Макканинг фатҳ этилиши
- Бўлим: Нурул яқин
- 111 марта кўрилди
Оллоҳ таоло бирон ишни рўёбга чиқаришни ирода қилса, сабабларини ҳозирлаб, тўсиқларини бартараф этади. Пайғамбар алайҳис-салом қурайш халқи бўйсунмагунча араблар ялписига бўйсунмаслигини, Макка у кишининг измига ўтмагунча бошқа шаҳару ўлкалар итоат этмаслигини яхши билар, шу боис тезроқ Маккани фатҳ этиш фикрида эдилар. Бироқ у зоти муборак ваъдасига қатъий амал қиладиган киши бўлганлари учун Ҳудайбияда қурайшлар билан тузилган сулҳ шартномасига биноан бу ниятларидан ўзларини тийиб турардилар. Дунёнинг изми парвардигори оламнинг ихтиёрида, у нимани ирода қилса, амалга оширади, истаган ишига маълум сабаб ва қулайликлар яратиб беради.
Маълумки, юқорида зикр этилган сулҳдан кейин Ҳузоа қабиласи мусулмонларнинг, Бакр қабиласи қурайшларнинг ҳимоясига олинган эди. Жоҳилият даврида бу икки қабила бир-бири билан ёвлашиб, муттасил қир-пичоқ бўлиб юришарди. Ислом дини дунёга келгач, уларнинг ўртасидаги адоват босилиб, сурункали уруш жанжаллар барҳам топган эди. Мана шундай тинч-осуда кунларнинг бирида Бакр қабиласининг бир одами пайғамбар алайҳис-саломни майна қилиб ашула айтди. Ҳузоа қабиласидагилардан бир киши буни эшитиб, ашулачини дўппослади. Бу нарса неча йилдан бери босилиб, усти битиб қолган эски ярадек кин-адоватни яна қўзғатиб юборди. Бани Бакр қабиласи кўҳна аламларини эслаб, шу баҳонада душманидан ўч олиш ниятида уруш ҳаракатига тушиб, иттифоқчиси қурайшлардан ёрдам сўради. Қурайшлар махфий равишда уларга одам, қурол-яроғ жўнатишди. Бакр қабиласи Ҳузоа қабиласига ҳужум қилиб, тинчгина яшаётган йигирма чоғли одамни ўлдирди.
Ҳузоа қабиласи пайғамбар алайҳис-саломга Амр ибн Салим бошчилигида элчилар юбориб, бани Бакр билан қурайшларнинг хиёнаткорона қилмишларини маълум қилишди. Расулуллоҳ бу хабардан қаттиқ хафа бўлдилар ҳамда элчиларга: "Сизларни ўзимни асрагандек асрайман", дедилар. Қурайшлар ўйламасдан қилган иши усун афсусланишди ва юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида Абу Суфён ибн Ҳарбни Мадинага юборишга қарор қилишди. Абу Суфён икки қабила ўртасида юз берган қирғиндан пайғамбар алайҳис-салом ҳали бехабар деган ўйда бемалол Мадинага келиб, расулуллоҳнинг никоҳидаги қизи Умму Ҳабибанинг уйига тушди. Абу Суфён пайғамбар алайҳис-саломнинг палосида ўтирмоқчи бўлган эди, қизи уни тортиб олди. Абу Суфён: "Қизим, бу палосни аяганингми ёки мени аяганингми?" деб сўради. Умму Ҳабиба: "Отам бўлсанг ҳам ростини айтай: сен мушрик, нопок одамсан. Сендай одам пайғамбарнинг палосида ўтириши мумкин эмас", деди. Абу Суфён қаттиқ ранжиб: "Қизим, сен мендан айрилгандан кейин айниб кетган экансан", деди-да, шартта уйдан чиқиб кетди ва тўппа-тўғри масжидга бориб, пайғамбар алайҳис-саломга учрашди, ташрифининг сабабини айтиб, сулҳ муддатини узайтиришни таклиф этди. "Бирон гап бўлдими?" деб сўрадилар расулуллоҳ. "Йўқ ҳеч нарса бўлгани йўқ", деб жавоб берди Абу Суфён. "Ундай бўлса аввалги сулҳ бўйича иш тутамиз, унинг муддатини ўзгартиришнинг ҳожати йўқ", дея гапни чўрт кесдилар сарвари олам.
Тарвузи қўлтиғидан тушган Абу Суфён муҳожирларнинг бошлиқларига учрашиб мақсадини амалга ошириш учун кўмак сўради, бироқ уларнинг ҳаммаси худди келишиб олишгандек айнан расулуллоҳнинг жавобини беришди. Кўзланган мақсадига эришолмаган Абу Суфён ноилож Маккага қайтиб кетди. Маккадагалар эса: "Сен айниб, Ислом динига кириб кетганга ўхшайсан", деб унга маломат тошини ёғдиришди. Абу Суфён ўзини оқлаш учун бутларнинг олдида чўқиниб қасам ичди.
Пайғамбар алайҳис-салом эса саҳобаларга сафар тадорикини кўришни буюрдилар. Маккага отланганликларини фақат Абу Бакрга айтдилар. "Эй расулуллоҳ, қурайшлар билан ўртамизда имзоланган шартнома бор-ку", деди Абу Бакр ажабланиб. "Ҳа, бор, дедилар расулуллоҳ. — Лекин қурайшлар шартномани бузишди-ку". Шундан кейин пайғамбар алайҳис-салом Мадина атрофидаги қирларда яшовчи арабларни сафарбарликка даъват этиб: "Кимки Оллоҳга ва охират кунига ишонаркан, рамазон ойида Мадинага жам бўлсин", дедилар. РасулулЛоҳнинг чақириғини эшитган Аслам, Ғифор, Музайна, Ашжаъ, Жуҳайна қабилаларининг вакиллари Мадинага тўпланишди. Бу хабар овоза бўлиб, қурайшлар ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши мумкинлигини ўйлаб, расулуллоҳ ниятларини пинҳон тутдилар. Сарвари оламнинг кўнглида Маккада қон тўкиш эмас, балки Худонинг муқаддас даргоҳининг ҳурматини сақлаган ҳолда қурайшларни тинч йўл билан итоат қилдириб, имонга келтириш нияти бор эди. У киши Худога ёлбориб: "Эй Парвардигор, мен етиб боргунча айғоқчилар маккаликларни кетаётганимиздан хабардор этиб қўйишларидан асрагин", дея илтижо қилдилар.
Бадр ғазотида қатнашган саҳоба Ҳотаб ибн Аби Бултаа пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккани фатҳ этиш учун катта қўшин тўплаб йўлга чиқаётганлари ҳақида хат ёзиб бир аёлдан яширинча жўнатиб юборди. Бу ҳодиса расулуллоҳга ваҳий орқали маълум бўлди. Жосус аёлни қайтариб келиш учун дарров Али, Зубайр, Миқдодлар юборилди. Улар Ҳох номли боғ олдида жосус аёлни қувиб етишди-да, хатни талаб қилишди, бироқ у сурбетлик билан ёнида ҳеч қандай хат йўқлигини айтиб, жиноятини тан олмади. Таъқиб этувчилар яхшиликча хатни бермаса, ечинтириб тинтишларини айтгандан кейингина у ноилож сочининг орасига яширилган хатни чиқариб берди. Таъқиб этувчилар хатни пайғамбар алайҳис-саломга топширишгач, у киши Ҳотабни чақиртириб, хиёнаткорлигининг сабабини сўрадилар. "Эй расулуллоҳ, мен қурайшлардан эмасман, муҳожирлар қурайш қабиласидан, — деди Ҳотаб. — Муҳожирларнинг Маккада қолган бола-чақаларини қанотига оладиган яқинлари бор, менинг у ёқда ҳеч кимим йўқ. Қурайшлар қилган яхшилигим эвазига у ёқда қолган бола-чақаларимга мурувват кўрсатишармикан, деган умидда яширинча хат жўнатганман. Лекин муртад бўлиб диндан қайтганим йўқ".
Расулуллоҳ: "Ҳотаб ростини айтди", дедилар. У зоти муборакнинг жосусга мурувват кўрсатиб меҳрибончилик билан гапиришлари Умар ибн Хаттобнинг зардасини қайнатиб юборди. "Эй расулуллоҳ, ижозат бер, мен бу мунофиқнинг калласин олай", деди у сакраб ўрнидан тураркан. "Ҳотаб Бадр ғазотида қатнашган, — деди расулуллоҳ. Оллоҳ таоло Бадр ғазотида қатнашганларнинг қай аҳволга тушганини билгани учун бундан буён истаган ишингларни қилинглар, сизларни мағфират қилдим, деганидан хабаринг йўқми? Бу ҳақда парвардигори олам Мумтаҳина сурасининг: "Эй мўминлар, менинг душманимни ва душманларингизни дўст тутманг. Улар сизларга келган ҳақиқатни инкор, этишган-ку. Уларга дўстлик кўрсацанглар парвардигорингиз Оллоҳга имон келтирганингиз учун пайғамбар билан сизларни юртингиздан ҳайдаб чиқаришади. Агар сизлар менинг йўлимда курашиш ва менинг розилигимга эришиш учун отланган бўлсанглар, улар билан қандай дўст тутинишингиз мумкин? Мен сизлар пинҳон сақлаган ва ошкор этган нарсаларни биламан. Қай бирингиз уларга дўстлик кўрсаца, у тўғри йўлдан адашган бўлади", деган биринчи оятини нозил қилди.
Пайғамбар алайҳис-салом Рамазон ойининг ўртасида катта қўшин билан йўлга чиқдилар. Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни бош қилиб қолдирдилар. Ислом қўшини ўн минг кишидан иборат эди. Улар Абво деган жойга етиб келганларида расулуллоҳнинг ашаддий душманларидан иккитаси учраб қолди. Улардан бири Бадр жангида қатнашган Убайда ибн Ҳориснинг қариндоши, расулуллоҳнинг амакиваччаси Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб; иккинчиси у кишининг хотинлари Умму Саламанинг қариндоши Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғира эди. Бу икковлон мусулмон бўлиш учун расулуллоҳнинг ҳузурларига келишаётган экан. Пайғамбар алайҳис-салом уларни беҳад қувониб қарши олдилар. "Бугун сизлар сира ҳам айбланмайсизлар. Оллоҳ сизларни мағфират қилсин! Оллоҳ энг марҳаматли зотдир", дедилар.
Қўшин йўлида давом этиб Қудайд деган жойга келганда пайғамбар алайҳис-салом саҳобаларнинг очликдан беҳад қийналиб кетишганини кўриб оғиз очишни буюрдилар, ўзлари ҳам овқатландилар. Йўлда бола-чақаларини олиб Мадинага кетаётган амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб учради. Расулуллоҳ у кишига бола-чақасини Мадинага жўнатиб, ўзи Маккага қайтишини маслаҳат бердилар. Қўшин Марузаҳрон деган жойга етиб келганда пайғамбар алайҳис-салом ўн мингта гулхан ёқишни буюрдилар. Қурайш мушриклари Муҳаммад ҳад-ҳисобсиз қўшин билан келаётган экан, деган хабарни эшитгач, вазиятни билиб келишга Абу Суфён ибн Харб, Ҳаким ибн Ҳизом, Будайл ибн Вақони юборишди. Улар Марузаҳронга келиб худди Арофат*да ёқиладигандек сон-саноқСйз гулханларни кўришди.
Абу Суфён: "Бу гулханлар Арофатнинг гулханларига ўхшайди", деди. Будайил иби Варқо: "Амр аймоғининг гулханлари бўлса керак", деди. "Бани Амр аймогъининг бунчалик кўп гулхан ёқадигая одами йўқ," деган эътироз билдирди Абу Суфён. Кузатиб турган мусулмон соқчилари уларни ушлаб олиб, расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб боришди. Абу Суфён имон келтириб мусулмон бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом Аббосга: "Абу Суфённи икки тоғ оралигига олиб бор, мусулмон биродарларини кўрсин", дедилар. Аббос Абу Суфённи айтилган жойга олиб келди. Уларнинг олдидан ҳар бир қабила лак-лак одами билан гулдурос солиб ўтарди. Абу Суфён ҳар бир тўп қайси қабиланинг одами эканини сўраб-суриштирди. Ансорларнинг қабиласи ўтаётганда туғ кўтарган Саъд ибн Убода: "Эй Абу Суфён, бугун қонли уруш бўладиган, Каъбада қон тўкишга рухсат бериладиган кун", деди. Абу Суфён эса унга жавобан: "Эй Аббос, Каъбада уруш қилиш таъқиқланган кун кунларнинг энг яхшиси", деди.
Расулуллоҳ энг кичик гуруҳ сафида келар, уларнинг байроқдори Зубайр ибн Аввом эди. Абу Суфён расулуллоҳга Саъднинг гапини айтди. "Саъд бекорларни айтибди, дедилар расулуллоҳ. Бугун Оллоҳнинг Каъбаси улуғланадиган, унинг устига ёпинчиқ ёпиладиган кун". Пайғамбар алайҳис-салом ўз гуруҳининг аъламини Макканинг қуйи томонидаги Хужун тоғига қадашни, Холид ибн Валидга шаҳарнинг паст, Кудай томонидан киришни буюрдилар. Озлари эса бир гуруҳ одам билан Тепа, Кудо томондан кириб бордилар.
Жарчи олдинда юриб кимки ўз ҳовлисига ёки масжидга кириб олса, омон қолажагини, Абу Суфённинг уйига кирган одамга ҳам тегинилмаслигини эълон қилди. Шу тарзда омонлик бериш расулуллоҳнинг ўзларига хос фазилатлари эди. Фақат мусулмонларга кўп зарар етказган, гуноҳи ҳаддан ташқари оғир кишилар бундан мустасно бўлиб, улар муқаррар ўлдирилиши эълон қилинди. Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абий Сарҳ шундайларнинг бири эди. Исломнинг аввалида мусулмон бўлган бу одам ваҳийларни ёзадиган котиб эди. Кейинчалик муртадлик кўчасига кириб: "Муҳаммад Алиймун Ҳакийм, деб ёз деганда, Ғофурун Раҳийм, деб ёзсам ҳам майли, буниси ҳам бўлаверади деган", дея расуллулоҳга туҳмат қилган. Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафрон ибн Умайя, Ҳубор ибн Асвад, Ҳорис ибн Ҳишом, Зуҳайр ибн Абу Умайя, Каъб ибн Зуҳайр, Ҳамзанинг қотили Ваҳший, Абу Суфённинг хотини Ҳинд ва яна бир гуруҳ кишилар шундай номаъқулчиликлар қилишган. Гарчанд бундай кимсаларнинг гуноҳи катта бўлса-да, пайғамбар алайҳис-салом тиғ кўтариб қаршилик кўрсатмаган одамни ўлдиришни қатъиян ман этдилар.
Холид ибн Валид бошчилигидаги қўшин қурайш мушрикларини ваҳимага солди, шу боис қандай бўлмасин уни чекинтириш ниятида аскар тўплаб жанг қилишди. Қисқа тўқнашувдаёқ мушриклардан 24 киши ўлди, мусулмонлардан эса икки киши шаҳид бўлди. Холид ибн Валид бошчилигидаги Ислом аскарлари Макканинг қуйи томонидан ҳужум қилиб кириб келишди.
Пайғамбар алайҳис-салом бошчилигидаги қўшин эса сира ҳам қаршиликка учрамади. Расулуллоҳ пешоналари туянинг ўркачига теккунча, бошларини қуйи солганларича Оллоҳга тавозу қилиб, парвардигорнинг неъматларига қайта-қайта шукроналар айтар эдилар. Бу қувончли ҳодиса рамазоннинг йигирмасида, жумъа кунининг тонг палласида юз берди. Ҳажун деган ерга етганда расулуллоҳ туядан тушиб, алам тиктирдилар, ўз даргоҳларини ҳам шу ерга қурдирдилар. Умму Салама билан Маймуна пайғамбар алайҳис-саломга ҳамроҳ бўлиб, бирга сафарга чиқишган эди.
Мусулмонлар бир оз ҳордиқ чиқаргач, расулуллоҳ Абу Бакр Сиддиқ билан бирга гаплашиб, Фатҳ сурасини ўқиб, Каъба зиёратига равона бўлдилар. Туянинг устидан тушмай Оллоҳнинг зиёратгоҳини етти марта тавоф этдилар ҳамда асолари билан Ҳожарул Асвадни истилом қилдилар. Байтуллоҳнинг атрофига 360 бут тикланган эди. Расулуллоҳ қўлларидаги асо билан ҳайкалларни нуқиб: "Энди Ислом дини дунёга келди, бутпарастлик завол топди, у қайта тикланмайди", дедилар. Сўнгра бутларни олиб ташлашни буюрдилар. Мусулмонлар у кишининг амрини шу заҳоти бажо келтиришди. Навбат қўлларида тақсим (фол кўриш) ўқларини тутган Иброҳим ва Исмоил алайҳис-саломнинг ҳайкалига келганда одамлар нима қиларини билмай довдираб қолишди. "Оллоҳ мушрикларни жувонмарг қилсин! — дедилар пайғамбар алайҳис-салом. — Иброҳим билан Исмоил тақсим ўқларини ишлатишмаганини мушрикларнинг ўзлари ҳам жуда яхши билишади. Қўрқмай олиб ташлайверинглар." Бу Каъбанинг биринчи марта бутлардан тозаланган шарафли кун бўлиб қолди. Барча араб халқи томонидан улуғланадиган муқаддас Каъба чин маънодаги зиёратгоҳга айланди. Баъзи бир жойларни ҳисобга олмаганда араб заминида бутпарастлик тугатилди.
______________
*Арофат — Маккадан 22 чақирим олисдаги водий. Ҳаж мавсумида шу ерда қуёш ботгунча туриш ҳаж ибодатининг муҳим фарзларидан бири ҳисобланади.