Қўшин юбориш
- Бўлим: Нурул яқин
- 124 марта кўрилди
Шу йилнинг сафар ойида Азал, Қора қабилаларидан исломий сабоқ беришга одам юборишларини сўраб вакиллар келишди. Пайғамбар алайҳис-салом Осим ибн Собит Ансорий бошчилигида ўн кишини уларга қўшиб бердилар. Улар кундузи яшириниб, кечалари йўл босишди. Ражий деган жойга етганларида вакиллар хиёнат қилиб, мусулмонларни Абдуллоҳ ибн Унайс томонидан ўлдирилган Суфён ибн Холид Ҳузалийнинг қабиласига ошкор этишди. Ҳузайл қабиласидан икки юз ўқчи мусулмонларнинг изидан тушди. Душман таъқибидан хабар топган мусулмонлар тоққа чиқиб олишди. Душманлар: "Пастга тушинглар, сизларни ўлдирмасликка ваъда берамиз", дейишди. Уч киши алданиб пастга тушди, Осим бошчилигидаги қолган етти киши жанг қилди. Пастга тушганлардан бири шу заҳоти қатл этилди, қолган икковлон Маккага элтиб мусулмонларда қасди бор мушрикларга сотилди ва шу ерда қийнаб ўлдирилди. Улардан Ҳубайиб ибн Адий ўлими олдидан қуйидаги шеърни ўқиди:
Имон билан кеца бас, асар қолмас армондан,
Шаҳид бўлиб йиқилсанг ўқ еб ўнгу сўл ёндан.
Ҳақ йўлига жон тикдим, у истаса шубҳасиз
Қийналган бу вужудим жой оладур ризвондан.