Абу Бакрнинг ҳаж қилиши
- Бўлим: Нурул яқин
- 115 марта кўрилди
Ҳижратнинг тўққизинчи йили зулқаъда ойининг охирида ҳажга борадиганларга пайғамбар алайҳис-салом Абу Бакр Сиддиқни бошлиқ этиб тайинладилар. Абу Бакр уч юз киши билан расулуллоҳ қурбонликка атаб берган йигирмата туяни ва ўзининг бешта туясини олиб йўлга тушди. Улар жўнаб кетишгандан кейин пайғамбар алайҳис-саломга Бороат сурасининг бош қисми нозил бўлди. Расулуллоҳ ҳажжи акбар (катта ҳаж) кунида ушбу сурани ҳожиларга етказиш учун бу шарафли вазифани менга ваколатан менинг хонадонимга мансуб одам адо этмоғи керак, деб Абу Бакрнинг орқасидан Али ибн Абу Толибни жўнатдилар. Али уловини қичаб ҳайдаганча ҳажга кетаётганларга ярим йўлда етиб олди. Абу Бакр: "Расулуллоҳ сени ҳажга етакчи қилиб юбордими?" деб сўраган эди Али: "Йўқ, мени одамларга Бороат сурасини етказиш учун юборди", дея жавоб берди. Ҳожилар Қурбон ҳайити куни Минода тўпланган пайтда Али уларга Бороат сурасининг бош қисмидаги ўн уч оятни ўқиб берди. Бу оятларда ваъдасида турмаган мушриклар билан тузилган шартномалар кучга эга эмаслиги, мушрикларга тўрт ой муҳлат берилиши, улар бу муддатда истаган жойга бора олиши, мусулмонларга қарши чиқмаган ва хиёнат қилмаган мушриклар билан тузилган шартномалар эса муддати битгунгача тўла кучга эгалиги баён этилган эди. Али мазкур оятларни ўқиб бўлгач, бу йилдан эътиборан Байтуллоҳни мушриклар ва яланғоч одамлар тавоф этиши мумкин эмаслигини эълон қилди. Али бу сафар мобайнида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг орқасида намоз ўқиди.