close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саййидул коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёға қадам қўюб, волидаи меҳрибонларин сийналаридин уч (балки, етти) кунгина сут эмдилар.
Кейин бир неча кунға қадар амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилғон чўриси Сувайба эмизди.
Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам туғулган соатларида туғдурган доялари Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг жориялари Баракаи Ҳабашийя эрдилар. Бу хотуннинг кунялари Умму Айман эрди.  Бу хотун оталаридин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға мерос қолди. Ҳазрат (Пайғамбаримиз) ёшлари улуғ бўлганда, бу жорияларини озод этуб, мавло (озод қилган қул)лари Зайд ибн Ҳорисаға хотун қилуб бердилар.
Жоҳилият арабларин ва Қурайш буюкларин хотунлари болаларин ўзлари эмизмай, саҳро хотунлариға эмизмак учун берур эрдилар. Чунки саҳро ҳавоси тоза ва инсонға ёқимлик бўлур эрди. Саҳрода тарбия топган болалар жисмлари соғ ва димоғлари чоғ юрур эрди.
Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам волидалари, боболари ва афроди хонадон (оила аъзо)лари ҳам бу жанобни саҳройи эмизикчиларнинг бирлариға бермакчи бўлдилар. Иттифоқо, ўшал кунларда Бани Саъд қабиласи турган ерларда ниҳоятда оғир қаҳатлик пайдо бўлган эрди. Қабила хотунлари шаҳарға эмизиш учун болалар ахтаришиб келушган эрдилар. Алар ичларида Ҳалимаи Саъдийя номлик бир некбахт (бахтли) хотун ҳам эри ила шул ғараз (мақсад)да келган эрди. Мазкура хотун (кейинчалик) ўз муборак тили ила бу баённи берубдур:
“Бизлар, яъни Бани Саъд қабиласидин Маккаға келган хотунлар ҳаммамиз Муҳаммад алайҳиссаломни кўрдук. Оналари ҳаммамизға бу болани олинглар, деб арз (таклиф) қилдилар. Лекин бизлар отаси йўқ етим болани эмизиб нима ҳосил олурмиз ва онаси бизға нима мукофот бера олур, деб унамадук. Мен била баробар келган хотун рафиқаларим ҳаммалари бирдин-бирдин бола олуб, хотиржам бўлушди. Биргина мен бола ололмадим.
Вақтики, ҳамма Маккадин жўнамакчи бўлуб эрди, мен эримға дедим: “Рафиқаларим бир-бир бола олдилар. Мен нечук маҳрум қайтурман. Худо номиға қасамки, етим бўлса ҳам, ҳеч ким олмағон бу болани олуб кетурман”. Эрим деди: “Олсанг яхши бўлур. Ажаб эмас, Аллоҳ таоло бу бола баракатидин бизнинг аҳволимизни дуруст қилса”. Кейин ҳеч бир бола топилмагандин, шул етим болани онасин қўлидин олуб, ватанимға қайтдим”.
Ҳазрати Ҳалима розияллоҳу анҳонинг хонадони ҳолатлари ниҳоятда ёмон бўлғон эрди. Рўзгорларидин баракат учган, оғир паришонликға учраган эрдилар. Бутун қабила ҳаммаси буюк қаҳатға мубтало эрдилар.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни олуб, қабиласиға қайтиши ила баробар ҳазрати Ҳалима хонадонлари баракатға тўлди ва бутун қабила илоҳий раҳматлар ила навозиш қилунди (сийланди). Осмондин файз бориши (ёмғири) ёға бошлади.
Ҳазрати Ҳалима ҳар олти ойда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи Мукаррамаға олуб келуб, волидаларини ва ақраболарини зиёрат қилдуруб, яна олуб кетур эрдилар.
Жаноб Набийи маъсум соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Ҳалима сутларини икки йил эмдилар. (Ғариб ривоятга кўра,) ҳамиша ўнг эмчагини эмар эрдилар. Чап эмчакни бошқа (эмикдош) ака-укалариға қўюр эрдилар. Гўё гўдаклик замоналаридин инсоф табиатлик ва адолатлик зот эрдилар.
Икки йил комил ўтгандин кейин ҳазрати Ҳалима сутдин чиқаруб, волидалариға тобшурмак учун Маккаи Мукаррамаға олуб келдилар. Ўшал кунларда Маккада ҳаволар бузилган эрди. Саҳрода яхши ҳаволар ила тарбия тобган бола шаҳарда сиҳҳати хароб бўлмасун деб, волидалари яна ҳазрати Ҳалимаға ёндуруб (қайтариб) бердилар. Жудоликға кўнгли рози бўлмаган, вужудларидин беҳисоб баракатлар кўрган, ўз ичида Худоға нолалар қилган Ҳалима онамиз Аллоҳ таолоға шукрлар қилган ҳолларида ниҳоятда хуш ва хуррам бўлуб, болаларин бағирлариға босуб, ватанлариға олуб келдилар.
Кейин муборак ёшлари тўртға тўлганда, волидаи можидалари (муҳтарама оналари Омина) ҳазрати Ҳалима қўлларидин қайтаруб олдилар. Ёшлари олтиға етгунча ўз қошларидин йироғ қилмай, давлатхона (ўз уй)ларида олуб турдилар. Оталарин йўқликларин билдурмай, етимликдин мажруҳ дилларин ўксутмай, ҳам онаи меҳрибон, ҳам отаи нигоҳбон (боқувчи, васий) бўлуб ўтдилар.
Бу тариқада олти ёшға тўлганларида, волидаи можидалари Мадинаға қариндош-уруғларин зиёрат қилдуруб келмак қасдида ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олуб бордилар. Мадинада бутун бир ой туруб, Маккаға ёнди (қайтди)лар. Йўлда Абво  деган мақомда фоний дунёдин риҳлат (сафар) қилдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам энди, чиндин етим бўлдилар. Ота соясидин ҳам, она қучоғидин ҳам баробар жудо бўлдилар. Абводин Маккаи Мукаррамаға бу жанобни сафарларида оналариға ҳамроҳ бўлуб борган жориялари ҳазрати Умму Айман розияллоҳу анҳо олуб келуб, боболари Абдулмутталибға тобшурдилар . Боболари бул жанобни ўз тарбиялариға олуб, ниҳоятда шафқату иноят (меҳрибонлик, ғамхўрлик) ила сақладилар. Шул ҳолда ҳам ҳазрати Умму Айман розияллоҳу анҳо бутун хизматларини анжом (ўтаб) беруб турдилар.
Кейин ёшлари саккизға тўлганда, бобои меҳрибонлари Абдулмутталиб ҳам вафот қилдилар. Ўшал кунларда ҳазрати Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари саккизға тўлуб, икки ой(у) ўн кун зиёда бўлғон эрди. Абдулмутталиб жанозасин (тобутин) кўтарилганда, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам баробар борар эрдилар. Муборак чеҳралари маҳзун ва кўзларидин ёшлари оқуб турур эрди.
Боболари ўлушдин илгари бу дурри ятим (нодир марварид)ни ҳақиқий амакилари Абу Толибға тобшурди ва бу жаноб (Пайғамбаримиз) ҳақларида кўб таъкидлар қилди. Анинг учун Абу Толиб ҳам ниҳоятда яхши тарбия қилди. Қўлидин келган меҳрибонлиғни дариғ тутмади. Ҳамиша ўзи ила баробар олуб юрди.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам агарчи ёш бўлсалар ҳам, ниҳоятда оғир, хомушфикрлик (сукут қилиб, кўп фикрлайдиган), амакилариға мутеъ (итоаткор), муҳиб (яхши кўрувчи), ҳурматлик, ўзлари ила машғул, боадаб, вафолик, хайрихоҳ бир зот эрдилар. Амакиларин хотир (кўнгил)ларин кўб эҳтиёт қилур эрдилар. Бошқа ом (кўпчилик) болалар каби ул жанобда беҳуда йиғлаш, уйдагиларни қийнаш, сўзға кирмаслик, кўчаларда ўйнаш табиати йўқ эрди. Дастурхон ёзилса, оҳиста амакиларин ёнлариға келуб, таомни баробар еб, туруб кетур эрдилар. Ахлоқ ва одобларин кўрган киши ҳуши кетуб, ҳайратда қолур эрди. Тўққуз ёшлик бола бўлуб туруб ҳам амакимға оғирлиғим тушмасун, қари одамға дардисар (бош оғриғи) бўлмай, мен ҳам кўмак қилай, текин емай, деб одамлар қўю эчкуларин боқур эрдилар. Тобган нарсаларини амакилариға келтуруб берур эрдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase