Мунзир ибн Совийга юборилган мактуб
- Бўлим: Нурул яқин
- 90 марта кўрилди
Пайғамбар алайҳис-салом Баҳрайннинг ҳокимига Ало ибн Ҳазрамийдан қуйидагича мактуб йўллаб, уни мусулмон бўлишга даъват этдилар:
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Мен Оллоҳни ундан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқлиги учун мақтайман. Бизнинг (беш вақт) намозимизни ўқиган, қибламизга юзланган, бўғизлаб ўлдирилган молларимизни еганлар мусулмон ҳисобланади, Оллоҳнинг ва пайғамбарнинг ҳимоясида бўлишади. Шундай қилишни истаган маъжусийлар мўмин саналади, бош тортганлардан бож-хирож олинади".
Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Сови ислом динини қабул қилиб, жавоб мактуби юборди:
"Эй расулуллоҳ, мактубингни Баҳрайн халқига ўқиб эшиттирдим. Айрим кишилар ислом динини маъқуллаб мусулмон бўлишди, айримлари маъқул кўришмади. Менинг юртимда маъжусий ва яҳудийлар бор, уларга қандай муносабатда бўлишни буюрасан?"
Пайғамбар алайҳис-салом унга бундай жавоб йўлладилар:
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Оллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Мунзир ибн Совига салом!
Мен танҳо Оллоҳни мадҳ этаман. Ундан бошқа ҳеч илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, Муҳаммад оллоҳнинг бандаси ва элчисидир. Мен сенга Оллоҳни эслатаман. Мана бу сўзларини айтиб ўтмоқчиман: "Кимки менга содиқ бўларкан, у ўзи учун фойдали иш қилгани аниқ, кимки менинг элчиларимга итоат этаркан ва уларнинг буйруғини бажо келтираркан, у менга итоат этган бўлади, кимки уларга садоқат кўрсатаркан, улар менга садоқат кўрсатган ҳисобланади. Элчиларим сени яхши, деб таъриф қилишди. Халқинг учун устивор туришингни қабул этдим. Мусулмон бўлганларга тегма, мен гуноҳларини кечирдим, сен ҳам афв эт. Қанчалар ўнгланмагин, мансабингдан олиб ташламайман. Яҳудий ва маъжусийларнинг ўз динида қолганларидан хирож олиш кифоя".