close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

038. Сод сураси

Қамар сурасидан кейин Маккада нозил бўлиб, 88 оятдан иборатдир. Номи суранинг биринчи оятида келган «сод» ҳарфидан олинган.

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот бандаларга
шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир

1-3. Сод. Бунинг маъносига Аллоҳ таолонинг ўзи донодир. Панду насиҳатга ва шариат аҳкомларига эга бўлган Қуръонга қасамки, Қуръон кофирларнинг сеҳр деган сўзларига мувофиқ эмасдир. Балки кофирларнинг ўзлари саркаш ва адоватга мубталодирлар. Булардан илгари кўп умматларни ҳалок қилган эдик, улар у вақтда (азоб келганда) доду фарёд қилиб нажот сўрар эдилар. Лекин у вақтда уларга ҳеч қандай нажот ва паноҳ тортадиган жой ҳам йўқ эди.

4-8. Қачонки ўз қавмларидан Муҳаммад алайҳиссалом пайҳамбар бўлиб келганларида Қурайш кофирлари айтдилар: «Бу Муҳаммад ёлғончи жодугардир. Оё бизларнинг кўп худоларимизни Муҳаммад битта худога айлантирадими? Олманинг интизоми бир худонинг қўлидан келадими? Бу таажжуб қиладиган ишдир». Бир Қурайш жамоаси Муҳаммад алайҳиссаломдан бу гапларни эшитгандан сўнг туриб кетиб бир-бирларига айтдилар: «Юринглар ўзларингни худоларингни ибодатига! Сабр қилинглар! Бу Муҳаммаднинг дини, бизнинг ичимизга адоват солишни мақсад қилиб олинган. Бизлар кейинги бошқа миллатлардан «худо бир» деган сўзни эшитмаган эдик. Магар бу ўйлаб чиқарилган ёлғондир. Оё бизнинг ичимиздан Муҳаммад пайғамбар бўлиб, унга Қуръон нозил бўладими? Обрўли одамлар турган ҳолда-я?» Эҳтимол, Биз Муҳаммадга ваҳий юборганимизга бу кофирлар шак-шубҳададирлар? Хали булар азобни тотиб кўрганлари йўқ. Қачонки, азобни кўрсалар, ҳақни билардилар.

9-11. Ёки қудратли Парвардигорни ҳазиналарининг ихтиёри буларнинг қўлидами? Ёки еру осмонни, улар ўртасидаги нарсаларнинг тасарруфи буларнинг қўлидами? Агар шундай бўлса, осмонга чиқишнинг асбобларини топиб осмонга чиқсинлар, лекин ҳеч нарсанинг ихтиёри буларнинг қўлларида эмас балки булар кофирларни гуруҳидан бўлган шундай лашкарларки, Муҳаммад билан жанг қилган майдондан шикастланиб қочгандирлар.

12-16. Қурайш кофирларидан илгари Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари такзиб қилган эди. Од қавми Ҳуд алайҳиссаломни ёлғончи қилган эди. Иймон келтирганларни азобловчи Фиръавн Мусо алайҳиссаломни такзиб қилган эди. Самуд қавми Солиҳ алайҳиссаломни такзиб қилган эди. Лут қавми Лут алайҳиссаломни такзиб қилган эди. Айка аҳли Шуайб алайҳиссаломни такзиб қилган эди. Бу гуруҳларнинг ҳар бири ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган эдилар. Буларга Худонинг азоби вожиб бўлиб, ҳаммалари ҳалок бўлди. Булар энди Исрофилнинг бир овозига мунтазир бўлади. У овозни ҳеч нарса тўхтатолмайди. Макка мушриклари масҳара қилиб Худодан дуо қилиб тилайдиларки, азобдан нима насибамиз бўлса, қиёматдан илгари тезлик билан юбор, деб.

17-20. Эй Муҳаммад, кофирларнинг сўзларига ғамгин бўлмай, сабр қил. Бизнинг бандамиз Довуд алайҳиссаломни ёд қил! У соҳиби қувват, ҳам подшоҳ, ҳам пайғамбар эди. Подшоҳлик уни мағрур қилмади. Бизнинг тарафимизга ружуъ қилган эди. Биз тоғларни мусаххар (бўйсунтирган) эдик, кечаю кундуз Довудга қўшилиб тасбеҳ айтар эдилар. Ва қушлар жамоасини унга мусаххар қилган эдик. Ҳаммалари Довуд билан қўшилиб тасбеҳ айтар эдилар. Унинг подшоҳлигини лашкарлар билан мустаҳкам қилган эдик ва унга илм ато этиб, хасмлар ўртасида ҳақни топиб ҳукм қилиш илмини берган эдик.

21-26. Эй Муҳаммад, сенга икки даъвогарнинг хабари келганми? Қачонки, Довуд алайҳиссаломнинг ибодат қилиб ўтирган масжидларига девордан ошиб тушдилар. Довуд алайҳиссалом булардан қўрқадилар, чунки булар беижозат келганди. Бу кирганлар айтдиларки: «Эй Довуд, биздан қўрқмагин, биз икки даъвогармиз. Баъзиларимиз баъзиларимизга зулм қилган. Бизларнинг ўртамизда адолат билан ҳукм қил! Жабр қилма ва бизларни инсоф йўлига бошла! Бизнинг жанжалимиз шундан иборатки, бу менинг биродарим бўлади. Бунинг 99 та совлиқ қўйи бор. Менинг бир дона совлиқ қўйим бор. Бу «Шу бир дона қўйингни ҳам менга топширгин» деб, хусуматда менга ғалаба қилди. Менинг бир дона қўйимни тортиб олди. Энди сиз адолат билан ҳукм қилинг». Довуд алайҳиссалом айтдилар: «Агар шундоқ қилган бўлса, биродаринг сенинг қўйингни тортиб олиб, сенга зулм қилибди. Албатта, кўп шериклар бир-бирига зулм қиладилар. Магар шундай одамларки, Аллоҳга иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бўлса зулм қилмайдилар. Лекин бундай одамлар кам топилади». Бу даъвогарлар Довуд ўзига ҳукм чиқарди, деб қойиб бўлдилар. Довуд алайҳиссалом билдиларки, булар фаришта эканлар. Довуд алайҳиссаломни огоҳлантириш учун Худо юборган экан. Қиссанинг асли шундан иборат эдики, Довуд алайҳиссаломнинг 99 та хотинлари бор эди. Довуд алайҳиссаломнинг лашкарларидан Уриё деган одам бир қизни хотинликка талаб қилди. Ҳазрат Довуд алайҳиссалом ҳам талаб қилдилар. Ул қизнинг ота-онаси Уриёга бермасдан Довуд алайҳиссаломга бердилар. Бу муомала Парвардигорга хуш келмади. Довуд алайҳиссаломни шу тариқа итоб (танбеҳ-маломат) қилди. Довуд алайҳиссалом Парвардигорга ружуъ қилиб, саждага йиқилиб кечирим сўрадилар. Биз Довуднинг  бу қилган ишини кечирдик. Албатта, Довуд яхши амаллар билан бизга қурбат (яқинлик) ҳосил қилгандир. Биз Довудга хитоб қилиб айтдикки: «Эй Довуд, Биз сени ер юзига подшоҳ қилдик, энди сен халқ ўртасида адолат билан ҳукм қил! Чунки нафсингнинг орзуларига тобе бўлма! Нафсинг сени Худонинг йўлидан адаштиради. Худо йўлидан гумроҳ бўлган кишилар охиратни эсларидан чиқарганликлари учун қаттиқ азобга мубтало бўладилар.

27-29. Бизлар ёруғ осмонни, буларнинг ўртасидаги нарсаларни ботил – беҳуда яратмадик. «Бу бевойда ўзидан ўзи бўлган деган сўзлар кофирларнинг эътиқодларидир. Дўзахга кирувчи кофирларнинг аҳволларига вой! Биз мўъминларни ва яхши амал қилувчиларни ер юзида фасод қилувчилар каби халқ қилдикми? Ёки тақволикларни фожирларга ўхшаган қилдикми? Ҳаргиз баробар қилганимиз йўқ! Эй Муҳаммад менга нозил қилинган Қуръон хайрлик ва баракатлик китобдир. Лозимдирки, бунинг оятларига тафаккур қилсинлар ва ҳам ақл соҳиблари бундан панд олсинлар. Шунинг учун нозил қилганмиз.

30-33. Довуд алайҳиссаломга Сулаймонни ҳийба (ҳадя) қилдик. Сулаймон кўп яхши банда эди. У ҳамиша Худога мутаважжиҳ эди. Қачонки кечқурун яхши отларни томоша қилишга рўбарў қилганларида Сулаймон алайҳиссалом бу отларнинг томошасига машғул бўлиб, кечқурунги қиладиган ибодатлари эсларидан чиқди, ибодатнинг вақти ўтиб кетди. Сулаймон алайҳиссалом афсус қилиб айтдиларки: «Мен дунёнинг муҳаббатига машғул бўлиб, Парвардигорнинг ёдидан ғофил бўлдим. Ҳаттоки офтоб ботиб ибодатнинг вақти ўтиб кетди». Буюрдиларки: «Бу отларни менинг олдимга қайтариб олиб келинглар, токи фавт бўлган ибодатнинг каффорасига бу отларни қурбонлик қилай». Сўнгра бу отларни сўйиб, Худонинг йўлида қурбонлик қилдилар.

34-40. биз Сулаймон алайҳиссаломни бир фитнага мубтало қилдик. Унинг тахтига бир девни ўтқазиб қўйдик. Сулаймон алайҳиссаломнинг ўринларига у дев ўтириб ҳукмронлик қилди. сўнгра Сулаймон алайҳиссалом подшоҳликдан ажраб бир неча вақт сарсон бўлиб юрдилар. Чунки Сулаймон алайҳиссаломнинг қўллардаги узукни дев ўғирлаган, ўша узукка Исми Аъзам ёзилган эди. Ҳамма нарса шу узукка мусаххар эди. Парвардигор раҳм қилиб, яна узукларини қўлларига қайтарди. Сулаймон алайҳиссалом Парвардигорга дуо қилиб айтдилар: «Эй Парвардигоро, мени кечир! Менга шундай подшоҳлик бер, мендан кейинн ҳеч кимга муяссар бўлмасин. Сен ҳар бир нарсани ато қилувчисан». Бас, биз унга шамолни мусаххар қилдик. Қаерга хоҳласа оҳиста олиб боради ва ҳам катта биноларни қурувчи шайтонларни мусаххар қилдик. Гавҳарларни чиқарувчи ғаввосларни муқаррар қилдик. Бошқа бир фирқа саркаш девларни асир қилиб, занжирларга боғладилар, Сулаймонга айтдик: «Бу сенга берган атоларимизни бошқа муҳтожларга бер, ё ўзингда қолдиргин ғ бу сенга ҳисобсиздир. (Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган эканлар: «Қиёмат куни молдорлар ўзининг молидан ҳисоб берадилар, магар Сулаймон алайҳиссалом ҳисоб бермайдилар). Бизнинг наздимизда Сулаймоннинг бизга яқин қилувчи амаллари бор. Унинг бизга қайтиши яхшидир.

41-44. Эй Муҳаммад, менинг собир бандам Айюбни ёд қил! Қачонки, у Парвардигорга муножот қилиб дуо қилди: «Эй Парвардигоро, менга дард ва аламлар етди, шайтон иғво қилиб озор беради. Эй Парвардигоро, сен раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан, менинг ҳолимга раҳм қил». Биз унинг дуосини қабул қилдик. Жаброилга буюрдик. Жаброил келиб Айюбга айтди: «Эй Айюб, оёғингни ерга ур деб буюрди. Жаброилнинг оёқлари тагидан чашма зоҳир бўлди. Жаброил алайҳиссалом айтдиларки, иссиқ сув, бунга ғусл қил, иккинчи чашма совуқ сув, бундан ич! Айюбга аҳли аёлларини, ҳалок бўлган фарзандларини ва бойликларини қайтариб бердик. Чунки унга бизнинг тарафимиздан фазлу марҳамат эди ва ҳам ақлли кишиларга бунда ибратлар бор эди. Ҳазрати Айюб алайҳиссаломнинг хотинлари овқат истаб қишлоққа кетганларида таъхир қилган эдилар. Айюб алайҳиссалом, агар келса юз калтак ураман деб қасамёд қилдилар. Кейин пушаймон бўлдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб айтдиларки, майда новдалардан юзтасини тўплаб қўлингга олиб бир урки, қамингга ҳонис бўлмагин. Биз Айюбни балоларга сабр қилгувчи топдик. У Худога ружуъ қилувчи яхши бандадир.

45-47. Эй Муҳаммад, бизнинг бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларни ёд қил! Булар саҳоватли қўллар ҳақини кўрадиган кўзларга эга эдилар. Биз буларни покиза одатга хос қилган эдик. У одат шундан иборат эдики ҳамиша охиратни ёд қилар эдилар. Бу зотлар бизнинг наздимизда бандаларнинг ичида саралаб олинган яхши одамлар эди.

48. Эй Муҳаммад, Исмоил, Алясаъ ва Зулкифл пайғамбарларнинг қиссаларини ёд қил. Буларнинг ҳар бирлари Худонинг яхши бандаларидан эдилар. Шу пайғамбарларнинг қиссалари, Эй Муҳаммад, сенга насиҳат бўладиган ва ибрат оладиган қиссалардир.

49-54. Албатта муттақийлар учун улар турадиган жаннатларнинг дарвозалари очиқдир. У жаннатда суяниб роҳатланадилар ва ҳар турли мевалардан талаб қиладилар ва ҳамда ҳар турли шароблардан ичадилар. Уларни бир-бирлари билан ёшда баробар бўлган қора кўз ҳурлар хизматларида кўзларини тикиб ҳозирдирлар. Малоикалар айтадиларки, сизларга у дунёда ваъда қилинган нозу неъматлар қиёмат куни мана шулардан иборат. Парвардигор айтдики, сисзларга берган бу ризқларимиз ҳаргиз тугамайди. Жаннат аҳлига Парвардигорнинг марҳаматлари мана шулардан иборатдир.

55-64. Албатта ҳаддидан ошган кофирларнинг борадиган жойлари-жаҳаннам кўп ёмон жой. Булар унга дохил бўладилар. Ётадиган жойлари кўп ёмондир. Мана бу азоб қайноқ сувдан ва зардоб сувдан иборат, ичиб кўрсинлар яна шунинг шаклида ранго ранг ичадиганлар бордир. Малоикалар бир жамоани бошлаб келиб, аҳли дўзахга «Мана бу гуруҳ сизлар билан бирга бўлади» дейдилар. Аҳли дўзах айтади: «Буларга ҳеч яхшилик кун бўлмасин. Булар ҳам шум амаллари учун дўзахга кирадилар. Заифлари бошлиқларидан бу сўзни эшитганларидан сўнг жавоб бериб айтадиларки: «Балки сизларга ҳаргиз яхшилик бўлмасин, сизлар бизни иғво қилдиларин ва ёмон амалларга далолат қилдиларин. Бу ёмон жойга келиб қолдик». Яна дуо қилиб айтадиларки: «Эй Парвардигоро, ҳар кимки бизларни куфр ва залолатга рўбарў қилди, уни дўзахда азобини икки баробар қил! Қурайш кофирлари дўзахга кирганида айтадилар: «Нима бўлди бизгаки, бизлар бир жамоани у дунёда ёмонлардан ҳисоблар эдик, бу ерда уларни кўрмаймиз. Ёки бизлар уларни нотўғри масхара қилган эдикми? Балки улар ҳақ эканлар. Биз билмадик ёки агар дўзахда булар ҳам бўлсалар, бизнинг кўзимиз хато қилиб кўрмаяптими?» Мана шу биз қилган ҳикоялар ўт аҳлларининг бир-бирлари билан қиладиган жанжанларидир. Бу ҳақиқатдир.

65-70. Айт, Эй Муҳаммад: «Мен сизларни Худонинг азобидан қўрқитувчиман. Шуни айтманки, ҳеч бир маъбуд йўқ, магар Аллоҳ Таоло яккаю ягона ва ҳамма нарсага ғолибдир. Ер ва осмонни ва улар ўртасидаги нарсаларни халқ қилувчи Парвардигордир. Кечирувчи ва ғолибдир». Айт, Эй Муҳаммад: «Мен сизларга хабар берган нарсаларим улуғ хабар аммо сизлар ундан юз ўгирасизлар. Сиз менинг юқоридаги малоикалар тўғрисида ғеч қандай илмим йўқ. Ҳар бир нарсаки Худо тарафидан менга ваҳий қилинса, мен уни ошкора хабар берувчидирман».

71-83. Эй Муҳаммад, ёд қил! Қачонки, Парвардигоринг Малоикаларга айтди: «Мен одамни лойдан халқ қилувчиман, вақтики унинг вужудини баробар қилсам, ичига руҳимни доҳил қилсам сажда қилиш учун ерга йиқилинглар». Парвардигор Ҳазрати Одамни халқ қилди. руҳини унга доҳил қилди. Ҳамма малоикалар сажда қилдилар, магар шайтон кибр қилиб сажда қилмади. У кофирлардан эди. Худо айтдики: «Эй Шайтон, мен ўз қудратим билан халқ қилган Одамга сажда қилишдан сени нима нарса манъ қилди, кибр қилдингми ёки мартабанг баландми?» Шайтон айтди: «Менинг мартабам Одамдан баланд, мен ундан афзалман, чунки сен мени ўтдан халқ қилгансан. Одамни лойдан халқ қилдинг. Бас, албатта, мен ундан афзалдирман». Худо айтдики: «Сен мардудсан, қиёматгача менинг лаънатим сенгадир». Шайтон, айтди: «Эй Парвардигоро, то қиёматгача муҳлат бер. Худо айтди: «Муайян вақтгача сенга муҳлат берилди». Шайтон айтди: «Сенинг иззатингга қасамки, Одам авлодининг ҳаммасини гумроҳ қиламан, магар холис эътиқодли бандаларинг менга эътиқод қилмайдилар.

84-88. Худо айтди: «Хабарлар ҳаммаси ҳақдир ва ҳақни айтаман, иззатимга қасамки, жаҳаннамни сенинг тобеларинг билан тўлдираман». Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин: «Мен сизлардан пайғамбарлигим учун ужрат сўрамайман, ҳеч кимни мажбур қилувчи ҳам эмасман. Бу Қуръон олам аҳли учун насиҳатдан бошқа нарса эмасдир. Албатта, бунинг хабарининг ҳақлигини бир мунча муддат ўтгандан кейин биласизлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase