Украинанинг Запорожье атом электр станцияси (ЗАЭС) Украинадаги урушини давом эттираётган Россиянинг навбатдаги шантаж ва террор воситасига айланди.
Жума (26 август) куни ЗАЭС Украина электр тармоғига қайта уланган бўлса-да, «Энергоатом» миллий оператори маълумотларига кўра, бу давом этаётган инқироздаги қисқа муддатли танаффус бўлди, дейди кузатувчилар.
Пайшанба куни ЗАЭСнинг Украина тармоғидан узилгани бутун дунёда ядровий авария эҳтимолига оид хавотирларни кучайтирган.
Киевдагиларнинг гумонига кўра, Москва ЗАЭС қувватини 2014 йилда Россия қўшинлари томонидан аннексия қилинган Қрим ярим оролига йўналтирмоқчи.
«Босқинчиларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли ЗАЭС (станция тарихида илк бор) электр тармоғидан бутунлай узилиб қолди», деб хабар берган «Энергоатом» пайшанба куни ўзининг Телеграм каналида.
Европадаги энг йирик ядровий иншоот бўлмиш ушбу АЭС 24 февралда бошланган урушнинг илк ҳафталарида Россия қўшинлари томонидан ишғол қилинган эди.
«Энергоатом»га кўра, ЗАЭС қўшни иссиқлик электр станцияси «кулдонидаги» ёнғинлар электр линияларида икки марта узилиш келтириб чиқаргани сабабли Украина тармоғидан узилиб қолган.
Операторнинг таъкидлашича, қолган учта электр узатиш линияси «аввалроқ Россия кучлари томонидан содир этилган террорчилик ҳужумлари туфайли шикастланган эди».
Натижада, станциянинг ишлаб турган олтита реакторидан иккитаси «тармоқдан узилган».
Радиация хатари
Кузатувчиларга кўра, бундай узилишлар кенг қамровли ва ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бутун Украина экологик лигаси директори Тетяна Тимочконинг айтишича, станциянинг шунчаки ишлаб туриши учун ҳам энергия керак.
ЗАЭСда пайшанба кунги каби узилишлар учун дизел генераторлари бор, «лекин унга станциянинг узоқ муддатли эҳтиёжларини таъминлаш ва ядро ёқилғисини совутиш учун етарли миқдорда дизел ёқилғиси зарур», деди у.
«Барча энергия манбалари тўхтагач, ядро ёқилғиси эрий бошлайди, бунинг натижасижа атроф-муҳитга радиоактив моддалар чиқиши мумкин», деди у.
Бундай ҳолатда ядровий парчаланишининг оддий маҳсули бўлган цезий-137 тупроқни ва Украинанинг асосий сув йўли бўлган Днепр дарёсини ифлослантириши, у ердан эса Қора денгизга тарқалиши мумкин.
«Россиялик босқинчилар ЗАЭСда авария келтириб чиқарадиган бўлса, «ўлик» ҳудуд майдони 30 минг квадрат километрни, потенциал ифлосланган ҳудудлар эса 2 миллион квадрат километрни ташкил қилиши мумкин», деди Тимочко.
«ЗАЭСдаги олти реактор ва ишлатилган ёқилғини сақлаш омборида 18 минггача ёқилғи коллекторлари бор, бу Чернобилда бўлганидан 10 баравар кўп», деди у. «Деярли бутун Запорожье вилояти юзлаб йиллар давомида яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади.»
Авария 1 миллионга яқин одамга таъсир қилиши, қурбонлар сони эса 1986 йилда ядровий ҳалокат юз берган Чернобилникидан 10 баравар кўп бўлиши мумкин.
«Бу глобал миқёсдаги техноген фалокат бўлади», деди у.
Россиянинг адовати
Охирги ҳафталарда «Киев бир неча бор Россия кучларини мажмуа ичида оғир қуроллар сақлашда ва ундан ҳужумлар уюштиришда қалқон сифатида фойдаланишда айблаган», дейилади 19 август кунги CNN хабарида.
Ўша куни CNN тарафидан тарқатилган кадрларда Россия қўшинлари реакторлардан бири ёнидаги механик бинода ҳарбий машиналар, жумладан юк машиналарини сақлаётгани акс этган.
Ядро энергетикаси ва хавфсизлиги бўйича мустақил таҳлилчи, олдин Украинанинг ядровий тартибга солиш давлат инспекциясида ишлаган Олга Кошарнаянинг сўзларига кўра, аслида ЗАЭС ҳудудида жойлаштирилган Россия ҳарбий техникаси анча кўп.
Станциянинг ўзида ўт очиш позицияларини ташкил қилган россияликлар у ердан Украина шаҳарларини, хусусан, Никополни ўққа тутмоқда, деди у.
«Россия Запорожьедаги станциядан ядровий қалқон сифатида фойдаланмоқда. У ердан шаҳарларни, Украина ҳарбийларини ўққа тутмоқда. Улар Украина аскарларининг Европадаги энг йирик атом электр станциясига зарба бермаслигини яхши билади», дейди Кошарная.
ЗАЭС қувватини Қримга қайта йўналтириш учун руслар Россия атом энергетика комплексининг давлат оператори «Росатом» мутахассисларини олиб келишган, деди Разумков марказининг энергетика дастурлари директори Владимир Омелченко.
ЗАЭСни қайта улаш учун аввал уни Украина электр тармоғидан узиш керак, деган эди Омелченко пайшанба кунги узилишдан олдин.
Ядровий терроризм
АЭСда авария юз бериши эҳтимоли анча кам бўлса-да, россияликлар уни қасддан келтириб чиқариши мумкин, дейди Омелченко.
«Россия станцияни босиб олиш билан ядровий террорчига айланди. Бу тарихда илк марта тажовузкор қуролли кучларнинг ядровий объектни эгаллаб олишидир», деди у.
«Биз террорчиларга ён бера олмаймиз», деди Омелченко. «Қанчалик кўп ён боссак, хавф шунчалик катта бўлади.»
«Агар охирги бир ярим-икки ойни оладиган бўлсак, [Россия президенти Владимир] Путин ахборот урушида мағлуб бўляпти», дейди сиёсатшунос Николай Давидюк. «Жанг майдонида эса у янада кўпроқ ютқазмоқда.»
«Ва у шантаж орқали Украинага ва бутун дунёга таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда – ё ғалла, ёки атом электр станцияси билан».
«Бу русларнинг услубидаги халқаро терроризм», деди у ва станциядаги авария қирққа яқин давлатга таъсир қилиши мумкинлигини айтди.
«Бундан фақат Украина эмас, ҳамма хавотирланиши керак. Радиация геолокацияни билмайди, у шамол билан бирга ҳаракат қилади», дейди Давидюк.
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг станция атрофидаги ҳаракатларини таҳдид дея баҳолади.
«Россия украиналиклар, шунингдек барча европаликларни радиация фалокатидан бир қадам нарида қолдирмоқда», деди у пайшанбадаги кечки мурожаатида.
Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашган АҚШ президенти Жо Байден Россияни ЗАЭСнинг тўлиқ назоратидан воз кечишга ва у ерга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ядровий инспекторларини киритишга чақирган, дейилади Оқ уй баёнотида.
«Ҳеч бир давлат атом электр станциясини фаол уруш ҳудудига айлантирмаслиги керак. Биз Россиянинг станция энергиясини қайта йўналтириш ёки уни қурол воситасига айлантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларига қаршимиз», деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ведант Пател журналистларга.