Исломий биродарлик
- Бўлим: Нурул яқин
- 149 марта кўрилди
Оллоҳнинг фазлу карами туфайли ансорлар билан муҳожирлар ўртасида чинакам қариндошлик ришталари уланди, ҳарбий жиҳатдан ожиз, кам сонли мусулмонлар мушрик ва аҳли китоблар устидан ғалаба қозондилар. Ансорлар диний биродарларини қариндош-уруғларидан аълороқ билиб эъзозлашарди. Парвардигор Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорлар ҳақида бундай дейди: "Улар (муҳожирлар) дан илгари Мадинада ўтроқлашган имони бутунлар ёнига ҳижрат қилганларни дўст тутишади, уларга берилган нарсалар учун асло бахиллик қилишмайди". Қариндошликнинг чинакам намунаси мана шу. Ансорлар диндош биродарлари учун кўрсатган марҳаматларини жуда кам ҳисоблашарди. Расулуллоҳ туфайли улар қиёматли дўст, чинакам биродарга айландилар. Гарчанд уларнинг вужудлари бошқа-бошқа бўлса-да, қалблари бирлашиб кетган эди. Мана шу бирлик туфайли мусулмонлар ғалабага эришганларидек, Оллоҳ таоло бугунги мусулмонларни ҳам бир жону бир танга айлантириб, ғолибу музаффар этгай. Ансорлар билан муҳожирларнинг қариндошлиги тенглик ва адолатга асосланган эди. Дўст тутинган икки кишининг бири ўлса, туғишгани эмас, тутинган диндоши меросхўр ҳисобланарди. Расулуллоҳ: "Охират учун иккитадан жуфт бўлиб дўст тутининглар", дердилар. Бу одат Аҳзоб сурасининг. "Китобуллоҳда қариндош-уруғлар (меросхўрликда) бир-бирларига жуда яқиндир", деган 6-оят нозил бўлгач, бекор этилди.