close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

031. Луқмон сураси

Маккада нозил бўлган. 27, 28, 29-оятларининг Мадинада нозил бўлганлиги ҳақида ривоят келтирилган. Ҳазрат Луқмон қиссаси келтирилганлиги учун шундай номланган.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-5. Алиф. Лом. Мим. Бу оятлар ҳикматли Қуръоннинг оятларидир. Бандаларни Парвардигор тарафига ҳидоят қилувчидир. Намозни ўз вақтида адо этган, Худо берган молларидан закот берган, охиратга иймон келтириб, ишонган – шу сифатларга эга бўлган зотлар Қиёмат куни дўзахдан нажот топадилар.

6-7. Худонинг бандаларидан шундай кишилар борки, беҳуда сўзларни пул сарф қилиб сотиб оладилар, бемаъни сафсата сўзларга машғул бўладилар, илмсизлик оқибатида Худонинг йўлидан адашиб, бошқаларни ҳам гумроҳ қилиш (адаштириш) учун уринадилар ва ҳам Худонинг каломини ва ҳақ динни масхара қиладилар. Қиёмат куни бундай одамларга қаттиқ азоблар берилади. Қачонки, буларга бизнинг оятлармиз тиловат қилинса, кибр билан юзларини ўгирадилар, гўёки қулоқларида карлик бор, эшитишни истамайдилар. Эй Муҳаммад, бундай одамларга Худонинг қаттиқ азобидан хабар бер!

8-9. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга Аллоҳ таоло тарафидан ноз ва наъимлик жаннатлар ато қилинади. Бу жаннатларда (улар) ҳамиша бўлурлар. Аллоҳ таолонинг ваъдалари ҳақдир, албатта вафо қилинади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан ғолиб ва феъллари (ишлари-ҳаракатлари) ҳикматлидир.

10-11. Аллоҳ таоло осмонларни устунсиз яратди. Сизлар муояна (аниқ-равшан) кўриб турибсизлар. Ерда токи сизларни изтиробга солиб, паришон қилмасин, деб тоғларни барпо қилди. Ер юзида ҳар хил жонзотлар халқ қилди. Биз осмондан сизларга ёмғирлар ёғдирдик, ерда ҳар турли фойдали гиёҳлар кўкартирдик - бу нарсаларнинг ҳаммаси Худонинг махлуқларидир. Худо уларни халқ қилган. Эй кофирлар бу нарсаларни Худодан бошқа ким халқ қилганини менга кўрсатингларчи? Энди ҳаддидан ошган кофирлар ошкора гумроҳликда (адашишда) собитдир. Бу нарсаларга иқрор қилмайдилар.

12-13. Биз Луқмонга ҳикмат ато қилдик. Унга, Аллоҳ таолонинг бу эҳсониги шукр қил, деб буюрдик. Ҳар кимки Аллоҳ таолога шукр айтар экан, албатта, ўз нафсининг фойдаси учун шукр қилади. Кимки Худойи таолонинг неъматларига шукр қилмаса, Аллоҳ таоло унинг шукридан мустағний (беҳожат) ва ҳамдга лойиқдир. Эй Муҳаммад, ёд қил, Луқмон ўз фарзандига насиҳат қилиб айтди: «Эй ўғлим, Худога ҳеч нарсани шерик қилма, чунки Худога ширк қилишлик улуғ гуноҳлардандир».

14-15. Биз инсонларни ота ва онасига яхшилик қилишга буюрдик, чунки чақалоқлигида онаси заифлик устига заифлик бўлган ҳолда қорнида кўтариб юрди, туғилгандан сўнгра икки йил эмишда давом этди. Биз инсонга: «Менга ва ҳам ота-онага (онанга) шукргузор бўл» деб буюрдик. Чунки мен сени йўқдан бор қилдим. Ота ва онанг сени тарбия қилди. Қиёмат куни мени ҳузуримга қайтасан. Агар сенга ота-онанг Аллоҳга ширк келтиришни буюрса ва ҳоланки бу тўғрида сенинг ҳеч бир илминг йўқ, шунда уларга итоат қилма! Балки уларга дунёда яхшилик қил ва хизматларини бажо келтир! Ва ҳам менга ружуъ қилган ва ҳидоят топганларнинг йўлларига тобеъ бўл, эргаш! Қиёмат куни ҳаммангиз менинг ҳузуримда ҳозир бўласиз. Сўнгра мен сизларни қилган амалларингиздан огоҳлантираман.

16-19. Луқмон айтди: «Эй ўғлим, агар инсондан содир бўлган амал ниҳоятда хақир, майда, яъни хардал донасидан ҳам кичикроқ бўлса-да, тошни тагида бўлса ё осмонда бўлса ёки ерни остида бўлсин, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳозир қилади, ундан ҳисоб олади. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага меҳрибон ва ҳар нарсани билувчи, ҳар нарсадан хабардордир. Эй ўғлим, намозни ўз вақтида адо эт, бошқаларни яхши ишга амр қил ва ёмон ишлардан қайтар! Бошингга етган кулфатларга сабр қил! Албатта мусибатларга сабр қилиш кўп аҳамиятли, фазилатли ишлардандир. Юзингни кибр билан халқдан ўгирма ва кибр билан ерга қадам қўйма! Аллоҳ таоло мақтанчоқ-мутакаббирни дўст тутмайди. Эй ўғлим, юрганингда ўртамиёна қадам ташла, овоз қилсанг паст овоз қил, кўчаларда бақирма, чунки овозларнинг ёмони эшшакнинг овозидир!»

20-21. Аллоҳ осмондаги ой ва кунларни ва ер юзидаги хайвонларни сизларга мусаххар қилганини, сизларга зоҳир ва ботин неъматларни ато қилганини кўрмайсизларми?! Баъзи кофирлар Парвардигорнинг неъматларига шукр қилмасдан Худо тўғрисида жаҳолат билан жанжал қиладилар. Булар Худо тарафидан ҳидоят топмайдилар ва на равшан ва зоҳир китоблари бордир. Бу кофирларга насиҳат қилиб, Аллоҳ таоло нозил қилган китобга тобеъ бўлинглар, дейилса. Улар: «Ота-боболаримизни қайси йўлда топган бўлсак, шу йўлга тобеъ бўламиз», дейдилар. Агар шайтон буларни дўзах азоби томон чақирса, шайтоннинг орқасидан ҳам эргашадиларми?

22. Ҳар кимки, Худонинг фармонига итоат қилиб, Худо тарафига мутаважжиҳ бўлса (юзланиб), доимо яхши амаллар қилса, бас у одам мустаҳкам халқани ушлабди. Ҳар бир халқанинг оқибати Парвардигор тарафига ружуъ қилади (қайтади).

23-26. Ҳар кимки кофир бўлса, унинг куфри сени ғамгин қилмасин, уларнинг келадиган жойлари ҳузурмиздир. Кейин биз, уларни қилган амалларидан хабардор қиламиз. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло диллардаги сирларни билади. Биз кофирларни дунёдан озгина фойдалантирамиз. Сўнгра буларни хор қилиб, дўзахнинг қаттиқ азоби тарафига тортамиз. Агар кофирлардан «Еру осмонни ким яратган?» - деб сўрасанг, «Албатта Аллоҳ яратган» - деб айтадилар. Сен айт «Худога шукрки, бунга иқрор экансизлар». Балки кўплари иқрор қилганларини билмайдилар. Осмондаги ва ердаги ашёларнинг ҳаммаси Худонинг мулкидир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳамма ашёлардан мустағний (беҳожат) ва ҳамдга лойиқ Зотдир.

27. Агар ер юзидаги дарахтлар қалам бўлса, барча дарёи муҳитга (уммонларга) етти улкан дарё қўшилиб сиёҳ бўлса ва шулар билан Аллоҳнинг сўзлари ёзилса ҳам (бу сўзларнинг) охирига етказиб бўлмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳар нарсадан ғолиб, сўзлари ҳикматлидир.

28-30. Эй Макка халқи, сизларнинг ҳаммаларингизни халқ қилиш (яратиш) ва қиёмат куни тирилтириш менинг наздимда мушкул иш эмас. Гўё бир одамни халқ қилиш (яратиш), тирилтириш каби осондир. Аллоҳ таоло сўзларингизни эшитувчи ва ҳолларингизни кўрувчидир. Оё кўрмайсанмики, Аллоҳ таоло кечани кундузга дохил қилади (киритади), кундузни кечага (киритади) ?! Офтоб билан ойни бўйсундириб қўйган. Ҳар бири то муайян муддатгача ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан хабардор. Бу Худонинг қудратини улуғлиги шунинг учунки, Аллоҳ таоло ҳамиша ҳақ ва собит. Кофирларнинг «Худо» деб, ибодат қилаётган бутлари ботил бир нарса. Албатта Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсадан мартабаси баланд ва улуғ.

31-32. Худосизларга ўз қудратининг нишоналаридан (бирини) кўрсатиш учун фазлу марҳамати бирла дарёда кема ҳаракат қилганини кўрмайсизми?! Бу дунёнинг муомалотларида балоларга сабр қилувчилар ва неъматларга шукр қилувчилар учун ибратлар бор. Дарёнинг мавжи дарёда ҳаракат қилувчи (кофирларни) сояга ўхшаб ўраб олса, одамлар дилларида (чин) ихлос билан нажот сўраб дуога машғул бўладилар. Қачонки, Парвардигор нажот бериб, қуруқликка чиқсалар бас, бу одамлардан баъзилари ўз аҳдларига вафо қиладилар ва баъзилари бизнинг қудратимизни инкор қиладилар. Оқиллар оятларимизни инкор қилмас, магар аҳдини синдирувчи ношукр бандаларгина инкор қиладилар.

33. Эй бандалар, Парвардигорларингиздан ҳамда ҳеч бир ота боласидан ва ҳеч бир фарзанд отасидан азобни қайтаролмайдиган қиёмат кунидан қўрқинглар! Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ваъдаси ҳақдир. Сизларни дунёнинг молу матоси ва шайтоннинг, Худо кечирувчи, карами кенг, азоб қилмайди, деган сўзлари алдаб қўймасин, мағрур қилмасин (чалғитмасин).

34. Албатта Қиёмат илми (қачон бўлиши) Аллоҳ таолога хосдир. Ҳамда ёмғир қачон ёғиши, қаерга ёғиши ва қанча миқдорда ёғишини ва ҳам оналар қоринларидаги бола қайси рангда, ўғилми ё қизми, аъзоси комилми ё нуқсонлими, буларнинг барчасини Аллоҳ таоло билади. Ҳеч бир нафс (тирик жон) қаерда ўлишини билмас. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло билувчи ва хабардордир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase