close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳнинг пайғамбар болишдан аввалги ахлоқлари

Муҳаммад алайҳис-салом мулойим феъл-атворли, аҳдига содиқ, инсон шаънига доғ туширадиган ёмон хулқлардан холи, одамгарчилиги устун, хушмуомала, қўшничиликни ўрнига қўядиган, табиати юмшоқ, энг муҳими ростгўй зот эдилар. Оллоҳ у кишининг вужудида мулойимлик, сабрлик, шукроналик, одиллик, камтарлик, иффат, қўли очиқлик, қаҳрамонлик, уятчанлик каби гўзал хислатларни, тўғри саъй-ҳаракатларни жам этгани учун эл-юрт Амин деб атарди. Ҳатто Абдуддор жамоасидан бўлмиш расулуллоҳнинг ашаддий душмани Назру ибн Ҳорис ҳам у кишидаги фазилатларга тан бериб, Укоз бозорида ўтган бир йиғинда: "Сизлар (қурайшларни айтмоқчи) Муҳаммаддан болалик чоғидаёқ хурсанд эдинглар, у орангиздаги энг ростгўй, энг ишончли киши эди, Вояга етиб, пайғамбар бўлганда уни сеҳргарга чиқардинглар. Оллоҳнинг номи билан қасамйод қиламанки, у асло сеҳргар эмас", деган.
Рум подшоси Ҳирақл (Қайсар) Абу Сўфёндан: "Муҳаммад пайғамбарлик даъвосини қилишдан олдин ёлғончилиги учун ҳеч маломатга учраганмиди?" деб сўраганда у: "Йўқ", деб жавоб қайтарган. "Муҳаммад одамларга ёлғон сўзламаган экан, демак Худога ёлғончилик қилиши мумкин эмас", дейди Ҳирақл. Оллоҳ таоло пайғамбар алайҳис-саломни болалигиданоқ жоҳилият даврининг қусурларидан асраган, одамлар кўр-кўрона сиғинадиган бут ва санамларни ёмон кўрсатган, у киши бутпарастларнинг ўз санамлари шарафига ўтказадиган байрамларида қатнашмас эдилар. "Осмирлик пайтимданоқ бутларни, бемаъни шеърларни ёмон кўрардим. Жоҳилият даврининг ишларини фақат икки марта кўнглим тусади, лекин ҳар икки гал ҳам Оллоҳ ўйлаганимни рўёбга чиқармади. Шундан кейин Тангри таоло мени пайғамбарликка мушарраф этгунга қадар бундай нарсалар хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бир куни кечаси бироз қўй боқадиган чўпон болага қўйларимга қараб туришни илтимос қилиб, Маккадаги ёшларнинг тунги сайлида қатнашмоқчи бўлдим. Шаҳарга кириб тўй бўлаётган бир хонадоннинг олдида тўхтаб қолдим. Най, чилдирма, қўшиқ овозига қулоқ тутиб ўтирдим. Бироқ ҳали қулоқларим куй-қўшиқдан роҳатланиб улгурмай кўзим илинибди. Эртасига қуёшнинг иссиқ тафтидан уйғониб кетдим. Кўзлаган мақсадимга етолмай изимга қайтдим. Иккинчи сафар ҳам шу ҳол такрорланди", дея ҳикоя қиладилар пайғамбар алайҳис-салом.
Расулуллоҳ қурбонлик молнинг қонини оқизиб, ибодат қилинадиган тош — Нусубга атаб сўйилган молнинг гўштини емасдилар. Ароқ-шароб ичиш арабларда кенг тарқалган бўлса-да, у киши бу иллатдан ҳамиша ўзларини тийганлар. Оллоҳ пайғамбарлар ваҳийни қабул қилишга лаёқатли бўлишлари учун уларнинг жисмини ана шундай фазилатлар билан зийнатлаган. Улар пайғамбар бўлишдан олдин ҳам, кейин ҳам ҳар қандай гуноҳлардан ҳоли эдилар. Бу зоти муборак болалигида эрта-индин зиммаларига юкланадиган улкан вазифаларга муносиб бўлиш учун, пайғамбарликка эришгач эса, ўз умматларига ибрат кўрсатиш учун ҳам жисман, ҳам руҳан покландилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase