Муқавқисга йўлланган мактуб
- Бўлим: Нурул яқин
- 110 марта кўрилди
Пайғамбар алайҳис-салом Қайсар томонидан қўйилган Миср ҳокими Муқавқисга Ҳотаб ибн Абу Бултаадан қуйидаги мазмундаги мактубни йўлладилар:
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Оллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Қибти*нинг каттаси Муқавқисга!
Тўғри йўлга эргашганларга салом. Мен сени мусулмон бўлишга даъват этаман. Мусулмон бўлсанг жонинг омонда, Оллоҳ икки баробар савоб беражак, агар таклифимдан юз ўгирсанг, қибтиларнинг гуноҳи ҳам сенга юкланади. "Эй аҳли китоб, фақат Оллоҳга ибодат қилиш, унга ҳеч нарсани шерик келтирмаслик, яратган қолиб бир-биримизни Худога айлантирмаслик каби иккала томон учун ҳам муштарак ақидаларни ҳурмат қилайлик, дегин. Агар улар бундан юз ўгиришса, бизнинг мусулмон эканимизга гувоҳ бўлинглар", денглар. (Оли Имрон сурасининг 64-ояти.)
Ҳотаб Искандарияга бориб, мактубни Муқавқисга топширди. У мактуб билан танишиб чиққач: "Агар Муҳаммад ҳақиқий пайғамбар бўлса, нега унга осийлик қилиб, юртидан ҳайдаб чиқарганларни дуоибад қилмади?", деб сўради. Ҳотаб: "Мен биби Марямнинг ўғли Исо Оллоҳнинг элчиси эканига ишонасан-ку. Оз халқи тутиб олиб Исони ўлдирмоқчи бўлганда яратган эгам уни ўз даргоҳига олиб кетган. Оша пайтда Исо халқига ҳалокат тилаб дуоибад қилдими?" деди. Унинг жавобидан мамнун бўлган Муқавқис: "Сен донишманд зот томонидан юборилган ақлли одам экансан. Мундоқ разм солиб қарасам, Муҳаммад одамларни ёмон ишларга ундамас, яхшиликлардан эса қайтармас экан. У адашган сеҳргар ҳам, ёлғончи каззоб ҳам эмас экан. Унда яширин, ғайб сирларини, махфий ишларни билишдек пайғамбарларга хос фазилатлар бор экан. Биз бу таклифлар ҳақида ўйлаб кўрайлик", деди ва расулуллоҳга қуйидагича жавоб мактуби ёзди:
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қибтиларнинг каттаси Муқавқисдан Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом!
Мактубингни ўқидим. Унда баён этилганларни ва нимага даъват этаётганингни тушундим. Мен пайғамбар келишидан воқиф эдим, уни Шомдан чиқади, деб ўйлардим. Юборган элчингни иззат-икром билан кутдим, сенга қибтилар орасида катта нуфузга эга икки канизак, кийим-кечак, минишингга бир хачир жўнатяпман, вассалом".
Бу канизаклардан бири Морияни пайғамбар алайҳис-салом никоҳларига олдилар, ундан ўғиллари Иброҳим туғилди; иккинчи канизак Ҳассон ибн Собитга берилди. Муҳавқис эса мусулмон бўлмай қолаверди.
____________________
*Қибти — Мисрдаги қадимий миллат номи. Бу ерда бутун мамлакат кўзда тутилган.