Видолашув ҳажи
- Бўлим: Нурул яқин
- 209 марта кўрилди
Ҳижратнинг ўнинчи йили пайғамбар алайҳис-салом мусулмонлар билан хайрлашув ҳажини адо этдилар. Бу сарвари оламнинг ҳаётларидаги энг сўнги ҳаж эди. Расулуллоҳ зулқаъда ойининг йигирма бешинчиси, яъни шанба куни Мадинада ўринларига Абу Дужона Ансорийни қолдириб йўлга чиқдилар. Пайғамбар алайҳис-салом билан бирга тўқсон минг одам сафарга отланди. Расулуллоҳ уловлари қўзғалган жойда ният қилиб эҳром боғладилар ҳамда "Лаббайкаллоҳумма лаббайк, ла шарика лака лаббайк, иннал ҳамда ваннеъмата лака вал мулк ла шарика лак" (Эй Оллоҳ, мен сенинг итоатингдаман, сенинг итоатингдаман, сенинг шеригинг йўқ, сенинг итоатингдаман. Барча ҳамду сано, жаъми мавжудотларни бошқариш ва неъмат (бериш) сенга хос. Сенинг шеригинг йўқ,) дея талбия айтдилар. Сарвари олам тўхтамай йўл босиб, қуёш кўтарилган пайтда Кадо тепалигидан ошиб, Маккага кириб бордилар. Байтуллоҳга кўзлари тушган аснода: "Уни янада шарофатли, янада улуғ, янада салобатли ва янада юксак қилгин", дедилар ва бу муқаддас даргоҳни етти қайта тавоф айладилар, ҳажарул асвадни истилом қилдилар, мақоми Иброҳимда икки ракаат намоз ўқидилар, оби замзамдан ичдилар, Сафо билан Марва тоғлари орасида улов билан етти марта қатнадилар. Ҳар гал Сафо тоғига чиққанларида: "Ёлғиз Оллоҳдан бошқа ҳеч илоҳ йўқ. Оллоҳ ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига (пайғамбарига) ёрдам берди. Оллоҳнинг бир ўзи мушриклар тўдасини мағлуб этди", дедилар. Сарвари олам зулҳижжа ойининг саккизинчи куни Минога келиб дам олдилар.