close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саййидуно Ҳамза розияллоҳу анҳу иймон келтуруб, уч кун ўтмай (балки, ўтиб) саййидуно Умар розияллоҳу анҳу Исломға дохил бўлдилар.
Сурати шундоғ бўлдики, ҳамшира (сингил)лари Фотима ва куёвлари Саъид ибн Зайд мусулмон бўлган эрдилар, лекин исломларин махфий тутур эрдилар. Саййидуно Хаббоб ибн Арат иккилариға Қуръон таълим берур эрдилар. Ҳаммалари ҳазрати Умардин ғоятда қўрқуб, динларин яширур эрдилар. Ҳазрати Умар Қурайшнинг ниҳоятда баҳодир ва диловар (жасур) навжувон (йигит)ларидин бўлуб, сиёсатда ақлларин зиёдалигидин хорижий мамлакатларға сафир (элчи)лик ишлари бу жанобға боғлиқ эрди.
Бу жаноб Қурайш жамоаси (қабиласи) жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусларида кўп танг ва лоилож бўлғон сабабларидин жоҳилий ҳамиятлари келуб, қиличларин тақинуб: “Муҳаммадни ўлдуруб, бошини олуб келай”, деб Ҳарамдин чиқуб кетдилар.
Ўшал кунларда Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ нафар асҳоблари ила баробар Сафо қошида, саййидуно Ҳамза (балки, Арқам розияллоҳу анҳунинг) уйларида жам бўлғон эрдилар.
Ҳазрати Умар кўчада кетуб туруб эрдилар, (қавмдоши) Нуъайм ибн Абдуллоҳ (Адавий)ни йўлда кўрдилар. Нуъайм ҳам мусулмон бўлуб, исломларин махфий тутган вақтлари эрди. Ҳазрати Умардин: “Қайси тарафға борурсан?” деб сўрадилар. Ҳазрати Умар: “Муҳаммадни ўлдургали борурман”, дедилар. Ҳазрати Нуъайм дедилар: “Эй Умар, сен мағрур бўлубдурсан. Агар сен ани ўлдурсанг, Бани Абдуманоф (яъни, Ҳошим, Мутталиб, Навфал ва Абдушамс уруғлари) сени тирик юргали қўюрларми? Сен баҳодир бўлсанг, ўз хонадонингдин хабар ол ва аларни ислоҳ қил”. Ҳазрати Умар савол қилдилар: “Менинг хонадонимдин кимлар мусулмон бўлубдур?” Ҳазрати Нуъайм: “Ҳамширанг (синглинг) Фотима ила амакизоданг (амакиваччанг) – домодинг (куёвинг) Саъид ибн Зайд мусулмон бўлғондурлар”, дедилар. “Сен аввал булардин хабар ол, сўнгра бошқа иш қил”, деб эрдилар, ҳазрати Умар филҳол, ўз ҳамшираларин ва домодларин уйлариға бурулдилар.
Иттифоқо, ўшал соатда алар қошларида саййидуно Хаббоб ибн Арат бор бўлуб, аларға сураи “Тоҳо” ёзилган саҳифани таълим беруб туруб эрдилар. Вақтики, булар ҳазрати Умар шарфа (оёқ товуш)ларин эшитдилар, жаноб Хаббоб ўзларин бир тарафға олдилар ва саҳифани ҳазрати Фотима сонларин остиға яширдилар. Ва ҳазрати Умар бу уйға яқин етганларида, ҳазрати Хаббобнинг ўқуб турган овозларин эшитуб эрдилар. Уйға кирган замонлари: “Бу нима овоз?”, деб сўрадилар. Алар: “Ҳеч бир нарса йўқ”, дедилар. Ҳазрати Умар дедилар: “Мен албатта, бир овоз эшитдим ва ҳам эшитдимки, сизлар Муҳаммадға тобеъ бўлуб, диниға кирубдурсизлар”, деб домодлариға ҳамла қилдилар ва ура бошладилар. Бу ҳолни кўргач, эрларин ажратиш учун Фотима яқин боруб эрдилар, ул кишини ҳам уруб, мажруҳ қилдилар. Кейин ҳамширалари ва домодлари дедилар: “Оре (ҳа), бизлар мусулмон бўлдук ва Худоға иймон келтурдик. Қўлунгдин нима келса қилгил”.
Кейин ҳазрати Умар ҳамшираларин (юзи) қонға бўялганликларин кўруб, қилғон ишлариға пушаймон бўлдилар ва сингиллариға дедиларки: “Эй ҳамшира, ҳозир мен келмасдин аввал ўқуб турган саҳифаларингни бергил. Мен ўқуб кўрай ва боқай. Қани, Муҳаммад келтурган дин нечук дин экан?” Ҳақиқатда, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўқушни яхши билур эрдилар. Кейин ҳамшираларидин саҳифаи муборакани олуб, бироз ўқуб: “Воҳ, воҳ, бу нақадар ширин ва маънолик сўздур”, дедилар.
Бу сўзни жаноб Хаббоб розияллоҳу анҳу турган ерларида эшитуб, филҳол югуруб қошлариға чиқдилар ва дедилар: “Эй Умар, мен умид қилурманки, Аллоҳ таоло жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларин сенинг ҳаққингда қабул қилғон бўлса. Чунки, ўтган куни ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар: “Эй Худо, бу динингға Абул Ҳакам (Абу Жаҳл) ила ё Умар ибн Хаттоб ила қувват ато қилгил”, дедилар. Эй Умар, Худодин қўрқғил, бу дуо баракатиға сен ноил бўлғил”. Ҳазрати Умар дедилар: “Эй Хаббоб, сен мени Муҳаммад бор ерға бошлағилки, мен анинг қошиға боруб, мусулмон бўлай”. Ҳазрати Хаббоб дедилар: “Ул жаноб Сафо атрофида бир уйда бир неча ёронлари ила баробар ўлтурубдурлар”. Бу сўзни эшитгач, ҳазрати (Умар) қиличларин тақинуб, Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлтурган уйлариға боруб, дарбозани қоқдилар. Овозларин эшитганлардин бирлари дарбоза ёриғидин кўруб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға хабар бердиларки: “Умар қилич тақунғон ҳолда дарбоза қошида турубдур”. Саййидуно Ҳамза ул одамға дедиларки: “Умарға кирмакға изн бер. Агар бир хайр (яхшилик) умидида келган бўлса, матлуби (истаги)ни берурмиз. Ва агар ёмон бир ниятда келган бўлса, ўз қиличи ила ўзини ҳалок этурмиз”. Кейин ул одам изн берди. Ҳазрати Умар ичкариға кирдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни кўруб, ўрунларидин турдилар ва (Умарнинг) ридоларидин тутуб, қаттиғ тортуб: “Эй Ибн Хаттоб, то Худодин бир бало сенга нозил бўлмаса, гумроҳликдин ёнмас (қайтмас)санми?” дедилар. Ҳазрати Умар дедилар: “Ё Расулаллоҳ, мен Худою Расулға ва Қуръонға иймон келтурмак учун хизматлариға келдим”. Бу сўзни эшитуб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтдилар. Овозларин эшитган саҳобалар билдиларки, ҳазрати Умар мусулмон бўлубдурлар.
Кейин тамом саҳобалар тарқашдилар ва дилларида жазм этдиларки, иншааллоҳ, жаноб Умар ва жаноб Ҳамза розияллоҳу анҳумо вужуд (мавжудлик)лари ила Аллоҳ таоло ўз Расулиға мададкор бўлур.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase