close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳижратнинг еттинчи йили Хайбар ғазоти

Ҳижратнинг еттинчи йили муҳаррам ойида пайғамбар алайҳис-салом саҳобаларга Хайбар яҳудийларига қарши юришга тайёргарлик кўришни буюрдилар. Хайбар яҳудийлари Хандақ ғазоти вақтида араб қабилаларини мусулмонларга қарши қайраган эдилар. Каъб ибн Ашраф воқеасида баён этганимиздек, улар ҳали ҳам адирдаги араблар билан пайғамбар алайҳис-саломга қарши тил бириктириб юришарди. Бундан хабар топган расулуллоҳ Ҳудайбияда бирга бўлган саҳройи арабларни сафарбарликка чақирдилар. Ҳудайбия ғазотида қатнашмаганлар келиб бу сафар урушда иштирок этишга ижозат сўрашди. Пайғамбар алайҳис-салом уларга: "Ғанимат учун эмас, фақат жиҳод учун талабгорлар келсии, бу сафар ҳеч кимга ғанимат берилмайди", дедилар ҳамда бу қарорларини жарчи орқали ҳаммага эшиттирдилар. Расулуллоҳ ўз ўринларига Сибо ибн Урфатани тайинлаб, сафарга отландилар. Бу гал у кишига аёллари Умму Салама ҳамроҳ бўлди. Мусулмонлар қўшини Мадинанинг ғарби-шимолидан юз мил олисдаги Хайбарга етиб келгач, баланд овозда такбир айтиб дуо ўқиди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Бунчалик кучаниб бақирманглар, сизлар гаранг ёки ўзи йўқ нарсага эмас, балки сизлардан сира ҳам айрилмайдиган, гапларингизни эшитиб турадиган Оллоҳга дуо қиляпсизлар", дедилар.
Хайбар халқи бир-биридан унча олис бўлмаган Натот, Касиба, Шиқ номли учта қалъада яшардл. Натот қалъасида Ноим, Саъб, Қила қўрғонлари, Касиба қалъасида Убай, Бариъ қўрғонлари, Шиқ қалъасида Қамус, Ватиҳ, Сулолим қўрғонлари бор эди. Пайғамбар адайҳис-салом ишни Натот қалъасини қамал қилишдан бошладилар. Қўшинни қалъанинг шарқидаги ўқ етмайдиган бехавотир ерга жойлаштиргач, душманга таҳдид солиш ниятида шаҳар атрофидаги хурмо дарахтларини кесиб ташлашни буюрдилар. Мусулмонлар тўрт юзга яқин дархтни кесиб ташлашди. Лекин душман томон миқ этмади. Расулуллоҳ яҳудийдарнинг урушишга астойдил бел боғлаганини англаб дарахтларга қирон келтиришни тўхтатдилар ва ўқ отиб шаҳарга ҳужум қилишни буюрдилар, бироқ бу урушдан бирон наф чиқмади.
Эртасидан бошлаб расулуллоҳ кичик бир гуруҳни олиб душманнинг шаҳар ташқарисига чиққан аскарлари билан унча-мунча тўқнашиб қайтавердилар. Кечаси бир киши соқчиликка турди. Сафарнинг еттинчи куни соқчиликка турган Умар ибн Хаттоб ярим кечаси шаҳар ташқарисига чиққан бир яҳудийни асир олиб, пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига олиб келди. Қўрқувдан дағ-дағ қалтираётган асир: "Агар мени ўлдирмасанглар, сизларга фойдали бир сирни айтиб бераман", дея омонлик сўради. Расулуллоҳ омонлик берганларидан кейин у: "Қамал қалъадагиларнинг тинкасини қуритди, одамлар муттасил таҳликадан қаттиқ чарчашди. Улар бола-чақасини Шиқ қалъасига кўчириб бўлишди, эртага ташқарига чиқиб сизлар билан жанг қилишмоқчи. Шаҳар дарвозаси очилганда манжаниқ*, даббоба*, қилич ва найзалар сақланадиган омборни кўрсатиб қўяман. Агар бу қуролларни қўлга кирицанглар, бошқа қалъаларни осонгина ишғол этасизлар. Манжаниқдан ўқ отиб душманни чалғитиб, даббобалар ёрдамида бемалол шаҳар деворини тешса бўлади", деди.
Асирнинг гапидан қониқиш ҳосил қилган пайғамбар алайҳис-салом Муҳаммад ибн Масламага: "Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у худо билан пайғамбарни жон-дилдан севади. Бундай одамни Оллоҳ билан пайғамбар ҳам яхши кўради", дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. "Оша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим", дея эслайди Умар ибн Хаттоб. Тонг отганда расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Алининг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди.
Пайғамбар алайҳис-салом Алига байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Яҳудийлар ҳам урушга шай бўлиб туришган экан. Улардан бири таомилга биноан яккама-якка олишувни таклиф этди. Ортага чиққан Али уни бир ҳамладаёқ ўлдирди. Яҳудийларнинг ботирларидан Марҳаб талабгор бўлиб майдонга тушди. Муҳаммад ибн Маслама уни осонгина ер тишлатди. Марҳабнинг биродари (акаси ёки укаси) Ёсир майдонга чиққан заҳоти Зубайр ибн Аввомнинг зарбасига учраб ўлди. Шундан кейин икки қўшин бир-бирининг устига селдек ёпирилди. Яҳудийлар мусулмонларнинг шиддатли ҳужумига дош беролмай қочди, ислом лашкари уларни қувиб, шаҳарга бостириб кирди.
Яҳудийлар Саъб қўрғонига чекинишди. Ғалабадан руҳланган мусулмонлар таъқибни давом эттиришди, бироқ яҳудийлар қаттиқ қаршилик кўрсатиб, уларни орқага суриб ташлашди. Ҳабоб ибн Мунзир бошчилигидаги мусулмонлар қўшини орқага чекинмай душман билан қаттиқ олишиб, уларнинг сафини тўзитиб юборди. Яҳудийлар бетартиб қоча бошлади. Шаҳарга бостириб кирган мусулмонлар жуда кўп озиқ-овқатни ғанимат олди. Пайғамбар алайҳис-салом бу нарсаларни ейиш ва от-уловларга бериш мумкинлигини, бироқ олиб кетиш ман этилишини эълон қилдилар. Қилла қўрғонига кириб олган яҳудийларни мусулмонлар уч кун муҳосара қилдилар. Тўртинчи куни яҳудийлар ташқарига чиқиб мусулмонларга ташланишди, икки ўртада шиддатли жанг бўлди, алалоқибат яҳудийлар енгилиб, Шиқ қалъасига чекинишди.
Мусулмонлар қалъани ўраб олишди, таслим бўлишни истамаган душман шаҳар ташқарисига чиқиб қаттиқ жанг қилди. Мусулмонлардан Абу Дужона Ансорий мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, ўз йигитлари билан шаҳарга биринчи бўлиб бостириб кирди. Бу шаҳарда жуда кўп рўзғор буюмлари, озиқ-овқат, қўй ғанимат олинди. Бариъ қўрғонига чекинган яҳудийлар олдингисидан кўра кўпроқ қаршилик кўрсатишди. Бу жойнинг одамлари камондан ўқ, палаҳмондан тош отишга уста эди. Улар отган ўқ, тошлар нишонга бехато тегиб, мусулмонлар анча талафот кўришди, ҳатто расулуллоҳ ҳам жароҳатландилар. Бундан ғазабланган мусулмонлар манжаниқни тиклашди.
Оз даврининг замбарагини кўриб эсхонаси чиқиб кетган яҳудийлар шаҳарни ташлаб қочишди. Шаҳарга кирган мусулмонлар жуда кўп мис ҳамда сопол идиш-товоқни кўришди. Расулуллоҳ: Бу идишларни ювиб ишлацанглар бўлади", дедилар. Ислом лашкарлари ғанимни Касиба қалъасигача таъқиб этиб бордилар ҳамда Қомус қўрғонига яшириниб олган яҳудийларни йигирма кун қамал қилишди. Ниҳоят, Али ибн Абу Толиб бошчилигидаги мусулмонлар душман қаршилигини енгиб, шаҳарни ишғол этди. Бу қўрғонда Ҳуяй ибн Аҳтабнинг қизи Сафийя асир олинди. Шундан сўнг Ислом қўшини Ватиҳ ҳамда Сулолим қўрғонлари сари отландилар. Муттасил таъқиб ва жангу жадалдан тинка-мадори қуриган яҳудийлар фақат бола-чақаларини олиб, Хайбардан чиқиб кетишга ижозат сўраб таслим бўлишди. Пайғамбар алайҳис-салом уларнинг ўтинчига розилик бердилар.
Бу қўрғонларда тўрт юз қилич, юзта совут, мингта найза, беш юзта камон ғанимат олинди. Хонадонлардан топилган Тавротнинг парчалари талабгорларга бериб юборилди. Пайғамбар алайҳис-салом Канона ибн абу Ҳуқайиқни ўлим жазосига буюрдилар. У Ҳуяй ибн Ахтабдан қолган қимматбаҳо зийнат буюмларини яшириб қўйган эди. Бу сир ошкор бўлгач, улар орасида билакузук, оёққа тақиладиган тақинчоқлар, тилла узуклар, сирғалар, марварид ва зумрад кўзли турли хил тақинчоқлар борлиги аниқланди. Расулуллоҳ бошқаларга ибрат бўлиши учун уни қатл эттирдилар.
Хайбар ғазотида мусулмонлардан ўн беш киши шаҳид бўлди, яҳудийлардан эса тўқсон уч киши ўлди. Газот вақтида бир яҳудий аёл заҳар қўшилган қўйнинг сонини пишириб расулуллоҳга берди. Пайғамбар алайҳис-салом унинг самимиятига ишониб, гўштдан бир тишлаб кўрдилару шу заҳоти туфлаб ташладилар. Бишр ибн Баро гўштдан еб, тил тортмай ўлди. Пайғамбар алайҳис-салом яҳудий хотинни чақиртириб, нега бундай қилганини сўрадилар. "Агар сен ростдан ҳам чин пайғамбар бўлсанг, заҳар кор қилмайди, бордию сохта пайғамбар бўлсанг, заҳарни еб ўлгину сендан тезроқ қутулайлик, деган ниятда шундай қилдим", деди яҳудий аёл. Ростгўйлиги учун расулуллоҳ унинг гуноҳидан кечдилар.

_____________________
*Манжаниқ — истеҳкомларга тош отадиган қурол.
*Даббоба — ичига одам кириб олиб, шаҳар деворларини тешишда ишлатиладиган мослама.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase