073. Музаммил сураси
- 654 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган. 10, 11 ва 20- оятларининг Мадинада нозил бўлганлиги ривоят қилинади. 20 оятдан иборат бу сура номи илк оятдаги «ал-музаммил» сўзидан олингандир. «Музаммил»-ўраниб олган маъносини билдиради.
Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман
1-10. Эй чодирга ўраниб ётувчи, кечада тургин ибодат қилгин, магар камроғида ухласанг ҳам майли. У кечанинг ярми ёки ундан камроқ ёки ярмидан зиёдароғида ухласанг ҳам майли. Қуръонни равшан тиловат қилгин. Биз яқинда сенга ваҳий орқАли (р.а.) оғир ҳукмлар юборамиз. Албатта кечаси туриб ибодат қилишлик нафсга машаққатдир. Аммо Қуръон ўқиш яхшидир. Кундуз куни сенга машғулот кўпдир. Кечаси дилингни ҳамма тарафдан узиб, Парвардигор тарафига мутаважжиҳ қилиб, Парвардигорингни зикр қилгин. У машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир. Барча ишларингни Унга топширгин. Кофирларнинг айтган сўзларига сабр қилгин. Улардан жанжал қилмасдан мулойимлик билан ажраш.
11-14. Давлатли мункирларни Менга қўйиб бер. Уларнинг ишини менга топшир ва уларга озгина муҳлат бер. Албатта Бизнинг наздимизда Дўзахда бўйнига соладиган занжирлар бор ва ёниб турган ўтлар бор, томоққа тиқиладиган овқатлар ва ҳам қаттиқ азоблар бордир. Қиёмат кунида ер изтиробга тушади, тоғлар чангиб кетган қумга айланади.
15-19. Эй Қурайш аҳли, сизларга ўзларингдан Пайғамбар юбордик. Қиёмат куни сизларнинг амалларингизга гувоҳ бўлади. Ҳудди Фиръавнга ҳазрат Мусони Пайғамбар қилиб юборган эдик. Бас, Фиръавн расулга осий бўлди. Бас, Биз уни қаттиқ азобга мубтало қилдик. Эй кофирлар, агар кофир бўлиб Қиёматга борсаларинг жонларингни ўша куннинг интиҳо даражадаги азобдан қандай сақлайсизлар. У куннинг даҳшати ёш болаларни мўйсафид (оқсоч)га айлантириб юборади. Осмон парчаланиб кетади. Парвардигорнинг ваъдаси албатта бўлади. Албатта бу сўзлар сизларга насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа, насиҳатга амал қилиб, Парвардигор тарафига йўл олади.
20. Албатта, Парвардигоринг биладики сен ибодатга кечанинг икки ҳиссасига яқин турасан, гоҳ ярмида турасан, гоҳ учдан бирида турасан. Бир тоифа мўъминлар ҳам сен билан бирга шундай қиладилар. Аллоҳ таоло кеча ва кундузнинг соатларини андоза қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло биладики сен кечанинг ҳаммасида туролмайсан. Энди сизларни кечирди ва сизларга енгил қилди. Қудратларинг етган миқдорда туринглар. Қуръондан ҳарча осон бўлса, ўқинглар. Аллоҳ таоло биладики, сизлардан касалларинг бор. Бир жамоа ер юзида сафар қиладилар. Сизлардан бир жамоаларинг Аллоҳнинг ризқини талаб қилиб, Худонинг йўлида жиҳод қиладилар. Бас, энди Қуръондан ҳарча имкон бўлса, шунча ўқинглар, намозни барпо қилинглар, закот беринглар ва Худога ихлос билан қарз (садақа) беринглар. Ҳар амалники қилсаларинг ўз нафсларингизнинг фойдаси учун охиратга юборасизлар. Худонинг наздида ажрини топасизлар. Сизларнинг шндай қилишларингиз яхши бўлар эди ва ажри ҳам улуғ бўлар эди. Аллоҳ таолодан гуноҳларингни кечиришини сўранглар. Албатта Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир.