close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тақрибан икки сана (балки, уч йил)дин кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қариндошу ақраболарини куфр ва ширкнинг ёмон оқибатидин қўрқутуш учун Худо тарафидин маъмур бўлдилар (амр этилдилар). Бу амри илоҳийға мутобиқ (мувофиқ) ҳаммадин илгари ўзларин қаробатдор (яқин қариндош)лариға даъвату таблиғ шуруъ қилдилар (киришдилар). Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувват ва рисолатларидин мақсад мана бу неча нарсадин иборат эрди:
1) Аллоҳ таолонинг рубубият (робблиги), азамат (улуғлиги) ва жалолин (буюклигини) ошкора этмак;
2) Аллоҳ таолоға нофармон (итоатсиз) бўлғувчиларни ёмон оқибатдин қўрқутмак;
3) одамларға эътиқод, амал ва ахлоқда пок турмак йўлларин кўрсатмак;
4) ҳар нарсада покизалик, сафо (соф)лик ва покдомонликни ўргатмак;
5) илоҳий таълимларни беэваз, холис бермак, миннат қилмаслик ва андин бирор қисм манфаати шахсия кутмаслик;
6) юқоридаги вазифаларни бажармакда нақадар кулфату азиятлар тўғри келса, бардошт (тоқат) қилмак ва сабр этмак.
Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати муқаддаса (муборак)ларин диққат ила яхши мутолаа этган ҳар бир мусулмон бу олти мақсади аълони нақадар мукаммал анжом берган (адо этган)ликларин билуб ҳайратда қолур.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таблиғи мубораклари оҳиста-оҳиста тубандаги тариқада вусъат (кенглик) ихтиёр эта бошлади:
Биринчи мартаба (босқич)да ўзлариға ниҳоятда яқин бўлғон қариндош ва дўстларидин бошладилар.
Иккинчи мартабада бутун қавмлари, ақраболари ва тамом шаҳар халқиға ўтдилар.
Учунчи мартабада Маккаи Мукаррама атрофу жавонибларидаги қабилаларни қўшдилар.
Тўртинчи мартабада Арабистоннинг тамом шуъба ва тоифалариға садоларин еткуздилар.
Бешинчи мартабада дунёда бор мутамаддин (маданийлашган) қавмлар, мухталиф (турли хил) диндорларға Аллоҳ таолонинг паём (хабар) ва рисолатин (топшириғини) еткузуб, ҳаммаларин Худо тарафиға даъват бердилар.
Бу беш марҳала (босқич)ни тай қилиш (босиб ўтиш)да ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда буюк камол, истиқлол, матонат, хулқ, сабру азм (қатъият) ила иш кўрдилар ва ўз таълимларин исбот(и) йўлида ғоятда буюк тадбиру чоралар ила халқни ҳидоят эта бошладилар. Анинг учун бу жанобни халқ пайғамбар билуб, иймон келтургувчилар Ислом маҳосин (гўзаллик) ва макорим (яхшилик)ларин ўзи кўруб билуб, ҳар бир иштибоҳ (шубҳа)лариға қаноатлик жавобларни олуб, мусулмон бўлдилар.
Ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун дунё учун раҳмати мужассам бўлуб, пайғамбарлик хилъатин (либосини) кийган, жаҳон халқин роҳи рост (тўғри йўл)ға чақирғон замонларида, дунё аҳволи ниҳоятда бузулган ва олам тамом фасодға тўлган эрди. Ҳеч бир иқлимда ҳавас қиларлик яхши бир ҳолат қолмағон эрди. Арабистон бўлса, шундоғ бир ажиб мамлакат эрдики, ҳар бир фасод ва бенизомликда тамом оламдин зиёда расво бир иқлим эрди: на ҳукумат бор эрди, на қонун бор эрди ва на бир раҳнамо бор эрди, ўз-ўзларича бебош яшаб кетуб турган бир халқ эрдилар. Буларнинг бу ҳолатлари ҳақиқатда қобили раҳм (ачинарли) бир ҳолат эрди.
Жаноб Роббул оламин жалла шаънуҳу бутун олам учун ирода қилғон ислоҳи умумийни ушбу мамлакатдин ибтидо қилди (бошлади). Жаноб Муслиҳи Аъзам (энг буюк ислоҳ этувчи пайғамбар) соллаллоҳу алайҳи васаллам(нинг) вужуди зи жуд (олийжаноб)ларин ушбу иқлимдин пайдо қилди ва ҳамма аҳли жаҳон учун раҳматан лил-оламин (бутун оламлар учун раҳмат пайғамбари) қилуб юборди.
Вақтики, Аллоҳ таоло ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламға бу оятни нозил қилди:
وانذر عشيرتك الأقربين
яъни, “Эй ҳабиб, ўзунгиз яқин қариндошларингизни ёмон оқибатдин огоҳ этинг!” .
Бу оят нозил бўлғондин кейин Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ҳамма яқин қариндошларин таом учун ўз уйлариға даъват (таклиф) қилдилар. Ўшал кун тахминан қирқ нафар Бани Ҳошим (улуғлари) жам бўлдилар. Лекин амакилари Абу Лаҳабнинг шовқум ғалабаси (шовқин-сурони) сабабидин, муддаодек суҳбат бўлмади.
Анинг учун иккинчи кеча яна шулар чақирилди. Вақтики, таом ва сутдин фориғ бўлдилар, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға боқиб дедилар: “Эй жамоат, мен сизлар учун дунё ва охират саодатин келтурдим. Мен жазм билурманки, бутун Арабистонда ҳеч бир инсон ўз қавмиға мен келтурган туҳфадин яхши бир туҳфа келтурмагандур. Аллоҳ таоло менга ҳукм бердики, мен сизларни ўшал саодатға чақирай. Қани, сизлардин ким бу хусусда менга ёрдам берур ва мен била баробар халқни Худо тарафиға даъват берур?”
Бу сўзни тамом мажлисдагилар эшитдилар, лекин ҳеч ким сўз қилмади. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўрунларидин туруб: “Ё Расулаллоҳ, мен хизматларида ҳозирдурман”, (деди). Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алий сўзларин эшитгач, амакилари Абу Толибға қараб дедилар: “Эй амаки, бу бола сўзиға итоатда бўлунг, нимаки деса, эшитинг”. Бу сўзни эшитган одамлар ҳаммалари баробар тамасхур (масхаралаш) ила кулдилар ва дедиларки: “Кўрунг, эй Абу Толиб, Муҳаммадники, сизға бу кундин бошлаб, ўз ўғлунгизға итоатға буюрур”.
Яна бир кун ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тоғиға чиқуб туруб, халқни чақира бошладилар. Одамлар бир-бир жам бўлдилар. Жаноб аларға боқуб, марҳамат қилдиларки: “Эй ҳозирлар, сизлар мени рост сўзлағувчи деб билурсизларми ё ёлғончи дерсизларми?” Ҳозирлар ҳамма бир оғиздин дедиларки: “Биз сизни тамом рост сўзлағувчи амин бир зот деб билурмиз”. Ҳазрат дедилар: “Боқинглар, мен бу тоғ тефа (тепа)сида турубдурман ва сизлар пастида турубдурсизлар. Менга кўрулган нарса сизларға кўрунмас. Энди, мен сизларға бу тоғ (Абу Қубайс) орқасида бир жамоа душман шул шаҳарға қараб келуб турубдур, сизларға ҳамла қилмакчи, десам, сўзумға ишонурсизларми?” Алар дедилар: “Албатта ишонурмиз. Бу кунғача сиздин ёлғон сўз ҳеч эшитмадук”. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй биродарлар, яхши билингларки, дунёда доим турмассизлар, ўлум тефаларингизға келуб турубдур, ўлгандин кейин яна тирилурсизлар, Парвардигорларингиз ҳузуриға албатта, борурсизлар, бу ҳаётларингиз ҳисобин берурсизлар. Мен Худонинг пайғамбаридурман, сизлар кўрмаган охират оламин кўруб турубдурман, охиратдаги Худо азобидин сизларни огоҳ этурман. Андин қўрқунглар, мусулмон бўлунглар. Худони бир ва ягона билинглар, куфрдин, ширкдин тавба қилинглар. Менга иттибоъ қилинг (эргашинг)лар, охиратда жаннатға дохил бўлурсизлар”.
Шундин кейин жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммаға ом (оммавий) суратда таблиғ (даъват) қила бошладилар. Умумий мажлисларға, ом йиғинларға, кўча-кўчаларға, қайси ерда беш-ўн одам тўпланғон бўлса, ўшал ерға боруб, халқни Худонинг тавҳиди (яккахудолик эътиқоди)ға чақирур эрдилар. Бутларға, тошларға, дарахтларға ибодат қилишдин ман қилур эрдилар. Ҳам қиз болаларни тирик кўмушдин, ўлдурушдин, зинодин, қимордин, нопок турушдин, тилни ёлғондин, ёмон сўзлардин, дилни куфр, ширк ва ёмон ақидадин пок тутушға буюрур эрдилар.
Ва дер эрдиларки: “Баданларингизни ва либосларингизни нажосатдин пок тутунглар, ваъдаларингға ва аҳдларингға вафо қилинглар, муомалаларда ҳаромзодалик (ҳаромхўрлик) қилманглар. Худойи таолони айбдин, ширкдин пок эътиқод этинглар ва яхши билингларки, ер, осмон, кун (қуёш), ой, юлдуз ва дунёда бор ҳар бир каттаю кичик нарса ҳаммаси Аллоҳ таоло яратган махлуқ(от)дур. Ҳаммаси Худо тасарруфидадур ва Анга муҳтождур. Анинг учун дуо қабул қилмак, сиҳҳат ато қилмак, ҳожат раво этмак, муродларни бермак Анинг ихтиёридадур. Бутун жаҳонда ҳеч бир зот Худо хоҳламаган нарсани вужудға келтура олмас. Пайғамбарлар, фаришталар, авлиёлар ҳаммалари Анинг фармониға мутеъдурлар, ҳаргиз Анга хилоф қила олмаслар”.
Мана бу таълимоти муқаддасани тамоми аҳли Маккаға нашр этдилар (ёйдилар). Саодатмандлар алҳамду лиллоҳ, қисматлари ёри (ёрдам) беруб, Ислом диниға дохил бўлдилар. Бадбахтлар кундин кунға адоватлари зиёда бўлуб, ҳазрати Расулуллоҳға ва саҳобаи киромға кулфату азият бера бошладилар. Ўзлари Исломға дохил бўлмадилар, бошқаларни ман қилуб турдилар. Дохил бўлғон бечораларға ҳар қисм озорлар ва тоқатдин зиёда жаврлар бера бошладилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase