- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Ҳазрати рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин Варақа мутмаин (хотиржам) бўлуб, тамом сўзларин эшитуб, ҳақ пайғамбар эканликлариға тасдиқ этгач, жаноб волидамиз ҳазрати (Хадийжа) ниҳоятда хуш бўлдилар, орзулариға етдилар, ўзларини икки жаҳон хотунларин сардори эканликлариға ишондилар. Қилғон яхши гумон ва фаросатлари мева берди. Худоға шукрлар қилур эрдилар. Бу давлат шукронаси учун молларин, жонларин, авлодларин, хонадонларин ва ҳар бир азиздин азиз маҳбубларин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға қурбон қила бошладилар. Ул жаноб роҳатлари учун ҳеч бир нарсаларин дариғ тутмадилар ва ул зот бобаракот (баракотли зот)ға етган ҳар бир кулфату азиятға ҳар бир мақдур (қудрат, қодирлик)лари ила балогардон (қалқон) бўлдилар.
Қайси кун (иккинчи ваҳий келган кун) ҳазрат Расули пок соллаллоҳу алайҳи васаллам халқни (яқинларини) Холиқ тарафиға даъват қилдилар, ҳаммадин илгари жаноб волидамиз Хадийжа розияллоҳу анҳо Ҳазратға иймон келтурдилар. Ислом динида ҳаммадин аввал калимаи тоййибани ўқуғон зот шул зот бўлдилар, алҳамду лиллоҳ.
Кейин дўстлари жаноб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, амакизода (амакивачча)лари саййидуно Алий, мавло (озод қилган қул)лари ҳазрати Зайд ва ходима (энага)лари Умму Айман розияллоҳу анҳум иймон келтурдилар.
Бу беш ҳазрат ҳаммадин аввал Ислом диниға мушарраф бўлғон зотлардурлар, яъни буюк эрлардин ҳазрати Абу Бакр, ёшлардин ҳазрати Алий, хотунлардин ҳазрати Хадийжа, ғулом (озод қилинган қул)лардин ҳазрати Зайд ва (озод қилинган) чўрилардин ҳазрати Умму Айман розияллоҳу анҳум биринчи мусулмондурлар.
Бу ҳазарот (ҳазрат)ларнинг фазилатлари ниҳоятда ортуқдур. Булар ўзлари ҳаммадин аввал иймон келтурдилар, бошқаларни Исломға далолат қилдилар ва жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳар лаҳза ҳиммат устиға ҳиммат беруб турдилар.
Жаноб ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу маккаликлар ўрталарида маъруф (таниқли) бир молдор тожир эрдилар, баззозлик (газлама) дўконлари бор эрди. Одамлар ҳамиша бул жаноб қошлариға келуб кетур эрдилар. Суҳбатларин баракатидин ҳазрати Усмон, ҳазрати Абдураҳмон ибн Авф, ҳазрати Талҳа, ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос (ва ҳазрати Зубайр ибн Аввом) мусулмон бўлдилар.
Ҳазрати Билол, ҳазрати Амр ибн Абаса ва ҳазрати Холид ибн Саъид юқоридагилардин ҳам аввал (балки, кейин) мусулмон бўлуб эрдилар. Кейин оҳиста-оҳиста ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ, ҳазрати (Абу Салама ибн) Абдул-асад ибн Ҳилол, ҳазрати Усмон ибн Мазъун, ҳазрати Омир ибн Фуҳайра, ҳазрати Абу Ҳузайфа, (Жаъфар ибн Абу Толиб,) ҳазрати Соиб ибн Усмон ибн Мазъун ва ҳазрати Арқам мусулмон бўлдилар, розияллоҳу анҳум ажмаъин (барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин).
Хотунлардин ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳодин кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларин (Аббоснинг) хотунлари ҳазрати Уммул Фазл (Лубоба бинти Ҳорис), (Жаъфар ибн Абу Толибнинг хотини) ҳазрати Асмо бинти Умайс, ҳазрати Асмо бинти Абу Бакр ва ҳазрати Умар(нинг) ҳамшира (сингил)лари ҳазрати Фотима (бинти Хаттоб) мусулмон бўлдилар, розияллоҳу анҳунна.
Булардин кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд, Хаббоб ибн Арат, Ҳотиб (ибн Амр), биродар (ука)лари Салит (ибн Амр), Масъуд ибн (Рабиъа) Қорий ва Суҳайб Румий каби азизлар мусулмон бўлдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибтидои ҳолларида одамларни оҳиста-оҳиста, махфий суратда Аллоҳ таоло йўлиға даъват қилур эрдилар, аларни тошларға, дарахтларға, ойға, кун (қуёш)ға ибодатдин ман этуб, танҳо Аллоҳ таолонинг Ўзиға ибодат қилишға чақирур эрдилар ва Аллоҳ таолоға нечук ибодат қилунур, ани таълим берур эрдилар.