Қўшин юбориш
- Бўлим: Нурул яқин
- 96 марта кўрилди
Пайғамбар алайҳис-саломга Ҳабашистонлик бир гуруҳ одам Жидда аҳолисига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабар етиб келди. Расулуллоҳ уларга қарши Алқама ибн Мужаззиз бошчилигида уч юз кишилик қўшин жўнатдилар. Ислом лашкарлари Жиддага боргач, душманнинг йўлини тўсиш учун кемаларга тушдилар. Ҳабашлар бир оролга тўпланиб туришган эди, ясов тортиб келаётган жанговар мусулмонларни кўриб, тумтарақай қочишди. Кутилган тўқнашув юз бермади. Алқама қўшинни орқага қайтарди ва қадами илдамларни олдинга ўтказиб, тезроқ кетаверишни буюрди. Қадами илдамларга Абдуллоҳ ибн Ҳузофа Саҳмийни бош қилди. Абдуллоҳ табиатан ҳазилкаш одам эди. У йўлда кета туриб бир жойда гулхан ёқди ва лашкарга: "Сизлар менга итоат этишга буюрилганмисизлар?" деб сўради. Жангчилар "ҳа", деб унинг гапини тасдиқлашди. Абдуллоҳ: "Ундай бўлса, мана шу ёниб турган гулханга сакранглар", деди. Баъзилар: "Ахир биз ўтдан қўрқиб мусулмон бўлганмиз-ку", дея эътироз билдиришди, баъзилар бошлиқнинг амрига бўйсиниб оловга ўзини урмоқчи бўлди. Абдуллоҳ уларни қйтариб; "ҳазиллашдим" деди. Бу воқеани эшитган пайғамбар алайҳиэ-салом: "Оллоҳ таоло олдида гуноҳ бўладиган ишларда махлуққа итоат этилмайди", дедилар.