close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

080. Абаса сураси

Маккада нозил бўлган бу сура қирқ икки оятдан иборатдир.
Суранинг «Абаса» номи «юзини буриштирди, қошини чимирди» маъносидаги илк оятдан олинган. Бу суранинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид, Умайя бин Халаф, Утба бин Робиа каби Қурайш зодагонларига Исломни тушунтираётган бир пайтда ҳузурларига Абдуллоҳ ибни Умми Мактум келади. Кўзи ожизлиги сабабли у ерда ўтирганларни кўрмаган Абдуллоҳ Расулуллоҳга бир неча бор: «Худо Сенга таълим берган Қуръондан менга ҳам таълим бергил», – деб айтади. Расулуллоҳ унинг бемаҳал саволидан нохушлик ҳис қилиб, юзларини ўгириб, жавоб бермайдилар. Чунки Қурайшнинг бойлари ўзларига мувофиқ муомала қилинишини хоҳлар эдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ранжитишни хоҳламадилар. Абдуллоҳ йиғлаб чиқиб кетди, шунда ушбу сура нозил бўлади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-4. Муҳаммад (алайҳиссалом) юзини тириш қилди (буриштирди) ва орқа ўгирди. Шунинг учунки, унинг олдига аъмо (кўзи ожиз) келиб савол қилди. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сенга «У нотўғри иш қилди», деб нима нарса билдирди. Шоядки (Сендан эшитганлари туфайли) унинг дили покланар эди, ёки Сендан эшитиб, панд олар ва унга насиҳат фойда қилар эди.
5-10. Аммо ўзини иймон келтиришдан мустағний (беҳожат) деб билган киши тарафига юзланасан ва иймон келтиришига ҳарис (ўта хоҳишманд) бўласан. Агар у куфрдан покланмаса, Сенга ҳеч зарари йўқ. Аммо ҳузурингга таълим олиш учун шошилиб келган киши бўлса, у Худодан қўрқади. Бас, Сен ундан юз ўгириб, кофирларга машғул бўласан.
11-22. (Йўқ!) Ундай бўлмаслиги керак! Албатта, Қуръон панд олишни истаганларга мавъиза (эслатма)дир. Парвадигорнинг наздида азиз саҳифаларда ёзилгандир ва мартабаси юксакдир. Беҳуда нарсалардан покдир. Лавҳул Маҳфуздан олиб ёзувчи мукаррам фаришталарнинг қўлидадир. Кофир одам лаънатга гирифтор бўлсин! У қандай ҳам ношукур банда экан! Ўйламайдики, Худо уни нима нарсадан яратган?! Уни манийдан яратгандир. Онанинг раҳмида (бачадонида) аъзоларини бир-бирига муносиб қилиб яратди. Кейин (она қорнидан) чиқиш йўлини осон қилди. Сўнгра, ажали етганда, ўлдирди, кейин қабрга киритди. Сўнг яна хоҳлаган вақтида тирилтиради.
23-32. (Йўқ!) Аммо у андиша қилмади ва Худонинг амрини бажо келтирмади. Лозимдирки, инсон ўзининг ейдиган таомига назар солсин. У қаердан пайдо бўлади? Албатта, Биз осмондан ёмғирни ёғдирамиз, кейин ерни (ўсимлик ва гиёҳлар билан) ёрамиз. У ернинг ёриғидан донларни кўкартирамиз. Токлар ва олмалар, зайтунлар ва хурмолар ўстирамиз. Ҳамда сизларнинг манфаатларингиз учун ва чорва ҳайвонларингизнинг манфаатлари учун дарахтлари кўп боғлар, мевалар ва кўкаламзорлар яратамиз (ундириб-ўстирамиз).
33-42. Вақтики қаттиқ овоз (қичқириқ) бўлганда, яъни Исрофил (алайҳиссалом) иккинчи сур тортганда (чалганда) бандалар оғир аҳволда қоладилар. Ўша кунда одам ўзининг туғишган биродаридан, онасидан, отасидан, хотинидан ва бола-чақасидан қочади. Ҳар бир одамга ўша (қариндош, ёр-биродар)ларидан ғофил бўлиши учун бир ҳолате пайдо бўлади. Ҳар бир одам ўз ҳолига машғул бўлиб қолади. Ўша кунда баъзиларининг юзлари ниҳоят даражада нуроний, кулиб турган ва хурсанд ҳолда бўлади. Баъзиларининг юзлари ғуборли, қорайган ва ғамли ҳолда бўлади. Бу кейинги гуруҳлар кофирлар ва фожирлардан иборат гуруҳлардир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase