close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).
06.01.2024 12:58

Билганига амал қилиш амалнинг шиори

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом

Олим киши билганига амал қилиши, нафсини буюрилган ишга итоат эттиришни ўзига шиор қилиб олиши керак. Аллоҳ таоло: «Таврот юклатилган (берилган) сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди» (Жума сураси, 5-оят), деган кишилардан бўлиб қолмасин. Қатода розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: «Зотан у биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли (чуқур) билим эгасидир» (Юсуф сураси, 78-оят), деган сўзи ҳақида: «Яъни, у билган илмига амал қилувчидир», деган эди. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Кўп гап йиғувчилар ва кўп гапирувчиларга вайл бўлсин», дедилар. У зот бу билан эшитганига амал қилмайдиганларни назарда тутган. Абдуллоҳ ибн Ваҳб Суфён розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга: «Эй Имрон ўғли! Илмни амал қилиш учун ўрган, агар гапириш учун ўргансанг, сенга ҳалокат ва нури бошқаларга бўлади», дедилар. Али ибн Абу Толиб: «Инсонлар илм олувчининг олган илмидан ўзига фойда кам, деб ўйлаганлари учун илм олишга қизиқмадилар», деди. Абу Дардо: «Энг кўп қўрққаним Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганимда сен билар эдинг, унга қандай амал қилдинг, деб айтишидир», дер эди. Яна у киши: «Қуруқ гапдан кўра унга амал қилувчи, тўғри гапдан кўра, уни айтувчи, илмдан кўра уни олувчиси яхшироқдир», деди. «Мансур-ул ҳикам» да: «Ким олган илмига амал қилмаса, илмидан унга фойда етмабди», дейилган. Олимлардан бири: «Илмнинг меваси унга амал қилиш, амалнинг меваси унга ажр олишдир», деган. Солиҳлардан бири айтади: «Илм амални чақиради, агар амал жавоб берса, илм келади, аксинча бўлса, илм кетади». Донишмандлардан бири: «Илмнинг яхшиси фойдалиси бўлиб, сўзнинг яхшиси тўхтатиб қолинади-ганидир», дейди. Адиблардан бири: «Илмларнинг самараси билиб олганига амал қилишдир», дейди. Улуғлардан бири: «Илмнинг тўлиқлиги ундан фойдалана олиш, амалнинг тўлиқлиги уни кам деб ҳисоблашдир. Ким илмидан фойдаланишни билса, гўғри йўлдан адашмайди, ким амалини кам ҳисобласа, мақсадига етади», дейди. Абу Таммом Тоий шеър айтди:

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase