Валийлик саҳросининг сайёҳи, Хуросон тасаввуф мактабининг йирик намояндаси Асқар ибн Ҳусайн Абу Туроб Нахшабий IX асрнинг буюк машойихларидан биридир. У тахминан 191/806 йилда Нахшаб (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилган. Бухоро ва Сарахс мадрасаларида таҳсил олган. Шарқ мамлакатлари бўйлаб кўп сафарларда бўлган. Фиқҳ илмини Аҳмад ибн Ҳанбалдан ўрганган. Басрада Шайх Ҳасан Басрийдан таълим олган ва унинг қўлидан хирқа кийган.
Абу Туроб Нахшабий футувват ва таваккул назариётчиси эди. Абу Туроб илм, фатво, зухд ва тақвода машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Жалло, Абу Обид Басрий унинг қўлида тарбияланишган.
Шарқда унинг кашфу кароматлари ҳақида кўп ҳикояту ривоятлар тарқалган. Абу Туроб «сабрнинг буюк тимсоли» деб улуғланган. Аллоҳдан ҳаё қилиб, орқасини тўшакка, бошини ёстиққа қўймаган, мужоҳада ва тақвоси билан барчани ҳайратга солган. Абу Туроб ҳаж зиёратига қирқ маротаба пиёда борган.
Абу Туроб Нахшабий тахминан 274/887 йилда Басра йўлида намоз ўқиётган вақтида вафот этган. Унинг жасади кимсасиз саҳрода қолган бўлса ҳам, на ҳайвонлар, ва на қушлар тегмаган.
Шайх Ибн Жалло деди:
- Уч юз пири комилни кўрдим. Уларнинг орасида тўрт машойихдан улуғроғи йўқ эди. Улардан бири Абу Туроб Нахшабийдир.
Абу Туроб муридларида бирор ёмон ишни кўриб қолса, ҳеч нарса демай, ўзи тавба қилиб, дер эди:
- У (мурид) бу балога мен сабабли йўлиқди.
Ниятингизни асранг, у барча ишлар муқаддимасидир. Ҳар кимнинг нияти дуруст бўлса, унинг амаллари ҳам дуруст бўлади.
Нақл қилишларича, Абу Туроб муридлари билан биёбонда кетар эди. Асҳоблар ташна бўлдилар. Таҳоратга зарурат туғилди. Шайхга айтдилар. Абу Туроб оёғини ерга суқди (ерни тепди) ва булоқ пайдо бўлди.
Абу Туроб Нахшабий деди:
- Бир кеча биёбонда кетаётиб ҳабашга дуч келдим. Унинг минорадек узун бўйидан қўрқиб, дедим:
- Девмисан, ё одаммисан?
Ҳабаш деди:
- Мусулмонмисан, ё кофирмисан?
Абу Туроб Нахшабий деди:
- Мусулмон!
Ҳабаш деди:
- Мусулмон киши ҳаргиз Худодан бошқасидан қўрқмайди.
Худо йўлига кирганга озиқасизликнинг ўзи озиқадир.
Сўрадилар:
- Нима учун қалбимиз таскин топмайди?
Абу Туроб деди:
- Уч нарсани севасиз, улар сизларники эмас. Жонингизни севасиз, жон эса Аллоҳникидир. Мол-дунёни севасиз, у эса меросхўрларникидир. Дунёни севасиз, ҳолбуки, дунё ўткинчидир. Бас, қалбингиз қандай таскин топсин?
Ҳақиқий бойлик шуки, Аллохдан бошқасидан беҳожат бўласан. Ҳақиқий йўқсиллик шуки, Аллохдан ўзга барчага муҳтож бўласан.
Икки нарса борки, бу дунёда истайсизу топмайсиз: биринчиси - шодлик ва хушвақтлик, иккинчиси - роҳат ва ором. Улар жаннатда қўлга киради.
Таваккул шуки, ўзингни қуллик ва бандалик дарёсига ташлайсан ва кўнглингни Аллоҳга ташлайсан - агар берса, шукур қиласан, агар олса, сабр этасан.
Аллоҳ таоло васлига етмоқлик - ўн етти даражага кўтарилмоқликдир: энг биринчиси - итоат ва олийси Унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.
Қаноат - ризқни Аллохдан олишдир.
Таваккул - инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.
Али ибн Ҳусайн деди:
- Эй Абу Туроб, йўл узоқ, саҳрода озиқ топиш мушкул, захиранг қани?
Абу Туроб деди:
- Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак.
Энг шарафли қалб - Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, Аллоҳ зикри билан тирик қалбдир.
Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замон ахди муаммоларини замон уламолари тилига қўйиб гапиртиради.
Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан