Бани Асад қабиласининг элчилари
- Бўлим: Нурул яқин
- 118 марта кўрилди
Сарвари оламнинг ҳузурларига келган бани Асад қабиласи элчиларининг орасида Зирор ибн Азвар билан кейинчалик пайғамбарлик даъвосини қилган Тулайҳа ибн Абдуллоҳ бор эди. Улар имон келтиргач: "Эй расулуллоҳ, биз қаҳатчилик йилидаги қийинчиликларни енгиб, қоронғи кечаларда йўл босиб, ҳузуринга келдик. Биз томонларга бирон кишингни юбормадинг", дейишди. Оллоҳ таоло Қуръондаги Ҳужурот сурасининг 17-оятида бу ҳақда шундай дейди: "Улар мусулмон бўлганини сенга миннат қилишади. Сен уларга: "Мусулмон бўлганингизни менга миннат қилманглар, акс ҳолда Оллоҳ имонга ҳидоят этгани учун сизларга миннат қилади, дегин".
Элчилар жоҳилият давридаги қушларнинг парвозига қараб фол кўриш, коҳинлик қилиш, майда тошлар билан қуръа ташлаш каби ишларининг ҳукмини сўрашган эди, расулуллоҳ бундан буён бундай ишлар билан шуғулланишни ман этдилар. Элчилар фолбинлик ҳққида сўрашди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Бу нарсани бир пайғамбар биларди, уни шу пайғамбарнинг илмичалик билими бор одамгина билиши мумкин", дедилар. Элчилар бир неча кун туриб, диний аҳкомларни ўргандилар ва совға-саломлар олиб ўз юртларига қайтдилар.