close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

033. Аҳзоб сураси

Мадинада нозил бўлиб, 73 оятдан иборатдир. «Аҳзоб» ҳизбнинг кўплиги бўлиб, гуруҳ,жамоат, фирқа деган маъноларда келади. Ҳар кунлик одатланган дуолар тўплами ва ҳамда Қуръон жузъининг тўртдан бири ҳам ҳизб деб аталади.  Бу сурада мусулмонларга қарши урушиш учун бирлашган араб қабилалари ҳақида сўз кетганлиги учун бу ном берилган. (Ривоятга кўра бир тўп ҳаддан ошган (ileri gelen) мушриклар Уҳуд жангидан кейин Мадинага келиб, мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ бин Убай уйига меҳмон бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссалом буларга ўзлари билан кўришиш учун амн,хавфсизлик берганлар. Бу кўришишда Расулуллоҳ  алайҳиссаломга: Сен бизнинг ибодат қилаётган нарсаларимизни камситишдан воз кеч. Улар манфаат келтира оладилар, шафоат қиладилар деб айтгин, кейин биз ҳам сени ўз Роббинг билан омонда қолдирайлик дедилар. У ердаги мусулмонларнинг юраклари сиқилди, уларни ўлдирмоқчи бўлдилар. Бунинг устига  берилган амн ваъдаларини бузишда Аллоҳдан қўрқишларини ва кофирлар ва мунофиқлар сўзига бўйин эгмасликларини мўминлардан истаб,Расулуллоҳ алайҳиссалом шахсиятидан (номидан) биринчи оят нозил бўлди.)

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-3. Эй Пайғамбар, сен Худодан қўрққан. Кофирларни ҳукмларига итоат қилма! Шубҳасиз Аллоҳ уларнинг дилларидан хабардор ва ҳукм қилгувчи зотдир. Эй Муҳаммад (САВ), Парвардигоринг тарафидан келган ваҳийга итоат эт! Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг қилган амалларингиздан бохабар. Эй Муҳаммад (САВ), ҳар бир ишингда Аллоҳга таваккул қил! Сенга Парвардигоринг ваколати кифоя қилади.

4-6. Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг ичида бир дил яратган, икки дил яратмаган. Шунинг учун ният ҳам бир бўлиши керак. Ва муҳаббат ҳам битта бўлиши керак. Ва ҳам хотинларингни зиҳор қилиб, оналаринга ўхшатасизлар. Уларни Худойи таоло она қилиб бермаган ва Парвардигор ўғилхонларингизни (асраб олган ўғлингизни) ҳақиқий ўғил қилмаган, бу сўзлар фақат ўз оғизларингиздан содир бўлди. Аллоҳ таоло сизларга ҳақ сўзни айтади ва тўғри йўлни кўрсатади. Ўғилхонларингиз (яъни асранди фарзандларингиз)ни чақирганда ҳақиқий оталарига нисбат беринглар. Бу Аллоҳ наздида тўғридир. Бас, агар оталарини билмасангиз «эй биродар» деб хитоб қилингизлар, чунки динда биродар, дўстсизлар. Ёки «эй мавло» деб хитоб қилинг. Ибтидо Исломда Он Ҳазрат (САВ) Зайд бин Ҳориса (р.а.)ни озод қилиб, ўғил қилиб олган эдилар. Андин ҳамма ул жанобни «Зайд бин Муҳаммад» дер эди. Кейин бу оят тушгандан сўнг ҳамма «Зайд бин Ҳориса» дейдиган бўлдилар. Сизларнинг илгари хато қилиб сўзлаган сўзларингизда ҳеч гуноҳ йўқ. Лекин дилларингиз билан қасддан айтсаларингиз, гуноҳ бўлади. Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирувчи ва меҳрибондир. Пайғамбар (САВ) мўъминларга ўз нафсларидан ҳам яқинроқдир ва ҳар бир ишларини тасарруф қилувчи Зот. Пайғамбар (САВ)нинг хотинлари мўъминларнинг оналаридир. Қариндошлар мерос олмоқда баъзилари баъзиларидан маййитга яқинроқдирлар, Қуръоннинг мерос оятларида ёзилгандир. Бошқа бегона мўъминлардан, муҳожирлардан, магарки васият тариқасида баъзи дўстларингизга муқаррар қилсангиз (жоиз). Бу ҳукмлар ҳаммаси Лавҳул Маҳфузда ёзилгандир.

7-8. Ёд қил эй Муҳаммад, ўша пайғамбарлардан мийсоқ олдик, шу ҳақдаки, Аллоҳнинг ҳукмини бандаларга етказадилар, уларга насиҳат қиладилар, Худонинг азобидан қўрқитадилар. Эй Муҳаммад, сендан ҳам аҳд-мийсоқ олдик, Нуҳдан ҳам, Иброҳимдан ҳам, Мусодан ва Исо ибн Марйамдан, буларнинг ҳаммаларидан қасам бирла аҳду паймон олдик, токи Парвардигор мўъмин бандаларини умматга қилган садақотлари тўғрисида, уларни инкор ёки иқрор қилганлари ҳақида сўроқ-савол қилади. Аллоҳ таоло кофирлар учун аламнок азобни муҳайё қилган.

9-12. Эй мўъминлар, сизларга Худо ато қилган неъматини ёд қилинг! Хандақ уруши вақтида кофирларнинг лашкарлари сизларга ҳужум қилиб келди. Бас, биз уларнинг тепасидан совуқ шамолни юргиздик, сизларни ёрдамларингиз учун лашкар юбордик, сизлар ул лашкарни кўрмас эдинглар. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингизга донодир. Қачонки, кофирларнинг лашкари юқоридан ҳам, пастдан ҳам ҳужум қилиб келди. У вақтда қўрқувдан кўзлар хира бўлди, диллар томоғларга тиқилди. Худонинг шаънига ҳар хил гумонлар қилар эдиларинг. У жойда мўъминлар оғир мусибатга мубтало эдилар ва изтиробга тушиб қолган эдилар. У вақтда мунофиқлар ва ҳам у одамларики, дилларида мараз бор, айтар эдилар: «Худо ва расулнинг бизга қилган ваъдалари фирибдан бошқа нарса эмас».

13-16. Эй Муҳаммад, фикр қил ўша вақтники, мунофиқлардан бир жамоаси Хандақ урушида Мадина аҳлига иғвогарлик билан айтадиларки, «эй Мадина аҳли, сизларни бу жойда таваққуф қилишингизнинг ҳеч кераги йўқдир, ўз манзилларингизга қайтинглар». Булардан бир фирқаси пайғамбардан рухсат сўраб, айтар эдиларки, «уйлармиз холи қолган, агар душман ҳужум қилса, мухофазат қиладиган одам йўқ». Ҳақиқатда бу мунофиқлар ёлғон айтадилар. Уйлари холи эмас, ҳар тарафдан махфуздир. Булар шу ҳийла билан қочишни истайдилар. Агар буларнинг тепасига ҳар тарафдан душманлар кириб ҳужум қилса, сўнгра булардан душманлар Мадинада фитна қилишни сўрар экан ва кофирлар билан мутаффақ (иттифоқ) бўлишни талаб қилар эканлар, бу мунофиқлар кофирларнинг талабини фавран бажо келтирадилар. Бу мунофиқлар бу фитнани чиқаришдан тўхтаб турмайдилар, магар озгиналари инсофга келсалар, эҳтимол. Бундан илгари Уҳуд урушида «Бундан кейин урушдан қочмаймиз», - деб ваъда берган эдилар. Айт эй Муҳаммад, бу мунофиқларга, ўлимдан ёки қатл (ўлдирилиш)дан қочмоқлик сизларга фойда бермайди. Агар тирик қолсаларингиз ҳам дунёда камроқ маишат қиласизлар.

17-19. Эй Муҳаммад (САВ), мунофиқларга айт: «Агар сизларга Худои таоло балони истаса ёки меҳрибонлик хоҳласа. Ким манъ қила олади? Худо бандасига ҳар не хоҳласа қодир». Булар ўзлари учун Худодан бошқа ёрдамчи топа олмайдилар. Аллоҳ таоло сизларнинг ичларингдан иғво қилиб жиҳоддан қайтарувчиларни, ўзининг дўстларини чақириб, сизларга ёрдам беришдан қолдирувчиларни яхши билади. Бу мунофиқлардан кўплари урушга ҳозир бўлмайди, магар озгиналари сизларга ёрдам беришдан ёрдамларини аямайди, яъни ўлжа умидида. Вақтики, душман тарафидан хавф келиб қолса, кўрасан: буларнинг кўзлари ола-була бўлиб, қўрққанларидан монанди ўлган одамни аҳволига ўхшаб қоладилар. Вақтики, уруш тамом бўлса, ғанимат молига бахиллик (ўчлик) қилиб, сизлар билан тиллари узун бўлиб жанжал қиладилар. Буларнинг ҳақиқатда иймонлари йўқ. Қилган амаллари Худои таоло бекор қилган. Аллоҳ таолога бу иш осондир.

20. Мунофиқлар ҳаёл қиладиларки, кофирларнинг лашкари Мадина атрофидан ҳануз кетгани йўқ. Бовужуд кофирларнинг аскарлари Мадина атрофидан қочиб кетган эди. Мунофиқлар қўрқоқликларидан, кофирларни кетмади, деб гумон қилар эдилар. Агар кофирларнинг лашкари Мадинага қайтиб ҳужум қилсалар, мунофиқлар хоҳлар эдиларки, «бизлар Мадинада эмас, кошки саҳрода бўлсак эди, урушни кўрмаган бўлар эдик». Мусулмонларнинг аҳволини, кофирларнинг аҳволларини бир-биридан сўраб-суриштирадилар. Гарчанд сизларнинг ичларингда бўлсаларда, урушга аралашмайдилар, магар озгиналари, ул ҳам бўлса ғанимат молини олиш учун.

21-24. Албатта, сизларнинг итоат қилишларингиз учун Расулуллоҳ (САВ)нинг зоти муборакларида яхши хислатлар бор. Сизларга лозим шуки, Расулуллоҳ (САВ) га эргашинглар. Ва ҳам Худонинг ризосини истаганлар қиёмат куни(нинг) яхшиликларидан умид қилганлар ва Худони кўп зикр қилувчи кишилар, Расулуллоҳ (САВ)нинг суннатларига иқтидо қилишлари керак. Расулуллоҳ Аҳзоб урушидан хабар берган ва бу урушда мўъминларга фатҳ ва зафар бўлади деб ваъда қилган бир вақтда кофирларнинг лашкари зоҳир бўлди. Мўъминлар ўз кўзлари билан кўрганларида айтадилар: «Бу лашкар Худо ва расули бизга ваъда қилган лашкардир. Албатта Худо ва расули ўз ваъдасида содиқдир, вафо қилади». Бу кофирларнинг ҳужум қилмоқликлари мўъминларнинг иймонларини зиёда қилади ва итоатларини мустаҳкам қилди. Мўъминлардан шундоғ одамлар борки, Худога қилган ваъдаларига вафо қиладилар. Булардан баъзилари жон ва молларини Худонинг ризоси учун фидо қилиб, шаҳид бўлиб кетдилар. Булардан баъзилари мунтазир бўлиб турибдилар. Бу зотлар ўзларининг қилган аҳдларини бузмайдилар. Парвардигорнинг жиҳод учун қилган ҳукмларидан боис шуки, содиқ мўъминлар билан мунофиқлар ажралсин. Худойи таоло қиёмат куни содиқ мўъминларга яхши савоблар беради. Агар хоҳласа, мунофиқларни азоб қилади, агар тавба қилсалар, тавбаларини қабул қилади. Аллоҳ таоло шубҳасиз, гуноҳкорларнинг гуноҳини кечирувчи ва меҳрибондир.

25-27. Кофирлар бу урушларида ҳеч мақсадларига етмайдилар. Дилларида ниҳоятда аччиқланиб, ғамгин бўлган ҳолларида Худойи таоло мусулмонларнинг тепасидан буларни дафъ қилди. Шу билан бу урушдан мўъминларга нажот берди. Аллоҳ таоло ўз феълида ғолиб ва қудратлидир. Аҳли китоблардан Бани Қурайза қабиласи мушрикларга ёрдам берган эди. Расулуллоҳга қилган аҳдларини синдирган эдилар. Ҳаммаларини Аллоҳ таоло мустаҳкам қалъаларидан туширди, дилларига мусулмонлар тарафидан хавф солди. Ҳаммалари таслим бўлдилар. Бир фирқасини ўлдирдиларинг ва хотинларини ва авлодларини асир қилдиларинг. Сизларни тасарруфларингизда бўлмаган ерларни, уйларни ва мол-ҳолларни Парвардигор сизларга меърос қилиб берди. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир.

28-30. Қачонки, аҳли аёллари Расулуллоҳ (САВ)дан ортиқча дунё матоларидан яхши киймоқ ва яхши емоқни талаб қилдилар, бу оят нозил бўлди. Эй Пайғамбар, хотинларинга айт: «Агар сизлар мендан дунёнинг зийнатини ва яхши маишатини талаб қилар экансизлар, мен бунга қодир эмасман. Энди сизларга айтаманки, келинглар, мен сизларни яхшилик билан йўлларингни очиб, руҳсат берай, токи сизлар ўзларинг учун давлатлик одамларни ихтиёр қиларсизлар. Сизлар Худонинг ризосини хоҳласаларинг, пайғамбар (САВ)нинг хушнудлигини истасаларинг, охиратнинг нозу неъматларини хоҳласаларинг, бас, Аллоҳ таоло сизларни бу яхши ниятларинг учун қиёмат куни улуғ савоб ато қилади ва жаннатнинг нозу неъматларини муҳайё қилиб қўйган». Эй пайғамбарнинг хотинлари, сизлардан ҳар кимки ёмон иш қилса, зоҳиран бадкорликка юрса, Худойи таоло унга бошқа хотинларга нисбатан икки баробар азоб беради, чунки сизлар пайғамбарнинг хотинларисиз. Бу иш Худога осондир.

31. Агар сизлардан ҳар қайсиларинг Худонинг ҳукмига итоат қилиб, расулни хурсанд этса ва яхши амал қилса, унга савобни икки мартаба берамиз ва жаннатда унинг учун нозу наъимларни муҳайё қилганмиз.

32-34. Эй пайғамбарнинг хотинлари, сизлар бошқа хотинларга ўхшаган эмассиз. Агар ҳақиқатда Худодан қўрқсаларинг, эркакларга мулойим сўзламанглар. Агар мулойим сўзласаларинг, қалбида марази бор фосид одамлар сизлардан тамаъ қилиб қоладилар. Гапирганларингда ҳаё билан шаръий гап сўзланг, уйларингда қарор олиб ўлтиринглар. Исломдан илгариги жоҳилият хотинларига ўхшаган кўчаларда эркакларга ўзларингни кўрсатиб юрманг. Вақтида намозларингни адо этинг ва закотларингни ҳақдорларга беринг! Худонинг ҳукмини бажаринг, Расул (САВ)нинг суннатига эргашинг. Аллоҳ таоло сизлардан гуноҳнинг палидлигини йўқ қилишни истайди. Эй пайғамбарнинг аҳли байти Аллоҳ таоло сизларни ёмон ишлардан пок қилишни истайди, уйларингда ўтириб, Худонинг оятларини, пайғамбар (САВ)нинг ҳикматлик сўзларини ёд қилинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бандаларга марҳаматли ва аҳволларидан хабардордир.

35. Албатта, эркак мусулмонлар ва мусулмон хотинлар ва мўъмин эркаклар ва мўъмина хотинлар, Худога тоат қилувчи эркаклар ва тоат қилувчи хотинлар, рост гапирувчи эркаклар ва рост гапирувчи хотинлар, сабр қилувчи эркаклар ва сабр қилувчи хотинлар, тавозеъ қилувчи эркаклар ва тавозеъ қилувчи хотинлар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи хотинлар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи хотинлар, ўз нафсини ҳаромдан сақловчи эркаклар ва ўз нафсини ҳаромдан сақловчи хотинлар, Худони ёд қилувчи эркаклар ва Худони ёд қилувчи хотинлар – Аллоҳ таоло буларнинг гуноҳларини кечирувчи ва буларга улуғ савоб ато қилувчидир.

36-37. Ҳеч бир мўъминга, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, бир ишга Худо ва Расул ҳукм қилгандан сўнг жоиз эмаски, ўз ишларида хоҳлаганларини ихтиёр қилсалар, балки Худо ва расулнинг ҳукмига итоат қилишлари керак. Ҳар кимки Худо ва расулига нофармончилик қилса, очиқдан очиқ гумроҳ бўлибди. Эй Муҳаммад (САВ), фикр қил ушбу сўзингники, айтар эдинг, Худо эҳсон қилиб Исломни насиб қилган одамга ва ҳам сен эҳсон қилиб озод қилган одам Зайд ибн Хориса (розияллоҳу таоло анҳу)гаки: «Хотинингни талоқ қилма, ўзингга сақла, Худодан қўрқ». Лекин дилингда бир фикрни маҳфий сақлар эдинг. Албатта Аллоҳ таоло уни ошкор қилувчидир. Сен ошкор қилишдан, мени маломат қиладилар, деб қўрқар эдинг, сенинг қўрқишлигинг учун Аллоҳ ҳақлидир. Қачонки, Зайд ўз хотинидан ишини битириб, жудо бўлди (ажралишди), сенга уни хотинликка олишга ҳукм қилдик, токи мўъминларга ўзларининг ўғилхонларининг хотинларини талоқ қилгандан сўнг олишга рухсат бўлсин. Албатта Худонинг ҳукми бажарилади.

38-39. Албатта пайғамбарга мубоҳ амалларни қилишликда Худо тарафидан ҳеч ҳарж йўқ. Бу одатиллоҳ илгари ўтган пайғамбарларга жорий бўлгандир. Худонинг амри муқаддар ва муқаррардир. Ўта хилоф қилмоқ жоиз эмас. У пайғамбарлар Худонинг ҳукмини бандаларга етказар ва Худодан қўрқар, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмас эдилар. Қиёмат куни бандаларнинг ҳисобини олмоқ учун Аллоҳ таоло етарлидир.

40-44. Муҳаммад алайҳиссалом сизлардан бировларингизга ота бўлмайди. (Зайд ибн Муҳаммад деманглар). Лекин у Худонинг ҳақ пайғамбари, анбиёларнинг охиридир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир. Эй мўъминлар, Худони кўп ёд қилинг! Эртаю кеч намоз ўқиб, унга тасбеҳ айтинг! Сизларга Аллоҳ таоло раҳмат юборади, малоикалар гуноҳларингизнинг авфини Аллоҳдан тилайдилар, токи Парвардигор сизларни куфрнинг зулматидан ва гуноҳнинг хабасотидан (ёмонлиги) чиқариб, иймон нурига дохил қилсин. Аллоҳ таоло мўъминларга меҳрибон Зотдир. Қиёмат куни мўъминлар Аллоҳга мулоқий бўлганларида Аллоҳ таоло тарфидан таҳиййат учун салом берилади. Аллоҳ таоло мўъминларга жаннатнинг нозу наъимларини муҳайё қилиб қўйган.

45-48. Эй пайғамбар, биз сени пайғамбар қилиб юбордик, Қиёмат куни умматларга шоҳид (гувоҳ) бўласан. Ва ҳам мўъминларга Худонинг раҳматидан башорат берасан, кофирларни Худонинг азобидан қўрқитасан. Ва Худонинг буйруғи билан бандаларни Аллоҳ томонига - ҳақ йўлга даъват қиласан. Ва ҳам нурли, равшан чироқ, яъни Қуръон билан халққа насиҳат қилувчи қилиб юбордик. Мўъминларга хушхабар қилки, қиёмат куни уларга Худо тарафидан улуғ марҳаматлар бўлади. Эй Муҳаммад, кофирларга ва мунофиқларга итоат этма! Уларнинг азиятларига парво ҳам қилма! Аллоҳ таолога таваккул қил қил! Сенинг ишларингга вакил бўлиш учун Аллоҳ етарлидир.

49. Эй мўъминлар, агар сизлар мўъмина аёлларни никоҳларингга олсаларинг, кейин хилватда бирга бўлмасдан туриб талоқ қилсаларинг сизларни тарафларингдан хотинлар устига ҳеч идда лозим бўлмайди. Агар маҳри бўлса, маҳрининг ярмини бериб юборинглар ва агар бўлмаса, бирор нарса бериб, рози қилиб юборинглар.

50. Эй пайғамбар, Биз сенга маҳрини бериб олган хотинларингни ва кофирлардан асир бўлиб тушган каниз (жория)ларни ҳалол қилдик. Ҳамда амакинг ва аммангнинг қизларини, тоғангнинг ва сен билан бирга ҳижрат қилиб келган холангнинг қизларини ва ўз нафсини ҳийба қилган (ўзини бағишлаган) мўъмина хотинларни, агар пайғамбар хоҳласа, уни никоҳ қилиб олишни ҳалол қилдик. Бу хилдаги ҳийба билан бешоҳид, бемаҳр ҳалол бўлмоқлиги фақат сенга хосдир, мўъминларга эмас. Биз, албатта, мўъминлар зиммасига хотинларининг никоҳида маҳр муқаррар қилдик ҳамда нафақа ва ўрталарида тақсимнинг лозимлиги тўрттага қадар олмоқлик ва ҳам сотиб олган канизларидан фойдаланишларини ҳалол қилдик, токи сенга ва мўъминларга ҳараж (танглик, қийинчилик) бўлмасин. Аллоҳ таоло бандаларнинг хатоларини кечирувчи ва уларга меҳрибондир.

51-52. Эй Муҳаммад, бу хотинларингдан хоҳлаганингни мавқуф қилиб (четлаб) қўйсанг ва хоҳлаганингни ўзингга яқин қилсанг ва мавқуф қилиб қўйган хотинлардан яна хоҳлаганингни ўзинга яқин қилсанг, сенга ҳеч хараж (тўсиқ) йўқдир. Буларни ўзинга яқин қилмоқлигинг хурсандликдан кўзларини равшан қилади. Ғамгин бўлмайдилар, ҳаммалари сенинг меҳрибончилигингга рози бўладилар. Аллоҳ таоло сизларнинг дилларингдаги сирларни билади. Аллоҳ таоло собир Зотдир. Эй Муҳаммад (САВ), бу хотинларингдан кейин сенга бошқа хотин олмоқ ҳалол эмасдир. Бу хотинларингни бошқа хотинларга бадал ҳам қилолмайсан, гарчи жамоллари сени мафтун қилса ҳам. Магар канизларингни қандоқ тасарруф қилсанг, ихтиёр ўзингда, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани сақловчидир.

53-54. Эй мўъминлар, пайғамбарнинг уйига беижозат кирманг, магар таом емоқ учун ижозат берилса, киринг. Пайғамбарнинг таомига мунтазир бўлиб турманг, лекин чақирилсаларинг боринглар. Қачонки, таом еганларингдан сўнг фавран тарқалиб кетинглар, узоқ гапиришиб ўтирманглар, бу қилган ишларинг Набий (а.с.) га озор тушади. Пайғамбар (а.с.) сизларни «Туриб кетинглар» дейишга ҳаё қилади. Аллоҳ таоло ҳақ ишдан ҳаё қилмайди. Агар сизлар пайғамбар (а.с.) нинг аёлларидан бирор нарсани сўрамоқчи бўлсаларинг, парданинг орқасида туриб сўранглар. Бу хислат сизларнинг дилларингизни тозалигига ва ҳам хотинларни дилларини тозалигига сабаб бўлади. Худонинг пайғамбарига озор бермоқ сизларга лойиқ эмас. Пайғамбардан кейин хотиларини олмоқликларинг ҳалол эмасдир. Бу хилда ишларинг Худонинг олдида оғир ҳисобланади. Агар бирор нарсани дилларингда сақласаларинг ё зоҳир қилсаларинг, Аллоҳга барчаси маълум. Чунки .Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

55. Хотинлар оталарига, ўғилларига, ака-укаларига ва уларнинг ўғилларига, сингилларининг ўғиларига ва бошқа хотинларга ҳамда сотиб олган қулларига рўбарў бўлганларида парда қилиб, ўзларини беркитмасалар гуноҳ йўқ. Эй хотинлар, бепарда (ҳижобсиз) юришдан Худодан қўрқинглар! Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага гувоҳ Зотдир.

56. Албатта Аллоҳ таоло ва унинг малоикалари пайғамбар (а.с.)га дуруд (саловот) юборадилар. Эй мўъминлар, сизлар ҳам пайғамбар (а.с.)га Худодан раҳмат сўранглар, ҳукмларига инқиёд қилинглар.

57-58. Албатта Худо ва расулни норизо қиладиган гуруҳларни дунё ва охиратда Аллоҳ таоло раҳматидан маҳрум қилади, қиёматда улар учун оғир азобни муҳайё қилиб қўйган. Мўъминларга ва мўъмина хотинларга ноҳақ азият берадиган зотлар ноҳақ бўхтонга муртакиб (бўхтонни зиммасига олган) бўлиб, очиқ гуноҳ қилганлардан бўлади.

59. Эй пайғамбар (САВ), хотинларингга, қизларинга ва бошқа мўъминларнинг хотинларига айт, бошларига чодра (ҳижоб, ёпинчиқ) солиб юрсинлар. Бу хислатлари ўзларини ҳурлик ва озодлик ҳамда покизаликларини билдиришга яқин(белги)дир. Кейин авбошлар (безори, саёқ) тарафидан озор берилмайдилар. Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибон Зотдир.

60-62. Агар мунофиқлар ўзларининг нифоқларидан қайтмасалар, дилларида мараз (шумлик) бор кимсалар, ёмон ишларини тўхтатмасалар ҳамда Мадинада мусулмонларнинг ҳақида ёмон сўзларни тарқатувчилар ўз амалларидан кечмасалар, албатта, сени буларнинг тепасига мусаллат (бош қилиб қўймоқ, қарши қўймоқ) қиламиз ва ҳаммаларини Мадинадан чиқаришга буюрамиз. Сўнгра булар Мадинада сенинг билан ҳамсоя (қўшни) бўлмайдилар. Магар андак замон булар Худонинг лаънатига гирифтор бўлгандирлар. Мадинадан чиқарилгандан кейин қаерда топилсалар, ушланиб ўлдириладилар. Илгари ўтган миллатларда Худонинг ҳукмидан юз ўгирганларни ўлдиришга ҳукм қилинар эди, Аллоҳ таолонинг суннатини табдил бўлганини (ўзгарганини) кўрмайсан.

63-68. Эй Муҳаммад (а.с.), сендан кофирлар «қиёмат қачон бўлади?» - деб сўрайдилар. Сен жавобига айт: «Қиёматнинг илми Парвардигорнинг наздидадир». Сенга ким хабар бердики, улар сендан сўрайди? Ажабмаски, қиёмат яқинда қоим бўлади. Аллоҳ таоло кофирларни ўзининг раҳматидан узоқ қилиб, улар учун дўзахни тайёрлаб қўйган, дўзахда ҳамиша ётадилар. Азобдан нажот берувчи ёру мададкор топмайдилар. Қачонки, кофирларнинг юзлари ўгирилса, дўзахда ҳасрат ва надомат бирла айтадилар: «Кошки Худога ибодат қилганимизда эди, кошки расулнинг ҳукмини бажо келтирганимизда эди, бу азобга мубтало бўлмас эдик». Уларнинг тобеълари айтадиларки: «Парвардигоро, биз у дунёда катта пешволаримизга итоат қилдик, шуларнинг йўлига юрдик, булар бизларни гумроҳ қилган эканлар. Энди Парвардигоро, буларга икки баробар азоб бер ўзингни раҳматингдан узоқ қил!»

69-71. Эй мўъминлар, яҳудларга ўхшаган бўлманг! Яҳудийлар, ҳазрати Мусога ҳамиша озор берар эдилар, ҳазрати Мусонинг шаъниларига ёмон туҳматлар қилардилар. Ҳақиқатда Парвардигор Мусони уларнинг қилган туҳматларидан пок қилган эди. Мусо (а.с.) Худонинг наздида мақбул банда эди. Эй мўъминлар, Худодан қўрқинглар, агар сўзласангиз рост сўзланглар. Агар шундай бўлсаларинг, Худойи таоло сизларнинг амалларингизни ислоҳ қилиб, қабул қилади, унга савоб ёзади. Гуноҳларингизни кечиради. Ҳар кимки Худо ва расулининг буйруғига итоат қилса, қиёмат куни улуғ мақсадга етади.

72-73. Биз омонатимизни, яъни таклифоти шариятни осмонга, ерга ва тоғларга арз қилдик, яъни шу омонатни қабул қилиб олишларини сўрадик. Улар бу омонатни кўтаришдан ожиз эканликларини изҳор қилдилар, бу омонатни бажо келтиришдан қўрқдилар. Лекин инсон қабул қилиб олди. Чунки инсон нодонлиги туфайли бу омонатни қабул қилиб, ўз нафсига зулм қилди. Бу Парвардигор тарафидан инсон учун оғир имтиҳон эди. Токи Парвардигор бу омонатни бажо келтирмаган мунофиқларни - хоҳ эркак, хоҳ хотин бўлсин, азоб қилади. Бу омонатни бажо келтирган мўъминларни - хоҳ эркак, хоҳ хотин бўлсин, раҳматига дохил қилади. Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини афв қилувчи ва меҳрибон Зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase