- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Аллоҳ таоло мусулмонларға беш вақт намозни фарз этдики, алар ҳамиша Худо ёдиға машғул турсунлар, амрлариға итоатда бўлуб, ман қилғон нарсаларидин сақлансунлар. Шул намоз ибодатин жамият (жамоат) суратида адо этулишиға таъкид этди, токи мусулмонлар ҳар кун беш марра (марта) бир-бирлари ила кўрушиб, аҳволларидин хабардор турсунлар, ўрталарида муҳаббат ва бирлик алоқаси мустаҳкам бўлсун.
Энди, шул ижтимоъ (жамланиш) вақти етганда, ҳаммалари ҳар ишда бўлурлар, хотирлари машғул бўлур, баъзилари уйқуда бўлурлар. Шунинг учун буларни вақт кирганлигидин огоҳ этмак учун бир чора кўрмак лозим келди. Бу масалани ҳал қилмак учун ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тўплаб, мажлис қурдилар ва алардин бу тўғрида раъй (фикр)ларин сўрадилар.
Алардин бирлари дедиларки: “Намоз вақти кирганда, байроқ кўтарайлик, ани кўруб, ҳамма намозға келсун”. Бу раъй қабул этулмади, чунки уйқуда киши байроқни кўролмас.
Иккинчилари дедиларки: “Бир баландликға ўт ёқулсун, шуълани кўруб, хабардор бўлунсун”. Бу раъй ҳам мувофиқ келмади.
Учунчилари дедилар: “Карнай чалайлук, ҳамма баробар эшитуб, намозға келур”. Бу сурат намоз вақтида яҳудлар масжид (ибодатхона)ларида бўлур эрди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудларға мушобаҳат (ўхшашлик)ни ёмон кўрур эрдилар, анинг учун бу раъй ҳам олунмади.
Баъзилари: “Қўнгғироқ чалуб, огоҳ қилайлук”, дедилар. Бу одат насоро одати эрди, буни ҳам муносиб кўрулмади.
Охирда баъзилари дедиларки: “Ҳар намоз вақти кирганда, ўшал намоз номин олуб, халқни анга чақирилсун”. Мана бу раъй ҳаммаға мақбул бўлди ва бир неча киши шул чақириш вазифасиға муайян бўлди (тайинланди)лар.
Алардин бирлари Абдуллоҳ ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳу эрдилар. Бир кун бу жаноб уйқу ва уйғоғлик ўртасидаги бир ҳолда эрдилар, бир киши кўзлариға кўрунди ва дедики: “Мен сенга бир неча калимани таълим бермаймики, алар ила сен халқни намозға чақирғил”. Абдуллоҳ дедилар: “Таълим беринг, мен ёд олай”. Кейин ул киши дедилар: “Икки бор “Аллоҳу акбар”, “Аллоҳу акбар”, дегил. Ҳар икки шаҳодатни икки марра (марта)дин дегил. Икки марра “Ҳайя ъалас-солаҳ” ва икки марра “Ҳайя ъалал фалаҳ”, дегил. Охирда икки марра “Аллоҳу Акбар” ва бир марра “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дегил”.
Ҳазрати Абдуллоҳ уйғонган замонлари жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурлариға боруб, воқеани баён этдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Бу туш ҳақ тушдур”. Кейин амр қилдиларки: “Бу калималарни Билолға таълим бергилки, овози сенинг овозингдин маҳин (майин ва баланд)роғдур.
Ҳазрати Билол бу калималар ила азон айтуб туруб эрдилар, ҳазрати Умар Форуқ розияллоҳу анҳу ридоларин судраб келуб қолдилар ва арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, мен ҳам тушумда шул воқеани кўрдум”.
Кейин ҳазрати Расулуллоҳ тарафларидин Мадина ҳарамлари (Масжиди Набавий)да азон айтмак учун икки киши мутаъаййин бўлди (тайинланди)лар: бирлари ҳазрати Билол ва иккинчилари ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умму Мактум эрдилар.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу бомдод азонида икки марра “Ас-солату хойрум-минан-навм” жумласини зиёда қилдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этмадилар.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазони муборакда бомдод учун икки азон таъйин этдилар. Бири мусулмонларни уйғотмоқ учун ва саҳарлик қилмак учун саҳар вақтида. Иккинчиси намоз учун субҳи содиқ тулуъ қилғон (кирган)да айтилур эрди.