close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Учунчи санаи ҳижрия (ҳижрий учинчи йил), еттинчи шул ойинда (шаввол ойининг еттинчи куни) маккалик Қурайш жамоаси (қабиласи) Мадинаи Мунаввараға яна ҳамла қилдилар. Бу дафъа алар тамом мамлакатдин иъона (ёрдам) тўпладилар.
Абу Изза номлик бир шоир бутун Ҳижоз (балки, Макка ва унинг атрофи)да айлануб юруб, халқни урушға далолат қилди ва Бани Кинона қабиласин Қурайш мададиға омода этди (ҳозирлади, тайёрлади).
Шом тижоратидин ҳосил бўлғон эллик минг мисқол  тиллони ва бир минг адад туяни ул кунғача тақсим қилунмағон эрди. Ҳаммасини бу дафъадаги уруш иъонасиға қўшуб юборилди.
Бу урушда Маккада тўплануб, Мадина тарафиға ҳамла учун равона бўлғон лашкар беш (балки, уч) минг адад эрди. Булардин уч минг нафарлари туяға минганлар эрди. Икки юз отлиқ бор эрди. Етти юз нафар темир зирҳ кийганлар ҳам бор эрди.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам раъйи мубораклари бу дафъа Мадинадин чиқмай, шаҳар ичида туруб урушмак эрди. Лекин кўбнинг хоҳиши ила ташқариға чиқуб урушмакға қарор бўлди.
Кейин мусулмонлар Уҳуд тоғиға яқин бир майдонда туруб, аларға муқобала қилди (юзланди)лар. Исломий лашкар мажмуъи бир минг нафар эрди. Лекин мунофиқлар сардорлари Абдуллоҳ ибн Убай уч юз нафар ўзиға қарағон одамларни олуб, йўлдин қайтуб кетди.
Етти юзгина мусулмоннинг беш (уч) минг нафар кофирға мудофаат учун муқобалалари ҳақиқатан ниҳоятда оғирдин оғир бир масала бўлса ҳам, Худоға бўлган иймони содиқ ва ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға бўлғон иттибоъи (итоати) комилларин баракатида, алҳамду лиллоҳ, мусулмонлар тоғдек барқарор туруб урушдилар.
Уруш бошланғон замон ибтидода мусулмонлар кофирларға ғолиб келдилар. Алардин ўн икки нафар аламбардор (байроқдор)лари ўлдурулди. Саккизин (балки, иккитасини) ҳазрати Алий ўлдуруб, қолғонин бошқалар ўлдурдилар.
Лекин бу музаффариятни кўруб, мусулмон тирандоз (камончи)лар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйғон тоғ оралиғидин қўзғолуб, майдон тарафиға юруб қолдилар. Қочуб кетуб турган душман бу муҳим мақомнинг холи қолғонлигин кўруб қолуб, тездин бир катта жамоаси ўшал ерни ишғол этуб, мусулмонларни икки тарафдин ўртаға олуб ҳамла қилдилар. Бу дафъада мусулмонларға кўб нуқсон бўлуб, ҳаммалари ҳар тарафға тарқалуб кетдилар.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қошларида ўн икки нафаргина саҳобий қолдилар. Ҳазароти Абу Бакр, Умар, Алий, Абудураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Талҳа, Зубайр, Абу Убайда ва бошқалар. Душманлар ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тошбўрон қилдилар. Ибн Қамианинг тоши ила муборак пешоналари ва Ибн Ҳишом тоши ила муборак билаклари захми бўлди (жароҳатланди). Утба (ибн Абу Ваққос)нинг тоши ила Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт (балки, бир) адад муборак (пастки курак) тишлари шаҳид бўлди ва ўзлари бир чуқурға йиқилдилар.
Бирдин халқ ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлдурулдилар, деган овоза пайдо бўлди. Мадинадин хотунлар югурушуб етуб келдилар. Ҳазрати Фотима ва ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳумо ҳам келдилар. Ҳазрати Фотима қиблагоҳларин захм (жароҳат)ларин ювдилар. Бўрё (бўйра) куйдуруб, жароҳатлариға қўйдилар, қонлари тўхтади. Ҳазрати Алий сув ташуб келтуруб турдилар. Ҳазрати Оиша ва Умму Сулайм мешк (меш)ларни кўтаруб, захми бўлғон саҳобаларға сув ичуруб турдилар. Бу майдонда етмиш нафар саҳобий шаҳид бўлдилар.
Бу урушда бўлғон нуқсонларнинг бири, балки, улуғи жаноб ҳазрати Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг шаҳодат (шаҳид этилиш)ларидур. Бу жаноб ҳаммадин илгари Мадинаға муаллим бўлуб келган эрдилар. Бу жаноб ваъзларин баракатидин Авс ва Хазраж қабилалари мусулмон бўлғон эрдилар.
Хотунларин номлари Ҳамна эрди. Ўшал Ҳамнанинг акалари ҳам, тоғалари ҳам шаҳид бўлуб эрдилар. Аввал ул жанобға тоға ва акаларин шаҳодатларин хабари етуб эрди: {اِنَّا للهِ واِنَّا اِلَيْهِ رَاجِعُونَ} (иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун) дедилар. Ва алар ҳақлариға дуо қилдилар.
Кейин эрларин шаҳодатларидин хабар берилиб эрди, беихтиёр оҳ тортдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кўрунглар, бу некбахт (бахтли) хотун эрини нақадар яхши кўрур экан”.
Ушбу жангда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳтарам амакилари Асадуллоҳ (Аллоҳнинг шери) ва Асаду росулиҳи (Расулининг шери) ҳазрати Ҳамза ҳам шаҳид бўлдилар. Душманлар бу жанобнинг муборак аъзоларин кесуб, жисми поклариға адабсизлик қилдилар, розияллоҳу анҳу.
Ва ҳам бу жангда жаноб Анас ибн Назр розияллоҳу анҳунинг муборак вужудлариға етмиш ердин ўқ тегиб, шаҳид бўлдилар.
Бу урушда ҳазароти Абу Дужона, Ҳанзала, Талҳа, Алий розияллоҳу анҳум ул қадар шижоат ва жонфишонлик (жонфидолик) кўрсатдиларки, Ислом тарихи алар ила қиёматғача фахр қилур.
Саййидуно Талҳа (ибн Убайдуллоҳ) қўллари жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафлариға отилган ўқлар учун сепар (қалқон) вазифасини адо қилди. Ўзи (қўли) ҳам умр бўйинча шол бўлуб қолди.
Бу жангда бир саҳобия хотунни отаси, акаси ва эри ҳаммалари баробар шаҳид бўлдилар. Шундоғ бўлса ҳам дер эрдики: “Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нечукдурлар”. Одамлар жавоб бердиларки: “Аламду лиллоҳ, саломатдурлар”. Охир дедики: “Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсори анвар (нурлик юз)ларин менга бир бор кўрсатинглар”. Вақтики жамоли Муҳаммадийға назари тушди, беихтиёр сайҳа уруб дедики: “Ё Расулаллоҳ, {كُلُّ مُصِيبَةٍ بَعْدَكَ جَلَلٌ} яъни, “Ўзлари саломат бўлсалар, бошқа мусибатлар ҳечдур”.
Ушбу урушда баъзи саҳобалар арз қилдиларки: “Ё Расулаллоҳ, бу золимлар ҳақида дуоибад қилсалар”. Жавоб бердиларки: “Мен дунёға дуоибад қилғувчи ва лаънат айтгувчи бир инсон бўлуб келмадим. Аҳли олам учун мужассам раҳмат бўлуб келгандурман. Эй Парвардигорим, менинг қавмимни ҳидоят қилгилки, мени танусунлар. Ҳозир булар менинг ҳақиқатимни билмайдурлар”, дедилар.
Уҳуд урушида вужудға келган воқеаларнинг муҳимлари булардур:
1. Бу жангда кундузнинг аввалида музаффарият ва ғалаба мусулмонлар қўлларида бўлди. Анинг сабаби шул бўлдики, тамом аҳли Ислом ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмлариға итоатда турдилар ва кундузнинг охирида мусулмонларға шикасту нуқсон бўлди. Сабаби шул бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмлариға тирандоз (камончи)лар хилоф қилдилар ва ўз жойларин беижозат қўлларидин бердилар. Маълум бўлдики, мусулмонлар ғалабалари Худо ва Расулға итоат баракатида қўлға келур экан. Маъозаллоҳ (Аллоҳ асрасин)! Агар Худо ва Расул ҳукмлариға хилоф иш кўрулса, на асбоб, на силоҳ фойда берур ва на кўбчилик.
2. Мушриклар бу урушда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тефа (яъни, олд)лариға етуб келуб, ўлдурмак учун баробар ҳамла қилдилар. Алар ҳамлаларин мудофаа қилуб туруб, ўн (балки, етти) нафар саҳобий (ансорий) шаҳид бўлдилар. Охирда ҳазрати Талҳа (ибн Убайдуллоҳ) розияллоҳу анҳу бор тоқатлари ила аларни қайтара олдилар. Лекин муборак қўллари ҳамишаликға шол бўлди. Ҳазрати Абу Дужона розияллоҳу анҳу ўз вужудларин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафлариға отилган ўқлар ва ҳамлаларға сепар (қалқон) қилуб турдилар.
3. Ҳазрати Қатода ибн Нўъмон розияллоҳу анҳунинг муборак (бир) кўзлари ўрнидин чиқуб кетди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари ила ул кўзни ўз жойиға қайтаруб қўйдилар. Бу кўзлари иккинчи кўзларидин зиёда равшан ва яхши бўлуб кетди.
4. Бу урушда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдурмак қасдида Убай ибн Халаф от устида жавлон уруб келди. Лекин бир бор жавоби ҳамлалариға тоқат келтура олмай қочди. Маккаға етмай туруб, йўлда Сариф деган мақомда жаҳаннамға равона бўлди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase