- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Жаноб рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидин олти ой муқаддам сураи (Наср) нозил бўлди:
إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ. وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا. فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ، إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا
“Қачон келса Аллоҳ таолонинг мадади ва фатҳи Макка. Ва кўрсангиз одамларники, кирурлар Аллоҳ таолонинг диниға тўп-тўп. Бас, Роббингиз ҳамди ила тасбеҳ айтинг ва мағфират талаб қилинг андинки, ул буюк тавба қабул қилғувчидур”.
Бу сура нузулидин Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам тушундиларки, бу сана дунёдин охиратға сафарлари муҳаққақдур. Кейин шул сана рамазонида йигирма кун эътикофға ўлтурдилар. Одати шарифалари, ҳар йил ўн кун ўлтурур эрдилар. Маҳбуб қизлари ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳоға дедиларки: “Бу йил зиёда эътикофға ўлтурушларин сабаби, шул сана вафотларин яқинлигидиндур.
Ўн биринчи санаи ҳижрия сафар ойин ибтидосидин ҳазрати Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам охират сафариға тайёргарлик қила бошладилар. Аввал бир кун Уҳуд тарафиға бордилар. Андаги шаҳидларға (жаноза) намоз ўқудилар. Андин қайтуб келуб, масжидда минбарға чиқдилар, халқға боқуб дедилар: “Биродарлар, мен сизлардин илгари кетмакчидурман ва сизлар учун шаҳодат берурман. Худо номиға қасамки, мен бу турган еримда ҳавзимни кўруб турубдурман. Менга бутун хазиналар калидларин тобшурулди. Мен сизларни мендин кейин яна мушрик бўлуб кетишларингиздин қўрқмасман. Мен қўрқурманки, мендин кейин бир-бирларингиз ила нафсоният қилушуб, барбод бўлмасаларинг, яъни дунё учун бир-бирларингизни поймол этмакларингиздин хавф этурман”.
Кейин ярим кечада Бақеъ қабристониға ташриф қилдилар, аларға салом бердилар ва ҳақлариға дуолар қилдилар. Кейин бир кун тамом мусулмонларни жам қилдилар ва марҳамат қилдилар:
“Марҳабо, эй мусулмонлар, Аллоҳ таоло сизларни ўз раҳматиға дохил қилсун, дилшикаста (маҳзунлик)ликни сизлардин кўтарсун, ризқларингизни фаровон этсун, Ўзи ҳамиша мададкорларингиз бўлсун, даражаларингизни баланд қилсун, доим Ўз омонида сақласун. Менинг сизларға васиятим шулдурки, Худодин ҳамиша қўрқунглар, ўзларингизни бошқалардин ортуқ билманглар, Худонинг бандалариға такаббур(лик) қилманглар, дунёға фитна ва фасод солманглар. Аллоҳ таоло менга ва сизларға дерки:
تِلْكَ الدَّارُ الْآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوًّا فِي الْأَرْضِ وَلَا فَسَادًا وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ
“Мана бу жаннатдурки, буни биз шундоғ одамларға берурмизки, алар ер юзида катталикни ва фасодни хоҳламаслар. Ва яхши оқибат Худодин қўрқғон бандалар насибларидур” .
Кейин бу оятни ўқудилар:
...أَلَيْسَ فِي جَهَنَّمَ مَثْوًى لِلْمُتَكَبِّرِينَ
Яъни “...Оё, мутакаббирлар жойлари жаҳаннамда эмасми?” .
Кейин марҳамат қилуб дедилар: “Эй биродарлар, ҳаммаларингизға салом! Ва менинг саломимни мендин кейин келадурган диний фарзандларимға еткузулсун”.