close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

003. Оли Имрон сураси

Мадинада нозил бўлиб, 200 оятдан иборатдир. 34-35 оятларда Ҳазрати Марям отасининг Имрон оиласига мансублиги ҳақида зикр қилинганлиги учун бу номни олган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1. Алиф, лом, мим (Бу сўзлардан Парвардигорнинг муроди нима бўлса ўзи билади).
2-4. Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ ҳеч маъбуд йўқ, магар Аллоҳнинг ўзидир. У ҳамиша ҳаётдир, оламни барпо тутувчидир. Аллоҳ таоло сизларга Қуръонни ростлик билан нозил қилди. Қуръон ўтган китобларни тасдиқ этувчидир. Аллоҳ таоло Қуръондан илгари Таврот ва Инжилни нозил қилди. Бу китоблар бани Исроилни ҳидоят қилувчи эди. Ва ҳам ҳақ ва ботилни ажратувчи мўъжизаларни нозил қилди. Албатта, Аллоҳнинг оятларини инкор қилган шахсларга Қиёмат куни қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ таоло ўз ишида ғолибдир. Кофирларга соҳиби интиқомдир.
5-6. Аллоҳ таолога ердаги ашёлар ва осмондаги махлуқотлар-ҳаммаси зоҳир ва намоёндир. У Парвардигор онанинг раҳмида қандай хоҳласа суратларингизни шундай қилиб тортади (яратади). Ундан бошқа ўз ишида ғолиб ва мустаҳкам бўлган ҳеч қандай маъбуд йўқ.
7. Эй Муҳаммад, сенга мана шу зот-Парвардигор Қуръонни нозил қилди. Ундаги баъзи оятларнинг маънолари зоҳир бўлиб, фаҳмлашда ҳеч қийинчилик йўқдир. Шу оятлар Қуръон аҳкомларининг асосидир. Яна муташабиҳот оятлари бўлиб, маънолари зоҳир эмасдир. Аммо кўнгилларида эгрилик бор бўлган шахслар шу муташабиҳот оятларга  табъият қилади (эргашади)лар. Дилларига мувофиқ таъвил (тафсир) қилиб, одамлар ўртасида фитна чиқаришни истайдилар. Ўзларининг ботил мазҳабларига мувофиқ таъвил қилиб, бошқаларни гумроҳ қилишни хоҳлайдилар. Ваҳоланки, Худодан бошқа ҳеч кимса унинг таъвилини билмайди. Аммо илмларида росих ва ҳидоятда собит бўлган шахслар айтадиларки: “Биз шу муташабиҳот оятларга унинг таъвилини билмасак ҳам иймон келтирганмиз”. Ҳамма оятлар: хоҳ муташабиҳот ва хоҳ муҳкамот бўлсин Парвардигордан нозил бўлган. Бундан ҳеч ким панд олмайди, магар ақл соҳиблари панд олади.
8-9. Ўз илмларида росих зотлар Парвардигорга дуо қилиб айтадиларки: “Эй Парвардигор, бизни тўғри йўлга ҳидоят қилганингдан сўнг, дилларимизни бу йўлдан оздирма. Ўз карамингдан раҳматингни бизга ато қилгин. Албатта сен раҳматингни мўъминларга ҳиба қилувчисан (бағишловчисан). Эй Парвардигор, сен халқни маҳшаргоҳда жам қилувчисан (тўплагувчисан). Бу куннинг келишига ҳеч кимда шак ва шубҳа йўқдир. Аллоҳ таоло ҳаргиз ваъдасига хилоф қилмайди.
10-11. Албатта, мол ва мулкларига ва фарзандларига фахрланувчи кофирларни бу моллари ва авлодлари Қиёмат куни Худонинг азобидан озгина бўлса ҳам даф қилолмайди. Ва булар дўзах ўтинидирлар. Ҳақдан инкор ва иъроз қилишлари (юз ўгиришлари) Фиръавн қавмининг одатига ўхшайди ва ҳам булардан муқаддам (илгари) ўтган Од қавми ва Самуд қавмининг ҳолига ўхшайди. Булар бизнинг оятларимизни такзиб қилган (ёлғонга чиқарган) эдилар. Худои таоло буларнинг гуноҳлари сабабидан ҳаммаларини ҳалок қилди. Аллоҳ таолонинг кофирларга азоби қаттиқдир.
12. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин: «Сизлар яқинда мўъминлар тарафидан мағлуб бўласизлар, сўнгра жаҳаннам тарафига ҳайдаласизлар. Бу жаҳаннам сизларга кўп ёмон жойдир».
13. Жанг қилиб турган икки жамоанинг ҳолида сизларга ибрат учун аломат бор эди. Бир жамоа (мусулмонлар) Худонинг йўлида жанг қилар ва бир жамоа кофирлар куфрлари учун жанг қилар эдилар. Кофирлар мусулмонлардан ўзларини икки баробар ортиқ кўрар эдилар. Шу сабабдан дилларида қўрқув, баҳиллик пайдо бўлиб, мағлуб бўлдилар. Аллоҳ таоло кимни хоҳласа, зафар билан қувват беради. Албатта, бу воқеани кўрувчилар учун ибрат ва панд бордир.
14. Сизларга ибтило (кўнгил қўйишингиз) учун муҳаббати шаҳватни, яъни хотинлардан лаззат  олишнинг ва ҳам авлод (фарзанд)ларнинг муҳаббатини, кўп жам бўлган тиллаю кумушларнинг, яхши нишонали отларнинг муҳаббатини ва бошқа ҳайвонлар ва зироатларнинг муҳаббати зийнат қилиб берилди. Ва дилларингизга бу нарсаларни севимли қилиб қўйди. Булар ҳаммаси бу дунёнинг матоҳидир. Яхши фойдаланадиган жойлар (жаннат, боғ-роғлар) Аллоҳ таолонинг наздида (ҳузурида)дир.
15. Эй Муҳаммад, нафсоний шаҳватга гирифтор бўлганларга айтинг: «Мен сизларга бу дунёнинг лаззатидан яхшироқ нарсани маълум қилайми? Аллоҳ таоло наздида муттақийларга тагидан анҳорлар жорий бўлиб турадиган ва покиза ҳурлар бўлган, муҳайё қилиб қўйилган жаннатлар бор. Худонинг хушнудлигини топадилар. Бу жаннатда абадий муқим бўладилар. Сизлар ҳам шу мақомни топсаларинг яхши бўлар эди. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолига ҳамиша донодир».
16-17. Бу муттақийлар шундай зотлардирки, ҳамиша арзу ниёз билан айтадилар: «Эй Парвардигор, биз сенга ишондик, бас, гуноҳларимизни кечиргин ва бизни дўзах азобидан сақлагин». Бу муттақий бандалар Худонинг балоларига собир, аҳдларига содиқ, Аллоҳ тоатида ҳамиша барқарор ва муҳтожларга эҳсон қилувчи саҳарларда туриб гуноҳларига Аллоҳдан кечирмоқни (афву мағфиратни) талаб қилувчидирлар.
18. Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик берадики, бир Аллоҳдан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир, магар бир зот Парвардигордир. Малоикалар ва илм соҳиблари гувоҳлик берадиларки, Аллоҳ таоло адолат барпо қилувчидир. Ва бир зоти маъбуддан бошқа ибодатга лойиқ ҳеч бир нарса йўқ. Ва У ўз феълида ҳаммадан ғолиб ва донодир.
19. Албатта Парвардигор наздида ҳаққоний дин Ислом динидир, бошқа динлар эмас. Аҳли китоблар ихтилоф қилмадилар, магар ҳақиқатга илм ҳосил қилгандан сўнг ихтилоф қилдилар. Бу ихтилофлари фақат адоватдан, ҳасаддан пайдо бўлди. Кимки Аллоҳ таолонинг оятларини тасдиқ қилмас экан, бас, Аллоҳ таоло буларнинг ҳисобини тезлик билан тамом қилиб дўзах тарафига йўллайди.
20. Бас, агар аҳли китоблар дин хусусида ҳужжат қоим қилганингиздан сўнг яна жанжал ва мухосама (хусумат) қилсалар, айтгилки: «Мен ўзимни ва тобеъларимни Худога топширдим». Ва аҳли китобларга ва ҳам араб жоҳилларига айгилки: «Бизлар Исломга кирганимиз каби сизлар ҳам Исломга кирдингизми?». Бас, агар иймон келтирсалар ҳидоят топган бўлар эдилар. Ва агар иъроз қилсалар, у ҳолда сенинг вазифанг Худонинг ҳукмини етказишдир. Уларнинг куфрига сен жавобгар эмассан. Аллоҳ ўзи бандаларнинг ҳолига донодир.
21-22. Худонинг оятига кофир бўлганлар, анбиёларни ноҳақ қатл қилувчилар ва адолатга амр қилувчиларни ўлдирувчиларга Худонинг қаттиқ азобидан башорат бергин. Бу кофирларнинг икки дунёда қилган амаллари ботил бўлиб, Қиёматда буларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар бўлмайди.
23. Эй Муҳаммад, (Таврот берилган) яҳудлар ўртасида ҳукм қилсин деб Аллоҳ таолонинг китоби (Таврот) ҳукмига яҳудлар чақирилганларидан кейин бир фирқаси юзларини Аллоҳ китобидан юз ўгирган ҳолда қайтиб кетганларини кўрмадингми?
24. Буларнинг Тавротга эътибор бермасликлари шунинг учунки, булар айтадилар: «Бизни дўзахнинг ўти куйдирмайди, магар бузоққа ибодат қилган озгина кунларимиз миқдорича». Буларнинг динга эътибор бермасликларига мана шу ёлғон эътиқодлари мағрур қилди.
25. Бас, келишига ҳеч шак-шубҳа йўқ бўлган ўша кунда бу яҳудлар қандай ҳолга тушаркинлар? Биз тамом инсонларни Маҳшаргоҳга жам қиламиз. Ҳар бир нафснинг қилмишига мувофиқ жазо берилади, кўп ё оз қилинмайди.
26. Вақтики, мунофиқлар таъна қилиб айтадиларки: «Муҳаммад Макка мушрикларидан қўрқиб, Мадина атрофига хандақ ковлайди. Эрон мулкини ва Румни оламан деб даъво қилади». Аллоҳ таоло буларнинг жавобига оят нозил қилиб дейдики: «Эй Муҳаммад, бу мунофиқларга айтгин: «Менинг Парвардигорим тамом мулкнинг эгасидир. Кимга хоҳласа беради. Эй Парвардигор, сен тамом коинотга моликсан. Ҳар кимга хоҳласанг мулк берасан ва кимдан хоҳласанг мулкни тортиб оласан. Кимни хоҳласанг азиз қиласан ва ҳар кимни хоҳласанг ҳор қиласан.  Ҳамма яхшиликлар сенинг ихтиёрингдадир. Сен ҳар бир нарсага Қодирсан.
27. Эй Парвардигор, сен кечанинг ажзосидан кундузга ва кундузнинг ажзосидан олиб кечага дохил қиласан. Ўликдан тирик пайдо қиласан ва тирикдан ўлик пайдо қиласан. Ҳар кимга хоҳласанг ҳисобсиз ризқ берасан.
28. Мўъминлар ўзларига кофирларни дўст қилиб олмасдан, балки ўз биродарлари мўъминларни дўст тутишлари лозимдир. Ҳар шахски кофирлар билан дўстлик қилар экан, бас, у шахс Аллоҳ тарафидан ҳеч қандай диёнатга эга эмас. Магар кофирларнинг зараридан қўрққан ҳолда зоҳиран дўстлик қилсалар, у ҳолда маъзурдир. Аллоҳ таоло сизларни ўз азобидан қўрқитади. Ҳамманинг жазоланиш учун борадиган жойи Парвардигорнинг наздига (ҳузурига)дир.
29. Эй Муҳаммад, айтгин Аллоҳ таоло сизларнинг дилларингизда сақлаган ва ошкора айтган нарсаларни билади. Балки осмондаги ва ердаги ашёларни ҳам билади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир.
30. Ҳар (бир) нафс (киши) ўзининг қилган амалини, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин ўз олдида ҳозир топадиган Кунни ёд қилгин. Вақтики амалини мушоҳада қилгандан сўнг, орзу қилиб айтадики: «Кошки бу (ёмон) амал билан менинг ўртамда узоқ масофа бўлганда эди. Уни ҳаргиз кўрмаганимда эди». (Охиратда) вақтики шундай ҳолат бўлар экан, Аллоҳ таоло сизларни ўз азобидан қўрқитади. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибондир.
31. Эй Муҳаммад, яҳуд ва насороларга айтгин: «Агар сизлар, Худо дўст тутишини хоҳласаларинг, менга тобеъ бўлинглар, токи сизларни Худо дўст тутиб гуноҳларингизни мағфират қилгай. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон ва кечирувчидир.
32. Эй Муҳаммад, айтгин: «Худо ва расули амрларига итоат қилинглар», бас, агар Аллоҳ ҳукмидан юз ўгирсалар кофирдирлар. Аллоҳ таоло кофирларни дўст тутмайди.
33-34. Аллоҳ таоло Ҳазрати Одам алайҳиссаломни танлади ва унга нарсаларнинг исмларини таълим бериш билан фазилат берди. Ва масжуди малоика (фаришталар сажда қиладиган) қилди. Шунингдек Ҳазрати Нуҳ ва Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом авлодларини ва Имроннинг авлодларини Ҳазрат Ийсо ва Биби Марямларни ўз замон аҳлларидан кўра ортиқ фазилатли қилди ва зурриётларининг баъзиларини баъзиларидан фазилатли қилди. Аллоҳ таоло яҳудларнинг сўзларини эшитувчи ва амалларини билувчидир.
35-36. Эй Муҳаммад, ёд қилгин вақтики Имроннинг аёли Биби Марямнинг волидалари Парвардигорга муножот қилиб айтдиларки: «Эй Парвардигор, сенинг ибодатхонанг, яъни Байтул Муқаддаснинг хизматига қорнимдаги болани барча дунё амали (иши)дан озод этиб сенга назр қилдим. Бас, мендан бу назримни қабул қилгин. Сен дуо қилувчиларнинг дуоларини эшитувчидирсан ва ҳолларини билувчидирсан». Вақтики туғилди, афсусланиб айтдики: «Эй Парвардигор мен ўғил бўлар деб умид қилган эдим қиз бўлиб қолди. Энди бу қандай қилиб ибодатхонага хизмат қила олади?». Ҳолбуки, Аллоҳ таоло унинг қиз туғилганлигида қандай ҳикматлар бор, ҳаммасига донодир. Ваҳоланки, бу аёлнинг умид қилган ўғли биз ато қилган қизга ҳаргиз ўхшамайди. «Эй Парвардигор мен бу қизнинг номини Марям қўйдим. Мен бу қизни ва унинг авлодларини шайтоннинг шарридан (асрашинг учун) сенинг паноҳингга топширдим».
37. Бас, Парвардигор Биби Марямни ибодатхона хизматига яхши қабул қилиб олди ва яхши тарбия қилди. Закариё алайҳиссаломни Биби Марямнинг тарбиясига кафил қилди. Ҳар вақт Закариё алайҳиссалом Биби Марямнинг ибодатхонасига кирсалар Биби Марямнинг олдиларига ҳар хил меваларни кўрар эдилар. Бир кун сўрадилар: «Эй Марям, сенга бу ризқ қаердан келди?». Биби Марям айтдилар: «Аллоҳ таоло тарафидан келди. Аллоҳ таоло ҳар кимга хоҳласа ҳисобсиз ризқ беради».
38. Ҳазрати Закариё алайҳиссалом илоҳий қудратни шу жойда мушоҳада қилгандан сўнг, қари бўлиб қолган бўлса ҳам Худо даргоҳига тазарру қилиб (ундан) фарзанд талаб қилдилар. Айтдилар: «Эй Парвардигор менга ўз марҳаматинг ва иноятингдан покиза зурриёт ато қилгин. Албатта, сен дуоларни қабул қилгувчидирсан».
39. Вақтеки, Закариё алайҳиссалом меҳробда намозга машғул эдилар. Бас, Жаброил алайҳиссалом Закариё алайҳиссаломга нидо қилди: «Эй Закариё, Аллоҳ таоло дуоингни қабул қилди. Сенга Яҳё номли фарзанднинг вужудга келишидан башорат беради. У фарзанд Ҳазрати Ийсога иймон келтирувчи ва аҳли тақво бошлиғи ва ёмон феъллардан ўзини сақловчи пайғамбардир ва ҳам солиҳлар зумрасидандир».
40-41. Ҳазрат Закариё алайҳиссалом айтдилар: «Эй Парвардигор, менга қандай ўғил бўлади ваҳоланки, мен қари мўйсафид, хотиним эса туғмас бўлиб қолган». Аллоҳ таоло айтди: «Эй Закариё,
 сен шундай пир (қари) бўлган ҳолингда ҳам Парвардигор сенга мумкин бўлмаган нарсани хоҳласа, уни халқ қилади (яратади)». Закариё алайҳиссалом айтдилар: «(Хотинимнинг хомилали бўлганига) менга бирон нишона (белги) кўрсатгин токи дилим ором олсин». Парвардигор айтди: «Сенга нишона шуки уч кунгача мардумга сўзлашга қодир бўлмайсан, магар имо-ишора билан. Ҳамиша Парвардигорни ёд қилгин ва эртаю кеч унга тасбеҳ айтгин».
42-43. Эй Муҳаммад, ёд қилгин, вақтики малоикалар айтдилар: «Эй Марям, Худо сени Ўзига ибодат қилишга интихоб қилди (танлади). Ва сени ёмон ахлоқлардан пок қилди. Ўз замонанг хотинларидан сени афзал қилди. Эй Марям, Парвардигорингга итоатли бўл ва ибодат қилувчилар билан бирга ибодат қилгин».
44. Бу Закариё ва Марям (ҳақидаги) қисса махфий хабарлардан эди. Сенга ваҳий билан маълум қилдик. Вақтики насоро пешволари Ҳазрат Биби Марямни тарбия қилиш хусусида жанжал қилар эдилар, охири қуръа ташлашга рози бўлиб, Таврот ёзадиган қаламларини кимнинг қалами сув юзида чўкмасдан қолса, «шу одам Биби Марямни тарбия қилсин», деган шарт билан Урдун дарёсига ташладилар. Закариё алайҳиссаломнинг қаламлари чўкмай Биби Марямнинг тарбиялари Закариё алайҳиссалом зиммасига тушди. Ваҳоланки бу жанжал (тортишувлар)да сен уларнинг олдида ҳозир эмас эдинг.
45-47. Эй Муҳаммад, ёд қилгин, вақтики Жаброил алайҳиссалом Биби Марямга айтдилар: «Эй Марям, сени Худои таоло ўз тарафидан бўлган бир калима (сўз)дан башорат берадики номи Масиҳ Ийсо ибни Марям бўлиб, дунё ва охиратда мартаба соҳиби Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаларидан бўлади. Ва она қучоғида (гўдакликда) одамларга сўзлайди, ўрта ёш бўлганда (вояга етганда) ҳам солиҳ бандалардан бўлади». Марям арз қилди: «Парвардигор, менга одам боласининг қўли етмаган бўлса, менда нечук фарзанд бўлсин?». Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳ таоло шу тариқада хоҳлаган нарсасини ярата олади. Қачон бир ишни хоҳласа унга «Бўл», деб хитоб қилади, ўша онда у нарса бўлади».
48-49. Ва яна Аллоҳ таоло Ҳазрат Ийсо алайҳиссаломга ўтган пайғамбарларга нозил бўлган саҳифаларни ва шариат илмини, Тавротни, Инжилни таълим берди. Ва уни бани Исроилга пайғамбар қилиб юборди. У бани Исроилга айтадики: «Албатта мен сизларга бешта мўъжизани олиб келдим. Бу мўъжизалар менинг Пайғамбарлигимга гувоҳдир. Биринчиси шуки, мен сизларга лойдан парранда суратини ясайман, бас, у суратга пуфлайман ва у Худонинг ҳукми билан учадиган парранда бўлади. Иккинчи мўъжиза шуки, барас (пес) касалига мубтало бўлган шахсни Аллоҳнинг амри билан бу иллатдан пок қиламан. Учинчи мўъжиза шуки, Аллоҳнинг амри билан онадан туғма кўрни тузатаман. Тўртинчи мўъжиза шуки, Аллоҳнинг амри билан ўликларни тирилтираман. Бешинчи мўъжиза шуки, сизларни еган таомларингизни ва уйларингизда сақлаб қўйган таомларингизнинг хабарини бераман. Албатта, шу мўъжизаларда сизларга менинг пайғамбарлигимга ишониш учун далиллар бор, агар сизлар имон келтиришни хоҳласаларинг.
50-51. Мен сизларга пайғамбар бўлиб (мендан олдин Мусога нозил бўлган) Тавротни тасдиқловчи бўлиб келдим. Мусо  алайҳиссаломнинг шариатларида баъзи ҳукмлар ҳаром қилинган эди, мен (уларни) сизларга ҳалол қилиб беришга келдим. Чунончи ҳайвонларнинг чабруси (чарвиси) ва шанба куни дунё ишларига машғул бўлишликни ва сизларга ҳар хил мўъжизалар олиб келдим. Бас, менга мухолиф қилишликдан ҳазар қилинглар ва Менга итоат қилинглар. Албатта Аллоҳ таоло Менинг ҳам Парвардигоримдир ва сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бас, ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилинглар. Мана шу йўл тўғри йўлдир.
52-53. Бас, вақтики Ийсо алайҳиссалом яҳудлар куфридан  хабардор бўлдилар, яъни яҳудийлар Ҳазрати Ийсо алайҳиссаломни ушлаб ўлдиришга қарор қилганларида, Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом Шомдан Миср тарафига қочдилар. Нил дарёси бўйида балиқчиларга йўлиқдилар. Буларни имонга даъват қилдилар. Ҳаммалари иймон келтирдилар. Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом бу жамоаларга айтдиларки: «Сизлардан ким менга Худонинг динини ривожлантиришга ёрдам беради?». Ҳаворийлар, яъни ўша сайёдлар (овчилар) жамоати айтдиларки: «Худонинг динига ёрдам берувчилар бизлардирмиз. Биз Худога иймон келтирдик. Эй Ийсо, гувоҳ бўлгин биз Худога итоат қилувчилармиз». Яна Парвардигорга дуо қилиб айтдиларки: «Эй Парвардигор, сен юборган китобга ва пайғамбарга иймон келтирдик, сўзларини тасдиқладик, Расулингга тобеъ бўлдик. Бас, бизни Сенинг Худолигингга гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин».
54. Яҳудийлар Ҳазрати Ийсони қатл қилиш учун ҳийлалар тайёрладилар. Охири Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом  булардан қочиб бир уйга кирдилар. Яҳудлар келиб бу уйни муҳосара қилдилар (ўраб олдилар). Эрта билан ушлаб чиқиш учун ўзларидан бир шахсни (уйга) киргиздилар. Бу одам уйга кириб, ҳеч кимни топмади. Кечаси Аллоҳ таоло Ҳазрати Ийсони  юқорига олиб кетган эди. Аллоҳ таоло бу кирган одамни Ҳазрати Ийсонинг ҳайъатларига (сиймо, кўринишларига) ўхшатиб қўйди. Қайтиб чиққандан сўнг, яҳудийлар: «Сен Ийсосан»,-деб (уни) дорга осдилар. Ҳарчанд: «Мен Ийсо эмасман»,-деса ҳам фойда бермади. Яҳудийлар Ҳазрати Ийсони қатл қилиш учун макрлар ишлатдилар. Худои таоло буларнинг макрларининг жазосини ўзларига қайтарди. Аллоҳ таоло маккорларнинг макрига яхши жазо берувчидир.
55. Эй Муҳаммад, ёд қилгин ўшал вақтники, Аллоҳ таоло Ийсога: «Эй Ийсо, мен сени дунёдан олувчиман ва сени наздимга (ҳузуримга) кўтарувчиман ва сенга кофирлардан нажот берувчиман. Сенга тобеъ бўлувчиларни то Қиёматгача яҳудийлар устидан ғолиб қилувчиман». Парвардигорнинг бу хабари ҳақиқатга мувофиқдир. Чунки яҳудийлар шу дамгача насороларга мағлуб бўлиб келдилар. «Шундан кейин сизларнинг келадиган жойингиз менинг наздимгадир. Бас, мен ўрталарингиздаги дин тўғрисида, ихтилоф қилган нарсаларингиз тўғрисида ҳукм қиламан». Масалан, ихтилофларидан яҳудийлар Ҳазрати Ийсони тасдиқламадилар ва насоролар Ҳазрати Мусо алайҳиссаломни тасдиқламадилар.
56. Аммо хоҳ яҳудий ва хоҳ насроний бўлсин, кофир бўлганларга қаттиқ азоб бераман. Бу дунёда қатл қилишлик билан, асирлик, жизъя тўлаш билан ва охиратда шундай азоб билан азоблайманки, бирор қутқарувчи ва мададкор бўлмайди.
57. Аммо Худога иймон келтирганларга, яхши амал қилганларга Аллоҳ таоло Қиёмат куни ажрларини ошириб (зиёда қилиб) беради ва кам қилмайди. Аллоҳ таоло бировнинг ҳақига зулм қилувчиларни дўст тутмайди.
58. Мана шу Мен сенга баён қилиб берган анбиёлар қиссалари нубувват аломатларидан ва ростлик далилларидан ва ҳикматли зикрлардандир.
59-60. Вақтики Нажрон деган жойнинг насоролари Расулуллоҳга эътироз қилиб: «Нима учун Ҳазрати Ийсони таҳқирлаб, уни Худонинг бандаси дейсизлар?» - деб айтдилар. Расулуллоҳ уларга айтдилар: «Ҳазрати Ийсога Худонинг бандаси бўлиш айб эмас».- Насоролар айтдилар: «Бу Ийсо отасиз туғилгандир. Бу Худонинг ўғлидир, бандаси дейиш таҳқирдир». Аллоҳ таоло буларни рад этиб шу оятни нозил қилди: «Албатта Ийсонинг аҳволи Худо наздида Одамнинг аҳволига ўхшайди. Худо одамни тупроқдан халқ қилди, кейин Парвардигор: «Одам бўл»,-деди, Одам бўлди. Ҳазрати Одам онасиз, отасиз махлуқ бўлган (яратилган). Сизлар нима учун уни (Одамни) Худонинг бандаси дейсизлару Ийсо алайҳиссаломни Худонинг ўғли дейсизлар? Худо тарафидан Ийсо ҳақига айтилган сўзлар ҳақдир. Бас, сен насороларга ўхшаб шак қилувчилардан бўлмагин».
61-63. Бас, агар сенга ваҳий орқали Ийсонинг ҳоли маълум бўлиб, насоролар аниқ далиллардан кейин ҳам хусумат қилиб ҳужжатлашар экан, сен буларга айтгин: «Келинглар, болаларимизни, хотинларимизни ва ўзимизга қарашли бошқа одамларни чақирайлик, кейин зор ва тазарруъ билан «Худонинг лаънати ёлғончиларга бўлсин», деб дуо қилайлик».  Насоролар бу қарорга рози бўлдилар, шунга келишдиларки, «Эрта бомдод намозидан кейин шаҳарнинг ташқарисига чиқиб, бир майдонга жам бўлиб Худо даргоҳидан дуо қилиб сўраймиз». Эрта билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқиб имом Ҳусайнни кўтариб, имом Ҳасанни етаклаб олдилар. Ҳазрати Биби Фотима онамиз орқаларида, Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Биби Фотиманинг орқаларида эди. Ушбу ҳайъат билан насоролар рўпарасида саф тортиб турдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандларига айтдилар: «Мен дуо қиламан, сизлар Омин денглар». Насороларнинг бошлиқлари ёронларига айтдики: «Мен шундай нуроний юзларни кўриб турибманки, Худодан ушбу Уҳуд тоғини жойидан кўчириб бошқа тарафга юборишини сўрасалар, Аллоҳ таоло уларнинг сўзларини рад этмайди. Келинглар Муҳаммадни сулҳга чақирайлик». Шу билан жизъя беришга рози бўлдилар. Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар: «Агар насоролар Мен билан мубоҳаса қилганда эди, осмондан ўт келиб уларни куйдирган бўлар эди». Албатта мана шу мазкур қиссалар ҳақ ва ростдир. Ибодатга лойиқ ҳеч маъбуд йўқ, магар Аллоҳ таолодир. Албатта Аллоҳ таоло ўзининг ҳар бир феълида ғолиб ва донодир. Бас, агар насоролар мубоҳасадан (баҳс ва ҳақиқатни қабул қилишдан) саркашлик қилсалар, албатта Аллоҳ таоло муфсидларнинг ҳолига донодир.
64. Эй Муҳаммад, аҳли китобларга айтгил: «Келинглар ҳаммамиз учта калимаки ўртамизда баробардир, Худо тарафидан (уларга амал қилишда) мукаллафмиз. Бири шуки бир Аллоҳдан бошқа илоҳга ибодат қилмайлик, иккинчиси шуки Худонинг худолигига ҳеч бир нарсани шерик қилмайлик. Учинчиси шуки, баъзимиз баъзимизни(нг) ғайри Худо арбоб деб қарор бермайлик. Бас агар сенинг бу даъватингдан юз ўгирсалар, уларга айтгин: «Сизлар (эй мусулмонлар), гувоҳ бўлинглар, биз Худонинг буйруғига инқиёд қилувчилармиз».
65. Эй аҳли китоблар, Иброҳим алайҳиссалом нинг хусусларида нима учун бир-бирларингиз билан жанжал қиласизлар. Иброҳим алайҳиссалом ни бирингиз «яҳудий» деб айтасизлар ва бирингиз «насоро» деб даъво қиласизлар. Ваҳоланки, Таврот билан Инжил Иброҳим алайҳиссаломдан кейин нозил бўлган. Оё ўйламай гапирасизларми?
66. Огоҳ бўлинглар, сизлар шундай жамоадирсизки, ўзларингизга маълум нарса ҳақида жанжал қиласизлар. Масалан, Муҳаммад алайҳиссаломга берилган башорат Тавротда бор эди. Бас, илмларингиз етмаган нарсага нима учун жанжал қиласизлар. Масалан, Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом яҳудийми ё насронийми Тавротда йўқдир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Иброҳимнинг қандай динда эканлигини билади ва сизлар билмайсизлар.
67. Ҳазрати Иброҳим яҳудий ҳам эмас ва насроний ҳам эмас эдилар. Лекин тўғри йўл топган мусулмон эдилар, мушриклардан ҳам эмас эдилар.
68. Иброҳим алайҳиссалоту вассаломнинг динларига лойиқ бўлганлар у кишига эргашган халқлар ва у кишига тобеъ бўлган умматлардир. (Шунингдек, Иброҳим алайҳиссаломга тобеъ бўлганлар) мана шу Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирган зотлардир. Аллоҳ таоло мўъминларнинг дўстидир.
69. Аҳли китоблардан бир тоифалари сизларни дўст тутмайдилар. Гумроҳ қилиб, ўз динларига киргизмоқ истайдилар. Булар ўз нафсларидан бошқани гумроҳ қила олмайдилар, чунки бу ҳаракатларининг жазоси ўзларига етади. Ваҳоланки, булар ўзларига етадиган зиённи билмайдилар.
70. Эй аҳли китоблар, нима учун Парвардигор тарафидан нозил бўлган оятга кофир бўласизлар? Масалан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг наътларига (шаънларига) келган Таврот оятларига ўзларингиз гувоҳлик берасизлар-да, яна уни инкор қиласизлар.
71. Эй аҳли китоблар, нима учун ҳақни ботилга аралаштирасизлар. Яъни Тавротнинг ичига ўз сўзларингни аралаштирасиз, билиб турган ҳолда ҳақни яширасизлар.
72-74. Ва аҳли китоблардан бир жамоат дедиларки: «(Эй одамлар) мусулмонларга туширилган Қуръонга эрта билан иймон келтиринглар ва кечқурун (ундан) қайтинглар, шоядки, улар ҳам (динларидан) қайтарлар. Ва ўз динларингиздаги одамдан бошқага ишонманглар». Сен айт (эй Муҳаммад): «Асл ҳидоят Аллоҳ таолонинг ҳидоятидир». Ва яна яҳудлар айтдиларки: «(Эй яҳудлар), сизларга берилган нарса яна бошқаларга берилмаслиги ва Худо ҳузурида бошқа жамоа сизлардан ғолиб келмаслиги учун (мусулмонларнинг) сўзларига ишонманглар». Айтгин эй Муҳаммад (алайҳиссалом): «Албатта фазлу карам Худо қўлидадир». Худо уни хоҳлаган бандасига беради. Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир ва билувчи зотдир. Хоҳлаган бандасини ўз раҳматига хос қилади. Аллоҳ таоло улуғ фазл эгасидир.
75-76. Яҳудлардан баъзи шахслар борки, кўп молни унга омонат берсанг, талаб қилган ҳолда хиёнатсиз адо этади. Шу аҳли китоблардан баъзилари борки, бир тилла ё бир тангга омонат қўйиб, сўнг талаб қилсанг адо этмайди (қайтиб бермайди). Магарки, талаб қилган ҳолингда гувоҳлар келтирасан ва мажбур қиласан, сўнгра адо этади. Бу хиёнатлари шунинг учунки, эътиқод қилиб айтадилар: «Бу жоҳил арабларнинг молига хиёнат қилсак, бизга ҳеч жазо лозим бўлмайди. Худо бизга ҳалол қилган». Ваҳоланки бу яҳудийлар билиб туриб Аллоҳ таолога ёлғон нисбат берадилар. Албатта шу хиёнатларига Худо тарафидан жазо бордир. Ҳар шахски, аҳдига вафо қилар ва хиёнатдан қўрқар экан, бас, Аллоҳ таоло шундай муттақийларни дўст тутади.
77. Албатта у жамоаларки, Худога қилган аҳдларини ва Худога қасамёд қилганларини озгина дунё матоҳига бадал қилар эканлар, Қиёмат куни бу жамоага ҳеч қандай яхшилик йўқдир. Аллоҳ таоло буларга меҳрибонлик билан сўзлашмайди ва марҳамат назари билан қарамайди. Буларни гуноҳларидин пок қилмайди. Буларга аламли азоблар бордир.
78. Албатта яҳудийлардан бир фирқалари сизлар (эй мусулмонлар), Тавротнинг оятидан деб гумон қилишингиз учун тилларини мулойим қилиб (ўзгартириб) Тавротдан баъзи оятларни ўқийдилар. Ваҳоланки, у Тавротдан эмасдир. Ва яна: «Бу оят Худо тарафидан нозил бўлган»,- деб айтадилар. Ваҳоланки, Худодан нозил бўлгани йўқ. Бу яҳудийлар билиб турган ҳолда Худога бўҳтон қиладилар.
79-80. Бир инсонки, унга Худо китоб берган бўлса, нубувват ва фаҳм-идрок  берган бўлса, сўнгра у халққа: «Худодан бошқа менга ибодат қилинглар»,-деб айтиши жоиз (мумкин) эмас (ақлга сиғадиган иш эмас). Ва лекин уларга: «Илм ва амалда комил бўлинглар шунинг учунки, сизлар бошқаларга китобни таълим берасизлар ва ўзларингиз қироат қиласизлар. Ҳеч вақт Худо сизларга малоикаларни, анбиёларни ўзларингизга Раб (илоҳ) муқаррар қилишга (сайлаб олишга) амр қилмади», -деб буюриши керак. Оё, сизлар мусулмон бўлгандан сўнг Худо куфрга амр қиладими?.
81-82. Эй Муҳаммад, ёд қилгин, Аллоҳ таоло пайғамбарлардан: «Вақтики, сизларга китоб ва ҳикмат берсам, кейин менинг наздимдан сизларнинг китобларингизни тасдиқловчи пайғамбар келса, сизлар албатта унга ишонасизлар ва унга албатта ёрдам берасизлар», –деб аҳд-паймон олди. Кейин Парвардигор анбиёларга: «Оё, мана шу аҳдимга вафо илишни иқрор қилдиларингми, бўйинларингга олдиларингми?»- деб айтди. Анбиёлар жавоб бердиларки: «Эй Парвардигоро, биз иқрор қилдик ва аҳдингни қабул қилдик». Парвардигор айтди: «Эй малоикалар, шуларнинг иқрорига гувоҳ бўлинглар. Мен сизлар билан бирга гувоҳ бўлувчиларданман». Бас, ҳар кимки ўз иқроридан қайтса, шу аҳд-паймондан кейин ушбу Расулга ёрдам бермаса, бас бу гуруҳ фосиқлар жамоасидандир.
83. Оё, Худонинг динидан (Исломдан) бошқа динни истайдиларми? Ваҳоланки, осмондаги малоикалар ва ердаги махлуқотлар Худога инқиёд қилиб турибдиларку! Булар (мушрик, кофирлар)нинг ҳаммаси, хоҳ ихтиёрий ва хоҳ мажбурий Қиёматда Худонинг олдига қайтадилар. У жойда қилмишларидан жавоб берадилар.
84. Эй Муҳаммад: «Биз Аллоҳга, бизга нозил қилинган Қуръонга ва Иброҳим алайҳиссалом, Исҳоқ алайҳиссалом, Ёқуб алайҳиссалом ва уларнинг авлодларига нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва Мусо алайҳиссаломга берилган Тавротни ва Ийсо алайҳиссаломга берилган Инжилга ва бошқа набийларга Худо тарафидан берилган саҳифаларга иймон келтирамиз. Иймон келтиришда буларнинг ўрталарини жудо қилмаймиз (ажратмаймиз)».
85-86. Ҳар кимки Ислом динидан бошқа динни хоҳлар экан, унинг дини қабул бўлмайди. Охиратда бундай шахс ўз нафсига зиён қилувчилардандир. Аллоҳ таоло иймон келтирганларидан кейин яна қайтиб муртад бўлган қавмни қандай ҳидоят қилсин?! Ҳолбуки, булар: «Муҳаммад алайҳиссалом албатта ҳақдир. Худо тарафидан мўъжизалар олиб келган»,-деб гувоҳлик берган эдилар. Аллоҳ таоло золим қавмларни ҳидоят қилмайди.
87-88. Бу муртад гуруҳларнинг жазолари шуки албатта Қиёмат куни буларга Худонинг лаънати, малоикаларнинг ва тамом халқларнинг лаънатлари собитдир. Булар ҳамиша дўзахда азобга мубтало бўладилар. Буларга азоб енгил қилинмайди ва кечиктирилмайди ҳам.
89. Магар булардан тавба қилган шахслар, муртад бўлганларидан кейин ўз ҳолларини ислоҳ қилсалар. Бас, албатта Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва ҳолларига раҳм қилувчидир.
90. Албатта Худо ва Расулига иймон келтирганларидан кейин яна кофир бўлганлар, Исломнинг зиддига ҳаракат қилиб, куфрларини зиёда қилганлар – буларнинг тавбалари қабул қилинмайди. Мана шулар ҳақиқий гумроҳдирлар.
91. Албатта Худо ва Расулига кофир бўлиб, кофирлик ҳолида ўлган жамоалар, бас, булар азобдан қутилиши учун дунёни тўлдириб тилло билан фидя (тўлов) берсалар ҳам қабул қилинмайди. Худо тарафидан бу гуруҳ учун қаттиқ азоблар муқаррардир. Буларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқдир.

4-пора
92. Эй Худонинг бандалари, токи яхши кўрган молларингиздан Худонинг йўлида садақа қилмагунча сизлар ҳаргиз савобга эга бўлмайсизлар. Худо йўлида ҳар нарсани, хоҳ ёмон, хоҳ яхши, ё кам, ё кўп сарф қилар экансизлар, албатта Аллоҳ таоло берган нарсаларингизни билади.
93-94. Вақтики ушбу оят:
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
яъни яҳудийларга покиза лазиз таомлар ҳалол эди, яъни қўйнинг чарвиси ва балиқни гўшти (туянинг гўшти ва сути).
Буларнинг зулмлари ва фасодлари сабабидан бизлар бу нарсаларни ҳаром қилдик. Яҳудийлар эътироз қилиб: «Бу Тавротнинг ҳукмига тўғри келмайди. Тавротда бу нарсалар Ҳазрати Ёқуб алайҳиссаломнинг замонларида ҳаром бўлган. Бизнинг гуноҳимиз сабабидан ҳаром бўлмаган»,-деб айтдилар. Аллоҳ таоло яҳудийларни раддига ушбу оятни нозил қилди. Бу хил таомлар Ҳазрати Ёқуб алайҳиссаломга ҳалол эди. Магар Ҳазрати Ёқубнинг ўзлари ўз нафсларига ҳаром қилдилар. Яъни Ҳазрати Ёқубга касаллик текканда нидо қилдиларки: «Агар Худо менга шу касалликдан шифо берса, яхши кўрган таомларимни ўзимга ҳаром қиламан». Вақтики Аллоҳ таоло шифо берди, туянинг гўштини ва сутини ҳамма нарсадан яхши кўрар эдилар, назрларига вафо қилиб ҳаром қилдилар. Бу  воқеа Таврот нозил бўлмасдан аввал (содир) бўлди. Мен Тавротда (ҳаром қилинган нарсаларни) илгари ҳаром деб ҳукм қилганим йўқ. (Эй Муҳаммад), агар яҳудийлар инкор қилсалар уларга: «Агар сизлар бу даъволарингда содиқ бўлсаларинг Тавротни олиб келиб, тиловат қилинглар»,-деб айтгин. Яҳудийлар Тавротни олиб келиб ўқишдан бош тортдилар. (Чунки ҳаром қилинган нарсалар илгари Иброҳим алайҳиссаломга ҳам, Яъқуб алайҳиссаломга ҳам ҳаром қилинган эмас эди). Ёлғонни Худога нисбат беришлари ҳаммага зоҳир бўлди. Бас, шу воқеадан кейин ҳар бандаки, Худога ёлғонни нисбат берса, улар золимлардандир.
95. Эй Муҳаммад, яҳудийларга: «Аллоҳ таоло бу воқеани рост айтди. Сизларнинг сўзларингиз бошдан оёқ ёлғон ва ифтиро бўлди. Бас, гумроҳликдан қайтинглар. Иброҳим алайҳиссаломнинг динига тобеъ бўлинглар. Бу дин ҳақ диндир. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан эмасдир»,-деб айтгин.
96-97. Ер юзида халқнинг зиёрат қилиши учун бино қилинган энг аввалги муқаддас уй- бу Маккадаги Хонаи Каъбадир, кўп барокатлидир. Бу уй олам учун баракот ва ҳидоят соҳибидир. Яъни ҳамма олам аҳлининг иттифоқ ва иттиҳодига (бирлашишига) сабабдир. Бу уйда ўтган пайғамбарлардан нишоналар бор. Шулардан бири «Мақоми Иброҳим»дир, яъни Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом устига чиқиб Хонаи Каъбанинг деворларини таъмир қилган тошдир. Қадамларининг нишонаси ҳанузгача боқийдир. Ҳар ким Хонаи Каъбага кирса қатл ва ғоратдан эмин қолади. Агар сафарга кучи етса, Худо учун ҳаж қилиш, халқ зиммасига фарздир. Ҳар кимки фарзлигини инкор қилса, Аллоҳ таоло олам аҳлидан мустағнидир (беҳожатдир), Аллоҳга ҳеч нуқсон етмайди.
98. Эй Муҳаммад, китобийларга (аҳли китобга): «Нима учун Аллоҳнинг оятига кофир бўласизлар ва инкор қиласизлар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло тамом амалларингизга доно ва гувоҳдир»,-деб айтгин.
99. Айтгин (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб, нима учун бандаларни Худонинг йўлидан манъ қиласизлар (қайтарасизлар), яъни мўъминларни Ислом йўлидан ман қилиб, яҳудийяга даъват этасизлар. Тўғри йўлдан қайтариб, каж (эгри) йўлга киргизишни хоҳлайсизлар. Ваҳоланки, сизлар гувоҳсизлар, Ҳазрати Иброҳим фарзандларига васият қилган дин Ислом динидир. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан бехабар эмасдир».
100. Эй мўъминлар, агар яҳудийлардан бир гуруҳининг сўзига итоат қилсангиз, (улар) сизлар иймон келтирганингиздан кейин куфрга қайтарадилар.
101. Сизларга ҳар вақт Аллоҳнинг ояти тиловат қилиниб турса, ўрталарингизда Худонинг расули сизларни Худо тарафига даъват қилиб турган бўлса, қандай ҳам кофир бўласизлар? Ҳар кимки Худонинг динини ва китобини маҳкам ушласа, бас шундай шахс тўғри йўлга ҳидоят қилингандир.
102. Эй мўъминлар, Худодан беинтиҳо (ҳаддан ташқари) қўрқиш билан қўрқинглар, яъни қудратларинг етгунча то ўлгунларингизча Исломдан ажралманглар. Ислом билан оламдан ўтинглар.
103. Эй мўъминлар, Худо динининг риштасини (арқонини, яъни Қуръонни) ҳаммаларинг бир бўлиб маҳкам ушланглар. Худонинг сизларга ато қилган неъматларини эсланглар. Вақтики бир-бирларингизга душман эдингиз, ҳамиша бир-бирингизни ғорат қилиб ўлдирар эдингизлар. Бас, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дилларингиздаги адоватни кўтариб, унинг ўрнига улфат ва муҳаббат солди. Бас, Худонинг неъматининг барокотидан бир-бирларингизга биродар бўлдингизлар. Илгари дўзах чуқурининг лабига келиб қолган эдингизлар. Бас, сизларга бу чуқур (чоҳ)дан нажот берди. Аллоҳ таоло сизларга ҳидоят йўлларини мана шундай баён қилади. Шоядки, сизлар адашмай ҳақ йўлни топарсизлар.
104. Албатта сизлардан шундай бир жамоа бўлсинки, халқни яхши ишларга даъват қилсин, яхши ишларга амр қилсин ва ёмон ишлардан қайтарсин. Мана шу хайр (яхшилик) тарафига чақирувчи (даъват қилувчи) жамоа Қиёмат куни нажот топгувчилардандир.
105-108. Эй мўъминлар, яҳуд ва насорога ўхшаган бўлманглар. Булар бир-бирларига адоват қилиб, бир-бирларидин жудо бўлдилар. Буларга оят ва мўъжизалар келгандан кейин динларида ихтилоф қилдилар. Бу гуруҳларга Худо тарафидан баъзиларининг юзлари қора бўладиган кунда улуғ азоб муқаррардир. Аммо юзлари қора бўлган гуруҳларга Худо тарафидин итоб қилиб айтиладики: «Оё, сизлар иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдиларингми, яъни рўзи мийсоқда Парвардигорнинг рубубиятига (ёлғиз илоҳлигига) иқрор қилгандан сўнг, бу иқрордан қайтдиларингми? Бас, энди куфрларинг эвазига дўзах азобини тотинглар. Аммо гуруҳларки, уларнинг нишоналари юзлари оқ ва нуроний эди. Худонинг раҳматига сазовор бўлиб, биҳиштда абадий қарор топдилар. Бас, сенга ваҳий орқали тиловат қилинган бу оятлар ҳақ ва ростдир. Аллоҳ таоло бандаларига ва олам аҳлига зулм қилишни хоҳламайди. Аллоҳ иноятли ва меҳрибондир.
109. Осмондаги ва ердаги ҳамма нарсалар Худонинг мулкидир. Ҳамма нарсалар Худо тарафига қайтарилади.
110-111. Эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари, сизлар умматларнинг афзалисизлар. Худои таоло сизларни халқнинг фойдасига яратгандир. Сизлар бир-бирларингизни  яхши нарсаларга амр қиласизлар ва ёмон нарсалардан қайтарувчисизлар. Худо ва Расулига ишонувчисизлар. Агар аҳли китоблар сизларга ўхшаб Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирсалар эди, булар яхши бўлар эди. Шунинг учун булардан баъзилари (Абдуллоҳ ибни Салом разияллоҳу анҳу каби) мўъмин бўлдилар. Аксарлари доираи диндан чиққанлар. Эй мўъминлар, сизлар бу кофирлардан қўрқманглар. Булар сизларга зарар етказолмайдилар, магар сизларга тиллари билан азият берадилар. Булар ниҳоят даражада қўрқоқ халқдирки, агар билфарз сизлар билан муқотала қилсалар, ҳаммаси жангдан юз ўгириб қочади. Кейин буларга Ҳақ таоло тарафидан ёрдам берилмайди.
112. Агар Худо тарафидан қилинган аҳдни маҳкам ушламасалар ва мўъминлар тарафидан қилинган аҳдларига вафо қилмасалар Худо тарафидан яҳудларга қайси ерда бўлсалар ҳам хорлик муқаддар (тақдир) қилиб қўйилади. Булар Худонинг азобига йўлиққан зотлардир. Ва ҳам буларга муҳтожлик муқаддар қилинган. Агарчи давлатлари бўлса-да, дарвешларча умр кечирадилар. Бу илоҳий ғазабга мубтало бўлишлари шунинг учунки, Худонинг оятларини инкор этар ва анбиёларни ноҳақ ўлдирар. Ва ҳам Худонинг ҳукмларига исён қилар  ва ҳадларидан тажовуз қилар (ошар) эдилар.
113-115. Ҳамма аҳли китоблар баробар эмаслар. Аҳли китоблардан шундай гуруҳ борки, ҳамиша Ислом динида қоим бўлиб қолиб, кечалари Худонинг оятларини тиловат қиладилар. Зори ва тазарруъ билан Худога сажда қиладилар, Парвардигорга ишонадилар ва Қиёмат кунига ишонадилар, халқни яхши ишларга амр қиладилар ва ёмон ишлардан қайтарадилар. Яхши амалларни қилишга шошиладилар. Бу гуруҳлар Худонинг солиҳ бандаларидандир. Ҳар бир хайр ишларни қилсалар, бу амаллари ҳаргиз зоя қилинмайди ва ажри Худо тарафидан берилади. Аллоҳ таоло муттақий бандаларнинг ҳолига донодир.
116. Албатта, Худо ва Расулига ва Қуръонга кофир бўлган гуруҳларнинг моллари ҳам, авлодлари ҳам Худонинг азобидан озгина бўлсада, қутқара олмайди. Булар Дўзах аҳлидирлар ва дўзахда абадий қоладилар.
117. Кофирларнинг Худонинг йўлида қилган нафақаларининг зое бўлиб кетишлиги, ўз нафсига зулм қилган динсиз бир қавмнинг эккан зироатига совуқ шамол келиб ҳаммасини қуритиб кетганга ўхшашдир. Худои таоло буларга зулм қилмайди, балки булар ўз нафсларига зулм қиладилар.
118. Эй мўъминлар, мўъминлардан бошқа ғайри динларни ва мунофиқларни махфий дўст тутманглар, яширин тариқасида дўстлик қилманглар. Булар сизларга ошнолик қилмайдилар. Агар қўлларидан келса имкон қадар ёмонлик қиладилар. Булар ҳамиша сизларнинг машаққатга мубтало бўлшиларингизни дўст тутадилар. Оғизларидан адоватлари зоҳир бўлиб туради, лекин дилларида сақлаган буғз-адоватлари улуғдир. Агар сизлар ақлларингни ишлатиб, ўйласаларинг, биз сизларга нишоналарни баён қилдик.
119-120. Эй мўъминлар, огоҳ бўлинглар. Сизлар мана шу яҳудийларни дўст тутасизлар, ваҳоланки, булар сизларни дўст тутмайдилар. Cизлар ҳамма китобларга иймон келтирган бўлсангиз ҳам булар сизларнинг китобларингизга мункирдирлар. Вақтики, сизлар билан мулоқий (юзма-юз) бўлсалар, сизларни алдаб: «Биз ҳам сизларга ўхшаб иймон келтирганмиз»,-дейдилар. Вақтики ўз қавмлари билан хилват қилсалар, камоли аччиқларидан бармоқларини тишлайдилар. Эй Муҳаммад, буларга: «Аччиқларингга чидамасдан ўлинглар»,-деб айтгин. Аллоҳ таоло диллардаги адоватга донодир. Агар Худо тарафидан сизларга бирор яхшилик келса, булар ёмон ҳолга тушадилар. Ва агар Худо тарафидан сизларга кулфат келса, ниҳоят даражада хурсанд бўладилар. Агар сизлар бу кулфатларга ва озорларга сабр қилсаларинг ва буларнинг дўстлигидан парҳез қилсаларинг, сизларга буларнинг макр ва ҳийлалари ҳеч вақт зарар етказолмайди. Албатта Аллоҳ таолонинг илми буларнинг амалларини иҳота қилгандир.
121-122. Эй Муҳаммад, эрта билан ўз манзилингдан Абу Суфённинг лашкарлари билан муқотала (жиҳод) қилиш учун мўъминларни жанг майдонига тайёрлаш ниятида мусулмонлар билан маслаҳат қилишга чиққанингни ёд қилгин. Чунки, Абу Суфён Макка мушрикларини тўплаб, уч минг лашкар билан мусулмонларга муқотала қилиш учун Мадина тарафига келиб тушган эди. Расулуллоҳ Мадинадан чиқмай муқотала қилишни хоҳлар эдилар. Ёшлар кўпчилик бўлиб Расулуллоҳни: «Мадинадан чиқиб, кофирлар билан саҳрода муқотала қиламиз», - деб мажбур қилдилар. Расулуллоҳ хоҳламасаларда Мадинадан чиқдилар. Лашкар Уҳуд тоғининг атрофига тушдилар. Абдуллоҳ ибни Убай бошлиқ мунофиқлар жамоаси мусулмонлардан жудо бўлиб (ажралиб): «Биз уруш қилмаймиз»,-дея Мадинага қайтдилар. Буларнинг иғволари баъзи тоифа асҳобларга ҳам таъсир қилди. Булар ҳам қайтишни иғво қилдилар. Аллоҳ таоло буларнинг жанжалларини эшитувчи ва ниятларини билувчи эди. Вақтики, сизлардан икки тоифа (Бану Салама ва Бану Ҳориса қабилалари) ҳам қайтишга қасд қилдилар. Дилларига қўрқоқлик ҳосил бўлди, ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу икки тоифага меҳрибон эди. Буларни шу мунофиқларга қўшилишдан сақлади. Булар ўз жойларида барқарор қолдилар. Мўъминлар ҳар бир ишларида Парвардигорга таваккул қилишлари лозимдир.
123-127. Сизларнинг ададларингиз кам ва кофирларнинг наздида ҳақир бўлсанглар ҳам,  ахир Аллоҳ таоло сизларга Бадр урушида зафар берган эди-ку! Бас, мунофиқларга қўшилиб қайтиб кетишдан Худодан қўрқинглар. Шоядки, Худо нусрат берса, сизлар шукр қилувчилардан бўласизлар. Ёд қилгин, вақтики Бадр урушида мўъминларга: «Оё, сизларга Парвардигор уч минг малоикани нозил қилиб ёрдам берса, кифоя қилмайдими?»- деб айтар эдинг. Ҳа, агар душман жангида сабр қилсаларингиз ва Пайғамбарга мухолифат қилишликдан парҳез қилсаларингиз, ўзлари ва отлари белгили бўлган беш минг фаришта билан Парвардигор дарҳол сизларга ёрдам беради. Унинг бу ёрдами сизларга хурсандлик бўлиши ва дилларингиз Худонинг ваъдасига ишониш учундир. Жангларда ҳеч қандай мадад йўқ, магар Аллоҳ таоло тарафидан бўлади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага ғолибдир, ҳар феъли ҳикматлидир. Сизларга бу ёрдам бериши, кофирлар жамоасини ҳалок қилиб, кофирлардан жудо қилиб ташлаш ёки заиф ва хор қилиб ташлаш, токи булар шикаст еб, ноумид бўлиб, жанг майдонидан кетишлари учундир.
128. Эй Муҳаммад, кофирлар хусусида буларни нест ва нобуд қилишликда, ё Худо тарафидан тавфиқ бериб ҳидоят қилишликда, ё Худои таоло буларга азоб беришида сенга ихтиёр йўқ. Худои таоло, хоҳласа, азоб беради, чунки булар золимдирлар. Хоҳласа уларга тавфиқ бериб ҳидоят қилади. Кофирлар куфрда давом қилганликлари сабабидан Расулуллоҳ ғам тортиб, дуои бад қилишни истар эдилар. Аллоҳ таоло манъ қилди.
129. Осмондаги малоикалар ва ердаги ашёлар Худонинг мулкидир ва бандаларидир. Кимни хоҳласа, мағфират қилади ва кимни хоҳласа, азоб беради. Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондир.
130-132. Эй мўъминлар, судхўрликни тарк қилинглар. Фоиздан ҳосил бўлган нарсани устма-уст қилиб еманглар. Рибохўрликда Худодан қўрқинглар. Шоядки Қиёмат куни нажот топарсизлар. Бу оят шунинг учун нозил бўлдики, жоҳилият замонасида судхўр бойлар камбағалларга судга (фоизга) қарз берар эдилар. Яна муҳтож бўлса, яна қарз берар эдилар. Бечорани адо қилолмайдиган қарзга ботириб қўйиб, то ўлгунча фоизини олиб ер эдилар. Шундай қилиб, берган қарзларини бир неча баробар қилиб олиб ер эдилар. Шунинг учун Ҳақ таоло: «Азъофан музоъафатан» олиб еманглар», - дейди. Бундан озгина ейиш ҳалол деган маъно англашилмайди. Эй мўъминлар, Худонинг амрини бажо келтиринглар, манъ қилган нарсадан қайтинглар. Кофирлар учун тайёрланган дўзах ўтидан қўрқинглар. Худо ва расулининг ҳукмига итоат қилинглар. Шоядки, Худонинг раҳматига сазовор бўларсизлар.
133-134. Худонинг мағфиратига лойиқ бўлишга шошилинглар. Ва ҳам кенглиги ер билан осмонча бўлган жаннатга лойиқ бўлишга шошилинг. Бу шундай муттақийларга тайёрланганки, Худо йўлида танглик кунларида бўлсин, ё кенглик кунларида бўлсин, нафақа қиладилар, аччиқларини ютиб ҳеч кимдан интиқом (ўч) олмайдилар, зулм қилганларни кечирадилар ва яхши амал қилувчиларни дўст тутадилар.
135-136. Жамоаларики, гуноҳи кабира ё сағира (катта ё кичик гуноҳ) қилиб, ўз нафсларига зулм қилган ва қилган гуноҳларида давом этмаган, балки Худонинг уқубатини ёд қилиб, гуноҳларига тавба истиғфор қилган бўлсалар Худо буларнинг гуноҳларини кечиради. Бандаларнинг гуноҳларини бир Худодан бошқа ҳеч ким мағфират қилолмаслигини. Бу бандалар билган ҳолда тавба қилганларидан кейин яна гуноҳ  қилмаганлар. Бу гуруҳларга Худо тарафидан гуноҳларини кечиш билан мукофот берилади. Ва тагидан анҳорлар жорий бўладиган жаннат ато қилади. Булар жаннатда доим бўладилар. Яхши амал қилувчиларнинг ажрлари ниҳоят даражада яхшидир.
137. Сизлардан аввал кўп умматлар ўтган. Ва у замон аҳлларида кўп воқеалар ўтган. Улар ўзларидан сўнг одат ва аъмоллар қолдирганлар. Баъзи ёмон ишларининг сабабидан ҳалок бўлганлар. Бас ер юзини сайр қилиб, улардан қолган асарларни мушоҳада қилинглар. Бас назар қилинглар, Пайғамбарларни такзиб қилувчи (ёлғонга чиқарувчи)ларнинг оқибати қандай бўлган.
138. Мана шу (Қуръоний) қиссалар халққа ибрат ва муттақийларга панд ва ҳидоят учун баён қилинди.
139. Эй мўъминлар, жангларда суст ва қўрқоқ бўлманглар, сизларга шикаст етса, (Уҳуд жангидаги мағлубият каби) ғамгин бўлманглар. Агар иймонларингда барқарор бўлсаларинг, охир сизлар ғолиб бўласизлар.
140-141. Эй мўъминлар, агар сизларга Уҳуд урушида жароҳатлар етган бўлса, Бадр урушида кофирларга ҳам шунга ўхшаш жароҳатлар етган эди. Халқ ўртасида шу айёмларни шу хил қўлма-қўл айлантириб турамиз, гоҳ (мўъмин ва кофирлар) фатҳ ва зафар топади, гоҳ шикаст ва машаққат тортади. Мўъминларга шикаст бўлса, бунда Аллоҳ таолонинг ҳикматлари бордир. Содиқ мўъминлар мунофиқлардан ажрайди. Аллоҳ таоло баъзиларини шаҳодат шарафига мушарраф қилади. Албатта мўъминлар бу мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳ таоло фармонидан тажовуз қилмасликлари керак. Аллоҳ ҳаддан тажовуз қилган (ошган)ларни дўст тутмайди. Ва ҳам бу айёмнинг шу тариқа жорий бўлишлигида кўп ҳикматлар бор. Агар мўъминларга шикаст бўлса, гуноҳларига каффорат бўлиб, Худо уларни гуноҳларидан тозалайди. Ва агар кофирларга шикаст бўлса, кофирларни нест ва нобуд қилади.
142. Аллоҳ таоло сизларнинг Худо йўлида жиҳод қилганларингни, шикаст ва машаққатларига сабр қилган ҳолларингни муояна қилмасдан туриб, оё жаннатга дохил бўлишни гумон қиласизларми? Бундай гумон қилманглар.
143. Сизлар уруш ҳолатларининг қаттиқликларини кўрмасдан туриб, шаҳодатни орзу қилар эдиларинг. Кейин шикаст бошларингга келганда ниҳоят даҳшатга тушиб, ҳайронликда қолиб назар қилар эдиларинг. Кофирлар тарафидан: «Муҳаммад қатл қилинди»,-деган овозни эшитганларингдан сўнг жанг майдонидан Мадина тарафига қочдиларинг.
144. Муҳаммад Худо тарафидан келган Пайғамбардир. Муҳаммаддан аввал шунга ўхшаш Пайғамбарлар дунёга келиб, ўз вазифаларини бажариб, яна ўлиб кетганлар. Оё, агар Муҳаммад ўлса ё қатл қилинса орқаларингга қайтасизларми? Ҳар кимки Худо йўлидан орқага қайтар экан, бу феълидан Худога ҳеч қандай зарар етказолмайди. Балки ўз нафсига зарар етказади. Аллоҳ таоло машаққатларга сабр қилиб, Худонинг ҳидоятига шокир бўлган бандаларга яхши ажр беради.
145. Ҳеч бир нафсга ўлмоқ мумкин эмас, магар Худонинг ҳукми билан. Бу ўлим Лавҳул Маҳфузда муайян вақт билан ёзилгандир. То вақти келмагунча ҳеч ким ўлмайди. Сизлардан ҳар кимки дунё моли учун ғазот қилса, дунё молини унга муқаррар қиламиз. Сизлардан кимки биҳиштни ният қилиб жанг қилса, бунга ҳам беҳиштни муқаррар қилиб берамиз. Шокирларнинг амалига тезлик билан мукофот берамиз.
146-148. Аввалги замонда кўп вақт набийлар билан билан бирга уларнинг тобеълари ва обидлари кофирлар билан ғазот қилган эдилар. Вақтики, уларга мусибат етса, набийлари мақтул (қатл этилган)  бўлса, умматлари суст ва заиф бўлмадилар, душманга бўйин эгмадилар. Бу мусибатга сабр қилдилар. Аллоҳ таоло собирларни дўст тутади. Шундай пайтларда бу гуруҳнинг оғизларидан чиққан сўзлари фақат шу эдики: «Эй Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилгин. Бу амалларимизда ҳаддан тажовуз қилган бўлсак, бизни кечиргин. Жанг майдонида қадамларимизни собит қилгин. Кофир қавм билан муқотала қилганимизда бизга мадад бергин». Бас, Аллоҳ таоло бу қавмнинг сидқу ниятларига мувофиқ дунёнинг моли ва ғаниматларини ҳам ато қилди ва охиратнинг яхши ажрларини ҳам ато қилди. Аллоҳ таоло яхши амал қилувчиларни дўст тутади.
149-150. Эй мўъминлар, агар сизлар кофирларни ўзларингга дўст билиб, сўзларига итоат қилсаларинг, сизларни яна куфрга қайтарадилар. Шундай ҳолда сизлар дунё ва охиратни қўлдан бериб, оғир зиён кўрганлардан бўласизлар. Сизларнинг дўстларинг Аллоҳ таолодир. Аллоҳ сизларга энг яхши ёрдам берувчилардандир. Бас, Аллоҳнинг сўзларига итоат қилинглар.
151. Яқинда Худога ширк келтирганликлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув соламиз. Бу эътиқодларига ҳеч қандай ҳужжат нозил қилинган эмас. Қиёмат куни буларнинг жойлари дўзахдир. Дўзахда кофирларнинг ётадиган жойлари кўп ёмондир.
152. Албатта, Аллоҳ таоло Уҳуд урушида ўз ваъдасига вафо қилган эди. Ҳатто мусулмонлар ғалаба қилган эдилар. Вақтики Худонинг ҳукми билан кофирларни ўлдираётганда баддил бўлиб, жанг ишида ўзаро жанжал қилдинглар ва Расулуллоҳнинг буйруқларини бажармадинглар. Ваҳоланки, сизлар дўст тутганларинг, яъни фатҳ зафари (ғалаба)ни Худо сизларга кўрсатгандан кейин сизлардан шу исён содир бўлди. Ҳақиқатда сизлардан баъзиларингиз мол ва ғанимат истайсизлар ва шунинг учун жанг қиласиз ва сизлардан баъзилар охиратдаги савоб учун ва Парвардигорнинг ризоси учун жанг қилади. Бу исёндан кейин Худо сизларни кофирлар устидан ғалаба қилишдан қайтарди. Ва аҳвол билакс бўлиб (аксига олиб), ўзларингни исёнларингга биноан шикаст сизларга бўлди. Токи Ҳақ таоло бу мусибатга сабрларингни маълум қилсин. Аллоҳ таоло сизлардан бу жангдан қочганларингизни авф қилди. Аллоҳ таоло мўъминларга марҳаматлидир.
153. Вақтики Уҳуд тоғида шикаст еганларингдан кейин тоғнинг тепасига камоли даҳшатдан қочар эдинглар, илтифот қилмас эдинглар. Ваҳоланки Расулуллоҳ орқаларингдан чақирар эдилар. Сизлар жавоб бермас эдинглар. Бас, Аллоҳ таоло сизларга ғам устига ғам берди, яъни шикаст ейиш ғами, иккинчиси Расуллоҳнинг қатл этилганликлари овозасининг ғами. Парвардигорнинг бу ғамларни беришлиги шунинг учунки, то машаққатларга ва мусибатларга одатланасизлар. Кейин қўлларингдан кетган нарсага ва ҳам етган мусибатларга ғам тортмайсизлар. Аллоҳ таоло қилган амалларингиздан хабардордир.
154. Аллоҳ таоло бу ғамдан кейин, сизларни тепаларингга роҳатлик уйқуни нозил қилди. Ҳатто сизлардан бир тоифани уйқу қамраб олган эди. Худонинг бу уйқуни мусаллат қилишдан ҳикмати шу эдики, буларнинг дилларидан ғам ва андуҳ кўтарилсин. Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу ҳикоя қилиб айтадиларки: «Жанг майдонида менга уйқу шу даражада ғалаба қилдики, қўлимдан қиличим такроран ерга тушарди, яна қўлимга олардим». Бир жамоа мунофиқларнинг ғамлари нафс (жон)ларининг нажотида эди. Ҳатто жоҳилият даврида қилган гумонларига ўхшаш Худонинг шаънига ножоиз гумонлар қилар эдилар, яъни: «Муҳаммаднинг дини ҳаққоний эмас. Ҳақ бўлганда кофирлар бизнинг устимиздан ғалаба қилмаган бўлар эдилар». Оё, бизнинг фойдамизга Муҳаммад ваъда қилган фатҳ ва нусрат ва мол ва ғанимат муяссар бўладими, бу ҳаргиз бўлмайди». Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: «Ҳамма амрлар Худонинг ихтиёрида, қандай хоҳласа шундай қилади. Бу мунофиқлар зоҳир қилолмайдиган сўзларни дилларида махфий тутадилар. Дилларидаги куфрни зоҳир қилолмайдилар». Айтадиларки: «Муҳаммаднинг айтган ваъдалари ҳақ бўлганда эди, бу жанг майдонида мақтул бўлмас эдик». Эй Муҳаммад, буларга айтгин: «Агар сизлар ўлимдан қочиб уйларингга беркиниб ётсаларинг ҳам, азалда кимнинг шаънига (тақдирига) қатл ёзилган бўлса, албатта у уйидан чиқиб, ўзи қатл бўладиган жойга боради, ўлимдан қочиб қутулолмайди». Эй мўъминлар, сизларга бу ғам ва алам етди. Шундан кейин сизларга ором уйқусини берди. Токи Аллоҳ таоло дилларингиздаги Худога ишониш андишасини зоҳир қилиш ва ҳам дилларингиздаги баъзи кудуратларни пок қилиб ва ором бериш учун шундай қилди. Аллоҳ таоло дилларингиздаги хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин асрорни билувчидир.
155. У гуруҳларки, икки лашкар бир-бири билан мулоқи бўлган вақтда сизлардан юз ўгириб қочди. Шайтон буларнинг исёнлари сабабидан иғво қилди. Жанг майдонидан қочишни маъқул кўрсатди. Лекин Аллоҳ таоло бу зиллатни булардан авф қилди. Албатта Аллоҳ таоло мағфиратли оғир зотдир.
156-158. Эй мўъминлар, шу кофирларга ўхшаш бўлмангларки, ўлиб кетган биродарларининг шаънига, улар сафарга бориб ўлган бўлсинлар ва ё жангда ўлган бўлсинлар, шуларнинг ҳолига афсусланиб айтадиларки: «Агар бизнинг олдимизда бўлганда ўлмас эдилар ва бу жангда мақтул бўлмас эдилар». Аллоҳ таоло буларнинг бу гумонларини андуҳ ва ғамга айлантириб, дилларида барқарор қилди. Ваҳоланки Аллоҳ таоло хоҳласа тирилтиради, хоҳласа ўлдиради. Аллоҳ таоло сизларнинг қилган амалларингизга бинодир. Агар Худонинг йўлида ва ё Худонинг ризоси учун қатл қилинсаларинг, Худо сизларни мағфират қилади. Бандаларга Парвардигор томонидан мағфират ва меҳрибонлик етиши уларнинг тўплаган молларидан яхшироқдир. Агар жанг майдонида ўлсаларинг ҳам ё мақтул бўлсаларинг ҳам, Худонинг ҳузурида тўпланасизлар ва амалларинга араша мукофот оласизлар.
159. Ҳақ таоло сенинг дилингга раҳмдилликни ато қилган. Сени оламларга раҳмат қилиб яратган. Шунинг учун асҳобларингга мулойимлик қиласан, юмшоқ кўнгилсан ва агар сен ёмон хулқли ва қаттиқ сўз бўлганингда эди, асҳобларинг атрофингдан тарқалиб кетар эди. Бас, сен буларнинг камчиликларини кечиргин. Булар учун Парвардигордан кечирим сўрагин. Дунёвий ишларингда булар билан маслаҳат қилгин. Бас, ҳар вақтки, бир ишга қасд қилсанг, Худога такя қилгин(таянгин). Аллоҳ Таоло ўзига такя қилувчиларни албатта дўст тутади.                   
160. Агар Аллоҳ таоло сизларга мадад берса, бас, у ҳолда ҳеч душман сизларга ғалаба қилолмайди. Ва агар Аллоҳ таоло ёрдам бермасдан сизларни (ўз ҳолингизга) ташлаб қўйса, сизларга ким ҳам ёрдам берарди? (Ҳеч ким ёрдам беролмайди). Бас, мўъминлар ҳар бир ишларида Аллоҳ таолога такя қилишлари керак.
161. Расулуллоҳнинг баъзи хешлари (қариндошлари) ғанимат моли тепасида Расулуллоҳдан илтимос қилар эдиларки: «/анимат молидан ҳақимиздан ортиқроқ берсангиз». Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб айтдики: «/анимат молига хиёнат қилиш, хусусан, набийларга лойиқ эмас. Ҳар кимки ғанимат молига хиёнат қилар экан, Қиёмат куни хиёнат қилган ғанимат молини бўйнига ортган ҳолда маҳшаргоҳда ҳозир бўлади. Сўнгра ҳар бир қилган амалига мувофиқ жазо берилади. Жазодан зарра ҳам кам қилинмайди».
162-163. /аниматга хиёнат қилмасдан Худонинг розилигини истаган шахслар ғаниматга хиёнат қилиб Худонинг ғазабига учраганлар билан баробар бўладиларми? Йўқ ҳаргиз баробар бўлмайдилар. Хоинларнинг жойи жаҳаннам, уларнинг борадиган жойлари кўп ёмон жойдир. Худонинг ризосига тобеъ бўлган кишиларга Худонинг наздида улуғ мартабалар бордир. Аллоҳ бандаларининг қилган амалларига донодир ва бинодир.
164. Ҳақиқатдан, Аллоҳ таоло мўъминларга ўз жамоаларидан расул, яъни пайғамбар юбориб, улуғ эҳсон қилди. (Пайғамбар) буларга Худонинг оятларини тиловат қилиб беради, буларни ёмон ахлоқлардан тозалайди, буларга Қуръонни таълим беради, ҳалол ва ҳаромни билдиради. Бу бандалар расул келмасдан аввал гумроҳ эдилар.
165-167. Эй мўъминлар, Уҳуд урушида сизларга мусибатлар ва жароҳатлар етган бўлса, (сизлар ҳам) Бадр урушида шунинг баробарида, шу хилда кофирларга мусибат етказдиларинг. Бас, сизлар бу мусибатларга сабр қилишларинг керак. «Бизга бу мусибат қаердан келди?»-деб айтасизлар. Эй Муҳаммад, буларга: «Ўз қилмишларингиздан келди, чунки амрни бажо келтирмадинглар», деб жавоб бер. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Жанг кунларида сизларга етган ҳар бир жароҳат ва мусибатлар Худонинг амри билан бўлди. Токи мўъминлар мунофиқлардан ажралсин. Вақтики мунофиқларга: «Келинглар, Худо йўлида жанг қилинглар ёки мудофаа қилинглар»,-деб айтилганда, айтадиларки: «Агар бизлар жанг бўлишини ҳақиқий билганимизда ҳар қалай сизларга иттибоъ қилган (эргашган) бўлар эдик. Биз Муҳаммад ўз қариндошлари билан сулҳ қилади, деб ўйладик ва сизлар ҳам бизнинг маслаҳатимизга бормадингиз». Бу мунофиқлар мусулмонларни майдонда ташлаб кетиб, аҳли иймондан узоқ бўлиб, аҳли куфрга ёрдам бердилар. Булар дилларида йўқ  нарсани оғизлари билан айтадилар, чунки дилларида мусулмонларга ёрдам бериш йўқ эди. Лекин оғизларида: «Биз сизлар билан биргамиз», дер эдилар. Лекин Аллоҳ таоло буларнинг дилларида яширинган нифоқларига донодир.
168. Урушга бормай ўтириб қолган мунофиқлар дўстларининг шаънига айтар эдиларки: «Агар бу дўстларимиз бизнинг сўзимизга кириб, урушга бормаганларида эди, қатл бўлмас эдилар». Эй Муҳаммад уларга айтгин: «Агар сизлар ростгўй бўлсаларинг ўзларингга келган ажални қайтариб кўрингларчи?!».
169-172. Эй мўъминлар, Худонинг йўлида шаҳид бўлганларни ўликлар, деб, гумон қилманглар. Балки булар Парвардигорнинг наздида тирик, доимий ҳаётга етганлардир. Худо тарафидан ризқ муқаррар қилингандир.  Худонинг ато қилган марҳаматига хурсандлар. Буларнинг орқасидан келиб лоҳиқ бўлмаган (улашмаган, етишмаган) мўъминларга: «Бу зотлар ҳам яқинда шаҳид бўлиб, бизга ато қилинган нозу неъматга шерик бўладилар»,-деб башорат қиладилар ва хурсанд бўладилар. Қиёмат куни бу бандаларга ҳеч қандай хавф ва андуҳ йўқ. Булар яна Худо тарафидан берилган зиёда неъматларга ҳамда Худо ва расулининг ҳукмини бажо келтирган мўъминларнинг ажрини Аллоҳ таоло зое қилмаслигига хурсандлик қиладилар. Шундай жароҳатлар етгандан кейин ҳам аҳдларига вафо қилиб, яхши амал қилган зотларга ва Худонинг азобидан қўрққанларга улуғ ажр бордир.
173-174. Худо ва Расулига ижобат қилганлар шундай зотлар эдиларки, буларга Маккадан тижорат тариқасида келган баъзи мушриклар айтдиларки: «Макка мушриклари сизлар билан яна жанг қилиш учун кўп лашкар йиғиб келмоқдалар, бас, қўрқинглар. Буларнинг жанггига борманглар». Кофирларнинг сўзлари мўъминларнинг иймонларини яна ҳам зиёда қилди. Улар кофирларга жавоб бердиларки: «Бизга ёрдам берувчи Аллоҳ таоло етади (кифоя қилади), Аллоҳ таоло бандаларнинг ишларига ўзи вакилдир». Бас, бовужуд жароҳатлари бўлса ҳам шу ҳолда душман тарафига равона бўлдилар. Кофирлар мусулмонларнинг келишларини эшитиб дилларига қўрқинч тушиб, орқаларига қараб қочдилар. Бас, мусулмонлар бу сафарларида тоғдаги қабилалар билан тижорат қилиб, кўп фойдаланиб ҳеч қандай машаққат тортмай ва зиён кўрмай, Худо ва Расулини рози қилиб, уйларига қайтдилар. Аллоҳ таоло улуғ карам соҳибидир.
175. Мана шу шайтон шундай муомала қилиб (васваса солиб), ўз сўзига итоат қилувчи дўстларини қўрқитади. Шундай қилиб мунофиқларни урушлардан қолдиради. Эй мўъминлар, агар ҳақиқатда мўъмин бўлсаларинг шайтон сўзига кириб кофирлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар.
176-177. Эй Муҳаммад, бу мунофиқларнинг куфр аҳлига ёрдам беришлари сени ғамгин қилмасин. Чунки буларнинг бу ҳаракатлари Худонинг ҳукмига ҳеч қандай зарар етказолмайди. (Фақат) Аллоҳ таоло Қиёмат куни буларга бирон насиба бўлмаслигини хоҳлайди, балки Қиёмат куни буларга улуғ азоб бордир. Иймон ўрнига куфрни ихтиёр қилган жамоалар Аллоҳ таолонинг иродасига ҳеч қандай зарар етказолмаслар. Қиёмат куни буларга аламли азоб муқаррардир.
178. Кофирлар Биз уларга азоб бермасдан муҳлат бериб қўйганимизни нафсларига яхшилик деб ўйлаб гумон қилмасинлар. Биз уларга то гуноҳлари зиёда бўлсин, деб муҳлат берамиз. Қиёмат куни буларга хор қилувчи азоб муҳайёдир.
179. Эй мунофиқлар, Аллоҳ таоло мўъминларни сизларнинг таъналарингга  ва айбларингга мувофиқ қилиб ташлаб қўймайди. Балки, мухлис (ихлосли) мўъминларни дунё ва охиратда саодатманд қилиб, сизларга ўхшаш хабис (жирканч, тубан) мунофиқлардан жудо қилади. Бу ҳол Аллоҳ таоло муқаррар қилган сирдир. Аллоҳ таоло сизларни ғайбни билишга қодир қилмади. Бу сирни билмайсизлар. Аллоҳ таоло пайғамбарликка бандаларнинг ичидан хоҳлаганини саралаб (танлаб) олади. Бас, Худога ва Расулига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсаларинг мунофиқлардан парҳез қилсаларинг, Қиёмат куни сизларга Худо тарафидан улуғ ажр муқаррар бўлади.
180. Парвардигорнинг фазл ва карами билан берган молларига бахиллик қилувчилар бу бахилликлари яхшилик келтиради, деб ўйламасинлар, ёмонлик келтиради. Қиёмат бўлганда буларнинг бахиллик билан йиққан моллари илон суратида бўйинларига ҳалқа бўлиб ўралади. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда ҳам шундай хабар берганлар: «Ер ва осмоннинг мероси Худоникидир, охир Худога қолади. Вақтики шундай экан Худонинг молига бахиллик қилиш жоиз эмасдир. Аллоҳ таоло нима амал қилсаларинг доно ва хабардордир».
181-182. Вақтики, . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  . . . . . . . . . «Худога ким қарзи ҳасана беради» ояти нозил бўлганда, жуҳудлар масхара қилиб: «Худо биздан қарз сўраяпти, Худо муҳтож экан, бизлар бойдирмиз»,-деб айтган эканлар. Аллоҳ таоло буларнинг жавобига айтди: «Аллоҳ таоло фақир ва муҳтождир, бизлар бойлармиз»,-деб айтган ўша яҳудийларнинг сўзини эшитди. Биз бу айтган сўзларини тезлик билан ёзамиз, анбиёларни ноҳақ ўлдирганларини ҳам ёзиб қўямиз. Қиёмат куни буларга айтамизки: «Айтган сўзларингизнинг бадалига қаттиқ куйдирадиган азобни тортинглар. Бу азоб сизларнинг илгари касб қилган амалларингиз эвазигадир. Албатта Аллоҳ таоло бандаларни ноҳақ азоблаб зулм қилмайди».
183-184. Яна Аллоҳ таоло ўша яҳудийларнинг: «Аллоҳ таоло биздан ҳеч бир пайғамбарга иймон келтирмаслигимиз тўғрисида аҳд-паймон олган. Қачонки, у пайғамбар қурбонлик қилади, осмондан ўт келиб қурбонлигини куйдиради, сўнгра унга иймон келтирамиз»,-деган сўзларини эшитди. Эй Муҳаммад, буларга айтгин: “Мендан олдин сизларга пайғамбар келган эди. Шу талаб қилган мўъжизаларингни бажарган эди. Масалан, Закариё ва Яҳё алайҳиссалом. Бас, агар сизлар ўз сўзларингда ростгўй бўлсаларинг нима учун бу зотларни ўлдирдинглар. Бас, агар яҳудийлар сени такзиб (ёлғончи) қилсалар малул (ғамгин) бўлмагин. Улар сендан аввал ўтган пайғамбарларни ҳам такзиб қилганлар. Пайғамбарлар мўъжизалар, ҳалол ва ҳаромни равшан баён қилувчи китоблар олиб келган эдилар. Шуларга қарамасдан уларни такзиб қилдилар.
185-186. Ҳар бир нафс ўлимнинг шарбатини тотувчидир. Албатта сизлар қилган амалларингизнинг ажрини кўрасизлар. Ҳар кимки дўзах ўтидан узоқ қилинса ва жаннатга дохил қилинса, бас у нажот топди ва мақсадига етди. Бу дунёнинг ҳаёти омонат, магар одамга фириб берувчи (алдовчи) матодир. Аллоҳга қасамки сизлар молларингизнинг зоеъ бўлиши, нафсларингни турли-туман касалга мубтало бўлишлиги ва яна аҳли китоблардан ва мушриклардан кўп азиятлар чекиш билан синаласизлар. Агар сизлар шу мусибатларга ва азиятларга сабр қилсаларинг, интиқом олишдан парҳез қилсаларинг, бу сабр ва тақволаринг сизларни дин ишида мустаҳкам эканликларингиз нишонасидандир.
187. Эй Муҳаммад, ўша воқеани ёд қилгилки, Худои таоло Таврот уламоларидан Тавротда бор мазмунни халққа баён қилишлари, Муҳаммад алайҳиссаломнинг наътларини (сифатларини) яширмасликлари ҳақида аҳд-паймон олди. Бу яҳудийлар аҳд-паймонга амал қилмасдан орқаларига ташладилар. Бунинг бадалига озгина дунё моли ҳосил қилдилар. Бу моллари кўп ёмондир, Қиёмат куни азобга сабаб бўлади.
188-189. Эй Муҳаммад, у мунофиқлар нотўғри қилган ишларига хурсандлик қиладилар ва қилмаган ишларига мақтовни умид қиладилар. Булар азобдан нажот топдилар деб ўйламагин. Худои таоло буларга оғир азобни муҳайё қилгандир. Осмон мулки ва ер мулки Худоникидир. Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қудрати етади.
190-194. Албатта Парвардигор (томонидан) ер ва осмоннинг халқ қилинишида, кеча ва кундузнинг бирин-кетин ҳаракат қилишида Парвардигорнинг бор ва бирлигига оқиллар учун далиллар бордир. Бу оқилларнинг сифатлари шундан иборатдирки, Худони ўтирган ҳолда, тик турган ҳолда ва ёнбошлаган ҳолда ёд қиладилар. Ер ва осмоннинг яратилиши ҳақида тафаккур қилиб, Худонинг борлигига далил қилиб келтирадилар. Худонинг даргоҳига зори ва тазарруъ қилиб айтадиларки: «Эй Парвардигор, сен бу махлуқотни беҳуда халқ қилганинг йўқ. Сен ҳамма нуқсонлардан покдирсан. Лутф ва марҳаматинг билан бизларни дўзах азобидан сақлагин. Эй Парвадигор, сен кимни дўзахга дохил қилсанг, бас албатта уни маҳшаргоҳда хор ва расво қилурсан. Золимларнинг мададкорлари бўлмас. Эй Парвардигоримиз, биз: «Парвардигорингизга иймон келтиринглар»,-деб даъват қилган (Пайғамбар)нинг ниосини эшитдик. Кейин биз иймон келтирдик. «Энди эй Парвардигор, гуноҳларимизни мағфират қил ва ёмонликларимизни маҳв қил! Бизга яхшилар билан ўлим насиб қил! Эй Парвардигор, бизга Расулларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни бергин! Қиёмат куни бизни расво қилма! Батаҳқиқ сен ваъдага хилоф қилмассан!»
195. Бас, Аллоҳ таоло буларнинг дуоларини ижобат қилди, яна айтдики: «Сизлардан хотин ё эркак яхши амал қилса, амалларини зое қилмасман. Сизлардан баъзиларингиз баъзиларингиздан туғилгансизлар. Ҳаммаларинг бир отанинг фарзандисизлар. Қайси қабила бўлсин, яхши амал қилса, ажрини бераман. Ўз ихтиёрларича ҳижрат қилган гуруҳлар, мажбуран ўз диёрларидан чиқарилганлар, менинг йўлимда озор тортганлар ва мушриклар билан бўлган жангда шаҳид бўлганларнинг, албатта, гуноҳларини мағфират қиламан. Остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатга киргизаман». Бу ҳаммаси Худо тарафидан буларга қилинган марҳаматдир. Чунки Аллоҳнинг наздида тоат қилувчиларга яхши мукофотлар бордир.
196-198. Эй Муҳаммад, бу кофирларнинг тижорат билан шаҳарларга бориб келиб фойда қилганлари сени алдамасин ва афсуслантирмасин. Бу кофирларнинг фойдалари озгина роҳатдир. Бас, буларнинг жойлари жаҳаннамдир. Жаҳаннам кўп ёмон жойдир. Лекин аҳли тақволарга ҳамиша роҳат учун остидан анҳорлар оқиб турган Жаннат муҳайё қилингандир. Булар бу жаннатда доимий қоладилар, роҳатлари ҳам тугамасдир. Худо тарафидан бу нозу наъим (неъматлар) муттақийларнинг зиёфати учундир. Албатта неккорларга (яхши амал қилувчиларга) Худо наздида нозу неъматлар дунё нозу неъматларидан яхшироқдир.
199. Албатта баъзи аҳли китоблардан шундай зотлар борки Худога, сенга нозил қилинган Қуръонга ва ўзларига нозил қилинган китобларга иймон келтирадилар, ҳамиша Худодан қўрқадилар, китобларидаги оятни (дунё манфаати учун) ўзгартирмайдилар. Шундай зотларга Худонинг наздида савоблар муқаррардир. Албатта Аллоҳ таоло буларнинг ҳисобларини тез ва енгил қилувчи Зотдир.
200. Эй мўъминлар, сабр қилинглар. Жангда собит қадам бўлинглар. Ҳамиша душман муқобилига тайёр бўлинглар. Худодан қўрқинглар. Шундай қилганларингда Қиёмат куни нажот топасизлар ва мақсадларингга етасизлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase