ерда ғолиб бўлмагунича, аср олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса Охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир.
Мужоҳид айтади: Умар ибн Хаттоб бирор фикр билдирганида ўша фикри осмондан келадиган нарса(ваҳий)га мос келарди. Расулуллоҳ (с.а.в.)асир олинганлар ҳақида машварат қилдилар. Мусулмонлар: “Булар қариндошларингиздир, тўлов олиб қўйиб юборинг”, дейишди. Умар эса: “Йўқ, Эй Расулуллоҳ, уларни ўлдиринг”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.  
Ибни Умар р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) асирлар хусусида Абу Бакр билан маслаҳатлашдилар. У “Улар қавмингиз, қариндошларингиз. Уларни қўйиб юборинг”, деди. Умар билан маслаҳатлашганда: “Уларни ўлдиринг”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тўлов олиб қўйиб юбордилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни “олган ўлжаларингиздан ҳалол-пок ҳолида тановул этингиз....” оятигача нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Умарга дуч келиб: “Сенинг фикрингга хилоф иш қилиббизга бирор бало етишига оз қолди”, дедилар.
Абу Убайда Абдуллоҳдан айтади: Бадр кунида асирлар келтирилгач Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бу асирлар ҳақида нима дейсизлар?”, деб сўрадилар. Шунда Абу Бакр: “Эй Расулуллоҳ, булар сизнинг қавмингиз ва уруғларингиздир. Уларни омон қолдиринг ва муҳлат беринг. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса”, деди. Умар эса: “Булар сизни ёлғончига чиқаришган, диёрингиздан ҳайдашган. Шунинг учун уларни келтириб бўйинларига уринг (ўлдиринг)”, деди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа эса: “Эй Расулуллоҳ, Водийда ўтин кўплигини қаранг, буларни ўша ерга киритиб олов ёқиб юборинг”, деди. Шунда Аббос: “Силаи раҳм қариндошчиликни узасанми?”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.)сукут қилиб уларга жавоб бермай кириб кетдилар. Шунда саҳобаларнинг баъзилари: Абу Бакрнинг сўзини олади, дейишса баъзилари Умарникини, баъзилари эса Абдуллоҳникини олади дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг олдиларига чиқиб: “Албатта Аллоҳ баъзи кишиларнинг қалбларини юмшоқ қилади. Ҳаттоки сутдан ҳам юмшоқроқ бўлиб қолади. Яна Аллоҳ баъзи кишиларнинг қалбларини қаттиқ қилади, ҳаттоки тошдан ҳам қаттиқ бўлади. Эй Абу Бакр сенинг мисолинг Иброҳимга ўхшайди. У: “Ким менга эргашса у мендандир, ким менга осий бўлса, (Эй аллоҳ), ўзинг кечиримли ва меҳрибонсан”, деган эди. Эй Абу Бакр яна сенинг мисолинг Исога ўхшайди. У: “Агар уларни азобласанг, бас улар сенинг бандаларингдир, агар уларни кечирсанг, бас, албатта Сен Қудратли ва Ҳикматли Зотсан”, деган эди. Эй умар сенинг мисолинг Мусога ўхшайди. У: “Эй Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин, қалбларини қаттиқ қилгин”, деган эди. Яна сенинг мисолингНуҳга ўхшайди. У: “Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирор-бирқимирлаган жонни қолдирмагин”, деган эди”, дедилар. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.): - Сизлар бугун олийсиз, сизлар бугун олийсизлар(ғолибсиз). Улардан бирортаси қўзғалмайди. Фақатгина фидя билан кетишлари мумкин ёки ўлим, -  дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу ва кейин келадиган учта оятни нозил қилди.
Ибни Аббос р.а. Умар ибн Хаттобдан ривоят қилади: Бадр кунида қўшинлар тўқнашиб, Аллоҳ мушрикларни мағлуб қилгач, етмиш кишиси ўлдирилди ва етмиштаси асир олинди. Расулуллоҳ (с.а.в.), Абу Бакр, Умар, ва Али маслаҳатлашишдилар. Абу Бакр: “Эй Расулуллоҳ, амакингизнинг ўғиллари, қариндош ва ака-укаларингиздир. Мен улардан фидя олиб қўйиб юборишингиз фикридаман. Улардан олганимиз кофирларга қарши бизга қувват бўлади ва шоядки Аллоҳ уларни ҳидоят қилиб, бизга ёрдамчи бўлишса”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Эй Умар, сен нима дейсан?, деб сўрадилар. Шунда мен: “Аллоҳга қасамки, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Сиз менга фалончининг имконини беринг (Умарнинг қариндоши). Мен уни бўйнига ураман. Алига Уқайлнинг имконини беринг, уни ўлдирсин. Ҳамзага фалончининг (акаси ёки укаси) имконини беринг. Уни бўйнига урсин. Токи Аллоҳ мушрикларга нисбатан яхши муносабат йўқлигини билсин. Булар мушрикларнинг бошлиқлари, раислари ва катталаридир”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакрнинг фикрларини олдилар. Меникини олмасдан Асирларни фидя эвазига қўйиб юбордилар. Эртаси куни эрталаб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бордим. Қарасам у киши ва Абу Бакр Сиддиқ йиғлаяптилар. Шунда мен: “Эй Расулуллоҳ, менга хабар беринг, сизни нима йиғлатди? Агар йиғлай олсам йиғлайман. Йиғлай олмасам ўзимни йиғлаганга оламан”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: “Фидя олинган асҳобларинг кўрсатилди. Дарҳақиқат азобингиз мана шу дарахтдан ҳам яқинроқ кўрсатилди”, дедилар. Дарахт жуда яқин эди. Аллоҳ ушбу оятни “...Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечириш тўғрисидаги) битиги бўлмаганда, албатта сизларга олган (фидя)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди”, оятигача нозил қилди. Имом Муслим ривояти.
 
70-оят. Эй Пайғамбар, сизларнинг қўлингизда аср бўлган кишиларга айтинг: “Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (яъни, иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан (яъни, тўлаган товонингиздан) яхшироқ нарса берур ва сизларни мағфират қилур. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”.
Калбий айтади: Бу оят Аббос ибн Абдулмуттолиб ва Уқайя ибн Абу Толиб ва Навфал ибн Ҳорислар ҳақида нозил бўлган. Аббос Бадрда асир олинган эди. Ёнида йигирма уқия олтини бор эди. Олтинни одамларни таомлантириш учун Бадрга олиб чиққанди. У аҳли Бадрни таомлантиришни зиммасига олган ўн кишининг бири эди. Унга ҳали навбат етмасдан асир тушиб қолди. Унинг олтинлари ҳам олинди. Расулуллоҳ (с.а.в.)олтинларни ундан олдилар. Аббос айтади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га мендан олган йигирма уқия олтинни менинг фидям қилишини айтдим. У киши бош тортиб: “Бизнинг зараримизга фойдаланиш учун олиб чиққан нарсанг (фидя қилиб) қабул қилинмайди”, дедилар”, ва менга акамнинг ўғли Уқайл ибн Абу Толибнинг тўлови йигирма уқия кумуш тўлашни юкладилар. Шунда мен: “Аллоҳга қасамки, мени қўйиб юбор, қурайшдан ўзим ва қолган бошқа одамларга кифоя қиладиган молни сўрайман”, дедим. У киши: “Сен Бадрга чиқаётганингда Умму Фазлга бериб: - Менга бирор кор ҳол бўлса, бу (пуллар) сенга, Абдуллоҳга, Фазлга ва Қусамгадир, - деб айтган олтинлар қани?”, дедилар. Мен: “Буни қаердан билдинг?”, дедим. Аллоҳ менга бунинг хабарини берди, дедилар. Мен: “Гувоҳлик бераманки, сен ростгўйсан. Мен ҳақиқатан ҳам унга (хотинимга) олтин бергандим. Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмасди. Мен гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва сен Аллоҳнинг элчисисан”, дедим. Аббос айтади: “Аллоҳ менга ўзи айтганидек мендан олинган (тўлов)дан кўра яхшироғини берди. Яна йигирма кишига (ҳам шундай бўлди)”. Бадрда иштирок этганларнинг барчалари йигирма уқия катта мол-мулкка эга бўлишди. Мен энди Роббимдан мағфиратни умид қиламан.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase