close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

029. Анкабут сураси

Маккада нозил бўлган бу сура 69 оятдир. «Анкабут»-ўргимчак деганидир. Суранинг 41- оятида кофирларнинг ишлари ўргимчак уясига ўхшатилганлиги учун бундай ном олган.

Бандаларга бу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-5. Оё инсонлар «иймон келтирдик десалар, шариатнинг бошқа аҳкомлари уларнинг бўйинларига юкланмайди ва улар имтиҳон қилинмайди» - деб гумон қиладиларми?. Бу гумонлари хатодир. Парвардигор бандаларини ҳар турлик кулфатлар билан синайди. Биз булардан илгари ўтган умматларни ҳам синаган эдик. Бу синовнинг фойдаси шуки, ростгўйлар билан ёлғончилар ажралади. Мўъмин ким, мунофиқ ким маълум бўлади. Оё гуноҳ қилувчилар бизларга ғалаба қилишликни, уларга азоб беришдан биз ожиз бўлиб қолишимизни гумон қиладиларми. Бу гумонлари ва ҳукмлари кўп ёмондир. Ҳар ким қиёмат куни Парвардигорга мулоқи (рўбарў) бўлишни умид қилса, албатта унинг вақти муқаррар келади. Аллоҳ таоло сизларнинг сўзларингизни эшитувчи ва ҳолларингизга донодир.

6-7. Ҳар ким Худонинг йўлида жиҳод қилса, бас у шахс ўз нафсининг фойдаси учун жиҳод қилади. Албатта, Аллоҳу таоло олам аҳлининг ибодатларидан мустағни (беҳожатдир). Албатта бизлар Худога иймон келтирган ва яхши амал қилган жамоаларнинг гуноҳларини кечирамиз. Қилган гуноҳларига яхши амалларини каффора қиламиз. Албатта биз қилган амалларидан яхшироқ ва зиёдроқ савоб берамиз.

8-9. Биз ҳар бир инсонни ота ва онасига яхши муомала қилмоқлигини буюрдик. Эй мухотаб, агар ота ва онанг куфрга ва ширк қилишга буюрсалар, сенда бу тўғрида ҳеч илм йўқ бўлса ота-онанга итоат қилмагин. Қиёмат куни ҳаммангиз менинг ҳузуримга ҳозир бўласизлар. Ҳақ ва ноҳақ маълум бўлади. (Ўшанда) мен сизларнинг қилган амалларингиздан огоҳлантираман. Яхши амал қилган гуруҳларки албатта солиҳлар жамоасига дохил қиламиз.

10-11. Халқнинг ичида шундай одамлар ҳам борки, «Худога иймон келтирдик» дейдидар. Вақтики, Худонинг йўлида машаққатга мубтало бўлсалар, одамлар тарафидан тортган азобларини Худонинг азобидек фаҳмлаб жиҳод қилишдан бош тортадилар. Жиҳоднинг азобларига сабр қилмайдилар. Агар Парвардигорнинг тарафидан сенга фатҳу зафар муяссар бўлса, у вақтда айтадиларки: «Биз ҳам сизлар билан бирга эдик, ғанимат молга шерикдирмиз». Оё Аллоҳу таоло олам аҳлининг дилларидаги махфий сирларига доно эмасми? Албатта Аллоҳ таоло содиқ мўъминлар ким, мунофиқлар ким билади.

12-13. Кофирлар мўъминларга айтадиларки: «Сизлар бизга тобеъ бўлиб, бизнинг йўлимизда юраверинглар. Агар йўлимиз хато бўлса, қиёмат куни хатоларингизни биз кўтарамиз». Булар ёлғон айтадилар. Қиёмат куни бўлганда ҳеч кимнинг хатосини бўйинларига олмайдилар. Албатта қиёмат куни ўзларининг юкларини ҳам кўтарадилар, бошқа иғво (буҳтон) қилган одамларнинг ҳам юкларини кўтарадилар. Албатта қиёмат куни Худога ёлғон туҳматлар қилганлари учун савол қилинадилар.

14-15. Биз Нуҳ алайҳиссаломни ўз қавмига пайғамбар қилиб юборган эдик. Бас Нуҳ у қавми орасида тўққиз юз йил умр кўрди. Шу муддатларда халқни иймонга далолат қилди. Бу қавм золим эдилар. Иймон келтирмадилар. Бас тўфон сели келиб буларни ҳалок қилди. Бас биз Нуҳга ва унинг кема аҳлига нажот бердик. Буларнинг ҳоллаарини олам аҳлига ибрат қилдик.

16-17. Биз Иброҳимни ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Вақтики Иброҳим қавмига айтди: «Худога ибодат қилинглар. Унинг азобидан қўрқинглар. Агар идрокларинг бўлса, сизлар учун Худога ибодат қилиш яхшидир. Аммо сизлар Худодан бошқа бутларга ибодат қиласизлар. Бутларни Худо деб эътиқод қилиб ёлғонни тўқиб чиқарасизлар. Бу Худодан бошқа бутларинг сизларга ризқ беришга молик эмас. Ризқларингни Худодан талаб қилинглар ва унга ибодат қилинглар. Эҳсонига шукр қилинглар. Қиёмат куни Худонинг ҳузурига бориб амалларингиздан ҳисоб берасизлар».

18-21. Эй Макка аҳли, агар сизлар Муҳаммадни такзиб қилсаларинг, сизлардан илгари ўтган умматлар ҳам ўз пайғамбарларини такзиб қилган эдилар. Ҳар бир пайғамбарга Худонинг ҳукмини етказишдан бошқа вазифа йўқдир. Қиёматга мункирлар кўрмайдилармики, аввалда Аллоҳу таоло махлуқни қандай яратди, кейин ўлгандан сўнг шундай қайтариб халқ қилади. Бу иш Аллоҳга осондир. Эй Муҳаммад, бу кофирларга айтгин: «Ер юзини саёҳат қилиб кўринглар ва ибрат олингларки, Аллоҳ таоло ҳар хил махлуқларни яратди ва ранг-баранг инсонни қандай халқ қилибди. Аллоҳу таоло оҳиратда ҳам шундай пайдо қилади. Албатта Аллоҳу таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Қиёмат куни Аллоҳу таоло хоҳлаган бандасини раҳмат қилади азоб қилади ва хоҳлаган бандасини раҳмат қилади. Албатта сизлар ўлгандан сўнг Худонинг олдига ҳозир қилинасизлар».

22-23. Эй мардум, агар сизлар ерда ё осмонда бўлсаларинг ҳам Худони ожиз қилолмайсизлар. Худонинг ҳукмидан қочиб қутила олмайсизлар. Сизларга Худодан бошқа дўст ва мададкор йўқдир. Худонинг оятига кофир бўлганлар, оҳиратда Худога рўбарў келишдан мункир бўлганлар. Улар менинг раҳматимдан ноумид (маҳрумдир)лар. Қиёмат куни уларга қаттиқ азоб бордир.

24-27. Вақтики, Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом қавмларини иймонга даъват этдилар, қавмларининг жавоби шу бўлдики, бир-бирларига айтдилар: «Иброҳимни ўлдиринглар ёки ўтга солиб куйдиринглар». Сўнгра Иброҳим алайҳиссаломни ушлаб ўтга ташладилар. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўтдан саломат чиқарди. Албатта Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларида мўъминлар учун Худонинг қудратига далолат қиладиган нишоналар бордир. Иброҳим алайҳиссалом қавмларига айтдилар: «Сизлар бу дунёда иттифоқ ва дўстлик билан Худодан бошқа бутларга ибодат қилдингизлар. Оҳиратга борганда бир-бирларингиздан безор бўласизлар. Баъзиларинг базиларингга лаънат айтасизлар. Сўнгра сизларнинг ётадиган жойларингиз дўзахдир. У вақтда сизларни азобдан қутқарувчи ҳеч мададкор бўлмайди». Ҳазрат Иброҳимнинг сўзларини жиянлари Лут алайҳиссаломдан бошқа ҳеч ким тасдиқламади. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўз аҳли аёлларига айтдилар: «Мен Парвардигорнинг ризоси учун бу жойдан ҳижрат қилиб кетувчиман. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ғолибдир. Мени кофирларга мағлуб қилмайди. Ҳар бир феъли ҳикматлидир». Вақтики Иброҳим алайҳиссалом Шом тарафига ҳижрат қилдилар, у жойда ўғли Исҳоқ алайҳиссаломни ато қилдик. Набираси Яъқуб алайҳиссалом ҳам туғилди. Иброҳимнинг авлодларига пайғамбарликни ато қилдик. Китоб бердик. Иброҳимга бу дунёда нубувват ва давлат бердик. Охиратда албатта солиҳлардан бўлади.

28-30. Лут алайҳиссаломни Муътафикот қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Вақтики Лут ўз қавмига айтди: «Сизлар ёмон, қабиҳ ишларга машғул бўласизлар. Бу феълларингизни сиздардан илгари ўтган ҳеч бир одам қилмагандир. Оё сизлар хотинларни тарк этиб эркаклар билан ёмон (фаҳш) ишлар қиласизларми? Ва ҳам сизлар ўтувчиларнинг молларини ғорат қиласизлар. Мажлисларингизда шаробхўрлик қилиб фисқу фужур қиласизлар. Бундай ёмон ишлардан қайтинглар. Бўлмаса, Худонинг азобига гирифтор бўласизлар». Лут алайҳиссаломга қавмининг жавоби шу бўлдики: «Агар сенинг сўзинг рост бўлса, ваъда қилган Худонинг азобини олиб кел». Лут алайҳиссалом Худога дуо қилиб айтдиларки: «Эй Парвардигор, менга ёрдам бергин. Бу муфсид қавиларни ҳалок қилгин».

31-35. Вақтики Парвардигор тарафидан малоикалар элчи бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келдилар. Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўришдан ноумид бўлган ҳолларида (ўғли) Исҳоқ алайҳиссаломнинг туғилишидан хушхабар бердилар. Яна айтдиларки: «Лутнинг қишлоғини, аҳлларини ҳалок қилмоқ учун келдик. Чунки бу қишлоқ аҳли иймон келтирмайди. Ҳаммаси золимдир». Иброҳим алайҳиссалом айтдиларки: «У қишлоқда Лут борку?» Малоикалар айтдилар: «Биз қишлоқ аҳлини яхши биламиз. Албатта Лутни аҳли билан нажот берамиз. Магар хотинини кофирлар ичида қолдирамиз. У ҳам албатта ҳалок бўлувсилардандир». Вақтики бизнинг элчиларимиз Лут алайҳиссаломни уйларига келишди, Лут алайҳиссалом буларнинг келганларига ғамгин ва ҳам диллари танг бўлди. Чунки малоикалар чиройли, навжувон йигит суратида эдилар. Лут алайҳиссалом буларни танимадилар. Кофирлар бу меҳмонларга азият беришларидан қўрқдилар. Малоикалар Лут алайҳиссаломга айтдилар: «Биз учун қўрқма ва ғамгин ҳам бўлма. Биз Худо тарафидан келган малоикалармиз. Қавмингни ҳалок қиламиз. Сенга ва аҳлларингга нажот берамиз. Магар хотинингни кофирлар ичида қолдирамиз. Бизлар бу қишлоқ аҳлини бошига осмондан азоб келтирувчимиз». Қилган фисқлари учун бу қавмнинг ҳаммаси азоби илоҳийга гирифтор бўлди. Уларнинг хароб бўлган иморатларидан ақллик қавмларга ибрат учун нишоналар қолдирдик.

36-37. Шуайб алайҳисломни Мадян халқига пайғамбар қилиб юбордик. Шуайб атди: «Эй қавм, Худога ибодат қилинглар. Охиратда Худонинг раҳматидан умидвор бўлинглар. Ер юзида юриб фасод қилманглар». Шуайб алайҳисломнинг қавмлари инкор қилиб, иймон келтирмадилар. Бас Шуайб алайҳиссаломнинг дуолари билан буларга зилзила балосини юбордик. Буларнинг уйлари ўзларига қабристон бўлди.

38-40. Худ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Од қавмини ҳалок қилдик. Самуд алайҳиссаломнинг қавмлари Самудни ҳам ҳалок қилдик. Албатта буларнинг ҳалок бўлган жойлари сизларга зоҳир кўриниб турибди. Уларнинг амалларини Шайтон уларга маъқул қилган ва Худонинг йўлидан қайтарган эди. Улар агарчи кўзлари бўлса-да, ҳақни кўрмас эдилар. Биз Қорунни, Фиръавнни ва Ҳомонни ҳалок қилдик. Ваҳоланки Мусо буларга мўъжизалар кўрсатган эди. Булар ер юзида саркашлик қилдилар. Булар Худонинг ҳукмига ғалаба қилолмадилар. Ҳар бирларининг қилган гуноҳларига мувофиқ азоб бердик. Баъзиларининг бошларига осмондан тош ёғдирдик. Баъзиларини Жаброилнинг қаттик овози билан ҳалок қилдик. Баъзиларини ерга юттирдик, баъзиларини сувга ғарқ қилдик. Бу кофирларга Худо ҳеч қандай зулм қилмади. Лекин улар ўз нафсларига зулм қилдилар.

41-44. Худодан бошқа бутларга ибодат қилувчиларнинг ҳоллари ўзига уй солган ўргимчакнинг ҳолига ўхшашдир. Агар кофирлар билсалар ўргимчакнинг уясидан сустроқ уя дунёда йўқ. Кофирлар Худодан бошқа ҳар қандай ботил нарсага ибодат қилса Аллоҳ билади. Аллоҳу таоло ҳар бир нарсадан ғолиб, ҳар бир феъли ҳикматлидир. Бизлар бу мисолларни халққа баён қиламиз. Лекин бундан панд (ибрат) олувчилар олимлардирлар. Аллоҳ таоло ер ва осмонни илм ва тадбир билан халқ қилди. Албатта, мўъминлар учун бунда ибрат олмоққа нишоналар бордир.

45-46. Эй Муҳаммад, Сенга нозил қилинган Қуръонни кофирларга тиловат қил, шояд иймон келтирсалар. Намозни ўз вақтида адо эт, чунки намоз ёмон ишлардан қайтаради ва ҳам Худони ёдга солади, Аллоҳни ёдига машғул этади. Албатта Аллоҳнинг зикри ҳамма нарсадан улуғдир, қилган амалларингиз Аллоҳга маълум. Аҳли китоб билан жанжал қилманг, магар яхши ҳулқ билан мунозара қилинглар. Агар улар зулм қилсалар, у вақтда раҳм қилмаслик керак. Эй мўъминлар, аҳли китобларга айтинг, «биз сизларга нозил қилинган китобга ва ҳам ўзимизга нозил бўлган китобга - Қуръонга иймон келтирганмиз. Сизларнинг ва бизларнинг Худомиз бирдир. Биз шу Худонинг ҳукмига итоат қиламиз. Бас шундай экан, нима учун бизга душманлик қиласизлар?!»

47. Сендан олдин ўтган пайғамбарларга китоб юборган эдик. Шунга ўхшаш, Сенга ҳам Қуръонни нозил қилдик. Бас, аҳли китоблардан шундай жамоалар борки, Қуръонга ҳам ишонаган ва иймон ҳам келтургандирлар (келтиргандурлар). Масалан: Абдуллоҳ ибн Салом (р.а.) ва аҳли Маккадан ҳам баъзилари Қуръонга иймон келтирадилар ва ишонадилар. Бизнинг оятимизга ҳеч ким мункир бўлмайди, магар кофирлар инкор қиладилар, халос.

48-49. Эй Муҳаммад, Сен Қуръон нозил бўлмасидан илгари ҳеч қандай китоб ўқимаган эдинг, қўлингга қалам олиб ҳеч қандай хат ҳам ёзмагансан. Агар шундай бўлганда ёзганингда, кофирлар шубҳа қилган бўлар эдилар. Айтардиларки: «Бу Муҳаммад китоблардан ўқиб, бизга гапиряпти». Балки бу Қуръон Худонинг равшан оятидирки, уни Худованди таоло аҳли илмларнинг дилларига жойлайди. Бизнинг оятимизни ҳеч ким инкор қилмайди, магар золимларгина инкор қиладилар.

50-52. Кофирлар айтадиларки, нима учун Муҳаммадга Худо тарафидан Мусонинг асо(ҳасса)сига, Солиҳнинг туясига ўхшаш мўъжизалар нозил қилинмайди? Айт бу кофирларга, «мўъжизалар нозил қилиш Худонинг ҳукмида, менинг ихтиёримда эмасдир. Менинг вазифам - сизларга Худонинг ҳукмини етказмоқдир». Аё бу кофирларга, сенга Қуръонни нозил қилганимиз кифоя қилмас эканми?! Бу Қуръон кофирларга тиловат қилинадир, ғайб ишларидан хабар беради, бундан улуғ мўъжиза бўладими?! Албатта, бу Қуръон иймон келтирган одамларга раҳмат ва панд-насиҳатдир. Айт, сен бу кофирларга, сизлар билан менинг Ўртамиздаги муомалага Худонинг гувоҳлиги кифоя. Аллоҳ таоло Ердаги ва Осмондаги ашёларни билади. Ул кофирларки, ботилга иймон келтириб, Худога кофир бўлдилар, охиратда ўз нафсларига кўп зиён бўладиган ишни қилдилар.

53-55. Эй Муҳаммад, кофирлар сендан азобнинг тезроқ келишини талаб қиладилар. Агар азобнинг келиш вақти муайян бўлмаганида эди, ногаҳоний азоб буларга келган бўлар эди, булар билмасдан ғофил қолар эдилар. Булар азобнинг келишига шошиладилар, ваҳоланки, азобнинг вақти Қиёмат кунидир. Албатта, у Кунда жаҳаннам кофирларни ихота қилиб (ўраб) олади. Қиёмат куни шундай кундирки, кофирларнинг тепаларидан ҳам ва оёқларининг остидан ҳам азоб ўраб олади. Ул вақтда Парвардигор айтадики, қилган амалларингизнинг жазосига ўзларинг шошилиб талаб қилган азобнинг маззасини тотиб кўринглар.

56-60. Эй Менинг иймон келтирган бандаларим! Ўз жойларингизда эмин ва омонлик бирла ибодат қила олмасаларинг, бошқа тинч жойга боринглар, Менинг ерим кенг-ку! Тинч жойга бориб, Менга ибодат қилинглар! Ҳар бир жондор ўлимнинг мазасини тотгувчидир. Ўлганларингиздан кейин Менинг олдимга ҳозир бўласизлар. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларга Мен жаннатнинг юқори жойларидан жой бераман, шундай жаннатки, дарахтларининг тагидан анҳорлар жорий бўлади. Булар ул жаннатда ҳамиша яшайдилар. Бу дунёнинг кулфатига сабр қилувчилар ва Худога таваккул қилувчиларнинг Қиёмат куни ажрлари қандай яхшидир! Кўп ҳайвон - жонзотлар ўз ризқларини ўзлари пайдо қилмайдилар, балки Аллоҳ таоло уларга ҳам ризқ беради, сизларга ҳам ризқ беради. Аллоҳ таоло сизларнинг дуоларингизни эшитгувчи ва ҳолларингизни билгувчидир.

61-63. Эй Муҳаммад, агар сен Макка мушрикларидан Еру Осмонни ким халқ қилган ва офтоб билан ойни ким мусаххар қилиб, ҳаракатга солган, деб сўрасанг, шубҳасиз сенга жавоб айтадиларки «Албатта, Аллоҳ халқ қилган». Бас, шундай экан, булар юзларини ўгириб кимга ибодат қиладилар? Аллоҳ таоло хоҳлаган бандаларининг ризқини кенг, хоҳлаганларининг ризқларини эса камроқ қилади. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билади, ҳар бир одамга қанча ризқ етадиган бўлса, у ҳам Аллоҳга маълум. Агар кофирлардан, «осмондан ёмғирни ким ёғдиради, қуриб ётган ердан гиёҳларни ким кўкартиради», деб сўрасанг, «албатта Худо қилади» дейди. Айт эй Муҳаммад, «Худога ҳамду сано бўлсин, бизлар шунга иймон келтирганмиз ва иқрор қилганмиз. Аммо сизлар билиб туриб инкор қиласизлар». Балки буларнинг кўпларининг, ҳайвонга ўхшаш, ақллари йўқдир.

64. Бу дунёнинг тириклиги ўткинчи ўйин-кулгу ва беҳуда юриш, кейин ўлимдир. Шундан бошқа эмас! Агар билсалар, ҳақиқий тириклик охиратда бўлади.

65-67. Улуғ фойдаларнинг умидида, вақтики, дарё сафарига чиқиб, кемаларига минсалар, ногоҳ бўрон бўлиб, кема изтиробга тушса, ўлим кўзларига кўринганида, Худога ёлвориб дуо қиладилар: «Худоё, агар бизга нажот берсанг, сенга иймон келтириб, (дили) динимизни Сенга холис қилайлик», дейдилар. Вақтики, уларга нажот берсак, эсон-омон қуруқликка чиқсалар, яна ширкларида давом этадилар, Худонинг берган нажотини инкор қиладилар. Яна дунёнинг неъматларидан фойдаланадилар. Булар қилган амалларининг жазосини яқинда кўриб биладилар. Оё Макка халқи билмайдимики, Биз буларга Ҳарами Шарифни амну омон (тинч-хотиржам) жой қилиб берганмиз. Буларнинг атрофларидаги қабилаларда одамлар қатл ва ғорат қилинадилар, лекин Худои таоло буларни сақлагандир. Булар энди ботилга иймон келтириб, уларга ибодат қилиб, Худонинг неъматига куфрон қиладиларми?!

68-69. Худога ёлғонларни туҳмат қилувчилардан, ҳақ динни инкор қилувчилардан золимроқ одам борми?! Ҳаргиз йўқдир! Оё жаҳаннам кофирларга ётадиган жой эмасми?!. Албатта абадий ётадиган жойларидир! Ул мўъминларки, Бизнинг динимиз учун жиҳод қиладилар, албатта, Биз уларни ҳидоят йўлига соламиз. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло яхшиларга ҳамиша мададкордир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase