close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафот этишлари

Шу куни кун пешинга етмай пайғамбар алайҳис-салом бу дунё билан хўшлашиб, Оллоҳнинг даргоҳига сафар қилдилар. Бу ҳижратнинг ўн биринчи йили, раббиул аввал ойининг ўн учинчиси, яъни душанба куни эди. (Мелодий 632-йили, 6-ойнинг 8-кунига тўғри келади). Пайғамбар алайҳис-саломнинг ёшлари қамария йил ҳисоби бўйича 63 ёшу 3 кун, шамсия йил ҳисоби бўйича 61 ёшу 84 кун эди.
Оша аснода Абу Бакр йўқ эди. У бани Ҳорис ибн Хазраж жамоасига тегишли Санҳ маҳалласида яшовчи хотини Ҳабибани кўргани кетган эди.
Умар пайғамбар алайҳис-салом ўлди, деган хабарни олиб келганларга қилич яланғочлаб таҳдид солди: "Мусо пайғамбар Оллоҳнинг ҳузурига бориб, ўз халқидан қирқ кун йироқ турганидек, расулуллоҳ ҳам Оллоҳнинг даргоҳига кетди. Худо ҳаққи, пайғамбар алайҳис-салом албатта қайтиб келиб, мана шундай гап-сўзларни тарқатганларнинг оёқ-қўлини кесиб ташлайди, деб умид қиламан". Расулуллоҳнинг вафотларидан хабар топган Абу Бакр шу заҳоти изига қайтиб, Ҳазрати Оишанинг уйига кирди. У тиз чўкканча пайғамбар алайҳис-саломнинг юзларини очиб ўпаркан, ўпкасини босолмай йиғлаб юборди: "Худонинг номи билан қасам ичиб айтаманки, сенга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин. Эй расулуллоҳ, ота-онам сенга қурбон бўлсин, сен ҳаёт чоғингда ҳам, ўлганингда ҳам нақадар ёқимли, муаттар бўйлисан. Оллоҳ сенга иккинчи қайта ўлим бермайди, деди. Шундан кейин ташқарига чиқиб, Оллоҳ таолога ҳамду сано айтди ва йиғилганларга юзланиб: "Кимки Муҳаммадга ибодат қилмоқчи бўлса, Муҳаммад ўлди. Кимки Оллоҳга ибодат қилмоқчи бўлса, Оллоҳ тирикдир, у ҳеч қачон ўлим топмайди", деди ва Зумар сурасининг 30-оятини ўқиди: "Сен ҳам (расулуллоҳ кўзда тутиляпти) албатта ўласан, улар ҳам ўлажак", шундан сўнг Оли Имрон сурасининг 143-оятини тиловат қилди: "Муҳаммад эса бир пайғамбар, ундан илгари ҳам кўпгина пайғамбарлар келиб кетишди. Агар у ўлса, ёки ўлдирилса, орқага қайтасизларми? Орқага қайтувчилардан Оллоҳ сира зарар кўрмади, шукр қилувчиларни эса Оллоҳ мукофотлайди".
Ҳаяжонланган Умар: "Бу оят илгари қулоғимга чалинмай Абу Бакрдан биринчи марта эшитаётгандек бўлдим", деди.
То мусулмонлар уч кунгача кенгашиб, ўзларига халифа сайлашмагунча пайғамбар алайҳис-салом дафн этилмадилар. Пайшанба куни эрталаб дафн этишга қарор қилишди. Али ибн Абу Толиб пайғамбар алайҳис-саломни ювди, унга Аббос, Аббоснинг икки ўғли Фазл билан Қусам ҳамда Усома ибн Зайид, расулуллоҳнинг озодгардаси Шуқрон ёрдамлашишди. Сарвари олам уч қават либос билан кафанландилар, кафанликлар орасида кўйлак билан салла йўқ эди. Шундан сўнг расулуллоҳ уй ичидаги сўрига (каравотга) ётқизилдилар. Одамлар кетма-кет кириб жаноза намозини ўқидилар, уларга ҳеч ким имом бўлгани йўқ. Ҳазрати Оишанинг ҳужрасидаги расулуллоҳнинг жонлари узилган жойда гўр ковланди. Али, Аббос ва у кишининг ўғиллари Фазл билан Қусам пайғамбар алайҳис-саломни лаҳадга қўйишди. Ердан бир қарич кўтарилган қабрга хасти Билол сув сепди.
Пайғамбар алайҳис-салом вафот этдилар, лекин у зоти муборак мусулмонларга доно ва тадбиркор Оллоҳ томонидан нозил бўлган, маҳкам тутилса ҳеч нарса зарар етказолмайдиган, ёлғону туҳматлар сира таъсир ўтказолмайдиган муқаддас Қуръони Каримни қолдириб кетдилар. Оллоҳ Ислом динини камолотга етказиб, ваъдасини рўёбга чиқаргунча дин аҳкомларини ечиб берадиган, мамлакат-ларни фатҳ этишни давомлаштирадиган ва Ислом динининг қуёш нуридек зиёсидан ҳаммани баҳраманд қиладиган соҳиби карам саҳобаларни қолдириб кетдилар. Оллоҳ Таоло ваъдасининг устидан чиқиб, оламни имон нури билан мунаввар этди. Оллоҳдан ўзининг бу улуғ марҳамати ва беадад неъматининг шукронасини адо этишга муваффақ қилишини тилаймиз.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase