- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Маккалик Қурайш жамоаси (қабиласи)нинг мусулмонларға ва сардорлари ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға адоватлари шул қадар зиёда эрдики, Маккаи Мукаррамани аларға беруб, (салкам) уч юз мил (450 км)лик масофада бўлғон Мадинаға боруб турсалар ҳам, алардин қутула олмадилар.
Баъзи бечоралар бу золимлар озорларидан қочуб, Ҳабаш мамлакатиға ҳижрат қилдилар. У мамлакатға ҳам боруб, ҳар қисм фитнаю фасодлар қилуб кўрдилар. Лекин ўртада дарё (Қизил денгиз) бор бўлуб, мустақил бир ҳукумат идорасида бўлғон сабабдин ҳаракатлари натижа бермади.
Энди, Мадина нақадар узоқ бир шаҳар бўлса ҳам ҳамла қилмак кўзлариға осон кўрулди. Бутун Қурайш Мадинаға ҳамла учун иттифоқ этдилар. Бу хусусда Қурайш ҳаммадин аввал Мадина мунофиқларин сардорлари Абдуллоҳ ибн Убайға хат ёздилар. Чунки алар ҳануз мушригу бутпараст эрдилар. Хатлари бу мазмунда эрди: “Эй Авс ва Хазраж жамоалари, эй мадиналиклар! Сизлар бизнинг душманимиз Муҳаммадға ва асҳобиға паноҳ бердингизлар. Энди, сизларға лозимдурки, алар ила урушуб, ё шаҳарларингиздин ҳайдаб ўзларингизни холис қилинглар. Агар мундоғ қилмасангизлар, бизлар қасам ичишиб, тамом Қурайш муоҳада (иттифоқ) қилдукки, ҳаммамиз тўплануб боруб, сизларға ҳамла қилурмиз, йигитларингизни ўлдурурмиз, хотунларингизни асир олурмиз. Бу хат келгач, Абдуллоҳ ибн Убай ва анинг ёрон (гумашта)лари ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила урушмакға қарор бердилар.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға бу қарорнинг хабари етди. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ўшал уруш учун тўпланғон мажмаъ (жамоа)ға ҳозир бўлуб, марҳамат қилдиларки: “Эй биродарлар, Қурайш жамоаси (қабиласи) сизларни расво қилмак учун ажиб тадбир кўрубдур. Агар сизлар алардин қўрқуб, мусулмонлар ила муҳораба (жанг) қилсангизлар, ўзларингиздин мусулмон бўлғон биродарларингизни ўлдурурсизлар. Бу суратда сизлар зиёда хасора (зиён)ға йўлуқурсизлар. Ва агар алар ила урушмасангизлар, бегона (қурайшлик)лар ила муқобала (зиддият) бўлғон бўлур. Бу суратда сизларға зиёда зиён келмас, қавмингиз саломат қолур”.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу қадар муборак баёнларидан тамом аҳли мажмаъ асарланди (таъсирланди)лар ва хақиқатни тушунуб, тўпланғонлар ҳаммалари тарқаб кетдилар.
Қурайш жамоаси (қабиласи) бу биринчи тадбирлари беасар (бесамар) қолғондин кейин Мадина яҳудлари ила махфий суратда алоқа тузуб олдилар. Алар ила мустаҳкам муоҳадалар қилуб олғондин кейин мусулмонларға паём (хабар) юбордиларки: “Эй мусулмонлар, сизлар ўз хаёлларингизда Мадинаға келуб олдук, Қурайш панжасидин нажот тобдук, энди, алар бизға ҳамла қила олмаслар, деб гумон қилурсизларми? Ҳаргиз мундоғ эмасдур. Бизлар Мадинаға ҳам етуб борурмиз. Анда сизларни бир тараф қилмай қўймасмиз”. Мана бу паёмни юборгандин кейин Қурайш чиндин ҳамла тайёргарлигин қила бошлади.
Ҳижратнинг иккинчи йили рабиъул аввалда Қурайш сардорларидин Курз ибн Жобир Фиҳрий номлик бир киши (бошчилигидаги мушриклар) Мадинаға боруб, саҳрода ўтлаб юрган жонувор (туя)лардин бир мунчасини талаб, Маккаға олуб кетди. Гўё мадиналикларға бир қисм тамошо кўрсатуб кетди(лар)ки, Қурайш ўлтурган ерида ҳам мадиналикларға истаган суратда тасарруф қила олади.
Кейин ўшал сана рамазон ойида Абу Жаҳл халқ ўртасиға Маккада шуҳрат бердики, Шом (ўлкаси)дин беҳисоб молу маблағ ила келуб турган Макка қофиласи (карвони)ни таламоғ учун Мадинадин мусулмонлар йўлға чиқубдурлар. Бу эълондин Абу Жаҳлнинг мақсуди шул эрдики, қофилада одами бор, маблағи бор ва мусулмонларға адовати бор одамлар ҳаммалари урушға ҳозир бўлсунлар. Ҳақиқатда шундоғ бўлди ва Абу Жаҳл бир минг адад хунхўр лашкарни ҳозирлаб, Маккадин равона бўлди. Бу лашкарда (бир ривоятга кўра,) етти юз адад туя ва уч юз адад от бор эрди. Булар Маккадин чиқишлари ила баробар Шомдин келуб турган қофила сиҳҳату саломат, амну омонда Маккаға дохил бўлдилар. Абу Жаҳл буни билуб туруб ҳам йўлдин қайтмай, Мадина тарафиға солдуруб кета берди. Энди, мусулмонларда шак ва шубҳа қолмадики, Қурайш жамоаси (қабиласи) мусулмонлар ила урушмай қайтмаслар.