026. Шуаро сураси
- 233 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура 227 оятдан иборатдир. 224, 225, 226, 227 оятлари Мадинада нозил бўлган. «Шуаро» шоирлар деганидир.224-оятида шоирлар ҳақида сўз юритилганлиги учун шундай номланган. Ислом душманларининг (мухолифларнинг) Қуръонга қарши илгари сурган иддаоларидан бири бу Қуръоннинг бирор шоир томонидан тўқилган деб айтганларидир. Бироқ Қуръон Пайғамбар(с.а.в) ва олдинги пайғамбарларнинг иршодларининг бир асосга таянишини ҳамда Қуръоннинг ҳеч бир шоир томонидан тўқилмаганлигини исбот этиб, бу иддаоларини йўққа чиқариб, рад этмоқда.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ Таоло номи билан бошлайман.
1-9. Бу ҳарфларнинг маъносини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Бу сура ҳалол ва ҳаромни баён қилувчи Қуръон оятларидир. Кофирларнинг иймон келтирмаганликлари сабабидан ғамгин бўлиб, ўз нафсингни ҳалок қилувчимисан? Агар биз хоҳласак Осмондан кофирларга шундай аломатларни нозил қиламизки, у ҳолда кофирлар интиҳо (сўнг) даража қўрқинчдан бўйинлари ночор эгилиб, иложсиз бўйин эгиб қоладилар. Парвардигор тарафидан янги-янги ибрат бўладиган оятлар келса-да, кофирлар ундан юз ўгириб тасдиқ қилмайдилар, балки такзиб қиладилар. Яқинда булар масхара қилган Ислом динини тасдиқловчи далиллар келади. Оё бу кофирлар ер юзига назар қилмайдиларми? Токи Парвардигорнинг қудратини мушоҳада қилар эдилар. Бизлар ер юзида ҳар бир нав гиёҳлардан, инсон учун азиз неъматлардан кўп кўкартирдик. Бу коинотда Худонинг қудрати учун нишоналар бордир. Лекин аксар кофирлар ишонмайдилар. Албатта Парвардигоринг ҳар бир нарсадан ғолиб ва меҳрибондир.
10-17. Эй Муҳаммад, ёд қил шу вақтники, Парвардигоринг Мусо алайҳиссаломни чақириб айтди. Мен сени пайғамбар қилдим. Фиръавннинг золим қавмларига бориб, уларга айтгинки, Парвардигорнинг азобидан қўрқсинлар, Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Эй Парвардигоро, мен «Кофирлар мени такзиб қиладилар» деб қўрқаман. Бу сабабдан дилтанг бўлурман. Тилим ҳам фасоҳат билан гапиришга қодир эмас. Биродарим Ҳорунни ҳам пайғамбарликда менга шерик қилгин. У кофирларнинг даъволарича, мен гуноҳкорман. Бир қибтийни қатл қилганман. Шу сабабдан қўрқаманки, мени ўлдирадилар. Паврвардигор айтди: «Ҳаргиз шундай қилолмайдилар. Мен сенга пайғамбарлигингни тасдиқ қилувчи мўъжизалар ато қилдим. Икковинг Фиръавннинг олдига шу мўъжизалар билан боргин. Фиръавн билан сўзлашгин. У нима жавоб берса, мен ҳам сизлар билан бирга унинг сўзини эшитгувчидирман». Фиръавннинг олдига икковларинг боринглар ва айтингларки: «Бизлар Парвардигори оламнинг сенга юборган пайғамбаридирмиз. Сенга биринчи сўзимиз шуки, парвардигорга иймон келтиргин. Иккинчи сўзимиз шуки, Бани Исроил қавмини бизга топширгин.»
18-22. Фиръавн айтди: «Эй Мусо сени болалик ҳолингдан ўз хонадонимизда тарбия қилмадикми. Сен йигирма йиллик ҳаётингни бизнинг орамизда ўтказдинг. Сен гуноҳ ишни қилиб қочиб кетдинг. Энди бизнинг эҳсонларимизнинг бадалига миннатдор бўлмасдан куфрони неъмат қиляпсан». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Мен шу ишни қилдим, ўша даврда мен гумроҳлардан эканман, вақтики, сизлардан қўрқдим, қочиб кетдим. Энди Парвардигорим менга нубувват мартабасини ато қилди. Илм берди ва пайғамбарлар жамоасидан қилди. Оё шу неъматинг учун менга миннат қиласанми, ваҳоланки сен Бани Исроил қавмига зулм қилиб, ўзингга қул қилдинг.
23-28. Фиръавн Мусо алайҳиссаломга айтидики: «Парвардигори олам деганинг кимдир?» Мусо алайҳиссалом айтдилар «Агар ишонсаларинг осмоннинг, ернинг ва унинг атрофидаги ашёларнинг Худосидир». Фиръавн, атрофида ўтирган вазирларга айтди: «Мусонинг сўзини эшитяпсизларми?» Мусо алайҳиссалом Фиръавнга айтдилар: «У Парвардигор сизларни ва ота-боболарингизни халқ қилувчи зотдир». Фиръавн масхара қилиб вазирларига айтди: «Сизларга пайғамбарман» деб келган Мусо мажнундир». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Агар ҳақиқатда ақлларинг бўлса Парвардигор шундай зотдирки, машриқни ва мағрибни ва унинг ўртасидаги ашёларни халқ қилди».
29-37. Фиръавн Мусо алайҳиссаломга айтди: «Агар сен мендан бошқа Худога эътиқод қилсанг сени жазолаб зиндонга ташлайман. Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Пайғамбарлигимга далолат қилувчи мўъжизаларни кўрсатсам ҳам мени зиндонга соласанми?». Фиръавн айтди: «Агар сен ростгўй бўлсанг ўша мўъжизани олиб кел». Бас ҳазрати Мусо асоларини ташладилар, бас у асо тўсатдан ошкора аждарҳога айланди. Қўлларини енгларидан чиқардилар, бас ногоҳ у қўллари назар қилувчиларга офтобдек (нурли) равшан кўринар эди. Фиръавн, атрофида ўтирган вазирларга айтди: «Бу Мусо доно сеҳргарлардан экан, сеҳр билан ўз ерларингиздан чиқариб ўринларингизга подшоҳ бўлишни хоҳлайди. Энди менга нима маслаҳат берасизлар? Вазирлар Фиръавнга айтдилар: «Ҳозир Мусони ва унинг биродарини ўз ҳолига қўй-да, бир жамоани шаҳарларга юбор, токи доно ва илмлик сеҳргарни сенинг ҳузурингга йиғиб келсинлар».
38-45. Бас сеҳргарлар муайян вақтда жам қилинди. Халққа эълон қилиндики, «Сизлар ҳам Мусони даф қилиш учун майдонга жам бўласизларми?» (халқ айтди) «Агар булар ғолиб бўлсалар Мусони даф қилишга соҳирларнинг орқасидан жам бўламиз». Вақтики соҳирлар Фиръавнга айтдилар: «Агар биз Мусога ғолиб бўлсак қилган хизматимиз учун ажр бериладими ё йўқми? Фиръавн айтди: «Албатта сизлар учун ажр берилади ва Менга яқин ходимлардан бўлурсизлар». Мусо алайҳиссалом сеҳргарларга айтдилар: «(сизлар аввал) ташлайдиган нарсаларни майдонга ташланглар». Бас жодугарлар арқонларни ва асоларни ерга ташладилар. Бу нарсалар заҳарлик илонга айланди. Жодигарлар айтдилар: «Фиръавннинг иззатига қасамки, биз албатта ғалаба қиламиз». Бас ҳазрати Мусо асоларини ташладилар. Бас ногоҳ асолари аждарҳо бўлиб, жодигарларнинг қилган жодуларини ютар эди.
46-52. Бас вақтики соҳирлар мағлуб бўлдилар, дарҳол сажда қилиб ерга йиқилдилар. Айтдиларки: «Бизлар Мусо билан Ҳорунни пайғамбар қилиб юборган оламнинг Парвардигорига иймон келтирдик». Фиръавн соҳирларга айтдики: «Мен ижозат бермасдан Мусонинг Худосига иймон келтирдиларинг. Бас менга маълум бўлдики, Мусо сизларга сеҳр илмини таълим берган устозларинг экан. Яқинда мен сизларга қандай жазо беришимни биласизлар. Менга хилоф қилганлар учун оёғу-қўлларингни кесаман, ҳаммаларингни дорга осаман». Жодугарлар Фиръавнга айтдилар: «Агар сен бизни ўлдирсанг ҳам асло парво қилмаймиз ва қўрқмаймиз, чунки биз Худонинг ҳузурига борамиз. Бизлар парвардигордан ўтган гуноҳларимизни кечади деб умид қиламиз, чунки биз ҳаммадан аввал иймон келтирдик».
53-61. Бизлар Мусо алайҳиссаломга амр қилдикки: «Кечаси Бани Исроилни олиб шаҳардан чиқиб кетгин». Албатта сизларнинг орқаларингдан Фиръавн лашкарлари билан қувиб боради». Фиръавн шаҳарга одам юбориб лашкарини жамъ қилди. (Уларга айтилдики:) «Бу Бани Исроил қавми кичик бир жамоа бўлиб, бизларни ғазабга келтирди. Бизда жанг асбоблари муҳайё, бизлар бутун лашкаримиз билан уларга қарши уруш қиламиз». Паврвардигор Мусо алайҳиссаломга айтди: «Бизнинг иродамиз Фиръавнни лашкари билан ҳалок қилишга таъллуқ топди. Шунинг учун Фиръавнни барча лашкари билан яшнаб турган боғ ва бўстонлардан, жори бўлиб турган чашмалардан, яхши манзиллардан маҳрум қилиб, чиқардик. Ҳалок бўладиган жойларга юбордик. Буларнинг боғ ва бўстонларини Бани Исроилга мерос қолдирдик. Бас офтоб чиқган вақтда Фиръавн лашкари билан Бани Исроилнинг орқасидан қувиб бордилар.
61-68. Вақтики, икки лашкар бири-бирини кўрди Мусонинг ҳамроҳлари айтдилар: «Фиръавн лашкари билан бизга етиб келди. Ҳозир бизни тутиб олади». Ҳазрати Мусо айтдилар: «Ҳаргиз шундай қила олмайдилар, чунки Парвардигор биз билан биргадир. Бизга нажот йўлини кўрсатади». Бас бизлар Мусога ваҳий юбориб айтдикки: «Асонгни дарёга ургин!». Ҳазрати Мусо асоларини урдилар. Дарёнинг суви иккига бўлинди. Ҳар бир дарё мавжи катта тоғдек эди. Мусо алайҳиссалом қавмлари билан мавжлар орасидан ўтиб нажот топдилар. Биз Фиръавннинг қолган лашкарини ҳам у жойга тўпладик. Фиръавн лашкари билан Мусо алайҳиссаломни қувиб дарёга кирди. Биз ҳаммасини ғарқ қилиб ҳалок қилдик. Албатта, Мусо алайҳиссаломнинг нажотида ва Фиръавннинг ҳалокида Худонинг қудратига далолат қиладиган нишоналар бордир. Лекин кофирларнинг кўплари бунга ишонмайдилар. Албатта Парвардигоринг ҳамма нарсадан ғолиб ва меҳрибондир.
69-82. Эй Муҳаммад, кофирларга Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларини ўқиб эшиттиргин. Иброҳим отасига ва қавмига «Сизлар нима нарсага ибодат қиласизлар?» деб айтганида, қавмлари жавоб бериб айтдиларки: «Бизлар бутларга ибодат қиламиз. Ҳамиша шуларнинг ибодатида қоимдирмиз». Иброҳим айтди: «Бутларинг сизлар чақирган вақтда эшитадими, ё ибодат қилсаларинг фойда етказадими, ё ибодат қилмасаларинг зарар етказадими?». Кофирлар жавоб бериб айтдиларки: «Бизлар бутлардан бу нарсани мушоҳада қилмаганмиз, балки ота-боболаримиз шундай ибодат қилар эдилар. Биз ҳам шуларга тақлид қилиб ибодат қиламиз». Иброҳим айтди: «Билингларки, ота-боболаринг ва ўзларинг ибодат қилган бутлар менга душмандир. Мен ҳам уларга душмандирман. Фақат менинг дўстим, мени ва оламни яратган Парвардигордир. Ва У мени ҳидоят қилади. Ва у Парвардигор шундай Зотдирки: «Мени едиради ва ичиради. Мен касал бўлган вақтда менга шифо беради. У зот умрим тамом бўлганда мени ўлдиради. Сўнгра қиёмат бўлганда мени тирилтиради. Умид қиламанки, қиёмат куни бўлганда гуноҳларимни кечиради».
83-89. Эй Парвардигоро, менга илм ато қилгин. қиёмат куни мени яхши бандаларинг қаторига қўшгин. Кейин келувчи бандаларинг тилларига мен ҳақимда яхши гаплар жорий қилгин. Жаннатингнинг меросхўрларидан қилгин. Отамнинг гуноҳини кечгин, чунки у гумроҳлардан эди. Қиёмат куни бандаларинг ўртасида мени расво қилмагин. У шундай кундирки аҳли давлатнинг моллари ва халқнинг фарзандлари манфаат етказа олмайди. Фақат Худонинг ҳузурига қалби салим, нифоқдан пок бўлиб келган одамлар фойдаманд бўлади.
90-102. Қиёмат куни муттақийларга жаннат яқин келтирилур. Гумроҳларга дўзах зоҳир қилинур. Малоикалар тарафидан кофирларга айтиладики: «Сизлар умид қилиб ибодат қилган бутларинг қаерда қолди. Бу кун сизларга ёрдам беришга ёки азоби илоҳийдан ўзларини қутқаришга қодирмилар?» Бас, бу бутларни ва гумроҳ бўлган тобеъларини, шайтонни ва унинг лашкарларини юзлари билан дўзахга ташланур. Бу гумроҳлар дўзахда бир-бирлари билан жанжал қилишиб айтадиларки: «Парвардигор зотига қасамки, у дунёда ҳаммамиз очиқдан-очиқ гумроҳ бўлган эканмиз». Эй бутлар, сизларни ибодат қилиш учун Парвардигори оламга баробар қилган эканмиз. Бизларни ҳеч ким гумроҳ қилмади, фақат бадбахт пешволаримиз гумроҳ қилди. Энди бу кунда бизни бирор шафоат қилувчи йўқ. Бизга раҳм қиладиган меҳрибон дўст ҳам йўқ. Кошки биз иккинчи марта дунёга қайтсак эди, содиқ муъминлардан бўлар эдик.
103-104. Албатта бундай ўтмиш қиссаларда донолар учун ибратли панду насиҳатлар бордир, лекин кўп кофирлар ишонмайдилар. Албатта Парвардигоринг ҳар бир ишда ғолиб ва меҳрибондир.
105-115. Нуҳнинг қавми ўтган пайғамбарларни инкор қилди. «Уларга биродарлари Нуҳ пайғамбар айтдики: «Пайғамбарларни инкор қиласизлар, Худодан қўрқмайсизларми? Мен сизларга Худо тарафидан омонатни етказувчи пайғамбардирман. Худодан қўрқинглар, менга итоат қилинглар. Мен сизлардан пайғамбарлигим учун бирор ужрот (ҳақ, музд) сўрамайман. Менинг ажримни Парвардигор беради. Аллоҳ таолодан қўрқинглар, менга итоат қилинглар». Кофирлар Нуҳга айтадиларки: «Биз сенга иймон келтирамизми? Ваҳоланки, сенга авбошлар (ялангоёқлар) эргашадилар». Нуҳ қавмга айтди: «У кишиларнинг қилган амалларига менинг ҳеч қандай илмим йўқ. Агар билсанглар улар қилган амалларининг ҳисоби Паврвардигор зиммасидадир. Парвардигор амалларини ҳисоб қилади ва унга мувофиқ жазо беради. Мен сўзингизга кириб, иймон келтирган мўъминларни ҳузуримдан ҳайдовчи эмасман. Мен сизларни Худонинг азобидан қўрқитувчидирман».
116-122. Кофирлар Нуҳ алайҳиссаломга айтдилар: «Эй Нуҳ, агар сен бу гапларингдан қайтмасанг албатта сен тошбўрон қилинасан». Нуҳ алайҳиссалом қавмининг иймон келтиришидан ноумид бўлиб Парвардигорга муножот қилиб айтдилар: «Бу қавмим мени такзиб қиладилар, иймон келтирмайдилар. Энди сен бизнинг ўртамизда қатъий ҳукм қилгин. Мени ва муъминларни буларнинг шарридан нажот бергин». Бас, биз Нуҳга ва у билан кемада бирга бўлган мўминларга тўфон сувидан нажот бердик. Кейин Боқи қолганларини тўфон сувига ғарқ қилдик. Албатта Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссаларида донолар учун панд ва насийҳатга сабаб бўладиган аломатлар бордир, лекин Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан кўпи иймон келтирмадилар. Албатта Аллоҳ таоло ўз ҳукмида ҳолиб ва бандаларига меҳрибондир.
123-140. Од қавми (қабиласи) ўтган пайғамбарларни такзиб қилдилар. Вақтики биродарлари Ҳуд алайҳиссалом уларга айтди: «Пайғамбарларни такзиб қилишида Худодан қўрқмайсизларми? Албатта мен сизларга Худо тарафидан келган омонатдор пайғамбардирман. Худодан қўрқинглар, менга итоат қилинглар. Мен пайғамбарлигим учун сизлардан ажр сўрамайман, балки Парвардигордан сўрайман. Менинг ажримни Парвардигорнинг ўзи беради. Оё сизлар Худодан ғофил бўлиб, беҳуда фахрланиш учун баландликдарда уй бино қиласизларми? Оё сизлар ўзларинг учун мустаҳкам баланд иморатларни бино қиласизларми? Гўё сизлар бу иморатларда ўлмасдан ҳамийша ҳаёт кечирасизлар. Вақтики сизлар бирор одамдан интиқом (қасос) олсаларинг золмиларга ўхшаб,раҳм қилмасдан интиқом оласизлар. Ҳақиқатда сизлар мутакаббир, золим қавмдирсизлар. Аллоҳдан қўрқинглар. Менинг насийҳатимни эшитиб, итоат қилинглар. У зот - Парвардигордан қўрқингларки, ўзларинг берган неъматларини биласизлар. Парвардигор сизларга тўрт оёғлик ҳайвонлар ва фарзандлар бериб, боғлар ва чашмалар бериб мадад берди. Мен сизларни куфрони неъмат қилганларинг учун Худонинг тарафидан қаттиқ азобга мубтало бўласизлар деб қўрқаман». Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари айтдилар: «Сен бизга насийҳат қиласанму ё қилмайсанму бизга барибир, ҳаргиз сенинг насийҳатингга амал қилмаймиз. Бизнинг қилган ишларни илгариги одамлар ҳам қилиб келган. Биз бу амалимиз учун азоб тортмаймиз». Бас Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари иймон келтиришдан бош тортдилар. Бас биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, Ҳуд алайҳиссаломнинг қиссаларида бандаларга ибрат бўладиган аломатлар бор. Бу қавмнинг аксари иймон келтирмадилар. Албатта Парвардигоринг ўз ҳукмида ғолиб ва меҳрибондир.
141-150. Самуд қавми ўтган пайғамбарларни такзиб қилди. Вақтики, биродарлари Солиҳ алайҳиссалом уларга айтдилар: «Сизлар пайғамбарларга инкор қиласизлар. Худодан қўрқмайсизларми? Мен сизларга насийҳат қилувчи омонатлик пайғамбарман. Бас Худодан қўрқиб, Менинг ҳукмимга итоат қилинглар. Сизлардан пайғамбарлигим учун ҳақ сўрамайман. Менинг ажримни Парвардигори олам беради. Оё сизларни бу манзилларингизда амну омонлик билан ҳаёт кечиришга қўядиларми? Ҳаргиз шундай бўлмайди. Сизлар боғларда, чашмаларнинг бўйида, экинзорлик жойларда ва нозик гуллайдиган хурмозорларда роҳат билан сукунат қиламиз (яшаймиз) деб ўйлайсизлар. Тоғларнинг тошларини усталик билан йўниб яхши иморатлар қиласизлар. Лекин Худонинг неъматларига шукр қилмайсизлар. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар. Менинг насийҳатимни эшитинглар, фармонимга итоат қилинглар.
151-159. Солиҳ алайҳиссалом айтдилар: «Эй қавмим, тажаввуз қилган, ер юзида фасод қилувчи, ислоҳ қилмайдиган бошлиқларингизнинг амрига итоат қилманг. Менга тобеъ бўлинг». Кофирлар айтдилар: «Эй Солиҳ, сен сеҳр қилинган ва ақлдан адашган (озган) одамсан. Сен ҳам бизга ўхшаш одамсан. Агар сен ростгўй бўлсанг бизга мўъжиза кўрсатгин» Солиҳ алайҳиссалом айтдилар: «Қандай мўъжиза талаб қиласизлар?». Кофирлар талаб қилиб айтдиларки: «Ушбу тош ёрилиб ичидан урғочи туя чиқсин». Солиҳ алайҳиссалом дуо қилдилар. Тош ёрилди ва ичидан бир туя чиқди. Солиҳ алайҳиссалом деди: «Сизлар талаб қилган туя мана шудир. Энди чашманинг сувини навбат билан бир кун сизлар ичасизлар ва бошқа бир кун туя ичади. Энди сизларга насийҳат шуки, туяга ёмонлик қилиб қўл текизманглар. Аксинча Худойи таоло сизларни оғир азобга мубтало қилади». Бас кофирлар насийҳатни тингламадилар. Туянинг оёқларини кесиб ҳалок қилдилар. Кейин фойдасиз пушаймон бўлдилар. Сўнгра буларга Худонинг азоби келди. Жаброил алайҳиссалом бир овоз қилдилар. Кофирларнинг юраклари ёрилиб ҳалок бўлдилар. Албатта Солиҳ алайҳиссаломнинг қиссаларида Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи далиллар бор. Лекин кофирларнинг кўплари ишонмайдилар. Албатта Аллоҳ таоло ўзининг ҳукмида ғолиб ва бандаларга меҳрибондир.
160-166. Лут алайҳиссаломнинг қавмлари ўтган пайғамбарларни такзиб қилар эдилар. Вақтики буларга биродарлари Лут алайҳиссалом айтдилар: «Нима учун пайғамбарларни такзиб қиласизлар?» Худодан қўрқмайсизларми? Мен сизларга Худо тарафидан келган, Худонинг ҳукмига хиёнат қилмайдиган омонатлик пайғамбардирман. Аллоҳдан қўрқинглар. Менинг ҳукмимга итоат ҳилинглар. Мен пайғамбарлигим, даъватларим учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менга Худонинг ўзи ажр беради. Оё сизлар қазои шаҳват (шаҳватни сўндириш) учун Парвардигор яратган хотинларингизни қўйиб, олам аҳлидан эркакларга қасд қиласизларми? Йўқ, сизлар бу фелларингиз билан ҳаддидан ошган қавмдирсизлар.
167-175. Кофирлар Лут алайҳиссаломга айтдилар: «Эй Лут, агар сен бу гапларингдан қайтмасанг сен бизнинг мамлакатимиздан чиқариласан». Лут алайҳиссалом айтдилар: «Мен сизларнинг бу амалларингизни (баччабозликларингни) ёмон кўраман, ундан қайтинглар». Бу кофирлар амалларини тарк қилмасдан Лут алайҳиссаломга кўп азоб бердилар. Лут алайҳиссалом Парвардигорга муножот ила дуо қилиб айтдиларки: «Эй Парвардигоро, менга ва аҳилларимга буларнинг амалидан нажот бергин». Бас биз Лутнинг дуосини мутсажоб қилиб ўзига ва аҳлига нажот бердик. Фақат бир кампири (хотини) кофирлар билан қолиб, ҳалок бўлди. Сўнгра қолган ҳамма кофирларни ҳалок қилдик. Бошларидан ёмғир ўрнига тош ёғдирдик. Ёмғир ўрнига ёққан тош кўп ёмон бўлди. Албатта Лут алайҳиссаломнинг воқеаларида оқил одамлар учун ибрат бўладиган далиллар бор. Лекин бу қавмнинг кўплари иймон келтирмадилар. Парвардигоринг ўз феълида ғолиб ва бандаларга меҳрибондир.
176-183. Айка деган жойнинг халқи ўтган пайғамбарларни такзиб қилар эдилар. Вақтики, Шуайб алайҳиссалом буларга айтдилар: «Нега пайғамбарларни инкор қиласизлар, Худодан қўрқмайсизларми? Албатта мен сизларга Худонинг ҳукмини етказадиган омонатлик пайғамбардирман. Бас, Худодан қўрқинг ва менинг ҳукмимга итоат қилинг. Мен сизлардан пайғамбарлигим учун бирор мукофот сўрамайман. Менга Аллоҳнинг ўзи ажр беради. Халқнинг хақини кам қилмасдан тўла адо этинг. Тарозидан уриб қолмасдан адолат билан тўғри ўлчаб беринг. Одамларнинг ашёсини ноқис қилмасдан адо этинг. Ер юзида ўзбошимчалик билан фасод қилманг».
184-191. «Сизларни ва сизлардан аввал ўтган халқларни яратган Парвардигордан қўрқинглар». Кофирлар жавоб бериб айтдиларки: «Сен сеҳрланган ва ақлдан озган одамсан. Сенинг биздан ортиғлик жойинг йўқ. Бизга ўхшаш одамсан. Биз албатта сени ёлғончилардан деб гумон қиламиз. Агар сен ростгўй бўлсанг Худодан талаб қилгинки, осмондан бир парча булут тепамизга тушиб ҳалок қилсин». Шуайб алайҳиссалом айтдилар: «Парвардигорим сизларнинг қилиб турган амалларингизни билади. Шунга кўра азоб беради». Бас Шуайб алайҳисаломнинг қавмлари иймон келтиришдан бош тортдилар. Бас Аллоҳу таоло бир қора булутни юбориб буларни ҳалок қилди. Албатта бу булар учун оғир азоб эди. Албатта Шуайб алайҳиссаломнинг қиссаларида оқил одамлар учун ибрат бўладиган далиллар бордир. Лекин буларнинг кўплари иймон келтирмадилар. Албатта Парвардигоринг ўз ҳукмида ғолиб ва бандаларга меҳрибондир.
192-197. Албатта бу Қуръон Парвардигори оламнинг нозил қилган каломидир. Жаброил бу Худонинг каломини сенга еткариб, ўргатиб, сенинг дилинга жой қилди. Токи сен фасиҳ (чиройли) арабий тил билан кофирларга панд ва насиҳат қилишинг учун. Албатта Қуръоннинг сифатлари, илгари нозил бўлган китобларда собит эди. Бани Исроилнинг уламоларига Қуръоннинг ҳақлигини тан олиш учун бу далил эмасми?
198-204. Агар биз Қуръонни баъзи ажам ҳалқига (араб бўлмаганларга) нозил қилганимизда эди. Бас ажамлар Маккада қироат қилганларида эди, ўшанда Макка аҳли айтар эдилар: «Бизлар ажамга тобеъ бўламизми?» деб иймон келтирмас эдилар. Шунга ўхшаш буларнинг дилларида инкорлари бўлиб: «Сенга тобеъ бўламизми?» деб иймон келтирмайдилар. Булар токи Парвардигорнинг азобини кўрмагунларича Қуръонга ишонмайдилар. Бас, бу кофирларни ғофил бўлиб турган ҳолларида ногаҳоний азоб келади. Бас ул вақтда айтадиларки: «Бизларга муҳлат берилмайдими, эканми токи иймон келтирсак». Буларнинг жавобига айтилдики: «Энди сизларга муҳлат берилмайди». Кофирлар айтадилар: «Бу азобингнинг ваъдаси қачон бўлади?» Парвардигор айтди: «Оё булар бизнинг азобимизни етишига шошиладиларми?».
205-213. Эй Муҳаммад, агар кофирларга неча йил ҳаёт берсаму давлат берсам, сўнгра буларга ваъда қилинган азоб келса, бу кофирларнинг мол дунёси Худонинг азобини ман қила олмаслигини биласанми? Ҳеч бир шаҳар ё қишлоқ аҳлини биз (огоҳлантирмасдан) ҳалок қилмадик. Аксинча уларга пайғамбар юбориб насиҳат қилдик. У пайғамбарлар Худонинг азобидан қўрқитдилар. Биз золим эмасмиз. Пайғамбар юбормасдан бир қавмни азоб қилмаймиз. Билингларки, бу Қуръонни Шайтон нозил қилгани йўқ, бунга лойиқ ҳам эмас, кучи ҳам етмайди. Бу шайтонлар Қуръонни эшитишдан маҳрумдирлар. Балки Қуръонни фаришта орқали нозил қилдик. Нима учун иймон келтирмайсизлар? Эй Муҳаммад, ибодат қилишингда Парвардигорга бошқа ботил Худони (бут ва шунга ўхшашларни) қўшмагин. У ҳолда сен ҳам азоб тортувчилардан бўласан.
214-223. Эй Муҳаммад, аввал ўз яқин қариндошларингни Худонинг азобидан қўрқитгин. Сенга тобеъ бўлган мўъминларга меҳрибон бўл. Бас, агар сенга инкор қилиб, насиҳатингни қабул қилмасалар, уларга айтгинки: «Мен сизларнинг амалларингиздан безорман». Пайғамбарлик вазифангни адо этишингда қудратлик ва меҳрибон Парвардигорингга таваккул қилгин. У Парвардигор сенинг кечалари туриб ибодат қилганингда ва намозхонлар билан сажда қилганингда кўриб туради. Аллоҳ таоло сенинг сўзларингни эшитгувчидир. Ва сенинг ҳолингга донодир. Сизларга шайтонлар келиб кимлар билан сўзлашиши ҳақида хабар берайми? Шайтонлар ёлғончиларга, гуноҳкорларга унинг сўзига қулоқ солувчиларга келиб сўзлашади. Шайтон билан сўзлашувчиларнинг кўплари ёлғончидир.
224-227. Мушрикларнинг шоирларига гумроҳлар эргашадилар. Уларни кўрмайсанми ёлғончиликнинг ҳар бир кўчасига кириб чиқадилар. Улар қилган ишларини мақтаниб гапирадилар. Аммо у шоирларки, иймон келтириб, яхши амаллар қиладилар, ўзларининг шеърларида Худонинг ҳамду саносини айтадилар, мазлумикларидан кейин зулмлардан интиқом оладилар. Бу шоирлар у мушрик шоирлардан мутағний (мустаснодур)лар бошқадирлар. Яқинда бу золимлар ниҳоят қандай жойга боришларини биладилар.