Ғатафон ғазоти
- Бўлим: Нурул яқин
- 194 марта кўрилди
Ғатафон қабиласининг бани Саълаба ва муҳориб уруғлари Дусур бошчилигида Мадинани талон-тарож қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Бундан хабар топган пайғамбар алайҳис-салом бу тажовузнинг олдини олиш учун раббиул аввал ойининг 12-куни тўрт юз эллик нафар одам билан уларга қарши юриш қилдилар. У кишининг ўрнига Усмон ибн Аффон юртига бош бўлиб Мадинада қолди. Мусулмонларнинг катта куч билан келаётганини эшитган душман тоғ-тошларга қочиб кетди. Мусулмонлар Зоамар деган жилга бўйида қўр ташлаб ётишди. Расулуллоҳ ёмғирда ивиган кийимларини ечиб, бир дарахтнинг панасига ўтиб чўзилдилар. Узоқ йўл босиб ҳориган мусулмонлар чекка-чеккага тарқалиб уйқуга кетишди. Пайт пойлаб турган Дусур тоғдан тушиб, аста-секин пайғамбар алайҳис-саломнинг тепасига қиличини яланғочлаб келди ва: "Эй Муҳаммад, энди сени мендан ким қутқара олади" деди. "Худонинг ўзи қутқаради", дедилар расулуллоҳ ўта хотиржамлик билан. У кишининг хотиржамлиги ва ишонч билан гапириши Дусурни эсанкиратиб қўйди, ранги бўздек оқарганча қўлидан қилич тушиб кетди.
Пайғамбар алайҳис-салом унинг қиличини олиб: "Хўш, энди ким сенинг жонингга оро киради?" деб сўрадилар. "Ҳеч ким", деди Дусур бўшашганча. Сарвари олам мурувват кўрсатиб уни кечирдилар. Дусур шу заҳоти мусулмон бўлиб, қавмини исломга даъват этди. Пайғамбар алайҳис-саломии ёмон кўриб, ҳаммани у кишига қарши туришга ундаб юрадиган ёвуз бир кимса Оллоҳнинг илтифоти туфайли у кишини яхши кўрадиган ва одамларни ислом динига даъват этадиган зотга айланди. Бу расулуллоҳнинг хушмуомалалиги, мулойимлиги, раҳмдиллигининг шарофатидир. Бу хусусда Оли Имрон сурасининг 169-оятида бундай дейилади: "Оллоҳнинг раҳмати билан сен уларга мулойим бўлдинг. Агар қўполлик, бағритошлик қилганингда яқининга йўламай тарқаб кетишарди, уларни афу эт, улар учун магфират тила, улар билан кенгашиб иш қил".