- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Маккаи Мукаррамада ўз ҳабибин мушриклар ила имтиҳон этган Худо ул жанобни Мадинаи Мунавварада яҳудлар ила имтиҳон айлади.
Мадина яҳудлари уч тоифа (қабила)дин иборат бўлуб: биринчи Бану Қайнуқоъ, иккинчи Бану Қурайза ва учунчи Бану Назир жамоалари эрди. Булар ҳаммалари ҳақни кўруб ва билуб туруб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳасад юзасидин адоват қила бошладилар. Ҳолбуки, бироз кун муқаддам булар мушриклар ила муҳораба қилғон чоғларида дер эрдиларки: “Оз кунда пайғамбари охири замон дунёда пайдо бўлурлар. Бизлар ҳаммадин аввал ул зоти ақдас (муборак)ға иймон келтуруб, сизларға ғолиб бўлурмиз ва сизлардин интиқом олурмиз”.
Вақтики, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлуб келдилар ва пайғамбарлик аломатлари тамом ул жанобда топилди, шундоғ бўлса ҳам, инод (қайсарлик) этуб, иймон келтирмадиларки, на учун бу пайғамбар Бани Исроилдин бўлмай, Бани Исмоилдин бўлур?
Аларнинг бу хусусдаги “далил”лари шул эрдики, Муҳаммад алайҳиссалом динларида бугун жоиз бўлуб турган нарса эртаға ножоиз бўлуб қолур ва бу сана мамнуъ бўлғон (ман этилган) нарса иккинчи сана мубоҳ бўлур. Агар бу дин илоҳий бир дин бўлса эрди, ҳамма ҳукм бирдин бир вақт ичинда жоиз бўлсун ё ножоиз, эълон этулур эрди. Чунки Аллоҳ таоло учун ҳар нарса ҳамма жиҳати ила ҳар лаҳза маълумдир. Гўё насхи аҳком (ҳукмларни мансух-бекор қилиш) Худо учун билкул (тамоман) ножоиз, деб эътиқод этур эрдилар.
Аларнинг бу ярамас эътироз ва номақбул эътизор (инкор)лариға жавоб будурки, Аллоҳ таоло Ҳакийму Алийм бир Зотдур. Бандаларин ҳожатларидин хабардордур, табиатларин ҳаммадин яҳшироғ билур. Ўз ҳабиби Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни охири замон пайғамбари қилуб юборди. Ҳаммадин аввал бу жаноб шундоғ бир тоифа ислоҳиға маъмур бўлдиларки, аларда илм йўқ эрди, ҳаммалари бесавод эрдилар. Илоҳий ақидалардин ва диниётдин аларда ҳеч бир нарса йўқ эрди. Ҳикмат шуни тақозо қилур эрдики, буларға аҳкоми осмоний оҳиста-оҳиста, тадрижий (босқичма-босқич) суратда тушсун. Чунки агар Аллоҳ таоло аларға шароб ичмакни, қимор ўйнамакни, суд емак (судхўрлик)ни бирдин ҳаром этса ва бирдин ҳаммаларин намозға, закотға, рўзаға ва ҳажға амр этса, бу жамоат бу қадар оғир аҳкомни бирдин қабул эта олмас эрдилар. Ўтган ва кечирган одату турмушлариға буюк тасодум (зиддият) бўлур эрди. Шунинг учун Ҳакийм Парвардигор буларға Ўз ҳабиби ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилуб юборди. Аввало, Ўзининг тавҳидиға, қиёмат куниға, расуллариға, китоблариға, фаришталариға ва тақдириға иймонға даъват берди. Бу нарсалар оҳиста-оҳиста диллариға ўрнашди, сўнгра оҳиста, пайдарпай бошқа аҳкомларин ўз вақтларида тушура бошлади. Бу Анинг буюк (фазлу) карами ва улуғ ҳикмати эрди.
Афсус яҳудларғаки, алар ўз хоҳишу рағбатлариға мутобиқ келмаган нарсаға тездин инкор этурлар, инод (қайсарлик, саркашлик)лариға итоат қилуб, ҳақдин маҳрум қолурлар. Аллоҳ таоло бандаларин ҳақға мухолафат (қаршилик) ва ботилға мутобаат (эргашиш) балосидин ўз паноҳида асрасун.
Шул бахтиёр жамоадин бирлари Бани Қайнуқоъ яҳудларин уламою аҳбор (катта олим)ларидин бўлғон жаноб Абдуллоҳ ибн Саломдурларки, Қуръони каримнинг муборак алфоз (лафз)ларин эшитган замон нафсларин хоҳишияти (истаклари)дин филҳол озод бўлуб, Парвардигорлари юборган ҳақ Китоб ва ҳақ Расулға иймон келтурдилар, яҳудларнинг маломатлариға қулоқ ҳам солмадилар, икки жаҳон саодатиға, алҳамду лиллоҳ, ноил бўлдилар.